Константин Паустовский. Устара (ҳикоя)

Тун бўйи қор аралаш ёмғир ёғди. Шимол томондан эсган шамол маккажўхорининг ириган пояларида хуштак чалар, немислардан садо чиқмасди. Қирғоқ яқинида турган қирувчи кема онда-сонда тўпларидан Мариуполь томонга ўқ отиб қўярди. Шунда қора бир гулдирак чўлни ларзага солар, снарядлар бошингиз тепасида таранг тортилган бўз йиртилгандай товуш чиқариб, қоронғулик қаърига учишарди.
Ёмғир таъсирида ялтироқ бўлиб қолган каска кийган икки жангчи тонгда майор истиқомат қиладиган лойсувоқ уйга кекса, паст бўйли бир кишини олиб келишди. Унинг ҳўл катак камзули баданига ёпишиб қолган, оёқларида катта-катта лой бўлаклари осилиб ётарди.
Жангчилар майор олдидаги столга тинтув чоғида қариянинг ёнидан топилган буд-шуд нарсалар – паспорт, устара ва соқол қиришда ишлатиладиган чўткачани жимгина қўйдилар-да, чол жарликдаги қудуқ олдида қўлга олинганини айтдилар.
Қария сўроқ қилинди. У Мариуполь театри сартароши армани Аветис эканини айтди ва кейинчалик қўшни қисмларда ҳам узоқ вақт тилдан-тилга кўчиб юрган воқеани ҳикоя қилиб берди.
Сартарош немислар келгунча Мариуполдан қочиб кетишга улгурмади. У қўшниси – яҳудий аёлнинг икки ўғилчаси билан бирга театр ертўласига яширинди. Қўшни аёл бундан бир кун олдин нон олиб келиш учун шаҳарга кетгани кўйи қайтиб келмади. Афтидан, у бомбардимон пайтида ҳалок бўлганди.
Сартарош ертўлада болакайлар билан бир кеча-кундуздан кўпроқ вақтни ўтказди. Болалар бир-бирларининг пинжларига тиқилиб ўтиришар, ухлашмас, нуқул нимагадир қулоқ тутишарди. Тунда болаларнинг кичкинаси баралла йиғлаб юборди. Сартарош унга дўқ-пўписа қилганди, болакай жимиб қолди. Шунда сартарош камзули чўнтагидан илиқ сувли шишани олиб, болага ичирмоқчи бўлди, лекин у ичмади, лабини четга бурди. Сартарош болакайнинг иягидан ушлади – унинг юзи ҳўл, иссиқ эди – ва зўрлаб сув ичирди. Бола ҳиқиллаб, ютоқиб ичар, лойқа сув билан қўшиб кўз ёшларини ҳам ютмоқда эди.
Иккинчи кеча-кундуз деганда немис ефрейтори ҳамда икки аскар болалар ва чолни ертўладан чиқариб олдилар-да, ўз бошлиқлари – лейтенант Фридрих Кольберг ҳузурига олиб келдилар.
Лейтенант тиш врачи ташлаб кетган хонадонда яшарди. Қўпориб олинган ойна ромлари тахта билан бекитилган, хоналар қоронғу, совуқ – Азов денгизи устидан рутубатли бўрон ўтмоқда эди.
– Қанақа томоша бу ўзи?
– Уч жуҳудни тутиб олдик, жаноб лейтенант! – ахборот берди ефрейтор.
– Ёлғоннинг нима ҳожати бор, – деди лейтенант мулойимлик билан. – Болакайлар жуҳуд, тўғри, лекин мана бу қари майиб бориб турган грек, эллинларнинг буюк авлоди, полепонес маймуни, гаров ўйнайман. Нима дединг! Сен арманимисан? Менга буни нима билан исбот этасан, ириган мол гўшти?
Сартарош индамади. Лейтенант этигининг учи билан олтин ромнинг охирги бўлагини печкага тиқди ва асирларни қўшни бўш хонадонга олиб боришни буюрди. Кечга томон лейтенант дўсти, хўппасемиз учувчи Эрли билан шу ерга келди. Улар қоғозга ўроғлиқ иккита катта шиша олиб келишганди.
– Устара ёнингдами, – сўради лейтенант сартарошдан. – Шунақами? Ундай бўлса, бу фариштасурат жуҳудваччаларнинг бошларини тарашлаб қўй!
– Нима кераги бор, Фри? – эринчоқлик билан сўради учувчи.
– Болакайлар жуда чиройли, – деди лейтенант. – Шундай эмасми? Мен
– Уларнинг чиройини бироз бузмоқчиман. Ана шунда уларга камроқ ачинамиз.
Сартарош болаларнинг сочини тап-тақир қилиб олди. Улар бошларини эгганча йиғлаб ўтиришар, сартарош эса кулимсираб қўярди. Доимо бошига бахтсизлик тушса, у шунақа қийшиқ жилмаярди. Бу жилмайиш Кольбергни алдади, – лейтенант ўзининг беозор ҳазили қари арманини завқлантиряпти деб ўйлади. Лейтенант ўғилчаларни стол атрофига ўтқазди, шишанинг оғзини очди ва тўрт стаканни тўлдириб арақ қуйди.
