Муҳаммад Али Жамолзода. Қовурилган ғоз (ҳикоя)

Янги йил арафаси орзиқиб кутиладиган дамлар, негаки, айни шу кунларда одамлар юксакроқ лавозимга тайинланади, уларнинг ўрнига қуйироқдагилари ўтади. Биз ўзимизнинг муассасамизда аллақачон келишиб, ҳал қилиб қўйган эдик – кимда-ким биринчи бўлиб юқорироқ лавозимга кўтарилса, ўртага қовурилган ғозни қўйиб, ҳаммага зиёфат қилиб беради. Унинг ҳамкасаба дўстлари зиёфат лаззати тўғрисида гаплашганда, ҳозирдан оғизларининг суви келиб, тамшаниб, бу тантаналар сабабчисига тансиҳатлик ва бахт-саодат тилаб юришибди.
Тақдир тақозоси билан янги лавозимга кўтарилиш менга насиб қилган экан. Албатта, зиёфат ҳақидаги битишувимиз бир лаҳза ҳам эсимдан чиққани йўқ эди. Мен дарҳол меҳмонларни кутиш масаласи тўғрисида хотиним билан маслаҳатлар қила бощладим. Тўйимиз яқиндагина бўлган – у ҳали келинлик либосларини ечиб улгурганича ҳам йўқ.
– Тўйимизга келолмаган яқинларимизнинг зиёфати ҳам бўйнингда-я! – деб эслатди у. – Жуда яхши-да. Баҳонада дўстларимиз олдида юзимиз ёруғ бўлади. Фақат бир чатоғи бор – қошиғу, санчқи ва пичоқлар фақат ўн икки кишилик-да… Ё қўшимча сотиб олиш керак, ёки атиги ўн бир кишини айтиш керак. Сен билан ўн иккита бўлишади.
– Нимамиз бор-йўқлиги ўзингга яхши маълум, – деб жавоб бердим мен. – Байрам арафасида кармонимиз катта ҳаражатни кўтара олмайди. Дўстларим эса – ўзингга маълум – йигирма уч-йигирма тўрт киши.
– Биров сенинг тилингни қичитганмиди? Зиёфат ваъда қилмоғинг шартмиди?
– Йўқ, азизим, худонинг қаҳрини келтирма. Бунақа синовлар бир йилда бир марта бўлади. Шўрликлар аллақачон ошқозонларини совунлаб ювиб, қовурилган ғоз билан учрашадиган фурсатга қанча дақиқалар қолганини санаб ўтиришгандир. Агар мен ваъдамнинг устидан чиқмайдиган бўлсам, нақд кўзимни ўйиб олишади-я! Гап ўртамизда қолсин-у, лекин шунақа қилишса, тўғри қилишади. Менга қара, шу қошиғу санчқиларни бориб бировдан қарзга олиб келсам, нима қиларкин?
– Вой, нима деяпсан! Бунақа гапни хаёлингга ҳам келтира кўрма, – деб эътироз билдирди хотиним бурнини жийириб. – Тўйимиздан кейин уйига биринчи марта меҳмон келаётган бўлса-ю, наҳотки, мен уларни бировдан насия олинган идишлар билан кутиб олишга йўл қўйсам?! Бунақа қилса, ёмон бўлади-я! Тўнғичимиз ўлиб қолади.
– Унақа бўладиган бўлса, меҳмонларни кетма-кет икки кун кутамиз. Бошқа иложини кўрмаяпман. Биринчи куни бир гуруҳ ўртоқларим келиб, еб-ичиб кетади-да, эртасига иккинчи гуруҳи келади.

Янги йил байрамининг иккинчи куни бошланди. Меҳмонларни кутишга ҳамма нарса тайёр: ваъда қилинган ғоздан ташқари, бениҳоя тотли арпа шўрва, қўзи гўштидан оғизда эриб кетадиган кабоб, икки хил палов, паловга бир неча хил қайла ва турфа хил салатлар тахт қилиб қўйилди. Хоналар супириб-сидирилган, каравотларнинг устига хотинимнинг сепида келган иккита янги рўжа ёпилган.
Меҳмонларни кутар эканман, мен ҳузур қилиб Содиқ Ҳидоятнинг иккита ажойиб ҳикоясини ўқиб чиқдим. Шу аҳволда ўтирсам, бирдан хотин кириб қолди. У кутилмаган хабар топиб келибди.
– Эшик олдида аллақандай новча бир йигит турибди. Оти Мустафо эмиш. Сенинг жиянинг бўлар экан. Сени байрам билан табриклай деб келибди.
Она томонимдан холамнинг аммасининг жияни бўлади. Йигирма беш ёшларга кирган йигит. Ҳамиша қарасанг, Шомирза-ю, қоқ қуруқ. Қашшоқлиги ҳам майли-я, ўлгудай бўшашган, ландовур, ночор, бесўнақай, сўхтаси совуқ йигит. У бирор гап айтмоқчи бўлса, аввал қизаради, кейин оқаради, кейин оғзини очиб хириллай бошлайди. Баайни бўғзига бир нарса тиқилиб қолган дейсиз. Шу бола йилда бир марта келиб, ўзининг ташрифи билан мени хушнуд қилиб кетади. Шунисига ҳам ҳозир минг шукрлар қиламан.
