Лев Толстой. Сергий ота (қисса)

1

Петербургда қирқинчи йилларда кишини лол қолдирадиган бир воқеа рўй берганди: келишган барно йигит – князь, ҳамма император Николай I ҳузурида флигель-адъютантликка ва юқори мансабга эришишини башорат қилган, зирҳпўш аскарлар – яъни кирасирлар полкининг командири, ҳуснда тенгсиз паричеҳра қиз билан никоҳ тўйига бир ой қолганда истеъфога чиқди, қайлиғи билан муносабатларини узди, чоғроқ мулкини синглисига қолдирди ва роҳиб бўлиш ниятида монастирга йўл олди. Воқеа унинг ички сабабларини билмаганлар учун кутилмаган ва мавҳум бўлиб қолди; бовужуд князь Степан Касатскийнинг ўзи учун бу бошқача йўл тутиб бўлмайдиган охирги қарор сифатида табиий равишда амалга оширилди.

Степан Касатскийнинг отаси, истеъфодаги гвардия полковниги оламдан ўтганда ўғли ўн икки яшар ўсмир эди. Онаси ўғлини бағридан қўйиб юбориш қанчалик қийин бўлмасин, ўзи вафот этган тақдирда фарзандини уйда ушлаб турмай, ҳарбий корпусга топшириш ҳақидаги марҳум эрининг васиятига қарши бора олмади ва уни корпусга топширди. Бева она қизи Варвара билан ўғли қаерда бўлса, ўша ерда яшаш ва ойим кунлари уни ўзи билан олиб кетиш учун Петербургга кўчиб келди.

Боланинг афт-андомидан зўр қобилиятлилиги ва анча мағрурлиги шундоқ кўриниб турарди. Оқибатда, фанлардан ўзлаштириш, хусусан, ўзи айрича қизиқадиган математика, ҳарб машғулотлари ҳамда отда чопиш бўйича биринчи деб тан олинди. Қомати дур-дароз бўлишига қарамай, келишган ва чаққон эди. Бундан ташқари агар жиззакилиги бўлмаганда, намунали кадет даражасига эришиши ҳам мумкин эди. У ичмас, қинғир йўлларга юрмасди ва ҳаддан ташқари ҳақиқатгўй эди. Бироқ унинг тўкис бўлишига бир нарса халақит берарди: ботинидаги ғазаб алангаси юзага чиққанда ўзини бошқара олмай қолар, буткул ёвузлашиб кетарди. Бир марта унинг маъданлардан тайёрлаган тўплами устидан кула бошлаган кадетни деразадан ирғитиб юборишига оз қолган. Бошқа сафар бир кишини сал бўлмаса ўлдириб қўяёзган: котлет тўла лаганни иқтисодчига қараб ирғитган; сўзидан тонган, ҳамманинг юз-кўзича ёлғон гапирган зобитга ташланган ва, айтишларича, унга мушт туширган. Агар корпус директори ҳаммасини бости-бости қилмаганда, иқтисодчини ҳайдаб чиқармаганда, унинг даражаси пасайтирилиб, оддий аскарлар сафига қўшиб қўйилган бўларди.

У ўн саккиз ёшида киборлар гвардия полкига зобит қилиб  юборилди. Император Николай Павлович уни корпусдалик пайтидан билар, унга алоҳида эътибор берганди, шунинг учун кейинроқ унинг полкда флигель-адъютантлик даражасига кўтарилишини башорат қилишганди. Касатс­кий иззатталаблик учунгина эмас, асосийси, корпусдалик пайтиданоқ Николай Павловични қалбдан, айнан қалбдан яхши кўрганлиги учун ҳам шундай бўлишини жон-дилдан хоҳларди. Николай Павловичнинг корпусга ҳар бир ташрифи давомида – у тез-тез  қадам ранжида қилиб турарди – баланд бўйли, ўмровдор, чиройли мўйловлию  қирғий  бурунли, текис кузалган чакка соқоли ўзига ярашган ҳарбий либосдаги бу зот, яъни Степан Касатский, шахдам қадамларда  чиқиб келиб, кадетлар билан йўғон овозда саломлашар экан, худди кейинчалик муҳаббат илоҳасига дуч келганда бўлганидек,  Касатс­кий севимли кишисига ошиқлик шавқини ҳис этди. Аммо Николай Павловичга  нисбатан муҳаббат ҳаяжони ундан-да кучлироқ эди. Ўзининг чексиз садоқатини намойиш этишни, ўзидаги ниманидир унга қурбон қилишни хоҳларди. Николай Павлович ҳам ундаги бу оташин садоқатни билар, уни атайлаб алангалатар эди. У баъзан болаларча соддалик, баъзан дўстона, баъзан кибру ҳаво билан муо­малада бўлиб, кадетлар билан чақчақлашар, уларни атрофига тўпларди. Касатскийнинг зобитлар билан охирги ғалвасидан кейин Николай Павлович Касатскийга ҳеч нарса демаган, у яқин борганида эса ўзини намойишкорона олиб қочган, хўмрайиб, бармоғи билан дўқ қилган ва  кета туриб:

– Билиб қўйгин, ҳаммаси менга маълум, бироқ баъзи нарсаларни билишни хоҳламайман. Аммо улар мана бу ерда, – деган.

У шу гапни айта туриб,  юрагини кўрсатган.

Ўқишни тугатган кадетлар унинг ҳузурида бўлганларида у булар ҳақида эслатишни эп кўрмаган, фақат одатланиб қолганларидек менинг ўзимга   мурожаат этаверинглар, менга ва ватанга виждонан хизмат қилсаларинг бўлди, мен сизларнинг эски дўстингиз бўлиб қолавераман, деб айтган. Ҳамма ҳар доимдагидек тўлқинланиб кетган, Касатский эса бўлиб ўтган гап-сўзларни эслаб, кўзига ёш олган ва севимли шоҳга сидқидилдан хизмат қиламан, деб ўз-ўзига сўз берган.

Касатский полкка кўтарилгач, онаси ва синглиси аввал Москвага, ундан кейин қишлоққа кўчиб ўтди. Касатский ярим мулкини синглисига берди. Қолган ярми эса ҳозир хизмат қилаётган дабдабали полкда кун кўриши учун унга етарли эди.

Зоҳиран Касатский олға интилувчи чинакам гвардиячига ўхшаб кўринса-да, бироқ унинг ботинида мураккаб ва шиддатли туйғулар ниш урарди. Бу туйғулар унга болаликдан ҳамроҳ эди, улар хилма-хил бўлса-да, бироқ моҳияти бир хил эди, яъни умр йўлидаги барча ишларни шу қадар пишиқ-пухта адо этиб, гўзал ютуқларга эришсинки, одамлар ҳайратдан ёқа ушлаб қолсин. У бир соҳа ёки фанни танларди-да, шунинг устида тер тўка бошларди, то уни мақтаб, бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатишмагунча бир зум тиним билмасди. Бир муваффақиятга эришгач, у бошқасининг пайидан тушарди. Шундай қилиб, фанларни ўзлаштиришда корпусда биринчи ўринга кўтарилди, бирданига французчада сўзлаши яхши эмаслигини сезиб қолгач, бу тилни она тили даражасида эгалламагунича тинчимади ва бунга ҳам эришди; шундай қилиб, кейин шатранж билан шуғуллана бошлади ва корпусдалик  вақтидаёқ аъло даражада ўйнайдиган бўлди.

Ҳаётидаги шоҳга ва ватанга хизмат қилиш бурчидан ташқари унинг олдида яна бошқа бир мақсадлар  кўндаланг турарди, бу мақсадлар қай даражада кичик бўлмасин, то уларни рўёбга чиқармагунча  ўшалар билан яшарди. Бирига эришгач, тезда унинг хаёлида бошқаси пайдо бўлар ва  олдингисининг ўрнини эгаллар эди. Бу олдига қўйилган мақсадга эришишдаги саъй-ҳаракатлар унинг ҳаётини тўлдирар эди. Бинобарин, зобитлик даражасига етгач, хизмат малакасини оширишга жон-жаҳди билан киришди ва тез орада, гарчи ўзини тута олмайдиган жиззакилиги хизматда панд бериб, ютуқларига соя ташлаб турса-да, намунали зобит деган номга сазовор бўлди. Кейин давра суҳбатларида дунёвий билимларининг чалалигини сезиб қолгач, китоблар оламига шўнғиди ва бунда ҳам кўзлаган мақсадига эришди. Сўнг  у киборлар даврасида порлаш фикрига тушиб қолди, бирданига маҳорат билан рақс тушишни ўрганди ҳамда тезда шунга эришдики, уни олий даражали киборларнинг баллари ва айрим тантаналарига таклиф қиладиган бўлишди. Касатский бу билан ҳам қаноатланиб қололмасди. У биринчи ўринда туришни хоҳларди, бундай насибага эришиш унга қийин эмасди.

Ўша пайтларда олий табақа, менинг ўйлашимча, ҳар доим ва ҳамма ерда одамларнинг тўрт тоифасидан иборат эди: 1) бойлар ва сарой аъёнлари; 2) унча бой эмас, бироқ саройда туғилган ва ўсган одамлар; 3) сарой аъёнларига тақлид қилувчи бой одамлар; 4) унча бой эмас ва сарой аъёнларидан бўлмаган, бироқ биринчи ва иккинчи тоифаларга тақлид қилувчи одамлар. Касатский биринчи тоифага мансуб эмасди. Касатскийни кейинги икки тоифага жон-жон деб қўшишарди. У оқсуяклар даврасидан жой олар экан, ўз олдига ҳатто кибор аёллар билан алоқа ўрнатиш мақсадини қўйди ва кутилмаганда бунга тезда эришди ҳам. Бироқ ҳаял ўтмай кўриб улгурдики, у айланаётган давралар даражаси қуйи давралар экан, юқори давралар эса, яъни бойлар ва сарой аъёнлари давраси, гарчи уни таклиф қилиб туришса-да, у уларга бегона экан; улар йўлига назокат-ла муомала қилсалар-да, лекин барча муносабатлар шуни кўрсатардики, уларнинг ўз давралари бор, у эса уларники эмас. Касатский ўзининг уларники бўлишини хоҳларди. Бунинг учун эса ё флигель-адъютант бўлиш керак – у ҳозирча шу даражани кутяпти ёки шу даврадан уйланиш лозим. Йигит бир тўхтамга келди: уйланади, вассалом. У гўзал, яна сарой аъёнларидан шундай бир қизни танладики, нафақат у интилган давранинг кишиси, балки ундан юқорида турувчи барча табақа вакиллари ҳам шу қизга интиларди. Бу графиня Короткова эди. Касатский фақат амал илинжида унга хушомад қилмаётган эди, Короткова ҳаддан ташқари жозибадор эди ва у қизни тезда севиб қолди. Бошда қиз унга совуқ муомалада бўлди, кейин бирдан бари ўзгарди, илтифот кўрсата бошлади. Ойиси эса йигитни хонадонларига сидқидилдан таклиф қилар эди.

Касатский қизнинг қўлини сўради ва бу ижобат бўлди. У бундай бахтнинг осон қўлга кирганидан, онанинг ва қизининг ўзгача ва қизғин муносабатидан ҳайрон эса-да, бутун вужуди билан ҳеч нарсани кўрмайдиган ва эшитмайдиган даражада ошиқ бўлиб қолдики, натижада, севгилиси бир йил олдин Николай Павловичнинг маъшуқаси бўлганини ва буни бутун шаҳар билишини ҳам сезмади.

 

2

Белгиланган тўй кунидан икки ҳафта олдин Касатский қаллиғининг Царс­кое Селодаги боғчасига ташриф буюрди. Майнинг илиқ куни эди. Куёв ва қаллиқ боғни айланишди, соядор жўкалар хиёбонидаги кичкина курсида қўним топишди. Мэри оқ ҳарир куйлакда ўзгача латофатли кўринарди. У ўзини  иффат ва севги оғушида сармастдек тутарди. Бошини қуйи солиб ўтирар, баъзан қаршисидаги ўзига эҳтиёткорлик ва назокат билан муомалада бўлаётган, бирор ҳаракати ё сўзи билан келиннинг фаришталардек  софлиги ногаҳон дахл қилишдан ҳадиксираёган хушсурат паҳлавонга кўз қирини ташлаб қўярди. Касатский ҳозир учрамайдиган, қирқинчи йиллар кишиларига мансуб эди, улар қизларнинг жинсий ишратдан нопок бўлишлари мумкинлигини хаёлларига ҳам келтирмас эдилар, улар аёлдан илоҳий, самовий пок­ликни талаб этганлар, бу самовий пок­ликни ҳар бир қизнинг ўз давраси ҳам тан олган ва унга ҳам шунга яраша муносабат кўрсатишган бўларди. Бундай муносабатда эркаклар ўзларини қўйиб юборган ахлоқсизлик  ҳолатларида кўплаб ишончсизлик ва хатар  юзага келарди, бироқ  ҳар бир қизда ўзига шунчаки эрмак изловчини кўрган ҳозирги йигитларнинг қарашидан фарқли ўлароқ, бундай қараш, ўйлашимча, аёлларга нисбатан ижобий эди. Қизлар ҳам ўзларидан илоҳа яратувчи бундай муносабатларга жавобан иложи борича илоҳалардек бўлишга интилардилар. Касатский аёлларга шунақа назар билан ёндашар ва ўзининг қаллиғига ҳам шундай нигоҳ билан қараётганди. Бу дамда у бениҳоя ошиқ эди ва маъшуқасига тирноқча ҳам ғайирликни ҳис қилмай, етиб бўлмас  юлдузга қўл чўзгандек бутун вужуди билан унга талпинарди.

У барваста қоматини намойиш этиб ўрнидан қўзғалди ва иккала қўли билан қиличига таянганча  қизнинг қаршисида ғоз турди.

– Мен айни дамда инсонга насиб этиши мумкин бўлган бахтни ҳис қиляпман. Буни сиз, ҳа, сиз… – деди у журъатсизгина жилмайиб, – ҳадя этдингиз.

У бу пайтда “сен”лаб гапиришга одатланмаган эди, бироқ  қизга ахлоқан пастдан туриб  қараганда, “сен”сираб мурожаат қилиш мазкур фариштага нисбатан қўрқинчли туюларди.

– Мен ўзимни… – кутилмаганда йигит дадиллашди, – сен туфайли англадим, англадимки, мен ўзимни билганимдан афзалроқ эканман.

– Мен буни аллақачон биламан. Айнан шулар учун сизни севдим.

Шу атрофда булбул чаҳ-чаҳлаб сайрай бошлади, туйқус эсган шабада ҳарир япроқни титратиб ўтди.

У қизнинг қўлини олди ва уни ўпди, кўзларига  ёш  қалқди. Қиз тушундики,  севишини тан олиб айтган сўзи учун йигит миннатдорчилик билдирмоқда. Йигит нарироқ кетди, жим бўлди, кейин қайтиб келди ва ўтирди.

– Биласизми, биласанми, ҳа, ҳаммаси барибир. Мен сенга беғараз яқинлашдим, мен юқори давралар билан муносабат ўрнатмоқчийдим, кейинчалик… Сени билгач, бу ҳол сен билан тенглаштирганда ҳеч нарса бўлиб қолди. Бунинг учун мендан хафа бўлмайсанми?

Қиз жавоб бермади, фақат  унинг қўлини ушлади.

Йигит тушундики, бу билан “Йўқ, хафа бўлмайман” демоқчи.

– Ҳа, мана, сен айтдинг… – йигит сўзини йўқотиб қўйди, бу ўзига анча ноқулай  туюлди, – сен мени севишингни айтдинг, лекин мени маъзур тут, мен ишонаман, бироқ бундан ташқари нимадир сени безовта қиляпти ва халақит беряпти. У  нима?

“Ҳа, ҳозир ёки ҳеч қачон, – ўйлади қиз. – Барибир у билади. Энди эса у кета олмайди. Эҳ, агар у кетиб қолса, бу даҳшат бўлади!”.

Қиз севгига тўла нигоҳлари билан ошиқнинг кўркам, бақувват қоматига назар ташлади. Айни дамда уни Николайдан қаттиқроқ севиб кетди, агар императорлиги бўлмаганда уни бунга алмаштирмасди.

– Биласизми, мен ёлғон гапира олмайман. Мен ҳаммасини айтишим лозим. Сиз, у нима деб сўраяпсиз. Бу шуки, мен бировни севар эдим.

