Мария Луиза Кашниц. Арвоҳлар (ҳикоя)

Умрингизда ҳеч арвоҳларга дуч келганмисиз, деб сўраяпсизми мендан? Ҳа, албатта, ҳалигача улар хотирамда муҳрланган, ҳозир Сизга буни айтиб бераман. Бироқ ҳикоям тугагандан сўнг ҳеч нарсани сўрамайсиз, ҳеч қандай изоҳ талаб қилмайсиз, чунки Сизга айтиб берганимдан ортиқ ҳеч нарса билмайман, тамом-вассалом.
Ёдимда қолган воқеа театрда, аниқроғи, Лондондаги “Old Vic Theatre”да, Шекспирнинг “Ричард II” пьесаси қўйилаётганда бошланган эди. Ўшанда мен ҳам, эрим ҳам биринчи марта Лондонда бўлган, шаҳар бизда зўр таассурот қолдирган эди. Биз Австрияда, асосан қишлоқда яшардик, шубҳасиз, Вена, Мюнхен, Римни кўрган эдик, аммо жаҳон аҳамиятига молик шаҳарни билмасдик. Театрга бораётганимизда метролардаги эскалаторлардан қандай чиқиб-тушганларимиз, ерос­ти йўлларидан эсаётган муздек шамолда перронларда поездлар ортидан шошилганимиз, кейин ҳали кўтарилмаган парда олдида ҳаяжон ва қувончдан, худди рождество эртагини саҳнада илк бора кўраётган болалардек ғаройиб кайфият оғушида қолганимиз худди кечагидек эсимда.
Ниҳоят парда кўтарилди, спектакль бошланди, кўп ўтмай ёш қирол пайдо бўлди, ёшгина, енгилтак ўсмир, унинг қисмати нима билан тугашини, ҳаёт синовларига дош беролмай ўз ихтиёри билан, иложсиз бир ҳолда, охир-оқибат инқирозга юз тутишини биз билардик. Мен воқеалар ривожига бутун борлиғим билан берилиб, костюмларнинг ва декорациянинг ёрқин рангларидан ҳайратга тушиб, саҳнадан кўз узмай ўтирарканман, Антоннинг диққати чалғиб, унинг эътиборини бошқа нимадир ўзига тортгандек, хаёли ўзида эмасдек туюлди. Диққатини тортиш мақсадида унга мурожаат қилганимда сездимки, у мутлақо саҳнага қарамас, у ерда гапирилаётган гапларни ҳам эшитмас эди, аксинча, кўпроқ биздан бир қатор олдинда, сал ўнг томонроқда ўтирган бир қиздан кўз узмасди, у ҳам бир неча бор Антонга бурилиб қараб қўйди, шунда рангпар чаккасида совуқ жилмайишга ўхшаш ғайритабиий ҳаракат сезилди.
Бу кезларда Антон икковимизнинг турмуш қур­ганимизга олти йил бўлган, унинг кўзга яқин аёллар, ёш қизларга назар солишни, жанубликларга хос чиройли, қийиқ кўзларининг маҳлиё этиш қудратини синовдан ўтказиш учун уларга эҳтирос билан яқин­лашишни хуш кўришини тажрибамдан билардим. Бундай муносабат мен учун ҳеч қачон рашк қилишга асос бўлмаган, айни дамда ҳам рашк қилмадим, ғоятда мароқли ўтказишимиз мумкин бўлган вақтни Антон бой бераётганидан бироз аччиғим чиқди, холос. Шу сабабли қизни ўзига ром қилиш учун қилган уринишларига ортиқ аҳамият бермадим, фақат биринчи кўриниш давомида Антон менинг қўлимни секин силаб, иягини хиёл кўтариб, кўзлари билан гўзал хоним томонга имо қилганида мен беғараз бош ирғадим ва яна томошага берилдим. Танаффус пайтида ҳарҳолда мулоқот имконияти етарли эди. Антон шоша-пиша ўрнидан турди-да, мени йўлакка томон судради. Шунда мен, агар нотаниш қиз мабодо ўрнидан турса, ёнимиздан ўтгунига қадар Антон уни ўша ерда кутмоқчи бўлганини фаҳмладим. Қиз бўлса бирон-бир ҳаракат қилишни хаёлига ҳам келтирмасди, чамамда у ёлғиз эмас, балки ёш бир йигит ҳамроҳлигида эди, худди қизга ўхшаб йигит ҳам сўлғин, нозик чеҳрали, қизғиш малла сочли эди, кишида ҳорғин, деярли сўник таассурот қолдирарди.
