Максим Горький. Ўзингдан чиққан балога… (тўрт пардали пьеса)

ИШТИРОКЧИЛАР:

И в а н К о л о м и й ц е в.
Я к о в – унинг укаси.
С о ф ь я – Иваннинг хотини.
А л е к с а н д р – 26 ёшда.
Н а д е ж д а – 23 ёшда.
Л ю б о в ь – 20 ёшда.
П ё т р – 18 ёшда.
В е р а – 16 ёшда.
С о к о л о в а х о н и м.
Л е ш ч – Надежданинг эри.
Я к о р е в – даҳа назоратчиси.
Ф е д о с ь я – энага, жуда мункиллаган, ярим кар.
О қ с о ч.

БИРИНЧИ ПАРДА

Шинамгина хона, чап томонда – камин (ўчоқ). Орқа томонда тўсиқ парда тутилган, парда орқасидан қизил адёл ташланган бир кишилик каравот ва энсизгина оқ эшик кўриниб туради. Катта китоб жавони хонани иккига бўлган, чап томон ўнг томонга қараганда сал чоғроқ.. Жавон ўнг томонга қаратилган, орқасига эса гилам осилган пианино тақаб қўйилган. Рўбарўда – кенг қора диван, тепасида кичик дарча; хона ичкарисида ошхонага ўтадиган йўлак кўринади. Ошхона ёп-ёруғ. Агар пианинонинг олдига стул қўйилса ошхонага ўтадиган йўлни беркитиб қўяди. Ўчоқ олдида чуқур оромкурсида жингалак соч, соқоли қиртишланган, чиройли юзли мўйсафид Я к о в китоб ўқиб ўтирибди. Оромкурсининг орқасидаги ёзув столида кўк қоғоздан абажур қилинган лампа турибди. Стол олдида Ф е д о с ь я ҳам курсига чўккан… У кулранг бир нарса тўқиш билан банд, тиззасида бир юмалоқ тивит ип, ўзича бир нималар деб минғир-минғир қилиб қўяди. Оқсоч оёқ учида юрганча ошхонада столда тушлик тайёрламоқда. С о ф ь я ҳам шу ерда – у кўринишдан ёш, рангпар юзли, қотиб қолгандай кўзлари узоқларга ташвишли тикилади. Яков каминдаги кўмирни ковлаштирмоқда; Софья шовқинга қулоқ солади ва аста Яков хонасига қараб юраркан, жавон орқасида иккиланиб тўхтаб қолади.
С о ф ь я. Халақит бермайманми?
Я к о в. Йўқ, йўқ, мутлақо! (Уни кулиб қарши олади.)
С о ф ь я. Менга жуда банддек кўриндинг…
Я к о в (пенснесини олиб). Нима билан банд эканман?
С о ф ь я. Сендан бир нарсани сўрасам, Соколова хоним бор-ку, ҳалиги Иванни отганнинг онаси, шу бир кўришсак, деб ҳеч ҳол-жонимга қўймаяпти, нима дейсан – кўришайми ё кўришмайми?
Я к о в (иккиланиб). Билмадим… Оналигини назарда тутиб, илтимосини ерда қолдирмасанг бўлармиди… лекин энди у нега буни Иваннинг ўзига айтмай, сенга айтяпти?
Ф е д о с ь я (оҳиста бошини кўтармасдан минғирлайди). Бўри баковул экан, тулки ясовул экан…
С о ф ь я. Сен ўшанинг отганига ишонасанми?
Я к о в. Биласанми, назаримда террорчилар ёлғон гапиришмайди – унинг бизга алоқаси йўқ дейишларида жон бор…
С о ф ь я. Менга ҳам шундай туюлади.
Я к о в. Нега ўтирмаяпсан?
С о ф ь я (бошини қуйи солиб). Ўтиргим йўқ…
Я к о в. Юзингдан қаттиқ чарчаганинг кўриниб турибди.
С о ф ь я (овозини пастлатиб). Ўтирсам, тамом сўлжаяман-қоламан. (Оҳиста.) Маъзур тутасан, аммо яна сендан пул сўрашга мажбурман…
Я к о в (шошилиб, хижолат бўлгандай). Столнинг чап ғаладонида турибди, олавер, тортинма! Тепа ғаладон, очиқ…
С о ф ь я. Айтишга ҳам уялади киши – роса шиляпман-а, сени.
Я к о в. Э, қўйсанг-чи, Соня…
Ф е д о с ь я (минғирлаб). Ол, олавер, ундан пулни олиб қол! Бир оёғи гўрда… Қаёққа борарди…

Ошхонадан Л ю б о в ь чиқиб келади. У ўзининг букрилигини билдирмаслик учун доим елкасига шолрўмол ташлаб юради. Ҳозир унинг кифтига сариқ шолрўмол ташланган. Пианино олдида тўхтайди.

С о ф ь я (хаёлга чўмиб). Биз уйингга кўчиб келдиг-у, ўзингни касал демай, бир бурчакка ҳайдадик…
Я к о в. (хижолат тортиб). Бўлди қил, Софья…
С о ф ь я. Юз сўм олдим…

Л ю б о в ь пианино олдига стул қўйиб ўлтиради ва чала бошлайди.

Я к о в. Қулоқ сол, сенга бир нарса таклиф қилмоқчиман…
С о ф ь я. Ҳозир кетишим керак, тушдан кейин айтасан, бўптими? (Кетади.)
Я к о в (китобни олиб). Истаган вақтингда…
Ф е д о с ь я (алла оҳангида аста хиргойи қилади).
Эҳ, Яшенька, Яша, турмуш шундай хархаша… (Кейинги сўзларни англаб бўлмайди, аммо кампир худди болани аллалагандай минғирлайди.)
С о ф ь я (уни сезмаётган қизи олдида бир неча дақиқа тўхтаб қолади).
Люба, ўтиб кетай…
Л ю б о в ь. Мен, нима, халал беряпманми?
С о ф ь я. Қандай ўтай бўлмаса?
Л ю б о в ь. Ойи, менинг халал бермаган жойим борми ўзи?
С о ф ь я (диванга оёқ қўйиб, бир амаллаб ўтиб олади). Қўй энди, жаҳлинг чиқмасин…
Л ю б о в ь (сакраб туради). Сакраб ўтганингизда борди-ю, йиқилиб, майиб бўлиб қолсангиз, сен туфайли шундай бўлдим, деб кейин менга таъна қиласиз-да, а?
С о ф ь я (кетаётиб, аста). Сенга ҳеч таъна қилмайман-ку…

Л ю б о в ь ўрнидан туради ва Я к о в хонасига киради.

Я к о в. (секин). Дарров қонинг қайнаб кетади-я…
Л ю б о в ь (бамайлихотир). Ҳамма шундай дейди. Қаҳратоннинг қора совуғиманми, нима бало, ёки кузда ёққан ёмғирманми, ҳамма мендан дод дейди.
Ф е д о с ь я (куйлайди). Мана Люба келибди… Келибди, нима дебди…
Л ю б о в ь (қаттиқ овозда). Бас қилсанг-чи, энага!
Ф е д о с ь я.Нима?.. (Қўлидаги тўригна билан бошини қашийди ва Любовьга қараб жилмаяди.)
Я к о в. Жуда ошириб юборяпсан, Люба…
Л ю б о в ь. Кузнинг изғиринию намгарчилиги ҳам одамларнинг жонига тегадиган, жуда меъёридан ошириб юборадиган кераксиз бир нарса ўзи… Айтинг-чи, ойим қанча пул олди?
Я к о в. Юз сўм… Сенинг нима ишинг бор?
Л ю б о в ь. Нега энди сиз унинг ҳадеб сўрайвермаслиги учун бир берганда пулдан улгуржироқ бера қолмайсиз? Тиланавериш ахир одамни хўрлаб юборади, тушунасизми?
Я к о в (хижолат). Ё, тавба!.. Албатта, тушунаман. Ҳозир ҳам унга бир нарсани таклиф этмоқчи бўлиб турувдим…
Л ю б о в ь (эслатмоқчи бўлиб). Сиз ахир бой-бадавлатсиз…
Я к о в (жилмайиб). Эдим… Мени алюмин адои тамом қилди…
Л ю б о в ь. Нега энди сизга алюмин керак бўлиб қолди?
Я к о в (гуноҳкорона). Биласанми, агар одамлар чиройли маъдан олишса яхши бўлармиди, деб ўйладим. Темир ҳам оғир, ҳам ранги совуқ, мис бўлса ёғлангандек кўринади…
Л ю б о в ь (хўрсиниб). Жудаям қизиқсиз-а!
Ф е д о с ь я. Э, худойим, гуноҳкор бандаларингни ўз паноҳингда асра…
Л ю б о в ь. Сиз кўп хато қилармидингиз?
Я к о в (истеҳзоли). Ўзи айрим одамларнинг хатолар қилиб туриши керак шекилли…
Л ю б о в ь (унинг юзларига тикилиб). Мен битта хатонгизни биламан…
Я к о в (хавотирда). Йўғ-е!
Л ю б о в ь. Сиз… менинг ойимга уйланишингиз керак эди.
Я к о в (қўрқиб кетиб). Люба!.. Бу нарсага сенинг ақлинг унча етмайди, ҳа! Мен сенинг ўрнингда бўлсам, бундай гапларни айтолмаган бўлардим.
Л ю б о в ь. Ўша менинг ўрним қаерда экан?..
Я к о в (бошини қуйи эгиб). Сен чиндан ҳам ғалати гапларни гапираяпсан…
Л ю б о в ь (қатъият билан). Нима учун ҳеч сизнинг жаҳлингизни чиқаролмайман-а? Ҳамманинг жонига тегиб, жиғи-бийрон қила оламан, аммо сизга кучим етмайди. Нима учун?
Я к о в. Худо ҳаққи, билмайман…
Л ю б о в ь. Ойим дадамдан кўра сенга текканда яхши бўларди, тинч яшарди. Дадам бўлса ичади, қимор ўйнайди…
Я к о в. Азизам Люба, нега ундай деяпсан?
Л ю б о в ь. Бир этак майиб-мажруҳ бола туғдириб, бир тийинсиз барини ойимнинг гарданига ортиб кетди.
Ф е д о с ь я (куйлайди). Бир тийинсиз бандаларингни асра…
Я к о в. Дадаси ҳақида бундай деб бўлмайди! Энага, жим ўлтирсанг-чи!
Ф е д о с ь я. Нима дединг?..
Л ю б о в ь. Нима учун?.. Мен одамларни ўлдиришга буйруқ берадиган одамнинг қизи бўлишни истамайман…
Я к о в (маъюс). Бирам қўполсанки, Люба…
Л ю б о в ь. Тағин ўша машмашада унга ўқ отганларида қўрқоқларча қочиб қолишини кўринг…
Я к о в. У қари, энка-тинкаси қуриган касал бир одам…
Л ю б о в ь. Хўп, касаллиги уни оқлай оладими? Унинг касаллиги ичкиликбозлигу айш-ишратдан…
Я к о в (нохуш бир ҳайратда). Сен қаердан биласан?
Л ю б о в ь. Доктор Лешч айтиб берди. У сизга ёқадими?..
Я к о в (курсида ўзини ноқулай сезиб). Бу гапларингни эшитиб қолишлари мумкин…
Л ю б о в ь. Доктор Лешч… Қамоқхона врачи… Бунақаси билан қариндош бўлмоқдан одамнинг боши осмонга етармиди… Сиз, нима, ошхонага кетяпсизми?
Я к о в. Ортиқ эшитиб туролмайман, тоқатим тоқ бўлди…
Л ю б о в ь (елкасини қисиб). Ўтиринг… Юрагингизни авайласангиз-чи! Ҳа… мана эркатойлар ҳам келишди… сизнинг, ойимнинг, бутун жаҳоннинг эркатойлари.
Я к о в. Улар сенга ҳам тегишли.
Л ю б о в ь (ўйланиб). Аянчли бечора одамга бўлган меҳр-муҳаббат, менинг фикримча, носоғлом меҳр-муҳаббатдир…
Я к о в. Сен ўз-ўзингга ҳам заҳар-заққум гапларни гапирасан-а!
В е р а (ошхонадан, унинг ортидан Пётр). Амаки! Амаки…
Ф е д о с ь я (баланд овозда). Ҳа, мана менинг сўнггиларим… менинг сўнгги болаларим… (Тўқишни қўйиб, қорамтир юзида табассум билан ҳаммага қараб чиқади.)
В е р а. Бир ажойиб одам билан танишиб олдикки!..
Я к о в. Конькида кўп учган сенмисан бу, Пётр? Ҳазир бўл, сенга зиёни бор-а!
П ё т р (ўйланиб). Ҳечқиси йўқ!
В е р а. Биласизми, кўчада қандайдир учта одам атрофимизда ўралашиб юришди – қорагуруҳчилардан бўлса керак…
П ё т р. Қарасак, учта эсини еган маст орқамиздан келяпти, оғзидан боди кириб, шоди чиқяпти…
В е р а. Биз – Коломийцев болаларимиз, деб қичқирдим мен уларга…
Л ю б о в ь. Тиз чўк! Шапкангни ол…
П ё т р Л ю б о в г а ҳўмрайиб қарайди..

В е р а (Любовга). Биз қўрқиб кетдик-да, ахир уларга кимлигимизни айтишимиз керакмиди!..
Л ю б о в ь (жилмайиб). Улар буни кўриб яна ҳам қаттиқроқ сўкина бошлашгандир, а?
П ё т р (шубҳаланиб). Сен қаердан биласан?
В е р а. Ҳа, Люба,худди шундоқ бўлди! Мен бир нарсага тушунмайман: ахир улар ҳукумат кишиларини ҳурмат қилишлари керакми?.. Инқилобчилар ҳурмат қилмасликларини биламиз, аммо улар нега шунақа?
Я к о в (насиҳат оҳангида, майин). Россияда ҳеч ким ҳеч кимни ҳурмат қилмайди…
Л ю б о в ь. Кейин нима бўлди?
В е р а. Бирдан бегона бир йигит бизга қараб кела бошлади. Мен биттасини коньки билан бир тушираман, деб турувдим, менга яқинроқ турганини… бироқ ҳалиги йигит…
П ё т р (масхараомуз илжайиб). Ростдан ҳам, Верка уришмоқчи эди.
В е р а. Ҳалиги жаноб уларга: “Йўқол!” деб қичқирди!..(Федосья негадир овоз чиқармай кулади.) Улар ириллашиб ҳалиги йигитга ташланишди. Жуда қўрқинчли бўлди! Шунда ҳалиги йигит тўппончасини қўлига олди…(Кулади.) Бари тирақайлаб қочиб қолди-я!
Ф е д о с ь я (эшитиб кулади). Оҳ, менинг палапонларим, оҳ, гули хандонларим…
П ё т р. Ўқ тегмасин деб, қийшайтириб отди.
Л ю б о в ь (аста). Дадам ҳам унга ўқ отишганида мана шунақа қочиб қолган эди…
В е р а. Нима дединг?
Л ю б о в ь. Назаримда, худди шунақароқ…
П ё т р (жиддий оҳангда). Нимага бундай деяпсан?
Л ю б о в ь. Энди, айтдим-қўйдим-да…
В е р а. Нима деяпти у?
П ё т р. Ҳеч нарса… Давом эт!
В е р а. У жуда келишган…
П ё т р (ўйланиб). Ўктам овози бор, гаплари ҳам содда…
В е р а. Қора сочли, чўққи соқол, кўзлари эса хаёлчан… Назаримда, у шеър ёзса керак…
Л ю б о в ь. Сенинг тўппончанг қани, Пётр?
П ё т р (қовоғини солиб). Ёнимда олиб юрмайман.. Бунақа нарсаларни ёқтирмайман…
В е р а. У қўрқоқ-ку!
Я к о в. Гап бундай, болалар, келинглар, бу воқеани оналарингизга айтмаймиз, юраги ўйнаб кетмасин тағин.
В е р а (ҳафсаласи пир бўлиб). Во-о-ой! Мен бўлсам унга ҳам айтмоқчи эдим!
Я к о в. Кейин, кейин айтасан, хўпми?
В е р а. Бўпти…
П ё т р (хаёлга чўмиб). Биз у билан узоқ айланиб юрдик… Уни уйга таклиф этмоқчи ҳам бўлдим..
В е р а. Соз бўларди-да, Петька!
Л ю б о в ь. Фикрингча, айтса – келармиди?
П ё т р. Нега келмас экан?
На д е ж д а (киради). Нега ҳаммангиз бу ерга тиқилиб олдингиз? Амаки, улар сизга халал беришмаяптими?
Я к о в. Ҳечам-да! Ахир ҳар куниям тушдан олдин ҳамма меникида жам бўлади…
Н а д е ж д а. Биласизми, ҳалиги отамга ўқ отган ярамас касал бўлиб қолибди.

Ҳамма унга қараб қолади, жимлик чўкади.

На д е ж д а. Эримнинг айтишига қараганда, чиндан ҳам, касалга чалинибди.
П ё т р (тоқатсизланиб). Нима учун уни суд қилишни чўзиб юборишди?
На д е ж д а. Гуноҳини бўйнига олмаяпти…
П ё т р. Назаримда, у қаердадир яқин бир жойда…
В е р а. Нима, нима?
Л ю б о в ь. Қаерда экан?
П ё т р. Шу ерда… Эшикнинг орқасида…
На д е ж д а. Қанақа бемаъни гап-а!.
П ё т р. Мени кечиришади, деб кутиб турибди.
На д е ж д а. Унчалар эсини еб қўйган телба эмас экан-да…
С о ф ь я (киради. Ташвишли). Ким экан у, кечиришади деб турган?
На д е ж д а. Ҳалиги дадамга ўқ отган-чи.
С о ф ь я (ҳаммани кўздан кечириб чиқиб). Ким билади буни?
Я к о в (тинчлантириб). Софья, буни Пётр айтди. Унинг назарида, ўша одам қайдадир яқин атрофимизда эмиш, гуноҳимни кечиришсин, деб кутиб турганмиш.
С о ф ь я (ғалати оҳангда). Инқилобчилар ўзларини ҳақ деб билишади.
Л ю б о в ь. Бунчалар ҳокимлик қилишни яхши кўришмаса!

П ё т р сездирмай ғойиб бўлади. Энаганинг креслоси орқасида турган В е р а зерикканидан абажурдан қоғоз гуллар олиб, энаганинг сочларига қадайди. Л ю б о в ь бурчакда турганича қилт этмай ҳаммага бир-бир тикилиб чиқади. Н а д е ж д а ўзига оро бераркан, хиргойи қилади.

Л ю б о в ь (жиддий, Верага). Гуллар унга ярашмаяпти.
В е р а. Наҳотки?
С о ф ь я. Александр қаерда? Иван Дмитриевич-чи?
Н а д е ж д а. Эрим ҳозиргина келди, кийимини алмаштиряпти. Қотилни касал бўлиб қолди, деб ўша айтди…
С о ф ь я. Касал бўлиб қолди? Қанақа касал?
Н а д е ж д а. Ақлидан озяпти, шекилли.(Кинояли.) Ойи, унга раҳмингиз келмаяптими?
С о ф ь я. Мен унақа деганим йўқ…
Л ю б о в ь (иржайиб). Қўрққанингиздан шунақа демаяпсиз, а?
На д е ж д а. Ғалати бўлиб кетаяпти ойимиз…
В е р а. Уни хафа қилманглар, бўлмаса менга янги коньки олиб бермай қўяди.
Л ю б о в ь (ойисига). Айтинг, сизнинг қотилга раҳмингиз келяпти, а?
С о ф ь я. Бу ёвузликлар жонга тегди. Қамоқ, суд, жазолар – ҳеч бирини кўргани кўзим йўқ.
Я к о в (хўрсиниб). Кунба-кун кўпайиб кетяпти бу нарсалар…
На д е ж д а. Одамлар тинч яшаши учун керак-да, бу.
Л ю б о в ь. Хотиржамлик – бахт-иқбол деганига, ҳатто ҳиндулар ҳам ишонмай қўйишяпти.
С о ф ь я (ҳамма учун кутилмаганда). Террорчиларнинг айтишларига қараганда, у суиқасдда қатнашмаган экан…

Ҳамма унга қарайди. Л ю б о в ь, кўзларини китоб билан тўсганча яширинча ҳаммага бир-бир назар ташлайди.

Н а д е ж д а (бироз тўхтаб). Инқилобчиларга ишониб бўладими-я! Ўтакетган анойилик бу, ойи!

С о ф ь я айбдордай жилмайиб, стулга ўтиради ва бирданига кексариб қолгандай бўшашиб, бошини қуйи солади.