У ялинчоқ ҳаракат билан йигитнинг  қўлига қўлини қўйди.

Йигит жим  эди.

– Кимни севганимни билишни истайсизми? Ҳа, уни, шоҳни.

– Ҳаммамиз уни севамиз, мен тасаввур қиламанки, сизлар институтда….

– Йўқ, кейин. Бу шунчаки ҳавас эди, сўнгра ўтиб кетди. Мен шуни айтиб қўйишим керак эди.

– Хўш, нима қилибди шундай бўлса?

– Йўқ, бу шунчаки эмас.

Қиз қўллари билан юзини ёпди.

– Нима, сиз унга таслим бўлганмисиз?

Қиздан сас-садо чиқмади.

– Маъшуқасимисиз?

Қиз ҳамон жим.

Йигит ирғиб ўрнидан турди, мурдадек оқариб кетган, ёноқлари пир-пир учар, қизнинг қаршисида тош қотган эди. Николай Павлович уни Невскийда учратиб қолганида, эркалатиб табриклагани ёдига тушди.

– Эй Худойим, нима қилиб қўйдим, Стива!

– Тегманг, тегманг менга. Оҳ, қандай азоб!

Йигит  қайрилди-да, уйига томон кетди. Уйда онасига дуч келди.

– Нима бўлди, князь? Мен… – она ўғлининг башарасини кўриб, мум тишлаб  қолди.

– Сиз билгансиз буни ва мендан яширмоқчи бўлгансиз. Агар аёл бўлмаганингизда, – босиқ қичқириб деди у онасининг боши узра тўқмоқдек муштини кўтариб, сўнг  шарт бурилди-да, югуриб  чиқиб кетди.

Агар унинг қаллиғини бошқа мардум бир киши йўлдан урганида, уни  ўлдирган бўларди, бу эса кимсан – олампаноҳ.

Эртаси  кун касаллигини баҳона қилиб, таътилга чиқди, бутунлай истеъфо берди ва ҳеч кимни кўрмаслик учун қишлоққа кетди

Ёзни ўз ишлари билан машғул бўлиб қишлоқда ўтказди. Ёз тугагач, Петербургга қайтмади, балки монастирга борди ва роҳибликни қабул қилди.

Онаси унинг бу қатъий қароридан қайтаришга уриниб, хатлар ёзди. У жавоб бердики, Худонинг иродаси ҳамма нарсадан юқоридир, у шуни ҳис қиляпти. Фақат акаси сингари мағрур ва иззатталаб синглисигина уни тўғри тушунди.

Сингилнинг тушунгани  шуки, ўзларининг юқорилигини кўрсатиб қўймоқчи бўлганларга акаси ўзининг улардан қанчалик баланд эканини кўрсатиш учун роҳибликни танлаган. Ҳақиқатан ҳам шундай бўлган эди. Роҳибликни қабул қилиб, вақтида бошқалар  учун жуда муҳим бўлган нарсалардан нафратланишини исботлади, эндиликда  шундай юқори даражага кўтарилдики, у ердан туриб, бир пайтлар ҳавас қилган одамларига бемалол қараши мумкин бўлди. Синглиси Варенка ўйлаганидек, акаси фақат битта туйғунинг асири бўлиб қолмаганди. Унда яна бошқа бир асрор, ҳақиқий диний туйғу бор эдики, буни Варенка била олмасди, бу диний туйғу фахр ҳисси ва биринчилик хоҳиши билан чатишиб кетиб, унинг онгу шуурига ҳукмронлик қиларди. Унинг фаришта деб тасаввур қилгани – Мэри (келин) га нисбатан ғазаб ва таҳқир туйғуси шунчалик кучли эдики, уни умидсизлик гирдобига ғарқ этди, умидсизлик қаерга олиб борарди? – Худонинг ҳузурига, бузилмаган вужудида ҳамон бокиралигини йўқотмай сақлаб келаётган маъсум болалилигига олиб келди.

 

3

Касатский биринчи қор муносабати билан ибодат куни монастирга қадам қўйди.

Монастир бошлиғи (игумен) дворян, олим, ёзувчи, сайлаб қўйилган раҳбар ва устозга сўзсиз бўйсунадиган, Валахиядан чиққан роҳиблар авлодидан бўлган қария эди. Игумен таниқли қария Амвросийнинг шогирди эди, Амвросий Макарийнинг шогирди эди, Макарий қария Леониднинг, Леонид Паисий Величковскийнинг. Касатский ана шу игуменга ўз  қария устозига бўйсунгандек бўйсунар эди.

Касатский монастир юмушларини бажаришдагина эмас, тафаккурда ҳам ўзининг бошқалардан юксаклигини сезди. Ҳам ботиний, ҳам зоҳирий баркамолликка эришганлик севинчи монастирда ҳам унга ёр бўлди. Полкда нафақат бекаму-кўст зобит бўлганди, балки талаб этилганидан кўпроқ нарсага эришиб, мукаммаллик кўламини кенгайтирганди, монахликда ҳам шунга интилди: ҳаммавақт меҳнатчан, тамизли, муросасоз, ювош, фақат ишда эмас, тафаккурда ҳам тоза ва бўйсунувчан. Айниқса, сўнгги фазилати, аниқроғи, мукаммаллик унинг ҳаётини енгиллаштирди. Монастирнинг пойтахт ёки гавжум шаҳар ҳаётига ўхшаб кетадиган талаблари инжиқлиги билан васвасага солиб, унга ёқмай қолган вақтларда буларнинг ҳаммасини мўмин-қобиллик билан енгди: муҳокама қилиш менинг вазифамга кирмайди, балки итоат этишни ўринлатишдир, жаноза пайтида тобут ёнида туриш бўладими, ибодатга келганлар қаторида қироат қилиш ёки мусофирхонада ҳисоб-китоб олиб бориш бўладими, фарқи йўқ. Устозининг у ёки бу нарсадан озми-кўпми шубҳаланишини шу мўминлиги билан бартараф этиб борди. Мутелик бўлмаганида черков хизматининг узлуксизлиги ва бир хиллиги, мухлисларнинг ҳовлиқмалиги, биродарларнинг аҳмоқона қилиқлари остида эзилиб кетган бўларди; энди эса буларнинг ҳаммаси қувончли туюлмоқда, ҳатто ҳаётига мамнунлик ва куч-қувват  бахш этмоқда эди. “Ҳар куни бир оятни қайта-қайта эшитиш нима учун кераклигини билмайман-у, бироқ шу нарса кераклигини биламан. Кераклигини билгач эса ундан  қониқиш ҳис этаман”. Қария унга моддий ҳаётни тутиб туриш учун моддий озуқа қанчалик лозим бўлса, руҳий ҳаётни ушлаб туриш учун руҳий озуқа – черков ибодати шунчалик лозимлигини уқтирганди. У бунга ишонди, ҳақиқатан, черков амалиёти, баъзан эрталаб туришга қийналса ҳам, унга фароғат ва қувонч бахш этарди. Қария тавсия этган амаллар сабр-ҳаловати ва қатъийлиги билан шодлик бағишларди. Ҳаётга қизиқиш ўз иродасини яна ва яна намойиш этиш, доимий сабр-бардошдагина эмас, балки дастлабки вақтларда жуда жўн, осонгина эгаллаш мумкиндек туюлган жами насронийча эзгуликлар, қадриятларда ҳам намоён бўлар экан. У бутун борлиғини монастирга топширди ва бундан ранжимади, унда заррача ялқовлик йўқ эди. Ибтидоий нарсаларга тоқат қилиш қийин бўлмади, аксинча, қувонч ҳадя этди. Ҳатто шаҳватдек туғённи енгиш хасислик ёки бузуқчиликдан қутулиш каби осон кечди. Қария уни бу балодан алоҳида огоҳлантирганди, бироқ Касатский ундан тез халос бўлганига шодланди.

Уни фақат қайлиғи ҳақидаги хотиралар қийнар эди. Фақат хотиралар эмас, рўй бериб қолиши мумкин бўлган жонли тасаввур – бехос дуч келиб қолиш уни хавотирга соларди. Беихтиёр уни шоҳнинг ҳамма танийдиган жазманларидан бири, кейинчалик бошқа эрга теккан ва қойилмақом хотин бўлиб, оиланинг онахонига айланган аёл тарзида тасаввур қилди. Эр яхши мансабда, ҳокимият, ҳурматга мушарраф, яна қуллуқ қилиб турадиган хотин бор.

Хуш дақиқаларда Касатскийни бу фикрлар хижолатга  солмасди. Шодон дамларда буларни эсласа, ўша васвасалардан қутулгани учун шукур қиларди. Гоҳо шундай ҳам бўлардики, яшаган кунлари қаршисида кўндаланг келса, шу дамларни бошдан кечирганига ишонгиси келмас, бироқ ишонгиси келмаган нарсаларни кўриб турарди, хотиралар ва — сўз юритиш ҳам даҳшат — пушаймонлик унинг бутун борлиғини  қамраб оларди.

Бундай ҳолатдан қутулишнинг йўли итоат этмоқ бўларди — иш ва кун бўйи ибодат билан машғуллик. У, одатдагидек, ибодат амалларини бажарар, тавба-тазарру қилар, ҳатто керагидан ортиқча чўқинарди, бироқ бу амалларда фақат вужуди иштирок этар, қалб эса четда эди. Шуни сезиб қолса, қаттиқ қийналарди. Бу бир кун, баъзан икки кун давом этар ва сўнг ўзи ўтиб кетарди. Лекин ўша бир ё икки кун даҳшат бўлади. Касатский сездики, у на ўзининг, на Худонинг амрида, балки бошқа бир кучнинг ихтиёрида. Шу кунларда нима айтилган бўлса, ҳаммасини бажарди, баъзида қария тошдек қотишни, ҳеч тадбир қўлламай, фақат кутиш лозимлигини маслаҳат бериб турди. Умуман, шу вақт мобайнида ўзининг хоҳиши билан яшамади, балки қариянинг иродасига бўйсунди, билъакс, шу мутеликда алоҳида хотиржамлик бор эди.

Шу тариқа Касатский биринчи қадам қўйган монастирида  етти йил яшади. Учинчи йилнинг охирида поп мартабасидаги роҳиб ҳузурида Сергий номи билан соч кузаш бўлди. Соч кузаш Сергий учун муҳим ботиний воқеага айланди. У олдин таранганда ёқимли ҳаловат ва руҳий кўтаринкиликни ҳис этарди; энди ибодат қилувчиларга бош бўлиб, амалларни бажарар экан, бу унга улуғворлик, раҳмдиллик ва дилбарлик ҳиссини бахш этди. Аммо биринчи марта кечирган бундай кўтаринки кайфияту амаллар такрорланавергач, яна ва яна ўтмаслашиб борди ва сездики, бу ҳам ўткинчи экан. Ҳақиқатан, ҳиссиётлар заифлашиб борди, бироқ кўникма сақланиб қолди.

Умуман, Сергийнинг монастирдаги еттинчи йилги ҳаёти зерикарли кечди. Нимани ўрганиш лозим бўлса, нимага эришиш шарт бўлса,  ҳаммасига улгурди, қиладиган бошқа иши қолмаганга ўхшарди.

Лекин барибир вазиятга тобеланиш, боғланиш ҳолати кучайди. Шу йилларда онасининг вафоти ва Мэрининг турмушга чиққанлиги ҳақидаги хабарларни эшитди. Иккала янгиликни ҳам лоқайд қабул қилди. Унинг ҳамма эътибори, жаъми қизиқишлари ўзининг ички оламига бўйсундирилганди.

Роҳиблигининг тўртинчи йилида архиерей алоҳида илтифот кўрсатди, қария айтдики, агар уни юқори вазифага тайинламоқчи бўлсалар, рад этмагайсан. Шунда роҳибларга хос шуҳратпарастлик бош кўтарди – бу нарса уларда даҳшатли тарзда мавжуд эди. Уни пойтахтга яқин жойдаги монастирга тайинладилар. У рад этмоқчи бўлди, аммо қария таклифни қабул қилишни сўради. У таклифни қабул қилди, қария билан хайрлашди ва янги монастирга ўтди.

Пойтахтдаги монастирга ўтиши Сергийнинг ҳаётида муҳим воқеа бўлди. Бу жойда турли ташвишлар кўп эди,  Сергий бор кучини шу фаолиятга йўналтирди.

Олдинги монастирда аёлларнинг йўлдан оздирадиган қилиқлари Сергийни кам қийнаганди, бу жойда эса бундай инжиқликлар даҳшатли кучга айланди ва шунгача етиб бордики, у билан ҳазиллашиб бўлмасди. Ўзининг номақбул қилиқлари билан танилган бир бой хотин бўларди, ўша Сергийга хушомад қила бошлади. Аёл у билан гаплашди ва хонадонига ташриф буюришини сўради. Сергий буни қатъий рад этди-ю, бироқ хоҳишларининг рўёга чиқаётганидан, бош кўтараётганидан ваҳимага тушди. У шунчалик қўрқдики, уятни ҳам енгиб, ўз заифлигини тан олди, бу ҳақда қарияга хат ёзиб, жойини қисқартиришини, ўзининг ёш муридини инсофга чақиришини ҳамда тоат-ибодат  ва сомеъликдан бошқа юмуш билан шуғулланмаслигини кузатиб боришини сўради.

Бундан ташқари, энг катта ташвиш шундан иборат бўлдики, ушбу монастирнинг игумени димоғдорлик касб этган оқсуяк, олғир руҳоний бўлиб, Сергийга бутунлай хайрихоҳ эмасди. Сергий ўзи билан қанча курашмасин, бу совуқ муносабатни енга олмади. У муроса қилди, бироқ қалбининг тўрида норозилик бор эди. Охир ўша аҳмоқона  туйғу жунбишга келди.

Бу янги монастирга келганининг иккинчи йилида рўй берди. Воқеа шундай содир бўлди. Биринчи қор ибодати катта черковда бўлиб ўтди. Четдан келганлар ҳам кўп эди. Маросимни игуменнинг ўзи бошқарди. Сергий ота одатдаги жойида турар ва сажда қилар, ўзи хизматда бўлмаган ва хусусан катта черковдаги ибодатлар пайтидаги курашчан ҳолатда эди. Кураш  шундан иборат эдики, ташриф буюрганлар, мансабдорлар, айниқса, хонимлар унинг жаҳлини чиқаришарди. У ҳеч кимга назар солишни, уларнинг ярамас қилиқларини: аскар одамларни туртиб, қандай тартиб ўрнатаяпти, аёллар роҳибларни, инчунун, яхши таниш бўлиб қолган хушрўй роҳибни бир-бирларига қандай кўрсатишаяпти, билишни хоҳламасди. У ўзини бўғаётган  хаёлларидан қочиб, шамларнинг шуъласидан, иконалар ва хизматчилардан бошқа нарсаларни кўрмасликка; куйлаётганлар овозини-ю, ибодат сўзларидан бошқа нарсани эшитмасликка; аллақачон қалбининг эҳтиёжига айланган ибодат оятларини қайта-қайта эшитавериб ва ботинида такрорлайвериб пайдо бўлган ўз-ўзини унутиш туйғусидан бошқа ҳисни кечирмасликка интиларди.

У шу ҳолда турди, рукуга борди, қаер лозим бўлса, ўша жойга чўқинди, фикр ва ҳиссиётларни тошдек қотирадиган тарзда мулоҳаза юритиб, ботинида курашди. Шу чоқ либосбардор Никодим ота, – у ҳам Сергийга тақдирнинг катта синови бўлди,  Никодим беихтиёр игуменга содиқ ва тарафдорлигини сездириб қўйганди, – яқинлашди-да, икки карра чуқур таъзим этиб, уни меҳробда игумен чақираётганини маълум қилди. Сергий ота ридосининг этагидан тортиб тўғрилади, кепчигини кийди ва издиҳом орасидан одимлаб кетди.

– Lisa, regardez a droit, c’est lui[1] – аёлнинг французча гапиргани эшитилди.

– Ou, ou? Il n’est tellement beau[2] – жавоб бўлди.