У айтарли чиройли эмас, ўйладим мен, кийиниши ҳам унчалик башанг эмас, эгнида бор-йўғи шаҳар ташқарисига чиққанда кийиладиган бурмали юбка ва пулловер, холос. Мен, ташқарида у ёқ-бу ёққа юрайлик, дедим ва спектакль ҳақида гапира бошладим, қарасам, бунинг мутлақо фойдаси йўқ экан. Негаки, Антон мен билан бирга ташқарига чиқмади, гапларимни ҳам умуман эшитмади. У ёш жуфтга анграйганча тикилиб турарди, улар энди ўринларидан туришган, гўё ухлаётгандек, аллақандай имиллаб биз томонга келишарди. У қизга гапиролмайди, дея ўйладим мен, бу ерда бундай қилиш одат эмас, бунақаси ҳеч қаерда одат эмас, лекин бу ерда кечириб бўлмас қилиқ. Бу орада қиз бизга назар ҳам солмасдан ёнгинамиздан ўтиб кетди, спектакль дастури қўлидан ҳилпираб гилам устига тушди, худди қадимда хоним бирор эркак билан алоқа боғлаш мақсадида “ортимдан юринг” де­моқчи бўлиб рўмолчасини тушириб юборгандек.
Антон эгилиб ялтироқ қоғозни олди, бироқ эгасига қайтариш ўрнига уни бир қур кўздан кечиришга рухсат сўради, қараб чиқди-да, ўзининг бузуқ инглизчасида спектакль ва актёрлар ҳақида алланималар деб ғўлдиради, ўзини ва мени уларга таништирди, назаримда бу йигитни заррача ҳам қизиқтирмади. Қиз ҳам, шу керакмиди, дегандек энсаси қотиб қаради, ҳолбуки дастурни атайлаб тушириб юборгани шундоққина аён эди, энди у эримнинг кўзига, гарчи нурсиз, шу билан бирга, сўлғин нигоҳ билан бўлса-да, тикилиб турарди. Антоннинг маҳаллий одатга кўра самимий узатган қўлига ҳам эътибор қилмади, исмини ҳам айтмади, биз ака-сингиллармиз, деди, товушининг ғоятда ма­йин ва ёқимли жаранги, ҳеч бир қўрқинчли бўлмаса-да, қандайдир этимни жунжиктириб юборди. Бу сўзлардан кейин Антон болага ўхшаб қизариб кетди, биз галерея бўйлаб юра бошладик, у ёқ-бу ёқдан сўзлашган бўлдик, кўзгулар олдидан ўтаётганимизда қиз тўхтади-да, сочларини силади ва кўзгу орқали Антонга қараб жилмайди.
Қўнғироқ чалинди, ичкарига кириб жойларимизни эгалладик. Мен томошага берилиб, инглиз ака-сингилларни унутиб юбордим, лекин Антон уларни унутмади. Улар томонга тез-тез назар ташламаётган бўлса-да, мен унинг спектакл тезроқ тугашини кутаётганини, кексайган қиролнинг ёлғизликдаги аянчли ўлими унга мутлақо таъсир қилмаганини сезиб турардим. Парда туширилгач, қарсаклар ва актёрларнинг қайтадан чиқишларига умуман парво ҳам қилмади, аксинча, ака-сингиллар томонга чўзилиб, уларга сўз қотди ва ҳеч тортинмасдан гардероб рақамларини беришларини сўради, шу вақтга қадар унга хос бўлмаган, ёқимсиз бир чаққонлик билан хотиржам ўтирган томошабинлар орасидан туртиниб-суртиниб ўтди-да, кўп ўтмай бир уюм шляпаю пальтоларни кўтариб қайтиб келди. Унинг ялтоқланишидан жаҳлим чиқди ва охири янги танишларимиз биз билан совуқ хайрлашиб кетишларига имоним комил эди, фожиа томошасидан кейинги ҳис-ҳаяжон оғушида, ҳафсаласи пир бўлган, руҳи тушган Антон билан уйга қайтишдан ўзга иложим қолмайди, деб ўйладим.
Лекин ҳаммаси бутунлай ўзгача бўлди, чунки биз кийиниб ташқарига чиқсак, ёмғир шаррос қуяр, такси тутишнинг ҳам имкони йўқ эди. Ниҳоят Антон югуриб-елиб, бир илож қилиб топган битта таксига тўртталамиз тиқилишиб кириб олгач, кулги ва кўтаринкиликдан мендаги ёмон кайфият ҳам тарқалиб кетди.
