Константин Паустовский. Гулмоҳилар (ҳикоя)

Наполеон армиясининг бир маршали қисмати ҳақидаги ушбу ҳикоя нозик инсоний туйғуларнинг танқислигидан зорланиб юргувчи китобхонларнинг эътиборига арзигуликдир. Бу маршалнинг исмини расмиятчи муаррихларни қўзғаб қўймаслик андишасида сир тутамиз.
Маршал ҳали навқирон эди. Оқ оралаган сочлари ва яноғидаги чуқур чандиқ унинг юзига қандайдир жозиба бахш этар, аммо бу юз ҳарбий юришлар ва шу жангу жадаллар “ҳадя этган” маҳрумиятлар натижасида қорайиб кетган эди.
Аскарлар ўз маршалларини яхши кўрардилар. Зеро, у уруш машаққатларини аскарлар билан баб-баравар тортар, ёмғирпўшига ўранганча тўғри келган жойда — дала-даштда, гулхан ёнида ётиб қолаверар, кўпинча бурғунинг бўғиқ овозидан уйғониб кетарди. Тағин у аскарлар билан бир сувдондан сув ичар, ҳамиша тўзиган, чанг-чунг мундирида юрарди.
Маршал беҳад толиқтирадиган ҳарбий юришлар ва жангу жадалдан бўлак ҳеч нарсани кўрмас эди гўё. Қачондир эгардан эгилиб, бирор-бир деҳқондан Франтсия шон-шарафи учун ўзлари истило этган шаҳарнинг нима билан шуҳрат топганлиги хусусида бирор нарса билишга интилиш унинг хаёлига ҳам келмас эди. Чек-чегараси йўқ маҳорабалар уни камгапликка, шахсий ҳаётни бутунлай унутишга маҳкум этганди.
Қиш кунларининг бирида маршалнинг Ломбардияда тўхтаб турган отлиқ корпуси зудлик билан Олмонияга илдам кириб бориш ва “Буюк қўшин” билан бирлашиш ҳақида буйруқ олди. Ўн иккинчи кун деганда корпус тунаш учун кичик бир олмон шаҳарчасига қўнди. Қор билан қопланган тоғлар тун қўйнида оқариб кўринарди. Атрофда қорақайин ўрмонлари чўзилиб кетган, бу тўнган олам қўйнида фақат юлдузларгина чарақлаётган эди.
Маршал тунаш учун меҳмонхонада тўхтади. Кечки овқатдан сўнг у мў‘жаз залдаги каминнинг ёнига ўтириб олди-да, қўл остидагиларга рухсат бериб юборди: у жуда ҳориган, кўнгли ёлғизликни тусамоқда эди. Томгача қор босган шаҳарчанинг сукунати болаликними ва ёки кўрган-кўрмаганлиги ўзига ҳам иштибоҳли бўлиб туюлаётган бирор тушними хотирга солар эди. Тез кунларда ҳал қилувчи жанглар бошланишини маршал билар ва шунинг учун ҳам осойишталикка бу тахлит ноодатий интилиши ҳужумнинг шиддатли гумбур-гумбури олдидан табиий бир кўнгил ёзиш эканлигига ўзини ишонтирмоқчи бўларди.
Олов инсонни сеҳрлаб, гангитиб қўяди. Маршал ҳам ёниб турган палёнлардан кўзини узмай ўтираркан, залга ўрта яшар озғин, қушбашара бир киши кириб келганини пайқамай қолди. Нотаниш кимса тўрлаб ямалган ҳаворанг фрак кийиб олган эди. У каминга яқин келиб, совқотган қўлларини исита бошлади. Маршал бошини кўтарди-да, норози бир оҳангда сўради:
— Сиз кимсиз, жаноб? Нега бу ерга ўғринча кириб олдингиз?
