Морис Леблан. Қизил ипак шарф (ҳикоя)

Одатдагидек уйидан барвақт чиқиб суд биноси томон йўл оларкан, Перголез кўчаси бўйлаб ўзидан олдинроқда кетаётган кишининг қуюшқондан ташқари хатти-ҳаракатлари инспектор Ганимарнинг эътиборини тортди. Бу йўловчининг эгнидаги кийимлари жуда ночор, декабрь ойи бошланганига қарамасдан похол шляпани бошига бостириб кийиб олган. Ўттиз ёки қирқ метр юргач тўхтар, шимини тўғрилар, ботинкасининг ипини боғлар ё бўлмаса эгилиб ердан ниманидир оларди. Ва ҳар сафар бир бўлак апельсин пўчоғини яширинча йўлак четига қўярди. Балки бу ғалати одамнинг ўйлаб топган ўйини ёки болаларга хос эрмак бўлиб, ҳеч кимни қизиқтирмаслиги мумкин. Лекин Ганимар шунақа кузатувчан, зийрак, ҳамма нарсага эътибор берадиган, токи мантиқий жавоб топмагунча тинчимайдиган кишилар жумласидан. Шу боис Ганимар бу ажабтовур одамнинг изидан тушди. Нотаниш йўловчи Granе Armее кўчасига бурилгач, йўлнинг нариги четидан бораётган болага сирли бир ишора қилганини пайқаб қолди инспектор. Йўловчи тўхтади ва шимининг пойчасини тўғрилади. Шу жойга бир бўлак апельсин пўчоғи билан белги қўйди. Худди шу лаҳзада йўлнинг нариги четидаги бола ўзи яқинлашган уй деворига бўр билан хоч расмини чизди ва уни айлана ичига олди. Улар шу тариқа йўлда давом этишди. Бир дақиқадан кейин яна тўхташди. Похол шляпа эгаси ердан игна тўғноғич топиб олди ва бу жойга ҳам бир бўлак пўчоқни яшириб қўйди, бола эса ўша ердаги уй деворига хоч чизиб, уни доира ичига олди.
“Юпитер ҳақига қасам ичаман!– ўйлади инспектор ва унинг юзида шайтоний бир кулгу зуҳур этди.– Бу жуда қизиқ ва кўп нарса ваъда қилувчи ҳолат… Бу иккови нима қилмоқчи ўзи?”
Ғаройиб жуфтлик Фридланд ва Форбург – Сент-Оноре кўчаларидан ўтишди, лекин диққатга молик бир ҳолат рўй бермади. Вақти-вақти билан улар қўшалоқ белги қўйишар ва буни гўё беихтиёр бир ҳаракат билан бажарардилар. Шунга қарамай шляпали одам уй деворига хоч белгиси чизилганига ишонч ҳосил қилмагунча апельсин пўчоғи билан белги қолдирмасди. Бундан кўринадики: ғаройиб йўловчилар ўртасида қандайдир келишув бор, инспектор бунга қизиқиб қолди.
Бове майдончасида шляпали эркак ўйланганча бироз тўхтаб турди. Кейин хаёлида қандайдир айёрликни ўйлаб, шимининг пойчаларини икки марта кўтариб туширди. Шундан сўнг бола ички ишлар бошқармасини қўриқлаб турган соқчи рўпарасига ўтирди-да, иккита кичкина хоч шаклини чизди. Елисей саройига яқинлашганда улар ўша ҳолатни яна такрорлашди. Фақат йўлак бўйлаб у ёқдан бу ёққа юриб турган соқчи олдида энди иккита эмас, учта хоч чизиб қолдирилган эди.
–Жин урсин! – ғулдиради Ганимар ҳаяжондан ранги бўзариб ва сирли найрангбозларнинг ҳаракатини кузатаркан азалий душмани Люпен унинг ёдига тушди.
–Жин урсин, булар ниманинг аломати ўзи?
Иккаласининг ҳам ёқасидан бўғиб олгиси келди. Лекин у етарлича ақлга эга бўлиб, чуқур ўйламасдан бир ишга қўл урмасди. Кейин нотаниш одам сигарет чекди, бола ҳам лабига сигарет қистириб, тутатиб олиш учун унинг олдига келди. Улар бир-икки оғиз гаплашиб олишди. Бола яшин тезлигида ниманидир унга оширди. Инспекторга бу револьвер бўлиб туюлди.
Кейин улар шошилганча Сюрен кўчаси бўйлаб кетишди. Инспектор уларнинг диққатини тортмаслик учун эҳтиёткорлик билан кузатиб бораркан, ҳалиги ғаройиб жуфтликнинг учинчи ва тўртинчи қаватларидан бошқа қаватлардаги деразалари ёғоч эшиклар билан беркитилган эски бино дарвозаси ортига ўтиб кетганларини кўриб қолди. Юқорига кўтарилиб очиқ турган эшикка кўзи тушди. Шовқинга бироз қулоқ тутиб тургач, нафасини ичига ютиб, эҳтиёткорлик билан ичкарига қадам қўяркан, стуллар билан полни уриб тақиллатаётган ҳалиги икковини кўрди. Шу лаҳза қўшни хонадан кимдир чиқиб келди. Бу 28-30 ёшлардаги кўринишидан русларга ўхшаш бакенбардли ва мўйловдор, кўзойнак тақиб олган киши эди. Эгнида смокинг.
–Хайрли тонг, Ганимар, – дўстона саломлашди у ва инспекторга сирли бўлиб туюлган одам билан болага қаради. – Раҳмат сизга дўстларим, муваффақиятли чиққан иш учун менинг табригимни қабул қилинглар. Мана сизга ваъда қилинган мукофот, – шу сўзларни айтаркан, уларнинг қўлига юз франкли битта банкнот туқазди. Ғаройиб жуфтлик пулни олиб хонадан чиқди. Уларнинг ортидан эшик ёпилди.
