Мара Свире. Медаль (ҳикоя)

— Айна, ассалому алайкум, айланай, — Марта кассир жувонга хуш¬муомалалик билан жилмаяди. — Қара-я, сени ойнадан ясалган қанақа чуғурчуқ инига ўтқазиб қўйишибди! — бошини сарак-сарак қилиб гапирди у.
— Нима бало, қайта қуришдан кейин идорага бош суқмаганмидинг? —деди кассир ҳайратланиб.
— Ахир мен бузоқларнинг думига боғланганман-да, — кулади Марта. — Мана энди яқин-йироққа буткул чиқармасдан қўйишди. Шу важдан мен уларга барвақт ем-хашак бердим-да, автобусга ўтирдим: одамлар орасида бўлишни кўнглим тусаб қолди. Пул учун келмаган бўлардим. Пулни Гунтис ҳам олиб келиб бераверарди.
— Модомики, пулни ишониш мумкин экан, демак, куёвдан роса ёлчибсан. Гоҳо эса шундай бўлади: битта-яримтасига эрталаб пулни бераман, кечқурун уйга қайтаётиб қарасам, ўша шоввоз дўкондан бир одим ҳам нари кетмабдида-а.
— Мен ҳар қанақа пандавақи эркакни ўзимга куёв қилиб ўтирмасдим.
— Модомики, шундай экан, Дзидра кимга турмушга чиқиш, кимга турмушга чиқмаслик хусусида сендан маслаҳат сўраган бўлса керак?!
— Афтидан, масалани унинг ўзи ҳал қилган кўринади. Менинг қизим-а.
— Ҳа-да, мен гапнинг индаллоси учун шундай дедим. Рўйхатни қарай-чи, қаерда экансан… Лейманис… Лейниеце… Аҳ-а, мана, Ленцмане! Фамилияси “Л” ҳарфи билан бошланадиган одамлар кўп-да, дарҳол тополмайсан, киши.
— Ахир ўзингнинг фамилиянг ҳам “Л” билан бошланади-ку?! — эслатади Марта.
— Мен сўнггисиман, мендан кейин “М” бошланади — фамилиямни ҳатто тунда гугурт ёқмасдан топа оламан.
Айна Лусте рўйхатни жувонга узатади, қаерга имзо чекиш лозимлигини бармоғи билан кўрсатади; Марта эса рўйхатга қиё ҳам боқмасди. У сумкасини титкиларди — кўзойнагини қидирарди. “Ё азиз-авлиёлар, — кассир “уф” тортади, — наҳотки кўзойнаксиз имзо чекиш шунчалик машаққатли иш бўлса?! Кўзойнак деган жонивор сумканинг энг тубида ётган бўлса керак”. Марта харид қилган буюмларини бирма-бир чиқаради. Модомики, шундай экан, бу узоқ фурсатга чўзилиши тайин. Кассир вақтни ўтказиш учун сўрайди:
— Нега фахрийлар кечасига келмадинг? Раис рўйхатдан фамилиянгни ўқиди, оркестр эса сенинг шарафингга куй чалиб юборди. Ҳамма бошини у ёқдан-бу ёққа ўгириб қаради: кўзлари билан сени қидирди. Ленцмане эса йўқ. Раис зоотехникка нигоҳ ташлади, Велта “билмайман” дегандай елкаларини қисди…
Марта пешонаси олов бўлиб ёнаётганини ҳис қилди: агар асабийлашса ҳамиша шундай бўлади. У бошини эгиб олганича жаҳл билан сумкасини титкилайди ва сукут сақлайди.
Айна эса бу аснода фикрини давом эттиради:
— Тайёргарликни жа жойига қўйишипти, азаматлар. Ҳар бир фахрийга уч донадан атиргул улашишди. Атиргулларки… пояси бамисоли таёқдай йўғон, япроқлари муштумдай; оркестр куй чалиб турди, болалар боғчасидан келган кичкинтойлар қўшиқ айтишди, ёши ўтиб қолган биздақа кимсалар эса рақсга тушишди. Ўз-ўзидан англашиладики, кейин ҳамма дастурхон теграсига ўтди… Оҳ, сал бўлмаса энг муҳим воқеани унутаёзибман: медаллар! Бу гал менга медаль тегмади. Бунинг учун ўзим айбдорман. Колхоз ташкил этилган дастлабки йилларда аҳмоқлигим туфайли шаҳарга кетиб қолганман. Ҳечқиси йўқ, ҳадемай мен ҳам оламан. Чиройлилигини айтмайсанми, уларнинг? Сенинг медалинг бош зоотехникда. Кириб олгин.