– Қаёққа борамиз? – деб сўради Антон.
– Бизникига, – деди қиз қувноқ, ёқимли овоз билан. У ҳайдовчига кўча ва уй рақамини айтди ҳамда бизни бир пиёла чойга таклиф қилди, бундан мен ҳайрон бўлдим.
– Менинг исмим Вивиан, – деди қиз, – акамнинг исми Лаури, биз фақат исмимизни айтамиз.
Мен қизга ён томондан назар солиб, унинг қан­чалик жонланиб кетганидан ҳайратландим, эҳ­ти­мол у дастлаб қисилиб ўтиргану, энди бизнинг, тўғ­ри­ро­ғи, Антоннинг ёнгинасида ўтиргани учун бемалол қи­мирлашга илож бўлгандир. Машинадан тушганимизда Антон шоша-пиша йўлкирани тўлади, мен бўлсам турганимча уйларни кўздан кечирардим, улар ёнма-ён қурилган, ҳаммаси бир-бирига ўхшаш, олдиларида бир хил қурилмалар, боғлар, улардаги ўсимликлар ҳам бир хил, бу ерларда уйларни қайта таниш роса қийин бўлса керак, деб ўйладим беихтиёр, ака-сингилларнинг боғида ўзгача бир нарсани, яъни чўққайиб ўтирган тошмушукни кўриб ҳатто қувониб кетдим. Бу орада Лаури кириш эшигини очди, икковлари иккинчи қаватга кўтарилишди, фурсатдан фойдаланиб Антон менга: “Мен қизни кўрганман, аниқ кўрганман, бироқ қаерда кўрганимни эслаёлмаяпман” дея шивирлади. Уйида Вивиан чой қўйиш учун дарҳол ғойиб бўлди, Антон унинг акасидан, кейинги пайтда чет элда бўлганмисизлар, айнан қаерда, деб сўради, Лаури гўё бирон ери оғриётгандек тутилиб-тутилиб жавоб қайтарди. Унга бу савол ёқмадими ёки қаерда бўлишганини хотирлаёлмадими, фарқига боролмадим, ҳарҳолда хотирлаёлмади шекилли, бир неча бор манглайини силаб қўйди, у бечораҳол кўринарди. У алланечук ғалати, ўйладим мен, ҳамма нарса ғалати, уй ҳам ғайритабиий, жимжит, қоронғи, анчадан бери бу ерда ҳеч ким яшамагандек мебелларни ҳам чанг босиб ётипти. Ҳатто электр лампочкалари ҳам ё куйган, ёки бураб олинган эди, шам ёқишга тўғри келди. Шамларнинг кўпи эски мебеллар устидаги кумуш шамдонларда турарди. Бу ўзига хос тароватли бўлиб, атрофга сокинлик таратарди. Вивиан шиша патнусда чой олиб келган финжонлар чиройли, нафис, ҳаворанг ҳошияли бўлиб, барча хаёлий манзаралар чиннида акс этиб турарди. Чой ўткир, аччиқ эди, қанд ва қаймоқ берилмади.
– Нима ҳақда гаплашаётувдинглар? – сўради Вивиан. Антон шоша-пиша саволини такрорлади.
– Ҳа, – дарҳол жавоб берди Вивиан, – биз Австрияда бўлдик, ҳалиги…
У ҳам жой номини айтолмади ва юпқа чанг билан қопланган юмалоқ столга тикилганча қолди.
Шу пайт Антон сигарета қутисини чиқарди, бу унинг отасидан қолган, олтиндан ясалган, юпқа қути бўлиб, ҳозир сигареталарни ўз ўрамида таклиф қилиш одат бўлганлигига қарамасдан ҳалигача ундан фойдаланарди. У қутини очди-да, ҳаммамизга сигарета таклиф қилди, кейин уни қайтадан ёпиб, стол устига қўйди. Эртасига Антон қутини қидирган пайтда буни аниқ эсладим.
Биз чой ичиб, сигарета чекдик. Вивиан бехосдан ирғиб турди-да, радионинг қулоғини буради, бақир-чақир, узуқ-юлуқ мусиқа садоларидан кейин радиокарнайдан жозибадор рақс куйи таралди.