–Узр, ёшулли, – кечирим сўради навқирон киши,– сиз билан гаплашмоқчи эдим… –Ганимарнинг таажжубланиб турганини кўриб сўздан тўхтади у. – Сиз нима гаплигини тушунмадингизми? Мен бўлсам, сизни ўта ақлли деб ҳисоблагандим! Сиз билан учрашиш ниятида эдим… Айтинг-чи, энди нима қилсам бўлади? – Йўқ, йўқ, ёшулли, янглишасиз. Агар сизга хат ёзганимда ёки қўнғироқ қилганимда, ҳеч шубҳасиз, олдимга келмасдингиз… Лекин сизни олиб келиш учун бир полк аскар керак бўлди. Сиз билан ёлғиз учрашиш ниятида уларни жалб қилиб, апельсин пўчоғи ва деворларга чизилган хоч белгилари ёрдамида эътиборингизни тортишимга тўғри келди. Сиз ҳамон саросимадамисиз? Йўғ-е, мени танимадингизми? Мен – Люпенман… Арсен Люпен. Хотирангизни титкилаб кўринг… Наҳотки, бу ном сизга ҳеч нарсани англатмаётган бўлса?
– Ярамас малун! – деди тишланганча Ганимар.
Арсен Люпеннинг пешонаси тиришди ва деди:
–Жаҳлингиз чиқаяптими? Ҳа, мен буни кўзларингдан пайқаб турибман. Ўша Дагриваль иши туфайлида-а? Лекин бу суҳбатимизга соя солмаслиги керак эмасми? Аваллари сира бундай бўлмасди. Ишонтириб айтаманки, бундан кейин…
– Сен қабиҳ одамсан! – ғазаб сочди Ганимар.
– Мен эса қувончдаман! “Бу учрашувлар ёшулли Ганимарнинг ҳам қувончига сабаб бўлади”, деб ўйлагандим. Ахир биз жуда узоқ вақт учрашмадик.
Ганимар ҳамон ўзини ўнглаб ололмаган ва саросималанганча атрофига алангларди, кейин Люпенга қаради, ўзини чимчилаб кўрди ва тушундики, тушида эмас, ўз душманини ҳушида кўриб турарди.
– Гапир, – деди у. – Вақтимни олма, бекор қолган вақтим йўқ.
– Бу жуда соз, – жавоб қилди Люпен. Гаплашиб оламиз. Суҳбат учун бу ердан тинчроқ жойни тополмаган бўлардик. Бу қадимий уй герцог Ришельега қарашли. Герцогнинг ўзи бу ерда яшамайди, рассом ва безакчи сифатида менга ташлаб кетган. Тинч жой. Мен собиқ вазир мсье Дебрейл номида юраман. Тушундингизми? Одамлар эътиборини тортишни хоҳламайман…
– Бу сафсаталарга мени ишонди деб ўйлайсизми? – унинг сўзини бўлди Ганимар.
– Жуда соз. Гапни қисқа қиламан. Сиз шошилмоқдасиз, мени кечиринг. Сизни узоқ ушлаб турмайман… Беш дақиқа ва тамом. Шундай қилиб бошладим… Сигарет чекасизми? Йўқми?
У столга ўтираркан бармоқлари билан уни черта туриб ҳикоясини бошлади:
– 17 октябрь 1599 йил. Кузнинг илиққина куни… Эшитяпсизми? Билмадим, Генрих IV ҳукмронлиги тўғрисида ва Понт-Неф қурилиши ҳақида сизга гапириб беришнинг ҳожати бормикан? Ўйлайманки, Франция тарихидан хабардор эмассиз, бу ҳикоям билан сизни чалғитаман, холос. Кеча тунда юк кемасида сузиб келаётган бир одам Понт-Неф кўприги остидан ўтаётиб чап соҳилдан нимадир сувга ташлаб юборилганини пайқаган. Ниманидир Сена дарёси тубиги ташлаб юборишган. Кема бортидаги ит ўзини сувга отиб, дарёдан қандайдир тугунни кўтариб чиққан. Ҳалиги киши тугунни олган, итни сувдан чиқарган ва тугун ичида нима борлигини аниқлаш учун каютага кирган. Топилдиқ уни қизиқтириб қолган ва у менга одам юборган. Ўша куни эрталаб мен тугундаги сирли нарсага эга бўлдим ва баъзи бир нарсаларни аниқладим. Мана улар.
У стол устидаги газета бўлакларига ишора қилди. Ўша ерда катта шиша сиёҳдон бўлиб, унга боғлаб қўйилган бир бўлак шардуз кўриниб турарди. Шиша синиқлари, ғижимланган картон, латта бўлаклари ҳам бор. Ва ниҳоят, стол устида қизил рангдаги бир парча шоҳи матоҳ.
– Кўряпсизми, бизнинг топилдиғимизни, ёшлигимнинг дўсту ҳамроҳи, – деди Люпен. – Шубҳа йўқки, ит тугунни сувдан олиб чиқаётганда нарсаларнинг бир қисми тушиб қолган, акс ҳолда бу топишмоқни осонгина ечса бўларди. Аммо ўйлайманки, масаланинг тубига етиш учун шуларнинг ўзи ҳам етарли. Фақат бунга сизнинг ақлингиз ва қобилиятингиз бўлса бас. Сизни қизиқтираяптими бу иш?
Ганимар ҳолатини ўзгартирмади. У масхараомуз сўзлар билан Люпен устига ташланишга тайёр эди, аммо ўзини босди.
–Шуниси аёнки, биз бир хил фикрлаймиз, – деди Люпен инспекторнинг сукутига эътибор бермай. – Мен мана бу нарсаларга таяниб, ўз фикримни қисқагина баён этмоқчиман. Кеча соат тўққиз билан ўн икки оралиғида ёш ва латофатли бир аёл пичоқ билан ярадор қилинган ва кўзойнакли ёш, ғоят келишган ҳамда спорт билан шуғулланадиган жаноб томонидан бўғиб ўлдирилган. Ана шу жаноб билан ҳалиги аёл емакхонада ўтириб, учта эклер еган ва кофе ичган.
Ганимар сигарета чекди ва Люпеннинг енгидан ушлади.
