Маргарете Нойманн. Мария (ҳикоя)

Мен, қалбнинг дўстлик ва душманлик, нафрат ва муҳаббат ҳислари яширинган чуқур тубида ҳар бир инсон ўзи алоҳида бир дунё бўлади, деб азалдан ишониб келардим. Таниш ва нотаниш кишиларни бир-бирига боғлаб турадиган ҳолат ҳам у ерга йўл топавермайди, деб ўйлардим. Баъзи бир муҳим ҳолларда қариндошлик, севги ёки бўлмаса самимий дўстлик туфайли рухсат берсаккина бир ёки бир неча кишилар у ерга йўл топа олишлари мумкин, дердим.
Аслида эса бундай эмас экан.
Готадаги хизмат сафарим тугагач, Берлинга қайтиш учун кечки поездга чиқдим. Юмшоқ вагонга чиптам йўқ эди, кассада чиптани тунги вагон бошқарувчисидан ҳам олаверишим мумкинлигини айтишди. Поезд аллақачон келган эди, мен залдан югуриб ўтдим-да, дуч келган купега чиқдим. Бахтимга у ер бўш эди. Дераза ёнига ўтирдим. Агар ҳеч ким келмаса яхшиси шу ерда қолавераман, деб ўйладим. Бу ер яна иссиққина экан. Ётиб олиб ухлаб кетса ҳам бўлади. Роса толиққандим, туриб тунги вагон бошқарувчисини қидиришга ҳушим келмади. Устига устак юмшоқ вагон энг орқада эмиш. Бу ер арзонроқ ва қулай ҳам, дедим яна ўз-ўзимга.
Бироқ поезд қўзғала бошлаганда – у шундай енгил силжийдики, киши буни сезмайди, фақат ташқаридаги нарсаларнинг ортда қолаётганидангина буни пайқаш мумкин – кимдир эшикни очиб, чоғроққина кулранг жомадон ва сариқ чарм сумкани тўрга ташлади. Бурилиб қарадим: булар икки ёшгина кишилар, бир эркак ва бир аёл эди. Яхши бўлди, ўйладим мен, энди юмшоқ вагонга ўтаман.
Улар менинг рўпарамдан жой олишди, аёл дераза олдига – бурчакка, эркак эса унинг ёнига, бир-бирларига қисилиб ўтиришди. Мана шу ёнма-ён ўтиришда мени ҳаяжонга солган нимадир: нафақат нафислик, шу билан бирга, босиқлик, қандайдир қудрат, саботлилик, майинлик, қатъийлик бор эди. Мен энди туриб кетолмаслигимни тушундим. Уларни яхшиси ёлғиз қолдиришим кераклигини билсам-да, азбаройи қизиқишдан шу ерда қолгим келди.
Кўринишдан улар менинг кузатаётганимни пайқамаётгандек эди. Эркак қўлини, катта қўлини аёлнинг билагидан беозоргина ўтказиб олганди. Аёл ҳар замонда юзини унинг кифтига енгилгина қўярди. Икковлари ҳам деразадан ташқарига, аҳён-аҳёнда милт-милт чироқлар кўриниб қолаётган қоронғиликка тикилиб ўтиришарди.
Уларнинг ёшлари, касбларини аниқлашга уриндим, лекин қўлимдан келмади. Аёл у қадар чиройли эмас, чеҳраси хотиржам, буғдойранг эди. Калта қўнғир сочлари худди болаларникидек шундоққина елкасида осилиб турарди. Унинг ҳаракатлари, мўъжаз оёқлари, тиззаси айниқса нафосатли эди. Аммо, бошқа бир нарса, назаримда, бошини қуйи солиб туриши ҳамда қўллари етуклик, ақл-заковат ва дард-аламга тўла эди. Йигирма саккиз ёшларда бўлса керак, ўйладим мен, балки бундан ҳам ёшдир. Ҳануз билагидан тутиб турган эркакнинг қўли устига қўлини қўйиб кўзларини юмганида унинг ёши менга каттароқ туюлди. Ўттиз-ўттиз учларда, деб гумон қилдим. Бошқа бир пайт, у эркакнинг бир гапидан кулиб юборганида, йигирма уч ёшда, дея фикримни яна ўзгартирдим. Барибир аниқ бир хулосага келолмадим.
Эркак-чи? Аввалига у кўзимга ёшроқ кўринди. Бироқ унинг қўлларига кўзим тушди! Шу қадар азоб-уқубат тортган, шунчалар оқил, шунчалар меҳрибон. Бутун бир олам эди улар!
Унинг кўзлари қора эди. Гоҳида у аёлга нигоҳ ташлаб қўярди, ҳатто унга қарамаган пайтларида ҳам унинг кўзларида садоқат акс этиб турарди. Мен буни тасвирлашга ожизман, ҳатто мусаввир ҳам бунинг уддасидан чиқолмаса керак. Эҳтимол мусиқада ифодалаш мумкиндир буни. У аёлни қай даражада севишини кўриб турардим.
Икковлари ҳам, ҳозирги пайтда кўпинча учраб турганидек, ортиқча эътибор билан, ўта дид билан бўлмаса-да, ҳар ҳолда анча бежирим кийинишган эди. Айтиш мумкин эдики, улар ясан-тусанга у қадар диққат қилиб, беҳуда вақт сарфлаб ўтирмайдиган кишиларга ўхшашарди. Аёлнинг чап қўлидаги катта кумуш узуккина эътиборни жалб қиларди, узук унинг кичкина қўлига оғирлик қилаётган бўлса-да, унга ярашиб турарди.
Буларнинг қаршисида бир умр ўтирсам ҳам гап нимадалигини барибир билолмасам керак, деган фикр хаёлимдан кечди. Шуниси қизиқки, бу нарса гўё менга ҳам тегишлидек эди. Негалигини олдин англаёлмадим. Кейинроқ тушундим: улар қалбан шу қадар яқин эдиларки, одатда биз буни хаёлан фақат орзу қиламиз. Улар бир-бирларини ана шу орзудаги муҳаббат билан севардилар. Мен билишни истаган нарса шу эдики, улар адашмаяптимикан, хаёлий ҳисларга берилишмаяптимикан, ўз-ўзларини алдамаяптилармикан, ёки шунақаси ҳам бўлармикан? Шунақа севги ҳам бормикан?
Улар кам сўзлашишарди. Аҳён-аҳёнда бир-бирларига қараб қўйишарди. Икки нарса: изтироб ва бахт ёнма-ён эди. Шу тахлит узоқ йўл босдик. Чироқни ўчириб қўйдик, тунги кўк чироқ нури таъсирида купе нимқоронғи эди. Аммо мен уларнинг юзларини аниқ кўриб турардим. Ёруғ нур аёлни ортиқ ёритмай қўйгач, унинг юз ифодаси янада ўткирлашгандек туюлди. Поезд зулматни ёриб олға югурарди. Унинг оғир узук таққан қўли ҳамроҳининг қўли устида шундай ётардики, фақат бармоқларининг учигина унга тегиб турарди.
Гаплашганларида мен уларнинг сўзларига эътибор қилмасдим, балки товушларигагина қулоқ тутардим. Эркакнинг товуши хотиржам, бўғиқроқ бўлиб, “р”ни қаттиқ талаффуз қиларди. Аёлники эса, унинг тиззалари, ҳаракатлари сингари қизларга хос эди.
Ногаҳон улар соатга қарашди. Эркак: “Биламан” деди. Аёл кескин бурилиб, манглайини унинг кифтига қўйди. Кейин илғоқдан кофтасини олди, эркак эса тўрдан жомадонни олиб берди. Аёл унга қўлини узатди, сўнгра эшикка томон йўналди.
Поезд бу ерда тўхтамайди-ку, хаёлдан кечирдим мен. У қаерга бораркин? Нега ёлғиз ўзи?