– Худо хайрингни берсин, – дея ёлбордим хотинга, – айт, мени ҳали тургани йўқ дегин. Мени шу фалокатдан халос этгин. Йўқолсин бу думсиз-шохсиз алвасти! Бир амалла, жўнатиб юбор, кучала еган жойига бориб тиришсин.
– Менга нима? – деб ўжарлиги тутди хотиннинг. – Бунинг менга дахли йўқ. Моли эгасига ўхшамаса, харом ўлади дейишади. Серрайиб кириб келаверар экан-да! Жиян эмиш, қанақа жиян? Шўрвасининг шўрваси-ку! Мени бунақа қаланғи-қасанғилар билан қариндошчилик қилиш ниятим йўқ. Ҳиндларнинг подшоҳи бўлса ҳам, менга кераги йўқ.
Қарасам, иложи йўқ. Уни қувиб, ҳайдаб юбориб ҳам бўлмайди – худонинг қаҳри келади. Ҳойнаҳой, қорни оч бўлса керак, байрам муносабати билан бир-икки танга ҳайитлик олиш умидида келган бўлса ажаб эмас. Ичимда шайтонга ҳай бердим: “Бунақа улуғ айём кунларида қариндошчилик ипларини узма. Қўй, ошиқма, кейинроқ ниятингга етарсан!” Шундай деб Мустафони чақирдим. У букчайганича кириб келди. Бир йил ичида унинг бўйи янада чўзилипти, турқи яна ҳам совуқ бўлиб қолипти. Бўйни-чи? Бўйнини айтмайсизми? Кир бўлиб, яғири чиқиб кетган ёқасидан нақд ярим метр чиқиб турипти. Баайни ҳозир қозонда пишаётган ғозимизнинг бўйнига ўхшайди. Унинг қиёфасидаги тилга олса арзийдиган бирдан-бир нарсаси шу эдики, у ҳамиша соқолини тоза олиб юрарди. Аммо кўйлагининг ёқаси тагидан малла ва қизғиш туклар чиқиб турар ва улар унинг бўйнидан ўрмалаб кетаётган чувалчангларга ўхшар эди. Унинг уст-бошини таърифламай қўяқолай. Унинг иштони ювилавериб, ситилиб кетган, тиззалари юмалоқ бўлиб шишиб турарди, гўё Мустафо келаётиб, йўлида учраган тарвузлардан бир жуфтини ўғирлаган-у, иштонининг ичига солиб олган…
Мен бу ажабтовур ва ноёб махлуқни ўрганишда давом этар эканман, хонага яна хотиним кириб келиб, дийдиёсини бошлади:
– Нима қилсак экан? Ахир, сиз саришта одамсиз-ку, айтинг, ғозни бугун дастурхонга қўйсак, эртага келадиган меҳмонларнинг олдига нима қўямиз? Ахир, олиб келган ғозингиз битта-ку? Шу битта ғоз билан ҳамма меҳмоннинг кўнглини олмоқчи эдингиз.
Қарасам, хотинимнинг гапида маъно бор.
– Бугун дастурхонга ғознинг ярмини тортиб, қолганини эртага қўйсак, бўлмасмикин? – деб сўрадим мен довдираб қолиб.
– Вой, қизиқмисиз? Бирор одам дастурхонга яримта ғоз қўйганини эшитганмисиз? Шарманда бўламиз-ку! Дастурхонга бутун ғоз қўймаса, бўлмайди.
Дарҳақиқат, хотинимнинг гапида мантиқ бор эди – унга эътироз билдиришнинг иложи йўқ.
Кўз очиб юмгунча, мен юзага келган вазиятнинг нақадар оғирлигини тушуниб етдим. Бироз ўйланиб, бир тўхтамга келдим: нима қилиб бўлса-да, шу бугуннинг ўзида, ҳали фурсат борида яна битта ғоз топиш керак. Мен бундай мулоҳаза юритдим: тўғри, Мустафо жуда фаросатсиз, ақли қосир, лекин ҳар нима бўлганда ҳам, Теҳрондек шаҳри азимда битта ғоз топишни эплайди. Ахир, ғоз топиш Американи кашф этиш эмас-ку? Ёки бирон аждарнинг калласини олиб кел деяётганим йўқ-ку! Мен буюраётган юмушни бажариш қўлидан келса керак.
– Мустафо, бўталоғим, – деб мен унга мурожаат қилдим. – Ҳойнаҳой, гап нимада эканини тушуниб турган бўлсанг керак. Бир қўллаб юбормасанг, бўлмайди. Ўзингнинг абжирлигингни кўрсатасан-да. Ҳар нима қилиб бўлса-да, шу бугун битта ғоз топиб келасан. Пули қанча бўлса ҳам, майли!
Мустафо ҳар доимгидек аввал қизариб-бўзарди, кейин қорайди, сўнг худди чилимнинг сувидек қорнида бир нарса биқирлади, сўнгра қаердандир, томоғининг ич-ичидан хириллаган овоз эшитилди. Менинг бир амаллаб англаганим шу бўлдики, бугунгига ўхшаган байрам куни ғоз топаман деб овора бўлишнинг ҳожати йўқ. Негаки, бугун шаҳардаги дўконларнинг биронтаси ҳам ишламайди.