А л е к с а н д р (ошхонадан туриб қичқиради). Менга қаранглар, ҳой! Почта келдими?
Н а д е ж д а. Меҳмонхонада этажерканинг устида сизга хат бор… Вера, бор, сочингни тараб ол, пахмоғинг чиқиб кетибди.
В е р а. Шундай юраверсам бўлмайдими?
На д е ж д а. Қийшанглама. (Қўлидан етаклайди.) Сен ўзингга ҳеч қарамай қўйдинг: билиб қўй, эркаклар буни ҳечам ёқтирмайди…
В е р а. Ё, тавба! Тағин эркаклар! Кичкиналигимда алвасти келди, деб қўрқитишарди, энди эса эркаклар деб қўрқитишяпти…
Я к о в (секин). Соня, сенга нима бўлди?
С о ф ь я (сесканиб). А? Хаёл суриб кетибман…
Л ю б о в ь. Тушлик яқинми?
С о ф ь я. Ҳа… ҳозир…
А л е к с а н д р (бораркан, ҳуштак чалиб). Кичкина митингми бу? Молия масалаларига бағишландими ёки ички сиёсат муаммо-ларигами, а?
Л ю б о в ь. Заковатли бу гапга қаранглар!
А л е к с а н д р. Маҳобатли букурга қаранглар!
С о ф ь я (танбеҳ бериб). Александр!
А л е к с а н д р (ойисига қарамай).Mon cher oncle*, оёқларингизнинг сиҳат-соғлиғи қалай?
Л ю б о в ь (парда ортидаги эшикка чекиниб). Ойи, ҳайдаб юборинг уни!
А л е к с а н д р (кўзларини қисиб қараб). Э? Нималарни эшитяпман, а? Худди жуҳуд-инқилобчига ўхшаб ҳақорат қилиб, яшриниб олишга ҳам улгурдингми?..
С о ф ь я (ўтиниб). Ростдан ҳам, Александр, ошхонага борсанг-чи.
А л е к с а н д р. Шунақами, maman, бу амри вожибми?
С о ф ь я (ғамгин). Сенга одамнинг қарагиси келмайди…
А л е к с а н д р. Йўқ, мен нималар эшитяпман-а? Сиз, maman, назаримда менинг тарбиямга энди жиддий киришдингиз, шекилли?..
Я к о в. Етар, Александр! Қандай қилиб шунақа гапларни гапиряпсан?
А л е к с а н д р. Bien…* Сизда озгина ишим бор эди, амаки.
С о ф ь я. У пул бермайди.
А л е к с а н д р. Бунга… ишончингиз комилми?
С о ф ь я. Мен берма деб илтимос қилдим.
А л е к с а н д р. Шунақами, амаки? Ойим шундай илтимос қилдими?
Я к о в. Агар шундай деяётган бўлса, демак, илтимос қилган-да.
А л е к с а н д р (жаҳли чиқиб). Мана бу валломатнинг жавоби бўлди! “Агар шундай деяётган бўлса, демак, илтимос қилган-да!” Бу эсимдан чиқмайди. А, сиз-чи, амаки? Сиз бу илтимосга қандай қарадингиз?
Я к о в (хижолат тортиб). Менми? Мен унинг айтганини қиламан, деб сўз бердим.
А л е к с а н д р. Олқишларга сазовор иш!
Я к о в (юмшоққина). Сен мени кечирасан, Саша, аммо бу турмушнинг… бу тунги айшу ишратларнинг…
А л е к с а н д р. Нима, айшу ишратлар кундузи қилинадими?
С о ф ь я. Юзингга қара, танимайдиган бўлиб кетибди. Сочинг тўкилиб, кал бўла бошлабсан…
А л е к с а н д р. Юзимга нима бўпти – ғайратли одамнинг юзи, сочнинг тўкилиши эса унга салобат беради. Ҳар куни бир парча нон топиб ейман, деб эзилиб кетаяпман-да, рангимда ранг йўқлиги ана шундан. Ота-онам мени дунёга келтиришга келтиришди-ю, аммо тузукроқ яшашимнинг ғамини ейишмади…
С о ф ь я (секин). Бас қил, ўтинаман…
А л е к с а н д р. Падари бузрукворимиз шаҳарда кўп пора олгани билан, клубда қимор ўйнаганда омади юришмайди…
Я к о в (маъюс оҳангда). Қанчалар сурбетлик бу, Саша…
С о ф ь я (хотиржам, қайғули оҳангда). Нима гапираётганингни биласанми?
А л е к с а н д р. Биламан-да. Мана, дадамнинг расво ўйини деб, ютқизган мен бўлдим: чўнтакда ҳемири ҳам йўқ…
Я к о в. Даҳшат, Александр, даҳшат бу! Бизларга раҳминг келсин-у, бу ердан кет! Нимага сен ойингни қийнайсан?
А л е к с а н д р. Cher oncle, йигирма беш сўм бўлса, бас – шу заҳотиёқ қорамни ўчираман!
Я к о в. Марҳамат, ол… столда тахтакачнинг тагида. Аммо бир нарсага жавоб бер – наҳот ойингга ачинмасанг, а?
А л е к с а н д р (самимий). А, сиз айтинг-чи, полиция приставининг ёрдамчиси бўлишга талабгор, бузилиб кетган бир ёш йигитга ким ачинади? Одамларнинг афт-башараси демай уриш, оз-оздан пора олиш, инқилобчиларнинг бемаҳал ўқига учраш – мени мана шуларнинг барчаси кутиб турибди. Бундай қойилмақом мартаба сизга ёқадими?..(Зўраки кулганча кетади).
Я к о в (салдан кейин). Қуйиб қўйгандай отасининг ўзи-я!
С о ф ь я. У билан қандай гаплашиш керак, нима дейиш керак – билмайман, жуда бошим қотди. Нега унга пул бердинг? Яна кечаси билан ичиб чиқади.
Я к о в. Нима чора бор эди? Гумдон бўлсин дедим-да!
С о ф ь я. Биз сени хонавайрон қиламиз, Яков… Нега биз билан биргасан, а?
Я к о в. Қўйсанг-чи, азизам Софья. Сенга бирон нафим тегса дейман, бирон корингга яраб қоларман, ҳали кўрасан. Мана Иван келганда…
С о ф ь я. Бу туришда пулларинг кўпга етмайди…
Я к о в. Гап фақат пулдами, Софья…
С о ф ь я. Бизга пулдан бошқа ҳеч нима керак эмас…
Ф е д о с ь я. Софьюшка, Андрюша-чи, Рязанов – шу борми ҳалиям?
С о ф ь я (баланд овозда). Ўлди, энага. Сизга айтгандим.
Ф е д о с ь я (бош чайқаб). Ҳа-я, ҳа… Отиб ташлашди-ку, уни… ҳа…
С о ф ь я (бепарво). Бородулинни отиб ташлашган…
Ф е д о с ь я. Ҳа, ҳа, эсимда… Андрюша-да… у ҳам менинг асрандим эди… Унақалар жуда кўп…
С о ф ь я (кампирга бир боқиб). Биласанми, Рязанов кампиримиз-нинг қишлоғида деҳқонларни калтаклаган экан, балки улар Рязанов энагасининг қариндошлари эканми…
Я к о в. Нега бу ҳақда гапираяпсан?
С о ф ь я. Ким билади… Гапиргим келдими…
Ф е д о с ь я. Ҳа… жуда-а-а кўп!
Я к о в (аста сўрайди). Сен билан Люба ҳақида гаплашмоқчийдим. Майлими?..
С о ф ь я (шубҳаланиб). Бирон нарса бўлдими?
Я к о в. Назаримда, у бир нимани сезаётгандек… Ниманидир қидираётгандек…
С о ф ь я. Ҳозир ҳаммаям бир нимадир қидириб қолди.
Я к о в. Унга жудаям қўполлик қилишади…
С о ф ь я. Менми?
Я к о в. Йўғ-е, албатта! Сен фақат… унга меҳр билан қарамайсан…
С о ф ь я. У бемеҳрликда бунданам ошиб тушади. Аслида у ҳаммагаям шунақа…
Я к о в (аста, ишора қилиб). Мендан бошқага, Софья…
С о ф ь я (жим қолиб). Йўқ! Унинг билиши мумкин эмас! (Зўриқиб.) Ҳа, билиши керак эмас, Яков! (Энтикиб, оҳиста.) Оҳ, бу бахти қора бечорага жонгинам ачийди, жонгинам! Уни қаттиқ яхши кўраман… Аммо мендаги меҳр туйғуси – гуноҳкор одамнинг қўрқоқ туйғуси, холос. Унинг олдида айбим очилиб қолмасайди, деб қўрқаман. Шундан уни узоқдан туриб яхши кўраман, яқин келишга, бу ҳақда у билан гаплашишга эса юрагим бетламайди…
Я к о в. Чакки қиласан, Софья. Айт унга, айт…
С о ф ь я. Айтолмайман…
Я к о в. Ҳозир эмас, кейин бўлса ҳам айт… Олам кўзингга қоронғи кўринади… бу доғули, ланъати замон умрингга эгов бўлмоқда…
С о ф ь я. Мен ҳам йўл излаяпман. Нима қилишим кераклигини тушуниб етмоқчиман. Ахир болаларим хароб бўлишмоқда, Яков! Мен, ўз-ўзимга, шу пайтгача қаерда эдинг, деб савол бераяпман! Болаларингни даҳшатли ҳаётда яшашга қандай тайёрладинг, деяпман!
Я к о в. Жонгинам, ўзингни хотиржам тут! Ахир, ким билипти…
С о ф ь я. Мен хотиржамман – ё худоё тавба! Ўйланганим ўйланган-у, аммо жудаям хотиржамман…
Я к о в. Бу Иванга уюштирилган бемаъни суиқасд, кейин унинг истеъфога чиқиши сени шошириб қўйди, ўзингни йўқотиб қўйдинг – тушунарли! Бу ҳам етмагандай, газеталарнинг сурон солиши… туҳмат қилиб, миш-мишлар тарқатиши…
С о ф ь я. Улар туҳмат қилишаяпти, деб рост айтаяпсанми?
Я к о в (унга қарамай). Жуда ошириб юборишаяпти… Иван, албатта, унчалар… у жудаям…
С о ф ь я. Йўқ, ҳақиқатга тик боқайлик. Биламизки, газеталар туҳмат қилишаётгани йўқ…
Я к о в. Эҳ, Софья… Бешта бола туғиб, ҳалол ва ҳақгўй бўлиб қолиш – ниҳоятда даҳшатли суратда қийин бир иш бўлса керак…
С о ф ь я. Ундай дема! Сен ўз-ўзингга ишонмаяпсан…
Я к о в (хижолат чекиб). Бизнинг жамиятимизда ҳамма нарса инсонга қарши – мана мен нима демоқчийдим! Ўз-ўзингча яшашга ҳечам қўйишмайди…
С о ф ь я (тинмай хонада у ёқдан-бу ёққа юради, энаганинг бошидан гулларни олиб, бурчакка ташлайди). Бешта боласи бор одамни биз газеталардан кўра яхшироқ биламиз. Бу одамнинг бузуқ ва ишратбоз эканлиги бизга маълум; у болалари ухлаб ётган хонанинг нариги ёнида қиморхона ташкил қилди. Қанақанги аёллар билан бўлмади-я, у! Ўн йил давомида ўз жуфти ҳалолини тинимсиз ҳақорат қилиб келди – унинг шунчалар кўп ўйнашлари бор эди! Ахир Александрни ёмон йўлларга бошлаган шу эмасми? Нега мен бу йўлда тўғон-ғов бўла олмадим? У маст-аласт ҳолда Любани қўлидан полга тушириб юбориб майиб қилди – қандай шунга чидаб турдим? Булар ҳақида ўйлашга кеч бўлдими энди? Кеч бўлди, ҳа, биламан…
Я к о в (бош чайқаб). Бир марта ёмон адашдинг-да…
С о ф ь я. Буни биламан… Сен юмшоқ кўнгил одамсан… Ҳа, сен билан осойишта, бамайлихотир яшаш мумкин эди… Сен ҳалол одамсан. Миямга шундай фикр келганида, ўттиз бешда эдим, Люба бўлса ўнга кирганди. Ўн йил сени мутлақо ўйламадим… Сени эсдан чиқариб юбордим. Фақат Иван, помешчик, дворянин – полицияга ишга кирган йили ёдимга тушдинг. Сен ўз-ўзингни отишинг мумкин эди, аммо бундай қилмадинг! Ниҳоят, мана – ҳам мен учун, ҳам унинг учун уқубатли ва ҳақоратли кечган ўн йил… У фоҳишабозликка муккасидан кетиб тездаёқ адои тамом бўлди… Унга ўқ отганларида – шўрликка раҳмим келиб кетди, ҳамма гуноҳларини кечиришга тайёр эдим… Аммо у ўзини шунчалар пасткаш ва номардларча тутдики…

Ошхонадан доктор Л е ш ч чиқиб келади, у – ўрта ёшлардаги, заъфарон юзли киши. Оҳиста юради, қулоқ солади, келганини билдирмоқчи бўлгандай, секин йўталиб қўяди.

Л е ш ч. Агар халақит берган бўлсам – узр сўрайман! Сизларга Надя, суиқасдда гумон қилинаётган шахснинг касал бўлиб қолганини айтгандир?
С о ф ь я. Нега энди буни билишимиз керак экан?
Л е ш ч (насиҳатомуз). Қизиқ гапни гапирасиз! Бу одамнинг тақдирига бефарқ қараб туролмайсиз; унинг муносиб жазо олишидан ахир бевосита манфаатдорсиз – ёки шундай эмасми?(Шифтга тикилганча Яковнинг томир уришини санайди.) Уйқу қандай бўлди?
Я к о в. Ёмон бўлди.
Л е ш ч. Юрагингиз қалай?
Я к о в. Безовталаниб туради…
С о ф ь я. У тан олмаяптими?
Л е ш ч. Йўқ! Иштаҳа қандай?
Я к о в. Ёмон. Ванналар силламни қуритиб юборяпти…
Л е ш ч. Шубҳасиз, шундай бўлишини билардим.
С о ф ь я. Балки, ростдан ҳам у отмагандир?
Л е ш ч. Билмадим. Менинг бунга алоқам йўқ. Ванналарни давом эттириш керак.
Ф е д о с ь я (жилмайиб). Доктор, мени ҳам бир даволасангми экан-а… Даволаб кўр!(Секин мамнун кулади.)
Л е ш ч (салобат билан). Яна бир гап – Александр приставнинг ёрдамчиси, деган мансабни олиши мумкин, лекин бу нарса нақ беш юз сўм туради.
С о ф ь я. Пора бериш шартми?
Л е ш ч. Бўлмаса-чи? Албатта-да!
С о ф ь я. Бизда пул йўқ.
Л е ш ч. Шубҳасиз. Аммо бутун оиланинг муҳтож эканлигини Яков амаки тушунар, деб ўйлайман.
С о ф ь я. Унда ҳам пул йўқ…
Л е ш ч (унга тикилиб қараб). Ақл бовар қилмайди. Ғаройиб жойи шундаки, гўё порани мен ўзим учун талаб қилаётгандайман!
Я к о в (шошилиб). Жуда унчалик эмас, Соня, беш юз бериб туришим мумкин…
С о ф ь я (куёвига). Сизнингча, Александр полицияга жойлашиб оладими?
Л е ш ч. Мен, биласиз, тўғри одамман, борини айтаман: сизнинг ўғлингиз хизмат қиладиган бирдан-бир жой, бу – полиция. Мен уни унча ёқтирмайман ва буни ҳатто ўзидан яшириб ўтирмайман ҳам. Албатта, унинг яхши фазилатлари ҳам бор, лекин умуман олганда – у бебош, интизомсиз бир одам, иродаси бўш бир махлуқ…. Чаласавод юнкер…
С о ф ь я. Сиз одамларни қораламоқчи бўлганингизда жуда яйраб гапирасиз-у, чўзиб юборасиз.
Л е ш ч (лутфан). Бунга одамлардаги иллатларнинг кўплиги айбдор.С о ф ь я (Яковга.) Мен Александрнинг полицияда ишлашини жуда-жуда истайман.
Я к о в (минғирлаб). Нима қилиш керак?..
Л е ш ч. Шундан бошқа бирон жойда ишлаб кетишига кўзим етмайди, буниси аниқ. Унда сал ҳарбийларга хос қад-қоматдан бор, у кўнгилли ҳарбий хизматчи бўлган, қандайдир унвонга ҳам эга. Ёмон полициячи чиқмайди, ҳар ҳолда… Музофотда ишлайдиган бўлади, албатта!
Я к о в (эҳтиёткорона). Энг муҳими, Софья, у уйдан кетади, болалар ҳам ундан қутулишади. Ижозат этсанг, ўша пулни берсам…
С о ф ь я (елкасини қисиб).Нима қилишга ҳам ҳайронман.
Я к о в. Пулни кимга бериш керак?
Л е ш ч. Мен пул олмоқчи бўлганнинг номини айтмайман, деб сўз берганман.
Я к о в (хижолат бўлиб). Албатта… тушунаман…
Л е ш ч. Пора бериш унчалар ёқимли иш эмас ўзи… Нима, тушки овқатга яқин қолдими?
С о ф ь я. Юринглар (Яковга туришга кўмаклашиб.) Мана, мен ўғлимни ҳам сотдим…
Л е ш ч (насиҳатомуз). Сотганларида – пул оладилар…
С о ф ь я. Кўнглимга чироқ ёқса ёришмайди…
Я к о в (оёғини зўрға судраб). На чора! Порасиз ҳаётимиз машинаси ишламайди…
Л е ш ч (ортидан бораркан). Пулсиз ҳеч қачон ўз-ўзингга мустақил бўла олмайсан…

Ошхонадан чиқаётган Н а д е ж д а уларга рўбарў келади.

Л е ш ч. Нима бўлди?
На д е ж д а.. Бир лаҳзага, Павел…(Етаклаб, уни Я к о в хонасига қайтариб олиб келади. Паст овозда.) Олдингми?
Л е ш ч (норози). Қандай эҳтиётсизлик ва беадаблик… Гўё мен бу пулни олиб сендан яшириб қўяман… вой-бўй!
На д е ж д а (уни ўпиб). Жонгинам Пашка, жаҳлинг чиқмасин! Беш юзми? А?.. Сен икки юз оласанми?
Л е ш ч. Жим!..
Н а д е ж д а. Иннайкейин, менга ёқут хочли тақинчоқ олиб берасан, эсингдами, ваъда қилувдинг? Ўша ёқут хочли тақинчоқни менга ҳадя қилишинг керак: ахир бу гапни мен ўйлаб топдим-ку.
Л е ш ч. Албатта, сўзимнинг устидан чиқаман! Юр, кетдик! У ерда чойга ўтиришаяпти… Бу нима шовқин?

Қулоқ соладилар..

На д е ж д а (ҳайрон бўлиб). Дадам кепти!
Л е ш ч.Ҳим-м!.. Кутилмаганда!..
И в а н (ошхонада). Нега мени ҳеч ким кутиб олмади?
С о ф ь я. Бугун келишингни ким билипти, ахир…
И в а н. Ахир сизларга телеграмма юборган эдим-ку?
С о ф ь я. Бақирма…
Л е ш ч. Шу ерда тура турайлик, сал совиб олсин.
Н а д е ж д а (хўрсиниб). Эҳ, масхарабоз дадагинам-ей!
И в а н (ошхона эшигида). Сиз нобакорлар ўлимга ҳукм қилинган одам билан, гарчи у отангиз бўлса ҳам, кўчада бирга юришга қўрқасизлар, а?
С о ф ь я. Ўтир, овқат қил, Иван…
И в а н (Я к о в хонасига боради). Сарқитларингиз керак эмас! Надежда, нега мени ҳеч ким кутиб олмади?
Н а д е ж д а. Биз билмабмиз.
И в а н. Бўлмаган гап! А-а-а, жаноблар! Барингизни яхши тушунаман! Ўша хизматдан бўшаган кунимдан бери, сизларнинг олдингизда қадр-қимматим қолмади…
Л е ш ч. Аввал саломлашсангиз бўлармиди…
И в а н. Нима?.. Салом…
Л е ш ч. Жиноятчи, ҳалиги…
И в а н. Ҳалиги, менга қўл кўтарган тутуриқсиз, — хўш, унга нима бўпти?
Л е ш ч. Асаблари қаттиқ бузилиб, касал бўлибди…
И в а н. Бу уни оқлай олмайди, номаъқулни айтибсан!
Л е ш ч. Шундайку-я, аммо уни суд қилиб бўлмайди…
И в а н. Нимага?

Диванга ўтириб қолади. Ошхона эшиги олдида П ё т р, В е р а, С о ф ь я, кейин А л е к с а н д р пайдо бўладилар. Парда ортидаги эшикдан Я к о в хонасига Л ю б о в ь кириб келади, у энаганинг курсиси олдида тўхтайди. Энага ўзича минғирлаб, бош тебратиб аста кулади. Л е ш ч билан Н а д е ж д а Иван олдида туришади. Ошхонада О қ с о ч хотин ивирсиниб юради.

С о ф ь я (ошхонага кетаётиб). Столга ўтиринглар!
И в а н. Томоғимдан бир нарса ўтармиди!
А л е к с а н д р. Сиз ароқдан олинг, у ўтказади.
И в а н. Нимага сен мени вокзалда кутиб олмадинг?
А л е к с а н д р. Келинг энди, қўйсангиз-чи!
И в а н (қарийб самимий). Йўқ, кўнглим ўксиди… Наҳотки, мен озгина меҳрингизга ҳам арзимасам, болаларим, а? Бу қандай гап, ахир?
Я к о в. (ошхонадан). Бас қил энди, Иван…
Л ю б о в ь (дадасининг олдига келиб, совуқ оҳангда). Бу аянчли томошани тезда тугатасизми ёки тугашига ҳали узоқми?
И в а н (туради). Аянчли томоша?.. (Ҳаммага.) У дадаси ҳақида шундай гапираяпти, тахт ила қонунга хизмат қилган дадаси ҳақида…
Л ю б о в ь (хотиржам). Мени ўтказиб юборинглар, овқат егим келди…
И в а н. Кимнинг нонини ейишга боряпсан, букри бедаво?
Я к о в (қичқиради). Иван! Ё, тавба…
Л ю б о в ь (хотиржам, қаттиқ овозда). Мен сизнинг укангиз нонини ейман.
С о ф ь я. Иван, сен жиллақурса оқсочдан уял…
И в а н (атрофга назар солиб). Нима? Бу қанақаси?
Л ю б о в ь. Ёмон сўзлар билан менга қўполлик қилманг.
И в а н (ҳайратда атрофга қараб). Бу – бу, янгилик…
Я к о в (Пётр кўмагида тураркан, ҳаяжонли, секин). Нима бўлди? Ақлдан оздингизми ҳаммангиз? Иван!.. Кел… Кел…
И в а н (кетаётиб). Агар у мен билан бир дастурхонда ўтирса, ҳеч нарса томоғимдан ўтмайди, емайман, ичмайман…

Ҳамма унинг ортидан боради. Я к о в, П ё т р ва Л ю б о в ь ёлғиз қоладилар.

Я к о в. (секин). Люба, сенга нима бўлди?
Л ю б о в ь (секин). Сиз ўзингиз нима деб ўйлаяпсиз?

Унинг қарашига дош беролмаган Я к о в бошини қуйи солади. П ё т р уларга шубҳаланиб қарайди.

И в а н (ошхонада, аламли). Душманликнинг бундай ёвуз кўриниши менинг оиламда қандай пайдо бўлиб қолди экан?
А л е к с а н д р. Сизнинг соғлигингиз учун, дада!

Я к о в билан П ё т р жим столга яқинлашиб келишади. Л ю б о в нинг ўзи ёлғиз, атрофга қараб, шол рўмолга ўраниб олади.

Ф е д о с ь я (курсида эгилиб, Л ю б о вга жилмайиб қарайди, имлаб чақириб, шивирлайди). Любушка, бу ёққа кел, бу ёққа… Анави бизнинг уришқоғимиз нима деб қичқираяпти…
Л е ш ч (ошхонада). Қадамингизга ҳасанот! Аҳил оиламиз аъзоларининг барча орзу ўйлари рўёбга чиқсин!..

П а р д а

ИККИНЧИ ПАРДА

Ошхонанинг бир қисми – деворида кўҳна соат осиғлиқ файзи йўқ бир бурчак. Дабдабали буфет ва баҳайбат стол, столнинг ярми саҳнадан чиқиб кетган, кўринмайди. Қора мовут тутилган кенг равоқ ошхонани меҳмонхонадан ажратиб туради: меҳмонхона ошхонадан ичкарироқда, хона эски мебель жиҳозлари билан тўлдирилган. Ўнг томонда бурчакда кичкина электр чироқ ёниб турибди: унинг ёруғида Вера кушеткада ётиб китоб ўқимоқда. П ё т р бир нарса қидиргандай стуллар орасида
тимирскланиб юради. Ичкарида дераза олдида Л ю б о в ь стулга тиззаларини
қўйиб, суянчиқдан ушлаганча деразага қараб турибди.

П ё т р (секин, ўжарлик билан). Мен ҳақиқатни билишни истайман…
Л ю б о в ь (Пётр томон ўгирилиб). Сен жанжалингни ойимга айта кўрма.
П ё т р (шубҳа билан). Нега?
В е р а (ўкинч билан). Шундай халал беряпсанки менга, Петька!
Л ю б о в ь. Нима кераги бор унинг юрагини ўйнатишнинг!
П ё т р (ўжарлик билан). Борди-ю, Максимов ҳақ бўлиб чиқса-чи?
В е р а (қизғин, таънали). Уялмайсанми, Пётр! Сенинг дадам ҳақида ёмон ўйлашга ҳаққинг йўқ!
П ё т р (хаёлга чўмиб). Жим бўлсанг-чи, Верка, эсинг йўқ-да…
В е р а. Сенинг бўлса бурнинг кўтарилиб кетди…
П ё т р (қаттиқ туриб). Нега жавоб бермаяпсан, Любовь?
В е р а. Яхши бир одам билан танишдингу, кеккайиб кетдинг…
Л ю б о в ь (стулдан тушиб). Сенга нима ҳам дердим.
П ё т р. Сен каттасан, сен билишинг керак… У дадамизни порахўр ва қўрқоқ деди, у…
В е р а (сакраб туриб). Бундай ярамас гапларни менинг олдимда бошқа гапирма, бўлмаса ойимга айтиб бераман…
П ё т р (унга синчков тикилиб). Бор, айт! Қани?..
В е р а (югуриб). Бораман ҳам! Бормайди деб ўйлайсанми?
Л ю б о в ь (ташвишга тушиб). Вера, керакмас! Ёмон бўлади, Пётр!
П ё т р. Ҳа, ёмон бўлади, айниқса, даданг ҳақида шундай гапириб турсалар…. Любовь, айт-чи, унинг қамоқдагиларни уришга буйруқ бергани ва улардан иккитасининг ўлгани ростми? Шундай қилиш керак эмас эди… Тўғрими?
Л ю б о в ь (шошилмай). Қулоқ сол, Пётр, мен ҳақиқатни гапирмаслик керак экан, деган фикрга келдим…
П ё т р. Менга гапирмаслик керакми?
Л ю б о в ь. Ҳаммага ҳам гапириш керак эмас…
П ё т р. Нега?
Л ю б о в ь. Бу, назаримда, бефойда бир иш.
П ё т р (ишонқирамай). Ҳақиқат – бефойда иш! Тушуниб бўлмайди…
Л ю б о в ь. Агар сен ботқоқ ерга дон сепсанг – бир нарса унадими, пишадими?
П ё т р (ўйлаб, хафа бўлиб). Аҳ-а, сен мени бир шўрлигу нотавон, деб ўйлаяпсан-да, а? Сен – баттолу баттаринсан, букурлигинг учун дунёда заҳрингни сочмаган одаминг йўқ…
Л ю б о в ь (иржайиб). Агар сенга бир чиройли одам чиройли сўзлар билан ҳақиқатни айтиб берса, шундагина ишонасан, мен айтсам-чи, ишонмайсан, чунки мен букурман. Кассандра ҳам, эҳтимол, майиб-мажруҳ бўлгандир, балки айни шу сабабдан унинг башоратларига ҳам биров ишонмай қўйгандир…
П ё т р (ўйланиб). Гапни чалкаштирма, бунинг менга кераги йўқ. Барибир билиб оламан. (Жим қолади, маъюс оҳангда.) Мени кечиргин… мазам қочиб боряпти… Менинг ҳам… зардам қайнаб кетди…
Л ю б о в ь (секин). Сенга ачинаман.
П ё т р (қовоғини солиб). Аммо мен… ёлғон гапиргим йўқ, менинг назаримда, ҳеч кимга ачиниш керак эмас! (Кета бошлайди.)
Л ю б о в ь (жиддий). Сенингча, гапирмасак, сукут сақласак ёлғон гапирган бўлар эканмиз-да?
П ё т р. Бўлмаса-чи! Ҳақиқатни айтмай сукут сақлаш – ёлғон гапириш демакдир.

Л ю б о в ь хонанинг ўртасида, юзларидан қаҳри келгани кўриниб туради, қовоғи солиқ. Ошхонада қопга ўхшаш уй кийимида, сочлари ёйилган ҳолда
Н а д е ж д а юрибди.

На д е ж д а. Верка шу ердами? Ярамас қизча-ей, менинг бутун соч тўғноғичларимни олиб кетибди. Нимага бойўғлига ўхшаб ўтирибсан?
Л ю б о в ь. Ўхшаяпманми?
Н а д е ж д а. Бу Верка қандай одам бўларкин, ҳатто ўйлашга қўрқаман! Ундан қўрққилиқ, жуда ўзбошимча қизча. Нега ойим эътибор қилмайди, ҳайронман. Сен ҳам ғалати бўлиб кетаяпсан. Аслида-ку, сен ҳамиша ҳам шундай эдинг-а. Сен ҳеч нарса билан шуғулланмайсан, бу зарарли-ку! Мана, Веркага кўз-қулоқ бўлишда ойимга кўмаклашсанг зўр бўларди, бу керак нарса…
Л ю б о в ь. Дадам ухлагани ётдими?
Н а д е ж д а. Ҳар галгидай. Кечқурун прокурор олдига борай, деб кийина бошладим, лекин ҳали эртароқ .
Л ю б о в ь (кулиб, унга кўз югуртиб чиқаркан). Ҳаётинг зерикарли эмасми, Надя?
Н а д е ж д а. Зинҳор-базинҳор! Меникидай гўзал қадди-қомат билан зерикарли бўларканми! Фақат эси пастларгина зерикишлари мумкин.
Л ю б о в ь. Бу сенинг Лешчингнинг гапими?
Н а д е ж д а. Менинг ўз тил-забоним бор.
Л ю б о в ь. А-а, маъною фикрлар ҳам борми?
Н а д е ж д а. Беҳудага уринма, игна санчиб гапиришларинг менга ўтмайди. Аҳ-а, мана Верка ҳам кепқолди! Унга бир кўрсатиб қўяй бировнинг нарсасини олишни!