– Келинглар, рақс тушамиз, – деди Вивиан ва эримга қаради, Антон ўрнидан ирғиб туриб қўлини қизнинг белига қўйди. Унинг акаси бўлса мени рақсга таклиф қилишга уринмади ҳам, шу тахлит биз столда ўтирганча мусиқа тинглаб, катта хонанинг тўрида у ёқдан-бу ёққа ҳаракатланаётган жуфтни кузатдик. Инг­лиз қизлари у қадар совуқ бўлишмайди, деган фикр хаёлимдан кечди, бироқ ич-ичимда бошқа ўй ҳукмрон эди, чунки нотаниш қиздан аввал ҳам, ҳозир ҳам совуқлик, нафис, интиқ бир совуқлик, шу билан бир вақтда аллақандай кучли истак уфуриб турар, унинг кичкина қўллари худди чирмовиқгулнинг танобига ўхшаб эримнинг кифтларига ёпишган, лаблари баайни кучли руҳий тушкунлик ва зориқишдан дод солмоқчи бўлгандек чимирилганча товушсиз қимирларди. Ўша кезларда салобатли йигит ва яхши раққос бўлган Антон жуфтидаги ғалати ҳолатни сезмаётгандек кўринар, унга хотиржам, меҳр билан назар солар, гоҳида менга ҳам худди шу тахлит қараб қўяр, гўё, парво қилма, ҳаммаси ўтиб кетади, ҳеч гап йўқ, дегандек бўларди.
Уйқусирагандек ўтирган Лаури тўсатдан оҳангга мос қилиб гоҳ бармоқлари билан, гоҳ чойқошиқ, гоҳида эримнинг сигарета қутиси билан столга урганча мусиқага жўр бўла бошлади, буларнинг бари мусиқага ҳаддан ортиқ ошиғич бир ҳолат бағишлар ва менинг юрагимга аллақандай қўрқув соларди. Бу тузоқ, ўйладим мен, улар бизни бу ерга келтириб тунашмоқчи ёки бирор жойга олиб бориб таш­лашмоқчи, шу заҳотиёқ бошқа фикр миямга келди: қанақа аҳмоқона хаёл бу, биз киммизки, тунашса, бор-йўғи оддий одамлар, саёҳатчилар, театр мухлисларимиз, чўнтагимизда нари борса томошадан кейин бирор егулик сотиб олишга етадиган арзимас пулимиз бўлса. Шу дамда мени уйқу босди, сездирмай бир-икки эснаб ҳам олдим. Ичган чойимиз беҳад аччиқ эди-я, Вивиан чойни финжонларда келтирган эди, бизга ухлатадиган бирор нарса солиб берган бўлиши, ўзларига солмаган бўлиши мумкин-ку? Кетиш керак, ўйладим мен, меҳмонхонага кетиш керак, эримнинг нигоҳини қидирдим, у бўлса менга қарамас, аксинча, кўзларини юмиб олган, ҳамроҳининг нозик юзи унинг кифтига эгилган эди.
– Телефон қаерда? – сўрадим шоша-пиша, – такси чақирмоқчиман.
Лаури дарҳол ортига бурилди, телефон қутига ўхшаш мебель устида турарди, Лаури гўшакни кў­тарганида ғувиллаган товуш эшитилмади. У, иложим йўқ, дегандек елка қисди, лекин шу лаҳзада Антон ҳушёр тортди-да, тўхтаб қолди, қиздан қўлини олди, қиз унга ҳайрон бўлиб тикилиб турди ва нимжон ўсимлик шамолда чайқалгандек ташвишли қиёфада чайқалиб кетди.
– Кеч бўлди, – деди Антон, – хавотирланаяпман, кетишимиз керак.
Ака-сингилларнинг қаршилик қилишмаганидан ажабландим, улар кечни яхши ўтказганимиз учун раҳмат, дегандек бир-икки оғиз самимий сўз айтган бўлишди. Камгап Лаури бизни пастки эшиккача кузатиб қўйди, Вивиан тепада қолди, зина панжарасига суянганча қушнинг чирқиллашига ўхшаш гўё ҳамма туйғуларни ифодалайдиган ёки ҳеч нарсани ифодаламайдиган товуш чиқарди.