Билдики, бу сўзлар ўзи ҳақида айтилаяпти. У эшитди ва бир дақиқа шуурида залолат ғулу қилди, сўнг дарҳол истиғфор келтирди: “Бизни залолатдан Ўзинг халос эт, Тангрим!”, – бошини эгиб ва нигоҳини ердан олмай, минбар ёнидан юриб ўтди, бу пайтда иконостас[3]га яқинлашиб қолган гўянда маддоҳларни айланиб ўтиб, шимолий эшикка кирди. Меҳробга қадам қўйгач, тартиб бўйича, икона қаршисида икки бор букилиб руку қилди, кейин бошини кўтарди ва игумен тарафга назар солди, турганлар қаторида ялтираб порлаган қоматга тикилмай, кўз қирини ташлади, холос.

Игумен ибодат кийимида деворга қапишиб, калта, думбоқ қўлларини семиз гавдасига осилган тўнидан чиқариб ва қорни устига чалкаштирганча, тўнининг уқасини силаб, оғзи қулоғида, вензиль[4] ва акселбантлари[5] осилиб турган генерал либосидаги кибор ҳарбий билан гаплашиб турарди, уни Сергий одатдаги ҳарбийча назар билан тез кўздан ўтказди. Генерал улар полкининг собиқ қўмондони эди. Шубҳасиз, у айни пайтда яхшигина мавқега эга эди, чамаси, Сергий ота буни тезда пайқади, тақир бошли игумен ҳам буни биларди чоғи, мамнун қип-қизил бўғриққан юзи ялтирарди. Бу Сергий отанинг иззат-нафсига тегиб, бу кераксиз кайфият бўлса-да, жаҳлини чиқарди, генерал уни эслаб қолганида, унинг кўнгли таскини учун ўзининг собиқ ходимини айнан унга кўрсатиш мақсадида  чақирганини игумендан эшитиб, баттар фиғони ошди  ва буни яшириб ўтирмади.

– Сизни фаришта тимсолида кўрганимдан жуда мамнунман, – деди генерал қўлини узатар экан, – умид қиламанки, сиз қадрдон хизматдошингизни эсдан чиқармагансиз.

Игуменнинг генералнинг лутфини тасдиқлаётгандек туюлувчи оқ толалар қуршовидаги қизил ва кулиб турган рухсори, генералнинг димоғдор табассум балқиб турган чеҳраси, оғзидан анқиб турган вино ва чакка соқолидан уфураётган сигара ҳиди – буларнинг ҳаммаси Сергий отанинг зардасини қайнатиб юборди. У игуменга яна бир таъзим қилиб, деди:

– Сизнинг хоҳишингиз мени чорлашга изн бердими? – У бутун юз-андоми ва туриш-турмуши билан бир сўроқни такрорлаб қотиб турарди: нега?

Игумен деди:

– Шунчаки, генерал билан юз кўришиш.

– Эътиборингиз учун, мен ўзимни ташвишлардан озод этиш илинжида дун­ё­­дан юз ўгирганман, – деди у лаблари титраб, ранги оқарганча. – Нега мени улар билан рўбарў қиласиз?  Худонинг даргоҳида, ибодат маҳалида тағин.

– Кет, кет, – деди игумен ғижиниб ва қовоқ солиб.

Эртасига Сергий ота ўзининг дағаллиги учун игумен ва биродарлардан узр сўради, шунинг баробарида, бир тунни ибодат билан ўтказгач, қарор қилдики, бу монастирни тарк этиши ва бу ҳақда қарияга хат ёзиб, яна ўзининг монастирига қайтаришини илтимос қилиши керак. Бир ўзи ташвишларга қарши курашишда қариянинг ёрдамисиз ожизлик қилаётганини, бу юмуш қўлидан келмаётганини очиқ ёзди. Мағрурлигидан орттирган ташвишидан пушаймонлигини билдирди. Кейинги почта билан жавоб келди ва унда қария  ҳаммасига  сабаб кибр эканини айтганди. Қария ундаги ғазабнинг ўт олиши руҳоний қадриятларга Худони таниш учун эмас, балки ўзининг “Афсуски, мен шундайман – ҳеч нарсага зарурат сезмайман” қабилидаги мағрурлиги учун бўйсунганини ва бундай ибодатнинг ҳеч қандай нафи бўлмаслигини баён этганди. Шу туфайли у игуменнинг ҳаракатларига чидай олмаган. “Мен ҳаммадан Раббини излайман, менга эса ҳайвонни дуч қилади”. “Агар сен шуҳрат учун Раббингга сажда қилган бўлсанг, такаббур экансан. Сенда ҳамон дунёвий ғурур ўлмаган. Сен ҳақингда ўйладим, бўтам Сергий, сени дуо қилдим ва Яратган менга сен ҳақингда, мана қандай хабар берди: “Бурунгидек яша ва иқтидо айла”. Айни пайтда маълум бўлдики, овлоқ жойдаги кичкина монастирда зоҳид Илларион омонатини топширибди. У ўша жойда ўн саккиз йил яшади. Тамбин игумени мендан  ўша жойда яшашни хоҳлайдиган биродарлардан борми, деб сўради. Шу пайтда сенинг хатинг келиб қолди. Сен Тамбин монастиридаги Пансий ота ҳузурига бор, мен ҳам унга хат ёзаман, сен Илларион ҳужрасини эгаллашни сўра. Билмадим, Илларион ўрнини боса оласанми, йўқми, бироқ сенга ғурурингни жиловлаш учун ёлғизлик лозим. Сени Худо қўлласин”.

Сергий қариянинг фикрларига қўшилди, хатни игуменга кўрсатди ва унинг розилиги билан ўз ҳужрасини ва монастирга тегишли бошқа ашёларини топшириб, Тамбин биёбонига йўл олди.

Тамбин биёбонида савдогарлардан чиққан бинойидек хўжайин – нозир Сергийни жўнгина ва осойишта кутиб олди ва Илларионнинг ҳужрасига жойлаштирди, бошида маҳрам  бериб, кейин эса ўзининг хоҳишига кўра уни ёлғиз қолдирди. Ҳужра тоғдан кавланган ғорда эди. Унда Илларион яшаган ва шу жойда дафн этилганди. Ғорнинг орқа бўлмасида Илларион кўмилган, юзадаги хонада эса сомон тиқилган тўшак ташалган тахта, курси, иконалар тахланган жавон ва китоблар қўйилган эди. Жавон ташқи эшикка тақалиб турарди; токчага роҳиб ҳар куни бир марта монастирдан келтирган овқатни қўйиб кетарди.

Шундай қилиб, Сергий ота зоҳидга айланди.

 

4

Сергий тарки дунё қилганининг олтинчи йили масленица кунларидан бирида қўшни шаҳарда ўзига тўқ бой оилалардан эркак ва аёллар жам бўлиб, қуймоқ ва винодан сўнг тройкаларда сайрга чиқишди. Тўда икки оқловчи, бир бой заминдор, зобит ва тўрт аёлдан иборат эди. Аёлларнинг бири зобитнинг хотини, бошқаси – заминдорники, учинчиси  заминдорнинг қиз синглиси,  тўртинчиси эса эридан ажралган, сулув, бой ва шаҳарни ўзининг антиқа қилиқлари билан лол қолдириб юрувчи сатанг.

Ҳаво ёқимли, йўл худди тахтадек текис. Шаҳардан ўн чақиримлар чиқишгач тўхтадилар ва қайси томонга юриш ҳақида маслаҳат бошладилар: орқагами ёки олдингами?

– Бу йўл қаерга олиб боради? – сўради сулув бева аёл Маковкина.

– Тамбинога, бу ердан ўн икки чақирим, – деди унга илакишиб қолган оқловчи.

– Хўш, ундан кейин-чи?

– Ундан кейин монастир орқали Л. га.

– Сергий ота яшаётган жойгами?

– Ҳа.

– Касатскийми? Ўша биёбон барноси-да?

– Ҳа.

– Хонимлар! Жаноблар! Касатскийни кўрамиз. Тамбинода дам оламиз, овқатланамиз.

– Лекин биз тунаш учун уйга қайтишга улгурмаймиз.

– Ҳечқиси йўқ. Касатскийнинг  меҳмони бўламиз.

– Э, ҳа, у ерда монастирга қарашли жуда яхши меҳмонхона бор. Мен Махинани ҳимоя қилгани келганимда у ерда бўлганман.

– Йўқ, мен Касатскийникида тунаб қоламан.

– Бу осмон узилиб тушса ҳам мумкин эмас.

– Мумкин эмас? Гаров бойлашаман.

– Бўлади. Агар сиз тунаб қолсангиз, мен нима хоҳласангиз, бажараман.

– A discretion.[6]

– Сиз ҳамми?

– Ҳа-да. Кетдик.

Аравакашларга шаробларни кўтартирдилар. Ўзлари бўғирсоқ, қандолат қутиларини олдилар. Аёллар оқ мўйнали пўстинларига ўранишди. Аравакашлар ким биринчи юриши устида бир оз тортишиб турдилар, ёшроғи елкаси оша чапани йигитларча қараб, узун қамчин дас­тасини силкитди-да, қийқириб юборди, – ва қўнғироқчалар жиринглаб, ғилдираклар ғижирлаганча тўда йўлга тушди.

Шатакчи отлар қуюшқон иплари билан сағринлари оша боғланган, қалтираб, чайқалиб турган араваларни роҳатбахш бир тарзда  текис ва равон тортиб кетдилар. Эрта баҳор, лой излар тез ортда қоларди. Аравакаш тизгинни силкитар, оқловчи ва зобит юзма-юз танда қўйиб, қўшнилари Маковкина билан нималарнидир вайсашар, лекин аёлнинг ўзи пўстинига маҳкам ўранганча қимирламай ўтирар ва ўйларди: “Ҳаммаси бир гўр буларнинг, ҳаммаси ярамас: вино ва тамаки ҳиди уриб қолган қизил, йилтиллаган башаралар, ўша сўзлар, ўша хаёллар, бари ўзларининг ярамаслиги атрофида айланиб юришади. Уларнинг барчаси мамнун, шундай бўлиши кераклигига ва ўлгунча шундай яшашларига ишончлари комил. Мен бундай бўла олмайман. Менга бунинг қизиғи йўқ. Мен шундай нарсани хоҳлайманки, буларнинг ҳаммаси остин-устун, тес­кари бўлиб кетсин. Ҳа, ҳеч бўлмаганда Саратовдагидек, борган эканмиз-у, қотган эканмиз-да. Хўш, бизникилар нималар қилишмаганди? Ўзларини қандай тутишганди? Ҳа, эҳтимол, уятлидир. Ҳар ким ўзи билан ўзи овора эди. Ҳа, мен ҳам ўзимни ёмон тутгандим. Мен, ҳар нечук, яхшиман. Буни улар ҳам билишади-ку. Ҳа, анов роҳиб-чи? Наҳотки, у буни ҳалиям тушунмаса? Бўлмаган гап. Бу нарсаларни улар яхши тушунишади. Худди кузда ҳалиги кадет билан. У қанчалар аҳмоқ бўлганди…”

– Иван Николаевич! – деди у.

– Буюрсинлар?

– Унинг ёши нечада?

– Кимнинг?

– Касатскийнинг.

– Қирқдан ошиб қолди-ёв.

– Нима бўлади, у ҳаммани қабул қиладими?

– Ҳаммани, бироқ ҳамма вақт эмас.

– Оёғимни ёпиб қўйинг. Бундай эмас, қанақа уқувсизсиз! Ҳа, яна, яна, ана шундай.  Менинг оёқларимни босиш мумкин эмас.

Шундай ҳангомалар билан улар ҳужра жойлашган ўрмонга етдилар.

Маковкина пастга тушди ва уларнинг кетишини хоҳлади. Қолганлар уни кўндирмоқчи бўлишди, лекин Маковкинанинг жаҳли чиқиб, оёқ тираб олди. Шундан сўнг аравалар қайтди, у эса оқ пўстинини ёпинганича сўқмоқ бўйлаб юриб кетди. Оқловчи ерга тушиб, уни кузатганича қолди.

 

5

Сергий отанинг узлатда яшаётганига олти йил бўлди. Унинг ёши қирқ тўққизда эди. Ҳаёти машаққатли  кечарди. Бу машаққат ибодат ва дуохонликдан эмасди, буларни машаққат ҳам деб бўлмасди, бу машаққат  у ҳеч қачон кутмаган ички курашда эди. Курашнинг манбаси иккита эди: шубҳа ва шаҳвоний ҳирс. Баъзан икки ёв бирдан бош кўтарарди. Унингча, бу бир вақтлар ягона душман бўлган  турли-турли икки ёв эди. Қачонки шубҳани ўлдирса, ҳирсни ҳам енгарди. У, улар икки хил шайтон ва уларга қарши турлича курашилади, деб ўйларди.

“Худойим! Худойим! – мушоҳада қиларди у. – Нима учун мени эътиқоддан қисасан? Ҳа, ҳирс, у билан авлиё Антоний ва бошқалар курашди, эътиқод-чи? Уларда бу бор эди, менда дақиқалар, соатлар, кунлар ўтаяпти ҳамки, ҳамон ундан дарак йўқ. Агар у залолат бўлса, нега жумла олам, жумла назокат унгадир ва  ундан нега  қутулмоқ лозим? Нега бу  васвасани яратдинг? Васваса? Менинг дунё қувончларидан воз кечганим, нимагадир ҳозирланаётганим, балки у жойда ҳеч нарса йўқдир, шу васваса эмасми? – ўзича гапириб туриб, бирдан ваҳимага тушди, ўзини лаънатлади. – Ярамас. Лаънати. Авлиё бўлишни хоҳлайсан” – ўзини қарғай бошлади. Ва ибодатга берилди. У ибодатни бошлар экан, монастирда қандай бўлгани шундоқ кўз олдига келди-қўйди: чепчикда, ридода, улуғвор кўринишда. Бошини ирғаб қўйди. “Йўқ. Бундай эмас. Бу алдов. Лекин  ўзимни эмас, Худони эмас, бошқаларни алдаяпман. Мен иззатли одам эмасман, майда, кулгили шахсман”. У ридоси барларини икки томонга  очиб, иштони почасидан чиқиб турган ўзининг акашак оёқларига қаради. Ва кулиб юборди.

Кейин барларини қўйиб юбориб, ибодат қилишга, чўқинишга ва дуо ўқишга тутинди. “Наҳот шу тўшак менга тобут бўлади?” – қироат қилди у. Шайтон унга бир нарсани шипшигандек бўлди: “Якка тўшак,  бу – тобут. Ёлғон”. У тасаввурида таниш беванинг елкасини кўргандек бўлди. Бир сесканиб тушди-да, ўқишда давом этди. Қоидани ўқиб бўлиб, Инжилни қўлига олди, тез-тез замзама қиладиган ва ёддан биладиган жойини очди: “Ишонаман, Раббим, мени имонсизликдан қутқар”. У фикрига қутқу солган барча шубҳаларни олиб ташлади. Худди қимирлаб турган тарози палласини тўғрилагандек, ўз эътиқодини тебратаётган пояни маҳкамлади-да, унга яна тегинмаслик, қимирлатиб юбормаслик учун  аста узоқлашди. Шубҳалар тарқалди ва у тинч­ланди. Ўзининг болаликдаги дуоларини такрорлади: “Яратган, ўзинг қўлла, қўлла мени” ва бундан  нафақат енгиллашди, балки дили фараҳ ва карамга тўлди. Чўқинди ва бошининг тагига ёзги узун чопонини қўйиб,  энсиз  тахтадаги  пўстакка узанди. Касатский тезда уйқуга кетди. Қуш уйқуси ичида тушига қўнғироқчалар кириб, уларнинг овозини эшитгандек бўлибди. Бироқ булар ҳушидами, тушидами бўлаётганини билмасди. Бирдан эшик  тақиллаб, чўчиб  уйғониб кетди. Ўзига ишонмай, бошини кўтарди. Эшик яна тақиллади. Ҳа, энг  яқиндаги  эшик тақиллар   ва аёл овози эшитилмоқда  эди.

“Худойим! Наҳотки эртакларда ўқиганимдек, шайтон аёл қиёфасида намоён бўлса… Ҳа, бу аёлнинг овози. Ёқимли, латиф ва майин овоз! – У кўксига туфлади. – Йўқ,  менга шунақа туюлаяпти, шекилли”, – изтироб билан деди-да, қаршидаги  шамдон турган бурчак томон кетди. У одатдагидек хотиржам одим ташлади.  Тиз чўкди, сочлари юзини қоплади ва аллақачон тақир бўлиб қолган пешонасини нам, совуқ товага босди. Ердан ғир-ғир шабада  эсарди.