У эшикни очишдан олдин, – шуниси қизиқки, эшикни унга эркак очиб бермади, аксинча, у орқада турарди – эркакка бурилиб қаради.
– Майли, Мария, боравер. Сен ухлашинг керак. Уйқуга тўймасанг, эртага қийналиб қоласан, – деди у.
– Ҳа, – жавоб берди аёл. Сўнгра бошини бурди-да, ярим эгилиб, пешанаси билан унинг юзини тағин бир силади.
У аёлни ўпади, ўйлардим мен. Муносабатларига кўра у ҳозир аёлни ўпиши керак. Лекин у қимир этмасдан қаққайиб турарди. Мен уларнинг кўзларини кўрмасдим, бироқ у кўзларда нима кечаётганини сезиб турардим.
– Ухла, эшитаяпсанми? Энди бориб ухла, – деди у яна. Аёл бош ирғади, кейин эшикни очди-да, чиқиб кетди.
Эркак ўша ҳолатда туриб қолди. Сўнгра секин бурилди-да, жойига келиб ўтирди. Бошини орқа суянчиққа ташлади. Унинг лаблари очиқ, қунишиб олганди. Аниқ билдим: улар хайрлашишди.
Мен ўз-ўзим билан курашардим. Икки кишининг шунчалар якдиллиги ҳеч қачон бўлганми, дея фикрлардим. Бу қадар якдиллик! Бундайлар хайрлашмасликлари керак. Нима учун? Айниқса ҳозирги даврда кишиларни бир-биридан айиришга қодир қандай куч бўлиши мумкин? Қандай куч?! Қандай сабаб бўлиши мумкин?
Тўлқинланиб кетдим. Ўзимни юпатишга уриндим: эҳтимол мен адашаётгандирман. У бор-йўғи юмшоқ вагонга ўтгандир. Эртага тонгда, Берлинга етиб боргач, улар яна бирга кетаверишади. Лекин унинг юзига қараб билдимки, улар ҳақиқатан ҳам хайрлашишган эди.
У чалиштирилган қўлларини ён суянчиққа тираб, гавдасини ҳозиргина ҳамроҳи ўтирган томонга буриб олганча, поезд маромига қараб чайқалиб борарди.
Мен ўз-ўзимдан сўрардим: Бу қанақаси? Бу мени бунча ҳаяжонга соляпти? Бизнинг тезкор замонимизда ҳам икки киши бирга қолиши керакми ёки йўқми, деган масаланинг шу қадар муҳимлик касб этишига ҳожат борми? Ёки бўлмаса: инсон умид-интилишлари ўртасидаги зиддиятлар кескинлашган ҳозиргидек бир даврда яшаб туриб, бирор кишининг ўз севгилиси билан хайрлашишига шунчалик аҳамият беришга ҳаққи бормикин? Кўплаб юртларда кишилар ўз озодликлари учун жон олиб, жон бераётган бир пайтда, ҳамма халқлар янги, бахтли ҳаёт билан бир қаторда инсониятнинг умуман ҳаётини сақлаб қолиш учун тинмай курашаётган бир пайтда унинг шундай қилишга ҳаққи борми? “Мен сени севаман” деган тушунча шунчалик аҳамият касб этиши жоизми? Ишхонамизда чизмалар устида бош қотиришимизни ўйлаб кетдим: турар жой мавзелари, гаражлар, мактаблар, касалхона, спорт майдонлари, театр, стадионлар лойиҳалари, режа ва ҳисоблашларимиз билан тунгача банд бўламиз. Буларнинг қай даражада аҳамияти борлигини биламиз. Ҳозир кишини иш тамоман банд этиши зарур эмасмикан? – сўрайман ўз-ўзимдан. Мана шу хайрлашишга ўхшаган нарсалар кишига шунчалик муҳим туюлиши мумкинми, зарурмикан? Шу тахлит ўзимни сўроққа тутарканман, жавобни ҳам топдим: биз бажараётган ишларнинг бирортаси ҳам – эзилган халқларнинг озодлик учун курашларию шаҳарларнинг бунёд этилиши ҳам, халқлар осойишталиги учун оғишмай интилаётган йирик давлат арбобларининг нутқлари ҳамда кенгашларию атом урушлари хавфига қарши норозилик намойишлари ҳам – асл мақсад эмас. Буларнинг барчаси инсоният ҳаёти давомида бўлаверадиган ишлар. Шулар ичида муҳаббат энг қимматлисидир. Агар биз уни қурбон берсак, ўйлардим энди, биз амалга ошираётган ишларнинг ҳаммаси маъносиз бўлиб қолган бўларди.
Энди бошқа нарсани, ўзимнинг хайрлашганимни ўйлаб кетдим. Мен севган киши шошма-шошарлик қилиб, беҳуда ўлимга жўнаб кетди. Уни олиб қолиш қўлимдан келмаганди. Унинг қиёфаси ҳозир ҳам кўз ўнгимда: юзи қўрқув ва ҳаяжондан оқариб кетган эди. У кетди ва ортига бурилиб ҳам қарамади. Иккаламиз ҳам, у ҳақиқатни ҳимоя қилишга кетдими ёки ноҳақликними, билмасдик. Бу сўнгги урушнинг охирги йилида содир бўлганди. Ўшандан буён ҳаётимни дарз кетган чинни идишга ўхшатаман, унинг уваланиб тушишидан чўчиб яшайман. Мен мана шу эркак қаршисида ўтирарканман, буни англаб етдим.
Бироқ ўз-ўзимдан сўрардим: ҳозир, шу лаҳзада, бу қадар азоб билан хайрлашишнинг маъноси нима экан? У буни мендан яширолмайди, ахир мен унинг қанчалик ўртанаётганини кўриб турибман. Унинг қўллари ҳам буни айтиб турипти. Мен буни аёлда ҳам пайқагандим. Кўряпман-у, ўзим бундан ўртаниб кетяпман. Уларнинг изтироблари мени ларзага соляпти. Кўзларимга ёш қалққанини сездим-да, аччиғим чиқди. Нега? Нима учун? Бунга қандай сабаб бўлиши мумкин?
Эҳтимол у менинг кузатиб турганимни пайқагандир. Менга бурилиб қаради.
– Кечирасиз, – деди-да, жилмайишга уринди. Унинг олдида ноқулай аҳволда қолдим. Чунки улардаги ҳолатга мен гувоҳ эдим. Буни ҳатто янада чуқур билишга ҳам ҳаракат қилдим. Аммо мен улар учун бор-йўқлиги фарқсиз, жонсиз бир жисм бўлиб қолавердим.
Кейин у сўник товуш билан: “Жуда оғир”, деди.
Юрагимни очсам, енгил тортаман, деб ўйлагандир балки. Киши ўз бошидан кечирган воқеаларни бошқа ҳеч ким бошдан кечиролмайди, деб ўйлагани сабабли ўз кечинмаларини мутлақо бегона бир кишига тўкиб солишни истаб қолиши мумкин.
Мен бош ирғадим, ўзимни қўлга олдим-да, сўрашга журъат қилдим.
– Нега ахир? Нега шундай бўлиши керак? Менга ишонаверинг, менинг ёшим Сиздан кўра улуғроқ. Мен ҳамиша шундай севгини орзу қилардим. Тушунаяпсизми? Лекин ҳеч қачон шундай бўлмаган. Бунақаси ҳар доим ҳам бўлавермайди, менга ишонинг, – дедим.
– Биламан, – жавоб берди у, – эҳтимол гапирсам дуруст бўлар. Бир бошдан сўзлаб бергандагина кўп нарса бирмунча ойдинлашади. Истасангиз, сўзлаб беришим мумкин…
У ҳикояни шу заҳотиёқ бошламади. Биз хийла муддат жим қолдик. Поезд дала бўйлаб тун қўйнида елиб борарди. Купе нимқоронғи ва иссиқ эди. Вақтимиз кўп, Берлингача ҳали анча йўл бор. Биз чуқур пастқамликда жойлашган бир қишлоқ ёнидан ўтдик. Баъзи уйларда ҳали чироқлар кўринарди. Тор, узун бир бинонинг деразалари қандайдир қизғиш нур таратиб турарди.