Тезда кетади. Ўнг томондан эшикдан Ф е д о с ь я кириб келади.

Ф е д о с ь я. Любушка, гиргиттоним! Александр, шумгина, тўқиётган нарсамни бирон жойга яшириб қўйибди, қидириб топиб берсанг-чи…
Л ю б о в ь (дивандан энаганинг тўқиётган нарсасини олиб узатади). Мана, энага!
Ф е д о с ь я. Такасалтангни қара-я. Ундирдим-ўстирдим, паҳлавон бўлади, деб ният қилдим, энди билсам битта ҳаромтомоқни катта қилибман. Биз, энагалар, мана шунақамиз-да. Овсар бўлиб чиқса ҳам гўрга эди, йўқ, бари фирибгару муттаҳам бўлиб вояга етяпти.
Л ю б о в ь (иржайиб). Ҳа, энага, гапларинг тўғри – учирмаларингдан омадинг йўқ экан…
Ф е д о с ь я. Нима дединг?..

Атрофга қарайди, стол ёнига ўтираркан, тўқиётган нарсасини ёя бошлайди ва ҳар сафаргидек бир нималарнидир пичирлайди. Ошхонадан ўзаро гаплашганча П ё т р билан С о ф ь я ўтиб борадилар, кейин С о ф ь я катга ўтиради, П ё т р унинг пойига тиз чўкади. Сўнг В е р а чопиб киради, ойисининг ёнига ўтиради ва сочларини
тузата бошлайди.

П ё т р (ўйга толиб). Биз чой ичиб ўтирган эдик, шундай бир замонлар келадики, деб гапирди у, одамлар ҳозир велосипедда қандай енгил юришган бўлса, худди шундай ҳавода осон учиб юришадиган бўлади…
С о ф ь я. Сиёсат ҳақида-чи, гаплашмадингларми?
П ё т р. Сиёсатдан ҳам гап кетди. У ҳамма нарса ҳақида ҳам чиройли қилиб гапираркан.
С о ф ь я (қатъият билан). Хўш, сиёсат ҳақида нима деди?
Л ю б о в ь (кинояли). Эҳ, ойижон, ойижон-ей! Полицмейстернинг хотини…
П ё т р (эслаб). Унутибман… Яхши гапирди. Унинг кўзлари тийрак экан. Лекин одамларга раҳми келмайдиган, бағритошлар хилидан экан назаримда, – юзта кучли одам ўлса, дейди, ожизлардан мингтаси нобуд бўлади…
С о ф ь я (ташвишли). Нимадан нобуд бўлар экан?
П ё т р (кулиб). Эслай олмайман. Йўқ, яхши тушуна олмадим, шекилли…
С о ф ь я (эҳтиёткорона). Сенингча, у инқилобчи эмасмикин?
П ё т р (норизо бўлиб). Йўғ-е, ойижон, бўлмаган гап!
С о ф ь я (хўрсиниб). Улар жуда айёр, Петя…
В е р а (ойисига). Петькани койиб қўйдингми?
С о ф ь я (шошилиб). Ҳа, ҳа… Гапир, гапиравер…
П ё т р. Кейин ойимтилла Наталья Михайловна келиб, китоблар ҳақида сўзлаб кетди…
В е р а (эркаланиб). Ойижон, мен ўшанинг олдига борай! Ахир ойимтиллалар унинг меҳмони бўлишаркан…
С о ф ь я. Бу жуда ноқулай. Мен уни танимайман.
Л ю б о в ь. Веранинг Якорев билан танишувини маъқул деб ўйлайсанми, ойи?
С о ф ь я. Якоревни даданг яхши билади.
Л ю б о в ь. Наҳотки, шу нарса унинг обрўйини орттирса?
С о ф ь я. Тўхтаб тур, Люба… (П ё т р г а.) У сенинг Коломийцев ўғли эканлигингни биладими?
П ё т р (бироз тўхтаб). Албатта-да! (Ўрнидан туради, нари кетаркан, ўзича ғудранади). Коломийцевнинг ўғли… Худди юқумли касаллик ҳақида гапиргандай гапирасан-а, бу ҳақда…
В е р а. Эшитяпсизми, ойи? Вой ярамас Петька-ей!.. Ойижон, уни бизникига таклиф этинг, хўпми?
С о ф ь я. Ўйлаб кўрай-чи.
В е р а. Вой, худойим-ей, бизда бирам зерикарлики!.. Нуқул полициячилар юргани юрган, тағин ўзларини ҳарбийлардан қилиб кўрсатишлари ортиқча…

И в а н қўлларини орқасига қилганча ошхонага кириб келади, соатга қараб, бармоғини нуқиб, пўписа қилиб қўяди. Буфетни очиб, винодан қуйиб ичаркан, бошини чайқайди, мўйловини тўғрилаган бўлиб, меҳмонхонага
кўз ташлайди.

Ф е д о с ь я. Софьюшка, Александрни уйлаб қўйсанг зўр бўларди! Верочкани ҳам эрга бериш керак… Қанча болалар бўлади-я!..(Овозсиз кулади.)

П ё т р унинг олдида тўхтаб, қовоғини солиб қарайди.

И в а н. Бу ерда биров борми?
С о ф ь я. Болалар бор.
И в а н. Сен-чи?
С о ф ь я. Нима, мен?
И в а н. Сен улар билан биргамисан?
С о ф ь я. Ҳа, албатта…
И в а н. Демак, мен ва болалар бор, деб айтишинг керак эди. Нимага қоронғи? Мен ёруғликни, ўтни яхши кўраман, биласизлар-ку!
Ф е д о с ь я (ғудраниб). Кенг майдонга чиқдилар, балоларни йиқдилар, қилич билан чопдилар, турпоқ кўрпа ёпдилар…

П ё т р ҳамма чироқни ёқади, С о ф ь я ғамгин, В е р а қўрққан ҳолда,
Л ю б о в ь эса истеҳзоли қараб турадилар.

И в а н (хонада аста юради ва босиқ имо-ишоралар қилади). Ҳар доим муҳим давлат ишлари билан шуғулланган кишиларни ўз атрофида кўриб ўрганган одам бирдан бекорчи бўлиб қолса, қаттиқ эзилади. Сен нега дарсингни тайёрламаяпсан, Пётр?
П ё т р (диққат билан дадасига тикилиб). Тайёрлаб бўлдим.
И в а н. Алдаётган бўлсанг керак. Эртага бўлса, сен каллаварамга синфда тушлик овқат беришмайди, кейин даданг буни кўриб уятдан ўзини қайга қўйишни билмай қолади. Мен бир нарсага ҳайронман, ҳеч ким ҳеч нарса қилаётгани йўқ, қандай қилиб яшаяпсизлар?
Л ю б о в ь. Бир ишлашни бизга ўргатинг.
И в а н. Хо-хо-хо! Ишлаш!.. Қўлингдан нима келади?
Л ю б о в ь (хотиржам). Тузуккина расм чизаман, масалан, қалбаки пуллар қилиш қўлимдан келади…
И в а н (унга томон юради). Мен сени… (Кўзига кўзи тушиб, гапини юмшоқроқ тугатади.) Чиқиб кет бу ердан! Пётр ва Вера – сизлар ҳам жўнаб қолинглар. Мен ойингиз билан гаплашишим зарур…

В е р а билан П ё т р тезда чиқиб кетишади, Л ю б о в ь шошилмай кета бошлайди, ошхонада рўмолининг учи стулга илиниб тўхтаб қолади. Ф е д о с ь я бошини кўтариб И в а н г а қарайди, И в а н буни сезади.

И в а н. Мана бу қари бойўғли нима қилиб ўралашиб юрибди бу ерда? Ғарибхонага жўнатиш керак уни!
С о ф ь я. Иван, қўя қол…
И в а н (баланд овозда). Энага! Қорангни ўчир, кет! Эшитяпсанми?
Ф е д о с ь я (ўрнидан туриб). Эшитяпман, қоқиндиқ… Кар эмасман, эшитмай…(Ошхонага кетади.)
И в а н. Қулоқ сол, Софья, мен уйни яхшилашга қарор қилдим…
С о ф ь я. Бировнинг уйини.
И в а н (жиддий). Бу укамнинг уйи! Яков ўлгандан кейин уй меники бўлади. Бемаъни нарсаларни гапирма. Демак, мен уйни яхшилашу, болаларим тарбияси билан шахсан ўзим шуғулланишим керак. Ишлаб юрган пайтларимда болаларни ёмон тарбия қилганингни сезмаган эканман, энди буни тузатишга вақт топилади, энди бу ишга қаттиқ киришаман. (Ўйланиб.) Энг аввало менинг хонамдан кўча томонга дарча очиш керак. Коридорга чиқадиган эшик очиш ҳам зарур. Кейин, Любовь ишлаши керак – эрга-ку, чиқмайди албатта, майиб-майриқни оламан деб кимнинг ҳам кўзи учиб турибди, унинг устига баджаҳл бўлса!

Л ю б о в ь рўмолини бошидан олиб бўлган эди, И в а н нинг сўзларини эшитиб, меҳмонхонага қайтмоқчи ҳам бўлади, аммо ойисининг паст овозда гапириши уни тўхтатади.

С о ф ь я. Кимнинг айби билан букур бўлганини эсингдан чиқарма…
И в а н (паст овозда). Эсимда, эсимда-а! Йигирма минг марта танбеҳ эшитдим-ку, шунинг учун! (Секин.) Балки сен бу ҳақда унинг ўзига айтиб бергандирсан, шунинг учун мени ёқтирмас? Айтдингми, а?
С о ф ь я (жаҳли чиқиб). Йўқ, айтганим йўқ… қўлингдан тушиб кетдими ё атайлаб рашк қилиб ташлаб юбордингми – бунисини билмайман, Аммо… энага буни кўрган, у билади.
И в а н (таҳдидли). Тамом – бу ҳақда бошқа оғиз очиш йўқ! Ким ташлаб юборганини мен билмайман.
С о ф ь я. Сен маст экансан.
И в а н (секин, қулоғига шивирлаб). Балки… сен ташлаб юборгандирсан? Сен эмаслигингни қандай исбот қиласан? Аҳа-а! Сен маст бўлмасмидинг? Бир нарсани эсингдан чиқарма: Любовнинг менинг қизим эканлигига шубҳам бор, жияним бўлса керак…
С о ф ь я (юзига тик қараб). Шунинг учун ташлаб юбордим ўшанда, дегин? Шундайми?
И в а н. Оғзингни юм!..
С о ф ь я. Мени хиёнат қилди дейишга қандай тилинг боради? Сен ўнлаб хотинлар билан юрдинг…
И в а н. Юрдимми? Мен – эркакман! Юриш қўлимдан келади, тамом, демак ҳаққим бор! Шундай қилишни истадим!
С о ф ь я. Мен-чи? Менинг қўлимдан келмасмиди?
И в а н. Сен бунга журъат қилолмасдинг! Бўлди, бас! Любовь ишлаши керак, деяпман мен, майли бирон-бир қишлоқда ўқитувчилик қилсин. Уйда унинг қиладиган иши йўқ, кейин, Пётр билан Верага ёмон таъсир қилиши мумкин… Иннайкейин, Ковалёвнинг Верага уйлангиси бор, аммо унга беш минг сўм керак эмиш.
С о ф ь я (қўрқиб). Ковалёв? Ҳалиги фоҳишабоз ва касал одам-а?..
И в а н. Соғлом ва боодоб куёвни мен сенга қаердан оламан? Сен Надеждага эр топдингми? Надежданинг ўзи топди. Верка эса тополмайди, у жуда гўл. Лекин дадиллиги бор. Ковалёв серғайрат одам, у тездагина ё полицмейстерга муовин бўлади, ё уезд бошлиғи… Сен Яковни беш минг сўм беришга кўндиришинг керак… ҳам бизга, ҳам тўй харажатларига… (Киноя билан) у сенга йўқ деёлмайди… (Ташвишли.) Сенга нима бўлди… Нега бунақа қараяпсан? Нима бўлди?..
С о ф ь я (секин). Кўз олдим қоронғилашиб кетди.
И в а н (тинчланиб). Даволангин!
С о ф ь я (қўрқиб, маъюс). Мен… кўрмаяпман…
И в а н (ғаши келиб). Даволангин, деяпман-ку! Доктор бўлса ўзимиздан.
С о ф ь я (секин, ўзига келиб). Ё тавба, қандай даҳшат…
И в а н (атрофга қараб, қовоғини солиб). Мен ҳам кўчага чиқсам кўз олдимни қоронғилиқ босади. Ахир бомбачиларга барибир: истеъфога чиққанмисан, йўқми, фарқи йўқ, ўлдираверади… бари тошбағир! (Бирдан майин ва самимий оҳангда.) Софья, қулоқ сол, мен баджаҳл одамманми, а?..
С о ф ь я (бироз тўхтаб). Билмадим…
И в а н (иржайиб). Мен билан йигирма етти йил яшаб-а?
С о ф ь я. Ҳозир ҳамма нарса ўзгариб кетди, ҳеч нарсага тушуниб бўлмайди, ҳамма нарса хавфли. Сен ҳақингда куракда турмайдиган гапларни гапиришяпти… Сен баджаҳлдан ҳам ёмонсан.
И в а н (жирканч билан). Газеталар!.. Оти ўчсин барини!
С о ф ь я. Одамлар ҳам тинч туришгани йўқ. Газеталарни ахир одамлар ўқишяпти-да. (Маъюс.) Сен нега асирларни калтаклашга бўйруқ бердинг?
И в а н (секин). Ёлғон бу! Уларни қамоққа тушгунча уришган… улар қайсарлик қилишган…
С о ф ь я. Қамоққа олиб кетишаётиб йўлда уришган!
И в а н. Улар қаршилик кўрсатиб, қўшиқлар айтишган! Улар менинг гапимга қулоқ солишмади. Сен биласан-ку, мен тезман, қарама-қаршиликларни ёқтирмайман… Ахир булар бебошвоқ ўзбошимча одамлар, подшонинг, тартибнинг ашаддий душманлари… Уларни дорга осадилар, сургунга жўнатадилар. Нега энди мумкин эмас экан… уларни жим бўлишга мажбур этиш керак эди.
С о ф ь я. Иккитаси ўлдирилган… иккитаси…
И в а н. Иккита бўлса нима бўпти? Булар нимжон, ишсизликдан силласи қуриган одамлар, пешонасига бир чертсанг ўлади… Солдатларнинг жини қўзиб кетди… (Жим қолгач, қўлларини ёзиб, самимий оҳангда.) Албатта… бир томони, мен ҳам айблиман… ҳамиша жаҳлинг чиқиб, зарданг қайнаб яшайсан… Бошқаларни кўрсанг, менга қараганда шафқатсиз жазолар ўйлаб топишади, аммо уларга менга ўхшатиб ўқ отишмайди.
С о ф ь я. Биз керак нарса қолиб, бошқасидан гапиряпмиз. Бу даҳшатли замонда болалар қандай яшаши керак, шундан гапирайлик… болаларни нобуд қилаётган ҳам шу замон… Анови ўлдирилганлар ҳам ҳали бола ёшида экан…
И в а н (елкасини қисиб). Бунга болаларнинг қандай алоқаси бор?
С о ф ь я. Агар улар қоралаб, айблашса-чи?
И в а н (ғазабланиб). Улар? Улар мени суд қилишадими? Болалар-а, менинг пушти камаримдан бўлганлар-а? Нималар деяпсан ўзи? Мен уларни деб полицияга ишга кирсаму, шунинг эвазига улардан таъналар эшитсам-а?!.. Уларни деб… кўп нарсадан мосуво бўлдим, қилтиллаган жонимни зўрға сақлаб қолдим.
Л е ш ч (ошхонадан). Мумкинми?
И в а н. Бош устига…
Л е ш ч (иккисига кўз ташлаб). Ковалёв келди.
И в а н (хотинига). Унинг олдига чиқ! Мен ҳозир! Сал мулозаматни қуюқроқ қил… умуман, тушунасан-ку!

С о ф ь я индамай чиқиб кетади. Л е ш ч жилмаяди.

И в а н (унча хуш кўрмай.) Нима… Хурсандсиз, дейман?
Л е ш ч. Мен ҳам тушунаман.
И в а н (жиддий). Шунақами? Қулоқ солинг, муҳтарам зот, мен сизга айтсам, сизнинг хурмача қилиқларингиз обрўйимни тўкиб қўйиши мумкин… Тўкканда ҳам жа-а қойилмақом қилиб!
Л е ш ч (қошларини кўтариб). О… Жуда қизиқ-ку.
И в а н. Айтинг-чи, Александрни хизматга жойлаштириш учун неча пул бердингиз?
Л е ш ч. Уч юз.
И в а н. Укамдан беш юз олибсиз-ку!
Л е ш ч. Тўғри.
И в а н. Икки юзи қаёқда қолди?

Л е ш ч индамай кўкрак чўнтагини уриб қўяди.

И в а н. Бу хижолатли иш-ку!
Л е ш ч. Менинг учун… хижолатлими?
И в а н. Умуман… Ўйлаб кўринг – укам билиб қолади-ку!..
Л е ш ч. Ким унга айтади?
И в а н. Мана мен, масалан, айтиб қўйишим мумкин…
Л е ш ч (жиддий). Сиз сал эҳтиёт бўлинг! Бу гапни эсингиздан чиқаринг.
И в а н (хижолат тортиб, сидқидилдан). Аммо сиз шунақа бир оҳангда гапиряпсизки, гўё…
Л е ш ч. Эсингиздан чиқаринг, масалан, қизингизнинг уч минг сўм қалинини унутиб қўйдингиз-ку, шунга ўхшаб.
И в а н (юмшаб). Сизга пул нимага керак? Ахир бор-ку, етарли.
Л е ш ч. Надянинг айтишига қараганда, ҳали етарли эмас эмиш.
И в а н. Ҳм-м… Ҳа…. Дарвоқе, сизда… йигирма сўм топилмайдими?
Л е ш ч. Бунинг ҳеч кераги йўқ . Ҳам кўплик қилади.
И в а н (ҳайрон бўлиб). Нима учун кўплик қиларкан?
Л е ш ч. Йигирма сўм – йигирма фойиз деган сўз.
И в а н (жаҳли чиққандай). Сиз… сиз нималар деяпсиз, муҳтарам жаноб?
Л е ш ч. Сизга ўнни бераман, вассалом! Керак эмасми?.. Ихтиёрингиз. Сизга бир янгиликни айтиб қўйишим керак: идора ходими Федяковнинг қизи боламга нафақа берсин, деб сизга даъво қилмоқда.
И в а н (аччиғи келиб). Вой, ифлос-ей! Менинг болам эканлигини у қандай исботларкан?
Л е ш ч. Албатта, буни исботлаш қийин. Аммо жанжал бўлади ҳали.
И в а н. Қандай қабиҳлик!
Л е ш ч. Идора хизматчиси бор-ку, хат ташувчи Трусов устингиздан арз қилмоқчи…
И в а н. Уямми… ҳайвон!
Л е ш ч. Ҳа. Шапалоқ текканда унинг қулоқ пардаси йиртилиб кетибди.
И в а н (ўйланиб). Эсингиздами, бир масал бор – ярадор шерни эшаклар тепиб ўтишади. Мен ўша шернинг ўзиман ҳозир!
Л е ш ч. Бўлиши мумкин.
И в а н (самимий). Ҳа, ҳа! Улар мени яна хизматга қайтади, деб қўрқишяпти, шунинг учун менинг тўғримда ҳар хил фисқу фужур гаплар тарқатиб бадном қилишмоқчи – мана ҳасадгўйларнинг хом чўти! Одамлар деб қўйипти буларни!
Л е ш ч (пул узатиб, жиддий). Ютқизганларнинг ҳолига вой!
И в а н (пулни олиб). Ҳали кўрамиз! Сиз, азизим, шунақа пайтларда менга кўмак беришингиз керак, биламан, сизнинг қўлингиздан кўп нарса келади! Сизнинг каллангиз унча-мунча каллалардан эмас, олтиндан бўлган!

Ошхонада ясанган Н а д е ж д а пайдо бўлади, у декольте кўйлакда, очиқ бўйнида қизил тошлардан ясалган хоч кўринади. Тўхтаб гапга қулоқ солади.

И в а н. Сиздан угина, биздан бугина, деганларидай – эртага клубда мен сизни Муратов билан таништириб қўяман, биласиз, ҳалиги савдогар бор-ку, либерал?
Л е ш ч. Бирон гап борми?
И в а н. Унинг жияни қамоқда ўтирибди, қандайдир китобчалар ўқигани учун, аллакимлар билан танишгани учун. Шу жиянга касал деб гувоҳнома бериш керак, шунда уни қамоқдан чиқариб юборишади… У йигитни яхши танийман, ўзи ақлли бола! Китобчалар бўлса унинг қўлига тасодифан тушиб қолган.
Л е ш ч (жиддий). Агар ақлли бола бўлса, унга ёрдам бериш керак.
И в а н. Тоғаси уни жуда яхши кўради, унга бир нарса бўлмасин, деб юраги така-пука. У шуни деб уч юзнинг баҳридан ўтиб юбориши мумкин…
Л е ш ч. Кам! Буни сиёсат, дейдилар.
На д е ж д а (киради). Кетар вақти бўлди, Павел…
И в а н (мўйловини бураб). Мана бу хонимга қаранг! Офатнинг ўзи-ку!
Л е ш ч (кетаркан). Бир лаҳзага Яков амаки олдига кириб чиқаман…
И в а н (унинг орқасидан). Сиз хотинимга бир қарасангиз бўларди, кўзлари оғриптими… Сен бўлсанг, Надина, тобора чиройинг очилиб боряпти!
Н а д е ж д а. Болалар йўқ, шунинг учун-да…
И в а н (хўрсиниб). Ҳа, Надя, болалар бизни қаритиб-чуритади, рангимизни сомон қилади, ота-оналарнинг ҳоли шу. Болалар… бу сўзда шунчалар маъно кўпки… Бешовингдан, фақат сени яхши кўраман, фақат сендан кўнглим тўқ.
Н а д е ж д а (эҳтиёткорона эркаланиб). Шўрлик дадажоним! Сизга қийин бўлиб кетди. Илгари Надянгизга ҳар хил яхши нарсаларни совға қилиб турардингиз, энди қўлингиз калта бўлиб, севимли қизчангизга бирон-бир туҳфа ҳам қилмай қўйганингиздан кўнглингиз озурда…
И в а н (ранжиб). Ҳа, шунақа, иложим йўқ.
Н а д е ж д а. Биласизми? Сиз амакимдан пул олинг…
И в а н. Аллақачон олиб бўлганман!
Н а д е ж д а. Менга бир қанча пайпоқ совға қилинг, эсингиздами, ипак пайпоқлар олиб берардингиз.
И в а н. Эсимда… Эҳ, Надя…
Л е ш ч (киради). Мен тайёрман. (Иванга, паст овозда.) Яков амакининг ишлари пачава…
И в а н (секин). Йўғ-е…
Л е ш ч. Унинг юраги чатоқ, жуда чатоқ!
И в а н (ташвишланиб). Ҳм-м…
Н а д е ж д а. Дада, у билан гаплашишингиз керакмиди…
И в а н. Гаплашиш… Нима ҳақда гаплашаман? Унинг меросхўри ёлғиз менман!
Л е ш ч (маънодор қилиб). Ишончингиз комилми? Юр кетдик, Надя…
На д е ж д а (дадасига юзини ўпич учун тутиб). Кўришгунча!
И в а н (ўпиб). Доим вақтинг чоғ бўлсин, азизам! Тинч бўл, омон бўл…(Ёлғиз қолгач, хаёлга берилганча буфет олдига боради, стаканга вино қуйиб ичади ва ғўлдирайди.) Гаплашиш керакми?.. Ҳм-м!..

Меҳмонхонада ўнг томондан П ё т р кириб келади, оромкурсига кўзларини юмиб бошини орқага ташлаганча оромкурсига ўтиради. И в а н соатга қарайди, соат эшигини очиб, милларини суради. Соат саккизга занг уради. П ё т р кўзларини очиб, атрофга қарайди, И в а н “Подшони ўзинг асра” қўшиғини ҳуштак чалиб хиргойи қилганча, ташвишли ва қовоғи солиқ ҳолда ошхона ўртасида туриб қолади. П ё т р шиддат
билан дадаси томон юради.

П ё т р (ҳаяжонли). Дада!
И в а н. Нима дейсан?
П ё т р. Бир нарса сўрамоқчийдим…
И в а н. Нимани сўрамоқчисан?
П ё т р. Бу жуда ҳам оғир ва даҳшатли…
И в а н ( унга тикилиб). Чайналмай гапир!
П ё т р. Эҳтимол, бу жуда ҳам ярамас бир ишдир… Аммо менга сал мулойимроқ қаранг… Ижозат беринг, кўнглимдагини очиқ айтай…
И в а н. Сен дадангга ҳамиша кўнглингни очиб гапиришинг керак.
П ё т р. Мен сиз билан инсон инсон билан гаплашгандай гаплашсам дейман…
И в а н (таажжубланиб). Шуна-а-қами?.. (Бирдан ниманидир фаҳмлайди, ўғлининг елкасидан тутиб силкитади ва таънали шивирлайди.) Касал бўлиб қолдингми? Касал бўлдингми, ёмон бола, а? Эҳ, бузуқи, ярамас, аллақачон-а, а?
П ё т р (ғазабланиб). Тинч қўйинг мени… сиз тушунмайсиз… Мен соппа-соғман.
И в а н (қўйиб юбориб). Алдаяпсанми, бола?!
П ё т р (секин). Илтимос, дада, мени тинч қўйинг!
И в а н (ўкинчли оҳангда). Нималарни валдираётган эдинг бўлмаса, пандавақи? Гапир, нима бўлди?
П ё т р. Кейин… Энди иложим йўқ…
И в а н. Найранг қилма, бўл!
П ё т р (тез меҳмонхона томон юриб). Иложим йўқ!
И в а н (қатъий). Тўхта! Тўхта, деяпман сенга!.. (Соатга қарайди ва тинчланади.) Аттанг, сени тутиб олишга вақт йўқ-да…

Девор ва стулларни ушлаб Я к о в юриб келади.