–А-ҳа, бу сизга ёқмади инспектор. Жиноят қидирув ишлари фақат полицияга тааллуқли, бошқалар учун бу имконсиз деб ўйлайсиз-да?! Тўғри эмас, азизим! Сиз, Люпен фақат алдашга қодир деб ўйлайсизми? Менинг хулосаларим жуда ҳайротомуз ва жуда оддий, – деди у ва стол устидаги нарсаларни навбатма-навбат қўлга олиб ҳикоясини давом эттирди.
–Айтганимдай, бу воқеа кеч соат тўққиздан кейин рўй берган. Мана, газетанинг кечги сони. Унинг тепасида эса “Кечки нашр” деб ёзилган. Мана бунга қаранг. Сариқ қоғоз изларини кўрдингизми? Бу одатда обуначининг манзили ёзиладиган, нарса ўраш учун ишлатиладиган қоғоз бўлакчаси. Газетанинг кечки сони қоидага кўра, соат тўққиздаги почта билан келади. Мен: “келишган эркак” дегандим. Мана бу шиша синиғига қаранг, бу ерда бор-йўғи бир хил шиша. Демак, бу лорнет (дастали кўзойнак, изоҳ бизники), мана дастасининг изи ҳам бор. Юқори табақа кишиларидан бўлак ким лорнет олиб юради. Олифта кийинган эркак пишириқлар дўконига кирган. Картон бўлаклари пирожний қутисиники. Мана, эклер кремидан қолган излар ҳам бор.
Ана шу пакетни қўлтиқлаб олган бизнинг лорнетли ёш аслзодамиз қандайдир ажойиб бир хоним билан учрашади. Бу хонимнинг ажойиблиги шундаки, у алвонранг шарф ўраб юрарди. Аёл билан учрашгандан кейин – бизга ҳозирча номаълум сабабларга кўра – унга пичоқ уради ва сўнгра мана шу шарф билан бўғиб ўлдиради. Диққат билан қарасангиз, инспектор, шарфда қорамтир-қизғиш доғ борлигини кўрасиз. Мана бу жойига пичоқни артган, бу жойини қонли панжалар ғижимлаган. Жиноят содир этилгач, қотил изини йўқотишга уринган. У чўнтагидан газетани ( дарвоқе, худди шу газетада от спорти ҳақидаги хабарлар босилади) ва ипни олади. Бу унинг спортга қизиқишини кўрсатмайдими? Кейин у шарфни қайчи билан қирқади. Шарфнинг иккинчи бўлаги мурданинг қўлида қолади. Шарфдаги қонли излар, ҳеч шубҳасиз, қурбон бўлган аёлники. Кейин уларни картон бўлагига ўрайди, ҳозир Сена тубида ётган пичоқни ҳам унинг ичига солади. Тугунчани ип билан боғлаб, кема ўтаётган пайтда сувга ташлаб юборади. Умуман, ҳаммаси – шу! Фу! Оғир иш. Нима дедингиз?
У ҳикояси қандай таассурот қолдирганини билиш учун Ганимарга қаради. Инспектор ҳамон жим эди.
Люпен кулди.
– Кўриб турибман, бу воқеа сизни ҳайратга соляпти ва зардангизни қайнатяпти. Сиз: “Қандай шайтон чалиб Люпен қотилни ўзи топмасдан ва ундан катта пул ундирмасдан бу ишни менга тиқиштиряпти?” деб ўзингизга савол бераяпсиз. Ўринли савол. Лекин, масаланинг битта “лекини” бор. Гап шундаки, менинг вақтим йўқроқ.
Ҳозирги пайтда ишим бошимдан ошиб-тошиб ётибди: Лондонда, кейин Лозанада қулфбузарлик рўй берган, Марселда ёш бола ўғирланган. Бунинг устига айни пайтда бир қизнинг ҳаёти ўлим хавфи остида турибди. Умуман, айтадилар-ку, бахтсизлик қўша-қўша юради деб. Шуларни ўйлаб: “Бу ишни қадрдон дўстим Ганимарга топширсам-ку бўлади, ҳаммасини у аниқ ва осонгина ҳал қилади. Қаранг, мен унга қандай ёрдам беряпман! Бу ишда Ганимар ўзининг нималарга қодирлигини намойиш этади!” дедим ўзимга-ўзим. Ва эрталаб соат саккизда йигитларни сафарбар этдим. Ва мана, сиз менинг ҳузуримда турибсиз!
Люпен ўрнидан турди, инспекторга яқинлашди ва деди:
– Бўлгани – шу. Энди сизга ҳаммаси маълум. Жасадни дарҳол топа оласиз. Тахминимча, у бирорта концерт залининг ўйинчиси ёки қўшиқчиси. Жиноятчи эса менинг тахминимча, дарёнинг чап соҳилида, Понт-Неф кўприги яқинида яшайди. Ва ниҳоят, сизга манави ашёлар. Улар сизнинг ихтиёрингизда. Ишни бошланг. Фақат мен мана бу бир бўлак шарфни олиб қоламан. Агар сизга унинг зарурати бўлса, жасад бўйнида қолган қисмини олиб келарсиз. Бугун 29 декабрь, соат 10. Роппа-роса тўрт ҳафта кутаман. Бемалол ишонаверинг, ҳеч қаёққа кетмайман. Қўрқманг, қасам ичиб айтаман-ки, булар ҳаммаси жиддий иш, ёшлигимнинг дўсти-ҳамроҳи. Ҳазил қилаётганим йўқ. Шаъним ҳақи, сўз берман.
Энди бораверинг. Ҳа, дарвоқе, агар ўша одамни қўлга олиш зарурати туғилса, огоҳ бўлинг, у чапақай.
Кўришгунча хайр, дўстим, омад сизга ёр бўлсин!