– Қаранг, инкубатор, – деди, у энди очилиб гапирарди. – У ерда ҳамма нарса кун сайин ўзгариб туради. Биз буни кўрамиз-да, ҳа, бу табиий ҳол, деб қўяверамиз. Ҳатто бунинг янада тезроқ, тубдан ўзгаришини хоҳлаймиз. Буни мутлақо янгилашни истаймиз ва шунга интиламиз. Фақат бизнинг ўзимиз, қалбимиз, демоқчиман, яъни инсонлар орасидаги муносабатлар қандай бўлса шундайлигича қолаверса керак, деб ўйлаймиз. Улар бир-бирларини азалдагидек севаверадилар ва бирга қола оладиларми-йўқми, деган масала ҳам назаримизда аллақачон ҳал этилган. Лекин кейин нима бўлади, бу ҳақиқий севгими? – бу ҳақда сўраб ҳам ўтирмаймиз.
– У қай даражада юксак ёки камроқ қадрланади, демоқчимисиз?
– Йўқ, – деди у, – буни мен у қадар оддий тасаввур қилмайман.
Унинг чеҳраси ҳам энди бошқача эди, у менга каттароқ, шу билан бирга, қатъийроқ кўринди. Товуши ҳам бир оз равшанроқ туюлди.
– У қадар оддий эмас, – такрорлади у. – Мен уч йиллик армия хизмати давомида мудом бир қизни ўйлардим. Бунинг нималигини ўзингиз тушунасиз: киши ҳамиша – кечаси ҳам, бирор ёққа бораётганида ҳам ёки постда турганида ҳам, хуллас, ўзи холи қолдими, бас, хаёл суришга тушади. Хизмат орасида таътилга келганим заҳотиёқ унинг ҳузурига шошилардим. Хизмат муддатим тугагач, нималар қилишимиз ҳақида ширин орзулар қилардик. Бугун бир нарсани хаёл қилсак, эртасига бошқасини ўйлаб топардик, қисқаси, биргаликдаги ҳаётимизнинг қандай бўлиши хусусида хаёл суришдан чарчамасдик.
Бир-биримизни кўпдан билардик. Ҳунар мактабида ўқиб юрган пайтимизда танишгандик. Мен механикликка ўқирдим, у эса слесарликка. Ўқишни тугатганимдан кейин анча вақт бир корхонада ишладик. У қизлар ичида энг чиройлиси эди. Бу мақтов эмас, аслида шундай эди. Шундай қиз мени ёқтирганидан бениҳоя бахтли эдим. Ҳамманинг менга ҳаваси келарди.
У оқишдан келган, сочлари узун қиз эди. Уста ҳамиша ундан сочини қирқтириб ташлашни талаб қиларди. Ростдан ҳам шундай қилмаса эди, деб хавотирланардим. Чунки унинг сочлари рўмол ичига сиғмасди. Биласизми, айниқса у ишга тамоман берилиб кетган пайтларда йўғон соч ўримлари тушиб кетаверарди. У сочларини қирқтирмади, чунки мен унга, сочларингни ўқувчи қизлардек иккита қилиб ўриб қўйсанг менга ёқади, дегандим. Диди ҳам баланд эди, айтганча, унинг исми Вера. Чиройли исм-а, шундай эмасми? Бир корхонада ишлаган кезларимизда уйга ҳам кўпинча бирга қайтардик. Автобусда қатнардик, деярли ярим соатлик йўл эди. Эрталаб тағин учрашардик.
Бир куни ишдан кейин кинога бордик. Мен эндигина ўқишимни тугатган, у ҳалиям ўқирди. У мендан бир ёш кичик. Экранда нималар бўлганини билмайман, унинг ёнида ўтирганимни эслайман, холос. Унинг жиддий томоша қилишини кузатардим, ҳис-туйғулари юзида акс этарди. Шу пайтгача у менга ёқарди, холос. Энди эса қандайдир бир илиқликни ҳис этдим, суянчиқда менинг қўлим ёнида турган қўлини оҳиста силагим келди. Уйга қайтишда елкасига қўлимни қўйдим, у қаршилик қилмади. Илгари мен уни уйигача кузатмасдим. Бу сафар бирга бордим. Дарвоза олдида у менга қўлини узатди, кейин дарҳол югуриб кетди. Биз гўдакларга ўхшардик. Мен ҳам бахтли, ҳам мағрур эдим. Кейинроқ, армия хизматида бўлган пайтимда биз ўпишдик. Ҳамманинг менга ҳаваси келарди: шаҳримиздагилар уни билганлари учун, хизматдош дўстларим суратини кўрганлари учун. Тез-тез ёзишиб турардик. Таътиллар орасидаги кунларни санаб ўтказардик. Бир куни яқин жойда машқ ўтаётганимизда кечқурун бир соатга яшириқча келдим. Хизматим тугашини орзиқиб кутардик.
У жим бўлиб қолди ва деразадан ташқарига назар ташлади. Мен энди унинг юзини ён томондан кўриб турардим. У хотиржам, ўзини тутиб олган, бир оз жонланган эди.
– Ўша кунлар ҳозир менга узоқ ўтмишдек туюлади, – сўзида давом этди у ниҳоят, – ваҳоланки бу ўтган йилги воқеа. Биз уззукун бирга бўлардик. У ҳали ҳам ўша корхонада ишларди. Усталар тайёрлайдиган курсда ўқимоқчи эди. Армиядан қайтгач, мен машинасозлик соҳасини танладим ва пайвандчи бўлиб ишга жойлашдим. Менинг ҳам ўз режаларим бор эди: хизмат даврида курсда ўқиб аттестат олгандим. Энди сиртдан ўқий бошладим. Машинасозликка, тушунаяпсизми?
Мен бош ирғадим. Мени қандайдир қувонч чулғаб олганди. У ҳикоя қилар экан, менга илгаригидан кўра бошқача бир тарзда сирдош, яқин бўлиб қолганди. Шу лаҳзада ундаги турли-туман хислатларнинг бир-бирига қўшилиб кетганини пайқадим: у ёш, келажакка ишонган, кучга тўлиқ эди. Унда олдин кузатганим меҳрибонлик, етуклик, мулойимлик ва сезгирлик хусусиятлари энди уни янада кучли ва қувноқ кўрсатарди.
У назарини мендан олиб, яна ташқарига – липиллаб ўтаётган зулматга тикилганча сўзида давом этди.
– Вера иккимиз анчагача “кейин, кейин” деб юрдик. Ниҳоят мана шу кейин ҳам етиб келди. Гоҳида шундай туюлардики, гўё бизнинг бунга журъатимиз етмасди. Биз ёнма-ён ўтирардик-да, ниманидир кутардик. Хийла вақт буни унутиб юборардик, аммо кейинроқ кутиш ҳисси борган сари кучайиб борди. Ҳали ёшмиз, дея ўзимизни овутардик. Бироқ бу ҳам сабаб эмаслигини билардик. Вера йигирма бирда эди. Бизга етишмаган нарса фақатгина бизни улғайтираётган вақтнинг ўтиши эмас эди. Баъзан ўзим ёлғиз қолган чоғларимда вақтнинг ўтишидан қўрқиб кетардим. Мана биз биргамиз, бироқ шундай пайт келадики, бу биргаликнинг бошланиши эмас, балки ниҳояси бўлади ва вақт ҳамма чизиқларни ўчириб ташлайди, деб хаёл қилардим.