Марта, ниҳоят, кўзойнагини топди. Уни бурни устига қўндирди-да, шиша орқасидан кассирга тикилди:
— Бирон-бир фойдаси борми: темир!
Айнага унинг нигоҳи зардали кўринди, албатта, бунда кўзойнакнинг қалин шишаси айбдор бўлса кераг-ов. Нега энди Марта зарда қилади — ахир у ҳеч вақо йўқотгани йўқ-ку?! Медални бўри ермиди: тураверади. Кассир пулни яна бир марта санаб чиқди-да, такрорлади:
— Киргин, киргин! Фикримча, Велта ҳозир жойида ўтирган бўлса керак. Боягина ўтиб кетувди.
Марта пулни ҳажман каттагина бўлган, титиғи чиқиб кетган ҳамёнига солди, хайрлашди-да, йўлга тушди.
Бир ками ўша зоотехник аёлни қидириш қолувди. Бу узундан-узоқ равоқда адашиб кетасан, эшикларни тақиллатавериб, чарчаб қоласан, киши.
Равоқнинг охирида эшик очилди. Қандайдир аёл унга томон кела бошлади. Ёруғлик аёлнинг ортидан тушиб тургани боис, унинг юзи сояда қолмоқда. Улар бир-бирига рўпара бўлганларидагина Марта унинг кимлигини фаҳмлаб етди. Қаҳрамонимиз ортига ўгирилиб қайтиб кетмоқчи бўлди-ю, аммо бир лаҳза иккиланиб қолди; афсуски, кечикди. Бош зоотехник гўё уни кутиб тургандек эди.
— Мана, менинг Мартажоним! Хўш, ассалому алайкум! Хонамга киргин, сенга медаль бераман.
Мартанинг пешонасини яна олов ялаб ўтгандек бўлди. Худо ҳаққи, гўё мутлақо айби йўқдек гангир-гунгур қилади! Буниси энди ҳар қандай меъёрдан ошиқ. Ҳозир у дилидаги ҳамма сўзларни унинг юзига солади… Бироқ зарур, энг кучли ва энг тўғри сўзлар қаёққадир қочиб кетди, оғзи очилди, товуш эса йўқ. Шу сабабли Марта ўзини сўкканича зоотехникнинг ортидан судралиб бормоқда эди.
Хона каталакдай тор экан. Жиҳозлар шундай қўйилганки, ҳатто ўгирила олмайсан, киши. Ёзув столи, ҳужжатлар солинган жавон, сейф (“Мана буни зоотехникнинг хазинаси дейиш мумкин”, — деб ўйлади Марта), бурчакда юмшоқ оромкурси, стол теграсига стуллар тизиб қўйилган — мебелнинг ҳаммаси яп-янги. Деразага нафис, оқ матодан иборат парда осилган. Бамисоли иш кабинетига эмас, балки аллақандай меҳмонхонага кириб қолгандек ҳис қиласан ўзингни. Марта эслади: қайта қуришга қадар ҳамма етакчи мутахассислар битта бинода ўтиришарди. У маҳаллари Марта ҳали сут соғувчи бўлиб ишларди. Сигирларга пичан ёки силос солиб келишмайдими — шикоят қилгани югур. Гоҳ шундай бўларди: етиб борасан, кабинетда ёлғиз муҳандис ўтиргани кўйи томоғини йиртгудек бўлиб, телефон орқали ким биландир сўзлашади, зоотехник эса йўқ. Ҳа, у маҳаллари Велтанинг югуришдан қўли бўшамасди. Уни ҳам бош зоотехник дейиш, ҳам бош зоотехник эмас, дейиш мумкин эди. Мактабни эндигина тамомлаб келган қизалоқ бўлганидан кейин тракторчилар унга қулоқ солишармиди? Ҳозир эса замон ўзгарган — буйруқ оғзингдан чиқиши биланоқ трактор тариллаб ишга тушади.