Бузрук Пимен ота айтган шайтон васвасасидан қутулишга  ёрдам берувчи оятни ўқиди. У ўзининг озғин, енгил гавдасини сертомир оёқлари устига тиклади ва яна ўқишни давом эттирмоқчи бўлди, аммо ўқимади,  овозни эшитиш учун беихтиёр унга қулоқ тутди. У эшитишни хоҳларди. Ҳамма ёқ сув қуйгандай жимжит  эди. Томдан бурчакка қўйилган идишга чаккилар тушарди. Ҳовлидаги қор кўринмас, ҳаммаёқни туман қоплаганди.  Бирдан дераза олди қитирлади ва баралла овоз янгради – ўша майин, ишвали овоз, бундай овоз фақат кўзга яқин аёлларда бўлиши мумкин. Нотаниш аёл   ялинарди:

– Исо ҳақи, ичкарига  қўйиб юборинг…

Жами қон юракка қуйилиб,  тўхтаб қолгандек бўлди. Унинг нафаси чиқмасди. “Яратганнинг ўзи асрасин ва балони даф қилсин…”

– Мен шайтон эмасман… – чамаси кулиб сўз қотди ташқаридаги аёл. – Мен шайтон эмасман, фақат гуноҳга ботган аёлман, йўлдан оздим – алдамаяпман,  тўғрисини айтаяпман (у куларди), совуқда қотиб қолдим,  бошпана беринг…

Касатский  юзини ойнага қўйди. Жинчироқдан таралган нур бутун ойнани ёритиб турарди. У кафтлари билан юзининг икки  тарафидан қисди ва зеҳн солди. Туман, ғубор, дарахт, мана ўнг тараф. Аёл. Ҳа, аёл, эгнига жунлари узун пўстин, бошига телпак кийган, нозикдан нозик, самимий, чеҳраси ҳадикли, ўша жойда, унинг юзидан икки қаричча нарида, унга мўлтайиб қараб  турибди. Уларнинг кўзлари тўқнашди ва бир-бирини танишди. Улар бир-бирларини кўрганга ўхшамас эдилар: улар ҳеч қачон бир-бирларини кўрмаганлар, бироқ уларнинг тўқнашган нигоҳларидан улар (айниқса эркак) сездиларки, улар бир-бирларини танийдилар, бир-бирларини тушунадилар. Бу нигоҳлардан кейин оддий, самимий, назокатли бу аёлни шайтон деб гумон қилиш мумкин эмасди.

– Кимсиз? Сизга нима керак? – сўради   Касатский.

– Очсангиз-чи, – карашма билан деди аёл. – Музлаб қолдим. Сизга айтаяпман, йўлни йўқотиб қўйдим.

– Тушунсангиз-чи, мен роҳибман, художўй одамман.

– Нима бўлибди, очинг. Ибодатингизни тугатгунингизча мен дераза тагида туриб  музлайми? Сизга шу керакми?

– Сизни тушуниб бўлмайди…

– Сизни еб қўймайман. Худо ҳақи, эшикни очинг. Жаҳлимни  чиқармасангиз-чи!

Аёл қалтираб борарди. У бу сўзларни деярли йиғлагудек бўлиб айтди.

Роҳиб  деразадан нари кетди, тоғолча гулчамбари билан ўралган Исо сиймосига юзланди. “Яратган, менга ёрдам бер, яратган, менга ёрдам бер”, – чўқиниб ва сажда қилиб, ўзича  гапириб,  эшикка яқинлашди,  уни даҳлиз томон итарди. Даҳлизда пайпаслаб лўкидонни  топди ва уни суришга уринди. Нариги томондан қадам товушлари эшитилди. Аёл дераза олдидан эшик томонга ўтди. Бирдан “Вой!” деб қичқирди у. Билдики, аёл остона яқинидаги кўлмакка дуч келган. Сергийнинг қўллари қалтирар, лўкидонни ҳадеганда суролмаётган эди.

– Қанақа одамсиз? Рухсат этинг. Мен бутунлай шалаббоман. Музлаб қолдим. Сиз тоат-ибодатингиз билан оворасиз, мен эса музлаб бўлдим.

У эшикни ўзига тортиб, лўкидонни сурди ҳамда таваккалига эшикни ташқарига итарди ва беихтиёр аёлни туртиб юборди.

– Ие, кечирасиз! – деди у ногоҳ  аллақачон унутилган, хонимларга одатдаги  мурожаат   қилиш оҳангига ўтиб.

Аёл “кечирасиз” сўзини эшитиб, ёйилиб кулди ва ўйлади: “Ҳа, у ҳали унчалик қўрқинчли эмас”.

– Ҳечқиси йўқ, ҳечқиси йўқ. Сиз мени маъзур тутинг, – деди аёл қиялаб ўтар экан. – Мен ҳеч ўйламагандим. Бироқ эсда қоладиган ажойиб  тасодиф.

– Марҳабо, – деди мезбон унга йўл берар экан. Бутунлай эсидан чиққан ўткир атирнинг настарин ҳиди уни довдиратди. Аёл даҳлиздан меҳмонхонага ўтди. У лўкидонни жойига сурмай, ташқи эшикни ёпди-да,   меҳмонхонага кирди.

“Ҳазрати Исо Масиҳ, мени гуноҳдан сақла, Яратган, мени гуноҳдан сақла”, – фақат ботинида эмас, балки зоҳирида ҳам лаблари қимирлаб, тўхтамасдан ибодат қиларди.

– Марҳабо, – деди у.

Аёл хонанинг ўртасида турар, кийимидан полга сув тушар ва буни жим кузатарди. Унинг кўзлари куларди.

– Мени маъзур тутинг, сизни безовта қилиб қўйдим. Кўряпсиз-ку, қандай ҳолатдаман. Шундай бўлдики, биз шаҳардан сайрга чиқдик, бир ўзим Воробьёвкадан шаҳаргача етиб бора оламан, деб гаров ўйнадим, аммо йўлни йўқотиб қўйдим. Яхшиямки,  сизнинг ҳужрангизга етиб олдим, бўлмаса…. – ёлғон гапиришни бошлади аёл. Бироқ  эркакнинг чеҳрасига кўзи тушиб, ундан уялиб кетди ва шундан кейин гапини бу тарзда давом эттира олмаслигини билиб, жим бўлди. Уни бу ҳолда кўраман, деб ўйламаганди. Ўйлаганидай хушрўй эмасди-ю,  бироқ кўзига ёқимли кўриниб кетди. Оқ оралай бошлаган сочлари ва соқоли,  тўғри, ингичка бурни, тик қараб турувчи  чақноқ кўзлари  аёлни мафтун этди.

Эркак   меҳмоннинг ёлғонлаганини кўриб-билиб турарди.

– Ҳа, шундай, – деди у аёл томонга қараб ва нигоҳини ерга тикиб. – Мен бу ёққа ўтаман, сиз эса бемалол дам олаверинг.

Шундай деб жинчироқни ўчирди, шамни ёқди ва унга таъзим қилиб, тўсин ортидаги кулбага чиқди, аёл эса у ёқда роҳиб ниманидир қўзғатиб, ўрнидан сураётганини эшитди. “Эҳтимол, мендан ўзини тўсиб олмоқчидир”, ўйлади кулиб ва оқ ротондасини[7] ташлаб, телпагини ва унинг тагидаги сочларини ўраб турган тўқима рўмолини ечди. Унга ҳеч қандай нам тегмаганди, фақат ичкарига кириш учун шуни ўйлаб чиқарганди. Бироқ эшик олдида ҳақиқатан чуқурчага тушиб кетганди, чап оёғи тўпиғигача нам,  ботинкаси ва қўнжли калиши  сувга тўла эди. У гиламча билан ёпилган Сергийнинг каравотида ўлтирар, оёқ кийимларини еча бошлаганди. Ҳужрача  унга маъқул тушди. Торгина, эни уч, бўйи тўрт аршинли хона, ҳамма ёғи ёғ тушса ялагудек  тоза эди. Ҳужрада фақат у ўтирган каравот бор эди, ундан юқорида китоблар тўла жавон. Бурчакда минбарча. Эшик ёнидаги      қозиқларга пўстин ва узун чопон илиғлик. Минбарча тепасида тоғолча гулчамбарда Исо тимсоли ва шамчироқ. Мой, тер ва тупроқнинг ўткир ҳиди анқирди. Буларнинг ҳаммаси унга ёқди. Ҳатто ҳид ҳам.

Нам оёқлари, айниқса, биттаси уни безовта қилаётганди, шошиб, оғзининг таноби қочганча  пойабзалини еча бошлади, унинг қувончи фақат мақсадга эришганидангина эмасди, балки уни кўрганидан, шундай жозибадор, ажо­йиб, ғалати, мафтункор эркакни васвасага солиб қўйганидан эди.  “Ҳа, жавоб бермади, бу қандай кўргулик”, ўзига ўзи гапирди аёл.

– Сергий ота! Сергий ота! Сизни шундай аташ лозимми?

– Сизга нима керак? – жавоб берди сокин овоз.

– Илтимос, узлатдаги оромингизни бузганим учун мени маъзур тутинг. Бироқ, тўғриси, бундан бошқа йўл тута олмасдим. Шамоллаб қолишим мумкин эди. Ҳозир эса билмайман. Бутунлай шалаббо бўлганман, оёқларим музга ўхшайди.

– Мени маъзур тутинг, – жавоб берди сокин овоз, – мен ҳеч қандай  ёрдам бера олмайман.

– Мен бунинг учун сизни безовта қилмадим. Тонггача чидасам бўлди.

Эркак жавоб бермади. Аёл  унинг  нималарнидир шивирлаётганини эшитди, – ҳар қалай ибодат қилаётган бўлса керак.

– Сиз бу томонга кириб қолмайсизми? – сўради ишва билан, – Кийимларимни қуритиш учун ечинишим керак-да.

Роҳиб  жавоб бермади, бир маромда  дуолар ўқишни давом эттирди.

“Ҳа, бу одам” – ўйлади аёл сирпанчиқ оёқ кийимини ечишга уриниб. У шунча тортса ҳам ботиги тушмагур  қани ечилса,  бу  кулгили эди, албатта. У сал эшитарли қилиб кулди, буни эркак эшитишини ва унга ўзи кутгандек таъсир қилишини хоҳларди, сўнг ундан  баландроқ кулганди, бу қувноқ, табиий ва самимий кулги эркакка энди у орзу қилгандек таъсир этди.

“Ҳа, бундай одамни севса арзийди. Кўзларини айтмайсизми?!  Ибодат вақтида ҳар қанча  қимтинмасин, содда ва олийжаноб чеҳрасидан нур ёғилиб туради, – ўйлади у. –  Биз, аёлларни алдаб бўлмайди. У юзини ойнага олиб келганда  мени кўрди-ю,  ҳаммасини тушунди, ҳаммасини билди. Ҳиссиётлари кўзларида шуъла бериб, акс этди. У мени севган, соғинган. Ҳа, соғинган.” Охири  ботигини оёғидан чиқариб олди-да, сўнг  пайпоғига тутинди. Бу ласдан тикилган узун пайпоқларни ечиш учун юбкасини  кўтариши шарт эди. Бундан уялди шекилли, овозини чиқариб:

– Кирманг, – деди.

Лекин дераза ортидан ҳеч қанақа жавоб бўлмади. Бир маромдаги қироат ва аллақандай ҳаракат овозлари келиб турарди.  “Шубҳасиз, сажда  қилаяпти, – ўйлади аёл. – Барибир у эплай олмайди, – ҳукм чиқарди. – Аниқ,  мен ҳақимда ўйлаяпти. Худди мен у ҳақида ўйлаганимдек.  Оёқларим ҳақида эса ўша таниш туйғу билан хаёл сураяпти”. Аёл  ҳўл пайпоқларини ечиб,  яланг оёқлари  билан тўшакни ғижимлаганча у ёқдан-бу ёққа  юра бошлади. Сўнг ўтирди-да,  тиззаларини қучоқлаб, ўйга чўмди, бу узоққа чўзилмади. “Ҳа, бу биёбон, бу осудалик. Ҳеч ким ҳеч қачон билмаган бўларди…”

У ўрнидан турди, пайпоғини печка яқинига олиб борди-да, мўрига осиб қўйди. Мўри қандайдир ўзига хос эди, уни айлантирди ва  кейин яланг оёқ билан енгил қадам ташлаб,  каравотга қайтди ва яна оёқларини йиғиб,  ўтириб олди. Девор ортига бутунлай жимлик  чўкди. Аёл  бўйнига осилган жажжи соатга қаради. Икки бўлибди. “Бизникилар учга яқин келиши керак”. Бир соатдан камроқ вақт қолибди.

“Нима бу, бир ўзим бу жойда ўтиравераманми? Бу қанақа ноз бўлди? Ўргилдим нозидан. Ҳозир уни чақираман”.

– Сергий ота! Сергий ота! Сергей Дмитрич. Князь Касатский!

Эшик ортида жимлик.

– Билиб қўйинг, бу шафқатсизлик. Агар менга керак бўлмаганингизда  мен сизни чақирмас эдим. Мен бетобман. Билмайман, менга нима бўлаяпти. – Изтиробли овозда нолиди аёл. Сўнг войвойлаганча  ўзини  каравотга ташлади. Даҳшатли ҳолат, аёл ростдан ҳам ўзини шундай сеза бошлаганди – ҳолдан тойди, бадани зирқираяпти, ҳамма жойи оғрияпти, қаеридадир қалтироқ турган, безгак тутяпти.

– Эшитаяпсизми, менга ёрдам беринг. Менга нима бўлаяпти, билмайман. Вой! Вой! – У тугмаларини ечиб,  сийнасини очди,  яланғоч билак­ларини ҳар томонга ташлаб, яна  войвойлай кетди.

Бу вақт давомида эркак  ўз қазноғида туриб,  ибодат қиларди. Барча кечки оятларни хатм қилиб, энди кўзларини  бурнининг учига  қадаганча  қимирламай ўтирар ва кўнглига келган  дуоларни такрорлаб, замзама қиларди: “Ҳазрати Исо Масиҳ, Парвардигор, ўзинг мадад бер”.

Ўзи зикрда бўлса ҳам ҳаммаси  қулоғига  кириб турарди. Аёлнинг эгнидаги шоҳи либосининг  сирпаниши, куйлагини ечиб, яланг оёқлари билан ерга тушгани, қўли билан оёқларини артгани – барчасини эшитиб турарди. У ўзининг заифлигини ҳис этар, исталган дақиқада шарманда бўлишини билиб, ибодатдан тўхтамасди.  У эртак  қаҳрамони кўз солмай, ҳаммасини ҳис қилиши ва тусмоллаб юриши лозим бўлган ҳолатга ўхшаш туйғуни кечирмоқда эди. Шундай қилиб, Сергий хавф, яъни маҳв бўлиш хавфи шу ерда, шу атрофда эканлигини эшитди, туйди, фақат ундан қутулиш учун аёлга бир дақиқа ҳам назар солмаслик шарт. Бирданига аёлга бир қараш истаги пайдо бўлди. Шу дақиқада аёл сўз қотди:

– Менга қаранг, бу қандай инсофсизлик?!  Ахир мен ўлиб қолишим мумкин.

“Хўп, мен бораман, худди ўша ота бир қўлини фоҳишага қўйиб, иккинчисини манқалга тоблагани каби. Бироқ манқал  йўқ”. У бурилди. Жинчироқ . У бармоғини аланга устига қўйди ва қовоғини солиб олди, анча вақтгача ҳеч нарса сезилмаётгандек туюлди унга. Ҳали бир тўхтамга келмаганди, қанчалар оғриқли бўлишини билиб улгурмади ҳамки, бирдан  афти буришди ва қўлини силтаб, тортиб олди. “Йўқ, мен бундай қила олмайман”.

– Худо ҳақи! Вой, олдимга келинг! Мен ўламан, дод!

“Ростдан ҳам  мен ўламанми? Йўқ, бу мумкин эмас” .

– Ҳозир  бораман олдингизга, – ғудраниб деди у ва эшигини очди, аёлга қарамасдан ёнидан даҳлизга ўтди, у ерда ўтин ёрар эдилар, у  ўтин  ёриладиган ғўла ва деворга суяб қўйилган болтани пайпаслаб топди.