Биз яна “кейин” дея бошладик. “Кейин, ўз бошпанамизга эга бўлганимиздан сўнг”, “ундан кейин болаларимиз бўлади”, деярдик. Бироқ бу ҳам гарчи дастлаб бизни бирмунча овутган бўлса-да, умуман ҳеч нарсани ўзгартиролмаслигидан қўрқардик. Шу сабабли гоҳида келажак ҳақида сўзлашадиган бўлсак, у қадар шошилмасдик ҳам. Кўнглимизнинг нотинчлигини, тушкунликка тушишимизни бир-биримиздан яширишга уринардик ва бу ҳолатни ё хафагарчиликка, бирор кўнгилсизликка ёки бўлмаса шунга ўхшаш нарсаларга ағдарардик.
Ёзда бирга таътилга чиқдик. Чодир сотиб олдик-да, мен болалигимдан билган кўл бўйига жўнаб кетдик. Мактабда ўқиб юрганимизда уч ҳафтани у ерда роса мазза қилиб ўтказгандик. Бу ҳақда ўйлаганимда кўз олдимга ложувард осмон ҳамда сувнинг оёқларим остида ёқимли тўлқинланиб қирғоқ тошларига урилиши келарди. Вера иккимиз бир неча ҳафта давомида нуқул шу ҳақда гаплашдик. Жўнайдиган кун етиб келгач, азонлаб мотоциклга ўтирдик. Биз қувонч ва сабрсизликдан тошиб борардик. Туш бўлмай етиб келдик, чодирни тикдик ва юкхалталардаги нарсаларни чиқардик. Ундан кейин сув бўйига, қўнғир харсанг тошлар устига ўтирдик. Кейин ўрмонга югуриб кетдик, биздан бошқа жон зоти йўқ эди. Кунларимизни роса гаштли ўтказамиз, деб ўйлагандик.
Дастлаб ҳаммаси кутганимиздек бўлди. Биз қуёшда тобланиб ётганча дарахтларни томоша қилардик. Айниқса кечқурунлари сув ҳаводан кўра илиқроқ бўлган пайтларда узоқ-узоқларга сузиб кетардик. Ўт босиб кетган эгри-бугри сўқмоқлар бўйлаб мириқиб кезардик. Қушларнинг сайрашига қулоқ тутардик ва уларнинг номларини бир-биримизга айтардик.
Биз ҳануз кутаётганимизга иқрор бўлишдан тортинардик.
У бир зум жим бўлиб қолди. Кейин изоҳ берди:
– Тўғриси буни ўзимиз ҳам англаб етмасдик. Бунинг ҳаммаси кўпроқ нотинчлик эди чамамда. Рост. Бизнинг биргаликдаги ҳаётимиз ҳеч қачон шу кўраётганимиздан ортиқ нарса беролмас эди. Биз бир-биримизни тушунардик, яширадиган сирларимиз ҳам йўқ эди. Ҳамма нарса ҳақида бир-биримиз билан ўртоқлашардик. Бизга нимадир етишмаслигини ҳеч тан олмасдик. Бахтли эканимизга иқрор бўлардик. Вера жуда гўзал, келишган, сарвқомат эди.
У бурчакка суяниб олганди. Мен унинг чеҳрасидаги нурни кўриб турардим, холос. Сўнг анави, бошқаси келган, хаёлдан кечирдим мен.
У яна олдинга эгилди-да, юзини қўллари билан бекитди. У шу қадар секин гапирардики, мен уни англаб олишга зўр бериб уринардим. Дарвоқе, у менга гапирардими?
– Кейин Мария келди. Икки чодир тўла ўғил ва қиз болалар келишди. Улар икки аёл – бир муаллима ва болалардан бирининг онаси бошчилигида эди. Улар чодирларини ялангликнинг нариги четига тикишди. Биз уларни сувдагина кўрардик. Вера иккимиз кун бўйи яшил соябон остида ёнма-ён, бир-биримизнинг тафтимизни, томир уришимизни ҳис этиб сўзлашмасдан ётардик. Веранинг елкалари, сони ва узун жигарранг оёқлари менга тегиб турарди. Мен Верани меҳр ва шу билан бирга, аллақандай ачиниш билан кузатардим. Биз тез-тез бир-биримизни, ўтларни, гулларни, сув устига эгилган дарахтларни суратга туширардик, гўё шу билан ўткинчи нарсани тутиб қолмоқчи бўлардик.
Бир куни кечқурун Мария бизнинг олдимизга келди. Улар гугурт сотиб олишни унутишган экан. Болалар ухлагач, муаллима билан икковлари келишди. Негадир мен аксинча ўйлабман: Марияни муаллима, анави малла сочли аёлни эса болалардан бирининг онаси дебман. Мария ўғли ҳақида сўзлаб бергачгина буни билдим.
Бу менга ғалати таъсир қилди. Унинг ўғли ҳақида гапириши ғалати таъсир қилди. Сўзлаш оҳанги ҳам ғалати таъсир қилди. Ҳаётида қандайдир бахтсизлик бўлганини дарҳол англаб етдим.
Биз болалар ҳақида сўзлашдик. Мен мактабда ўқиб юрганимда, худди шу тарзда, мана шу ерларда бўлганимни гапириб бердим. Ўқувчилик давримизда бўлган қизиқ воқеалар, шўхликларимиз ҳақида ҳикоя қилдик. Суҳбат чоғида малла сочли муаллима сув устига эгилган дарахтга суяниб ўтирар, Вера икковимиз ҳали қуёш тафти кетмаган тошлар устида ўтирардик. Мария бўлса салгина четроқда, бизнинг қаршимиздаги биз ясаган тошкурсида, сувга қараб ўтирар, фақат гапиргандагина биз томонга буриларди.
Мен уни аллақачон севиб қолганмидим-йўқми, билмайман. Аммо у бизга бурилганда, гўё мен қўлимни Веранинг елкасидан олишим керакдек туюларди. Мен бундай қилмасдим. Аксинча, уни ўзимга янада яқинроқ тортардим. Гўё шу билан Вераними ёки ҳар иккимизними, нимадандир ҳимоя қилмоқчидек бўлардим.
Шу кундан сўнг мен Марияни ахтарадиган бўлиб қолдим, аввалига буни англаб етмадим. Бироқ уни кўрсам ёки овозини эшитсам, алланечук титраб кетардим. Бир неча кундан кейин ўзимча пинҳона унинг ҳар лаҳза қаердалигини белгилаб юрадиган одат чиқардим. У ҳозир чодирда. Энди болалар билан копток ўйнаяпти. Энди ёй отишни машқ қилишаяпти. Ҳозир ёлғиз ўзи чўмилишга кетди. Ёки бўлмаса: ҳозир қишлоққа харид қилишга кетди. Бир куни тушдан кейин унинг қаердалигини анчагача билолмадим. Қанча кузатган бўлмайин, унинг бирор ёққа чиққанини кўрмагандим. Мен уни билмайман-ку, ахир, дердим ўз-ўзимга. Мен нима истайман ўзи? Бирортаси уни йўқлаб келган бўлиши ҳам мумкин-ку. Улар ҳозир шаҳарда, бирор кафеда бирга ўтиришгандир эҳтимол, нега бўлмасин. Бунинг менга нима алоқаси бор? Бироқ Мария ҳақида хаёл суришдан энди ўзимни тиёлмасдим. Вера буни сезардими-йўқми, билмайман. Биз чўмилиб чиқиб қуёшда тобланардик. Вера билагини менинг бошим остидан ўтказиб олганди. Бошимни буриб, унинг билагини юзимда ҳис этдим. Қалбан у билан эмаслигимни сезиб қолишидан қўрқардим. Ўзимни қўлга олишга уринардим. Лабларим билан билагини силадим. Бу ахир ёлғон-ку, деб ўйладим-да, титраб кетдим. Вера туриб ўтирди-да, менга қаради.
– Нима бўлди – сўради у, – совқотаяпсанми?
Мен бош ирғадим.
Мария ҳақида сўз очиш учун гап айлантириб, ҳозир ёдимда йўқ, қандайдир бир баҳона топдим.