И в а н (укасига қараб, афсусланиб лабини чапиллатади). Ҳа, ука, оёқлар ишлашдан бош тортяптими, а? Ҳа, укажон, энди бизлар қартайиб қолдик! Яъни, ҳарб ичра ҳориган иккита жангчи…
Я к о в. (қаттиқ ҳаяжонда гапираркан дудуқланиб қолади). Менга қара… овозингни эшитиб келдим, сенга…
И в а н (узр сўраб). Ҳа, мен бақирган эдим. Мумкинмас ахир, отаман! Сен – ўтир. Эсингда борми икки гренадёр? (Таъсирланиб, аммо оҳангни бузиб куйлайди).

Икки-и гренадёр Франция сари
Рус асирлигидан қайтарлар ғамгин,
Иккиси-и-и ҳам…

(Қўшиқ сўзларини унутади). Ҳа… Кечирасан, Яша, мен кетаяпман…
Ф е д о с ь я (келади). Нимага, Яша, бир ўзинг юрибсан, йиқилиб тушасан-ку… Эҳ, сен-ей…
Я к о в. Ўтиниб сўрайман – тўхта, қол!.. Сен билан гаплашишим керак.
И в а н (соатга қараб). Иложим йўқ, оғайни! Кетишим зарур, ҳа…
Я к о в. Жуда муҳим гап, Люба ҳақида гаплашмоқчиман…
И в а н (қовоғини солиб). Ҳм-м… Сен бугун жуда ҳам ҳолдан тойиб қолдинг. Ўзим ҳам сен билан кўп нарсаларни гаплашиб олишим керак… болалар ҳақида… бошқалар ҳақида… (Қатъий.) Аммо бугунмас! Эртага гаплашамиз, Яков! Ҳа, эртага, дўстгинам! (Укаси жавоб бериб улгурмай, кетади.)
Я к о в (орқасидан). Иван, эҳтимол, эртага мен… (Қўл силтаб, хонасига қайтади.)
Ф е д о с ь я. Яна бирнималарнидир излаб кетди! (Юраркан, тўқиётган нарсаси ерда чувалиб боради.) Бир умр тошдай бўлиб яшади-я, тошдай на ўсди, на ундирди, энди нимани ҳам қидиради? Чўлларда ғиз-ғизлашар, хазиналар излашар… Сизга қараб қолибман, анқайибман, толибман…(Кетади.)

Меҳмонхонага шиддат билан В е р а югуриб киради, у Я к о в нинг қўлидан ушлаб судраб келади. Бу даҳа назоратчиси кийимидаги чиройли, ёш йигит. Уларнинг ортидан
қовоғи солиқ ва асабий ҳолда Пётр кириб келади.

В е р а. Ўтиринг ва гапингизни давом эттиринг.
Я к о р е в. Сиз қўрқаётганингиз йўқми?
В е р а. Аслида жами қаҳрамонона ишлар озроқ қўрқинчли бўладиям, аммо шундоқ қилиш керак!
Я к о р е в. Тўғри. Хў-ўш, демак, у менга ўқ узди, мен шу заҳотиёқ наганимдан жавоб қайтардим ва яхшироқ отиш учун ерга қапишиб ётиб олдим. Отганимда ҳам, pardon*, фақат қорнига теккизиб оғир ярадор қилиш пайида бўлдим. Учинчи отишимда ҳужум қилганлардан бирини, – унинг санъат мактаби талабаси Николай Ухов эканлиги кейин маълум бўлди, – тиззасидан енгил ярадор қилдим…
В е р а (қўл силтаб). Унақамас, унақамас!
Я к о р е в (ҳайрон бўлиб). Ажабо, нима деяпсиз ўзи? Протокол билан солиштириб кўринг… Сизга кўчирмасини олиб келаман!
В е р а (ишонч билан). Протоколдагидай қилиб гапириш керак эмас! Керак эмас, тушуняпсизми?
Я к о р е в (истеҳзоли). У ҳолда гапларим ёлғон бўлиб чиқади-ку!
В е р а (ер тепиб). Эҳ, қанақа экансиз-а! Пётр, даҳшатли нарсаларни қандай ҳикоя қилишни унга бир тушунтириб қўй…
П ё т р (норози). Якорев, сен бу ҳақда энди гапирмасанг бўларди…
Я к о р е в. Нимага энди? Қизиқ-ку.
П ё т р. Бу ерда мағрурланадиган ҳеч нарса йўқ…
В е р а. Гапинг ёлғон, Петька!
Я к о р е в (хафа бўлиб). Нега ҳеч нарса йўқ бўларкан? Мен жонимни жабборга бериб ҳаракат қилдим, сиз бўлса, дворянин, тушунишингиз керак эди…
П ё т р. Мен эса – тушунмайман. Истамайман ҳам. Борди-ю, тушуниб етсам, эҳтимол, сизга қўл бермаган бўлармидим…
В е р а. Петька, бу ёғи қандоқ бўлди?
Я к о р е в (ўрнидан туриб). Бурнингиз кўтарилиб кетяпти, Пётр. Сиз гимназияни битираётибсиз, мени эса гимназиядан ҳайдадилар, агар кеккайишингиз боиси шу бўлса, унда бу менинг иззат-нафсимга тегади…
В е р а (хурсанд). Қойил! Мана қаранг: Якорев, сиз ҳақиқий қаҳрамонлардай гапира олишингиз мумкин, қизғин, олижанобларча…
Я к о р е в (овозини кўтариб). Сиз ўзингизни ярамасларча тутмоқдасиз.
В е р а. Ҳай-ҳай, сўкишманглар!
П ё т р (бепарво). Бу гапларингиз менга бир тийин! Ўзимни қандай тутишим ҳақида фикрингизни билай, деб жудаям кўзим учиб тургани йўқ. Қандайдир болаларга ўқ отибсиз – аммо қўрққанингиздан отганлигингиз аниқ…
В е р а. Гапларинг ёлғон, Петька!
Я к о р е в (жаҳли чиқиб). Қўрққанимдан отибман? Мен-а?..
П ё т р (лоқайд). Албатта. Кайфингиз учиб кетиб, палапартиш тасирлатиб қолгансиз-да…
Я к о р е в (таҳдид билан). Бу, дўстгинам, жиддий гаплар, ҳа….
П ё т р (синглисига, майна қилиб). Уни судга бериш керак, сен эси йўқ бўлса, уни қаҳрамонга чиқариб ўтирибсан…
В е р а (ўзини йўқотиб). Ҳа, қаҳрамон… у қаҳрамон, фақат гапиришни билмайди…
Я к о р ев. Мен кетаман, Вера Ивановна! Сиз билан бўлса, Пётр, кейин гаплашаман! Мен ҳам дворянлардан…
П ё т р (истеҳзо билан). Дуэлга чақирмоқчимисиз?
В е р а (ичидан завқи келиб). Йўқми? Якорев, наҳотки дуэль, а? Петя, азизим!..
Я к о р е в (маънодор қилиб). Кўраман… ўйлаб кўраман…(Кетади.)
В е р а (Якоревни кузатиб). Жуда соз, Якорев, сиз олижаноб инсонсиз! Петька кибрланиб кетди – бу тўғри. У бир жаноб билан, эҳтимол инқилобчи бўлса керак, танишиб олди-ю, шундан бери…

Кетадилар. П ё т р буфет олдига келиб, ароқ қуйиб ичади. Ўз хонасидан иложи борича шошилиб Я к о в чиқиб келади.

Я к о в. Менга сув олиб бер, Петя.
П ё т р. Бу – ароқ.
Я к о в. Ароқ? Нимага ичаяпсан?
П ё т р. Шундай, ўзим. Балки тиш оғриғига даво бўлар.
Я к о в. Э-эҳ, Петя! Тезроқ сув бер!..
П ё т р (сув бериб). Кимдир йиғлаяптими?
Я к о в. Ҳа.
П ё тр . Ойимми?
Я к о в (чиқаётиб). Люба…
П ё т р. Сувни мен элтиб берақолай…
Я к о в. Йўқ. Сен уёққа борма…
П ё т р (дағалроқ). Боргим ҳам йўқ, жа-а…

С о ф ь я билан сочлари оқарган С о к о л о в а хоним кириб келадилар. Хоним қаддини тик тутиб, ички бир шижоат билан паст овозда гапиради, бу эса унга эшитгувчида ҳурмат ҳиссини уйғотади.

С о к о л о в а. Менинг нимага келганимни тушунгандирсиз?
С о ф ь я (ўзини қандай тутишни билмай). Мен мактубингизни олдим… Петя, бизни холи қўй…

П ё т р С о к о л о в а нинг юзига тикилиб қараганича унга томон юради, хоним ҳам унга тикилади. Пётр, таъзим қилиб, қўл узатмоқчи бўлганда
С о ф ь я ўртага туриб олади.

С о ф ь я (шоша-пиша). Петя, илтимос! Марҳамат, ўтиринг.

Пётр кетади.

С о к о л о в а (ўтирмайди. Аввал қатъий, кесиб-кесиб гапиради, сўнг қизишиб кетади, сўзлари буйруқ оҳангида). Менинг ўғлим айбдор эмас, у сизнинг эрингизга ўқ отгани йўқ, – шуни айтгани келдим, тушуняпсизми? Менинг ўғлим бировнинг ҳаётига суиқасд қиладиганлардан эмас… Террорчи эмас у! У Россиядаги барча соф виждонли кишилар сингари инқилобчи, албатта…
С о ф ь я (такрорлаб, “соф виждонли” сўзига урғу бериб). Барча соф виждонли кишилар сингари-я?
С о к о л о в а. Ҳа, Сизнингча, бу гапга ишониб бўлмайдими?
С о ф ь я (тез жавоб бермай). Билмадим.
С о к о л о в а. Эрингиз уни кўрсатиб хато қилибди. Хатоликка хато, аммо мен сизга айтсам, бу хатони тузатиш керак. Ўғлим, мана, беш ойки, қамоқда ётибди, энди бўлса касалга чалинибди – келишимнинг сабаби ҳам шу… Унда отасидан ёмон ирсият қолган, биласизми, отаси жуда асабий одам эди, мен… мен жуда қўрқаяпман, тушунаяпсизми? Болам умри қандай кечаркин, деган ваҳимали ўйнинг нималигини биларсиз? Айтинг-чи, ҳеч шундай ваҳимали ўйлар исканжасида қолганмисиз?..
У С о ф ь я нинг қўлидан ушлаб кўзларига қарайди. С о ф ь я ўзини йўқотганча бошини қуйи солади, бир неча дақиқа иккиси ҳам жим қоладилар.

С о ф ь я (диққат-эътибор қилиб). Биз террорчилар берган баёнотни олдик. Улар сизнинг ўғлингизни бу ишда қатнашмаган дейишган…
С о к о л о в а. Назаримда, ўзини билган одамга хатосини тан олиш учун шу етарли бўлса керак…
С о ф ь я (секин). Мен билан бундай кескин оҳангда гаплашманг…
С о к о л о в а (тез жавоб бермай). Мени кечиришингизни сўрайман.
С о ф ь я (хўрсиниб). Фикримча, биз бошқача гаплашишимиз мумкин…
С о к о л о в а (унга томон эгилиб). Ҳа, худди икки она гаплашгандай… Агар адашмасам, сиз эрингизнинг хато қилганига энди тўла-тўкис ишондингиз, шундан менга кўмак беришни истайсиз, шундайми?
С о ф ь я (ҳаяжонланиб).Ҳа! Ҳа, истайман… жуда ҳам истайман! Мен сизнинг ўғлингиз отганига ҳеч ишонмайман, илгари бунга шубҳам бор эди, энди бўлса сизни кўриб, асло ишонмайман!
С о к о л о в а (унинг қўлини қисиб). Сиз – волидасиз, фарзанд тақдири борасида сўз кетганда хато қилишингиз мумкин эмас…
С о ф ь я (ҳадиксираб, ишонқирамай). Хато қилишим мумкин эмас, мен-а?
С о к о л о в а (содда қилиб). Она ҳаёт каби ҳамиша адолатпарвардир…
С о ф ь я (ғижиниб, истеҳзоли). О, бу тўғри эмас! Бу… жуда чиройли айтилган, аммо, худо ҳаққи, мен – адолатлиманми?
С о к о л о в а (қатъият билан). Она ҳаёт янглиғ, табиат янглиғ адолатли…Барча болалар унинг қалбига туташ, агарда у соғлом қалб бўлса…
С о ф ь я (маъюс). А-а-а… Кўрдингизми, соғлом қалб бўлса…
С о к о л о в а. Она – ўлим душмани. Мана шунинг учун ҳам сиз ўғлимнинг қутилишига ёрдам бермоқчисиз.
С о ф ь я (ғамгин). Менинг ҳам болаларим бор, улар ҳам яхши болалар, ишонсангиз!.. Мен сизни биринчи бор кўриб турибман-ку, лекин сизни кўпдан биладиганга ўхшайман… Бу жуда қизиқ, сиз билан худди опа-сингилдаймиз, назаримда…
С о к о л о в а (соддагина). Болаларимиз хавф остида қолганда, биз ҳаммамиз опа-сингилларга айланиб кетамиз.
С о ф ь я (ҳаяжонланиб). Жуда ажойиб гаплар гапираяпсиз… Матонатли экансиз.
С о к о л о в а. Мен – онаман…
С о ф ь я. О! Мен ўғлингизнинг қутулишига кўмак бермоқ истайман… Балки бу, болаларимга қандай ёрдам беришга ўргатар мени… Аммо қўлимдан келармикин? Уддасидан чиқа олармикинман?
С о к о л о в а. Мен индинга эрталаб келаман, бўптими? Эрингиз гапларимни холис туриб эшитсин, уни шунга кўндиринг…
С о ф ь я. Эримни кўндирайми? (Секин.) Сиз бу одам ҳақида қандай фикрдасиз? Жуда бемаъни одам бўлса керак-да, а?
С о к о л о в а (хотиржамлик билан).У ҳақда билган-эшитганларимга қараганда, жудаям шунақа… эмиш.
С о ф ь я (гуноҳкорона жилмайиб). Мен қирқ бешга кирдим – кўримсизу тасқара бир нарсаман, тўғрими? Бутун умрингни бирга кечирган одам ҳақида шундоқ сўраб ўтириш, албатта, ақлдан эмас… Менинг кап-катта болаларим бор…
С о к о л о в а (майин). Ўзингизни она деб ҳис қилганингизга кўп бўлдими?
С о ф ь я. О, ўн саккиз ёшга кирган эдим, ўшанда…
С о к о л о в а. Мен болалар билан жон-дилдан, руҳан яқинлик туйғуси ҳақида гапираяпман…

С о ф ь я чўчиб С о к о л о в а га қарайди ва бош чайқайди, афтидан, у бу сўзларга тушунмаган эди.

С о к о л о в а (жимликдан сўнг). Кечиринг мени, дилингизни оғритиб қўйдим.
С о ф ь я (аста). Йўқ, ундаймас…
С о к о л о в а (кетаётиб). Битта савол бор: сизнинг ўғлингиз мен билан саломлашмоқчи эди, сиз унга халал бергандай туюлдингиз… Нега шундай қилдингиз?
С о ф ь я. Билмадим… Қўрққанимдан, эҳтимол. Одамлар бир-бирини хафа қилишга шунчалар ишқивозки…
С о к о л о в а. Ўғлингизнинг кўзлари жуда ғамгин эди…

Иккиси кетадилар. Ошхонада ҳаяжонли П ё т р пайдо бўлади, у икки она ортидан қараб қолади. Формада шапка кийган А л е к с а н д р киради.

А л е к с а н д р (жаҳл билан). Дадам уйдами?
П ё т р. Клубга кетди.
А л е к с а н д р. Ойим қани?
П ё т р. Ойимни нима қиласиз?
А л е к с а н д р (бақириб). Бу қанақа савол бўлди?
П ё т р (ўкинч билан, юмшоқ). Бақирмасангиз-чи! Жуда қизиқсиз-а…
А л е к с а н д р. Нима?..
П ё т р. Нега энди киши бор ҳолидан ҳам баттарроқ кўринишга уриниши керак?
А л е к с а н д р. Бу қанақа қўполлик? Қулоғингни чўзиб қўяман, эшшак!
П ё т р (чекиниб). Қулоқ солинг…
С о ф ь я (тез кириб келади). Тўхта!..
А л е к с а н д р (қаҳри келиб). У менга қўпол гаплар қиляпти!
С о ф ь я (ҳаяжонда). Уришишга ҳаққинг йўқ!
П ё т р. У, ойи, хизматда қўл келиб қолар деб муштлашишнинг ҳадисини олмоқчи.
А л е к с а н д р. Эшитдингизми? Агарда сиз уни тарбия қилолмасангиз, дадамнинг эса бунга вақти бўлмаса, у ҳолда мен, акаси сифатида қилишим керак бу ишни… Қани, туёғингни шиқиллатиб қол-чи, зумраша!
П ё т р (кетаётиб, пичинг билан). Жўнаб қоляпман, акажоним, жоним акам…
А л е к с а н д р. Гапир-а, гапир!.. Менга қаранг, ойижон, сиз мени аҳмоқона бир аҳволга солиб қўйдингиз-ку: мен ўртоқларимни меҳмон қилишим керак, уларнинг сафига кирганимни нишонлашим керак, бунга пул қани? Пулни қаердан оламан, деган савол туғилади?..
Ф е д о с ь я (келаётиб). Сонюшка, бери кел-чи…
С о ф ь я (аста, майинлик билан). Саша, пул йўқ! Гаровга қўйиш мумкин бўлган нарсаларни қўйдик…
А л е к с а н д р. Аммо сиз бир нарсани тушунишингиз керак, ахир мен ишга кирган кунимданоқ пора олишни бошлаб юборолмайман-ку! Сиз мени мана шу заруратдан халос қилишингиз керак, мажбур қилиб қўйманг мени…
С о ф ь я (секин, маъюс). Нима қилайин ахир, нима қилай? Жонгинам Саша…
Ф е д о с ь я. Сонюшка, у ерда Люба йиғлаяпти.
А л е к с а н д р. Майда гаплар жонимга тегди, мен жиддий гапираяпман!
Ф е д о с ь я. Эй, бетавфиқ, мундоқ шапкангни олсанг-чи! Онанинг олдида турганда бутнинг олдида тургандай ҳурмат сақлаш керак… Ғўдайиб туришингни қара!
А л е к с а н д р(шапкасини юлиб олиб). Бор-э… Э…
С о ф ь я. Сен ёмон гаплар гапираяпсан, Александр! Ахир сенинг олдингда ойинг турибди-я1
А л е к с а н д р. Энг аввало сизнинг менга она эканлигингизни эмас, балки менинг сизга фарзанд эканлигиму ёрдамингизга муҳтожлигимни унутмаслик керак. Наҳотки, одам бўлиб сафга киришимда ёрдам бериш сизнинг бурчингиз эканлигини тушунмасангиз? Ҳеч бўлмаганда икки юз сўм топиш керак, хизматимнинг бориши ҳам, дворянларга хос муносиб мартабаю обрў ҳам шунга боғлиқ….
С о ф ь я (истеҳзоли). Сен жуда ақллисан, Саша! Сенинг ҳамма гапларинг тўғри…
А л е к с а н д р (дарғазаб бўлиб). Йўқ, сиз бу facons de parler*ларни йиғиштиринг! Менга пул керак, бошқаси, pardon, сариқ чақага ҳам арзимайди.
С о ф ь я. Александр! Эсингни йиғсанг-чи! Қаердан оламан мен пулни?
А л е к с а н д р. Амакимдан оласиз-да, аниқ-ку бу!
С о ф ь я. Биз уни шип-шийдон қилиб бўлдик… Сўрашга юз чидамайди.
А л е к с а н д р (аччиқ киноя билан). Яков амаки манфаатларини жуда қаттиқ ҳимоя қиласиз-а! Parole d’honneur*, бу кимдадир шубҳа уйғотиши мумкин…
С о ф ь я. Нима? Нималар деяпсан?
А л е к с а н д р. Э, етарли-е! Лақиллатишнинг нима кераги бор? Мен бола эмасман…
С о ф ь я (ваҳимага тушиб, аста). Нимага ишора қилаяпсан?!
А л е к с а н д р. Қанақа ишора! Биламан – сиз сўрасангиз амаким йўқ деёлмайди.
С о ф ь я. Нимага? Саша, нимага?
А л е к с а н д р (қуюшқондан чиққанини сезиб).Энди… ўзингиз ҳам биласиз…
С о ф ь я (бирдан, қатъий). Сенга даданг айтдими? Наҳотки, сенга айтган бўлса?
А л е к с а н д р (осойишталик билан).Албатта-да! Биласиз-ку, дадам лақма. Аммо бунда даҳшатли бир нарса йўқ…. Қайси хотин қилмаган бу ишни?..
С о ф ь я (дарғазаб). Оғзингни ёп!

А л е к с а н д р ҳадиксираб ўрнидан туради. У биринчи марта ойисининг жаҳли чиққанини кўради ва ҳайрон бўлади.

С о ф ь я. Сенинг даданг… биласанми…
А л е к с а н д р.. Бунинг менга қизиғи йўқ….
С о ф ь я. Сен англайсанми – сенинг даданг ким?
А л е к с а н д р (кетаётиб). Шундан мени дариғ тутинг… ўзимнинг ишларим ҳам кўп…
С о ф ь я (тошдай қотганича, юзларида қўрқув, бурчакка тикилади ва аста сўрайди.) Бу… сенми, парвардигор? Узун дастингу қудратинг шуми?.. Нима учун? Нимага?..
Ф е д о с ь я. Нега унинг оғзидан боди кириб шоди чиқди, а? Софьюшка!
С о ф ь я (аста гўдакка ўхшаб).Энага… Энага…
Ф е д о с ь я. Мен нега келувдим-а, Софьюшка… Мана, энг сўнггим, сўнгги болагинам…

П ё т р кириб келади. Чеҳраси ёришган, ўзи ҳайратга тушган ҳолда, қадди тик.

П ё т р (оҳиста ойисига яқинлашиб). Ойижон, мени кечиринг, ҳалиги аёлнинг айтган сўзларини эшитдим… ҳаммасини бўлмаса ҳам, эшитдим… Хафа бўлманг…
С о ф ь я (бўғиқ). Тўхтаб тур…
П ё т р (ойисининг аҳволидан бехабар, хонада юради, ҳаяжонли). Қандай улуғвор аёл, а? Мана буни она деса бўлади!
С о ф ь я. Нима? Нима дединг?
П ё т р. Мана буни она деса бўлади, деяпман. Худди бошқа оламдан келиб қолгандек…
С о ф ь я (аста). Менга таъна қиляпсанми?
П ё т р (тез). Йўқ, ойижон, худо ҳаққи, йўқ! Буни шунчаки айтдим-да…
С о ф ь я. Сен мени яхши кўрасанми?
П ё т р (самимий, бошқа бир нимадир ҳақида ўйлаб). Албатта, ойижон!
С о ф ь я (қаттиқ овозда). Нима учун?
П ё т р (қаттиқ овозда). Яхши кўраман, аммо нима учунлигига қандай жавоб бериш керак? Лекин ҳалиги аёл жуда ажойиб экан-а! У мағрур экан, ойи! Ойижон, мени ўша аёл билан таништириб қўйинг, яхши одамлар, бошқа одамлар билан танишишни жуда-жуда истайман.
С о ф ь я (маъюс). Бошқа одамлар билан, яхши одамлар билан-а?
Ф е д о с ь я. Яхши кўрмайман уни, Александрни!
П ё т р (хижолат бўлиб). Ойижон, мени бошқача тушундингиз… Мен сизни ўйлаганим йўқ эди…
С о ф ь я. Гиргиттоним, мен шунга арзийман ўзи… Қаёққа кетяпсизлар? Нима бўлди?

Л ю б о в ь Я к о в нинг қўлтиғига кириб, юришга кўмаклашмоқда, унинг юзи ҳорғин ва қаҳрли. Я к о в ҳаяжонланган, Л ю б о в нинг юзига ёлборгандай термилади. Уларни кўриб, С о ф ь я беихтиёр ўрнидан қўзғалади.

Я к о в (аста). Секин, Люба, азизам… бу лаҳзаларнинг қадрига ета бил… сен-ку, ўйладинг, билмайман аммо, нима бўлар экан…Мана, Софья, у мени етаклаб кетяпти… Петя, азизим, бир неча лаҳза чиқиб тур, илтимос…
Ф е д о с ь я. Яна бу ўрмалаб чиқди-я! Қанақа қилиб денг! Софьюшка, Люба йиғлагани-йиғлаган, мана шуни айтишга келувдим-а…
П ё т р (кетаётиб, қовоғи солиқ). Юр, энага…
Я к о в. Биз гаплашиб олишимиз керак… бир масалани ҳал қилишимиз зарур, кечирасан… Софья, Люба ҳаммасини билади… Мен сенга айтувдим – у ҳаммасини тушунди…
С о ф ь я (ўтиради. Бўғиқ). Хўш, Люба… Сен… Нима истайсан…
Л ю б о в ь (секин). Ойижон, у менинг дадамми?
Я к о в. (у ҳам секин). Жавоб бериш керак, Софья.
Л ю б о в ь. Бу менинг дадамми?
С о ф ь я (бошини қуйи солиб, аста). Мен бир нарса деёлмайман… “Ҳа” ҳам, “йўқ” ҳам…

Уччови ҳам жим қолади. Л ю б о в ь тиз чўкиб, бошини ойисининг тиззасига қўяди. Я к о в стул суянчиғини ушлаб туради. Кейин уйда худди биров қазо қилгандек, фақат шивирлашиб гаплашадилр.