— Мен мусиқачи Баумвейсман, — жавоб қилди нотаниш кимса. — Менинг сездирмай кириб келганимнинг боиси шундаки, қишнинг бундай кечаларида сассиз-садосиз қадам босиш истаги ихтиёрдан хориж бўлади.
Мусиқачининг қиёфаси ва овози маршални ўзига жалб қилди. Маршал бир муддат ўйланиб турди-да:
— Оловга яқинроқ келинг, жаноб, — деди. — Тан олишим керакки, бундай осойиш оқшомлар менга ҳаётда жуда камдан-кам насиб бўлади, шундай лаҳзаларда сиз билан суҳбат қураётганимдан мамнунман.
— Миннатдорман, — жавоб қилди мусиқачи, — агар рухсат этсангиз, роял чалиб берардим. Икки соатдирки, ажиб бир куй хаёлимни буткул банд этган, мен уни чалмасам бўлмайди — баландда, менинг хонамда эса роял йўқ.
— Гарчанд… бу туннинг сукунати энг нозик саслардан-да ёқимлироқ… майли, чалиб берақолинг… — деди маршал.
Баумвейс роял олдига ўтириб, эшитилар-эшитилмас овозда чала бошлади. Маршалга шаҳарча атрофидаги улкан ва айни пайтда майин қор уюмлари садоланаётгандек, ана шу қиш, ҳа, қишнинг ўзи, қорақайинларнинг қордан букилиб кетган шохлари куйлаётгандек, ҳатто каминдаги гулхан жаранглаётгандек туюлиб кетди. У қошларини чимирди — палёнларга тикилди ва олов эмас, ўзининг қўнжи баланд этигининг шпорлари жиринглаётганини сезди.
— Менинг тасаввуримда қандайдир жинлар, фаришталар жонланаяпти… Сиз машҳур мусиқачи бўлсангиз керак…
Баумвейс чалишдан тўхтади.
— Йўқ, мен кичик князлар ва помешчикларнинг тўйларида, байрам кечаларида созандалик қиламан, холос.
Эшик тарафдан чана товуши эшитилди, отлар кишнади.
— Мен энди борай, — Баумвейс қўзҚалди. — Отлар менга келди. Хайрлашишга рухсат этинг.
— Қаёққа борасиз? — сўради маршал.
— Тоққа, бу ердан икки лё нарида ўрмончи яшайди. Унинг уйида ҳозир бизнинг ажойиб қўшиқчимиз Мария Черни меҳмон бўлиб турибди — у бу ерга уруш жафоларидан қочиб келган. Мария туғилган кунини нишонлаётир — у бугун 23 ёшга тўлади. Ахир, қайси шодиёна кекса тапёр* Баумвейссиз ўтарди дейсиз?!
Маршал ҳам креслодан турди.
— Жаноб, — деди у, — менинг корпусим эртага эрталаб бу ердан жўнаб кетади. Агар мен сизга ҳамроҳ бўлсам ва бу оқшомни ўрмончининг уйида ўтказсам, беадаблик саналмасмикан?
— Ихтиёрингиз, — Баумвейс шундай деди-да, сипо таъзим бажо келтирди, аммо унинг маршалнинг сўзларидан ҳайрон бўлгани кўриниб турарди.
— Бироқ, — деди маршал, — бу ҳақда ҳеч ким билмаслиги лозим. Мен орқа эшиқдан чиқаман, чанага қудуқ ёнида ўтираман.
— Ихтиёрингиз, — такрорлади Баумвейс ва яна бир карра таъзим билан хонадан чиқди.
Маршал жилмайиб қўйди — бу оқшом у шароб ичгани йўқ, аммо беғам бир сархушлик вужудини қамраб олган эди.
— Қаҳратонга қарамай! — деди у ўзига ўзи. — Жин урсин, ўрмонга, тунги тоғларга! Ажойиб!