– У менга ёқади, – деди Вера. – У баъзи аёллардан кўра мустақилроқ, қатъийроқ. Мана шу хусусият менга ёқади. Диди ҳам чакки эмас.
Биз унинг ким бўлиб ишлаши хусусида баҳслашдик, тахмин қилдик.
– У врач, – деди Вера.
– Рассомми ёки шунга ўхшаш бирор касбдадир, – дедим мен.
Бари бир аниқ бир фикрга келолмадик. Анча тортишдик. Мария ҳақида сўзлашиш менга хуш ёқарди. Кечқурун Мариянинг ўзидан касбини сўраб олишга келишдик. Вера, кечқурун, деди, мен кечқурун Мариянинг бу ерда аниқ бўлишига гумон қилсам-да, майли, кечқурун, деб қўяқолдим.
Мен кеч тушишини кута бошладим. Чунонам кутдимки, ҳатто у келганда, – гўё у менинг сабрсизлик билан, яна ясаниб кутиб туришимни биладигандек – тамоман ҳолдан тойгандим. Мен унга қарадим, назаримда у яшариб кетгандек эди. Уни севиб қолганимга энди имоним комил эди. Бироқ охири нима бўлишини ўйлаб ҳам кўрмасдим. Мен унинг ёнида бўлишим керак – фақат шугина муҳим эди. Биз ростдан ҳам унинг касбини сўрадик. У назарий физика илмий-тадқиқот институтида илмий ходим эканлигини айтганида мен унча ажабланмадим. Бу унга мос келарди. Ундаги айрим хусусиятлар буни айтиб турарди. Тушдан кейин қаерда бўлганини сўрашга, шубҳасиз, ботинолмадим.
Бу пайтлар Вера иккимизнинг вақтимиз кўнгиллироқ ўтарди. Кун бўйи деярли болалар билан бўлардик. Улар ҳам бизга ўрганишиб, гапимизга бўйсунадиган бўлиб қолишганди. Болалар билан осон тил топишадиган Вера кичик қизчаларни сузишга ўргатарди. Катта болалар мен билан эди.
Мен уларга ичи ковак дарахтларни, ғорларни ва ўзим илгаридан биладиган бошқа хилват жойларни кўрсатардим. Биз теварак-атроф билан танишиш мақсадида узоқ-узоқ кезардик. Нотаниш жойни тахминлаб топишга ўргатадиган турли ўйинлар ташкил этар, қизғин кураш тушардик. Баъзан Мария ҳам биз билан бирга келарди. Лекин у бунда бўлмаган пайтларда ҳам мен уни ёнимда ҳис этардим. Айниқса, унинг ўғли – онасига ҳечам ўхшамайдиган, жасур, пишиққина, узун бўйли, сариқ сочли бола ёнимдалигидан шундай бўларди. Гоҳида мен болада онасига хос бирор хислатни топардим: бошини буриши ёки ерда ўтирганида қўллари билан тиззасини қучоқлаб ўтириши, бирор киши гапираётганда қулоқ солиши унга ўхшаб кетарди. Чунки биз ёмғир ёққан пайтларда бирор ғордами ё дарахтлар остидаги қуруқ жойдами яшириниб олиб ҳикоя айтишардик. Менга Марияни яқинлаштирган мана шу лаҳзалар туфайли болани яхши кўриб қолдим.
Кунлар шу тахлит ўтарди.
Тунлар ҳам бошқача бўлиб қолди. Биздаги туйғунинг ҳижрони ҳам бор эди. Йўқ, биз буни билмасдик. Буни мен энди англаяпман. Мендаги ўзгаришни Вера сезганмиди-йўқми, менга қоронғи. Бу ҳақда гап очмасдик. Бир-биримиз билан илгаригидек муомала қилардик. Бироқ биз алдаш учун эмас, балки бир-биримизни ранжитмаслик мақсадида шундай қилардик назаримда ва буни иккимиз ҳам билардик.
Фақат охирги куни кечқурун аҳвол ўзгарди. Тўрттовимиз бизнинг чодиримиз олдида, кўл бўйида ўтирдик. Гулхан ёқдик ва қўрга картошка кўмдик. Иссиқ картошкаларни қўрдан чиқариб олиш учун Вера чўп ясаб келди. Биз ёнма-ён ўтирардик, олдимизда ликопчада туз ҳамда бир идишчада ёғ турарди. Хайрлашувга аталган вино сувга ташлаб қўйилганди. Ҳаво илиқ, тинч ва осуда эди. Бироқ мени, яна бироздан кейин Мариядан айрилиш ва уни балки бир умр кўролмаслик даҳшати қийнарди. Мен қандайдир қулай бир йўл қидирардим. Вақт ўтгани сари қийноқ тобора кучаяр ва хаёлимни чувалаштирарди. Мен уни қайта кўришим лозимлигини унга билдиришим керак эди.
Лекин қандай қилиб? Сувдан винони келтирдим. Вера қувноқ эди, эҳтимол биз кетаётганимиз учундир. Шишани очиб ҳаммага вино қуйдим. Ичдик. Бу итальян виноси эди. Оловга тикилиб ўтирардик. Ёлқинга тикилиб, унинг ҳаракатини, турфа шаклларда товланишини кузатиш завқли эди. Мен Мариянинг ёнида ўтирардим. У стаканларни яна тўлдирди. Унга стаканни узатаётиб қўлини секин силадим. Бунинг атайлаб қилинганини у пайқади ва менга қўрқув билан назар ташлади. Унинг билагини оҳиста силадим. Бу ҳаракатимни сездирмаслик учун нимадир, қанақадир тушуниксиз бир нарса дедим.
У ҳам мендек қийналаётганини билдим, фақат эндигина билдим. Буни оғзидан сездим. Оғзи бироз очилиб, лаблари титраб турарди.
Тағин бир шиша виномиз бор эди. Уни сувга ташламаёқ ичдик. Биз бир-биримиздан кўзимизни узмасдик. Мен Верани унутган эдим. Кечаси тарқа-лаётганимизда унинг қўлини қайта силадим.
Вера билан тонг ғира-ширасида жўнаб кетдик. Улар ҳали уйқуда эди. Вера ҳеч нарса сўрамади. Якшанба тонги эди. Душанба куни биз ишда бўлишимиз лозим. Уйга етиб келгач:
– Мен қайтиб кетишим керак, – дедим.
Вера шунда ҳам лом-мим деб оғиз очмади. Чарм курткамни ечмасдан буюмларни киритишга кўмаклашдим.
– Эртага азонлаб келаман, – дедим, – бошқа иложим йўқ, боришим керак. У эшикка суяниб турарди, мен жўнаб кетганимда ҳам ўша ҳолатда қолди. Мен йўлимдан қайта олишим, уни ўпиб, узр сўрай олишим мумкин эди. Бироқ кетишим ҳам керак эди.
У ерга кечга яқин етиб бордим. Болалар овқатланишарди. Қайинлар орасидаги узун столда болалар билан ўтирган Мария ўрнидан отилиб туриб менга томон югурди. Бирга ўрмонга кетдик. Лагердан анча узоқлашгач, тўхтадик. У пешанасини юзимга қўйди.
– Нима қиламиз? Нима қилишимиз керак? – шивирлади у.
Унинг ранги оқариб кетган эди. Мен нима деб жавоб беришимни билмасдим. Кўзларимдан ўт чақнарди, эҳтимол жадал йўл босиб келганимдандир ёки шу қадар бахтли, ё бўлмаса шу қадар бахтсиз эканлигимдандир. Шу алфозда узоқ туриб қолдик. Ўпишишга журъат қилолмасдик. Ундан кейин ҳамма нарсанинг ҳал бўлишини билардик. Мен унинг юзини силадим. Биз орқага қайтдик. Чодир олдида унга қўлимни узатдим, шундан сўнг қайтиб кетдим.