С о ф ь я. Фақат бир марта мен разолатдан фориғ ҳур инсон бўлолдим – у ҳам бўлса, сенинг муҳаббатинг бахш этган кунларда!
Я к о в. Софья, бизнинг муҳаббатимиз бахш этган кунларда!..
С о ф ь я. Чақирганингда агар сен билан бирга кетмасам, сени севган бўламанми? Мен муҳаббат туйғусини кўникиш туйғусига, кўникмага алмаштирдим – мана шунинг жазоси бу ёғи…
Л ю б о в ь (қатъий). Ойи, менинг дадам – мана шу! Мен буни биламан.
Я к о в. Ҳа, Софья. Люба билади!
С о ф ь я (аста қизини эркалаб). Шундай бўлақолсин… уёғи нима бўлади?

Жим қоладилар.

Ф е д о с ь я (жилмайиб уларга қарайди). Бир мириқиб гаплашиб олинглар…
Л ю б о в ь (аста, аламли). Ойи, нега мен майиб-мажруҳман?
Я к о в (мулойимлик билан, маъюс) Ўлган муҳаббат тирилган муқаддас дақиқаларда сен шу ҳақда эслашинг керак эмас эди…
Л ю б о в ь (совуқ). Бирон дақиқа йўқки, мен майиб-мажруҳлигимни сезмаган бўлсам, дада!
С о ф ь я (секин). Энди менда ҳам шундай дақиқалар йўқ…
Л ю б о в ь. Энди ўша муҳаббат тирилдими, дада? Йўқ, бу ерда қилинган хато аён бўлди, эҳтимол…
Я к о в. (ялинган оҳангда). Тошбағир бўлма, Люба!
С о ф ь я. Сенинг назарингда, муҳаббат азоб-уқубатлар эвазига тирилиш ҳуқуқини қўлга киритмадими?
Л ю б о в ь (секин, қайғули). Ойи, ойи… сизга шундай раҳмим келадики…

Ҳамма тушкин бир кайфиятда жим қолади.

Ф е д о с ь я.Кулгили нарсалардан гапириб берсанг яхши бўлар эди, Яша. Эсингдами, Андрюша Рязанов билан комедия кўрсатувдинглар… Софьюшка ҳам…. у пайтда ҳали Люба туғилмаганди, Надяга бўлса қизамиқ чиқувди… Полковник Бородулин эса, чўқинтирган отаси, ўша пайтда…

П а р д а

УЧИНЧИ ПАРДА

Ошхона, каттагина кўримсиз хона. Столда нонуштада тановул қилинган овқатларнинг қолдиқлари, стол атрофида бетартиб қалаб ташланган стуллар. Тужурка кийиб олган И в а н хонада у ёқдан бу ёққа юради. Софья чой идишларни ювмоқда, Федосья уларни буфетга жойламоқда.

И в а н. Тузук аёл эканми, бу Соколова?
С о ф ь я. Уни ҳурмат қилганингни сезмай қоласан.
И в а н (шаккокларча). Э, ҳурмат! (Ўйланиб). Аммо янги мундирни кийишга тўғри келади.
С о ф ь я. Мундирни қарз кассасига берганмиз-ку.
И в а н. Оббо, буни қара-я! Сизлар яқинда мени ҳам ўша ёққа топширворасизлар!
С о ф ь я (хотиржам). Агар иккимизни топширсалар ҳам у ерда бизнибир тийинга олишмайди.
И в а н. Кинояли ҳазиллар камроқ бўлсин! Хонумонимни совурган ким? Сенинг ясан-тусану тантиқликларинг!
С о ф ь я (ўзини тутиб). Шунингдек, сенинг қиморларинг, ўйнашларинг ва айш-ишратларинг…
И в а н (тўхтаб, унга қарайди, елкасини қисиб, хотиржам гапиради). Баҳслашиб ўтиришни истамайман, мен расамадини ўрнига қўйиб, бу аёлни хушмуомалалик билан кутиб олишим керак, унинг билан қиладиган суҳбатим бутун шаҳарга шов-шув бўладиганга ўхшайди, агарда шу томони бўлмаганда, жонгинам,(бармоғини бигиз қилиб, пўписалаб) бир-икки оғиз илиқ гапларга лойиқ кўрилган бўлардинг…
Ф е д о с ь я (тўнғиллайди). Бақиради, чақиради…
И в а н. Феъл-атворинг чидаб бўлмас даражада оғирлашиб кетяпти. Қўполликда кирчи хотинлардан қолишмайсан, баттаринликда думини босган шайтоннинг нақ ўзисан. Ҳар хил қилиқларингга чидаб келдим, ортиқ тоқат йўқ, жоним тинчисин энди менинг ҳам! Энди куч-ғайратимни болаларга сарфлашим керак…
С о ф ь я (совуқ). Сен болаларни расво қилдинг!
И в а н (қўпол).Оғзингга қараб гапир!
С о ф ь я (хўрсиниб, қатъий оҳангда). Биз иккимиз болаларни адои тамом қилдик, ҳа! Қара, улар қанчалар бахтсиз…
И в а н. А-ҳа, сенинг букуринг бу! Аммо менинг болаларим мени бошига кўтаришади!
С о ф ь я. Пётр кўнглида бизларга нисбатан нафрат туйғуси тўлиб тошяпти… Надежда бўлса ҳирсли ҳайвоннинг ўзи, на ақли бор, на бошқа…
И в а н. Худди сенга ўхшаган-да. Сен худди шунақа эдинг!..
С о ф ь я. Александрни сен буздинг, Вера бўлса бечора, эси йўқ бир қиз…
И в а н. Сен шуларга тарбия беролмадинг, сен!
С о ф ь я. Менинг айбим нимада эканлигини биламан.
И в а н. Мендан нима истайсан, мендан, қани айт-чи?
С о ф ь я (сочиқни ташлаб). Менга қара, сен ўн йилдирки, болаларга қарши курашиб келасан…
Ф е д о с ь я. Яна бошланди…
И в а н (истеҳзоли). Нима дединг?
С о ф ь я (баландроқ овозда). Тинтидинг, юлиб-юлқадинг, қамоққа ташладинг – кимларни?
И в а н (ҳайратда). Бу – кўнгилчанликми, нима бу? Алаҳлама! Кулгимни қистатма, кампир!
Ф е д о с ь я. Юз йилдан бери сўкишасизлар… Чарчамайсизлар ҳам…
С о ф ь я (ғамгин). Сен болаларни ўлдирардинг. Ўлганлардан бири етти ёшда экан. Тинтув вақтида сизлар отиб қўйган қиз-чи? Сенинг қўлинг қон, уст-бошинг қон, ҳаммаси болаларнинг қони, ёшликнинг қони, ҳа! Уларни болаларни, деб сенинг ўзинг неча марталар қичқиргансан! Эсингдами?
И в а н (ҳадиксираб, ҳайратда). Софья, сенга нима бўлди? Бу даҳшат-ку!
С о ф ь я. Ҳа, даҳшат!
И в а н. Бутун ёлғон-яшиқларни каллангга жойлаб олибсан… нима биргина ёшлармиди тартибга қарши турган? Қолаверса, сен хатарли нарсаларни гапираяпсан! Агар Пётр билан Вера бу гапларни эшитишиб қолишса борми…
С о ф ь я. Қўрққанингданми ёки жаҳл устидами – ишқилиб, ярамас, қабиҳ иш қилдинг…
И в а н (ўзини йўқотиб). Софья, мен дворянман, бунга йўл қўёлмайман…
С о ф ь я. Менга ўқ отган, деб бир йигитчага ёпишиб олдинг… Ўзинг отганини кўрдингми, ўша отдими? Ўша йигитчами?
И в а н. Ҳа-а, тушунаман! Сени гиж-гижлаётган ўшанинг онаси…
С о ф ь я. Сен шу ерда, бутнинг олдида, виждонан кўзимга тик қараб айт-чи: ўша отдими?
И в а н (ғазабланиб). Етар! Ҳаммасини тушундим! Мен у хотинга кўрсатиб қўяман!
С о ф ь я (эрининг олдига келиб).Иван, сен жандармларга, мен хато қилибман, менга ўқ узган бу йигитча эмас, дейишинг керак! Шундай деб айтасан!
И в а н (Софья гапининг оҳангидан чўчиб). Борди-ю… айтмасам-чи?
С о ф ь я. Айтасан! Исо ҳаққи, сендан ўтинаман…
И в а н. Бемаза гап бу! Борди-ю, уни айбдор, деб билсам-чи?
С о ф ь я. Бўлмаган гап! Мен қалбингга гапираётганим йўқ. Бўм-бўш жойдан садо кутиш бефойда, — мен сенинг ўзингга мурожаат қилаяпман: сен ўз хатойингни бўйнингга оласан, олмасанг бутун ишларингни Пётр билан Верага айтиб бераман… Болалар ҳаққи, Иван, бир нима де!
И в а н (иккиланиб). Бу мажбур қилиш! Бемаънилик бу!
С о ф ь я (бўшашиб).Айтганимдай қил, – ўзингни олдингда ўзинг виждонлироқ, яхшироқ кўриниб кетасан…
И в а н (қўл силтаб). Етар, бас! Менга, албатта… э, билганини қилмайдими, бу муттаҳам! Ҳақиқатда ҳам, ўша отдими, бошқами, — аниқ ишончим йўқ… лекин кимдир отди-ку, отгани аниқ! Қолаверса, у отмади ҳам дейлик, хўп! Лекин нафсиламирини айтганда, арзимас нарсаларни деб ҳозир шундай томоша кўрсатиб туришинг – телбаликдан ўзга эмас, Софья!
С о ф ь я (ҳорғин, аста). Менинг бутун ҳаётим телбаликдир…сеники ҳам…
Ф е д о с ь я (минғирлайди). Боқдим, кўнглим чоғ қилдим, энди қуриб қоқ бўлдим…

Пётр киради.

И в а н (елкасини қисиб). Бу гаплар сенда қаердан пайдо бўлақолди, а? Ҳм-м… Нима керак сенга, Пётр?
П ё т р. Ҳеч нарса.
И в а н. Ҳм-м… Нега гимназияга бормадинг?
П ё т р. Боргим келмади. Нима, уришдиларингизми?
И в а н (зардаси қайнаб). Шундай сўрашга қандай ботиндинг?..
С о ф ь я (заиф). Петя, керак эмас…
П ё т р (хотиржам). Нега ботинмас эканман, дада?
И в а н. Кўряпсанми, Софья? Аҳ-ҳа!
П ё т р (маъюс жилмайиб). Наҳотки, ота-онамнинг қандай яшаши менинг учун барибир бўлса?
И в а н (ўғлига нисбатан ўзини қандай тутишни билмай). Биринчидан, сен ҳали боласан…
П ё т р. Ва ҳоказо… Айтинг-чи, Верани Ковалёвга эрга бермоқчи эканликларинг тўғрими?
И в а н (ҳайратда). Тўхта… сенинг нима ишинг бор?
С о ф ь я. Бу ҳали аниқ бўлгани йўқ, Петя.
П ё т р. Верка бўлса йиғлаб юрипти, бечора.
И в а н (елкасини қисиб). Ҳеч нарсага тушунмаяпман!
П ё т р. Дада, сиз Ковалёвни ҳамиша, бу аблаҳ, дер эдингиз…
И в а н. Мен-а? Қачон?..
П ё т р. Жуда кўп бўлган.
И в а н (хотинига ва ўғлига қараб). Бу – нима? Сўроқми? Отага-я? Менга-я?.. Йўқ, жаноблар, мен буни… сиз ҳали ёшлик қиласиз…(Кетади.)
Ф е д о с ь я (пичинг қилиб). Ҳаммасини тўкиб солди, ичи бўшаб жўнаб қолди…
П ё т р (жим қолиб). Эсимдан чиқипти – болалар бир нима сўрашганда уларга жавоб берилмайди-ку.
С о ф ь я (ўйланиб). Бу гапда жон бор, назаримда…
П ё т р. Мен дадамдан, ҳалол одаммисиз, деб сўрамоқчийдим…
С о ф ь я (ташвишли). Унақа дема, Петя, ундай дема.
П ё т р. Нимага? Бу сизга азоб бераётгани учунми? Одамларга азоб бериш бефойда-ку, ойи, шундай эмасми, а?
С о ф ь я (тез). Ҳа! О, ҳа! (Хаёлга чўмиб аста.) Балки унақа эмасдир. Йўқ, дейиш керакдир…
П ё т р (юмшоқ). Сизнингча “ҳа” ва ”йўқ” жуда ҳам бир-бирига дўст, қадрдон, ёнма-ён яшашади! Шундай бўлиши қулайми?
С о ф ь я (секин). Кони азобу даҳшат-ку, Петя!
П ё т р. Менга ҳам азобдай туюлади… мен, ойи, энди гимназияга бормайман…
С о ф ь я. Бу қанақаси бўлди? Ўқиш керак-ку!
П ё т р. Нимани ўқиш керак, ойи? Ўқишда шу пайтгача билганларимнинг энг зўри, дадам ҳақидаги гаплар бўлди… У ҳақда билганларим анчага етади… Етганда ҳам…
С о ф ь я. Петя, худо ҳаққи, гапирма!
П ё т р. Яхши! Гарчи – худо… Худо нима дегани, ойи? Биласизми?
С о ф ь я (ноумид бўлиб). Мен ҳеч нарса билмайман, ҳеч нарса, эркатойим!
П ё т р (жим қолиб). Бунинг ҳаммаси ғаройиб. Сиз дадамни яхши кўрмайсиз, ҳурмат қилмайсиз, лекин у ҳақда ўйлаганларимни айтай десам, унга ҳам йўқ дейсиз. Нимага? Нимага шунақа, ойи? Ахир дадам ҳақида ўзингиз менга гапириб берувдингиз-ку!
С о ф ь я. Шундай қилмаслигим керак эди!..
П ё т р. Мени қийнамаслик учунми? Биз қанчалар бир-бировимизни аяймиз-а, бир-бировимизга шафқатлимиз-а! Лекин, назаримда, бизларнинг шафқат ҳиссимиздақа паст нарса бўлмаса керак дунёда дейман, ойи!
С о ф ь я (секин). Эҳтимол, сен ҳақдирсан, дўстим… Ҳа!..
П ё т р. Сизнинг дўстингиз? Бу сўзни биринчи марта эшитишим…(Жим қолгач, Федосьяга.)Энага, сиз ўлимдан қўрқа-сизми?
Ф е д о с ь я. Сенинг нима ишинг бор?
П ё т р. Қўрқасизми?
Ф е д о с ь я. Сенга нима? Сенинг ишинг эмас бу!
П ё т р. Билгим келяпти-да…
С о ф ь я. Петя, қўйсанг-чи…
Ф е д о с ь я. Қўрқадиган жойим борми – мен ўлимнинг дилини оғритганим йўқ, ҳеч кимни хафа қилганим йўқ. Сен-чи, ҳазилвонлигингни йиғиштир, ҳали ёшлик қиласан…
С о ф ь я. Ё, худо-ей!
П ё т р (секин). Сиз, ойи, дадамга айтинг: мен энди гимназияга бормайман. Унинг ўзига… тушунтиришим қийин, биз бир-бировимизни яхши тушуна олмаймиз… Дадамни разилу йиртқич дегани учун Максимовни “шапалоқ” билан “сийлаганим”ни ҳам айтиб қўйинг… Энди ўйлаб қарасам, бу болани ноҳақ хафа қилибман… Аслида у нотўғри гапирди – қандоқ қилиб дадам йиртқич бўлсин?(Аста, ўйланиб.) Қандоқ қилиб йиртқич бўлсин…
С о ф ь я. Бу бахти қора, заиф бир одам…
П ё т р. Умри давомида одамларга буйруқ бериб ўрганган бир кимса, дейди Яков амаки. Бас қилайлик буни, бўлмаса бахти қора заиф одамлар бошқараётган ҳаёт ҳақида… бировларнинг буйруқ беришига кўниккан, шунга йўл қўйиб қўйган бечоралар ҳақида… гапиргим келяпти. Бундай одамларни нима деб атайсиз? Мен буни Крилл Александровичдан сўраб билиб оламан.
С о ф ь я (бошқа нимадир ҳақида ўйлаб). Ким у?
П ё т р. Сизга у ҳақда гапириб берувдим… сиз уни ҳавода енгил аппаратларда учувчи дегандингиз, эсингиздами? Мен ҳам ўшандай бўлмоқчиман – ҳавойи қасрлар ёнидан парвоз қилиб ўтсам, дейман… Верка келяпти… Қаранг, ойи, афтига қарасангиз кулгингиз қистайди.
В е р а (асабий). Ойи, сизга айтиб қўяй – уйдан қочиб кетсам кетаманки, аммо мана бу овсарга тегмайман!
С о ф ь я. Ҳали ҳеч нарса аниқ эмас-ку, Верка… Мен даданг билан бу ҳақда гаплашишга улгурмадим…

П ё т р буфет олдига келади, винодан қуйиб ичади, буни ҳеч ким сезмайди, у стаканни тарақлатиб, томоқ қиради.

В е р а. Улгуролмадим! Улгуролмайсиз ҳам! У сизнинг гапингизни қилмайдиям!
С о ф ь я. Сен бекорга қизишяпсан! Петя, нега энди?
В е р а. Бекорга? Миннатдорман! Менга: “Вера, қизил юзли, яшил мўйловли, кал бир халтақурсоққа хотин бўласан!” дейишса, нима қиламан? Merci, деб дадамнинг қўлчасини ўпиб қўйишим керакми?
И в а н (орденлар тақилган мундирда). Нима? Арз қилишга келдингми? Фойдаси йўқ! Мен қатъий қарор қилдим…
В е р а (кўз ёш аралаш). Сиз, дада, унинг мўйлови яшиллигини кўрдингизми?
И в а н. Беадаблик қилма, қани! Эсингни йиғ! Қара, эри кўримсиз бўлса ҳам, Надежда бахтли! Бу ҳазил нарса эмас, буни никоҳ дейдилар.
В е р а. Ҳа, ҳа, мўйлови ҳақиқатда яшил! Сиз унга ўзингизнинг соч бўёғингиздан ҳадя қилсангиз зўр бўларди…
И в а н. Менинг соч бўёғимдан… Бу нима деганинг?
В е р а. Сизда – бинафшаранг-да, бу ажралиб туради…
И в а н (секин, аммо таҳдидли). Ким билан ҳазиллашяпсан, а, қизалоқ?
П ё т р (хонадан чиқиб).Ойи, фожиавий томоша бўлиши мумкинми?
И в а н (бақириб). Софья, бу қанақаси? Сен қизингнинг таъзирини бериб қўйишинг керак! Сизлар, нима, масхара қиляпсизларми мени?
Ф е д о с ь я (жавраб). Ана шовқин, ана сурон! Ҳа, тинчимаслар-а! (Нари кетади.)
В е р а (йиғлаб). Йўқ, сен мени масхара қиляпсан! Сенга Ковалёвнинг нима кераги бор? Ахир бу уйда туриб бўлмаслик учун битта Лешчнинг ўзи кифоя-ку!
С о ф ь я. Мана, болалар мени бошига кўтаришади, дегандинг…
В е р а. Тўғри, дада, биз сизни яхши кўрамиз… Аммо биз полиция солдатлари эмасмиз…
И в а н (ўзини йўқотиб, ҳаммага қарайди).Нақ фитнанинг ўзи, отага қарши қилинган фитна, дейсан!
Л ю б о в ь (киради). Ойи, сизни дадам чақиряпти… Вера, сенга нима бўлди?
В е р а. Ўзинг биласан…
И в а н (ҳайрон). Дадам? Қанақа дада?
Л ю б о в ь. Сен беҳуда кўз ёш қиляпсан, Вера…
И в а н. Панд-насиҳатларингизни йиғиштириб қўйишингизни сўрайман! Вера, чиқ бу ердан! Йўқ, сен қол, Любовь… Ҳа…
Л ю б о в ь. Сизга нима керак?
И в а н.. Тўхта, эсимни ўнглаб олай…

Иккиси бир-бирига тикилади, Иван – чамаси, нимага уни тўхтатганини ўзи тушунмайди, Любовь эса хотиржам кутиб туради.

И в а н. Сен – дадам, дединг… Бу ким бўлди?
Л ю б о в ь. Ўзимнинг дадам.
И в а н (ўзини йўқотиб). Аҳа-а… Ҳа! Демак, сен билан биз бегоналар эканмиз-да?
Л ю б о в ь. Ҳа, қариндошчилигимиз йўқ эди.
И в а н. Ҳа, сен мени жуда ёмон кўрардинг!
Л ю б о в ь. Мен бошқалардан сал ақллироқман.
И в а н. Сен… сен ниҳоятда касофат бир нарсасан!
Л ю б о в ь. Барча майиб-мажруҳлар, ногиронлар каби.
И в а н (жўшиб, ҳаяжон билан). Фарзандларим қалбига инкор руҳини сингдирган сенсан, уларни мени беҳурмат қилишга ўргатган ҳам сен! Ҳаттоки, ойингнинг ақлдан озишига сал қолди, бунга ҳам сен сабабчи! Шубҳасиз сен! Энди маълум бўлди, бас, буларнинг барчасида сенинг қасосли қўлинг бор экан!
Л ю б о в ь. Гапларингиз анча таъсирли чиқяпти.
И в а н (ўз-ўзини ишонтириб). Ёвузлик илдизи қайда, деб узоқ ўйладим-а!
Л ю б о в ь. Агар ўзингизга бирон марта жиддий кўз билан қараганингизда, ўша илдизни аллақачон топган бўлардингиз.
И в а н. Йўқ, тўхтаб тур…
Л ю б о в ь (хотиржам). Менга қаранг, ҳеч сиз билан гаплашадиган гапимиз йўқ экан.
И в а н (ташвишланиб). Энди буёғи нима бўлади?
Л ю б о в ь. Мен бу ердан кетаман.
И в а н.. Кетасан? Ҳм-м… Қаёққа?
Л ю б о в ь. Бу энди менинг ишим. Бир-бировимизга миннатдорчилик билдирадиган жойимиз йўқ шекилли, шундай эмасми?(Кета бошлайди.)
И в а н (орқасидан қараб, маъюс бош чайқайди ва самимий ғудранади).Қанчалар кек, адоват, а? Ё худо… Мана бошбошдоқликлар қаердан келиб чиқади… мана… Тавба, қанчалар ёлғизман-а! Қанчалар танҳоман, во дариғ!
Н а д е ж д а (киради). Сиз шу ердамисиз, саркардам менинг? Нега ўз-ўзингизча ғудраниб ўтирибсиз? Ибодат қиляпсизми?
И в а н. Эҳ, Надя, Надя! Менинг устимдан кулма…
Н а д е ж д а (хушчақчақ). Ибодат қилаверинг, дада! Худога шукур қилсангиз – қиладиган иш бор!
И в а н (маъюс). Худо мени унутиб юборди…
Н а д е ж д а. Буни қарангки, унутмаган экан!
И в а н (ўйланиб). Сенга бирон нарса маълумми?
На д е ж д а. Сизга уезд полиция бошлиғи мансабини кўзлашяпти, шекилли…
И в а н (мағрур кўкрагига уриб). Мен, Коломийцев, полицмейстер – қандайдир бир уездга полиция бошлиғи бўламанми? Бунақаси кетмайди!
Н а д е ж д а. Эҳ, дадажоним-ей, бир қараса, нақ боланинг ўзисиз-а!
И в а н. Надежда, кетмайди!
Н а д е ж д а. Жонгинам, ғурур – гўзал нарса, аммо томоқ деган нарса ҳам бор, у бирон нималар еб туриши керак! Пешона тери билан топилган бир парча нонни ғурур билан емоқ – жуда мазали иш-да!
И в а н. Мен ҳамиша нонимни шундоқ қилиб еганман!
Н а д е ж д а. Ва Надянгизни ҳам шундоқ қилиб боққансиз… Биласизми? Қандайдир рицарлар тутумини қилинг — бир қадам орқага ташланг…
И в а н (фаҳмлаб). Уезд полиция бошлиқлигига… Ҳм-м…
Н а д е ж д а Ва бирданига – икки қадам олға ташлайсиз!
И в а н. Икки қадам? Икки қадам олға ташлайман?
Н а д е ж д а. Албатта-да, икки қадам!
И в а н. Биласанми, бу гапда жон бор! Оҳ-ҳо! Бизнинг замонамизда, одам серғайрат бўлса – бунинг ҳаммасини қилиши мумкин!
Н а д е ж д а. Тамиз бор-а бу гапда, дадагинам?
И в а н (хўрсиниб). Ҳа-а! Сен – бебаҳосан-да! Ишинг ўнгидан келмагур Лешчнинг омади бор экан-да!
Н а д е ж д а. Унга ёмон тилак билдиришнинг нима кераги бор? У сизнинг ишларингиз яхши бўлсин, деб ўлиб-тирилиб ётибди-ку.
И в а н (қувноқ). Ҳай-ҳай-ҳай! Сен нима – уни жони-дилингдан яхши кўриб қолдингми, дейман?
Н а д е ж д а. Бу менинг ички сирим.
И в а н (кўз қисиб). Унинг башарасини қара, бадбурушлигини, нафсиламирини айтганда…
Н а д е ж д а ( ўзини хафа бўлгандай кўрсатиб). Дадажон!
И в а н. Ҳеч эркакка ўхшамайди, чўртан балиқ дейсан. Айт-чи, бошқалар билан бир дон олишиб… эрингнинг бурнини ерга ишқаш истаги йўқми, а, сенда?
Н а д е ж д а. Қизи билан ҳам шунақа гуноҳ нарсалар ҳақида гаплашадими киши! (Қулоқларини беркитади.) Эшитгим йўқ бу гапларингизни.
И в а н (қўлларидан ушлаб). Балки аллақачон бўлгандирам, а?..
Н а д е ж д а. Қўлимни қўйиб юборинг, беодоб дадагинам!
И в а н (хохолайди). Хотинидан доғда қолган чўртонбалиқ дегин, а?