– Нима қилсак бўларкин? – деб сўрадим мен бунақа жавобдан ҳанг-манг бўлиб.
– Худо ҳаққи, билмайман. Ҳаммаси сизнинг қўлингизда… – деди Мустафо аввалгидай бирмунча хириллашлардан кейин. – Ёки зиёфатни қолдирсакмикин?
– Вой, ақлингдан айланай сенинг. Бир соатдан кейин меҳмонлар кела бошлайди.
– Ўзингизни касалга солақолинг. Доктор тўшакдан туришга рухсат бермаган, дейсиз.
– Қандай қилиб ўзимни касалга соламан? Ахир, эрталаб таклиф қилинган меҳмонлардан бир қанчаси билан телефонда гаплашдим-ку?..
– Ундай бўлса, ғоз харид қилган эдим, уни ит ғажиб қўйди, денг.
– Сен менинг ҳамкасбларимни билмайсан. Улар ёш болалар эмас. Уларни ғоз сузиб кетиб қолибди деб алдаб бўлмайди. Улар бунақа гапга ишонмайди. Шундай десанг, дарров “Жонинг чиқсин сенинг. Дарров бошқа ғоз олақолмайсанми!” деб ёқангга ёпиштиришади. Ҳаммасини ижикилаб сўраб, тагига етмагунча қўйишмайди. “Қани, ғозни ғажиб қўйган ўша итни бу ёққа олиб кел-чи! У билан ўзимиз гаплашиб қўямиз!” дейишади.
– Ундай бўлса, айтинг – сизни шаҳарда йўқ дейишсин. Биби Фотманинг қабрларини зиёрат қилгани кетган, дейишсин.
Кўриб турибман – Мустафонинг гапларида маза-матра йўқ. Мен унинг жаврашига чек қўймоқчи бўлдим. Баҳонада бир чандиб олмоқчи ҳам бўлдим.
– Биласанми, Мустафо, мен сенга ҳайитлик атаб қўйгандим. Манави пулни олгину дарров уйингга югур. Имкони борича биздан тоғамнинг оиласига тезроқ табрикларимизни етказсанг, дейман-да. Илоҳим, бу йил бизга бахт келтирсин. Илоҳим, Янги йилни минг марта байрам қилинглар.
Аммо, аён бўлдики, Мустафонинг фикрлари бутунлай бошқа томонга йўналтирилган эди. Менинг гапларим қулоғига кирмади. У ўзининг ўйлари билан банд эди. Шунинг учун унинг жавоби саволимга пойма-пой бўлди.
– Шундай бир найранг ишлатса, қандай бўларкин? Бунинг оқибатида меҳмонлар бугун ғозга қўл тегизмасалар. Унда эртага уни бўлак-бўлак қилиб, яна дастурхонга қўйса бўлади. Лаббай?
Аввалига ўта бемаъни кўринган бу фикр, тузукроқ ўйлаб кўрилса, унчалик ҳам бўлмайдигандай кўринмади. Эътибор бериб тинглаганим сари Мустафонинг гапларида бемаъниликлар камроққа ўхшайверди. Мен ҳозиргина айтилган фикрни атрофлича ўйлаб кўра бошладим ва аста-аста қалбимнинг қаърида сал-пал бўлса-да, умид учқуни шуълалангандек бўлди. Бора-бора ҳатто кайфиятим кўтарилиб ҳам кетди.
– Биринчи марта сендан бунақа доно гапни эшитяпман, – дедим Мустафога юзимда қувончли табассум билан. – Назаримда, бу чигални бизга сен ечиб берадиган кўринасан. Сен ўзингнинг санъатингни шундай кўрсатгинки, биронта ҳам меҳмон ҳатто ғозга қўлини узатмасин.
Мустафога жон кирди. Гарчи у ҳали менинг ниятларимни англаб етмаган ва гап нимада эканини фаҳмламаган бўлса-да, менинг жонимга аро кириб, оғиримга асқотаётганидан хурсанд эди.
– Нега ичкари кирмай турибсан? Қани, кир бу ёққа! Ўтир, – дедим мен манзират билан хитоб қилиб. – Бу ёққа кел, яқинроқ. Тортинма. Менинг ёнимга, манави духоба стулга ўтир. Қани, бир бошдан гапириб бер-чи, ишларинг қалай? Нима билан машғулсан? Истасанг, мен сенга тузукроқ бирор иш топиб бераман. Уйланаман десанг келин ҳам қидириб кўрарман. Нега ширинликлардан олмаяпсан. Манави ҳолвадан татиб кўр-чи, Язддан совға келган.