— Вой, Марта, нега тик турибсан, ўтиргин, — зоотехник юмшоқ оромкурсини кўрсатди.
Марта оромкурсига ўтирди, аммо, назарида унга қулоғига довур чўкиб кетди. Йўқ, бу аҳволда Велтанинг олдида ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш осон кечмайди. Шу сабабли у ўрнидан туради-да, стол теграсидаги стулга ўтиради, кабинет эгаси билан юзма-юз бўлиб қолади.
Бош зоотехник сейфни очди, унинг қуйи токчасидан кичкинагина қутичани ва икки букланган қоғозни олди. Марта бўйнини чўзиб қаради — бу медаль дегани қанақа аъмол экан, ўзи?
Зоотехник ундан қутичани олди, гўё олтин ялтирагандек, ҳаммаёқ нурга тўлиб кетди. Зоотехник Мартанинг ёнига келди-да, жилмайганича, қўлини чўзиб, деди:
— Колхозимиз фахрийсини табриклайман!
Марта стулнинг энг чеккасига, бамисоли қорақарғадай тик тургани кўйи “миқ” этмади, рўпара бўлишни ҳатто хаёлига ҳам келтирмади.
Зоотехникнинг юзидаги табассум ўрнини ҳайратланиш ҳисси эгаллади. Унинг ўнг қўли пастга тушади, чап қўлида эса ялтираб турган медаль.
— Олмайман, — оҳиста, аммо қатъий овоз билан деди Марта.
— Бу қанақа ҳазил бўлди, Мартушка! — Зоотехник, афтидан, кулмоқчи бўларди, бироқ шу нарса аниқ кўриниб турарди: йўқ, унинг юзи кулгидан йироқ эди. Зоотехникнинг кўриниши медаль бераётган одамни эмас, балки тиланчилик қилаётган гадойни эслатарди.
Марта ёрилиб кетган бармоқларини бир-бирига чалиштиргани кўйи ўтирарди. Бош зоотехник унинг рўпарасида яна қанча туради? Ниҳоят, Велта медални кафтига қисади, кескин ўгирилади, столни айланиб ўтиб, ўзининг жойига бориб ўтиради, медални олади-да, ётган қоғоз устига қўяди. Модомики, ҳеч кимга керак эмас экан… Нега Ленцмане ўжарлик қилди, бирон-бир киши унинг иззат-нафсига тегдими? Бу аёлнинг меҳнатини ҳамиша қадрлаб келишди — пул билан ҳам, эзгу сўз билан ҳам. Нима қилмоқ керак? Раис албатта сўрайди: “Медални эгасига топширдингми?” — деб. У бунақа нарсаларни унутмайди. Кўзларига тик боққанича сўрасамикин? Фақат Ленцманенинг қалби варақланадиган тақвим эмас. Уни ҳамма ҳам варақлай олмайди.
Зоотехник Мартанинг юзига тикилади. Ҳеч қанақа қаримабди. Бундан ўн беш йил муқаддам — у Велта Пенезе бу ерга ишга келганида қандай бўлса, шундайлигича қолибди. Колхознинг энг яхши сут соғувчиси Марта Ленцмане. Ориқдан келган, юзини ажинлар қоплаган аёл, қуёш ва шамолдан юзи қизғиш-жигарранг тусга кирипти… Бўйни эса нақ иягига довур оппоқ рангда. Мартанинг бошидаги рўмоли тугуни унинг байрамларда киядиган кўйлагининг камтаргина, чуқур ўйилган ёқаси билан ана шу иягини яшириб турарди. Ҳар гал Марта мажлис раёсатида ўтирганида Велта бу юздан ва бўйиндан нигоҳини узолмасди: мазкур аъзолар гўё улар икки турли одамларга мансубдек шунчалик бир-бирига зид эди. Ўшанда зоотехникнинг назарида Мартанинг ёши қайтиб қолгандек туюлганди. Қирқ ёшдан ошгандек… Ўшандан бери, эҳ-ҳе, орадан қанча йиллар ўтди, қанча сувлар оқиб кетди. Улар бир-бирлари билан тез-тез учрашиб туришди. Модомики, тез-тез учрашиб тураркансан, ўртада юз берган ўзгаришларни пайқамайсан, киши. Ажинлар қаердан пайдо бўлади? Чамаси унинг юзида битта ҳам ажин йўқ эди, энди эса кўзларининг ёнида бутун бошли тўр жой олибди… Марта бидонларни яхдонга кўтариб қўйиш оғирлик қилаётгани, қаттиқ оғриқдан белини кўтара олмай қолаётгани хусусида шикоят қилганида, Велта бир фикрдан гангиб қолди: наҳотки Марта кексайди… Яхши ҳамки Дзидра онасининг ўрнини босди, акс ҳолда, Велта сут соғувчини қаердан топарди? Янги фермада ишлаш, англашиладики, унчалик қийинмас, бироқ шунга қарамасдан, худо ҳаққи, манави механизациялаштирилган молхонани қуриш унда ишлаш ҳақида хоҳиш билдирадиган одамларни топишдан кўра осонроқ.
