Муродбой Низанов. Омадли харидор (ҳажвия)

Бош муҳаррир менга “Ким ошди” савдоси тўғрисида репортаж ёзиб келишни топширди. Ҳар сафар газетанинг ярмини эгаллаб келаётган бу мавзунинг нега зарур бўлиб қолганини тушунмадим.
Пешинга яқин биржанинг савдо залига кириб бордим. Зал деганимиз нари борса қирқ-эллик одамга мўлжалланган чоққина хона экан. Пастдаги ўриндиқларга қарама-қарши юқорида бир стол билан битта курси қўйилган. Стол устида болға уриладиган темир қалпоқча билан кичкинагина тиббий болғача турибди.
Назаримда, бугунги савдо унча қизиқарли бўлмайди-ёв. Чунки, савдога қўйилган мулк — банкдан олган кредитини тўлай олмаган кишининг гаровга қўйилган уйи экан. Уй сотиб олмоқчи бўлган одам кўчама-кўча юриб, саралаб дидига мосини олади. Бироқ, савдо мен ўйлагандай бўлиб чиқмади. Белгиланган вақтда зал одамлар билан тўлиб кетди. Биржа вакилининг айтишича, бу уйга йигирма тўрт киши харидор бўлибди.
— Нима, уй жуда кетворганми? — дея сўрадим таажжубланиб.
— Йўқ, — деди вакил, — оддий уй, аксинча, шаҳардан анча четда.
— Унда шовқин-сурондан олисда, деб қизиқишаётгандир-да?
— Билмадим.
Мен яна нималарнидир сўрамоқчи эдим, аммо вақт бўлиб, болғача даранглаб кетди.
— Уйнинг баҳоси беш миллион олти юз минг сўм. Ошадиганлар борми?
Ҳеч ким индамади.
— Беш миллион олти юз — бир!
— Олти миллион!
— Олти миллион — бир, олти мил… Етти миллион. Ким ошди? Етти миллион — бир, етти… Саккиз миллион.
Миллион деганлари ўйин бўлиб қолганми дейман-да! Одамлар оғзининг бир четидан чиқиб кетаяпти.
— Саккиз миллион! Ким ошади? Саккиз миллион — бир, сак… Ўн миллион!
Залдан уч киши кетди.
— Ўн миллион — бир, ўн миллион…
Менинг ёнимда боядан бери жимгина ўтирган йигит баҳони бирданига икки миллионга кўтарди.
— Иморат жуда даҳшатлими? — сўрадим ундан.
— Халақит бермай туринг, кейин билиб оласиз, — деди у менга ўгирилиб.
— Ўн икки миллион — бир, ўн икки… Ўн беш миллион!
Ҳар ким савдога қўшиладиган пайтини ўзи билади шекилли, анчадан бери бир четда миқ этмай ўтирган битта жувон нархни яна кўтарди.
— Ўн саккиз миллион — бир… Залда мендан бошқа уч киши қолибди. Ҳалиги жувон, ёнимдаги йигит ва ортдаги ўн беш миллиони бор амаки. Мен эса ҳар бирининг юзига ялт-ялт боқаман.
— Ўн саккиз миллион — икки. Йигирма миллион!
Овозим чиқмай қолди.
— Йигирма миллион — бир, йигирма миллион — икки, йигирма миллион… ошадиган борми? Йигирма миллион — уч! Сотилди!!!
Залдаги уч киши чапак чалдик.
Уй расмийлаштирилди, бориб кўрадиган бўлдик. Таҳририятга қўнғироқ қилиб, суратчи чақирдим. Ахир, репортаж сурат билан чиқса яхши-да.
… Уйни кўриб оғзимиз очилиб қолди.
— Шу уйми? — ҳайрон бўлиб сўрадим.
— Ҳа, — деди харидор мамнун оҳангда. Мен эса аланглаб йигирма миллионлик уйни томоша қиламан. Хом ғишт, айвоннинг ярми битган, ярми чала. Дераза ойналари синиб ётибди.
Харидор аҳволимизни тушунди, бироқ негадир лабидан табассуми аримай бизга юзланди:
— Ҳа, ёқмадими?
— Ҳа, энди, ўзингизга ёқса бўлди-да.
— Сизлар тушунмабсизлар, — деди йигит гердайиб. — Савдода қатнашган шунча одам аҳмоқ эмас. Бироқ, омадлиси ўзим бўлдим. Ҳу, анави йўғон кўк трубани кўряпсизларми?
— Қайси?
— Уйнинг ўнг бурчагига қаранглар. Ўша трубадан табиий газ ўтади. Худо хоҳласа, аканг қарағай, қаҳратон қишда ҳам майкачанг ўтириб телевизор томоша қилаверадиган бўлди. Ваҳ-ваҳ…ҳа!!!
Шундагина бир нарса ёдимга тушди. Харидорни янги уйи билан қутладим-да, уйимга қараб чопдим. Ахир, қечқурун уйни иситиш учун ўтин тайёрлашим керак-ку!

Қорақалпоқчадан Ҳидоят Аҳмедов таржимаси