– Ҳозир, – деди у ва болтани ўнг қўлига олиб, чап қўлининг кўрсатгич бармоғини ғўла устига қўйди, сўнг болтани қулочкашлаб, бармоғининг иккинчи бўғинидан пастга қаттиқ  зарб туширди. Бармоқ шундай йўғонликдаги ўтиндан ҳам осон қирқилди, аввал ғўланинг четига, кейин бир  айланиб ерга тушди.

У оғриқни сезишдан олдин “дўп” этган овозни эшитди. Бироқ рўй берган воқеадан, оғриқ йўқлигидан  ҳайрати тугамай, у зирқироқли ўткир  оғриқни ва оқаётган иссиқ қонни сезишга улгурди. У қирқилган бармоғини  чопонининг этагига яширди ва оёқлари орасига қисиб, орқа эшикдан кирди,   аёлнинг  қаршисига келиб тўхтади-да, кўзини ерга қадаганча  аста сўради:

– Сизга нима бўлди?

Аёл чап қовоғи пир-пир учиб,  рангида ранг қолмаган башарани кўриб, хижолат тортди. Шарт ўрнидан туриб, пўстинини  олди-да, елкасига солиб, унга ўранди.

– Ҳа,  оғриққа чидолмадим… шамоллаб қолганман… мен… Сергий ота… мен…

У аёлнинг осуда оромбахш ёлқин порлаб турган кўзига қаради ва деди:

– Жоним синглим,  нима учун ўзингнинг боқий қалбингни қурбон қилишга жазм этдинг? Васвасалар  дохил бўлиши лозим, бироқ фожеа шундаки, васвасалар ким орқали дохил бўлади… Илтижо  қиламанки, Яратган бизни мағфират қилсин.

Аёл унинг сўзларини тинглар экан,  рақибга назар солди. Шу топ   аллақандай суюқликнинг чак-чак томаётган овози эшитилди. Қараса, чопон ёқасидаги   қўлдан   қон сизиб оқмоқда эди.

– Қўлингизни нима қилдингиз? – У қулоғига чалинган сасни эслаб қолди, жинчироқни тутамлаб, даҳлизга  югурди  ва  ерда қонга бўялган бармоқ бўлагини кўрди-ю, ранги ўчиб қайтиб келди,  кўрганини роҳибга айтмоқчи бўлди; роҳиб  эса жимгина қазноққа ўтиб кетди ва эшикни маҳкам ёпиб олди.

– Мени маъзур тутинг, – деди аёл. – Гуноҳимни нима билан ювай?

– Кет.

– Ярангизни  боғлаб қўйишга изн беринг.

– Бу ердан йўқол.

Аёл чурқ этмай шошиб кийинди. Пўстинга ўраниб, жим кутиб ўтирди. Ҳовлидан жинғилдоқлар овози эшитилди.

– Сергий ота. Мени кечиринг.

– Кет. Худо кечиримли.

– Сергий ота. Мен ҳаётимни ўзгартираман. Мени ёлғиз қолдирманг.

– Кет.

– Кечиринг ва мени дуо қилинг.

– Ота ва ўғилнинг муқаддас  руҳи номи билан такрорлайман, – деган сўзлар­ эшитилди тўсин ортидан, – кет.

Аёл уввос тортиб юборди ва ҳужрадан чиқди. Унга оқловчи пешвоз  келарди.

– Ҳа, ютқаздим, начора. Қаерда ўтирасиз?

– Фарқи йўқ.

У аравага чиқди ва уйга етгунча бир оғиз ҳам гапирмади.

 

* * *

Бир йилдан кейин аёл роҳибаликка қабул қилишнинг кичик маросимида сочини калта қилиб кестирди ва бир пайтлар ўзига аҳён-аҳёнда хатлар ёзиб турган зоҳид Арсений раҳбарлигида монастирда узлатнишин  ҳаёт тарзини қабул қилди.

 

6

Таркидунёчиликда  Сергий ота яна етти йил яшади. Бошида у ўзига келтирилган кўп нарсани оларди: чой, қанд, оқ нон, сут, кийимлар, ўтин-чўп. Вақт ўтган сайин ўз ҳаётига  қатъий талабларни ўрнатиб бориб, барча ортиқча нарсаларни рад этди ва шунгача бордики, фақат ҳафтада бир марта қора нондан бошқа ҳеч нарсани олмайдиган бўлди. Ўзига ҳадя қилинган нарсаларни ҳузурига келган ҳожатмандларга улашишни одат қилди.

Бутун вақтини ҳужрасида ибодат билан ўтказар ёки тобора кўпайиб бораётган зиёратчилар билан суҳбатлашарди. Сергий ота йилда уч марта зарурат бўлиб қолганда сув ёки ўтин учун черковдан ташқарига чиқарди.

Ана шундай ҳаёт тарзининг бешинчи йилида рўй берган  Маковкина билан боғлиқ шов-шувли  воқеа – унинг тундаги ташрифи,  шундан ке­йин содир бўлган ўзгаришлар, аёлнинг  монастирга  борганлиги ҳақидаги гап-сўзлар ҳамма ёққа тарқалиб кетганди. Ўшандан бери Сергий отанинг обрўси ошгандан-ошди. Мурид ва мухлисалар кўпайиб борди.  Унинг ҳужраси яқинида эса роҳиблар черков ва меҳмонхона барпо этдилар. Ҳар доим бўлганидек, Сергий отанинг жасорати қўшиб-чатишлар билан бўрттирилиб, узоқ-узоқларга ёйилди. Энди одамлар ўлканинг нариги четидан ҳам келадиган, унинг қудратига сажда қилиб, дардларига шифо топадиган бўлишди.

Бемор билан дастлабки юзлашув зоҳидликдаги ҳаётининг саккизинчи йили рўй берди. Бу шундай муолажа бўлгандики,  бир она ўн тўрт яшар боласини олиб келиб, Сергий отадан ўғлига малҳам бўлувчи дуо  ёзиб беришини сўради. Сергий ота касалларни даволашни ўйлаётгани ҳам йўқ эди. У  буни ўз шаънига катта гуноҳ деб ҳисобларди; бироқ боласини келтирган она тинмай ялинар, оёқларини қучоқлаб, илтижо қиларди, Исо ҳаққи-ҳурматини ўртага солар, барчага тенг қаранг, деб уни ҳол-жонига қўймасди. Сергий отанинг фақат Худо шифо бериши мумкинлиги ҳақидаги гапига жавобан атига бир марта қўлини теккизишни ва дуо қилишни сўрарди. Барибир Сергий ота кўнмай, ҳужрасига кириб кетди. Аммо бошқа бир куни (аллақачон кузда эди, кечалари совуқ бўлиб қолган) у сув келтириш учун ҳужрадан ташқарига чиққанида яна онани кўрди ва ўша илтижони эшитди.  Дарҳақиқат, ўғлининг мазаси баттар қочиб, озиб-тўзиб кетганди. Сергий ота қўлида етарли асоси бўлмай, рад этадиган адолатсиз қози ҳақидаги ривоятни эслади ва рад этишида шубҳа сезди, шубҳалангач, дуо қилишни бошлади ва  токи кўнглида бир қарор уйғонмагунча ибодатини тўхтатмади.  Қарор  шу эдики, онанинг истагини бажо этиш билан унинг эътиқоди ўғлини қутқариши мумкинлигига ишонтириш эди; бундай вазиятда Сергий ота ўзини шунчаки восита эмас, балки Худо томонидан ато этилган арзимаган  қурол сифатида кўрди.

Бинобарин, онанинг ҳузурига бориб, Сергий ота унинг хоҳишини адо этишга киришди, қўлини боланинг бошига қўйди ва дуо ўқий бошлади.

Она ўғлини олиб кетди ва бир ойдан кейин бола тузалди, вилоятда эса бузрук Сергийнинг, энди уни шундай атай бошлашганди, илоҳий шифобахш кучи ҳақидаги мақтовлар тарқалгандан-тарқалди. Шундан сўнг ҳафта ўтмаёқ, Сергий отанинг  қабулига касаллар селдай бостириб кела бошлади. Ҳамма  нарса бир бошлангунча экан, биттасини қайтармагач, бошқасини ҳам рад этмас, кўпларга қўлини қўйиб дуо ўқир, шифо тилар ва шу билан Сергий ота­нинг шуҳрати узоқ-узоқларга ёйиларди.

Монастирдаги тўққиз йил, узлатдаги ҳаётининг ўн учинчи йили шундай ўтди. Сергий отага кексалик нуқси урди:  соқоли киндигига тушиб,  оқ оралади, аммо сийрак сочлари қора ва жингалак  эди.

 

7

Сергий ота бир неча ҳафта зилдай бир фикр билан яшади: у фақат ўзининг ихтиёри билан эмас, архимандрит[8] ва игумен яратган вазиятга бўйсуниб, тўғри қилаяптими? Ҳаммаси ўша ўн тўрт яшар боланинг соғайиб кетишидан бошланди, муттасил муолажалардан сўнг ҳар ой, ҳар ҳафта, ҳар кун сайин Сергий ота ички оламининг таровати вайрон бўлиб бораётганини, ботиний нафосат оҳанраболи ташқи дунё билан алмашганини сезмоқда эди.  Унинг аврасини астарга айлантириб қўйишгани аниқ.

Сергий ўзи монастирга мухлис ва ҳомийларни жалб этиш учун жонли қурол бўлиб қолганини кўриб турар, монастир раҳбарлари унга яна ҳам фойдалироқ бўлиш шартини тақашди. Масалан, унга меҳнат қилиш имкониятини чеклаб қўйишди. Нима лозим бўлса, ҳаммасини муҳайё қилишди-ю, фақат ҳузурига келувчилардан ўз марҳаматини аямасликни талаб этишди. Одамларни қабул қиладиган жойда барча шароитни яратиб беришди. Эркакларга ва ҳузурига ташриф буюрадиган аёлларга бошқалар топтаб ташламаслиги учун панжара билан тўсиб, келувчиларни дуо қиладиган  қабулхона тайёрлашди. Дедиларки, Исонинг муҳаббат ҳақидаги қонунларини ижро этиш йўлида у одамларга лозим экан, одамларни уларнинг хоҳишига кўра кўришни рад этиши мумкин эмас, улардан узоқлашиш шафқатсизлик, у бунга йўл қўя олмайди, бироқ бундай ҳаётга сингиб кетар экан, ботинидаги қувват юзага урганини, оби ҳаёт манбаи қуриб бораётганини, нима қилаётган бўлса, ҳаммаси Худо йўлида эмас, балки одамлар учун эканлигини сезиб турарди.

У одамларга панд-насиҳат ўқир, шунчаки  дуо қилар, касалларга шифо тилар, мардумларга тўғри йўл-йўриқ кўрсатар,  дардига шифо бўлиб ёки маслаҳатлари билан ёрдам берган кишилардан миннатдорчилик сўзларини қабул қилар экан, унинг шодланмаслиги, ўз фаолиятининг самарасидан таскин олмаслиги, унинг Тангрининг бандаларига таъсиридан хурсанд бўлмаслиги мумкин эмасди. У  ўзини ёнаётган шам деб ўйлар, бинобарин, буни қанчалик тўла ҳис этиб борган сари ўзида мужассам илоҳий ҳақиқат нурининг заифлашиб, сўниб бораётганини ҳам ҳис қиларди. “Мен қилаётган амаллар қанчалик Тангри  йўлида ва қанчалик одамлар учун?” – мана уни фақат жавоб қайтаришда эмас, ҳисоб беришда ҳам   қийнаётган савол.  Иблис қалбининг тўрида унинг Худо йўлидаги фаолиятини одамлар хизматига буриб юборганини ҳис қиларди, буни шундан ҳам ҳис этардики, уни ёлғизликдан маҳрум айлаганларидан сўнг унинг ўзига ёлғиз қолиш қийин кечадиган бўлиб қолди. У ташриф буюрувчилар томон интиларди, улардан толиқарди, бироқ, не ажабки, ўзини қуршаб олган ўша издиҳомдан, ҳамду саною олқишлардан  ич-ичидан хурсанд бўларди.

Ҳатто қочиб кетишни, яширинишни мўлжаллаган пайтлари ҳам бўлди.  У ҳатто буларнинг ҳаммасини қандай амалга оширишни хаёлида пухталаб ҳам олди. Ўзига эркаклар кўйлаги, бошмоқ, чакмон ва телпак ҳозирлади. Қизиққанларга бу ашёлар сўраб келганларга асқотишини маълум қилди. У  бу либосларни қандай кийиши, сочини олдириши ва чиқиб кетишини хаёлидан ўтказганча ўзида сақлади. Дастлаб поездда кетади, уч юз верст[9] йўл юргач, тушиб қолади ва қишлоқлар оралаб санғийди. Кекса аскардан қаерларда юриш мумкин, қандай садақа қилишади, бошпана беришади, – сўраб олди. Аскар  қаерда ва қандай яхши садақа қилишларини, бошпана беришларини  айтиб берди ва Сергий ота шундай йўл тутишини тушунтирди.  Бир кечаси ҳатто либосларни кийиб, кетмоқчи бўлди  ҳам, бироқ  нима қилса  яхши бўлишини: қолишми ёки қочишми эканини аниқ билмади. Дастлаб аросатда қолди, кейин аросат ўтиб кетди, у иблисга муте бўлди ва бош эгди, эркаклар либоси унга шайтоннинг фикри ва туғёни бўлиб туюлди.

Кундан-кун одамлар унинг ҳузурига кўплаб келар, унга эса руҳий покланиш ва ибодат қилишга кам вақт қоларди. Баъзан, нурафшон дақиқаларда, бир қур хаёл қиларди: у шундай жойни ихтиёр этдики, олдин бу жойда чашма  бўлганди. “Мендан  ҳаёт оқаётган, мен орқали оқаётган сокин сувнинг заифгина чашмаси бор эди. Ўша чинакам тунда “аёл” (у ўша кечани ва аёлни – энди у Агния она ҳаяжон билан эсларди) уни туғёнга келтирди.  У ана шу тоза сувга таъм қўшди. Шундан бери ташна одамлар келади, бир-бирини туртиб-суртиб унга интилади. Булоқ эса тўлишга улгурмайди, улар ҳаммасини сўриб олишди, фақат балчиқ қолди”. У камдан-кам бўладиган ёниқ тафаккур лаҳзаларида  шу хилда хаёл қиларди; унинг доимий аҳволи эса толиқиш ва шу толиқиш қаршисида ўзини ғамга чоғлаш  эди.

 

* * *

Фасли баҳор, пасха[10] ва троица[11] ўртасидаги байрам арафаси эди. Сергий ота ўзининг ғордаги черковида тун бўйи ибодатини адо этди. Сомелар йигирма чоғли, қанча сиғса, шунча одам эди. Сатта  жаноблар ва савдогар-бойлар. Унга берилган роҳиб, ҳар куни монастирдан унинг чилла жойига юборилар сараланганларга рухсат этарди. Саксон нафар маконсизлар, асосан, аёллардан иборат тўда Сергий отанинг чиқиши ва ибодат қилишини кутиб, ташқарига интилдилар. Сергий ота ибодат  қилди, у ўзининг ўтмишдоши (Илларион)нинг марқадига оят ўқиб чиқди-да, кутилмаганда  тойиб кетди ва агар орқасида турган савдогар, ундан кейин дъякон ўрнида турган хизматдаги роҳиб  ушлаб қолмаганда, йиқилиб тушарди.

– Сизга нима бўлди? Отагинам! Сергий ота! Азизим! Жаноблар! – Аёлларнинг саросимали  овози янгради. – Дастрўмолга ўхшаб қолибсиз-а.

Сергий ота тездан ўзини ўнглади, ранги қум ўчган бўлса ҳам ўзидан савдогар ва роҳибни узоқлаштирди ҳамда  қироатда давом этди. Серапион ота, дъякон ва қироатдошлари, бой хотин Софья Ивановна ундан ибодатни тўхтатишни сўрадилар.

– Ҳечқиси йўқ, ҳечқиси йўқ, – мийиғида табассум қилиб деди Сергий ота, – ибодатни узиб қўйманглар.

“Ҳа, авлиёлар шундай қилади”,  – ўйлади у.