Мустафонинг бесўнақай қинғир гавдаси духоба стулга зўрға сиғди. Кутил¬маганда унга кўрсатилган бундай илтифотлару меҳрибонликка миннатдорлик билдириб чайнала бошлаган ҳам эдик, мен унинг гапини бўлдим:
– Бўлди, бўлди! Миннатдорчилигинг нимаси? Сен менинг укамсан. Умуман, мен сенга бугун жавоб бермайман. Бугун бизнинг меҳмонимиз бўласан. Ахир, бутун бир йил кўришганимиз йўғ-а! Бизни бутунлай эсингдан чиқариб юборгансан-а! Бу шаҳарда сенинг туғишган тоғанг борлиги эсингга ҳам келмаган бўлса керак? Мени қариндош ўрнида кўрмайсан-да! Ҳеч қанақа сабабу баҳонанг кетмайди, бизникида қолиб, овқатланиб кетасан. Ҳозироқ чиқиб, келинойингга айт – менинг энг яхши костюмимни сенга олиб берсин! Кийимингни ўзгартириб ол. Меҳмонлар келганда ёнимда ўтирасан. Яхшилаб эслаб қол – арпа шўрвани ичиб бўлишгандан кейин, кабоб билан ошдан кейин дастурхонга ғоз тортилганда сен менга қараб шундай дейсан, “О, муҳтарам мезбон! Ёлбориб сўрайман, бизни таом истеъмол қилиш заҳматидан халос этинг! Қоринда жой қолмади. Шунақа овқатландикки, ёрилиб кетай деб турибмиз. Мезбоннинг қўли очиқ экан деб, орқа-олдимизга қарамай, овқатни тушираверсак нима бўлади? Ғоз деганлари чиндан ҳам бағоят тотли нарса бўлади. Лекин шундоқ тотли ғозни бўлакларга ажратиб майдалашга одамнинг кўзи қиймайди. Йўқ, йўқ, йўқ! Шахсан ўз номимдан ва бу ерда ўтирган азиз меҳмонлар номидан ёлбориб, ўтиниб илтимос қиламан – бу лаганни ғози билан шундайлигича олиб чиқиб кетишсин. Йўқ, агар борди-ю, сира иложи йўқ десангиз, майли, ҳадемай баҳор келади, бирор куни яна сизникида йиғилармиз. Лекин ҳозир – худо шоҳид – агар сиз бизни лоақал бир тишлам ейишга мажбур қиладиган бўлсангиз, ҳаммамизнинг уволимизга қоласиз. Наҳотки, сиз бизга шунақа ўлим тиласангиз? Хуллас калом, мен меҳмонларни ғоздан тановул қилишга ундайвераман, сен бўлсанг, “йўқ, бўлмайди” деб оёқ тираб туриб оласан ва ҳар нима қилиб бўлса-да, меҳмонларни ўз томонингга оғдирасан.
Мустафо оғзини очиб, бўйнини чўзиб ўтириб, гапларимни тинглади-да, маънодор қилиб кулди. Унинг кулгисида “ҳаммасини тушуниб турибман, хавотир олманг” деган маъно бор эди. Кейин ўзининг овоз чиқарадиган ускунасини ишга солиб, хитоб қилди:
– Ҳаммасини тушундим. Хотиржам бўлаверинг.
Меҳмонлар айтилган вақтдан кечикмай, битта ҳам хато бўлмай ҳаммалари етиб келишди, ҳол-аҳвол сўрашиб, дастурхон теварагига ўтиришди ва “ямламай ютавер” деган шиорга амал қилиб, “раббимсан” дея овқатларни туширишга киришишди. Орадан икки соатча ўтгач, Мустафо кириб келди. Унинг устида менинг янги костюмим, бўйнида бўйинбоғим, оёғида ипак пайпоқ, ботинкалари ёғ тушса ялагудек ялтиратиб бўялган. Баайни маст товуснинг ўзгинаси. Соқолини қиртишлаб олган, юзидаги ҳамма ёриқлар, тирқишлар ва ўйдим-чуқурларни мой-упа суриб, обдон силлиқлаган. Сочлари ҳам мойланиб, текис таралган, қулоғи, бурни ва бўйнидаги жунлар қирилган, хуллас, пардоз-андоз жойида. Баайни у бизникига келиб, улфатчилигимизни безамоқ учун ҳозиргина экрандан тушган кино юлдузининг ўзи эди.
Жаноб Мустафохон салобат билан ва айни чоқда жуда зўр самимият билан одатдаги муборакбод сўзларини айтди ва ҳавас қиладиган сиполик билан келиб, менинг ёнимдаги стулга ўтирди. Мен уни ошналаримга пойтахтдаги энг фазилатли ва энг омадли йигитлардан бири сифатида таништирдим. У ўзига юклатилган ролни жуда ўринлатиб ўйнамоқда эди. Буни кўриб, мен хурсанд бўлдим ва ҳатто ғоз воқеасидан бир амаллаб қутулиб чиқишимизга ишона ҳам бошладим.
Мамнуниятимни изҳор қилмоқ учун қадаҳга арақ қуйдим-да, такаллуф билан алёр айтдим:
– Жаноб Мустафохон! Унча кучли бўлмаган Исфахон арағидан бир қултум нўш айлашни ихтиёр этмайсизми?