Веранинг юзи, оппоқ юзи, унинг кўз ёшлари – булар ҳаммаси ҳозир менга худди ярқ этган чақмоқдек туюлади.
– Оқибати нима бўлади, билмайман. Тўғриси буни билмайман, Вера. Гапнинг ростини айтиш керак-ку ахир, тушунасанми? – дейман унга.
Энг даҳшатлиси шу эдики, мен бахтли эдим. Ҳаётимда илк бор бахтли эдим. Ҳеч қачон бу қадар бахтли бўлмагандим. Ҳамма ерда, ҳар он Мариянинг чеҳрасини кўрардим. У табиат қўйнида, далаларда, қирларда, ўрмонларда, мен юрган йўлларда, шаҳримиздаги қатор уйлар узра сузиб юрарди. Пайвандлаётганимда эриётган металлнинг товланишида кўринарди. Тунда эса тинч ва осуда чеҳраси юмуқ кўзларим тубида турарди. Ҳамма жойда у эди, мен эса унга эргашиб юрардим. Тонгда бўлса бошқача ҳолатда, илгари мутлақо ҳис этмаган қувонч билан уйғонардим. Бугун пайшанба, эртага жума, шанба куни уни кўраман, деб хаёлан шошилардим.
Верани ҳар куни кўрардим. У билан ҳамишагидек муомала қилардим. Бирга овқатланишга борардик, илгаригидек ҳазил-мутойиба қилардик. Ўшанда у катта фрезер станогида ишларди. Мен уни ишдан сўнг олиб кетардим, бирга бекатга борардик. Ёнимда бораркан, у қўлига крем суртарди.
– Ғадир-будир бўлиб қолмасин, дейман-да, билдингми? – дерди кейин.
У ўзини гўё ҳеч гап бўлмагандек тутар, бу билан менга енгиллик туғдирарди. Бизга одамларнинг ҳамишагидек ҳаваслари келарди. Мен унга меҳр билан боқар ва ёрдами учун ундан миннатдор эдим. Шу билан бирга унинг олдида хижолат тортардим. Бироқ мана шу хижолатликда ҳам сохталик борлигини билардим.
Тўғриси, мен ҳали бўлаётган воқеаларни тўлиқ тушуниб етмасдим. Бунинг охири нима билан ҳал бўлишини ҳам билмасдим. Навбатдаги шанба куни у:
– Бугун мен кетяпман. С. да мактабдош дугонам бор. Ўша ёққа бормоқчиман, – деди.
Бунинг учун ундан миннатдор бўлдим. Шундай бўлса-да, мен унинг ўзи ҳақида эмас, балки кетса яхши бўларди, деб ўйлардим. Тушдан кейин мен Мария ёнига кетдим.
У жим бўлиб қолди. Чеҳраси сокин эди. Мен унга қарадим. Уни тушуна оламанми-йўқми, ҳали билмасдим. Мен шўрлик Вера ҳақида ўйламоқчи бўлдим. Бироқ у қолиб, Мария ҳақида хаёл суриб кетдим. У боргач Мариянинг нақадар қувониши, нима қилишни билмасдан довдираб қолиши, кейин унинг истиқболига югуришини кўз олдимга келтирардим. Гўё ҳеч гап бўлмагандек улар саломлашишади. Уларнинг кўзларигина юракдаги гапни айтиб туради, холос. Ке-йин у муаллима билан сўрашади. Болалар билан ҳам саломлашади, улар уни гўё ўзларини йўқлаб келган, деб ўйлашади. У болаларга бирга бекинмачоқ ўйнашга ваъда беради. Эҳтимол йўлда кўрганларини сўзлаб берар. Шунда Мариянинг кўзларини учратади.
Болалар ухлашгач, улар кўл бўйига кетишади. Тош устига ўтиришади. Аллақачон қоронғи тушган бўлади. Мен уларнинг овозларини эшитяпман, уларнинг яқинлигини, юрак уришларини сезяпман. Кейин чодирга кириб ётишади. Тонгда уйқудан турганларида уларнинг ихтиёрларида яна бутун бир кун бўлади. Биринчи кун. Уларнинг ҳақиқий биринчи кунлари, ўйлайман мен.
Ўзи ҳамма нарса энди бошланади-да, хаёл сураман яна. Уларнинг бирга қолишга умид боғлашдан ўзга ўйлари бўлмайди, дейман ичимда. Шунда қўрқиб кетдим: у ҳикоя қилаётганда ташландиқ қиз (Верани ўзимча шундай атадим) томонда эдим, энди эса нуқул Мария ҳақида хаёл сурардим. Мен Марияни боягина шу ерда, унинг ёнида ўтирганини, манглайини унинг билагига босганини ва қай тарзда чиқиб кетганини қайта кўз олдимга келтирдим. Агар ҳозир у: бу оддий адашиш, ҳозиргиси ҳам шунчаки амалга ошмайдиган қандайдир бир хаёлдан бошқа нарса эмас, деса, нақадар даҳшат бўларди, деган фикр кечди миямдан. Бу – бундай ҳоллар ҳамиша ёлғон, сароб, дегани бўлади-ку. Юрагим қаттиқ урарди. У ҳикоясини давом эттиришини истардим. Бироқ у узоқ сукут сақлади. Кўзлари менга тикилган, аммо мени кўрмасди. Сўнгра менинг сўзсиз, талабчан саволимга жавоб қайтарди:
– Мария иккимизнинг ўртамизда кейин нима бўлганини тасвирлаш жуда оғир.
Биз қайиққа ўтириб кўлнинг нариги қирғоғига кетдик, у ер бизнинг қирғоқдан кўра бошқача, анча тикроқ эди. У ердаги текис тош устида узоқ ўтирдик-да, сокин, тубида ранг-баранг тошлар кўриниб турган тип-тиниқ сувни кузата бошладик. Гоҳида Мария оёғининг учи билан сувни ҳаракатга келтирар, шунда сув тубидаги тошлар жилоланарди.
Бизнинг севгимиз ҳам ана шундай.
Мен ўз-ўзимдан шундай фикрга келганим йўқ, биз ёнма-ён ётган биринчи кечада мен шундай туш кўрдим: тушимга тип-тиниқ сув кирганмиш, унинг тубидаги тошлар қуёш нурида товланармиш. Уйғонганимдан сўнг, бизнинг севгимиз ҳам ана шундай деб хаёлдан кечирдим. Марияни эслаганимда ҳам у менга ўшандай: тиниқлик, сокинлик, софлик, бебаҳолик тимсоли, қўйингчи, бутун борлиғи билан бениҳоя шодлик манбаи бўлиб туюлади. Илгарилари ҳам шодлик нималигини биламан, деб юрарканман. Лекин бу, шодлик ҳақидаги тасаввурдан бўлак нарса эмас экан. Ажойиб кун нималигини биламан, деб ўйларканман. Дарахт, майса нима, булутларнинг сузиши-ю ўрмон оралаб кетган сўқмоқ йўл нима – буларни биламан, деб ўйларканман. Кейин англасам, мен шу пайтгача ҳеч нарсани равшан кўрмаган, ҳеч нарсани билмаган ва ҳис этмаган эканман. Гўё буларнинг барчаси қия очиқ эшик ортида эди-ю, менинг уларга тасодифан биргина назар ташлашим кифоя эди. Йўлимда қуёш нурининг жилвасини кўрарканман, бир кун келадики, уни чинакам кўраман, деган умиднигина ҳис этиб юрган эканман. Дарахтни, унинг бўйини, шох-бутоқларини, япроқларини кўрардим-да, ўзимча, бу дарахт, деб қўяқолардим. Қушларнинг учишини кўрардим – қаноти бор, учади. Аммо ўзим англаб, ҳис этгачгина ҳақиқий парвоз нималигини кўрдим, буларнинг барчасини мен шу пайтгача билмасдим. Кишиларга муносабатим ҳам шундай эди. Биров чиройлими ёки хунукми, ақллими ёки ақлсизми, ҳарқалай, ажрата оламан, деб ўйлардим. Бироқ ўша одамнинг ўзини – на ақлли ё ақлсиз, на чиройли ё хунук, балки мудом тиниб-тинчимайдиган, гоҳ ақлли, гоҳ ақлсиз, гоҳ хунук, гоҳида чиройли шахсиятини кўрмас эканман. Мен унинг ҳис-туйғуларини, унинг интилишларини, зеҳнини, унинг фикрлашини билмаганман. Ҳатто Верани ҳам билмас эканман. Энг ёмони шу бўлдики, одамларга ҳам шундай кўз билан қараганман. Мен… – у бироз тўхтаб олиб сўзида давом этди, – худди қадам ташласа ҳам оёқлари остидаги ерни ҳис этмайдиган кишидек яшаганман. Заминда маҳкамроқ туриш учун нима қилиш лозимлигини билмаганман.