– Илоҳ! Худонинг фариштаси! – орқадан Софья Ивановна ва уни тутиб қолган савдогарнинг овози эшитилди. У гапларга эътибор бермади ва ибодатни давом эттирди. Яна баттар қисилиб, ҳамма кичик черков ортидаги йўлакка ўтишди, бу ерда бир оз қисқартириб бўлса-да,  Сергий ота тун бўйи ибодатини тамом қилди.

Хизматдан кейин Сергий ота ҳозир бўлганларни дуо қилди ва ғор оғзида ўсган  қайрағоч  тагидаги айвонга чиқди. У дам олиш, тоза ҳавода нафас ростлаш лозимлигини сезди, бироқ чиқиши билан одамлар дуо қилишини, маслаҳат беришини сўраб, кўчкидек ўраб олдилар. Улар орасида муқаддас жойларни қадам-бақадам кезиб юрувчи, бузруклардан бузрукларга ўтиб турувчи ва ҳамма вақт ҳар хил бузрукворлар-у бузрук­лар  қаршисида сажда қилувчи  нотавон аёллар бор эди.  Сергий ота бу одатдаги, ғайридин, совуқ, хира пашшадек қавмни билар эди: улар дайдилар,  катта қисми ёши ўтган, ўтроқ ҳаётдан воз кечган  аскарлар; қашшоқ, кўпчилиги ичкиликка мубтало бўлган, қорин тўйдириш учун монастирдан монастирга санғиб юрувчи  қариялар; ўзларининг дардига даво бўлиш ёки энг шубҳали амалий ишлар: қизини узатиш, дўконни ижарага бериш, ер сотиб олиш ёки ўзидан воз кечган ёки ўтиб кетган боласининг гуноҳини кечириш сингари худбинона талабларини пеш қилиб юрган сийқа деҳқонлар ва деҳқон аёллар  эди. Буларнинг ҳаммаси Сергий отага аллақачон таниш ва қизиқ эмас. У бу қиёфалардан бирор янгилик англамасди, бу юзлар унда тариқча диний ҳиссиёт уйғотмасди, бироқ унинг дуолари, унинг сўзлари зарур ва қимматли эканини билган тўда сифатида уларни кўришни севарди,  шунинг учун бу тўдага интиларди ва бу унга ёқар эди. Сергий ота чарчаганлигини важ қилиб Серапион ота уларни қувалай бошлаганди. У  Инжилдаги шу сўзларни эслади: “Улар (болалар)га менинг ҳузуримга келишига халақит берманг” ва шу билан ўзида шафқат уйғотувчи хотираларни тиклаб, талабгорларга рухсат беришларини сўради.

У ростланди, одамлар тўпланиб турган панжара яқинига борди ва товушларга ҳазинлик сингиган заиф овоз билан уларни дуо қилиш,  саволларига жавоб қайтаришни бошлади. Бироқ уларнинг барча истакларини мустажоб қилиш нияти қанча кучли бўлмасин, эплай олмади: яна кўз олди қоронғулашиб кетди, қалтироқ турди ва панжарани ушлаб қолди. Яна у боши айланганини сезди, аввал ранги оқарди, кейин эса тўсатдан жаҳли чиқди.

– Ҳа, кўриниб турибди, эртагача. Энди бўлмайди, – шундай деб, ҳаммани дуо қилди ва курси тарафга йўл олди. Савдогар яна уни ушлаб олди ва билагидан тутиб, ўтирғизиб қўйди.

– Ота! – тўда шовқин солди, – Ота! Отагинам! Сен бизни тарк этма! Биз сенсиз яшолмаймиз!

Савдогар Сергий отани қайрағоч остидаги курсига ўтирғизиб, ўзига миршаб хизматини олди ва одамларни қувишга жиддий киришиб кетди. Тўғри, у Сергий ота эшитмайдиган паст овозда гапирарди, аммо қатъий ва жаҳл билан буюрди:

– Йиғиштиринг, йиғиштиринг! Дуо қилди, хўп, яна сизларга нима керак? Жўна. Бўлмаса, рости, бўйнингни қайираман. Ҳа, ҳа! Сен, хола, қора пайтава, бўшат, бўшат. Сен қаерга чиқмоқчисан? Айтилди,  бўлди. Эртага Худо пошшо, бугун эса ҳамманг кет.

– Отагинам, тирқишдан унинг юзгинасини бир кўрай, – деди бир қари кампир.

– Мен кўрсатаман, қаерга бурнингни суқаяпсан?

Сергий ота сездики, савдогар қўполлик қилаяпти. Заиф овозда маҳрамга  одамларни қувмасликни тайинлади. Сергий ота барибир қувиб юборишини билди, бир ўзи қолишни ҳамда дам олишни истади,  маҳрамни  шунчаки ёмон таассурот қолдирмаслик учун узр сўрашга  жўнатди.

– Яхши, яхши. Мен қувмаяпман, маслаҳатлашяпман, – жавоб берди савдогар, – қаранг, улар одамни еб қўяди. Уларда инсоф йўқ, улар фақат ўзини ўйлайди. Мумкин эмас, айтилди. Бор. Эртага.

Савдогар ҳаммани қувиб юборди.

Савдогарнинг жаҳли чиққани рост, чунки у тартибни, одамларни ҳайдаб солишни, уларни хўрлашни яхши кўрарди, асосийси – Сергий ота унга керак эди. Хотинидан жудо бўлган савдогарнинг касалманд, ҳали турмушга чиқмаган ягона қизи бўлиб,  бир минг тўрт юз верст наридан Сергий отадан шифо истаб, унинг ҳузурига олиб келганди. Қизининг дардини икки йил давомида турли жойларда даволатди. Дастлаб губерния университетининг шаҳардаги клиникасида – ҳеч нафи бўлмади; кейин Самара губерниясидаги табибга олиб борди – бир оз енгил ошди; кейин Москвадаги докторга қатнади, кўп пул сарфлади – ҳеч қандай ёрдам бермади. Унга Сергий отанинг даволашини айтиб қолишди, мана, унинг ҳузурига келиб ўтирибди. Шундай қилиб, савдогар ҳамма одамни қувиб юборгач, Сергий отага яқинлашди, бирданига эшилиб қуллуқ қилганча, баланд овозда деди:

– Авлиё ота, менинг нотавон қизимни дуо қил, дардларидан фориғ бўлишига кўмак бер. Сенинг марҳаматли даргоҳинг тупроғини ўпаман. – Шундай деб кафтини унинг қўлига қўйди. У гўё аниқ ва қатъий ўрнатилган тартиб талабларига бўйсунгандек, нима қилган ва айтган бўлса, асло бундан бошқача эмас,  худди шундай тартибда нажот сўраш лозимдек ўзини тутди.  У шундай ишонч билан ҳаракат қилдики, ҳатто Сергий отага ҳам буларнинг ҳаммаси худди шундай бўлиши,  шундай айтилиши ва бажарилиши лозимдек туюлди. Нима бўлганда ҳам у меҳмоннинг ўрнидан туришини ва гап нимада эканлигини сўзлашини сўради. Савдогар гапириб бердики, номаҳрамнинг назари тушмаган йигирма икки яшар қизи икки йил олдин онасининг бевақт ўлимидан кейин дардга чалинди ва гумгурс йиқилди – у шундай деди.  Шундан бери ҳаловат йўқ. Умид билан қизини бир минг тўрт юз верст наридан олиб келди, бемор ҳозир меҳмонхонада Сергий отанинг таклифини кутиб турибди. Кундуз кунлари уйдан чиқмайди, ёруғликдан қўрқади чоғи, фақат қуёш ботгандан сўнг ташқарига чиқади.

– Нима бўлган, у жуда заифми? – сўради Сергий ота.

– Йўқ, у ўзида заифликни сезмайди, тўлагина, фақат доктор асаби зўриққан, –  деб айтган. Агар ҳозир Сергий ота олиб келишни буюрса, мен учиб бориб, олиб келардим. Авлиё ота, ғариб банданинг юрагига  таскин бер, унинг зурриёдини қутқар – ўзингнинг дуоларинг билан бемор жигарпорасига нажот бер.

Савдогар яна қулочини кенг ёзиб, тиз чўкди, бир ёнга қийшайган, бошини иккала  қўлининг  ҳовучи устига қўйганча  тош қотди. Сергий ота яна уни туришга ундади ва ўз машғулотининг қанчалик оғир эканини, шунга қарамасдан садоқат билан эплаб келаётганини ўйлаб, оғир нафас олди, бир неча дақиқа жим бўлгач, деди:

– Яхши, уни кечқурун олиб келинг. Дуо қиламан, ҳозир эса чарчадим. – Шундай деб кўзини юмди. – Ўзим хабар жўнатаман.

Савдогар қум йўлакда салобат билан юрганидан этигининг ғижири баралла эшитилиб, узоқлашди ва Сергий ота ёлғиз қолди.

Сергий отанинг бутун умри зиёратчиларга хизматда ўтди, аммо бугун ҳаммасидан оғир кун бўлди. Эрталаб ташриф буюрган мартабали амалдор билан узоқ суҳбатлашди; ундан кейин бой хотин ўғли билан келди. Ўғил  – ёш профессор, даҳрий; она эса Сергий отага ўта ихлос қўйган, ўғлини гаплашиб кўриш учун ҳузурига олиб келган. Суҳбат жуда оғир кечди. Кўриниб турибди, ёш йигит роҳиб билан баҳслашишни хоҳламади, худди заиф одамга раҳм қилгандек ҳамма нарсани маъқуллади, бироқ Сергий ота гувоҳ бўлдики, у илоҳий нарсаларга ишонмайдиган даҳрий бўлса ҳам унинг учун ҳаммаси яхши, осон ва шундан хотиржам эди. Сергий ота ҳозир шу суҳбатни ғижиниб эслади.

– Тамадди қиласизми, отагинам? – сўради маҳрам.

– Ҳа, бирор нарса келтиринг.

Маҳрам  ғор оғзидан ўн қадамча нарида қурилган маҳрамхонага кетди, Сергий ота бир ўзи қолди.

Сергий отанинг танҳо яшаган, ўзи учун ҳаммасини ўзи бажарган, фақат ибодат кулчаси  ва нон билан кун кўрган дамлари қачонлардир ўтиб кетди. Мана, аллақачон уни ўз соғлиғи ҳақида қайғуриш ҳуқуқига эгалигига ишонтиришган, шундан бошлаб зоҳидона, аммо тўйимли овқатлар билан сийлашарди. Таомларни кам, бироқ олдингидан кўп, ғижиниб, гуноҳ-азобини  ҳис қилиб эмас, чуқур мамнуният билан тез-тез истеъмол қиларди. Ҳозир ҳам худди шундай бўлди. Бўтқани паққос туширди, бир пиёла чой ичди ва оқ ноннинг ярмини еди.

Маҳрам  кетди, у яна қайрағоч остидаги курсида ёлғиз қолди.

Ажойиб май оқшоми, қайинлар, тоғтерак, тоғолча, қайрағоч, шумур ва эманлар энди барг ёзмоқда. Қайрағоч  ортидаги шумур шохлари бутунлай гул билан қопланган, улар ҳали тўкилишга улгурмаган. Булбуллар, бири жуда яқинда, икки ёки учтаси пастда дарё бўйидаги буталарда шохдан-шохга сакраб, чаҳ-чаҳ урмоқда. Дарё томондан даладан қайтаётган ишчиларнинг куйлаган қўшиғи элас-элас қулоққа чалинади; қуёш ўрмон ортига ўтиб, олатароқ нурлари билан майсалар бошини силайди. Чор тараф оқ-яшил рангда, тароватли, қайрағоч атрофи эса қорамтир, сирли. Қўнғизлар учади, ғўнғиллайди, шохларга урилади.

Кечки овқатдан кейин Сергий ота маърифий ибодатга киришди: “Ҳазрат Исо Масиҳ, бизни асра”, – кейин оятлар ўқишга тутинди, иттифоқо, оятнинг ўртасида,  қаердан пайдо бўлди, бир чумчуқ шохдан учиб тушиб ерга қўнди, чирқ-чирқ  қилганча ва диккиллаганча у томонга сакради, нимадандир  ҳуркиб, учиб кетди. У бандасининг дунёдан воз кечгани ҳақида сўзловчи  оятларни ўқирди ва уни тезроқ тугатишга ошиқди; савдогарнинг бемор қизи уни қизиқтириб қўйган эди, унга одам жўнатишни мўлжаллади. Қиз уни шуниси билан қизиқтириб қолган эдики, бу бир овуниш эди, янги қиёфа, боз устига унинг отаси ва ўзи уни дуоси ижобат бўладиган халоскор сифатида билишаётган эди. Халоскорлигига шубҳаланди, бироқ  ич-ичидан ўзини шундай ҳисоблади.

У бир нарсага тез-тез ҳайратланарди, унга, Степан Касатскийга қандай қилиб ғайритабиий башоратчилик ва чинакам мўъжизакорлик насиб этди, у ҳозир шундай эди ва бундан бошқача эмасди, бунга заррача шубҳа йўқ:  ўша нимжон боладан тортиб унинг дуосидан сўнг кўзи очилган охирги кампиргача рўй берган, ўзи гувоҳи бўлган мўъжизаларга ишонмаслик мумкин  эмасди.

Қанчалик ажабланарли бўлмасин, бу ҳол ҳақиқат эди. Шундай қилиб, савдогарнинг қизи янги одам бўлганлиги, унга ишонганлиги билан қизиқтириб қолди, боз устига у орқали ўзининг шифокорлик маҳоратини қайта намойиш этиши, шу билан шуҳратини ошириш имконияти тўғри келиб қолганди. “Минглаб чақирим йўл босиб  келишади, газеталарда ёзишади, подшо хабар топади, Европада, даҳрий Европада билишади,” – ўйлади у. Бирдан унинг шуҳратпарастлиги қўзиб қолди ва бундан ташвишга тушиб, яна Худога сажда қила бошлади. “Яратган, осмондаги ҳукмдор, тинчлантирувчи, қалб ҳақиқати, кел ва макон тут, кўнглимизни ҳар хил қутқулардан халос эт, қалбимизни қутқар, роҳат-фароғат бағишла.  Мени хароб қилувчи одам зотига хос нафс балосидан паноҳ бер”, – такрорлади у ва эсга олдики, бу мазмунда қанча ибодат қилмасин, унинг илтижолари ҳозиргача  беҳуда бўлиб қолаётганди: унинг  дуолари бошқаларда мўъжиза яратар, ўзи учун эса гирдобига тушиб қолган майда ҳислардан озод қилишини Худодан сўраб,  нажот ололмасди.

У зоҳидликдаги дастлабки пайтларда ўзига поклик, ором ва муҳаббат тилаб қилган ибодатларини эслади, унга шундай туюлган эдики, Худо унинг илтижоларини эшитади, у пок эди ва шу ҳис тазйиқида ўзининг бармоғини қирқиб, хашаклар орасидан қийқимланиб,  чандиқланиб кетган ҳолда уни топган ва олиб, қониқиш билан лабига босган эди; яна ўшанда у  итоатда эди, гуноҳларидан қаттиқ  изтироб чекарди, яна ўша пайтлар қалбида муҳаббат бор эди, бир сафар ҳузурига пул сўраб келган маст аскарни ва …аёлни қандай меҳр билан кутиб олганини эслади. Ҳозир-чи? У ўзидан сўради: кимнидир севадими, Софья Ивановнани, Серапион отани севадими, ҳузуридаги шу одамларнинг ҳаммасига, ўша эринмасдан суҳбатлашган, ўзининг ақли тўлиқлигини ва маълумотли эканини кўрсатишга астойдил тиришган  олим йигитга муҳаббат ҳиссини сезганми?  Зотан, улардан меҳр қабул қилиш, бироқ уларга муҳаббатини сездирмаслик унинг учун ёқимли эди. Энди унда муҳаббат ҳам, итоат ҳам, поклик ҳам қолмади.

Унга савдогарнинг қизи йигирма икки ёшда эканлигини эшитиш хуш ёққанди, унинг ҳусни қандай  эканини билишни хоҳларди. Унинг  заифлиги  ҳақида сўраганда, у айнан қизнинг аёлларча малоҳати бор-йўқлигини кўришга қизиққанди.