Такси тўхтайдиган жой яқингинада эди, лекин Антон бироз пиёда юришни хоҳлади, у дастлаб то­лиққанидан жим борди, кейин бирданига гапга тушиб кетди. У ака-сингилларни қаердадир кўрганини, бунга кўп бўлмаганини эслади, эҳтимол кўклам Китсбюлда кўргандир, албатта бу номнинг чет элликлар хотирасида қолиши қийин, Вивианнинг мени эслаёлмаганига ҳайрон қолмаса бўлади, деди. Ҳатто ҳозир аниқ бир воқеа ёдига келганини, буни олдинроқ рақс тушаётган чоғида эслаганини айтди. Қайсидир тоғ йўлида, бошқа-бошқа машиналарда кетаётиб бир-бирларига қарашганини, бир машинада Антон, ёлғиз ўзи, бош­қа машинада ака-сингиллар, рулда қиз бўлган, кў­чадаги ҳаракат бир зум тўхтаган пайтда ёнма-ён туриб қолишган, кейин қиз ундан ўзиб, унга парво ҳам қилмасдан узоқлашиб кетганмиш.
– У чиройли эмас-а, сал ғалатими? – сўради Антон ҳикоясини тугатасолиб.
– Чиройлими, сал ғалатими-йўқми, билмадим, ҳарқалай кишида аллақандай қўрқув уйғотади, – дедим мен ва унга уйдаги моғор ҳидини, чанг ва узиб қўйилган телефонни эслатдим. Антон буларнинг би­рортасини сезмаган, ҳозир ҳам бу ҳақда билишни истамади. Лекин икковимизда ҳам баҳслашишга ҳафсала йўқ, аксинча ўлгудек чарчаган эдик, шунинг учун дарров сўзлашишни бас қилдик-да, жимгина меҳмонхонага келдигу уйқуга кетдик.
Эртасига тушгача “Tate” Расмлар галереясига бор­моқчи эдик, бизда бу машҳур галереянинг каталоги бор эди, нонушта маҳали уни варақлаб, қайси расмларни кўриш, қайсиларини кўрмаслигимизни мулоҳаза қилиб олдик. Нонуштадан сўнг эрим сигарета қутисини эслади ва мен уни охирги марта инглиз ака-сингиллар уйидаги стол устида кўрганимни айтдим. Шунда у музейга боришдан олдин уларникидан сигарета қутисини олишни таклиф қилди. У қутини атайлаб қолдириб кетган, деган ўй кечди миямдан, лекин индамадим. Шаҳар режасидан ўша кўчани топдик-да, автобусда ўшанга яқинроқ бир жойга бордик. Ёмғир тинган, кенг, яшил майдонли боғ узра эрта кузнинг очсариқ тумани ёйилган, устунли ва фронтонли улкан бинолар гоҳ кўзга ташланар, гоҳ енгил туман ичида сирли ҳолатда ғойиб бўларди.
Антон ҳам, мен ҳам кўтаринки кайфиятда эдик. Мен кеча кечқурунги барча ташвишларни унутган ва бизнинг янги танишларимиз кундузи қандай кўринишаркин, ўзларини қандай тутишаркин, дея ҳаяжонда эдим. Кўчани, уйни қийналмасдан топдик, аммо барча деразаларнинг қопқалари ёпилган, гўё ичкарида ҳамма ҳали ухлаётгандек ёки одамлар узоқ сафарга кетгандек эди. Аввалига тортинибгина қўнғироқ тугмасини босганим ҳеч бир натижа бермагач, кучлироқ, охири қўпол бўлса-да, узоқ ва қаттиқ жиринглатдик. Эшикда эски русумдаги мис қўнғироқ бор эди, уни ҳам ишга солдик, қани энди ичкаридан қадам товуши ёки бирон сас эшитилса. Ниҳоят нари кетдик, бир неча уйларни ортда қолдиргач, Антон тағин тўхтади. Унинг фикрича, гап фақат сигарета қутиси устида эмас, улар билан бирор кор-ҳол юз берган бўлиши мумкин, айтайлик, газдан заҳарланган бўлишлари мумкин, бу ерда ҳамма уйига газ печка қўярмиш, кеча у уларнинг хонасида шунақа печкани кўрганмиш. Ака-сингилларнинг бирор ёққа жўнаб кетишларига ишонмайману, ҳарҳолда полицияга хабар берсак бўлар, энди музейда расмлар томоша қилиш ҳам кўнглимга сиғмайди, деди. Бу орада туман тарқади, камқатнов кўча ҳамда 79-уй тепасида ложувард осмон юз очди. Биз қайтиб келганимизда уй ҳалиям жимжит ва ўликдек сассиз турарди.