Инспектор ҳушини тўплаб олишга улгурмай, Люпен ортига ўгирилди ва хонадан чиқиб кетди. Инспектор унинг ортидан отилди ва англадики, эшик унга маълум бўлмаган қандайдир усул ёрдамида қулфланиб қолган эди. У уйдан чиққунича йигирма дақиқа ўтди. Арсен Люпенни қамоққа олиш тўғрисида энди ўйлаб ўтириш бефойда. Бунинг устига ҳозир қамоққа олишни истамасди ҳам. Люпен уни руҳлантириб юборди ва инспектор ўзининг собиқ душманига нисбатан янги бир ҳиссиёт туйди. Қўрқув, кўролмаслик, қойил қолиш ҳаммаси аралашиб кетганди. У ишига йўл олди ва йўл бўйи бўлиб ўтган воқеани мулоҳаза қилди. Қизил шарф воқеаси уни қизиқтириб қўйганди. Бу жуда қизиқ ва одатдан ташқаридаги воқеа бўлиб туюларди. Арсен Люпеннинг хулосалари қатъий мантиққа асослангани билан инспекторни қойил қолдирди.
– Йўқ, у ҳазиллашмаяпти, – деди ўзига-ўзи.

***

Ганимар Соҳилбўйи Орфеврдаги полиция маҳкамасига қадам қўйганида ҳам бўлиб ўтган воқеа тўғрисида ўйларди.
– Сиз шефни кўрдингизми?–сўради ундан инспекторлардан бири.
– Йўқ.
– Сизни йўқлаштирган эди.
– Шундайми?
– Яхшиси, унинг ҳузурига боринг.
– У қаерда ўзи?
–Берни кўчасида. У ерда тунда қотиллик рўй берган.
– Жабрланувчи ким экан?
– Аниғини билолмадим. Қанақадир қўшиқчи қиз?
–Вой, худойим-ей! – ғулдиради Ганимар.
Ўлдирилган қиз санъат соҳасида дунёга танилган ва Женни Сафир деган саҳнавий ном олган қўшиқчи эди. У одатдаги уйларнинг бирида, иккинчи қаватдаги кичкина хонада яшарди. Полициячи катта инспекторни юқорига бошлаб чиқиб хонани кўрсатди. Икки хонали квартира аллақачон ҳукумат намоёндалари ва мсье Дюдуи бошчилигидаги жиноят қидирув органи ходимлари билан тўла эди.
Ганимар хонани тааажжуб ичра кўздан кечирди, кенг ва юмшоқ диван устида қўлига қизил шарф боғланган ёш аёлнинг жасади ётарди. Унинг кўксида пичоқ зарбидан қолган ва қони қотган иккита яра, юзида даҳшат ифодаси.
Хирург текширувни тамомлади ва деди:
–Биринчи хулоса аниқ. Унга икки марта пичоқ урилган, кейин шарф ёрдамида бўғилган. Ўлим бўғиш оқибатида рўй берган.
– О, худойим-а! – яна ғўлдираб қўйди Ганимар Арсен Люпеннинг гапларини эслаб.
– Лекин бўйнида бармоқ излари кўринмайди, – луқма ташлади изқуварлардан бири.
– Уни сочиқ ёки қўл рўмолча ёрдамида бўғган бўлиши ҳам мумкин, – тахминлади врач.
– Албатта, шундай бўлган, – бу фикрга қўшилди шеф ва қўшимча қилди: ўша шарфдан фойдаланган бўлишлари ҳам мумкин. Кўраяпсизми, қўли шарфнинг бир бўлаги билан боғланган, иккинчи бўлаги уни бўғиш учун ишлатилган шекилли.
– Лекин нима учун шарфнинг фақат бир бўлаги қолган? – сўради магистрат аъзоси. –Иккинчи бўлаги қаерда?
– Иккинчи бўлагида қон излари қолган бўлса, қотил уни ўзи билан бирга олиб кетган. Қаранг, у шарфни қайчи билан шошилинч тарзда кесган.
– Ё парвардигор! – ғулдиради Ганимар. – Люпен, ҳатто жиноят содир бўлган жойни кўрмасдан ҳам ҳаммасини билади.
– Жиноят нима учун рўй берган? – сўради магистрат аъзоси. –Бу ерда ҳамма нарса ағдар-тўнтар қилинган. Бу ҳақда сиз бирор фикр билдирмоқчи эмасмисиз, мсье Дюдуи.
– Мен хизматкор аёлнинг тушунтириш хатига асосланаман. Яхши қўшиқчи сифатида танилган бу қиз икки йил аввал Россиядан сарой аъёнларидан бири совға қилган ажойиб зумрад тошни олиб келган. Женни ҳеч қачон уни тақмаган бўлса-да, бундай совғадан жуда фахрланиб юрган. У ҳатто ўзига шу тошга уйқоч исм ҳам танлаган –Сафир. Агар биз жиноят ана шу зумрад туфайли рўй берган деб хулоса чиқарсак, ҳақиқатга яқин борган бўламиз.
– Хизматкор аёл бу тошнинг қаерда сақланишидан хабардор бўлганми?
– Йўқ, буни ҳеч ким билмаган. Хонадаги тартибсизликдан кўринадики, жиноячи тошнинг қаердалигидан хабарсиз бўлган.
– Хизматкор аёлни сўроқ қиламиз, – хулоса қилди магистрат аъзоси.
Мсье Дюдуи ўгирилиб қараб бош инспекторни кўриб қолди.
–Ҳорғин кўринасиз, Ганимар. Нима гап? Бировдан шубҳангиз борми?
– Йўқ, шеф.
-Афсус. Биз бу иш юзасидан шов-шув кўтарсак департаментда шуҳрат қозонган бўлардик. Бу энг ноёб жиноятлардан бири. Биз зудлик билан жиноятчини топишимиз зарур.
– Бу осон кечмайди, шеф.
– Топишимиз керак. Қулоқ солинг, Ганимар. Оқсоч аёлнинг айтишича, Женни Сафир ҳаётдан лаззат олиб яшашни яхши кўрган. Бот-бот меҳмон қабул қилган. Ўша кеча у концерт залидан ўн бир яримда эркак киши билан қайтган. Ярим тунгача бирга бўлишган. “У аслзодалардан. Менга уйланиш ниятида”, дер экан Женни. Аслзода одам деганлари ўта эҳтиёткор ва сезгир киши бўлган. Шунчалик эҳтиёткор эканки, дарвозабон олдидан ўтаётиб пальтосининг ёқасини кўтариб, шляпасининг четларини тушириб оларкан. У келишидан олдин Женни Сафир оқсоч аёлни жўнатиб юбораркан. Ана шу одамни қидиришимиз керак.