Марта ҳам зоотехникни кўздан кечирди. Қара-я, Игна еган итдай ориқ қизалоқ тоғни урса толқон қиладиган жувонга айланибди. Қанақа кулфатлар уни қийнаяпти экан: сенга қараётганлигини ҳам, қарамаётганлигини ҳам билиб бўлмайди. Ёмон инсон эмас, унинг бақирганини ҳам, сўкинганини ҳам шу чоққача ҳеч ким эшитмаганди. Фақат ҳақиқий самимият йўқ, сўзлари бамисоли ичимликдан бўшаган шишадай гап. Марта ўрнидан қўзғалади, ахир қанча ўтириш мумкин, аллақачон уйига йўл олиш фурсати етиб келган.
— Тўхта, тўхта, — уни тўхтатади зоотехник.
— Вақтим йўқ. Автобусга кечикаман.
Велта соатига қаради.
— Автобуснинг жўнаб кетишига йигирма дақиқа бор. Бекатда тормоз бераётганида югуриб етиб олиш мумкин.
— Сен югуриб боришинг мумкин. Менинг эса ёшим қайтиб қолган.
— Мана мен ҳам йиллар тўғрисида гапирмоқчи эдим. Меҳнат билан ўтган йиллар тўғрисида. Мана бу сўзларимни қулоғингга қўрғошиндек қуйиб олгин… — Зоотехник шу аснода медални Мартанинг ёнига суриб қўйди.
Мартанинг кўзлари мошдай очилиб, ҳушини йиғиштириб олди:
— Ана, гап қаерда экан! Медални ими-жимида топширмоқчисанда-а. Сенинг меҳнаткаш қўлларингга, туз йиғилиб, букилмас бўлиб қолган белингга раҳмат, демоқчисан. Ўзинг ҳам мени нега қувончдан сакрамаяпти, деб таажжубланаётган бўлсанг керак! Аҳмоқ одамни бошқа жойдан излагин! Олмайман!
Зоотехник, ниҳоят, Марта бунчалик тўнини тескари кийиб олгани сабабини тушуниб ета бошлади.
— Нима сабабдан кечага келмадинг? — сўради у.
— Мени кечага ҳеч ким таклиф қилгани йўқ, — гап қайтарди Марта.
— Қанақасига? — бош зоотехник таажжубланганича қошларини чимирди. — Ахир мен Тамарага тантанали мажлисга маъмурият номидан Мартани таклиф қилгин деб тайинловдим-ку?!
— Билиб қўйгин, агар сенинг туғилган кунингга ҳам Тамара таклиф қилса, бормайман.
— Топган гапингни қарагин-у, Мартушка, — зоотехник деярли эркалан¬гандек гина қилиб деди, бироқ ёноқлари қип-қизариб кетди. — Гўё бу менинг халпана зиёфатимдек. Тантана сенинг шарафингга уюштирилганди.
Ҳим-да, бу ерда олтин ҳарфлар билан битилган таклифномалар тарқатиш назарда тутилганлиги хусусида сўзлаб бериш мумкин эди. Афсуски, кечикиб мурожаат этишди: типография таклифномаларни чоп қилиш ҳақидаги илтимосни рад этди. Бироқ Мартанинг бунақа ички англашилмовчиликларни билиши зарурмиди? Ишни охиригача бажармаганликлари хусусида энди гапириш не ҳожат, таклифномалардек майда-чуйда иш — шуям гап бўлди-ю. Зоотехник ҳам сукут сақлар эди.