– Сенга арақ бермайман, Ахиллес, – деди у сартарошга, – кечқурун соқолимни қиришингга тўғри келади. Сизларнинг гўзал жононларингизникига меҳмонга бормоқчиман.
Лейтенант болакайларнинг тишларини куч билан очиб, ҳар қайсисининг оғзига бир стакандан арақ қуйди. Болакайларнинг афтлари буришар, нафаслари тиқилар, кўзларидан ёш оқарди. Кольберг стаканни учувчи билан уриштириб, арақни ичди ва шундай деди:
– Мен доимо юмшоқ усулларнинг тарафдори эдим, Эрли.
– Сенга, ахир, бекорга ажойиб Шиллеримизнинг номини беришмаганда, – жавоб берди учувчи, – ҳозир улар рақс туша бошлашади.
– Бўлмасам-чи!
Лейтенант болаларнинг оғзига яна бир стакандан арақ қўйди. Болакайлар ўзларини ҳимоя қилишди, лекин лейтенант ва учувчи қўлларини қисиб, арақни секин-аста қуйиб, бояқишлар охиригача ичишини кузатишар, қийқириб туришарди:
– Хўш! Ана шундай! Ширинми? Қани, яна бир марта! Жуда зўр!
Болаларнинг кичиги қайт қила бошлади. Унинг кўзлари қизариб кетганди. У ўриндиқдан сирғалиб тушди-ю, ерга ётди. Учувчи унинг қўлтиғидан ушлаб, ўтирғизиб қўйди ва оғзига яна бир стакан арақ қуйди. Шунда болаларнинг каттаси биринчи марта чинқириб юборди. У қулоқни тешгудек қичқирар, қўрқувдан дум-думалоқ бўлиб қолган кўзларини лейтенантдан узмасди.
– Жим бўл, итвачча! – бақирди лейтенант.
У болалардан каттасининг бошини орқага ташлаб, шишадан тўппа-тўғри оғзига арақ қуйди. Бола ўриндиқдан қулаб тушди, девор томонга эмаклаб кетди. У эшикни ахтарар, афтидан кўр бўлиб қолганди, шунинг учун боши билан кесакига урилди, оҳ тортди ва жимиб қолди…
– Кечга томон, – деди сартарош бўғилиб, – болакайларнинг иккаласи ҳам ўлди. Улар худди яшин ургандек қоп-қора, ғужанак бўлиб ётишарди.
– Кейин нима бўлди? – деди майор ва столда ётган буйруқни ёнига тортди. Қоғоз баланд овоз чиқариб шиғиллади. Майорнинг қўллари титрарди.
– Кейинми? – сўради сартарош – майлингиз – кейин лейтенант соқолини қириб қўйишимни буюрди. У маст эди, бўлмаса бундай аҳмоқликка бормасди. Учувчи кетди. Биз лейтенант билан унинг иситилган уйига бордик. У ойна олдига ўтирди. Темир шамдондаги шамни ёқдим-да, унинг юзини совунлай бошладим. Шамдонни ойна олдидаги ўриндиққа қўйдим. Сиз бунақа шамдонларни кўрган бўлишингиз керак: сочлари ёйилган аёл қўлида гул ушлаб турибди, шу гул косасига шам қўндирилган. Мен мағзавали чўткани лейтенантнинг кўзларига босдим. У қичқирди, лекин мен темир шамдонни олиб, бор кучим билан немиснинг чаккасига уришга улгурдим.
– Тил тортмай ўлдими? – сўради майор.
– Ҳа, тил тортмай ўлди. Кейин мен сизлар томонга ўтиб олиш учун икки кун йўл босдим.
Майор устарага нигоҳ ташлади.
– Нега устарага қараганингизни тушуниб турибман, – деди сартарош. – Сиз устарадан фойдаланса бўлмасмиди, демоқчисиз. Шундай қилсам маъқулроқ эди. Аммо биласизми, устарани кўзим қиймади. Бу эски инглиз устараси. Ўн йилдан бери шу билан ишлайман.
Майор ўрнидан туриб, сартарошга қўл узатди.
– Бу кишининг қорнини тўйғазинглар, – деди у жангчиларга, – ва қуруқ энгил-бош топиб беринглар.
Сартарош эшикка чиқди. Жангчилар уни дала ошхонаси томон олиб кетишди.
– Эҳ, оғайни, – деди жангчиларнинг бири ва қўлини сартарошнинг елкасига қўйди, – кўз ёшлари юракни ҳолсизлантиради. Бунинг устига, мўлжални ҳам кўриб бўлмайди. Уларни битта қўймай қириб ташлаш учун кўзларда нам бўлмаслиги керак. Тўғрими гапим?
Сартарош бош қимирлатиб унинг фикрига қўшилди.
Қирувчи кема тўплардан ўт очди. Қўрғошинранг сув тўлқинланди, қорайди, лекин шу оннинг ўзида осмон акси – туманли яшил рангига қайтди.
1941 йил.

Русчадан Жўра Фозил таржимаси
“Китоб дунёси” газетасидан олинди.