“Наҳот мен шу даражада паст кетдим? – ўйлади у. – Раббим, менга ёрдам бер, яратган илоҳим мени ўзимга қайтар”. У қўлларини букди ва ибодат қилишни бошлади. Булбуллар чаҳ-чаҳ урарди. Қўнғиз унга томон учди ва гарданига қўнди. Уни олиб ташлади. “У бормикан? Хўш, мен ташқаридан бекитилган уйни  тақиллатаман… Эшикда  қулф бор, мен уни кўра олишим лозим. Қулф, бу – булбуллар, қўнғизлар, табиат. Йигит ҳақдир, балки”. У бошини бу хаёллардан қутқазмагунча, ўзини яна осойишта ва бардам ҳис қилмагунча узоқ вақт овоз чиқариб ибодат қилди. Сўнг қўнғироқни жиринглатди ва кириб келган маҳрамга қизи билан савдогар ҳозир келиши мумкинлигини билдирди.

Савдогар қизини қўлидан тутиб келди, уни ҳужрага жойлаштирди-да, шу заҳоти  изига  қайтиб  кетди.

Қиз оқ бадан, ҳаддан зиёд оппоқ, қонсиз, тўла, бақалоқ, юзига  болаларча ҳадик сингиб қолган, бироқ қоматида  аёллик аломати жуда бўртиб турар, сийналари бўлиққина эди. Сергий ота пойгоҳдаги айвонда қолди. Қиз кириб келар ва яқинидан ўтар экан, дуо қилди-ю, унинг қоматига тушган назаридан даҳшатга тушди. Қиз ўтиб кетди, лекин у ўзини биров чимчилаб олгандек ҳис қилди. Юз қиёфасидан билдики, қиз  ҳиссиётли ва бир оз овсарроқ. У жойидан жилди ва ҳужрага йўл олди. Қиз уни кутиб, курсида ўтирарди.

У қайтиб кириб келди. Қиз  ўрнидан турди.

– Мен отамга боришни хоҳлайман, – деди қиз.

– Қўрқма, – деди у, – Нима, бирор жойинг оғрияптими?

– Менинг ҳамма жойим оғрийди, – деди қиз ва бирдан юзини кулгиси ёритиб юборди.

– Сен соғайиб кетасан, – деди у. – Ибодат қил.

– Қанақа ибодат, мен ибодат қилганман, ҳеч фойда бермайди. – Қиз яна ёйилиб кулди. – Сиз қўлингизни менга қўйиб ибодат қилинг. Мен сизни тушимда кўрганман.

– Қандай кўргансан?

– Кўрганман, сиз мана бундай қилиб, қўлингизни кўкрагимга қўйгансиз. – Сергий ота унга  ўнг қўлини тутқазди. Қиз унинг қўлини олди ва ўзининг кўксига босди. – Мана бу ерга.

– Сенинг исминг нима? – бутун гавдаси билан қалтираганча сўради роҳиб. Сездики, у енгилди, ҳирс туғёнга келди, шаҳват бутунлай ихтиёридан чиқиб кетди.

– Марья. Нимайди?

Қиз унинг қўлини олди ва ўпди, кейин эса бир қўли билан Сергий ота­нинг белидан қучоқлаб, маҳкам бағрига босди.

– Сенга нима бўлди? – деди у. – Марья. Сен шайтонсан.

–Ҳа, бу шунчаки ўйин  холос.

Қиз уни қучоқлаганча ўриндиқда вобаста турарди.

 

* * *

Тонгда  роҳиб зинапояга чиқди.

“Наҳотки шундай бўлди? Отаси келади. Ҳаммасини айтиб беради. У –  шайтон. Нима қилиб қўйдим? Мана у, ўша бармоғимни чопган болта”. – У болтани қўлига олди ва ҳужра томон кетди.

Унга маҳрам  дуч келиб қолди.

– Ўтин ёришни буюрадиларми? Болтани узатинг.

Роҳибга болтани берди. Ҳужрага кирди. Қиз ухлаб ётарди. Унга даҳшат билан қаради. Ҳужрадан ўтди, эркакча кўйлакни топди, уни кийди, қайчини олиб, сочини қирқди ва тоғ пастидаги сўқмоқдан дарё томон кетди. Бу жойларга тўрт йилдан бери қадам босмаганди.

Дарё бўйидан йўл узанганди; у шу йўлнинг бошини тутди ва тушгача юрди. Туш пайти бир ўтлоққа кирди ва унда чўзилди. Кечга яқин дарё бўйидаги қишлоққа юзланди. Қишлоққа кирмай, дарё томон, жар қаърига қараб  кетди.

Қуёш чиқишига ярим соат қолган. Субҳи содиқ вақти эди. Ҳамма нарса нам ва ғамгин, шу чоқ ғарбдан тонгги муздек  шабада  эсди. “Ҳа, ҳаммасини тугатиш шарт. Худо йўқ. Қандай тугатай, ўзимни сувга ташлайми? Сузишни биламан, чўкмайман. Ўзимни   осайми? Ҳа, мана шохга осилишга камар”. Булар аниқ ва яқиндек туюлди ва у даҳшатга тушиб кетди. Ҳаяжонли  шу дақиқаларда ибодат қилишни хоҳлади. Бироқ сиғинадиган зот  топилмасди. Худо йўқ эди. У бир қўлини тагига босиб, ёнбоши билан ётарди. Шу пайт ухлагиси келиб кетди, бошини бошқа чангаллаб тура олмади,  қўлини бўшатиб, боши остига  қўйди-ю,  шу чоқ уйқуга кетди. Аммо бу уйқу бир лаҳза давом этарди; у бирдан уйғониб кетар, туш кўраётганини ҳам, хотираларни эслаётганини ҳам билмасди.

Мана, онасининг қишлоқдаги уйи, у қарийб ўзини бола сифатида кўрди. Унга арава яқинлашади ва ундан ёйилган, кетмондай қора соқолли Николай Сергеевич тоға, у билан қисиқ кўзлари аянч ила боқувчи юзи озғин қиз Пашенька тушади. Мана, ўртоқлари Пашенькани бошлаб келишади.У билан ўйнаш керак, бўлмаса зерикиб қолади. Қиз калтафаҳмроқ. Машварат шу билан тугайдики, унинг сузишни билишини кўрсатишга қисташади, қиз эса ерга ётиб олганча “сузади”, бу ҳамманинг кулгисини қистатади. Ҳамма қаҳқаҳа отади, уни масхара қилишади. У буларни кўриб туради ва юзининг доғларигача қизариб кетади, ночор, шундай ночор ҳолга тушадики, виждонан айтганда, унинг қийшайган, самимий, итоаткорона кулгисини унутиш мумкин эмас. Сергий уни шундан кейин қачон кўрганини эслади. Уни  анча кейин, роҳибликни қабул қилишидан олдин кўрганди. У бутун буд-шудини беҳуда совурган ва аёвсиз дўппослайдиган қандайдир заминдорга эрга чиққанди, унинг икки нафар фарзанди бор эди: ўғил ва қиз. Ўғли гўдаклигида ўлиб кетганди.

Сергий у бахти қарони қандай учратганини ёдга олди. Кейин уни монастирда бева ҳолда кўрди. Ўшанда ҳам олдингидек эди – овсар эмас-у, лекин кўримсиз, бечора ва аянчли. У қизи ва куёви билан келганди. Уларнинг  қашшоқлиги кўриниб турарди. Кейин эшитдики, улар бир уезд шаҳарчасида жуда ночор яшашар экан. “Мен нима учун у ҳақида ўйлаяпман? – ўзидан сўради Касатский. Бироқ ўйлашдан тийила олмади. – У қаерда? Нималарни бошидан кечирди? Ҳозир ҳам ўшандай – ерда ётиб сузишни кўрсатгандагидай ночормикан? У  ҳақда ўйлаш менга зарил келибдими? Менга нима? Тугатиш керак”.

Унга яна аҳволи қўрқинчли туюлди, яна бундай хаёллардан фориғ бўлиш учун Пашенька ҳақида ўйлай  бошлади.

У гоҳ ўзининг муқаррар қисмати, гоҳ Пашенька ҳақида ўйлаб, узоқ ётди. Пашенька унга нажот манзилидек туюлди. Охири у ухлаб қолди. У тушида бир фариштани кўрди, фаришта унга яқин келиб деди: “Пашеньканинг ҳузурига бор ва бундан кейин нима қилишинг, гуноҳинг нимада, нажот қайда эканлиги ҳақида ундан билиб ол”.

У уйғониб, бу Раббининг илоҳий пайғоми эканини билди ва тушда кўрганини амалга оширишга аҳд қилди. У аёл яшаётган шаҳарни биларди, – бу ердан уч юз верст нарида, – ўша ёққа қараб йўл олди.

 

8

Пашенька қачонлардан бери у Пашенька бўлмай, қари, қоқ суяк, ажинларга ўранган, омадсиз, ичувчи амалдор Маврикьевнинг қайнонаси Прасковья Михайловнага айланган  эди. У куёви охири келиб қолган уезд шаҳарчасида яшар, оиласини: қизи, руҳий васвасага чалинган касал  куёви, беш набирасини  бир амаллаб боқарди. Тирикчилик манбаи амаллаб соатига ўн беш рубль тўланадиган,  савдогарнинг қизига ўқитиладиган мусиқа дарслари эди. Кунига баъзан тўрт, баъзан беш соат дарс берар, даромади ҳам шунга яраша бўлар эди. Бу жойда ўз бошпаналарини кутиб, омонат туришарди. Бошпана сўраб, Прасковья Михайловна ҳамма яқинларига, жумладан, Сергийга ҳам хат ёзганди. Бироқ бу хат унга келиб етмаган.

Шанба эди ва Прасковья Михайловнанинг ўзи  ёғ, сут солиб тайёрланган нонни узум билан аралаштирарди, буни отасининг қарол ошпази жуда яхши тайёрлайди. Прасковья Михайловна эртанги байрамда набираларини сийлаш ниятида эди.

Қизи Маша кичкинтойларга қараб турар, катта набиралар – бола ва қиз мактабда эди. Куёв туни билан ухламаган, ҳозир уйқуда эди. Прасковья  Михайловна кечаси билан қизининг эрига бўлган ғазабини юмшатаман, деб узоқ вақт ухлай олмаганди.

Кўриб турардики, куёви – заиф махлуқ,  бошқача гапириши ҳам, яшаши ҳам мумкин эмас, хотинининг дийдиёси наф бермайди, шунинг учун қайнона бутун кучини жанжал чиқмаслиги, ёмонлик бўлмаслиги учун уларнинг муросасига сарфларди. Аёл амалда одамлар орасидаги нохуш ҳолатларни  жисмонан кўтара олмасди. Унга бу воситачилигидан бирор яхшилик чиқмаслиги, аксинча, аҳвол баттар бўлиши аниқ эди. Бу ҳақда ўйламасди, фақат ёвузликдан бадбўй ҳид, қаттиқ шовқин ёки баданни жароҳатлашдан қўрққандек  қўрқарди.

У Лукерьяга ошган хамирни қандай аралаштиришни ҳафсала билан ўргатиб турганда ошхонага пешбанд  таққан, қийшиқ пойабзал,  йиртиқ пайпоқда олти яшар набираси Миша ваҳима  билан югуриб кирди.

– Буви, сизни бир қўрқинчли чол излаб юрибди.

Лукерья эгилиб қаради:

– Шундай, қандайдир  тиланчи чол.

Прасковья Михайловна озғин тирсакларини бир-бирига ишқаб, қўлини пешбандига артиб тозалади-да, уйга кириб, ҳамёндан беш тийин олишни мўлжаллади, кейин бирдан майда чақа йўқлиги эсига тушиб қолди, нон садақа қилишни ўйлаб,  жавонга қайтди, ўзича хижолат бўлди, нонни қизғанди, Лукерьяга бир бўлак кесишни тайинлаб, ўзи яна чақа учун юқорига йўл олди. “Мана сенга, – деди ўзича, – хасислигингнинг жазоси”.

Садақани узатар экан, ҳар доим бўлганидек, қайси тиланчи бўлмасин, ўзининг саховатидан ғурурлана олмасди, аксинча, жуда оз инъом этаётганидан уяларди. Тиланчининг кўриниши анча салобатли эди.

Христово мулкига етгунча уч юз верст йўл босиб, ҳориган, озган, қорайганлигидан қатъи назар, сочи қирқилган, пўрим телпаги, худди шундай этиги унниқиб қолган,  ғамбода ҳолда букчайиб туришига қарамасдан Сергий отадан ўзига ярашиқлик салобат уфуриб турарди. Аммо Прасковья  Михайловна уни қарийб ўттиз йилдан бери кўрмаган эди, танимади.

– Тортинманг, отахон. Балки тамадди қилишни хоҳларсиз?

У нон ва пулни олди. Прасковья Михайловна ҳайрон бўлди, чол қимирламас, унга тикилиб турарди.

– Пашенька. Мен сеникига келдим. Мени қабул қил.

Унинг қора кўзлари синчковлик ва ўтинч билан тикилиб, қуйилиб келган ёшлардан йилтираб  турарди. Оқара бошлаган мўйловлари остидан лаби аянчли титрарди.

Прасковья Михайловна қоқ  суяк кўксини чангаллаб, анграйганча лол қотган маҳзун  нигоҳлари билан тиланчига боққан алпозда  беҳуш бўлиб  қолди.

– Наҳотки?  Бўлиши мумкин эмас! Степа! Сергий! Сергий ота!

– Ҳа, мен ўзим, – аста сўзлади Сергий. – Фақат Сергий эмас, Сергий ота эмас, шармандали гуноҳкор Степан Касатский, маҳв бўлган лаънати гуноҳкор. Қабул қил,  менга кўмак бер.

– Наҳотки, бўлиши мумкин эмас, сиз қандай қилиб бу кўйга тушдингиз? Юринг, ичкарига киринг.

Аёл қўлини узатди;  роҳиб унинг қўлидан  ушламади, аёлнинг  орқасидан эргашди.

Бироқ қаерга олиб боради? Хона жуда тор. Унга бошида худди қазноқдек кичкина хонани ажратишди, кейин ана шу омборчани қизига берди. Мана, ҳозир Маша шу ерда ўтириб, гўдагини эмизаяпти.

– Мана бу ерга ўтиринг, ҳозир, – деди Сергийга ошхонадаги курсини кўрсатиб.

Сергий шу заҳоти ўтирди ва одати бўйича  олдин бир елкасидаги, кейин иккинчи елкасидаги халталарини шахт билан ечди.

– Вой, худойим сизни ўзи етказди,  отагинам! Қандай яхши, яна бирданига…

– Маша, биласанми, бу ким?

Прасковья Михайловна қизига пичирлаб, Сергийнинг кимлигини тушунтирди, улар иккаласи  қазноқдаги тўшак беланчакни бўшатиб, Сергий учун олиб чиқишди.

Прасковья Михайловна Сергийни ҳужрачага бошлаб кирди.

– Мана шу ерда дам оласиз. Хижолат бўлманг. Мен эса кетишим керак.

– Қаерга?

– Менинг дарсим бор, виждонан айтсам, мусиқа ўқитаман.

– Мусиқа, бу – яхши-ку. Фақат бир нарса, Прасковья Михайловна, мен сизникига иш билан келганман. Сиз билан қачон гаплашсам бўлади?

– Бажонудил розиман. Балки оқшомдадир?

– Бўлади, фақат яна бир илтимос: келганим ҳақида, мен ҳақимда ҳеч кимга айтманг. Мен фақат сизга сиримни очдим. Менинг қаерга кетганимни ҳеч ким билмайди. Шундай бўлсин.

– Эҳ, қизимга айтиб қўйибман.

– Уф, ундан илтимос қилинг, ҳеч кимга оғиз очмасин.

Сергий этигини ечди ва шу зумда бедор кеча, қирқ верст пиёда юришдан кейинги чарчоқ билан  донг қотиб ухлаб қолди.

* * *

Прасковья Михайловна қайтганда Сергий ота кириб олган ҳужрачасида ўтирар ва уни кутарди. Меҳмон тушликка чиқмади, фақат Лукерья келтирган ёвғон  ва бўтқа билан тамадди қилди.

– Нега айтган вақтингдан анча олдин келдинг? – деди Сергий. – Энди гап­лашса бўладими?

– Қандай бахтлиман, меникига ким ташриф буюрди? Мен дарсни ўтмадим. Кейин… Мен ҳузурингизга боришни орзу қилганман, сизга хат ёзганман ва бирданига мана бунақа омадни қаранг.