Н а д е ж д а кулганича И в а н нинг қўлларидан чиқиб олади.

А л е к с а н д р (киради, у ширакайф). Бу ерда кулмоқдаларми?.. Ҳайратим чексиз! Bonjour, рара!* Сингилгинам қўлчасини берсинлар!
И в а н (ўғлини завқ билан томоша қилиб). Қара, мана бу шоввозга қара!
Н а д е ж д а (акасининг ёнига туриб).Иккимиз ҳам чакки эмасмиз, а, дада?
И в а н (кўнгли бўшаб). Ҳа, фарзандларим, ҳа! Фақат иккингиздан менинг кўнглим нурафшон, ҳам соғломсиз, ҳам хушчақчақсиз, соддасиз…
Н а д е ж д а (акасига). Биласизми, дадамга уезд полиция бошлиғи мансаби тегиб қолса керак.
И в а н (кўз қисиб, ҳал бўлган нарса ҳақида гапиргандай). Вақтинча… бир зинапоя… Мен бундан яна ҳам юқорироққа, юқорироққа қадам ташлайман!
А л е к с а н д р. Бор гапми, Надя?
Н а д е ж д а. Прокурор эримга ваъда берди.
А л е к с а н д р. Худо ҳаққи. Бу Лешч деганинг – бизнинг пири комилимиз-да!
И в а н. Чўртанбалиқ, а? У – шоввоз балиқ!
А л е к с а н д р. Дада, сиз мени ўзингизга ёрдамчи қилиб олсангиз-чи.
И в а н. Сен бошқача ўйлабмидинг? Бу зўр гап-да, жуда!
А л е к с а н д р. Иккимиз у ерни жаннатга айлантириб юборамиз. Ўзи шапалоқдеккина шаҳарча, хотинчалар, савдогар хонимчалар… уларнинг тепасида эса – pere et fils!* – худоларию пошшоларидай бўлади! Кони роҳатнинг нақ ўзи!
Н а д е ж д а (бош чайқаб). У ерда қандай қилиб ҳаммани обориб-опкелишларингизни тасаввур қиляпман!
А л е к с а н д р. Ҳа-ҳа! Бошқалардан қаеримиз кам!
Л е ш ч (келади). Суҳбатларингизда иштирок этишим мумкинми?
А л е к с а н д р. Мана – хонадоннинг пири комили!
И в а н (Лешчнинг қўлини қисиб). Менга Надежда айтди…
Л е ш ч (норози оҳангда).Ҳа, албатта! Надежда ҳамиша жиноят содир бўладиган жойда қотиллик юз беришидан ярим соат олдин ҳозир бўлиб туради.
На д е ж д а (карашма билан). Пашка!
А л е к с а н д р. Ҳазил қилиб узиб оласиз-а!
Л е ш ч (Иванга). Сиз прокурорнинг ўртоғи Лепелетьега учраб, идора ходими иши учун миннатдорчилик билдириб қўйишингиз лозим.
И в а н (хурсанд). Аллақачон-а? Дўстим, раҳмат сизга, раҳмат!
Н а д е ж д а. Дада, чиройли фамилия экан-а Лепелетье?
И в а н (унга тикилиб). Лепелетье? Албатта…(Бирдан ниманидир фаҳмлаб кулади.) Ле… Лепелетье. Ҳа… Шунақа…
Л е ш ч. Кулгили нима бор экан бу ерда, тушунмадим!
Н а д е ж д а. Қувонгандан йиғлаш керакми?
И в а н (ўзини тутиб). Мен… мен ниҳоятда хурсандман, биродари азиз! Ҳаммаси хамирдан қил суғургандай бўляпти. Мен хурсандман!
Л е ш ч. Сиз, албатта, анча-мунча сарф-харажатга тайёр туришингиз керак… Билиб қўйинг – хизматга кириш вақтида етти юз сўм, яхшиси, минг сўм пул зарур бўлади…
И в а н (жиддийлашиб). Ўҳ-ҳў! Ҳм-м… мушкул экан…
А л е к с а н д р. Икки юзи менга…
В е р а (эшикдан қараб ). Надежда, бу ёққа қара…
Н а д е ж д а. Сенга нима керак эди?
В е р а. Сен кераксан…
Н а д е ж д а. Тўхтаб тур… Жуда бандман!
И в а н. Надя, бор, у билан Ковалёв ҳақида гаплаш… Қизалоқ бу ишнинг паст-баландини тушунмайди…
Н а д е ж д а.Боряпман. Унинг тўйида бир яйраб олайлик.
Л е ш ч (қатъият билан). Демак – гап пул ҳақида…
И в а н (хўрсиниб). Шунчани қаердан топаман?
А л е к с а н д р. Нега бу уйни гаровга қўйиш мумкин эмас?
И в а н. Ахир бу укамнинг уйи-ку!
Л е ш ч. Наҳотки, Яков амаки қариндошчилик деган гапларни билмаса? У худбин эмас, буни яхши биламан, қолаверса, унинг бир оёғи гўрда, деганларидай…
А л е к с а н д р. Мантиқли гап.
И в а н. Кейин биз унга пулини қайтарамиз! Ахир мен мансабга эга бўламан-ку!
Л е ш ч. Албатта! Сизнинг обрўйингиз бор, яхши хизмат қилганингиз ҳамманинг эсида. Барча бу… англашилмовчиликларингиз текисланиб боряпти ўзи… Аммо қаттиқ туриш керак, шуни эсдан чиқармайсиз! Бошбошдоқлик, анархия замони ўтиб кетади, ҳукумат зарур тартибни ўрнатишга қурби етар даражага келяпти – у ўз агентларидан пурқувват бўлишни талаб этади…
А л е к с а н д р (салобатли). Ҳа, Петербургда ниҳоят эс-ҳушларини ўнглаб олишди!
И в а н. Қаттиқ туриш керак? Буни эплайман! Аммо сиз, биродари азиз, маслаҳат беринг, нима қилиш керак?
Л е ш ч. Тезроқ пул топиш керак.
И в а н. Ҳм-м! Шунақа қилиш керак, биламан. Хўш… бугун менинг олдимга Соколова келади, ановининг онаси…
Л е ш ч (жиддий). Нимага келади?
И в а н. Биласизми, у, мен хато қилибман, ким отганлигини аниқ билмайман, деб баёнот беришимни истайди…
А л е к с а н д р (истеҳзоли). Бунинг ақл бовар қилмайдиган иш бўлишига шубҳам бор!
Л е ш ч. Сиз… нима қилмоқчисиз?
И в а н. Мен бўлсам… Ҳм-м… ҳали бир қарорга келганим йўқ! Хаёлимга бир фикр келиб қолди – ҳозир янги хизматга жойлашай деб турганимда, бу машмашани бошимга орттириб нима қиламан, а? Уезд полиция бошлиғи бўлса-ю… бирдан: “Мен хато қилибман…”, деб турса! Бу одамларда ёмон таассурот қолдирмасмикин?
Л е ш ч (ишонч билан). Албатта, қолдиради!
А л е к с а н д р. Дада, жандармларни эсингиздан чиқарманг!
Л е ш ч. Йўқ, энди бунақа кўнгилчанликни қўйинг… Бу куракда турмайдиган нарса. Сиз жандармларни қизиқ аҳволга солиб қўясиз-ку! Ўйлаб кўринг-а!
И в а н (иккиланиб). Ҳм-м… Полковник ажойиб одам…
А л е к с а н д р. Қимордаги шеригингиз…
И в а н. Аммо, ким билади, шу отганми ёки йўқми?
Л е ш ч. Ахир кимдир отган-ку! Отувчиларнинг бари бир-бири билан дўст. Умуман, бундай гапларга асло ҳожат йўқ . Энг муҳими, пайтни қўлдан бой бермайман десангиз – пул топинг. Огоҳлантириб қўяй, Ковалёв ҳам шу жойни оламан, деб тиш қайраб юрипти.
И в а н (тишларини қисиб). Ковалёв? Ярамас ҳайвон…
А л е к с а н д р. Қаттиқ туриш керак энди, дада!
И в а н. Борди-ю, мен… унда Софья қандай томоша кўрсатаркин… Касофат бола-ей! Ярадор қилганда ҳам майлийди…
Л е ш ч (бош ирғаб). Енгил ярадор бўлиш сизга жуда керак эди. Бу кишига хизматда кўтарилишда катта ёрдам берарди.
И в а н (тиржайиб). Агар олдинроқ уни гўрга тиқиб юбормаса!
А л е к с а н д р (соатга қараб). Ҳаммасини қўйиб, дада, тезроқ амакимнинг олдига кирсангиз бўлармиди!
И в а н (Лешчга). Балки, Павел Дмитриевич, бу ишда сиз менга ёрдам бериб юборарсиз?
Л е ш ч. Бурчим деб биламан.
А л е к с а н д р. Мен ишнинг кўнгилдагидек бўлишига ишонаман ва интиқлик билан кутаман!

Ҳуштак чалганча у ёқдан-бу ёққа юради, кейин, ўйга чўмиб буфет олдида туриб қолади. Қучоқлашганча Н а д е ж д а билан В е р а кирадилар; улар аввалига А л е к с а н д р ни кўрмайдилар.

Н а д е ж д а (кўндиришга уриниб). Сен қип-қизил аҳмоқсан…
В е р а (ўкинчли). Алдаяпсиз, холос, опа!
Н а д е ж д а. Қайсар бўлма, тентак! Мен сенга яхшилик тилайман…
В е р а. Ифлос гапларни гапиряпсиз! Ўзингиз биттасига ҳам ишонмайсиз…
Н а д е ж д а (уни итариб). Ифлос гапларни гапиряпманми ҳали?
В е р а. Менга ўйнашлар керак эмас!
Н а д е ж д а (нафрат билан). Буни қаранг-а! Вой ярамас-ей!
В е р а. Сен, нима, ўзинг ҳам эрингга хиёнат қиласанми?
А л е к с а н д р. Қани, жавоб бер-чи, Надя?
В е р а. Биласанми, Надя нима деяпти? Эринг ким бўлса ҳам майли, фарқи йўқ эмиш, у фақат ўйнашлар топиш учун керакмиш!
Н а д е ж д а. Унга ишонма, ҳеч балони тушунмапти!
А л е к с а н д р. Ўзим эшитиб турибман-ку, у худди французчадан таржима қилгандай дона-дона гапиряпти. Верка, сен опангнинг сўзларига қулоқ солишинг керак!..
В е р а. Истамайман! (Қочиб кетади).
Н а д е ж д а. Бирам ўзбошимча қайсар қизчаки!..
А л е к с а н д р. Зумраша бало!
На д е ж д а. Эси йўқ… ўжар…
А л е к с а н д р. Ковалёв унга бир қути конфет, майда-чуйда олиб келиб берадию у ёғи жа-а силлиқ кетади! Айт-чи, бу уй гаровига пулни эринг беряптими?
Н а д е ж д а. Билмадим. Бу уйга эга бўлсам қанийди, жуда истайман: бутун оилага торлик қилади, аммо бизга жуда мос. Эрим яқинда врач-инспектор мансабини олади, ўз уйинг бўлса шаънингга яхши-да, обрў бўлади.
А л е к с а н д р. Амаким ўлгандан кейин уй ҳаммамизники бўлади.
Н а д е ж д а. Албатта. Аммо биз кўпчиликмиз-да. Гаров васиқаси қўлимизда, шунинг учун уй Павел билан иккимизнинг тасарруфимизда бўлади…
А л е к с а н д р. Баракалла! Балосан, бало!
На д е ж д а. Ҳаммаси Павелнинг иши.
А л е к с а н д р. (уни қучоқлаб). Камтарлик қилма! Менга жуда ёқасан!
На д е ж д а. Шундай ёқаманки, ҳатто мендан пул сўрагинг келиб кетади, шундайми?
А л е к с а н д р (кинояли). Шу қадар ёқасанки, сендаги ҳамма пул меники бўлса, дейман!
На д е ж д а. Бу энди пулнинг жигардан уриши! Юр, сенга бир нарса кўрсатаман…
А л е к с а н д р (эргашиб). Менга ҳеч нарса ҳадя қилгинг йўқмиди?
На д е ж д а. Аёллардан ҳеч нарса сўрамайдилар.
А л е к с а н д р (кулиб). Бидъат бу!

Кетадилар. Эшикдан ҳаяжонли В е р а кўринади, у кимгадир қўл силкитиб ишора қилади.

В е р а (шивирлаб). Тезроқ келинг!

Якорев киради.

Я к о р ев (норози оҳангда). Нима бўлди?
В е р а (аста). Сизни биронтаси кўргани йўқми?
Я к о р ев (овозини пасайтириб). Оқсоч кўрди. Нима эди?
В е р а (атрофни кузатиб). Бу уйда ҳеч қаерга яшириниб бўлмайди… Бемаъни уй! Аттанг, ҳозир ёз эмас-да, бўлмаса деразадан сакраб тушиб кетардингиз.
Я к о р ев (ҳайратда). Деразадан сакраб? Нима учун?
В е р а. Керак-да. Қулоқ солинг, мени Ковалёвга эрга беришмоқчи…
Я к о р ев (ҳафсаласи пир бўлиб).Йўғ-е! Эҳ… Табриклайман…
В е р а. Сиз мени қутқаришингиз керак!..
Я к о р ев. Қутқаришим? Қутқариб бўларканми!
В е р а (тез,талабчанлик билан). Сиз – қаҳрамон феъллисиз, қўлингиздан келади! Мен аллақачон режа тузиб қўйганман… Сиз мени бирон ерга яшириб қўясиз-да, кейин келиб буларга аччиқ гаплар қиласиз… Қизнинг тақдирини ўз-ўзингизча ҳал қилишга ҳаққингиз йўқ, унинг қалбини таҳқирлашга йўл қўёлмайман, дейсиз. Мен уни севмайман, аммо унинг эркинлиги йўлида жонимни беришга тайёрман, деб айтасиз. Уларга керак ҳамма гапни тўкиб соласиз, у ёғи тағин ўзингизга аён бўлиб қолади. Кейин ҳаммаси йиғлаб юборишади, сиз бўлса бир умрга менинг дўстим бўлиб қоласиз, тушундингизми?
Я к о р е в (жилмайиб).Кейин улар боплаб менинг таъзиримни беришади!
В е р а. Якорев, ўзингизни гўлликка солманг!
Я к о р е в (идрок этиб). Ковалёв қалинсиз олмайди…
В е р а. Мени деб унга беш минг беришяпти.
Я к о р е в. Бе-еш минг? Наҳотки! Ростми?
В е р а. Бунинг аҳамияти йўқ!
Я к о р е в. Беш мингнинг аҳамияти йўқ эканми?
В е р а. Сизнинг у ёғи билан нима ишингиз бор?
Я к о р е в (фаҳмлаб). Нима ишим? Ҳм-м… Ковалёв сизни ҳеч кимга бермайди!
В е р а. Кимга?..
Я к о р е в. Ҳеч кимга. Беш минг ҳазилакам гап эмас!
В е р а. Нима деяётганингизни тушунмаяпман! Сиз менинг гапларимга розимисиз ўзи?
Я к о р е в (ўз-ўзича).Менми? Хўш… Ҳали ёшман… хато қилсам – тузатишга улгураман…
В е р а..Тезроқ бир нима денг!
Я к о р е в (қатъий). Таваккал қиламан, Вера Ивановна!
В е р а. Кўряпсизми, мен сизни, сиз ўзингизни билгандан ҳам кўра яхшироқ биламан!
Я к о р е в. Бошладик! Мен нима ютқазаман? Ваҳима босади одамни, аммо қизиқарли иш! Вера Ивановна, бир ўпиб қўйинг, сал ботирроқ бўлай!
В е р а. Мана сизга қўлимни бердим.
Я к о р е в.Қўлимни? Қўлни нима қиламан? Бўлганга яраша рисоладагидек бўлсин-да! (Шитоб бағрига босиб, лабларидан ўпади.)
В е р а (юлқиниб). Вой…сизни қарангу… Сиздан лаббўёқнинг ҳиди келяпти!
Я к о р е в (кулиб). Бу лаббўёқмас, мўйловимдаги бириллиантин ҳиди…
В е р а (уни эшик томон итариб). Юринг, мен сизни орқа эшикдан чиқариб юборай, биров кўриб қолмасин тағин. Агар ёз бўлганда-ю, сиз деразадан боғ томонга сакраб тушардингиз-а…
Я к о р е в (эшик орқасидан). Сакрашнинг нима кераги бор, ҳечам тушунмайман.

С о к о л о в а киради. Хонанинг ўртасига бориб, тўхтаб, атрофга қараб чиқади. Чопиб кирган П ё т р, уялиб таъзим қилади, стул олиб қўяди.

П ё т р. Сиз дадамнинг олдига келдингизми? Марҳамат, ўтиринг… Мен ҳозир чақириб келаман. (Чопиб чиқиб кетади.)

Соколова ўтирмайди, хонада юра бошлайди. Я к о в нинг хонасидан И в а н билан А л е к с а н д р, сўнгроқ П ё т р чиқиб келишади.

И в а н (ўзини салобатли тутишга уринади, қўл узатишга ботинолмайди). Эҳтиромимни қабул айлангиз, хоним! Менинг болаларим… Александр, Пётр… Сиз… э… уларнинг шу ерда бўлишларига қандай қарайсиз?
С о к о л о в а. Бу ўзингизга ҳавола.
И в а н (тез жавоб бермай).Пётр, майли, сен чиқ… ҳа… Жуда асабий бола бўлган, хоним, бир таъсирчанки… нима дедингиз?

Пётр тезда чиқиб кетади. С о к о л о в а индамай И в а н га қарайди.

П ё т р (эшик орқасидан қичқиради). Ойи, ойи, бу ёққа келинг…
И в а н (аста, аламини яширолмай). А… болакай-а! Бақиришини! Саша, унга айт – керак эмас… (Йўталиб олади). Хоним, келишингизнинг сабаблари менга маълум… Рафиқам сизнинг илтимосингизни менга айтди…
С о к о л о в а (хотиржам, совуққонлик билан). Илтимос қилаётганим йўқ, балки сизга хатонгизни тўғрилашингизни таклиф этмоқдаман…
И в а н (Соколова гапи оҳангидан ташвишланиб). Ҳм-м… албатта! Яъни… Ҳа, энди барибир бу ёғи! Аммо нега хато бўлар экан? Жуда ғалати-ку! Менинг хато қилганимни қандай исботлаб берасиз?
С о к о л о в а. Мен исботлаб ўтирмайман.
И в а н. Бунинг иложини қилолмайсиз ҳам!
С о к о л о в а (жиддий). Демак, сизнинг фикрингизга кўра, отган одам менинг ўғлим, шундайми?
И в а н (ҳаяжонланиб). Унинг бўй-басти ажралиб туради…
С о к о л о в а. Сиз уни фақат бир марта кўргансиз – ўша суиқасд қилинган куннинг эртасига, жандармлар олдида. Шу тўғрими?
И в а н (жўшқин). Хоним! Шубҳалар ила қариянинг дилини ранжитманг…
С о к о л о в а. Сиздан сўраяпман: сиз ҳақиқатан ҳам ўша жандармлар кўрсатган йигитча отган, деб ҳисоблайсизми?
И в а н (тетикланиб). Ҳисоблайман? Бироқ агар уни таниган бўлсам…
С о к о л о в а. Сизда ўз хатонгизни тан олишга журъату тантилик етишмаяпти, а?
И в а н (ҳаяжонланиб, чинқиради) .Мен билан бунақа оҳангда гаплашишга ҳақингиз йўқ, муҳтарама хоним! Сизнинг ўғлингиз инқилобчи, ундан топилган нарсалар…
С о к о л о в а. Сиз саволга жавоб бермаяпсиз – менинг ўғлим отганми ёки йўқми?
И в а н (чинқиришда давом этиб).Мени тинч қўйинг! Сизнинг ўғлингиз билан неча пуллик ишим бор, болалар бор менда ҳам!.. Такрорлайман: сизнинг ўғлингиз – инқилобчи!
С о к о л о в а (юриб). Бу сизни оқлай олмайди.
И в а н (эргашиб).Афв этасиз! Нима қилмоқчисиз? Нима дедингиз?
С о к о л о в а (эшик орқасидан). Бу сизни оқлай олмайди, дедим!
И в а н (тўхтаб, паст овозда). Кимнинг олдида?..

Мўйловидан тортиб-тортиб эшикка маънисиз тикилганича туриб қолади. С о ф ь я киради, унинг ортидан П ё т р етагида Я к о в келади, кейин югурганича Вера киради, шовқинни эшитиб А л е к с а н д р Н а д е ж д а билан пайдо бўладилар.

С о ф ь я.. У кетиб қолдими?
И в а н (ҳорғин). Бир алвастими бу, билмадим! Шундай мени қийнадики!
С о ф ь я. Сен йўқ дедингми?
И в а н (юмшоқ). Менга қара, Софья…
С о ф ь я (қаттиқ овозда). Сен ўз хатойимни бўйнимга оламан, дегандинг, менга сўз бергандинг, Иван!
И в а н (тинчланиб). Ҳа… тўхтаб тур! Энди иложим йўқ… менинг аҳволим ўзгарди…
С о ф ь я (даҳшатга тушиб). Бу бизларга мусибат олиб келади! Бу бошимизга қора кунларни солади!..
П ё т р (лолу ҳайрон). Дада, нималар деяпсиз? Дада, ҳеч шундай қилиш мумкинми?
И в а н. Йўқол, бу ердан! Яков, сен вазмин ва ақлли одамсан…
В е р а. Петька, ўзингни бос…
И в а н (укасига). Уни тинчлантиришга, сал тушунтиришга ёрдам бер…
Я к о в. (ҳолсиз овозда). Иван, ҳалиги аёлни қайтариш керак!
С о ф ь я. Петя, бор! Чоп! Қайтариб ке!
И в а н (чорасиз). Нима қиляпсизлар? Мен расво бўламан-ку!
Я к о в. Йўқ… биз… сен ўйлаб кўр…
С о ф ь я. Болаларим ҳаққи, Иван, кексалигинг ҳаққи!.. Худо ҳаққи! Хатойингни тан ол – йўқ эса ҳаммамиз адои тамом бўламиз!..
И в а н (безовталаниб). Тамом ҳолдан тойиб абгор бўлдим, жонимда жон қолмади… Надежда, нима қилай? Саша, гапирсанг-чи! Уларга айт…
На д е ж д а (дадасининг қўлидан олиб). Ўзингизни қўлга олинг, дада!

Бошқа томондан Вера унинг ёнига келади, ҳеч нарсага тушунмай қўрқув ичида ҳаммага бир-бир қараб чиқади ва ўралашиб юради.

А л е к с а н д р.Қулоқ солинг, ойи…
Я к о в. Иван, бошқа гап йўқ гаплашадиган бу ерда…
А л е к с а н д р. Сиз масаланинг бошқа томонидан бехабарсиз…
На д е ж д а (Александрга). Қисқа қил, бўлмаса анови аёл келиб қолади, ҳалиги…
С о ф ь я (ҳазин). Надя…
А л е к с а н д р. Дадамга уезд полиция бошлиғи мансаби насиб этиб турибди, агар ҳозир у, отган одам бошқа эди, хато қилибман, деса ҳалиги мансаб қўлдан кетиши мумкин. Ёмон таассурот чиқиб қолишидан қочиш керак, бўлмаса…
Я к о в. (ирганиб). Бас! Гапларинг жуда бемаза…
А л е к с а н д р (хафа бўлиб). Астароқ, амаки, астароқ…
На д е ж д а (вазмин). Ахир, у оилани ўйлаб гапиряпти!
В е р а (ўзини йўқотиб). Ойи, ким келади? Кимни кутяпмиз?
С о ф ь я. Жим бўл…
И в а н. Саша, агар бу аёлнинг илтимосини бажармасам, унда Яков биз айтганни бермайди…
А л е к с а н д р (хижолат). Э… Бу ёғини унутибман-ку1 Оббо, чатоғ-ей!
На д е ж д а (қизғин). Мен пул бераман! Эрим беради! (Дадасига.) Сиз бор таваккал деб кетолмайсиз, керак эмас, — зиммангизда вазифалар турибди…
А л е к с а н д р. Яшавор, Надя!
П ё т р (чопиб киради). Кетиб қопти аллақачон, қувиб етолмадим.
И в а н (енгил тортиб). Хайрият-е!

Яков бошини қуйи солганича стулда чўкиб ўтиради, унинг ёнида даҳшатдан қўрқиб титраган С о ф ь я, ҳансираётган П ё т р ҳам шу ерда, бурчакда Л ю б о в ь, ҳаммага томошабиндек хотиржам қараб турибди. А л е к с а н д р билан Н а д е ж д а стол ёнида. И в а н ўтиради. В е р а, орқада туриб меҳр билан дадасининг елкаларини силайди ва кўзларини катта-катта очганича ҳаммага бир-бир қараб чиқади.

Н а д е ж д а (паст овозда, норози оҳангда). Мен шошилиб, подадан аввал чанг кўтарибман, шекилли…
И в а н (ҳорғин). Вера, менга винодан опке! Раҳмат, Надя! Мана, оёқларим ҳам қалтираб кетяпти… Аммо энди тугади…
С о ф ь я (ғўлдираб). Йўқ, тугагани йўқ!
И в а н (ғаши келиб). Ҳа, энди сен жим тур! Жуда довруғимни достон қилмоқчи экансан, кўриб турибман…
Н а д е ж д а (гина қилиб). Ҳа, ойи! Сиз ҳаддан ташқари нўноқсиз, ишнинг кўзини билмайсиз, ҳаддан ташқари!

Федосья кириб, буфет олдида тўхтайди ва бошини чайқаб ниманидир минғирлайди.