— “Сенинг шарафингга!” эмиш, — Марта калака қилиб дейди. — Шараф деган нарсанинг ўзи қаерда экан? Ортимдан ҳатто автобус юборишмади.
— Ана холос! — деди зоотехник қулочини ёйиб. — Куёвинг ўзининг “Жигули”сида олиб келиши мумкин эди-ку?! Биз автобусни ўз транспортига эга бўлмаган одамларнинг ортидан юбордик.
— Менинг ҳам транспортим йўқ. Нима учун бунақаларнинг олдида ялиниб-ялтоқланишим керак экан? Афтидан, ҳали бундай обрўга эга эмассан… — Марта эшик томон одим ташлади.
Энди ростдан ҳам Велтанинг жаҳли чиқди: қара-я, у гапни қанақасига тескари ўгириб юборди! Бунақасини Мартадан ҳеч ким кутмаганди; камтаргина, бировга даъвоси йўқдек кўринарди. Демак, йиллар давомида ўз феъл-атворини одамлардан пинҳон сақлаган. Асл башараси қанақа эканлигини энди кўрсатди. Кетса, кетавермайдими? Бош зоотехник унинг ортидан югуриб бормайди, этагини-да ушламайди. Ростдан ҳам! Гўё биров айбдордек! Ўзи уйда қолган. Куёвига илтимос қилганида олиб бориб ташлаган бўлар эди. У ройишли одам. Йўқ, колхоз машинаси унга атайлаб бориши керак: марҳамат, ўртоқ Ленцмане, ўтиринг!
Марта дарҳол кетмади; тўхтади, сўнг ортига ўгирилиб, деди:
— Менинг ўрнимга одам топгин!
Ҳали шунақами? Зоотехникнинг кўзларида яшин чақнади, аммо ана шу чақмоқни дарҳол киприклари билан ўчирди. У Мартага яна тикилди: аёлнинг нигоҳи хотиржам, ҳатто меҳрибонлик билан боқарди.
— У ҳолда қанақа иш билан банд бўлмоқчисан?
— Саломатлигимнинг мазаси йўқ, устига-устак, невараларимни ҳам боқишим керак.
— Нима, Ригага кўчиб кетмоқчимисан? Ахир Дзидранинг фарзандлари аллақачон мактабга қатнашади-ку?!
— Балки Ригага кўчиб ўтарман, балки бошқа жойга… — Марта лабларини қисди.
Зоотехник Мартанинг айтиб битирмаган сўзларини тушуниб етди: “Сенинг нима ишинг бор!” — демоқчи.
Мисли кўрилмаган кор-ҳол юз берди: шу чоққача энг узоқда жойлашган ферма борасида участка зоотехниги у ёқда турсин, ҳатто бош зоотехник ҳам қайғураётгани йўқ эди; буқачалар бир кеча-кундузда қарийб тўққиз юз граммдан семирмоқда, борди-ю, уларнинг ошқозони бузилиб, ичбуруғ бўлиб қолса, Марта бошқа бузоқбоқарларга ўхшаб ёрдам сўраб югурмайди, гажакўт, ғозпанжа, худо билади, яна аллақандай гиёҳларни қўшиб қайнатади-да, уларга ичказади; қарабсизки, буқачалар ичбуруғдан халос бўпти. Бунақа молбоқарни қаердан топиш мумкин? Велта хаёлан чекка-чеккада истиқомат қилаётган одамларни бирма-бир назардан ўтказди: уларнинг биронтаси ҳам Мартанинг ўрнини босолмайди — биттасининг ўз иши бор, иккинчисининг ёши қайтиб қолган, учинчисининг кучи етмайди, тўртинчисининг бунақа юмуш билан банд бўлишга хоҳиши йўқ. Зоотехник фикран шундай деди: ишнинг бунақа якун топишини ҳатто хаёлига ҳам келтириб бўлмайди. Ахир Марта уззукун бир жойда қўл қовуштириб ўтиролмайди-ку? У Ригага ҳам кўчиб кетмайди — айтишларига қараганда, ўғли бутун бошли оиласи билан бир хонада истиқомат қилармиш; у сиғармиди?