– Ундан бирор белги қолганми?
– Ҳеч нарса. Кўриниб турибдики, у ярамас жуда ақлли, жиноят қилишдан аввал уни роса пишиқтирадиган ва ҳеч қандай из қолдирмасликнинг йўлини биладиган одам. Уни қўлга олиш бизнинг муқаддас бурчимиз. Бу ишни сизга ишонаман, Ганимар.
– Наҳотки, менга шеф? – деди инспектор, – яхши, ўйлаб кўрамиз… Биз ўйлаб кўрамиз… Мен айтмоқчи эмасдим… Фақат…
У жуда ҳаяжонланарди. Бу ҳолат мсье Дюдуининг энсасини қотирди.
– Фақат, –давом этди Ганимар, – қасам ичиб айтаманки, шеф, мен қасам ичаманки…
– Нимага қасам ичасиз?
– Ҳеч нарсага… Биз ўйлаб кўрамиз, шеф… Ўйлаб кўрамиз…
Ганимар ёлғиз қоларкан, узоқ вақт ўзига келмади. Сўнгра шефига таъкидлаган ўша гапнинг давомини айтди.
– Фақат осмон ҳақи қасам ичаманки, уни қўлга олиш менинг вазифам эди, ахир бу ишнинг калитини ярамас Люпен менга тутқазганди. О, лекин бундай қилолмайман!
Ганимар Люпен томонидан таклиф этилган масалани ечишга узоқ бош қотирди.
Энди ҳаммаси унинг айтганини тасдиқлаб турибди, шунга қармай, Люпен далиллар бўшлиғидан қандай қилиб бу даражада аниқ хулоса чиқара олдийкин. Ҳар ҳолда агар Люпен ҳақ бўлса, ғалаба инспекторнинг қўлида.
Ганимар емакхонада шоша-пиша тамадди қилди-да, кўчага чиқди, аммо йўлда ажабланганча тўхтаб қолди. У Люпен томонидан алдаб олиб борилган ўша Сюрен кўчасидаги чоғроқ уйнинг дарвозаси олдида турарди. Бу ерга уни иродасидан ташқари қандайдир куч етаклаб келган эди. Сирнинг калити шу ерда, фақат шу ерда. Тахминлар ва эҳтимоллар аниқ ва ҳақиқатга шу қадар яқин ҳамда шу қадар ғаройибу бехато эдики, худди бу ўзининг одатдаги хусусий ишига ўхшарди.
Инспектор барча шубҳаларга қўл силтаб уйга кирди-да, зина бўйлаб юқорига кўтарилди. Хона эшиги очиқ эди. Ҳалиги нарсалар жой-жойида турарди. Инспектор шошқин бир тарзда уларни чўнтагига тиқди-ю, чиқиб кетди. Ўша лаҳзада инспектор қандайдир кўзга кўринмас куч таъсирида фикрлар, беихтиёр ҳаракат қилар, унга қаршилик кўрсата олмас ва унга бўйсунарди.
Понт-Неф кўприги яқинида яшайдиган номаълум кимсани қидиришдан аввал оқшом пайти ишлайдиган шираворлар дўконини топиш керак эди. Бу кўп вақтини олмади. Сен-Лазар вокзали яқинидаги қандолат дўконида унга дарёдан топилган тугундагига ўхшаш картон қути беришди. Бунинг устига сотувчи қизлардан бири ўша оқшом мавсумий пальтосининг ёқасини кўтариб олган бир жаноб дўконга келганини ва унинг лорнети ҳам борлигини кўрганини айтиб берди.
– Мана, муаммонинг калити, – хаёлдан ўтказди инспектор, – демак, у лорнет олиб юради.
Кейин инспектор матбуот тарқатувчига газета бўлакчасини кўрсатди. У газета парчаси “Терф Иллюстре”дан олинганини аниқлаб берди.
Ганимар таҳририятга кириб, обуначилар рўйхатини сўради. Понт-Неф кўпригидан унча узоқ бўлмаган жойларда яшовчиларнинг номларини ёзиб оларкан, Люпеннинг сўзини эслаб, чап соҳилда яшовчиларни алоҳида белгилади. Шундан сўнг маҳкамага қайтиб, бир гуруҳ ходимларни чорлаб, уларга керакли кўрсатмалар берди. Ходимлардан энг сўнггиси кеч соат еттиларда хушхабар билан қайтди. Мсье Превалье исмли “Терф” газетасини олувчи киши Августчилар соҳилидаги квартирада яшаркан. Унинг эгнида мавсумий пальтоси бўлган, дарвозабоннинг хотинидан хат ва газетасини олиб чиқиб кетганича ярим тунда қайтган. Унинг лорнети ҳам бўлган. У ипподромнинг доимий мижози бўлиб, ўзининг оти ҳам бор экан. Отини гоҳида ўзи минар, гоҳида ижарага бераркан.
Қидирув узоқ чўзилмади, олинган маълумотлар эса Люпен айтган ҳикоянинг айнан ўзи бўлиб, изқуварлар берган маълумотлар эса Ганимарни ҳам чарчатди, ҳам зериктириб юборди. Шунча йил жиноят қидирув ишида ишлаб бунчалик аниқликка дуч келмаганди.
Бош инспектор мсье Дюдуи ҳузурига йўл олди.
–Ҳаммаси тайёр, шеф, рухсатнома берасизми?
–Нима?
–Қамоққа олиш учун ҳамма нарса тахт деяпман, шеф.
–Сиз Женни Сафирни ўлдирган кишининг исмини аниқладингизми?
–Ҳа.
–Қандай қилиб? Қай йўл билан? Тушунтиринг!
Ганимар бироз виждони қийналаётганини сезди, бироз хижолат тортди. Шунга қарамай давом этди.
– Мутлақо тасодиф, шеф. Сенага ташланган нарсалар воситасида қотилни топдик. Тасодифий бир ҳолат туфайли сувга ташлаб юборилган тугунчани топган киши уни менга олиб келган эди.