С о ф ь я. Яков, бу қанақаси бўлди?
И в а н. Бас, етарли! Аъзои баданим титраб-қақшаб кетяпти!
Л ю б о в ь (Яковга). Бу ердан кетайлик!
Я к о в (баъзўр). Сени ака дейишга тилим бормайди, Иван. Тақдирингни, болаларингни ўйласам мени ваҳима босади… Қўрқаманки, улар сени бир кун…
Н а д е ж д а (баланд овозда). Бизларнинг номимиздан гапиришга ҳаққингиз йўқ!
И в а н (ўрнидан туради).Нима деяпсан, ука? Мен, нима, ёмон иш қилдимми? Сенга нима бўлди? Сен адашяпсан!
Л ю б о в ь (Яковга). Бор! Бу одамларнинг виждонини уйғотадиган, ўлик виждонини тирилтирадиган сўз йўқ…
А л е к с а н д р (афтини буриштириб).

Кассандра-чи, Александрни қучиб,
Қанд шимади чинор остида…

Пётр нимадир демоқчи бўлиб дадаси томонга қўл чўзади ва ҳушидан кетиб ҳолсиз полга йиқилади.

И в а н (ташвишланиб). Сенга нима бўлди? Унга нима бўлди?
Л ю б о в ь (хотиржам). Сиз бу болани ҳам ўлдирасиз…
С о ф ь я (қўрқиб). Ҳа, Иван, ҳа! Сен уни ҳам…
Н а д е ж д а (дадасига). Шунчаки ҳушидан кетиб қолди, дада! У чопиб бориб келди-ку, унга югуриш мумкинмас. Кетинглар бу ердан, сиз сал тинчланишингиз керак!
А л е к с а н д р (дадасининг қўлтиғидан олиб). Юринг, озгина дам олинг.
Ф е д о с ь я . Мана, болани босиб кетдилар…
И в а н. Тўхтаб тур… Унинг аҳволи қандай?
Я к о в. Кет… сендан илтимос!
И в а н. Албатта, уй сеники, мени қувиб чиқаришга ҳаққинг бор. Аммо болалар меники, менинг ҳам ҳаққим бор…
Н а д е ж д а. Э, ҳа энди юрсангиз-чи!
А л е к с а н д р. Вой-бўй, ҳамманинг асаби бўшашган бу ерда!
Ф е д о с ь я. Қанақадир фитна… келишмаган, алмойи-алжойи…

И в а н, Н а д е ж д а ва А л е к с а н д р кетадилар.

И в а н (кетаётиб). Бечора бола… Уни у ёқда нималарнидир, деб сарсон қилишяпти…
Я к о в. Мана, Софья, кўрдингми? Бола ва ярамас…
С о ф ь я (Пётрни ўрнидан турғизиб). Индаманг, худо хайрингизни берсин! Ёрдамлашвор, Люба… Вера, қарашворсанг-чи…
Ф е д о с ь я. Ана буни қара-я! Жон ўрнида кўрарди-я!
Л ю б о в ь. Бундай болаларни касалхонага жойлаш лозим, ярамасларни бўлса турмага тиқиш керак…
В е р а (қичқириб). Дадам ҳақида бундай дема! У бола ҳам эмас, ярамас ҳам! Мана сен бўлсанг, уришқоқ мушукнинг нақ ўзисан!
Я к о в. Вера, гиргиттоним…
В е р а (қизғин). Сизнинг ҳам, амаки, феълингиз ёмон! Сиз бутун умрингизда пул йўқотишдан бошқа бир иш қилганингиз йўқ, дадам бўлса-чи – қўмондонлик қилиб, одамларга буйруқ бериб бошқариб келди. Бу эса ҳам қийин, ҳам хатарли, мана уни отиб кўришди-ку, шунинг учун-да! Мен биламан – сиз унинг ҳақида яхши гаплар гапирмайсиз, уни фоҳишабозу ичкиликпарастликда ва ҳоказоларда айблайсиз, аммо уни яхши кўрмайсиз, шунинг учун гапларингизга ишонмайман, ёлғон, бари ёлғон! Фоҳишабозу ичкиликпарастлар одамларни бошқариб кетишолмайди, уддасидан чиқишолмайди, дадам эса бу ишни эплай олди. У раҳбарлик қилиб келди ва қилади ҳам, демак, у ақлли ва яхши одам экан! Ҳеч ким ярамас одамнинг қўл остида ишлаб, унинг раҳбарлигига чидаб тура олмайди…
Ф е д о с ь я (кулиб). Қарқуноқдан булбул чиқди!
П ё т р (оёққа туриб). Вера, дадамиз ярамас одам…
В е р а (шижоат билан).Сен тушунмайсан! У қаҳрамон! У ширин жонини ўйламай, ўз бурчини бажарди! Сизлар-чи… сизлар нима қиляпсизлар? Қандай бурчни бажаряпсизлар? Сизлар нима учун яшаётганингизни ҳам билмайсиз, сиз дадамга ҳасад қиласиз, чунки у одамлар устидан ҳукмронлик қилади, сизда эса ҳеч вақо йўқ, ҳеч вақо…
Ф е д о с ь я. Чуғурчиқларим-а, ҳой чуғурчиқларим!… Ўҳ-ҳў…

П а р д а

ТЎРТИНЧИ ПАРДА

Я к о в нинг хонаси; у оромкурсида ёнбошлаб ётибди, оёғи шол рўмол билан ўралган. Ф е д о с ь я хонанинг ичкарисида, тўсиқ парда рўпарасида тўр тўқиб ўтирибди. И в а н ҳаяжонланиб хонада кезиб юради. Каминда ўт ўчиб бормоқда, столда чироқ ёниб турибди. Паст овозда гаплашишмоқда. Қўшни хонада пианино олдида
Л ю б о в ь турибди.

И в а н. Бу охирги, қатъий сўзингми?
Я к о в. Ҳа.
И в а н (самимий). Лол қоладиган даражада бешафқат одамсан сен, Яков! Хотинимни ҳам айнитган сен, у мулойим, муомалага юрадиган бир нарса эди…
Я к о в. Сен-чи… ўз-ўзингга раҳминг келсин! Шаънингни ерга урадиган ишлар қиляпсан!..
Ф е д о с ь я.Мана шундай дўстона, жимгина гапиришса, одамнинг овози ҳам қулоққа хуш ёқар экан…
И в а н. Насиҳатингни қўй, сендан ёшим катта…
Я к о в. Сени инсофли, диёнатли одам, деб ҳисоблай олмайман, дедим, сен бўлсанг, мендан пул сўраяпсан!
И в а н (самимий бўлишга тиришиб). Ҳа, сен мени ҳақорат қилдинг, шаънимни ерга урдинг, мен бўлсам сендан пул сўраяпман! Ҳа, сен хотинимнинг ўйнаши эдинг, мен бўлса олдингда қадамингни ўпаяпман! Бунинг ҳаммасидан хурсанд экан, деб ўйлама, ўч олишни истамас экан, деб ўйлама мени, о, о!..
Я к о в. Бемаза гапларни гапирмасанг-чи!
И в а н (жўшиб). Бироқ, сен бетобсан – шу сени сақлаб турибди! Мен бўлсам – росмана, соғлом одамман, яна – отаман мен! Сен отанинг аҳволи руҳиясини англай олмайсан, ҳалиги рус кишиси жуҳуднинг кўнглини тушунмагандек… яъни – аксинча, албатта! Ота – муқаддас бурч эгаси, Яков! Ота – ҳаёт ибтидоси, мен сенга айтсам… Худонинг ўзи ҳам отанинг улуғ номи билан аталади! Ота фарзандларини деб, нафсониятидан, виждонидан, ҳаётидан кечишгача боради, мана мен худди шундоқ қилмоқдаман! Оталик бурчимни ўтар эканман, иззат-нафсимни поймол қилиб, полицмейстер бўлган мендай бир одам уезд полицияси бошлиғи лавозимига розилик бериб ўтирибман! Бурчимни ўтар эканман, бир қориндан талашиб тушган жигарим – укамнинг аччиқ ҳақоратомуз таъналарини эшитдим. Яна бу улуғ бурчни бажарай деб кўкрагини ўқларга қалқон қилишгача борган мен эмасми?..
Ф е д о с ь я. Қичқиришни бошладими… ўзини тўхтата олмай қолади, ўҳ-ҳў-ў!.. Кўрмаганим яхши… (Туради ва кетади.)
Я к о в. Буни эсингдан чиқар… Тушунсанг-чи, эй бахти қаро, ахир сен болаларингни хароб қилдинг-ку… Вера қани?
И в а н. Қидириб топишади! Қайтмай қаёққа боради, ифлос…
Я к о в. Петя-чи? Сен унинг кўнглини етти хуфтон қилдинг!
И в а н. Бу ўзи касалманд бола, даволаниши лозим! Уни сизлардан йироқроққа олиб кетиш керак, вассалом! Уни сизлар буздингиз!
Я к о в (ҳолсизланиб). Гапиришга ҳолим қолмади… ҳеч нарса қалбингнинг тубига етиб бормаяпти.
И в а н (яна баланд оҳангларда). Менинг қалбим ҳақиқат совутини кийиб олган, сенинг қаҳринг ўқлари унга тегмайди, ҳа! Мен ҳаёт пойдеворининг қўриқчиси – отанинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда қатъий ва қоимман! Ўз-ўзимга содиқ қолиш ҳуқуқи ҳақида гап кетганда Иван Коломийцев ҳамиша саботли ва барқарордир!
Л ю б о в ь (киради). Кечирасиз, дада, суҳбатларингизга аралашиб, тугатмасам бўлмайди, сизга ҳаяжонланиш мумкин эмас. Иван Данилович, дадам сизга пул бермайман, деди-ку, қўшимчасига шуни айтай: у истаган тақдирда ҳам, пул бера олмас эди. Пуллар Соколова хонимга, ўғлининг гарови учун берилди…
И в а н (чапак чалиб). Нечоғлик аччиқ киноя! Эҳ, Яков!
Л ю б о в ь (истеҳзо билан). Агарда сиз хатойингизни бўйнингизга олганингизда пул сизники бўларди…
И в а н. Уезд полиция бошлиғи лавозими – Ковалёвга бўларди, денг! Сиз бекорга бурун суқдингиз, Любовь Яковлевна, ҳали ёшсиз, бу ҳаётнинг мураккабликлари-ю менинг азоб-уқубатли қисматимни тушунишга ожизлик қиласиз!
Л ю б о в ь. Яхши, аммо дадамга бари зарарли…
И в а н. Сизнинг қўпол сўзларингизни эшитиш менга фойдали-да, а? Менда сени ишонтира оладиган куч йўқ, чамаси, ука! Нима қиламан энди? Агарда менга пул бермасанг, хору расво бўламан, Яков… Мени хароб қиласан, Софьяни ҳам, болаларни ҳам…
Л ю б о в ь (совуқ). Болаларингиз аллақачон хароб бўлиб бўлди…
И в а н. Тилингизни тийинг… сайроқи! Яков, менинг тақдирим, бутун оила тақдири бир минг икки юз сўмга боғлиқ… майли, тўппа-тўғри минг бўлақолсин! Сен кўнгилчан, эси жойида одамсан, Яков, бугун менинг ишга тайинланишим ҳал бўлади – Лешч бу ишни узил-кесил юритвориш учун жўнаб кетди… Ишга тайинланганимдан кейин, пул менга сув билан ҳаводай зарур бўлади! Виждонинг билан сени юзма-юз қолдириб кетаман, иним!

Бошини баланд кўтариб чиқиб кетади. Яков қўрқув аралаш унинг ортидан қараб қолади, Любовь истеҳзоли жилмаяди.

Я к о в (у ҳам ҳолсиз истеҳзоли жилмайиб). Балонинг ўзи, одам эмас! Кўрдингми, у ўз-ўзига шундай ёқадики! Ёшлигида ҳаваскорлар саҳнасида ўйнарди, қара, унда қаҳрамонлар ролини ўйнайдиган актёрлик қобилияти ҳали йўқолмаган экан…(Жим қолади.) У пулни беришимга мажбур қилади!
Л ю б о в ь (бўғиқ овозда). Мен бундан ҳам ортиқ зарарли ва ёқимсиз одам бўлишини тасаввур қилолмайман…
Я к о в (бетоқат бўлиб). Люба, азизам, қаттиқ гапириб юборасан-да… Нима ҳожати бор?
Л ю б о в ь (аста, совуққина). Айтинг, мен нима қилай?
Я к о в (бироз туриб). Сенга нима деб жавоб беришни ҳам билмайман… Бунинг ҳаммаси кутилмаганда юз берди-ю, жуда мени эзиб юборди. Мен ўз қайғумга ғарқ, ойингга бўлган муҳаббатим оғушида танҳо, сўппайиб, кўрсичқонга ўхшаб яшар эдим… Шундай одамлар борки, тақдир уларни бир аёлни умрбод севишга маҳкум айлайди… Умр бўйи фақатгина битта китоб ёзаётган кишиларга ўхшаб…
Л ю б о в ь. Ёзганда ҳам ёмон ёзишади…
Я к о в. (самимий ва содда). Ҳа! Нотавонликларини яшириш учун, улар ўзларини бемаъни меҳнат қаърига отадилар ва мен ўзимни фақат бир нарсага бағишлаганман, деган даргумон юпанч билан кўнгилларини овутадилар!
Л ю б о в ь (ўйланиб). Гапларингиз самимий… аммо буниси ортиқча…
Я к о в.(аста). Менга раҳминг келмайдими?
Л ю б о в ь (хонада аста юриб). Менга алам қиладигани шуки, ҳеч нарса қўлимдан келмайди! Вера билан Пётрни бу ердан суғуриб олиб чиқиб кетгим келади, аммо қандай қилиб – бу ёғини билмайман. Ақлим етмайди…
Я к о в. Сенда ўтакетган даражада совуқ бир қараш бор!
Л ю б о в ь. Эҳтимол, ўз ожизлигимга бўлган қаҳру аламимдир… (Жим қолади.) Нега мени бундай нопоклик ва разолат чоҳига ташладингиз?
Я к о в. Сўраб қийнама! Биласан-ку, Софья менинг қизим эканлигингни тан олгиси келмас эди…
Л ю б о в ь (истеҳзоли). Аммо сиз, ота-оналар, болалар тақдирига шундай енгил-елпи қарайсизки…
Я к о в. Тошбағир бўлма…
Л ю б о в ь (совуқ). Ҳа… бунинг фойдаси йўқ!
С о ф ь я (ғамгин, киради). Мен уни тополмадим… ҳеч нарса била олмадим…
Я к о в. Рангинг оқариб кетибди, қараган қўрқади…
С о ф ь я (бошқа нарса ҳақидла ўйлаб). У ёқда Якорев келди. Бугун у нимагадир ҳамма билан дағалу қўпол муомала қиляпти.
Л ю б о в ь. Назаримда, Вера ҳақидаги машмашадан унинг хабари бўлса керак…
С о ф ь я. Унинг ҳоли нима кечади? Любовь, сен учун худо мени жазолаяпти, ҳа…
Л ю б о в ь. Бўлмаган гап, ойи! Худонинг, табиатнинг, қуёшнинг биз билан нима иши бор? Биз қандайдир эски, маҳобатли бинонинг, балки, турма деворининг бузуқ парчалари каби одамлар йўлида ётибмиз… Биз вайронгарчилик тўзонлари ичида қоришиб йўқ бўлиб кетгунимизча, одамларнинг юришига халал берамиз… Ўтганларнинг оёғи тегиб кетганда, маънисиз жонимиз оғрийди… Баъзан эса кимдир бизга қоқиниб йиқилади, у ер-бу ерини майиб қилади…
Я к о в. (аста). Бундай гапирма, бунчалар ноумид бўлма!
С о ф ь я (инграб). Қаерда бўлиши мумкин, а, Вера?
Я к о в. Надежда ҳам қидиришяптими?
С о ф ь я. Александр ҳам, куёвимиз ҳам… Шўрим қурсин!
Л ю б о в ь. Ундан ҳам ёмон бу, ойи!
С о ф ь я. Биламан, биламан… Ахир айтардим-ку: бошимизга қора кунлар келади, деб…

Шовқин солиб И в а н, Я к о р е в нинг қўлидан тортиб келади. Даҳа назоратчиси хўмрайиб қарайди, аммо хотиржам.
И в а н (дарғазаб). Табрикланглар – менинг янги куёвим! Қанақа ярамас, а?
Я к о р е в. Оғзингизга қараб гапиринг!
И в а н. Э, мен сенинг абжағингни чиқариб қўяман!
С о ф ь я. Сиз… Вера сизникидами?
Я к о р е в. Унинг қаердалигини биламан…
И в а н (таҳдидли). Дарров бу ёққа олиб кел, муттаҳам!
С о ф ь я (ялиниб). Олиб келинг уни… Сизнинг ҳеч нарсангиз йўқ, уни фақирона турмуш кутади, чунки қўлидан ҳеч нарса келмайди… Сизга бошқача хотин керак…
Я к о р е в (бошини қуйи солиб). Аммо у аллақачон… биз турмуш қурдик…
С о ф ь я (стулга ўтириб қолади). Наҳотки?
И в а н (Якоревни тортқилаб). Ёлғон гапиряпсан! Сен менга бунисини айтмаган эдинг. У йўл қўймас эди, журъат қилолмас эди…
Я к о р е в. Тегманг менга! Гапиришга қўясизми…
Я к о в. Иван, уни тинч қўй!
Л ю б о в ь. Ҳовлиқишнинг энди фойдаси йўқ. (Якоревга.) Сиз унинг эри… бўласизми? Ростми?

Якорев индамай бош эгади.

И в а н (қичқиради). У алдаяпти! Тухумингни қуритаман…
Я к о р е в. Келинг, очиқчасига гаплашиб олайлик…
Я к о в. Майли, гапириб берсин…
И в а н. Гапир, ит!
Я к о р е в. Агар қизингизни яхши кўрсангиз, менга бундай қўполлик қилманг…
И в а н. Сен менга пўписа қиляпсанми ҳали? Менга-я?
Я к о р е в. Вера Ивановнанинг ўзи олиб кетишимни илтимос қилди…
И в а н. Ёлғон!
Я к о р е в. Ҳозир мени юборганининг сабабини билсангиз, гап бундай: бўлар иш бўлди, буёғига энди менинг кўнглимга қарашсин, деяпти Вера Ивановна. Сиз Ковалёвга беш минг бермоқчи экансиз, – биз эса тўрт мингга розимиз… Фақат уезд полиция бошлиғи бўлганингизда мени ўша ёққа пристав қилиб оласиз…
И в а н (ноаниқ). Эҳ, сен фирибгар! Қаранг-а!
С о ф ь я. Ё, парвардигор!
Я к о в. (шошилиб, дудуқланиб). Айтганларига рози бўлиш керак! Бу, сен ўйлаганингдан кўра, Иван, маъқулроқ иш, кўрдингми? Пулни мен бераман, ҳаммаси яхши бўлади! Агар улар бир-бирини яхши кўришса, — севгисини поймол қилманг! Севгини асрамоқ керак… бу нозик чечак, ноёб чечак, умрда фақат бир марта гуллайди, фақат бир марта!
Л ю б о в ь (совуқ). Бас қилинг! Сизга зарарли… Ваннага тушадиган вақт бўлди, кетдик!
Я к о в. Йўқ, тўхтаб тур…
Л ю б о в ь (унинг туришига кўмаклашиб).Вақт бўлди! Бу ишга сиз аралашмаслигингиз керак – бу ерда ҳаммаси бефойда, сизнинг ҳиссиётингиз бўлса эрта кунда…(Бурчакдаги эшикдан олиб чиқиб кетади.)
И в а н (Якоревга, ҳайрон қолиб). Аммо қандай журъат қилдинг? Қандай юрагинг бетлади?
Я к о р е в (камтарлик қилиб). Қулай фурсат келганда, фойдаланиб қолишим керак…
И в а н. Қулай фурсат! Софья, а? Бизнинг қизимиз даҳа назоратчисига “қулай фурсат” бўлипти!

Софья ҳаракатсиз олдинга қараб ўтиради, бармоқлари титраганча кўйлагини ғижимлаб юлқийди.

Я к о р е в (фалсафа сўқиб). Даҳа назоратчиси бўлиб ишлаяпман ҳозирча, ким билади, бу ёғи нима бўлади?
И в а н. Нима бўларди? Зиндон бўлади, каторга бўлади, ҳайвон!
Я к о р е в. Иван Данилович, бақирманг! Энди нима бўлса ҳам сизга қариндош бўлиб қолдим… (Верага кўзи тушади: у билдирмай тез дадасига яқинлашади.) Сиз? Нега энди сиз…
И в а н (бўкириб). Шарманда… Йўқол!
В е р а. Дада!
И в а н. Ўлдираман!..
С о ф ь я (ўрнидан турмай). Вера… (Унга қўлларини чўзади.)
В е р а (қатъий). Дада, мен эси паст қиз, шунинг учун боплаб таъзиримни едим. Аҳмоқлигим учун биргина мен айбдор эмасман…
И в а н. Аҳ-а, Софья! Мана, эшитдинг-а! У тушуниб турибди, ким айбдорлигини!.. Гапиравер, қани…
С о ф ь я (аста). Вера, нега бундай қилдинг?
В е р а. Якорев, сиз чиқинг… меҳмонхонага боринг!
Я к о р е в (итоаткорона чиқади). Яхши… Фақат мен тушунмаяпман, нима қиляпсиз ўзи?
И в а н. Ойимча буйруқ қиляптилар! Нима қилганингни биласанми, қизалоқ, юзимни ерга қаратдинг-ку!
В е р а. Дада, Ковалёвга тегишга розиман, эшитяпсизми?
И в а н. Эндими?.. Номусли, андишали одам сени оладими энди?
В е р а (хушмуомалалик билан, аламли). Аммо, дада, Ковалёв ахир ярамас одам-ку, ўзингиз айтгансиз!
И в а н. Сен бўлса – бузуқсан!
С о ф ь я (ўрнидан туради, таҳдидли). Жим бўл!..
И в а н. Шундайми? Бўлмаса, билганингизни қилинглар!
В е р а. Сиз ҳам, дада, менинг айтганимни қиласиз!
И в а н (қулоқ солиб). Мен-а?
В е р а. Бугуноқ Ковалёвни чақиртирасиз, у ёғини менга қўйиб берасиз!
И в а н (шубҳали). А, қалин қани? Беш мингни қаердан оласан, а?
В е р а. Бунинг ҳожати йўқ…
И в а н.. Ҳожати йўқ? Ҳм-м…
В е р а. Ковалёв бой одам. Унга мен керакман, пул эмас… Пулни унинг ўзи ўғирлаб кўпайтириб олади…
И в а н (самимий, қўрқув билан). Қақажоннинг чечанлигини қаранглар!
С о ф ь я. Бир лаҳзага бизни холи қўй…
И в а н (кетаётганидан хурсанд). Ҳа, мен кетаман… Сизлардан қочиб тупканинг тубига кетишга тайёрман, ақлдан озганлар! (Кетади.)
В е р а (ойисига қараб, ўзини йўқотиб, қайғули оҳангда).Мана, ойи, бошимдан нималар кечди…
С о ф ь я индамай уни бағрига босади.

С о ф ь я. Гўдаккинам! Наҳотки уни севсанг?
В е р а (истеҳзоли). Бу майда, аянчли қўрқоқ бир кимса.
С о ф ь я. Қандай қилиб бунга йўл қўйдинг?
В е р а (елкасини қисади). Шундоқ… Бемаза туш! Мен ўйловдимки, бошқача бўлади, деб. Ҳалол эркаклар йўқми, ойи? (Титраб аста йиғлай бошлайди, ойнага қараб ўз аксини кўради ва кўз ёш аралаш гапиради). Бечора Верка, бурнинг қизариб кетибди, юзларингга қараб бўлмайди, умуман – роса калтак еган кучукнинг айни ўзи бўлибсан… Ойи, боринг, менинг қаҳрамонимни бу ёққа юборинг! Қаҳрамонимни, ойи! Менга ҳеч нарса деманг, сиздан илтимос. Чунки бу машмашада сизнинг ҳам айбингиз бор, бўлгандаям меникидан кам эмас, ҳа, ойи… Ўтган уч кун ичида ўзимга ўзим шундай гапларни гапирдимки, ҳеч ким бундан бадтарроқ, бундан аччиқроқ гапира олмайди… Мен бирдан кичкина кампирга айланиб қолдим, юрагим орзиқиб кетди… Бу бир умрга етади, ойи! Ахир юрак бирданига тўхтайди, биринчи зарбданоқ! (Ойисига қарайди ва беғараз, аммо кескин гапиради). Мен Любовга ўхшаган турқи совуқ, баджаҳл бўламан… Ё, раббий, мен ҳам хурсандчилик билан одамларни қийнайман, қийнайман, қўлимга биронтаси тушиб кўрсин! Шунақа бемаъни эканки, бу одамлар, ойи, аянчли ва ярамас! Боринг, уни чақириб юборинг!

С о ф ь я кетади, В е р а бир ўзи ёлғиз, қўллари билан бошини чангаллаб, кўзларини катта-катта очганча бир неча лаҳза бўшлиққа тикилиб қолади, лаблари ниманидир шивирлайди. Я к о р е в нинг нафаси сезилгач, сочларини тўғрилайди,
чеҳраси жиддий тус олади.