Мана шуларнинг барчасини энди бошқача назар билан кузатадиган бўлдим. Тўғрироғи, биз бунга икковимиз биргалашиб эришдик. Чунки Мариянинг ҳам ҳолати меникидек бўлган. Олдинига буни пайқамай юрдим. Мени атрофга бошқача назар билан қарашга, ҳаётни чуқур тушуниб етишга, ундаги буюк ҳақиқат ичига кириб боришга ўргатган нарса ундаги етуклик, шахсиятидаги қудрат, куч, деб ўйладим. Лекин у ҳам худди мендек экан. Биз бирга гўё бир одам эдик. Бир-биримизни янада етук қилиб, тўлдириб турардик.
Дастлабки кезларда Мариясиз ёлғиз қолганимданоқ ўзимдаги янгича ҳис-туйғуни тағин йўқотиб қўярдим. Душанба куни эрталаб ишга келиб, паришон ҳолда нима қилишимни билмай турардим. Эриётган металлнинг жилоланиши мени қийнар, толиқтирар, цехдаги машиналарнинг шовқини ғашимга тегарди. Кечқурунлари китоб ўқирканман, фикрларим чалкашиб кетар, уларни бир жойга тўплаёлмасдим. Очиқ саҳифага тикилганча Марияни ўйлаб кетардим. Мен унинг ёнига, ўзимни янгича ҳис қила оладиган ўша бирдан-бир жойга кетишни орзу қилардим. Анчадан кейингина ўзимни бир оз тутиб олдим. Бундай ҳолат ҳеч нарсадан ҳайрон қолмайдиган бўлганимдан сўнг юз берди ва мендаги бу янги ўзгариш зилол сув тубидаги ялтироқ тошларга ўхшар эди. Шу пайтлар ишим ҳам энди бошқача бўлди.
У илк марта ёдга олинаётган воқеа ҳақида гапираётгандек тутилиб-тутилиб сўзларди.
– Қандай мақсадни кўзлашимни илгаридан ҳам билардим, албатта. Одамларнинг ишини енгиллатадиган, ҳатто уларни оғир ишдан озод қиладиган машиналар яратишни истардим. Бироқ, аввало инсон нималигини билмаганман. Рост. Мен буни билмаган эканман. Мен ундаги қудратнинг нақадар улуғлигини билмаган эканман. Ҳатто ўзимни ҳам англаб етмаган эканман-да. Қандай тушунтирсам экан? Мария мени севганидан буён, мени севувчи инсон у бўлгани учун ўзимни юксакликда тасаввур этаман. У…
Эркак жим бўлиб қолди. Мени унутиб қўйди, деб ўйладим. Қимирлашга журъат қилмасдим. Бир оздан сўнг деди:
– Тушунасизми? Сўзлаш оғир. Эҳтимол мени тушунарсиз.
Улар кўл бўйидан аллақачон кетишган, биз гоҳ менинг, гоҳ унинг шаҳрида учраша бошладик. Учрашувларимиз орасидаги вақтни зўрға ўтказардик. Мария ўзини тута биладиган, мулоҳазалироқ бўлса-да, мен “биз” деяпман. Биз иложи борича шанба кунлари учрашишга келишган бўлсак-да, мен оралиқда, чоршанба ёки жума кунлари ҳам борардим-да, эртасига азонда ишга етиб келардим. Борган сари аҳвол қийинлашар, бир-биримизга янада қаттиқроқ боғланиб борардик. Биз бирга бўлишга, ҳеч бўлмаса бир шаҳарда яшашга қарор қилдик. Бунинг учун мен ишимдан бўшашим керак эди. Мария институтдан кетолмасди. Олдин бу шунчаки жўн ишдек туюлди. Мен Марияга яқин жойдан иш ахтардим.
Энди Вера ҳақида гапираман. Мен Верани унутгандим. Уни ҳар куни кўрсам-да, унутгандим. Унга дуч келиш менга ҳатто малол келабошлади. Баъзан чидаёлмасдан: “Нима истайсан мендан? Аҳволни кўряпсан-ку!” деб юборгим келарди. Шундай бўлса-да, у билан яхши муносабатда бўлардим ва унга юрагимни очмаганимдан ўзимни гуноҳкор сезардим. Шу боисдан мен корхонадан ва шаҳримдан кетганимдан афсусланмадим.
Вера заррача қаршилик қилмади. Айнан шу нарса мени қўрқитди. Йўқ, ҳаяжонга солди. Бироқ буни юзага чиқаришни истамасдим. Эҳтимол ҳаддан ортиқ банд бўлганимданми, бу ҳолатни ўзимдан нари қувардим. Кейинроқ Вера Юрген исмли муҳандисимиз билан учрашадиган бўлди. Мен уларни тез-тез, кўчада, кинода бирга кўрардим. Ҳаммаси тинчгина ҳал бўлди, у ҳам бошқа бировни топди, энди ёлғиз эмас. У ҳақда қайғурмасам ҳам бўлади, дея ўзимни юпата бошладим.
Мария мендан Верани сўраганда унга муҳандис ҳақида сўзлаб бердим. У менга савол назари билан қаради. Мен бош чайқадим: қўявер, шундай бўлгани яхши. Шу билан бирга бунинг яхши эмаслигини ҳам билардим. Вера Юрген билан атайлаб мени учратадиган жойга боришини билиб турардим. Юрген унга бутунлай бошқа мақсадда, яъни мени кутмаётганлигини, руҳан тетиклигини исботлаш учун кераклигини пайқаш қийин эмасди. Бу шундоқ кўриниб турарди. Бундай бўлиши мумкин эмаслигини, Юргенни ҳам ўйлаш лозимлигини англардим. Бу ҳам ўз-ўзимни алдашдан бошқа нарса эмас эди. Аммо худди шу нарса – Веранинг аҳволини кўриб туришим, лекин бунинг олдини ололмаслигим мени иложи борича тезроқ кўчиб кетишга ундади.
Мен Марияга яқин жойдаги вагон заводида ишлай бошладим. Биз ҳар куни кўришиб турардик. Верани деярли ортиқ ўйламай қўйдим.
Якшанба кунларидан бирида Паула билан Ирмгард менинг олдимга келишди. Улар Веранинг бригадасидан эди. Қизлар мендан гина қилишди.
– У бунга чидаёлмайди, – дейишди.
– Нега у Юрген билан қолавермайди? – деб сўрадим.
Уларнинг юзларига қараёлмасдим.
– У фақат Юрген билан эмас, бугун биттаси, эртага бошқаси билан учрашади. Бунга сен айбдорсан, – жавоб беришди улар.
Ғазабим қайнаб кетди. Уларнинг аралашишга нима ҳақлари бор? Улар ҳеч нарсани билишмайди-ку. Бировнинг шахсий ишига нега бошқалар аралашади? Биров бировга қарамми? Улар мендан нима истайдилар? Энг асосий нарса тўғрилик. Мен виждонсизлик қилганим йўқ. Нима ўйлаган бўлсам, қизларнинг бетига айтдим. Хафа бўлиб жўнаб кетишди.