Ҳозир у бу ерда, хона ўртасида, столдан икки одим нарида, эшикдан икки одим берида бамисоли жонли танадек, ўз-ўзига ўрнатилган ҳайкалдек, тик турибди; у бош зоотехник нима дейишини кутмоқда.
Зоотехник “чурқ” этмасдан стол устидаги қоғозларни тартибга келтира бошлади.
Марта эшикни очади, кейин ортига қайтади-да, қатъий таъкидлайди:
— Агар ўрнимга одам топмасанг, орадан икки ҳафта ўтиб, бузоқлар очликка маҳкум бўлади. Хайр!
— Хайр, омон бўлгин, Мартушка!
Марта титраб кетди, нима, у кулмоқдами? Афтидан, бундай қилаётганга ўхшамайди, яна ким билсин, дейсиз? Ҳечқиси йўқ, ҳечқиси йўқ, бузоқлар дунёни бузгудек бўлиб бўкира бошлашсин, ана унда кўрамиз ким кулар экан.
Велта Пенезе Мартанинг йўлак бўйлаб кескин, аммо шунга қарамасдан, кексаларга хос, ожиз қадам ташлаши тобора узоқлашиб бораётганлигини тинглаб ўтиради. Сўнгра у дераза ёнига боради ва кўзлари билан автобус кутиб турган йўловчилар орасидан Мартанинг оқ рўмолини излайди. Аҳ-а, ана у бир чеккада турганича, ким биландир суҳбатлашмоқда. Тўхта, тўхта, у Рейнис эмасмикан? Аниқ у! Ана, унинг учун байрам: Рейнис Ленцманенинг қандай қилиб зоотехник билан ади-бади айтишиб қолгани тўғрисидаги ҳикоясини тингламоқда. Марта бекорга шундай қилди-да, вақт ўтиши билан барча муаммолар яхшиликча ҳал бўлиб кетар эди. Ариза ҳам қолдирмади, демак, кетиш ҳақида расман ҳеч гап бўлган эмас.
Велта соатига қарайди: автобус кечикмоқда. Унинг машина келгунча кутишга фурсати йўқ; бош зоотехник стол ёнига қайтади. Меҳнат фахрийсининг ялтираб турган медали кўзга ташланади. Велта медални, қутичани, гувоҳномани қўлига олиб, сейфга отиб юборади-да, унинг эшигини “қарс” этиб ёпади. “Бирон-бир тадбирда топширамиз”, — деб ўйлади у. Икки ой олдин топширилдими, икки ой кейин топширилдими — нима фарқи бор? Айрим одамлар уруш йилларида сазовор бўлган мукофотларини энди-энди олишмоқда. Улар шунда ҳам ноз-ғаммоз қилишмайди, хафа бўлишмайди, мукофотни рад этишмайди.
— Бу автобус деган жонивор кўринмайдими? — сабрсизлик билан сўрайди Марта.
— Келади, келмасдан қаёққа борарди дейсан, — уни тинчлантиради Рейнис.
У резина этигининг пошнасини тақиллатганича, оғирлигини гоҳ у, гоҳ бу оёғига соларди — йўқса, иссиқ пайпоқ кийиб олган; барибир, баданидан совуқ ўтмоқда. Айниқса, бугунгидек рутубатли ҳавода аёз хуруж қилади. Оёқни совуқда қолдиргандан кўра, уни қимирлатиб турганинг маъқул, акс ҳолда, иситолмайсан, киши.
— Автобус неча-неча мартаки, бадар кетганди, — сўзида давом этиб, дейди Марта.
— Мен эса сени жўнаб кетгансан, деб ўйлагандим, — таъкидлайди Рейнис. —Дўкончадан чиққанингга қанча вақт бўлди, ахир?
— Маош олгани Айнанинг ёнига киргандим.
— Хўш, хўш! Мен ҳам. Ошхонага кириб, пиво ичдим. Бу ерда анчадан бери турибман.
— Мен билан суҳбатлашгани одам топилмайди, деб қўрқаман. Мадомики, уйдан чиққан эканман…
— Хўш, хўш! Медални олдингми?
— Қанақа медаль?
— Кеча менга топширилган медалга ўхшаш медаль. Мен эса худди ёшлик йилларимизда бўлгани каби сен билан вальсга рақс тушмоқчи бўлувдим…
— Тобим йўқ эди.