– Пашенька, марҳамат қил, ҳозир мен нима гапирсам, уларни худди васиятдек, жон бериш олдидан Раббининг қаршисида айтиладиган иқрордек қабул қилгин. Пашенька, мен авлиё эмасман, ҳатто оддий, кўп қатори фақир одам ҳам эмасман: мен гуноҳкор, ифлос, қабиҳ, йўлдан озган, такаббур, мунофиқ, билмадим, булардан ҳам ёмонманми, бироқ энг ёмондан ҳам ёмонман.

Пашенька дастлаб кўзини чақчайтириб қаради; у ишонди. Кейин, қачонки у тўла ишонгач, қўлини унинг қўлига қўйиб, изтироб билан жилмайганча деди:

– Стива, балки сен бир оз ошириб юбораётгандирсан?

– Йўқ, Пашенька. Мен дайди, бузуқи,  қотил,  Худодан қайтган ва алдамчиман.

– Вой Худойим! Бу қанақаси бўлди? – овози титраб деди Прасковья Михайловна.

– Аммо яшаш керак. Мен ҳамма нарсани биламан, деб ўйлардим, ҳаммага қандай яшашни  ўргатардим, афсуски, ҳеч нарсани билмас эканман, сен менга ўргат – сендан ўтиниб сўрайман.

– Сенга нима бўлди, Стива? Сен куляпсан. Нима учун ҳамма менинг устимдан кулади?

– Хўп, майли, мен куляпман; фақат менга айт, қандай яшаяпсан, ҳаётинг қандай ўтди?

– Менми? Мен энг қабиҳ, беҳаловат ҳаёт кечирдим, энди Худо мени қилмишимга яраша шундай жазолаяптики, шунақа аҳмоқона яшаяпман, шунақа аҳмоқона…

– Қандай эрга тегдинг? Эринг билан қандай яшадинг?

– Ҳаммаси аҳмоқона бўлган. Тегдим – қаттиқ севиб қолдим. Отам буни хоҳламаганди. Мен ҳеч нарса билан ҳисоблашмадим, тегдим. Турмушга чиққаним –  эримга ёрдамлашмоқчи эдим, кейин эса рашк  билан уни кўп қийнадим, ўзимни бундан тия олмадим.

– У ичар экан, буни эшитган эдим.

– Ҳа, мен уни ҳеч жиловлай олмадим. Унга тазйиқ қилдим. Ичкиликбозлик касаллик-ку. У ўзини ушлай олмасди, ҳозир эсимга тушиб қолди, унга қандай кун бермаганим… Ҳаётимизда даҳшатли воқеалар кўп бўлган.

Аёл тийрак, хотиралардан маҳзун тортган кўзлари билан Касатскийга термулди.

Касатский Пашеньканинг эри қандай дўппослагани ҳақида эшитганларини эслади. Ҳозир унинг озғин, қулоқлари ортидаги чуқур ажинлар қоплаган, тиришган бўйнини ва сийраклашиб қолган, оқ оралаган малларанг сочларининг ҳурпайиб туришини  кўриб, ўша жанжаллар қандай кечганини тушунгандек бўлди.

– Кейин мен икки болам билан ҳеч вақосиз қолиб кетдим.

– Менимча, сизларнинг мулкингиз бор эди…

– Буларнинг ҳаммасини Вася билан сотиб, охиригача… еб бўлгандик. Яшаш керак эди, менинг  эса барча бой хотинлар каби қўлимдан ҳеч вақо келмасди. Ҳаммадан ҳам мен ночор, мададсиз эдим. Иложсиз шундай яшадик, болаларимни ўқитдим – ўзим ҳам озроқ сабоқ олдим. Митя тўртинчи синфда касалга чалинди, уни Худо кўп кўрди. Манечка поччаси Ваняни севиб қолди. Нима дейман, Ваня яхши одам, фақат бахтсиз. У касал.

– Ойижон, –  қизи унинг сўзини бўлди. – Мишани олиб туринг, ундан ажрала олмаяпман.

Прасковья Михайловна чўчиб тушди, ўрнидан турди-да, титилиб кетган бошмоғини оёғига илиб, шошиб  ташқарига чиқди ва тезда қўлида икки яшар набирасини тутиб кириб келди, бола ўзини орқага ташлар, қўллари билан кампирнинг сочидан ушлашга уринарди.

– Шундай, нимада тўхтаган эдим? Ҳа, мана, унинг ўша жойдаги вазифаси яхши эди – меҳрибон раҳбар, бироқ Ваня чидай олмади, истеъфога чиқди.

– У қанақа касал эди?

– Неврастения, бу даҳшатли касаллик. Биз маслаҳатлашдик, бироқ кетиш керак эди, маблағ бўлса йўқ. Барибир умид қиламан, бу ўтиб кетар. Унда қаттиқ оғриқ йўқ, аммо…

– Лукерья! – заиф, лекин зардали овоз эшитилди. – Қачон керак бўлса, бирор ёққа кетган бўлади. Онаси…

– Ҳозир, – яна гапини бўлди Прасковья Михайловна. – У ҳали тушлик қилмади. Биз билан ўтира олмайди.

Аёл чиқиб кетди, ниманидир жойлаштириб, қорайган, озғин қўлларини артганча кириб келди.

– Мана шундай яшаяпман. Ҳамма нарсадан шикоят қиламиз, ҳамма норози, лекин, худога шукур, набиралар  ёқимтой, соғлом, демак, ҳали яшаса бўлади. Ўзим ҳақимда бошқа нима дейишим мумкин?

– Ҳа, ниманинг ҳисобидан кун кўраяпсизлар?

– Менинг бир оз даромадим бор. Бир вақтлар мусиқадан безор бўлгандим, бугун у кунимга яраб турибди.

Аёл кичкина қўлини ўтирган сандалнинг устига қўйди-да, худди машқ қилгандек озғин бармоқлари билан сандални тиқирлатиб қўйди.

– Дарсингиз учун қанча тўлашади?

– Бир рубль ҳам тўлашади, эллик тийин ҳам, баъзан ўттиз тийин ҳам.  Улар, барибир сахий одамлар.

– Нима десам экан, ютуқлар борми? – кўзлари билан кулиб сўради Касатский.

Прасковья Михайловна дабдурустдан саволнинг нақадар жиддийлигига ишонмади ва унинг кўзларига савол назари билан тикилди.

– Ютуқлар ҳам топилди. Битта донғи чиққан қиз бор, қассобнинг қизи. Оқила, яхши қиз. Мана, агар мен уддабурон аёл бўлганимда эди, табиий, отам­нинг мавқеидан келиб чиқиб, ўзимга қойим жойдан куёв топардим. Мен эса ҳеч нарса қила олмадим ва шу кунларга гирифтор бўлдим.

– Тўғри, тўғри, – деди Касатский бошини эгиб. – Хўш, қандайсан, Пашенька, черков ҳаётида  иштирок этасанми? – сўради  Касатский.

– Э, қўйсангиз-чи. Шундай аҳмоқона, шунчаки… ташлаб қўйганман. Болаларим билан рўза тутаман ва черковда бўламан, баъзан ойлаб бўлмайман. Болаларни юбораман.

– Нима учун ўзинг бўлмайсан?

– Агар ростини айтсам, – қизариб кетди аёл, – виждонан айтганда, қизим, набираларим қуршовидан узилиб кетишим қийин, бироқ янгилик ҳам йўқ. Шунчаки эринаман.

– Хўш, уйда ибодат қиласанми?

– Чўқинаман, ибодат ҳам эл қатори. Биламан, бунақаси кетмайди, чинакам ихлос йўқ, фақат ўзингнинг барча ярамасликларингни билиб турасан, холос…

– Ҳа, ҳа, шундай, шундай, – худди тасдиқлагандай қувватлади Касатский.

– Ҳозир, ҳозир, – аёл куёвининг чақириғига жавоб берди ва бошидаги рўмолини тўғрилаганча хонадан чиқди.

Бу сафар узоқ вақт қолиб кетди.  У қайтганда Касатский олдингидек қўллари билан тиззасига таяниб, бошини қуйи эгганича ўтирарди.  Бироқ халталари елкасига илинганди.

Аёл гардишсиз, темир чироқ кўтариб  кириб келар экан, у  чиройли, ҳорғин кўзлари билан тикилиб қолди ва чуқур, янада чуқур нафас олди.

– Мен унга сизнинг кимлигингизни айтмадим, – деб дадил гап бошлади у, – фақат мен биладиган дуохон тиланчилардан дедим. Ошхонага кетдик, чой ичамиз.

– Йўқ….

– Хўп, мен шу ерга олиб келаман.

– Йўқ, ҳеч нарса керак эмас. Пашенька, сени Худо паноҳида асрасин. Мен кетдим. Агар заррача раҳминг келса, мени кўрганингни ҳеч кимга айтма. Раббим номи билан илтижо қиламан: ҳеч кимга айтма. Сенга раҳмат. Мен оёғингга йиқилиб, қуллуқ қилишим мумкин, бироқ бу, биламан, сени хижолатга қўяди. Раҳмат, Исо Масиҳ ҳурмати, маъзур тут.

– Дуо қилиб туринг.

– Худо ёрлақасин. Исо Масиҳ ҳурмати, маъзур тут.

У кетмоқчи бўлди, аёл уни чиққани қўймади ва нон, тешик кулча ҳамда ёғ олиб келди. Касатский  ҳаммасини олди ва ташқарига чиқди.

Қоронғи тушиб қолган эди, икки уйдан ўтгач, аёл  унинг қорасини илғамай қолди, фақат итларнинг бир-бирига басма-бас вовуллашидангина унинг кетиб бораётганини биларди.

 

* * *

“Тушимнинг таъбири мана шу эди. Пашенька мен бўлишим керак бўлган, бироқ бўла олмаган одам. Мен Худо номи билан одамлар учун яшадим, у эса одамлар учун яшаётгандек бўлиб, Худо учун яшаяпти. Ҳа, битта хайрли иш, ҳеч мукофот талаб қилмай, миннатсиз узатилган бир пиё­ла сув менинг одамларга ўқиган панд-насиҳатимдан афзал. Бироқ Худога хизмат қиламан деган заррача холис хоҳиш бўлганмиди?” – сўради ўзидан ва жавоб қайтарди: “Ҳа, бироқ бу хоҳишларнинг ҳаммаси инсон қавмига хос шуҳрат истаги билан ёнди, улғайди. Ким мен сингари шуҳратталаб бўлиб яшаса, унинг учун Худо йўқ. Мен энди  Уни излайман”.

У худди Пашеньканикига келгандек қишлоқдан-қишлоққа ўтиб, эркак-аёл тиланчиларга дуч келиб, улардан йироқлашиб, Исо Масиҳ ҳурмати учун нон ва бошпана сўраб, изғиб юрди. Баъзида уни баджаҳл хонимлар, ичиб олган мардумлар қувиб соларди, асосан, кўпчилик еб-ичирар, боқар, ҳатто йўл харжи ҳам берарди. Унинг салобатли қиёфаси кўп жойда қўл келарди. Айримлар  ҳатто бойлар ҳам қашшоқлашибди, деб ўйлаб хурсанд бўларди.  Барибир унинг ювошлиги ҳаммасидан устун келарди.

У уйлардан Инжил топиб олиб ўқир, одамлар эса бир вақтнинг ўзида янги ҳамда аллақачон таниш ҳикматларни ундан эшитиб, ҳар қачон ва ҳамма жойда ҳам қуллуқ қилишар, ҳам ҳайрон бўлишарди.

Агар одамларга маслаҳати ёки саводи асқотиб қолса ёки жанжаллашганларни яраштириб қўйса, бундан мағрурланиб кетмас, тамаъ қилмас, чунки бундай ҳислардан  узоқлашганди. Шундай қилиб, Худо унда ўзини оз-оздан намоён қила бошлаганди.

Бир марта икки қари кампир ва аскар билан кетар эди. Йўртоқ от қўшилган  аравага ўрнашиб олган бой ва бойвучча, от миниб бораётган эркаклар тўдаси  уларни тўхтатди. Бойвуччанинг эри қизи билан отда боришар, одатдагидек, бойвучча ва сайёҳ-француз якка от қўшилган икки ғилдиракли енгил арава – шарабанда  эдилар.

Улар меҳмонга рус халқи учун хурофот  бўлган, ишлаш ўрнига у жойдан-бу жойга санғиб юрадиган les pelerins[12] кўрсатиш мақсадида  дайдиларни тўхтатишган экан.

Улар французчалаб гаплашишар, буларни тушунмайди, деб ўйлашарди.

– Demandez leur, – деди француз Sils sont bien surs de ce que leur pelerinage est agreable a dieu[13]. Улардан сўрашди. Кампирлар жавоб беришди:

– Худонинг иродаси. Кимники қабул бўлади: оёқ билан кезганникими, қалби билан берилганникими?

Солдатдан сўрашди. У ёлғизлигини, бундан бошқа овунчи йўқлигини билдирди. Касатскийнинг кимлигига қизиқишди.

– Худонинг қулиман.

– Qu’est ee qu’il dit? Il ne repond pas. Il dit qu’il est un serviteur de dieu.  – Cela dit etre un fils de pretre. Il a de la race. Avezvous de la petite monnaie?[14]

Французга майда топиб беришди. У ҳаммага йигирма тийиндан тарқатиб чиқди.

– Mais dites leur que ce n’est pas pour des cierges que je leur donne, mais pour qu’ils se regalent de the; чой, чой – деди у кулиб, – pour vous, mon vieux[15], – сўз қотди қўлқопли бармоқлари билан Касатскийнинг елкасидан туртиб.

– Худо ёрлақасин, – деди Касатский телпагини киймай, тақир бошини пастга эгиб.

Касатский учун бу учрашув жуда қувончли бўлди, негаки, одамларнинг муносабатидан жирканиб,  шунга жавобан беҳуда, жўн бир иш қилди – йигирма тийинни  олди-да, уни киприк қоқмай ҳамроҳига, кўр гадойга берди. Унга одамларнинг марҳамати қанчалик аҳамиятсиз туюлса, у Худони шунчалар кучли ҳис қила бошлади.

 

* * *

Касатский саккиз ой сарсон-саргардонликда кезинди, тўққизинчи ойда губерня шаҳарчасида уни тиланчилар билан тунаб ётган жойида ушладилар ва паспортсизлар қаторида қисмга олиб кетдилар. У ҳужжатинг қаерда, кимсан, деган сўроқларга ҳужжатим йўқ, ўзим Худонинг қулиман, деб жавоб берди. Уни саёқлар сафига қўшдилар ва суд қилиб, Сибирга жўнатдилар.

Сибирда бир бой одам ижарага  олган  ҳовлига ўрнашди ва ҳозир шу ерда яшаяпти. У хўжайиннинг полизида ишлайди, болаларни ўқитади, касалларни даволайди.

                                                                        Рус тилидан Ҳаким Сатторий таржимаси

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 11-сон

________________________

[1]Лиза, ўнгга қара, бу ўша (франц).

[2] Қани, қани? У унчалар хушрўй эмас-ку. (франц).

[3] Иконостас – меҳробни ажратиб турадиган, иконалар қўйилган енгил девор. (Тарж.).

[4] Вензиль – исм шариф бош ҳарфлари бир-бирига чирмаштириб тузилган безак, туғро. (Тарж).

[5] Акселбант – елкага тақиладиган зарбоф чилвир. (Тарж).   

[6] Шароитга қараб (франц.)..

[7] Ротонда – аёлларнинг ёпинчиқ кўринишидаги енгсиз қишлик кийими. (Тарж.).

[8] Архимандрит – ибодатхона бошлиғи. (Тарж.)

[9] Верст – 1 верст 1,06 км.га тенг масофа.

[10] Пасха – Насронийлар рўзаси ва шунга бағишланган байрам.

[11] Троица – ота худо, ўғил худо ва муқаддас руҳдан иборат ягона худо; шунга аталган байрам.

[12] Тиланчиларни (франц).

[13] Сўранг-чи, уларнинг ибодати Худо даргоҳида ижобат бўлишига ўзлари ишонишадими?

[14] У нима деди? У жавоб бермаяпти.

– У, мен Худонинг қулиман, деяпти.

– Бу диндорнинг ўғли бўлса керак, битишидан кўриниб турибди, олий насаб. Сизда майда борми?

[15] Айтиб қўйинг, мен уларга шам учун бераётганим йўқ, балки чой ичиб ҳузурлансинлар… мана сизга, бобой (франц.).