– Ким?
–Уни олиб келган киши нохуш ҳолат рўй беришидан чўчиб номини айтишни лозим кўрмади. Лекин сирнинг калити менинг қўлимда. Бу мен кутганимдан анча осон рўй берди.
Инспектор бўлиб ўтган воқеани сўзлаб берди.
– Сиз шундай ишни тасодиф дейсизми? – таъсирланиб гапирди мсье Дюдуи. – Яна буни осон кўчди дейсиз-а! Ахир бу сизнинг энг ёрқин ишингиз!
Ганимар ишни ниҳоясига етказишга отланди. Унинг одамлари Августчилар соҳили бўйидаги уйни ўраб олдилар. Уй эгаси у одамнинг егулик олиб келиш учун кетганини маълум қилди. Ганимарнинг одамлари кутиб туришди. Кеч соат тўққизларга яқин уй эгаси инспекторга пальто кийган баланд шляпали кишини кўрсатди. У соҳил бўйи томон тез-тез юриб келарди. Ганимар қатъият билан у томонга юрди.
–Билишимча, сиз мсье Превальесиз?
–Ҳа. Ўзингиз кимсиз?
–Сизни қўлга олиш учун менда…
У сўзини тугата олмади. Қоронғуликдан бир тўда одамлар чиқиб келишди. Мсье Превалье ўзини бинога урди-да, елкаси билан дўкон эшигига тақалди.
– Кетинг! – қичқирди у – мен сизни танимайман!
Мсье Превалье ўнг қўлида оғир тросни маҳкам чангаллаб турар, чап қўли билан орқадаги эшикни пайпасларди, унинг эшикни очмоқчи бўлаётгани аниқ эди.
Ганимар Превальенинг қандайдир яширин йўл орқали қочиб кетишидан қўрқиб, унга яқин борди.
– Бас қилинг, – қаршилик кўрсатишингиз бефойда, – деди Ганимар ва унинг қўлидаги тросга қараб Люпеннинг огоҳлантиришини эсалади: “жиноятчи чапақай”. Ганимар бирдан ерга эгилди, Превалье чап қўли билан пистолетни кўтариб улгурмай унга ташланди ва мушти билан жағига зарба берди. Превалье ерга қулади. Ва кўп ўтмай ўзини қамоқда кўрди.
Ганимар азалдан ўз ишининг маҳоратли устаси эди, аммо бу ишнинг тезкорлик билан очилиши унга шуҳрат келтирди.
Барча очилмаган жиноятлар ҳам дарҳол Превальенинг бўйнига илинди, газеталар эса бир-биридан ўткариб Ганимарни мақтарди.
Бу иш катта шовқин-суронга сабаб бўлди. Энг аввало, Превальенинг аслида Томас Дреклиги маълум бўлди. Биргина шу фактнинг ўзи ҳайратланарли эди. Аммо унинг хонаси кўздан кечирилганда жиноятга доир ҳеч нарса топилмади. Орадан саккиз кун ўтгач ҳамма нарса ўзгариб кетди. Шу пайтгача сўроқларга жавоб беришни истамай жим турган Превалье, адвокатнинг маслаҳати билан тилга кирди ва ишончли алиби кўрсатди. Жиноят рўй берган пайтда у Фоли-Бержер театрида ўтирганлигини айтди. Ҳақиқатдан ҳам унинг костюми чўнтакларидан топилган чипта ва театр дастурида ўша оқшом санаси турарди.
– Алиби аввалдан ҳозирлаб қўйилган, – эътироз билдирди судья.
– Буни исботланг, – талаб қилди Превалье.
Шунда уни гувоҳлар билан юзма-юз қилишди. Қандолат дўконида ишлайдиган қиз “танигандайман” деди. Бержье кўчасидаги дарвозабон ҳам Женни Сафир билан келадиган одам “шу деб ўйлагандим” деди, лекин ҳеч ким аниқ гап айтишга журъат қилолмади.
Тергов ишлари боши берк кўчага кириб қолганлиги сабабли судья Ганимарни чақириб олиб, унга рўй бераётган қийинчликлар ҳақида гапирди.
– Бошқа имконим йўқ. Қўйилган айбни қувватлаб туролмайман.
– Ўзингиз ўйланг, судья, агар Превалье гуноҳсиз бўлса нима сабабдан қўлга олинишига қаршилик кўрсатди?
– У қароқчилар ҳужум қилаяпти деб ўйлаган, айбланувчи шундай кўрсатув бераяпти. Шунингдек, у Женни Сафирни умрида кўрмаганлигини айтмоқда. Унинг эътирозларида ноўрин ҳеч нарса кўрмаяпмиз. Йўқолган сапфирни, биз Превальенинг хонасидан изладик, аммо тополмадик.
– Бошқа бирор жойдадир, – қатъий турди Ганимар.
– Мумкин, аммо бу унинг айбдорлигига исбот бўлолмайди. Сизга айтиб қўйишим керак, мсье Ганимар. Қизил шарфнинг иккинчи бўлагини топиш керак. Қанча тез топилса шунча яхши.
– Иккинчи бўлагини?
– Ҳа. Агар қотил уни ушлаган бўлса, бармоқ излари қолган бўлиши керак.
Ганимар индамади. Неча кундирки, бу ишнинг охири “вой” бўлиши тўғрисида ўйларди. Шарфнинг иккинчи бўлагини топиш ва уни судьяга кўрсатиш керак, бошқа бирор далил йўқ. Агар далил келтира олмаса, Превалье озодликка чиқади ва Ганимар кулгига қолади. Бахтга қарши шарфнинг иккинчи бўлаги Люпенда. Уни қандай қилиб олиш керак?
Ганимар айблов ишини қайта бошдан кўриб чиқди, Превальенинг ҳаётига доир ҳамма нарсага аниқлик киритиш учун одам юборди. Аммо барчаси беҳуда эди.
28 декабрда судья уни одил суд саройи йўлагида тўхтатди:
– Хўш, мсье Ганимар. Қандай янгиликлар бор?