— Сенинг тобинг қочиб қолдими-а? Мен эсам кексайиб қолганимга қарамасдан, ана шундай бахтга мушарраф бўлдим!
— Нима, мени медаль олгани оёқларини қўлига олиб югуради, деб ўйлаганмидинг? Медалсиз ҳам бир кунимни кўрарман. Медалсиз ҳам!
Марта шундай деб, автобус келиши лозим бўлган томонга тикилади.
Марта ўн тўртинчи кунки, сурункасига кечқурун мойчечак, брусника ва игир аралашмаси қўшиб дамланган чой ичади, бироқ, барибир, туни билан у ёнбошдан, бу ёнбошга ағдарилади, эрталаб кайфияти бузилган ҳолатда уйқудан уйғонади.
Дзидра эри билан бирга ишга кетиб, неваралари мактабга жўнашгач, Марта челакни қўлига олиб, молхонага бормоқчи бўлди, аммо… челакни жойига қўйди. Бугун ҳаммаси тугайди. Орадан икки ҳафта вақт ўтди, унинг ўрнига янги ходим ишга чиқиши лозим: агар бундай ходим кўринмаса, бузоқлар оч қолган ҳолича тураверади. У ўз сўзидан ортга чекинмайди. Ўтган вақт давомида зоотехник одам топган бўлса керак. Тополганмикин? Марта бир ҳақиқатни яхши билади: ишлайдиган одам кўчада ётмайди; борди-ю, агар марказда ишчи ўрни бўшаб қолса, янги одам топилиши мумкин, бу ёққа — тупканинг тубига ким ҳам бахт излаб келарди, дейсиз? Бу ерда ўрганган одамларгина яшашади. Шахсан Марта чор атрофи боғ билан қуршалган боғнинг бир чети дарёга довур чўзилиб кетган; тошдан қад кўтарган молхонасини ҳеч нарсага алмаштирмаган бўлур эди. Гарчанд унинг ўзи маҳаллий аҳоли вакили бўлмаса-да, бу ерларга ўрганиб кетди, урушдан кейинги йилнинг куз фаслида у эри билан бу ерга, мана шу ташландиқ уйга кўчиб кирганди.
“Мў-ў-ў”, — ҳовли узра бузоқнинг бўкиргани эшитилади.
Марта танийди — бу бузоқларнинг етакчиси Бизон овоз бермоқда.
Охурлар шайтон ялагандек шип-шийдам. Бошқа кунлари эрта тонгданоқ бу маҳалга келиб, ем-хашаклар аллақачон тақсимланган, Бизон эса ўзининг ун билан қопланган тумшуғини Мартанинг истиқболига кўтариб қараган, бузоқбоқар қачон унинг шохлари орасидаги терисини қашлашини жимгина кутиб турган бўларди.
Бизон ҳаддан ташқари катталашиб кетди, ҳадемай у новвосга айланиб, сержаҳл бўлиб қолади. Шундай бўлгани янада яхши, новвосни Валмиернинг подасига олиб бориб ташлашади. Барибир, Бизонга жони ачишди. Энди-энди сени таниб, суйкала бошлаганида — топшириш керак. Бузоқлар билан ишлаганингдан кейин аҳвол шу-да?! Тўғри, бу юмуш анча енгил, бироқ сигирлар азизроқ эди. Марта “уҳ” тортади: ёшинг бир жойга бориб қолгач, хоҳлаганингдек яшай олмас экансан, уддалаганингдек умргузаронлик қиларкансан.
“Мў-ў-ў!”
Яна Бизон бўкирмоқда. Нега энди Велта унинг ўрнига одам юбормаётир-а? Бу аҳволда бузоқлар ориқлаб кетади-я. Ана унда қилган меҳнатингнинг самараси сувга оқиб кетади, деявергин.
У уйига киради-да, дераза ёнида турганича, йўлга диққат билан тикилади. Йўқ, ҳеч ким келаётгани йўқ.
“Мў-ў-ў! Мў-ў!”
Марта жун рўмолини олиб, бошига ўрайди. Барибир, бузоқларнинг бўкириши қулоғига киради. Балки унга шундай туюлгандир? Марта бошидаги рўмолини сидириб ташлайди.