У ёмҚирпўшини елкасига ташлаб меҳмонхонадан боғ орқали ими-жимида чиқди. Қудуқ ёнида чана турарди — Баумвейс маршални кутмоқда эди. Отлар пишқирганча, қишлоқ четида турган соқчининг олдидан ғизиллаб ўтиб кетишди. Соқчи одатига кўра, бироз кечикиб бўлса-да, милтиғини елкасига олиб, маршалга чест берди. У қўнғироқчаларнинг узоқлашиб бораётган жиринглашини узоқ тинглаб турди-да, бошини чайқади:
— Қандай тун бўлди бу ўзи-а?! Эҳ, қанийди, шу пайт бир қултумгина вино бўлса!
Кумуш тақа қоқилган отлар елдек учар, уларнинг қайноқ нафасидан тумшуқларига қўнган қорлар эриб борарди. Қаҳратон бутун ўрмонни тилсимлаб қўйгандек. Қорапечак гўё аёвсиз аёзда қорақайинларнинг ҳаётбахш шарбати билан жон сақлаб қолмоқчидек дарахтларнинг поясига маҳкам чирмашиб олган.
Отлар сой олдида тўхтаб қолишди. Сой яхламаган эди. У тоғ унгурлари, зич ўрмонлар ичидан оқиб чиқаркан, бўронда синиб тушган шох-шаббалар ва яхлаган япроқларга қоришганча кўпирар, тошларга урилиб шарқирарди.
Отлар сувга тумшуқ босишди. Сувда — уларнинг туёқлари остидан нимадир ялтироқ оқим бўлиб Қириллаб ўтди-да, ҳуркиб, зудлик билан сувга шалоплаб отилди.
— Гулмоҳи*, — деди чанакаш. — Жудаям қувноқ балиқлар!
Маршал кулимсиради. У ҳамон сархуш эди. Отлар чанани ғизиллатиб тоғ сайҳонлигидан олиб чиқиб, баланд томли эски уй олдида тўхтаганда ҳам бу сархушлик тарқамаган эди.
Дераза ёп-ёруғ эди. Чанакаш чанадан сакраб тушди ва оёғи устига ташлаган пўстакни олиб қўйди.
Эшик очилди. Маршал устини ечиб, Баумвейс билан бирга шамлар ёритган пастак хонага кирди-да, бўсаҚада тўхтаб қолди. Хонада ясан-тусан қилган бир қанча эркак ва аёллар ўтиришарди.
Аёллардан бири ўрнидан қўзғалди. Маршал унга бир нигоҳ ташлабоқ, ички бир туйғу билан Мария Чернини таниди.
— Авф этгайсиз, — деди маршал салгина қизариб. — Чақирилмаган меҳмонни авф этгайсиз. Аммо-лекин биз аскарлар на оила, на байрам, на сокин ўйин-кулгуларни биламиз. Бугунги шодиёнангиз тафтидан баҳраманд бўлишга рухсат этгайсиз.
Кекса ўрмончи маршалга таъзим бажо келтирди. Мария Черни эса унга яқин келиб, кўзларига тикилди-да, қўлини узатди. Маршал Мариянинг қўлларини ўпаркан, бу қўллар унга муздек, бир бўлак муз парчасидек туюлиб кетди. Ҳамма жим қолди.
Мария Черни қўлини маршалнинг юзига оҳиста теккизди, чуқур чандиқни бармоқлари билан силаб туриб сўради:
— Жудаям қаттиқ оҚриганмиди?
— Жудаям, — жавоб қилди маршал жилмайиб. — Бу — қиличнинг кучли зарбидан.
Шунда қиз маршалнинг қўлидан тутди-да, меҳмонлар олдига бошлади. У, худди қайлиғини таништираётгандек, хижолатомуз, аммо ял-ял ёнганча, ўтирганларни маршалга таништирди. Меҳмонлар таажжубда ўзаро шивирлашиб олишди.