– Афсуски, ҳеч қандай.
– Унда мен ишни тўхтатаман.
– Яна бир кун сабр қилсангиз.
– Нима ўзгаради бу билан. Бизга шарфнинг иккинчи бўлаги керак. У сиздами?
– Мен уни эрта эрталаб оламан.
– Эрта?
– Ҳа, фақат менга унинг топилган бўлагини беринг. У сизда бўлиши керак?
– Сизнинг илтимосингизни қондирсам бирор ўзгариш бўладими?
– Агар шундай қилсангиз. Мен сизга бутун шарфни тақдим этардим.
– Жуда соз.
Ганимар судья билан унинг хонасига борди ва бир бўлак қизил шоҳи шарфга эга бўлди.
– Люпен панд бермаса эртагаёқ шарфнинг ҳар иккала бўлагини қўлингизга тутқазаман.
У Люпендан шубҳа қилмасди, фақат Люпен нима сабабдан уни учрашувга чорлади? Шарф унга нима учун керак эди? Шуни ўйлаб Ганимарнинг боши қотди.
Қизиқиш ва чидамсизликдан сабри тугаган Ганимар тонг отиши билан Люпен ҳузурига йўл олди. Бу пайтда унинг одамлари ўша мавзени ўраб олишган эди.
– Агар мен учинчи қаватнинг деразасида кўринсам ёки уй ичидан бир соат ичида чиқмасам уйга бостириб кириб, у ердаги кишини қўлга оласизлар, деб топшириқ берди у одамларига.
Сўнгра чўнтагидаги пистолетини пайпаслаб қўйиб, уй томон юрди.
Ҳамма нарсанинг авалгидек жой-жойида турганини кўриб Ганимарнинг ҳайрати ошди. Деразага бир кўз югуртириб олиб, хоналарни бир-бир қараб чиқди. Жон асари йўқ.
– Люпен қўрқибди, – дея ишончсизлик билан ғулдиради у.
– Бемаъни гапларни гапирманг, – деган овоз эшитилди ортидан.
Инспектор чаққонлик билан ўгирилиб қараб, комбинзон кийиб олган кекса ишчини кўрди.
– Ҳаяжонланманг, – деди ишчи, – мен Люпенман. – Эрталабдан бери ишлаётган эдим, энди нонушта қилишим керак.
У ажабтовур жилмайиш билан Ганимарга қаради ва хитоб қилди:
– Ўз вақтида ҳозир бўлдингиз, ёшулли! Ҳаётингиз мен учун азиз. Сизни қанчалар севишимни биласиз-ку! Бу ҳақда фикрингиз қандай? Ҳаммаси ўйлаганимдек бўлиб чиқдими-а?! Бошланишидан менга маълум бўлган экан-да! Хўш, бундай ишларни қай даражада эплар эканман? Қандай сезгир ақл, Ганимар. Воқеа қай даражада тикланди! Қандай топқирлик! Ҳайротомуз даражада кўра билиш! Сизга шарф керакми?
– Ҳа, иккинчи бўлаги. У сиздами?
– Албатта. Икковини бирга қўйишингизни сўрайман.
Улар қизил матоҳнинг иккала бўлагини ёнма-ён қўйишди. Қирқимлар бири-бирига тўла мос эди, ранги тўғрисида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади.
– Бироқ, мен ўйлайманки, бу ерга фақат шарф учун келмагансиз, – деди Люпен, – сиз қон изларини кўрмоқчисиз. Дераза олдига борайлик, бу ер қоронғу, Ганимар.
Улар қўшни хонага ўтиб, дераза олдига боришди. Люпен шарфни дераза токчасига ёйиб қўйди.
– Қаранг, –деди у Ганимарга боши билан имо қилиб.
Инспектор шарф устига эгилди. Беш панжанинг изи аниқ кўриниб турарди. Рад этиб бўлмайдиган далил. Қотил Женни Сафирнинг шарфига из қолдирган эди.
– Бу чап қўлнинг изи, – деди Люпен. – Ёдингиздами, сизни огоҳлантирган эдим, мени жодугар деб ўйлашингизни истамайман.
Ганимар шоҳи матоҳ бўлагини дарҳол чўнтагига урди. Люпен маъқуллаб бош силкиди.
– Ҳаммаси жойида, ёшулли. Мени жуда мамнун этдингиз! Бу ерда ҳеч қанақа тузоқ йўқлигини кўриб турибсиз… Мен эски ошнам билан яқин бўлишни истагандим, холос. Лекин шарфнинг сиздаги бўлагига жуда қизиқяпман, уни диққат билан бир кўздан кечирсам… Қўрқманг… Ўзингизга қайтараман… Фақат бир дақиқага…
Люпен шарфнинг иккинчи бўлагини олиб кўздан кечира бошлади, Ганимар унинг минғирлашига қулоқ тутди:
– Бундай ишларни нақадар ҳайротомуз бажаришади аёллар! Сиз оқсоч аёл берган гувоҳликнинг бор жиҳатига эътибор қилдингизми? Женни Сафир ўзига кўйлак ва шляпа тикиб кийишни маҳорат билан бажарган. Кўриниб турибдики бу шарфни ҳам унинг ўзи тайёрлаган… Буни бирдан пайқадим. Мен ҳақиқатдан ҳам жуда қизиқувчанман, чўнтагингиздаги бўлакни диққат билан текшириб. Унинг учида, пўпакларига яқин четида бечора қиз ўз қўли билан тикиб қўйган кичкина туморчани топган эдим. Бечора шу тумор бахт келтиришига ишонган. Бу таъсираланарли эмасми, Ганимар? Аммо кичкина туморча бизнинг хонимимизга унчалик фойда бермади.
Инспектор ҳайратланган кўйи Люпендан кўз узмай қараб турар, у эса давом этарди:
–Шунда мен ўз-ўзимга: “Полициянинг қўлидаги иккинчи бўлакни текшириб кўриш жуда қизиқ бўларди”, деб ўйладим. Мендаги бўлагида туморча бор эди ва мен ўйладимки, “иккинчи бўлагига ҳам шунга ўхшаш нарсани яшириб қўйишнинг нимаси ёмон”. Сиз нима деб ўйлайсиз, қадрдон дўстим? Масалан, сапфирга ўхшаш қимиатбаҳо тош яширилган бўлса-я?