– Гарчи мен 3 юлдузли француз коньягини кўпроқ ёқтирсам-да, – деб жавоб берди у лабини чўччайтириб, – сиз Исфахон арағини ичмоғимни таклиф этсангиз, бўйсунмоқдин ўзга иложим йўқ. – Шу сўзларни айтиб бўлгач, у тутилган қадаҳдаги арақни бир кўтаришда ҳалқумининг ичига қуйиб юборди. – Арақ чакки эмас экан! Ленинграднинг арағига ўхшаб кетаркан. Рус элчихонасининг юқори мартабали бир ходими яқинда менга бир неча шишасини туҳфа этганди. Афсуслар бўлғайким, ўшанда ҳеч қайсингиз ёнимда эмас эдингиз. Арақмисан арақ эди ўзи ҳам. Лекин ўзимизнинг Исфахон арағининг ҳам ундан кам жойи йўқ. Гап йўқ – эронликлар ҳам ҳамма нарсани бемалол уддалай олади, агар у рағбатлантирилса, ҳар қандай хорижликни ҳам бир чўқишда қочиради. Илтимос, яна қуйинг! – У қадаҳни менга узатди.
Энди бу ташвиш бор экан! Зиёфат энди бошланди-ю, шишадаги арақнинг яримидан кўпини қуритиб бўлишибди, азаматлар. Фақат арақ эмас, бошқа ичимликларнинг ҳам ранги ўчиб кетибди. Нима бало, булар қудуқми дейман?
Ичкилик билан кабобнинг таъсирида Мустафо ўзини шунақа қўйиб юбордики, буни тасаввур қилиш ҳам қийин. Унинг жағи бир лаҳза ҳам тинаётгани йўқ. Гоҳ ҳазиллашади. Гоҳ аския қилади, гоҳ латифа айтади. Бирам чечан эканки, қўяверасиз… Бир зумда ўтиришнинг гулига айланди-қўйди. Ҳеч кимга гап бермай, фақат ўзи гап сота бошлади. Арақ бамисоли калитдай унинг қулфи дилини очиб юборди, гап унинг ичидан қайнаб чиқа бошлади. У чапдаст қиличбоздай жумлаларни қиличдай ишлатиб, сермай бошлади.
Ҳеч ким танимайдиган, ҳеч қаерда таҳсил кўрмаган, Теҳроннинг теварагидаги Имонзода Довуд ёки Шоҳ Абдул Азим деган жойлардан нарига қадами етмаган бу одам Оврўпа ва Америкадаги Чикаго, Манчестер, Париж каби шаҳарларда бошидан кечирган саргузаштлар тўғрисида шунақа ажойиб воқеаларни жўшиб-тўлқинланиб гапириб бердики, мен бу хазинани шу пайтгача кашф этмаганим учун ўзимни-ўзим аямай ўтирдим.
Ҳамма унинг гапларини оғзини очиб эшитмоқда эди. Мен эса унга қараб, бошқа бир нарсага ҳайрон бўлиб ўтирардим: у бир вақтнинг ўзида тинмай жаврар ва оғзи тинмай кавшар эди. Палахмондай-палахмондай гўшт бўлакларини тўхтовсиз чайнаб ютишлар унинг шалоладай қуйилаётган гапларига заррача халақит бераётгани йўқ эди. Гўё унинг томоғида иккита тешиги бор бўлиб, буларнинг бири луқмаларни ютмоқ учун, иккинчиси эса ҳар хил жимжимадор сўзларнинг қайнаб чиқиши учун эди.
Янги йилнинг сўнгги – ўн учинчи кунини байрам қилиш тўғрисида гап кетганда, Мустафо бир қасида ўқиб берди. Қасидани у кеча ёзган экан. “Қойил! Баракалла!” деган хитоблар янгради. Ўзларини билимдон қилиб кўрсатиб юрадиган ва ҳатто олимлик даъвоси ҳам бўлган иккита меҳмон қасиданинг айрим сатрларини яна бир мартадан ўқиб беришга мажбур қилишди.
Шоир бўлиш орзусида юрган меҳмонлардан бири шу даражада эриб кетдики, унинг ёнига бориб, пешонасидан ўпди ва шундай деди:
– Ё Оллоҳ! Чинакам шоир экан-ку, бу киши! – Шундай деб, кейин унинг тахаллуси нима эканини сўради.
Мустафо энсаси қотганини яширмай жавоб берди:
– Ҳозир тахаллус билан ёзиш эскириб қолган. Тахаллуслардан воз кечиш фурсати аллақачон етиб келган, жаноблар. Аммо муҳтарам устозимиз марҳум Пешаворийнинг маслаҳати ва тавсияси билан мен шеърларимга, одатда, жўнгина “Шоир” деб имзо чекаман. Пешаворий менга кўп меҳрибонликлар қилган. Умрининг охирида эса мендан буткул ажралолмай қолган эди.
Ўтиришдагиларнинг ҳаммаси якдиллик билан жуда яхши тахаллус танланганини, бу тахаллус Мустафонинг истеъдодига жуда мос эканини айтишди.
Шу пайт даҳлиздан телефон жиринглагани эшитилди. “Шоир” жаноблари мулозимга юзланиб деди:
– Азизим, мени чақиришаётган бўлишса керак. Ички ишлар вазири қўнғироқ қилмоқчи эди. Мени банд эканимни айт. Ўзим кейинроқ қўнғироқ қиламан.