Уларнинг келишганини Марияга айтолмадим. Нимадир мени тутиб қолди. Бироқ ўз-ўзимга яккаш, бунинг бошқаларга алоқаси йўқ, дердим. Улар нимани билишади? Бир нарсага ақллари етса, бошқасига етмайди. Улар Марияни билишмайди. Тўғриси, мени ҳам яхши билишмайди. Улар мени зангори кўзойнакда иш устида эгилиб турганимни кўришган, холос. Юзимни ёритган нур мени фақатгина ташқи томондан уларга кўрсатган. Ишдан қайтаётганимда эса, улар менинг ҳали ёш бўлсам-да, букилган елкамнигина кўришган. Улар мени ошхонада, Вера билан шошиб-пишиб овқатланаётганимда кўришган. Бунда кўрадиган ҳеч вақо йўқ. Гоҳо мажлисларда сўзга чиқардим, бу жуда камдан-кам бўлиб, диққатни ҳам тортмасди. Шунинг учун уларнинг аралашишга ҳақлари йўқ, деб ўйладим.
Лекин ўша кундан сўнг Веранинг чеҳраси кўз ўнгимдан кетмай қолди. Уни хаёлимдан қуволмасдим. Уни унутмаганимни, у ҳали қалбимда эканини англадим. Унинг кулишини тасаввуримда жонлантирардим, лекин бу унинг кулгисига ўхшамасди.
Кўнглимдаги нотинчликни Марияга сездирмасдим. Бунга чек қўйишим лозим, деярдим. Хато қилаётганимни билардим. Аммо, уни ранжитмаслигим лозим, деб ўйлардим. У ўшанда мураккаб бир масала устида бош қотирарди, – у ҳаяжон ичида олдинга эгилди, – микроскопик жисмларнинг ҳаракат қонунлари устида. Эйнштейн яратган ягона майдон назариясининг охирги вариантларидан келиб чиқадиган турли хил назариялар мавжуд. У микроскопик жисмларнинг тўғри чизиқ бўйлаб эмас, балки Эйнштейн кўрсатганидек эгри чизиқ бўйлаб ҳаракат қилишини исботлашга уринарди… Бу биз тасаввур қилганчалик оғир масала эмас. Буни ҳар томонлама чуқур ўйлаб, мағзига кириб борсангиз, анча қизиқ. Мен ҳали бу ҳақда унча кўп нарса билмайман. Ўшанда Мария катта анжуманга тайёрланаётган эди. Институтдан кеч қайтар ва ярим кечагача ҳисоблаб ўтирарди. Мен дарҳол бирор егулик тайёрлаб, ёзув столига қўярдим. Бошини кўтарганда унга кўзим тушсин учун рўпарасига ўтириб олиб китоб ўқишни яхши кўрардим. Уни энди аввалгидан ҳам ортиқроқ севаман, деб ўйлардим.
Ҳаётим тушга ўхшарди. Мария билан ҳамиша шу тахлит яшайвераман, деб хаёл қилардим, шундоқ жўнгина хаёл қилардим. Биримиз иккинчимизга тиргак бўлиб, ширин, мусаффо бир бутунликни ташкил қилиб яшайверамиз, деб ўйлардим. Бу яна ўша зилол сувни ва унинг тубидаги ялтироқ тошларни эслатарди. Кейин хаёлим Верага кетарди. Назаримда биз ҳамма нарсани эндигина бошлаганмиз-у, гўё бир қарорга келинган-у, бирон нарса охирига етказилмаган эди. Бу дарахтлар орасидан жимирлаб кўринаётган зангор денгиздек хаёлий, бажариб бўлмайдиган ваъдага ўхшарди. Кўз олдимда номаълум, совуқ, қуп-қуруқ келажак гавдаланарди.
Марияни иш эзиб ташлади. Нафақат иш. Азобланаётгани қўллариданоқ кўриниб турарди. Буни кўриб юрагим эзилиб кетарди. Мен уни бениҳоя севардим. У менга қараса, мен бошимни четга бурардим. Ўзим, ёлғиз ўзим бор муаммони ҳал қиламан, деб ўйлардим…
Суҳбатдошим яна ўзини орқага ташлади. Юзи аниқ кўринмасди, аммо тиззасида ётган қўлларини аниқ кўриб турардим.
– Кейин Марияга буни айтдингизми? – сўрадим мен.
– Йўқ, – дея бошини чайқади у. – У аллақачон ўзи сезган эди. У менга: “Веранинг олдига бор. Унинг аҳволидан хабар ол. У билан сўзлаш” деди. Ишнинг нима билан ҳал бўлишини у биларди, лекин бу ҳақда оғиз очмасди. “Аввал у ёққа бор” деди.
– Сиз бордингизми?
– Ҳа, ўша шанба куниёқ бордим. Верани кўчада учратдим. У ёшгина бир аскар йигит билан кулишиб турарди. Мени кўргач, ҳамроҳини кўчанинг нариги томонига етаклади. Бу витриналарга бой гавжум кўча эди. У ясаниб-тусанган, бунинг устига ниҳоятда гўзал эди. Мен кетидан бордим. У бегона киши билан турган бўлса-да, унга мурожаат қилдим:
– Вера, сен билан гаплашмоқчийдим, – дедим.
– Марҳамат, – жавоб берди у ва гўё мен у билан ўша ерда, анави йигит олдида гаплашаверадигандек. – Ахимга кейин барибир ҳаммасини айтиб беришим керак, – деб қўшиб қўйди-да, қаҳ-қаҳ отиб кулди. Бу даҳшатли эди. Жавоб тариқасида нимадир дедим-да, бурилиб кетдим. Кечқурун уйига бордим. У ҳалиям ўша эски жойда яшарди. У кечқурун анча босилиб қолган эди. Гўё мен маълум бир муддатга таътилгами ёки шунга ўхшаш бирор ёққами кетиб, ё даволаниб қайтиб келгандек унинг ўқиши, корхона ҳақида гаплашиб ўтирдик. Мен уникидан тезда кетдим ва уйга кечаси етиб бордим.
– Мария-чи? У нима қилди?
– У ҳаммасини биларди. Ҳеч нарса сўрамади ҳам.
– Сиз кетишга астойдил қарор қилганингизни ҳамми?
– Биз иккимиз шундай қарорга келгандик. Мария иккимиз.
– Энди-чи? Бугун, демоқчиман.
– Эртага Мария анжуманда бўлади. Мен кетяпман. Вокзалда мени Вера кутиб олади.
– Шу ишингиздан хурсандмисиз?
У менга тикилиб қаради.
– Ҳа, – деди у, – биласизми, биз қатъий қарорга келганмиз.
– Шундай қилганларингиз Мария учун ҳам тўғри бўлган, деб ўйлайсизми? – сўрадим мен, – мени кечиринг-у, иккингизнинг муносабатингизни ҳозиргина кўрдим-ку.
Мен ҳаяжонланардим.
– Ҳа, унинг учун ҳам шундай қилганимиз тўғри.
Бу одамнинг гўзаллигини эндигина пайқадимми ёки бўлмаса у ҳозир аввалгидан ҳам гўзаллашиб кетдими, билмайман. У олдинга энгашди.
– Агар биз ҳеч гап бўлмагандек бирга қолаверганимизда, – деди у хотиржам оҳангда, – ҳамма нарсани бузган бўлардик, бир-биримизни алдаган, чалғитган бўлардик. Биз, мен ва Мария, иккимиз бир одаммиз. Қалбан ягонамиз.
Биз узоқ жим қолдик. Кейин у ёқ-бу ёқдан гаплашиб кетдик. У тўғри йўл тутганми-йўқми, билмасдим. Буни мен фақат кейинроқ, уйда ёлғиз қолганимдагина тушуниб етдим.

Немис тилидан Янглиш Эгамова таржимаси