У сўзини тамомлаганда қўлида ложувард тош ялтираб кўринди.
– А-ҳа! Айтмаганмидим сизга, ёшликдаги қадрдон дўстим?
У бошини кўтариб инспекторнинг кўзларида ёввойи бир ифодани кўрди. Инспектор топилдиққа изтироб ичра қараб турарди.
–Ярамас, – ғулдиради инспектор, – ҳароми!
Юзма-юз туришарди улар.
– Уни менга беринг, – буюрди инспектор.
Люпен унга шарф бўлагини узатди.
– Ферузани ҳам, – қатъий талаб қилди инспектор.
– Ахмоқликни йиғиштиринг.
– Қайтариб беринг ёки…
– Нима ёки, тентак! – ҳайқирди Люпен. – Наҳотки, мени текиндан-текинга ёрдам беради, деб ўйлаган бўлсангиз?
– Дарҳол қайтариб беринг, – ўз сўзида туриб олди инспектор.
– Сиз нимани ҳам билардингиз, мен тўрт ҳафта давомида худди оҳудай эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилдим, сиз бўлсангиз… Қўйинг, ёшулли. Тошни сув тагида қолган деб ҳисобланг. Ўтирайлик! Сигаретга тобингиз қалай?
Ганимар ўзининг изқуварлари келишини кутиб Люпенга ғазаб билан қараб турарди. У турган хона ҳовли тарафда эди, шундай бўлса-да деразадан ўзини кўрсатишни ўйлади.
– Мен сизни тўнка деб ҳисоблаганда ҳақ эдим. Шарф қўлингизда эди, сиз бўлса уни пайпаслаб кўришни ҳам хаёлингизга келтирмагансиз. Қизгина нима учун бу шарфни ҳар доим боғлаб юргани тўғрисида ўзингизга савол бериб кўрмагансиз.
Люпен ортига ўгирилганидан фойдаланган Ганимар ўзини эшикка урди. Аммо эшик қулф эди. Люпен унинг ортида хохолаб куларди.
– Бугун ҳам сизнинг фаҳмингиз етмади. Менга тузоқ қўйдингиз, мен бу ҳақда билиб қолишим мумкинлигини ўйлаб ҳам кўрмадингиз. Ҳатто эшикнинг қулфини текшириб ҳам кўрмай ичкарига кирдингиз. Энди ўзингизни нима деб ўйлайсиз?
– Нима деб ўйлайман? –қичқирди Ганимар пистолетини чиқариб Люпенга тўғриларкан.- Қўлингни кўтар! Мана мен нима деб ўйлайман!
Люпен елка қисди.
– Ҳеч ўзгармабсиз.
– Қўлингни кўтар!
– Уни чиқиндихонага ташлаб юборинг.
– Нима?
– Қария Катрин, сизнинг оқсочингиз, кўпдан бери менинг хизматимда. Сиз кофе ичаётганингизда у пистолетингиздан ўқларни олиб қўйганди.
Ганимар пистолетни чўнтагига соларкан Люпенга ваҳшиёна назар билан қаради.
– Хўш, – деди саволомуз оҳангда Люпен инспекторнинг рўпарасида туриб.
Улар бир-бирларига анча вақт тикилиб қолишди.
Ганимар ўтмиш тажрибасидан билардики, Люпен билан олишиш ақлсизлик. Қўлидан ҳеч нарса келмаслигини ҳис этди инспектор.
– Сиз сари ҳам борайлик, – давом этди Люпен, – Ганимарнинг жим турганига эътибор қилмай, – яхшиси, бу ишни ўз ҳолича қолдиринг. Ўйлаб кўринг, ёшликдаги дўстим. Агар шундай қилсангиз бу сизга шуҳрат келтиради. Хизматда давом этиш ва қариганингизда яхши яшаш имконини беради. Ўйлайманки, сиз бечора Люпенни қамамайсиз ва ундан зумрад тошни тортиб олмайсиз. Ахир Люпен ҳаётингизни асраб қолди… Ҳа, мсье! Бу қилган ишингиз сизнинг шунча яхшиликка билдирган миннатдорчилигингизми? Превальенинг чапақайлигини ким айтиб берди сизга? Мен сиздан рози эмасман, Ганимар.
Шу гапларни айтганча, Люпен хона бўйлаб кезинарди. Эшик яқинига бориб уни очди. Ва Ганимар англадики, у қочмоқчи. Дунёдаги ҳамма нарсани унутиб Ганимар унга ташланди, лекин қорнига берилган кучли зарбадан учиб бориб девор остига йиқилди. Ёпилган эшик ортидан Люпеннинг кулгуси эштилди.

***

Ганимар орадан йигирма дақиқа ўтиб, ўзининг одамлари билан учрашаркан, улардан бири шундай маълумот берди:
– Бундан бироз аввал уйдан бир ишчи чиқди. Қўлимга хат туқазиб: “Бошлиққа бер” деди. “Қайси бошлиққа?” деб сўрагунимча ишчи кўздан йўқолди.
– Хатни беринг.
Ганимар хатни очди. Унда қалам билан шоша-пиша тирнаб ёзилган шундай сўзлар бор эди:
“Бу ҳаддан ташқари ишонувчанликка қарши огоҳлантириш, дўстим. Ҳар қандай гапга ишонавермаслик керак, агарда суҳбатдошингиз, ҳатто Арсен Люпен бўлса ҳам. Сизнинг биринчи қилган хатонгиз шуки, пистолетда ўқ йўқлигига ишондингиз. Иккинчиси, сиз қария Катрин мени сотибди деган хаёлга бориб, унинг садоқатига шубҳа қилдингиз. У эса жуда ростгўй ва тартиб-интизомли аёл. Бир кун келиб у билан танишишдан умидворман. Ҳозирча сизга садоқат билан,
Арсен Люпен”.

Рус тилидан Неъмат Арслон таржимаси