Кимдир адашиб тушиб қолибди.
Агар ўша пайтда менинг нигоҳим тасодифан Мустафонинг нигоҳи билан тўқнаш келиб қолганида, менинг нигоҳим уни воқеликка қайтарган бўларди. Афтидан, у буни сезиб турарди шекилли, мен томонга мутлақо қарамасликка ҳаракат қиларди. Унинг нигоҳи дастурхон узра бир таомдан иккинчисига ўтиб, тимирскиланиб турарди; гўё қарайман деса, бошқа нарса йўқдек…
Ниҳоят, арпа шўрва ичиб бўлишди, қўзи кабоб, палов ва қайлалар бартараф қилинди. Радиодан концерт эшиттирила бошланди. Авжи қовурилган ғозни дастурхонга тортадиган фурсат етиб келган эди. Кўпдан бери орзиқиб кутилган ғознинг дастурхонга қўйилишини ўйлар эканман, фикран шўрлик жониворни ўз паноҳида сақлашини Оллоҳдан тилаб, унга таваллолар қилар эдим.
Мана, ниҳоят, эшикда лаган кўтарган мулозим пайдо бўлди. У дастурхон ўртасига сингиб пишган, терилари кирсиллаб, ёғлари томчилаб турган, иштаҳани қўзғайдиган ғозни қўйди. Кейин мулозим чиқиб кетди.
Мен бор диққатимни Мустафога қаратдим. Наҳотки, қовурилган ғознинг хушбўй ҳидидан Мустафо маст бўлиб қолса? Наҳотки у ўзини йўқотиб қўйса? Йўқ, Оллоҳга шукурлар бўлсинким, унинг эс-ҳуши ҳали ўзида эди, калласи ишлаб турганди.
Мустафо ғозни кўриши биланоқ меҳмонларга шундай сўзлар билан мурожаат қилди:
– Жаноблар! Гапим маъқул бўлса, сизлар ҳам мени қўллаб-қувватласанглар. Афтидан, мезбонимиз бизга яхшилик соғинаётгани йўққа ўхшайди. Ҳозир ғозга бало борми? Ғоз нима қилиб юрибди? Шахсан мен жуда тўйиб кетдим. Еганларим жиғилдонимга келди. Агар сизлар калламни жасадимдан ажратсанглар, қорнимга бошқа бирон тишлам овқат сиғмаслигини кўрар эдинглар. Ҳатто энг тотли, энг лаззатли, қусур-қусур ғоз гўшти бўлса-да… Ҳеч қайсимизда бу ердан чиқиб, тўғри касалхонага йўл олиш нияти йўқ-ку, шундай эмасми? Инсон ошқозони тубсиз қудуқ эмаски, ҳар қанча егулик ташлаганинг билан, тўлдириб бўлмаса.
Гапи тамом бўлмасдан у мулозимни чақирди-да, унга буйруқ берди:
– Менга қара, азизим, меҳмонлар манави ғозни олиб чиқиб кетишингни илтимос қилишяпти. Қани, уларнинг гапини икки қилмай, дарров уни олиб чиқиб кет-чи…
Мустафонинг кутилмаган қилиғи меҳмонларни ҳанг-манг қилиб қўйди, улар нима қилишларини билмай гарангсиниб қолишди. Бир томондан, жонивор ғознинг хушбўй ҳиди уларнинг димоғини қичитиб, иштаҳасини уйғотмоқда эди – улар лоақал қўзи кабоб билан таъмини солиштириб кўрмоқ учуноқ, ғоздан жиндай-жиндай тотиниб кўришга йўқ демас эдилар. Иккинчи томондан жаноб “Шоир”дай донгдор одамнинг дадиллик билан шартта-шартта қилаётган ишлари уларни тийиб қўйди. Меҳмонларнинг нигоҳи ғозга михланган эди, лекин ихтиёрларига зид тарзда бўлса ҳамки, бошқа иложлари қолмади. Шунинг учун ҳам Мустафонинг гапларини сусткашлик билан “Ҳа, ҳа… Албатта!” дея маъқуллаб қолдилар.
Бизнинг режамиз амалга оша бошлагандай кўринди. Шу дақиқаларда мен Мустафога қараб, юз марта “Балли!” деган ва туяникига ўхшаган лабларидан ўпгим келиб кетди.
