Марк Твен. Шляпадаги сариёғ (ҳикоя)

Қиш оқшомларидан бири эди. Қишлоқ мағозаси мудири дўконини бекитмоқчи бўлди. Деразаларни ёпаётиб ичкарида юрган одамга кўзи тушди. У шкафдан бир фунтча сариёғ олдида, шляпасига солди. «Бир боплайки, ўғирлик қилганига пушаймон бўлсин», дея аҳд қилди мудир.
— Ҳа, Сет?— деди у эшикни очиб.
Сет эшик тутқичини ушлаб, ташқарига чиқишга шайланиб турарди.
— Қани, мундоқ ўтир-чи, борасан-да уйингга. Шундай совуқда иссиқ хонага не етсин.
Сет нима қилишини билмай қолди. Жуфтакни ростламоқчи бўлганди, мудир елкасидан тутиб, печка ёнига — ёғ солинган бўчкалар орасига ўтқизиб қўйди.
— Хў-ўш, энди дўконни озгина иситамиз,— деди у ва печканинг эшикчасини очиб, тараша қалади.— Яхшилаб исиниб олмасанг, совқотиб қоласан.
Сет ногоҳ ёғнинг эриётганини сезиб, ўрнидан ирғиб турди.
— Ҳали исиганинг йўқ, Сет,— деди мудир бепарво.— Ўтир, гурунг қиламиз.
— Вух, жуда исиб кетдим…
— Ўтир бундай, шошилиб қаёққа борасан.
— Молларга қарашим… Ем солишим керак, ахир!..
— Шошма, Сет, молларга бошқалар қарар. Бечора Сет! У нима қилишини билмасди. Сариёғ
эриб, кўз ва юзларига оқиб туша бошлади. Мудир эса ҳеч нарса кўрмагандек гап сотар, печкага тараша тиқарди.
— Ажойиб оқшом бўлди-да!..— деди у.— Сет, нега шляпангни ечмайсан? Исиб кетибсан-ку. Ке, шляпангни илиб қўяй.
— Йў-ўқ!— дея қичқириб юборди Сет.— Йўқ! Мен кетишим керак! Мени чиқариб юборинг. Мазам қочяп-ти… Кетай, ахир!..
Ёғ боёқишнинг бўйнига етиб келган, ҳатто туфлиси ичига сизиб тушмоқда эди. У бамисоли ёғ тўлғизилган тоғорада чўмиларди.
— Нима дердим,— деди мудир истеҳзоли жилма-йиб,— кетмоқчи бўлсанг, майли, рухсат.
Сет ўрнидан тургач, қўшимча қилди:
— Сет, хафа бўлма, озгина эрмак қилдим-вақтичоғлик учун. Шу боис сендан ёғ пули олмайман. Хайр. Кеп-тур.

Инглиз тилидан Ўроқ Равшанов таржимаси
“Ёшлик” журнали, 1991 йил, 6-сон