Я к о р е в (гина қилиб). Нима қиляпсиз ўзи? Жуда жиддий бошладик – бирданига бўлса – ўзингиз келиб ўтирибсиз! Сиз, келишганимиздек, ўша ерда ўтириб мени кутишингиз керак эди, мен никоҳга розилик олишим лозим эди, қарийб розилик олгандим ҳам… Энди бўлса – ҳеч нарсага ақлим етмаяпти…
В е р а (хотиржам). Мен фикримдан қайтдим. Ковалёвга турмушга чиқишга қарор қилдим.
Я к о р е в (бироздан сўнг, қаҳр билан). Ростданми?
В е р а. Ҳа.
Я к о р е в. Йўқ, сиз бундай қила олмайсиз!
В е р а (жиззакиликдан ўзини тийиб). Нимага экан?
Я к о р е в. Бунга мен йўл қўймайман!
В е р а (қизиққонлик билан). О!.. Наҳотки? Жиддий гапми бу?
Я к о р е в. Жиддий бўлганда қандоқ! Қилт этиб кўринг-чи!
В е р а. Хўш, нима бўлади?
Я к о р е в. Тезда бутун шаҳарга бадном қиламан. Тушунарсиз, дейман? Ковалёв у ёқда турсин, ҳатто қовоқхона хизматчиси ҳам олмайди сизни! Мени майна қилишларини ёқтирмайман. Мен хотин киши эмасман…
В е р а (жилмайиб). Мени шундай қўрқитиб юбордингизки, энди қачондир ўлиб-нетиб қолсам керак…
Я к о р е в (дарғазаб). Сиз ҳазиллашманг! Қандай бемаънигарчилик! Ҳамма ишни ўзи бошлайди-ю, кейин…
В е р а (хотиржам). Сизнинг қўрқоқнинг қўрқоғи, ўғрию порахўр эканлигингизни кўрганимдан кейин…
Я к о р е в (қаҳр билан). Бу сўзларинг учун кўп марта кўзингдан ёшингни оқиздираман ҳали…
В е р а (жиддий). Оғзингни ёп, сурбет!
Я к о р е в (титраб, қаддини ростлайди ва гўё бошқалар қаерга яширинганини қидираётгандай ҳайратда атрофга кўз ташлаб чиқади, кейин таҳдидли гапиради). Жуда-а-а соз!..
В е р а (унинг олдига келиб). Қулоқ сол, назоратчи: сенинг билан икки кеча бирга бўлган, шундан бир кечасини – ўз хоҳишига қарши сен билан ўтказган қиз, энди бошқа йўқ.
Я к о р е в (ўзи учун бир хатарни сезиб, ғўлдирайди). Албатта…
В е р а. Сен буни кейин тушунасан. Эси паст қизча ўлди, унинг ўрнига ҳеч кимга раҳм қилмайдиган, ҳеч кимдан қўрқмайдиган тошбағир аёл туғилди. Сен мени бадном қилмоқчисан, аммо мени номусдан маҳрум этдинг, энди шармандаликдан қўрқмайман. Шармандалик нима дегани? Сенинг билан бирга бўлганимни гапиришларими? (Аччиқ кулади.) Майли, гапиришаверсин. Буни ўзим ҳам биламан! Хўш, нима бўпти? Худди сен билан яшашни хоҳламаганим каби, энди истамасам ҳам, Ковалёв билан қонуний яшай бошлайман… менга барибир эмасми? Сен шунга халал бермоқчимисан? Сен мени номуссиз қилдинг, энди қўрқитмоқчи бўляпсанми? Нима билан? Ҳаммасини одамларга айтиб бериш билан, шундайми? Менинг одамлар билан нима ишим бор? Сен шундай фақиру ночор одамсанки, қўлингдан ҳеч нарса келмайди… Ҳар учраган муттаҳам ҳам зарарли эмас, баъзилари аянчли, холос. Туёғингни шиқиллатиб қол, қани!
Я к о р е в (аввал истеҳзоли аччиқ кулги билан эшитади, Веранинг сўзлари пасайиб жиддийлашиб боргани сари, қўрқа бошлайди, охири хижолат бўлиб елка қисиб гапиради). Сиз, аммо лекин… сиз биринчи бўлиб бу ишни бошлаганингизни эсдан чиқариб қўйдингиз…
В е р а (хотиржам). Туёғингни шиқиллат, деяпман!
Я к о р е в (дили сиёҳ бўлиб). Агар сизнинг шунақалигингизни билганимда…
В е р а. Билганингда… нима?
Я к о р е в (мулоҳаза қилиб). Яқин йўламаган бўлардим… Сиз, очиғини айтганда, мени чув туширдингиз… Сизнинг менга зиён етказишингиз жуда осон, буни тушунаман. Дадангиз ва акангиз – иккиси ҳам полицияда ишлашади… Агар уларга эрингиз ҳам қўшилса… албатта, мени ғажиб ташлашади… Мен сизга ваъда беришга тайёрман…
В е р а (бақириб). Кўзимдан йўқол!!!

Якорев тез кетади. С о ф ь я югуриб келади, В е р а унга пешвоз чиқади.

С о ф ь я (қўрқув ичида). Нимага бақиряпсан? Нима, у қўполлик қилдими, тегишдими?
В е р а (ҳаяжондан нафаси оғзига тиқилиб). У ўзини валломатлардек тутди, ойи! Мен унга: азизим, сени жондан ортиқ севаман, дедим…
С о ф ь я. Сен, уни севмайман, дединг…
В е р а. Тўхтаб туринг, ойи!.. Йўлимизда, бизнинг бахтимизга, дедим мен, ўтиб бўлмас тўсиқлар мавжуд… Мен барини йўқ қиламан ёки ўламан, деди аблаҳ…. яъни қаҳрамоним, ойижон! Биз узоқ гаплашдик, чиройли гаплашдик, иккимиз ҳам бир-биримиз олдида завқ-шавқдан йиғладик, икки мусаффо, икки жўшқин қалб…

Тип-тиниқ юлдузлар, гўзал юлдузлар
Гулларга сўйлашди ажиб эртаклар…
ва битта кичкина қизчани алдаб кетишди… Аммо севги ҳақида гапира туриб, ойи, у муқаддимани шунчалар чўзиб юборадики, ғашинг келиб кетади, ҳозир ҳам шунинг учун унга: “Кўзимдан йўқол!” деб юбордим.
С о ф ь я. Гиргиттоним, болагинам!..
В е р а. Йўқ, мен қичқирдим, чунки дилим ёмон оғриб кетди, дилим! Жон ойижоним, қандай бўлди, дейсизми? Мен ахир ҳазиллашувдим, ўйнашувдим, — айтинг-чи менга, нима, ҳазиллашиш мумкин эмасми, яхшиликка ишониш мумкин эмасми?
С о ф ь я. Сенга нима десам экан?
В е р а (жим қолади, сўнг жиддий тусда). Мен ҳеч қачон бола туғишга журъат қилолмайман, бу қўрқинчли! Мен ҳам тушунмайман, ҳеч нарса тушунмайман ва уларга бир нима деёлмасам керак…

Ошхонадан Н а д е ж д а ва А л е к с а н д р овозлари эшитилади.

В е р а. Акам билан опам келишяпти… мени бир жойга яширинг! Улар ҳам мени излашдими? Уларни менга дуч қилманг… керакмас!

С о ф ь я уни бурчакдаги эшикдан олиб чиқиб кетади.

В е р а (кетаётиб). Ойи, сиз ҳам қизлик вақтингизда яхшиликка ишонгансиз, а?..
С о ф ь я. Мен ҳам…
В е р а. Эҳтимол, барча қаҳрамонлар – ёлғончилардир?

Ошхонадан овозлар эшитилади.

А л е к с а н д р. Мендан тарсакилар ейди-ку, ҳали!
Н а д е ж д а. Вой, тентак, тентак…
И в а н. Аммо ота шўрлик нима қилсин?
Н а д е ж д а (Яков хонасига назар ташлаб). Бу ерда йўқ у.
И в а н.Бало кетидан бало ёғилмоқда бошимга!
А л е к с а н д р. Тезроқ Ковалёвга бериб юбориш керак!
Н а д е ж д а.Албатта-да…
И в а н. Ҳа, агар у олса-да!
Н а д е ж д а. Ташвишланма, олади!

Чамаси барчаси меҳмонхонага ўтганидан овозлар тина бошлайди. Ранги оппоқ оқарган П ё т р кириб келади, чеҳрасида сармаст одамнинг кулгуси, креслога ўтириб кўзларини юмади. Кичик эшикдан С о ф ь я чиқади, у Я к о в каравоти ёнидаги столда
турган графиндан стаканга сув қуяди.

П ё т р. Яна кимдир йиғлаяптими?
С о ф ь я. Келдингми? Қаерда эдинг?
П ё т р. Ким йиғлаяпти?
С о ф ь я. Вера…
П ё т р. А-а… у қайтиб келдими…
С о ф ь я (унинг ёнига келиб). Ҳа.
П ё т р (истеҳзоли кулиб). Бу ердан кетиб бўпсан… Йў-ўқ! Уриниш ҳам бефойда…
С о ф ь я (аста). Петя, ичдингми?
П ё т р. Озгина, ойи! Жуда озгина…
С о ф ь я. Нимага? Бу ахир сен учун ўз-ўзини ўлдириш билан баравар-ку!
П ё т р. Ўз-ўзини ўлдириш – аҳмоқлик! Энг ифлос жойи шуки, менинг ёшимдагилар бир-бири билан отишадилар.
С о ф ь я. Ажабо! Шундай ваҳшатли гапларни гапиряпсанки! Қаерда бўлдинг ўзи?
П ё т р (истеҳзоли кулиб). Крилл Александровичнинг олдида. Лекин энди ҳечам унинг олдига, умуман шу томонга бормайман. У ерда – ҳамма нарса жиддий. У ерда кишидан ҳар хил нарсаларни билишни талаб қилишади, масалан, ҳаётни тушуниб етиш, одамларга ҳурмат ва ҳоказо. Мен бўлсам нақ бўш чамадоннинг ўзиман. Адашиб сени йўлга олишди-ю, лекин сафарга керакли буюмларни жойлашни унутишди…
С о ф ь я. Сени ўша ерда ичиришдими?
П ё т р. Худо сақласин! У ерда фалсафали чой ичишади, чойга ҳар хил ҳикматларни ҳам қўшишади, аммо… мураббо ҳам беришмайди! Йўқ, мен қовоқхонага кирдим. Мана бу жуда соз!
С о ф ь я. Бор, хонангга кириб ёт…
П ё т р (ўйланиб). Ва ётиш… Сен билан бирга оғир, турқи совуқ ғам-қайғу қучоқлашиб ётади… Қайғуга қарши қандай чорани биласиз?
С о ф ь я. Мен ҳеч нарсани билмайман. Мен гапиришга қўрқаман. Агар ҳаммамиз ёлғон гапирганимизда – жуда қулай бўлар эди…
П ё т р. Жим қолиш – ёлғон гапириш демак, гапириш яна ёлғон айтиш… Қани, боринг, кўз ёшларингизни артинг… Сув олиб келинг… Бу – Верагами?
С о ф ь я (кетади). Ҳа… Эсимдан чиқибди…

Эшик олдида Л ю б о в ь билан Я к о в г а тўқнаш келади.

Л ю б о в ь (Яковга). Сал енгиллашдими?
Я к о в. (хириллоқ овозда). Ҳа… озгина…
Л ю б о в ь. Кўриниб турибдики, ванна сизга зарар экан…
Я к о в. Эҳтимол, шунақадир… Аммо мана бу Лешч…
Л ю б о в ь. Мен бошқа доктор чақиртираман.
Я к о в. Ноқулай… Лешчнинг кўнглига келади…
П ё т р (ўрнидан туриб). Кечирасиз… мен сизнинг тахтингизни олиб қўйдим!
Я к о в. (кинояли кулиб).Ўтир, ўтир. Мен жойимга ётаман… Ҳатто ўтиришга қийналаман-ку!
П ё т р(Любовга). Сен Верани кўрдингми?
Л ю б о в ь (Яковни ётқизиб). Келдими?
Я к о в. Хўш, хўш? Тинч эканми?
П ё т р. Кўрганим йўқ.
Л ю б о в ь (Пётрга). Сен шу ерда бўлиб тур, мен унинг ёнига борай…(Кетади.)
Я к о в. Шўрлик қизчага бирам раҳмим келяптики…
П ё т р. Агар киши ярасига сирка қўйсалар, ҳоли нима кечади?
П ё т р. Любами? У ҳамиша ҳам ҳаммадан кўпроқ нарсани кўради, шунинг учун ҳам тили заҳар… О, мана, аҳли донишлар келишмоқда…
Я к о в. (афтини бужмайтириб). Улар энди бу ерда шовқин-сурон қила бошлашади, эҳ…
На д е ж д а (киради). Верани қаёққа яширгандингизлар?
А л е к с а н д р. Бемаънилик-ку!
П ё т р. У ойим билан бирга…
На д е ж д а (тикилиб қараб). Намунча тасқаранг чиқиб кетипти? (Кичик эшикка кириб кетади.)
А л е к с а н д р. Қандай, тузукмисиз, mon oncle ?
Я к о в. Чатоқ… Чатоқ…
А л е к с а н д р. Юракми? Helas*… Чекишайлик…
Я к о в. Сендан илтимос қилар эдимки…
А л е к с а н д р. Ах, pardon! Юракка тамаки зарар, шунингдек вино, хотинлар ва ҳоказолар ҳам…
П ё т р. Гапга ҳам тўн кийдириб юборади-да у, амаки!
Я к о в (маъюс). Ҳа…
А л е к с а н д р. Сен бу ерда нима қилиб юрибсан?
П ё т р. Амаки, бир гимназист, ўлгудай қизиқчи, бир куни шундай деб қолди:
Агар ўз тинчингни ўйлар бўлдингму,
Нимага, нечун – деб сўрма, билдингму?

А л е к с а н д р. Му-му-му – жа-а молфаҳм шеър экан-да!
Н а д е ж д а (сапчиб киради, дарғазаб). Любовь аччиғи келганидан эсини йўқотди қўйди-я!
А л е к с а н д р (чекар экан). Тағин нима бўлди?
Н а д е ж д а.Амаки, унга сизнинг гапингиз ўтади, уни сал тийиб қўймасангиз бўлмайди, у Верани йўлдан оздиряпти…
Я к о в (ҳаяжонда). Йўлдан оздиряпти? Люба…
Н а д е ж д а. Унинг гапларини бир эшитиб кўрсангиз эди!
Я к о в (Александрга). Бу ерда чекилмасин, девдим-ку…
А л е к с а н д р. О, pardon!
Я к о в (ҳолсиз). Сен билан баҳслаша олмайман, Надя, – беҳол бўлиб кетяпман… Аммо Люба ҳақида бундай гапириш… илтимос… керакмас…
Н а д е ж д а. У Верага ярамас нарсаларни ўргатяпти!
И в а н (келади). Ҳм-м… Лешчдан бўлса ҳамон дарак йўқ…

Кичик эшик қарсиллаб очилади, В е р а отилиб киради, унинг ортидан
С о ф ь я билан Л ю б о в ь келадилар.

В е р а (қизғин, аламли). Сиз иккингиз – сен ҳам, ойим ҳам – адашяпсизлар! Дада, сиз ҳалол, яхши одамсиз!
И в а н (дабдабали). Бечора қизалоқ! Шубҳа қилишингга ҳеч ҳожат йўқ эди-ку?
П ё т р (маъюс, истеҳзоли). Эҳ, Верка…
В е р а. Дада, бунақа гапирманг… ишоралар билан! Майли, мен эси паст бўлай, майли нопок бўлай, аммо мен – сизнинг қизингизман, сизнинг пушти камарингиздан бўлганман!
И в а н. О, ҳа-ҳа, бахтга қарши…
П ё т р. Ажойиб зўр қизиқчининг умри бекор ўтяпти-я!
В е р а. Дада, гапиринг! Жавоб беринг менга!
Я к о в (унинг овозини эшитишмайди). Кетинглар… жойи эмас бу ер…
И в а н (Верани турткилаб). Сенинг сўроқ қилишга ҳаққинг йўқ мени!
В е р а. Ҳаққим йўқми?
И в а н (Пётрга томон юриб). Сен нима дединг?..
А л е к с а н д р (уни тўхтатиб).Тўхтанг, дада, мен ўзим унинг қулоғини яхшилаб чўзиб қўяман!
С о ф ь я (хотиржам). Тега кўрма!
П ё т р (Софьянинг елкаси ортидан бошини чиқариб Александрга).Уришмоқчимисан, полицай?
И в а н. Ана! Ана, Надя…
В е р а (умидсизланиб). Дада, сиздан илтимос қиламан…
П ё т р (қути учиб, қалтирайди).Дада, унинг сиздан талаб қилишга ҳаққи бор, — сиз кимсиз, — у мана шуни билмоқчи! Биз иккимиз ҳам сўраяпмиз, — қолаверса, менга зарурати йўқ, аммо Верага яшаши учун бир нарсани билиб олиши керак – унинг дадаси ҳалол, инсофли одамми ёки… йўқми?
И в а н (лол қолиб). Нима? Нима?..
Н а д е ж д а. Петька, жим бўлсанг-чи!
С о ф ь я (аста, ишонтирарли). Майли, гапиришсин!
П ё т р. Менинг фикримча, дада, виждонсиз, нопок одамлар, касал кишилар, умуман ёмон одамларнинг фарзанд кўришга, бола туғдиришга ҳаққи-ҳуқуқи йўқ…
А л е к с а н д р (истеҳзо билан). Вой, эшшаг-ей! Бу ишларда ҳақ-ҳуқуқнинг кераги бор эканми?
П ё т р (ҳаяжондан қизишиб). Дада, менинг фикрим бундай! Наҳотки, болалар ўз оталаридан хижолат чекиб, уялиб юришлари учун дунёга келсалар? Наҳотки, улар ота-оналари қилган барча ишларни оқлаш, ҳимоя қилиш учунгина керак бўлсалар? Сиз нима қиляпсиз – биз мана шуни билишни истаймиз, мана шуни тушуниб олмоқчимиз, чунки сизнинг хатоларингиз бизнинг бўйнимизга тушиб қоляпти!
И в а н. Нималар деяпти у? Гапиравер, ярамас…
П ё т р. Сиз мени дунёга келтирдингиз, тарбия қилдингиз – нега мен ярамас бўлар эканман? Томиримда сизнинг қонингиз уриб турибди, дада!
В е р а (ёлвориб). Петя, жим бўлгин!
Я к о в (аста). Люба! Уларга айтгин, оғирлашиб кетяпман..

Любовь уни эшитмайди.

П ё т р. Дада, сиз ҳалол одаммисиз?
В е р а (талаб қилиб). Ойи, сўранг ундан, жавоб беришини сўранг!
И в а н (саросимага тушиб). Менга қара, ҳей, ифлос ҳайвон…
П ё т р. Мана, Вера, эшит!..
И в а н (одатий ясама ҳаяжонда). Қулоқ сол, сен ҳам, бузуқи қизалоқ…
С о ф ь я. Оғзингни ёп, Иван, ўз-ўзингга қаттиқ жабр қилма! (Бирданига тиз чўкиб қолади). Кечиринглар мени!
Н а д е ж д а. Бу қанақа томоша? Ойи, уялинг-е!
И в а н. Э-э, бемаънилик!..
С о ф ь я. Қўлимдан фақат шу келади. Болаларим, сизларни туққаним учун мени кечиринглар! Мен мана шуни айта оламан!..
Л ю б о в ь (ойисига ташланиб). Туринг ўрнингиздан, ойи, бари бефойда!
С о ф ь я (эрига). Улардан кечирим сўра – бизнинг қўлимиздан келадиган яхшилик шу бўлади…
И в а н. Сен… сен тушуняпсанми нима қилаётибсан? (Хонадан югуриб чиқиб кетади ва бақиради). Ҳаммангиз мени жинни қилмоқчимисиз?
Н а д е ж д а (ойисига). Сиз ўзингизга бўлган ҳурматни поймол этяпсиз!
П ё т р (маъюс). Ойи, фожиавий томоша дегани мана шу-да!
В е р а (қизғин). У чин дилдан айтяпти!
П ё т р. Нима фарқи бор, барибир эмасми?
Я к о в (аста). Люба… Софья… (Ўрнидан турмоқчи бўлади, ағдарилиб тушади, хириллайди, оғзи худди қичқирмоқчи бўлгандай очилиб қолади).
С о ф ь я. Мен сизларнинг олдингизда айбдорман, ҳаммангизнинг олдингизда, ҳар бирингизнинг олдингизда! Энди ҳолингиз нима кечади?
П ё т р (амакисининг чеҳрасини кўриб титраб кетади, унинг ёнига бориб тикилади, сўнг тантанали суратда). Яков амаки ўлиб қолди…

Ҳамма бир лаҳза қотиб қолади, жимлик чўкади, сўнг ҳамма оҳиста марҳум ёнига келади.

Л ю б о в ь (аста). Бу уйдан шунақа қилиб кетмаса кетиб бўлмайди… Фақат битта йўл бор…
П ё т р. Бошқа йўл эса – қалбнинг ўлими…
С о ф ь я (ғамгин). Уни ўзимиз ўлдирдик…
В е р а (ҳаммага қараб). Нима учун мен қўрқмаяпман?..
Н а д е ж д а (кетади). Уйда бўлса эрим йўқ… вой, худойим-ей!
И в а н (ошхонада). А-ҳа! Энди бошқача гаплашаман! Ҳа, энди…
Л ю б о в ь. Уларга айтинглар, бақиришмасин…

Ҳеч ким кўринмайди.

И в а н (кираётиб Надеждага дуч келади). Эй, сизлар! Мен тайинландим… Нима?.. (Яков хонасига киради). Оламдан ўтибди…(Оёқ учида Софья билан болалар устидан чўзилиб укасининг жасадига қарайди). Ўлипти… Бу қанақаси бўлди? Доктор керак? Лешчни чақиринг, у келган…
Л е ш ч (киради). Нима учун одатда бундай ҳолларда бўладиган хурсандчилик сезилмайди?
Н а д е ж д а (аста). Тс-с-с… Амаким ўлиб қолди…
Л е ш ч. Йўғ-е! (Яқин келиб Яков қўлини ушлаб кўради). Ҳм-м… Албатта, шундай бўлишини ҳар лаҳзада кутиш керак эди… бироқ ўлим ҳар доим ҳам ҳеч ўз вақтида келган эмас… Ҳм-м…

Ҳамма ниманидир кутаётгандек жим қолади, Александр киради, вазиятнинг қандайлигини англаб етгач, мамнун бўлганлиги сезилади. Иван ташвишланиб теваракка қарайди, оғирлигини бир оёғидан бошқа оёғига ташлайди, енгилгина йўталиб, бир лаҳзага кўзларини беркитади ва майин, мулойим, қарийб самимий
гапира бошлайди, кейин яна ясама дабдабали оҳангга ўтиб кетади.

И в а н. Болалар, дўстларим! Бу ерда бизга азиз бўлган марҳум жасади ёнида, ажал сирларига юзма-юз туриб, сирки, марҳумни биздан мангуга ниҳон қилган, – мангуга… э-э… ҳаммани кўниктирувчи аҳамиятини назарда тутиб… яъни мен ўлим ҳақида гапиряпман, келинг низоларни унутайлик, жанжалларни қўяйлик, қучоқлашиб, азизлар, барини унутайлик! Биз – мана даҳшатли замоннинг қурбонларимиз, бу замоннинг руҳи ҳамма нарсани заҳарлаб ётибди, ҳамма нарсани вайрон қилиб ётибди… Биз ҳаммасини унутишимиз лозим ва бир нарсани эсдан чиқармаслигимиз керак, яъни оила – таянч эканлигини, ҳа…

П ё т р оҳиста ва шовқинсиз, парда билан амакисининг каравотини тўсиб қўяди ва ғамгин дадасига қарайди.
Ф е д о с ь я (келар экан, ғудранади). Тамом бўлди мўмин-қобил…
И в а н. Оила – мана бизнинг қалъаи қўрғонимиз, бутун душманлардан асрагувчи мудофаамиз…
С о ф ь я (аста). Қўйсанг-чи…

Иван бақиришга шай бўлиб қовоғини солади, аммо ҳаммага қараб чиқиб, бошини баланд кўтарганича ерни қаттиқ тапиллатиб чиқиб кетади. Унинг ортидан Л е ш ч, Н а д е ж д а, А л е к с а н д р ҳам чиқадилар. Қолганлар марҳумни ўраб оладилар. В е- р а букилиб олганча овозсиз йиғлайди. П ё т р ойисига қарайди-ю, ҳеч нарсани кўрмайди. Л ю б о в ь қимир этмай тикилиб туради. С о ф ь я, худди болаларидан бир
нарса сўрагандай, барчасига бир-бир қараб чиқади.

Ф е д о с ь я (парда орқасидан). Омонатингни ол, жойини жаннатдан қил…
П ё т р (бўғиқ). Агар мен худога ишонганимда эди – ҳозироқ монастирга кетган бўлардим…
С о ф ь я. Ё, худо! Парвардигор! Ҳаётнинг ўзи шунақа даҳшатли бўлса-ю, унинг охири – ўлим бўлса-я… Нима учун?
Л ю б о в ь (алаҳлагандай). Ҳаёт ва ўлим – икки содиқ дугона, икки опа-сингил, ойи.
С о ф ь я. Мен билмайман… ҳеч нарса билмайман…
П ё т р. Менинг айбим нимада? Веранинг айби-чи? Ҳаммамизнинг айбимиз-чи?
Л ю б о в ь. Ўлим бош эгиб ҳаёт учун хизмат қилади… Заиф, ожиз, кераксиз нарсалар – ўлимга маҳкумдирлар…
Ф е д о с ь я (минғирлайди.)

П а р д а

1908

Русчадан Муҳаммад Али таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 8-сон

___________
* Mon cher oncle — Азиз амакижон (франц).
* Bien… — Яхши… (франц).
* Pardon — Кечирасиз (франц.)
* Facons de parler — Такаллуф (франц).
* Parole d’honneur — Чиндан ҳам (франц).
* Bonjour, рара! — Салом, дада! (франц.)
* Pere et fils! — Ота ва ўғил! (франц.)
* Helas… — Афсус… (франц.)