Шунга қарамасдан, ҳийламиз янада ишончлироқ чиқмоғи учун мен қассобнинг пичоғига ўхшаган узун ва энли пичоқни қўлимга олдим-да, ўғли Исмоилни қурбонликка сўймоқчи бўлган Иброҳим каби худо раҳмат қилгур ғознинг тепасида таҳдид билан ўйната бошладим. Мен ўзимни тилсиз-забонсиз бу шўрлик махлуқни нимта-нимта қилиб ташлашга чоғлангандай кўрсатмоқчи бўлдим. Айни чоқда, бу маросимни узоқроқ чўзмоқ мақсадида жаноб “Шоир”га узундан-узоқ нутқ билан мурожаат қилиб, лоақал мен учун ғоздан бир тишлам ейишини, акс ҳолда, ошпазнинг меҳнатлари бекор кетишини ва у ҳам ранжишини тушунтира бошладим. Бахтимга қассоб ғознинг боши билан бирга тилини ҳам кесиб олиб қолганди, акс ҳолда, ғози тушмагур менинг беҳаё мунофиқлигим тўғрисида бир арава таъна-дашномларни ёғдириб ташлаган бўлармиди? Хуллас, мен ялиниб-ёлворишдан тўхтамадим, Мустафо айтганидан қолмади. У ўжарлик билан “Йўқ!” деб туриб олди. Унинг қатъиятини кўриб, меҳмонлар ҳам унга қўшилишди. Улар чуввос солиб, бараварига ғозни олиб чиқиб кетишни талаб қилишди. Улар ғознинг бутунлиги ва дахлсизлиги учун астойдил курашмоқда эдилар. Иш айни менинг кўнглимдагидек тус олиб бормоқда эди. Шунда бирдан кутилмаганда оғзимдан бир гап чиқиб кетса бўладими?
– Жаноблар! Наҳотки шундоқ ғоздан юз ўгириб бўлади? Ахир, унинг ичига энг аъло олхўрилар солиб пиширилган, у энг юқори навли сариёғда қовурилган-а!
Менинг ярамас оғзимдан шу сўзлар чиқиб улгурмасдан Мустафо тўсатдан ичидаги тори узилиб кетгандек “оҳ” деди-ю, қўлини ғозга узатиб бир қанотни синдириб олди ва уни оғзига олиб борар экан, нима қилаётганини изоҳлагандай бўлди:
– Модомики, сиз унинг ичига энг яхши олхўрилар солиб, энг аъло нав сариёғда қовурилган деб турсангиз, ҳадеб қимматли мезбонни ранжитиб, ялинтиравериш одобдан бўлмайди. Жаноблар, унинг ҳурмати учун ғоздан бир бўлакдан татиб кўрамиз.
Қолган меҳмонлар айни шу сўзларни кутиб туришган экан. Шу заҳоти улар бир гала оч бўрилардек ғозга ташландилар. Кўз очиб юмгунча қимматли ғозимиз бутун устихон-у гўштлари билан бирга талонга тушди, ғажилди ва ўн иккита кекирдакдан ўтиб ғойиб бўлди. Бир замонлар ғоз деб аталган махлуқ ўн иккита қориннинг ичига тушди ва кўп ўтмай ҳазм бўла бошлади. Хулласкалом, жўнроқ қилиб айтганда, меҳмонлар ғоз бечорани бир зумда шунақа гумдон қилишдики, гўё у бечора умуман, ҳеч қачон тухумдан чиқмагандек, бу ёруғ дунёга келмагандек эди.
Одамни ҳайвон дейишади, ҳайвон бўлганда ҳам ўтхўр ҳайвон эмиш. Бўлмаган гап. Менинг меҳмонларим одамхўрларга ўхшар эдилар. Ахир, бундан олдин роса икки соат мобайнида бу жаноблар қўлларида пичоғу санчқиларни ушлаб олиб, бир уюм гўшту мева-чевалар билан қаттиқ жанг қилишган ва ҳар гал ҳатто тақсимчаларини ялаб ҳам қўйишган эди. Энди-чи? Энди бўлса, ўн икки одамнинг ҳаммаси гўё ҳеч нарса кўрмагандай ўзини яна овқатга урди. Менинг кўз ўнгимда қусур-қусур бўлиб сингиб пишган ғозим бўлак-бўлакларга ажратилган ҳолда бир тўда қора бошли қузғунларнинг ўлжасига айланди ва ҳозиргина кўз ўнгимда турган нарса ғойиб бўлди – у шўрлик меҳмонлар ошқозонига мангуга дафн қилинди. Бу мудҳиш манзарани кўриб, оғзим бутунлай қуриб қолди ва мен қийинчилик билан икки-уч бор ясама жилмайиб “олинглар, ош бўлсин!” дейишдан нари ўта олмадим. Юз берган фалокатни бартараф қилишга мен ортиқ ожиз эдим. Лекин жаноб “Шоир” тўғрисида икки оғиз гап айтмасам, ҳеч иложи йўқ. Гўё ҳеч нарса рўй бермагандек, у яна очилиб яшнаб кетди. У менинг шимимнинг чўнтагидан менинг ипак дастрўмолимни олиб, бужмайган дўрдоқ лабларини артди ва сўна чаққан тойчоқдай шаталоқ отиб, яна олди-қочдиларини олиб қоча бошлади. У Швейцария ўрмонларидаги саргузаштларини гапира бошлади. У ерда гўё бир гуруҳ казо-казолар билан бирга бўлган экан. У оғиз кўпиртириб ишқий саргузаштларини ҳам сўзлай кетди. Лекин уларни шунақа тафсилотлари билан гапириб бердики, бу ерда такрорлашга сира ҳам тил бормайди. Зиёфатда ўтирганларнинг ҳаммаси бу ёлғон-яшиқ гапларни айни ҳақиқатдай қабул қилишди ва ўқтин-ўқтин тилларини такиллатиб, бошларини сарак-сарак қилиб, ҳузурланиб ўтириб тинглашди.