– Қўшнилардан сўраш керак, – дедим мен, – қўш­нилардан. Шу пайт ўнг томондаги уй деразаси очилиб, бир бақалоқ аёл боғчадаги кузги гуллар устига супургисининг сувини силкита бошлади. Биз уни чақириб, мақсадимизни тушунтиришга ҳаракат қилдик. Танишларимизнинг фамилиясини билмасдик, фақат Вивиан ва Лаури, дедик холос, бироқ аёл кимни назарда тутганимизни дарҳол англади. У супургисини тортиб олди-да, гулдор кофтаси ичидаги бўлиқ кўкрагини дераза токчасига тираб, бизга қўрқув ичида тикилди.
– Биз бу уйда бўлган эдик, – деди Антон, – куни кеча, кечқурун, бир нарсамизни у ерда қолдирибмиз, шуни олиб кетмоқчи эдик.
Аёлнинг чеҳраси тундлашди, бундай бўлиши мум­кин эмас, деди у чийиллоқ товушда. Унинг гапига қа­раганда калит фақат унда сақланаркан, уйда ҳеч ким йўқ эмиш.
– Қачондан бери? – сўрадим беихтиёр ва гарчи боғда, ёп-ёруғ қуёш нури остида тошмушук турган бўлса-да, уй рақамини адаштирган бўлсак керак, деб ўйладим.
– Бу уйнинг ёш эгалари ўлганига уч ой бўлди, – деди аёл қатъий қилиб.
– Ўлган дейсизми? – сўрадик биз ва биримиз қўйиб, бошқамиз гапира кетдик, ахир бу кулгили-ку, кечагина биз улар билан бирга театрда бўлдик, уларникида чой ичдик, мусиқа тинглаб, рақсга тушдик, дедик.
– Ҳозир, – деди бақалоқ аёл ва деразасини ёпди, мана энди у қўнғироқ қилиб, бизни жиннихонагами ёки полициягами элтиб ташлаттирса керак, деб ўйладим.
Бироқ у шу заҳотиёқ қўлида катта калит шодасини ушлаганча юзида ҳайрат ифодаси билан чиқиб келди.
– Мен ақлдан озмаганман, нима деяётганимни биламан, – деди у, – уй эгалари ўлган ва дафн этилган, улар машинада чет элга боришган, қайси бир тоғ йўлида машинани жинниларча тезликда бошқариб ҳалокатга учрашган.
– Китсбюлдами? – сўради эрим даҳшат ичида. Аёл­нинг гапига кўра, жой шундай аталса керак, балки бошқачадир, хориждаги жой номларини эсда сақлаш қийин. Шундай дея аёл олдинга тушиб, бизни иккинчи қаватга бошлаб чиқди-да, эшикни очди. У рост гапир­яптими, уй ростдан ҳам кимсасизми, кўрмоқчи, унинг рухсати билан хонага кирмоқчи бўлдик. У чироқни ёқолмаслигини, уй бошқарувчисининг розилиги билан лампочкаларни ўзи олиб кетганини айтди.
Аёлга эргашиб ичкарига кирдик, уйнинг ҳавоси дим ва бўғиқ эди. Мен ҳали зинапоядаёқ эримнинг қўлидан тутиб, бу бошқа кўча бўлса керак ёки биз туш кўрганмиз, икки киши бир кечада бир хил туш кўриши мумкин, шунақаси ҳам бўлади, энди кетайлик, деган эдим. Ҳа, сен ҳақсан, бу ерда нимаям қилардик, дея Антон енгил тортиб гапимни маъқуллаган эди. У тўхтаб, озроқ пул олиш мақсадида чўнтагига қўл суққан, бизни деб ташвиш тортгани учун қўшни аёлга бермоқчи бўлган эди. Аёл аллақачон хонага кириб кетган, биз унинг орқасидан шошилдик, аслида бунга энди ортиқ қизиқишимиз қолмаган ва бу бор-йўғи адашиш ёки хаёлдаги бир нарса эканлигига ишончимиз комил эди.
– Киринглар, – деди аёл ва дераза қопқасидан бирини, бутунлай эмас, ҳамма мебелларни аниқ кўрса бўладиган қилиб очди, айниқса, атрофига оромкурсилар қўйилган, устини юпқа чанг қоплаган юмалоқ стол диққатни тортди. Стол устида яккаю ягона буюм – ҳозир ёрқин қуёш нуридан ярақлаб кетган, олтиндан ясалган, юпқа сигарета қутиси ётарди.

Олмон тилидан Янглиш Эгамова таржимаси

“Ёшлик” журнали, 2015 йил, 4-сон