Билмадим, азиз ўқувчи, Мария Чернининг портретини чизиб ўтириш керакмикан? Билмадим. Агар сиз ҳам мен каби Мария билан замондош бўлсангиз, бу аёлнинг ёрқин латофати, майин рафтори, унинг ғалати, бинобарин, мафтункор феъл-атвори ҳақида эшитгандирсиз. Мариянинг муҳаббатидан умидвор бўлишга бирор-бир эркак журъат қилабилармиди? Бўлса ҳам, Шиллер каби инсонгина унинг маъшуҚи бўлишга арзирди.
Хўш, кейин нима бўлди? Маршал ўрмончининг уйида икки кун қолиб кетди. Биз бу ўринда муҳаббат ҳақида гапирмаймиз — зеро, унинг нима эканлигини биз ҳануз билмаймиз. Эҳтимол, бу — туни билан ёққан қалин қор, қаҳратон қўйнида гулмоҳилар шалоплаб сув сачратаётган сойдир? Эҳтимол, бу — шамлар ёниб тугаётган, юлдузлар Мария Чернининг қароқларида чарақлаш учун дераза ойналаридан бўйлаган субҳи козибда таралган кекса дарахт ширасининг ҳиди, қўшиқ ва жарангдор кулгидир? Ким билсин. Эҳтимол, бу — қаттиқ эполетлардаги яланғоч қўллар, маршалнинг совқотган сочларини силаётган бармоқлардир? Бу — эр кишининг кўнгилга шу чоққача мутлақо нотаниш нозу адолар ҳаққи, меҳру навозиш ҳаққи, ўрмон тунлари баҚрида учган узуқ-юлуқ шивир-шивирлар ҳаққи тўккан кўз ёшларидир? Бу, эҳтимол, болаликнинг қайтишидир? Ким билсин. Ва эҳтимолки, бу — Мария Черни гулқоғозларни, столларни, муҳаббатининг гувоҳи бўлган хона эшикларини ғайриихтиёрий силаб-сийпалаётган чоҚда юракнинг шувиллаб кетарак, айрилиқолди умидсизлиги, чорасизлигидир? Ва эҳтимолки, бу, алалоқибат — дераза ортида Наполеон жандармларининг қатъий буйруғи остида машъалалар тутунига чулғаниб эгарлардан сакраб тушган, шахсан императорнинг буйруғига биноан маршални қамоққа олиш учун уйга бостириб кирган маҳали аёл кўксидан отилган нола, унинг ақл-ҳушидан жудо бўлиб қулашидир?
Теварак-атроф аслида, олдингидай эди. Ўрмон шамоллар оқими таъсирида ҳамон ўшандоқ гувиллар, сой қорайиб кетган япроқларни ҳамон кичик гирдобчаларига солиб ўйнарди. Тоғда болталарнинг акс-садоси ҳамон ўшандоқ таралар, аёллар қудуқ атрофига тўпланиб олиб, ҳамон ўшандоқ жаврашарди.
Лекин негадир бу ўрмонлар, майин учиб-қўнаётган қор парчалари, гулмоҳиларнинг сой баҚридаги шуълалари Баумвейсни фракининг орқа чўнтагидан эски, аммо қордек оппоқ қўлрўмолчасини олишга, уни кўзларига босиб, Мария Чернининг яшиндай тез ўчган муҳаббати ҳақида, ҳаётнинг баъзан мусиқага ўхшаб кетиши ҳақида пойинтар-сойинтар жумлаларни шивирлашга мажбур қилар эди.
Юрагининг қаттиқ санчиғига қарамасдан, Баумвейснинг лаблари мазкур воқеанинг иштирокчиси бўлганидан ва кекса, қашшоқ тапёрнинг чекига камдан-кам ҳоллардагина тушадиган ҳаяжонли лаҳзалардан бенасиб қолмаганидан унинг масрурлигини айтиб пичирлар эди.

Рус тилидан Нодира Афоқова таржимаси.

*Гулмоҳи — балиқнинг бир тури.
*Тапёр — рақс кечаларида пулга пианино ёки баян чалувчи созанда.