Бу чайнашлару ғажишлар, ютишлару, ҳазм қилишлар обдон қизиб, авж пардага кўтарилганда жонинг жаннатда бўлгур ғознинг ҳалок бўлиш манзараси мени одамларнинг ношукурлиги, яхшиликларни унутиб юбориши, хиёнати, лафзсизлиги, қатъиятининг йўқлиги, макр-ҳийласи, мунофиқлиги, Мустафога ўхшаган икки пулга қиммат одамларнинг сурбетлиги ва бетамизлиги тўғрисида ўйлашга мажбур қилганида, яна телефон жиринглаб қолди. Мен дарров даҳлизга чиқдим ва қайтиб кириб, ҳали ҳам гап сотаётган Мустафога мурожаат қилдим:
– Жаноб Мустафохон. Ички ишлар вазири телефон қиляпти. У кишининг сизга шахсан айтадиган икки оғиз гапи бор экан.
Қариндошим бу гапни жуда жиддий қабул қилди, бўйнига тутиб олган оқ сочиқчани ечмай, ўрнидан туриб, орқамдан юрди. Хонадан даҳлизга чиқишимиз биланоқ, орқамдан эшикни зичлаб ёпдим-да, қариндошимни чангитиб сўка кетдим. Каминаи камтаринингизнинг мушти бир марта-ярим марта у шўрликнинг лунжига ҳам тушиб қолди.
– Ҳамма ишни расво қилдинг-ку, аблаҳ! Одам деган шунчалик ҳам нафсининг бандаси бўладими? Битта ғозни деб имонингни сотдинг-а! Сен – эшакнинг обрўйингни шунчалик кўтариб қўйган бўлсам-у, сен тузимни еб, тузлиғимга тупурдинг-а!
Бунақа қабиҳ иши учун қасос олиш мақсадида мен уни яна бир марта урдим. У ҳансирай-ҳансирай, тили зўрға калимага келиб, одатдаги талаффузида афт-башарасини бужмайтириб жавоб берди:
– Мени беҳуда койиманг, афандим. Менинг нима гуноҳим бор? Наҳотки, эсингиздан чиққан бўлса? Биз келишиб олганимизда гап фақат ғоз тўғрисида борган эди. Ғознинг ичига солиб пиширилган олхўри тўғрисида ҳам, ғознинг олий навли сариёғда қовурилгани тўғрисида ҳам ҳеч қанақа гап бўлгани йўқ эди. Ахир, ўзингиз инсоф билан ўйлаб кўринг – бу ишда мабодо бирор гуноҳкор одам бўлса, у сиз бўласиз.
Мен шу даражада дарғазаб бўлдимки, дунё кўзимга зимистон бўлиб кетди. Мен шу заҳоти кўча эшикни очдим-да, бу ношукур бадбахт йигитни ёғ солинган хурмача ичидан ушлаб олинган сичқондай кўчага улоқтирдим. Кейин ўзимни босиш ва ичимда гуриллаб турган эҳтирос гулханини жиндай пасайтириш учун бирпас ҳовлида айланиб юрдим. Кейин ҳар қалай яхшими-ёмонми юзимда табассумга ўхшаган бир ифода билан меҳмонлар ўтирган хонага қайтиб кирдим. Қарасам, меҳмонлар аллақачон диванларга ўрнашишипти. Уларнинг бутун фикри-зикри рақибининг донасини қамаб қўйиш билан банд эди.
– Жаноб Мустафохон, – дедим мен баланд овозда, – узр сўрадилар. У киши меҳмонлар билан хайр-маъзур қилмасдан кетишга мажбур бўлиб қолдилар. Ички ишлар министри ўзининг шахсий машинасини жўнатипти. Мустафохон меҳмонларнинг суҳбатини бузмай қўя қолай, деди.
Меҳмонлар қадрли “Шоир”нинг кутилмаганда бунақа шошилинч кетиб қолганига таассуф билдиришди. Сўнгра улар бу одамнинг нақадар фозил, ўқимишли эканини, ичишни ҳам ўрнига қўйишини ва улфатларининг кўнглини олишга усталигини ҳам гапириб ўтиришди. Баъзилар уни уйларига таклиф қилиш мақсадида мендан унинг телефон рақамини ва манзилини сўрашди. Яширишнинг ҳожати йўқ – мен шарм-ҳаёни йиғиштириб қўйиб, ҳаммаларига хаёлимга келган биринчи рақамларни айтдим.
Эртасига эрталаб, кеча бўлган воқеаларни эсладим. Буни қарангки, алам ичида ўз қўлларим билан уйдан ўзимнинг энг яхши костюмимни чиқариб ташлабман, ахир, ёқасидан олиб кўчага улоқтирганим “шоир” Мустафохоннинг устида менинг костюмим бор эди-ку!
Аммо отилган ўқни қайтариб бўлармиди? Яна бир бора амин бўлдим: “Нимаики рўй берса, барчасига ўзимиз сабабчимиз” деган нақл ғоятда доно ва тўғри нақл экан. Ўшанда ўзимга ўзим умрим мобайнида ҳеч қачон амалга интилмаганим бўлсин, дея аҳд қилган эдим.

Русчадан Озод Шарафиддинов таржимаси.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 6-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!