“Мў-ў-ў! Мў-ў!”
Йўқ, мажоли қолмади унинг! Уларнинг овози эшитилмайдиган бирон-бир ёққа жўнаб кетиши лозим. У рўмолини қайтадан ўрайди, эски пальтосини кияди, эшикни очади ва остонада иккиланиб қолади. Қаёққа борса экан? Дарё соҳили бўйлаб кетган сўқмоқдан юрсамикан? Ё Оқ жарлик томон кетсамикин? Бирон-бир заруратсиз юришга ўрганмаган, у. Бузоқлар эса оламни бузгудек бўлиб бўкиришмоқда; бунга қандай бардош бериш мумкин? Марта йўлга тушади. Ҳадемай Оқ жарликка етиб олади. Айтишларича, шумурт дарахти гулга кирганида, ростдан ҳам Оқ жарлик бошдан-оёқ оппоқ рангга кирармиш. Бироқ бу фаслда одамлар экин-тикин ишлари билан банд бўлганидан кейин уни келиб кўришга вақт тополмасдилар.
Ҳозир жарлик малла-қизғиш рангга бурканганди, фақат унда-мунда яшил майсалар боғлами кўзга ташланади. Шумурт дарахтининг шохлари — шип-шийдам таёқлар, улар билан шохма-шох туташган дарахтлар танасини яшириш мумкинмас. Уларнинг айримлари ўсиб, ерга кириб кетади, айримлари эса пўпанак билан қопланиб ётибди, мўртлашиб қолган, айримлари бутоқ шохларига илашиб олгани куйи ер устида базўр турибди. Марта дарахт танасини таёқ билан уриб кўрди — баралла эшитиладиган акс-садо тарқалади. Қуруқ ўтин мавжуд бўлганида, уларни жарликдан суғуриб олишга йўл бўлсин эди! Ҳеч ким жон чеккиси келмайди, сирасини айтганда, жон чекиш не ҳожат? Негаки, текис жойда дарахтлар ҳаммаёқни қоплаб олган. Марта жарлик тубига тушади, у ерда каттакон арча тагидаги бўзранг майсазорда қўзиқоринлар топади. Энгашиб, уларни ердан узиб олади. Кейин яна ва яна қўзиқоринларга рўпара келади; белидаги пешбандини ечади-да, ерга ёйиб, унга қўзиқоринларни ташлайди. Қўзиқоринлар арчанинг теварак-атрофида, майсаларда кўп экан. Манави қўзиқорин эса совуқдан қўрқмайди, то совуқ тушганига қадар ўсади. Қара-я, улар қанчалик кўп-а. Шошилиб, деярли югурганича уйига қараб йўл олади. Одатда, қишлоқ одамлари ўрмондан уйларига қайтишаётганида шундай қилишади. Уларнинг санқиб юришларига вақт йўқ, иш кутиб турмайди.
Уй ва тошдан тикланган молхона кўзга ташланганда Марта тўхтаб, теваракка қулоқ солди: бузоқлар ҳамон бўкиришмоқда. Унинг ўрнига одам топишмабди, бузоқлар пешинга қадар оч қолишган, бечора моллар; Марта молхонага қараб юради-да, эшикни очади. Ўзларининг бекаларини кўрган бузоқлар янада қаттиқроқ безовталанишади. Бизон ўзининг ола кўзларини чақчайтиради. Марта қўзиқоринларни унинг охурига ағдариб, фартукни қоқади: есин, ош бўлсин. Дзидра эса қўзиқоринларни унчалик хушламайди, аччиқ эмиш.
Бизон қўзиқоринларни “курс-курс” қилганича чайнаб, ютади. “Маллавой” лақабли бузоқ эса қўшни охурдан бўйнини чўзади. Марта бир неча қўзиқоринларни олиб, унинг охурига солади. Бизон қаттиқ пишқиради.
— Очкўзлик қилма, — жаврайди бузоқбоқар аёл.
Бошқа бузоқлар шовқин-сурон қилишади, бир сиқим қўзиқорин билан уларнинг ҳаммасини тўйғазиш душвор. Марта аравачани олиб, маккажўхори поялари ортидаги бостирма томон йўл олади.

Рус тилидан Шерали Сокин таржимаси.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 11-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!