Кейт Шопен. Доктор чевалернинг ёлғони (ҳикоя)

Тўсатдан отилган ўқ овози сокин куз оқшоми тинчини бузиб, қаттиқ жаранглаб кетди. Доктор Чевалер офиси ошён топган кўримсизгина квартал ичида бехосдан бундай ўқ овозининг янграши ҳеч кутилмаган ҳолат эди. Чинқириқлар тўппонча садоси билан бирга кўмилиб кетди. Қоронғу кўчада ҳеч зоғ кўринмасди.
Шу пайт ибодатхона минорасидаги катта қўнғироқ ҳам аллақачон ярим тун бўлганини таъкидлаб, яна бир марта бонг уриб қўйди.
Доктор шундай қоқ тунда эринибгина ўқиётган китобини аста ёпди-да, полиция машиналарининг овозини пойлаганча ўтириб қолди, ахир қурол садосига албатта, полиция етиб келиши аниқ-ку.
Кутилганидай, полициячилар ҳам, махфий ташкилот ходимлари ҳам етиб келишди, орадан бироз вақт ўтгач, докторнинг ўзини ҳам воқеа жойига зудлик билан чақириб олишди, уйга кириб келган доктор Чевалернинг нигоҳи бу каби ҳодисаларнинг бир хил манзарасига тушди. Таҳликадаги ташкилот ходимлари у ёқдан-бу ёққа зир югуришар, ёқимсиз миш-мишлару асоссиз шубҳа-гумонлар тобора авж оларди, бир томонда зинапоя панжараси оша уй ичига бўйлаётган аёлларнинг саросимали юзлари кўринди – улар воқеа тафсилотларига ўлгудай қизиқаётган эдилар; ҳа, баъзи аёлларнинг мана шунақа нохушликларга сира суяги йўқ бўлади, бундай аёллар ҳатто хотин кишилигига бориб, озгина кўз-ёши ҳам қилиб қўйишмайди-я, улар катта қизиқиш билан кўришга уринаётгани уй ичида чўзилиб ётган жасад танаси эди, мурда афсуски, қиз бола бўлиб чиқди.
Негадир воқеа жуда сирли эди. Шубҳасиз, қиз ўлиб бўлганди; унга қарата отилган ўқ бечора қизнинг нақ чаккасига бориб текканди. Лекин барибир сабаб ҳали номаълум, бирон-бир далил ҳам топилмасди. Бу ердаги чеҳраларнинг аксарияти докторга нотаниш эди, уларнинг бари бу каби ўлим аломатларидан жуда безишган кўринарди. Аммо бу ўлимда аниқ нимадир борга ўхшарди.
ўала-ғовурли шундай тўс-тўполон ичида докторнинг хаёлига бирдан ярқ этиб бир воқеа тушди. Ўша воқеага эндигина бир йилча вақт бўлиб қолганди. Арканзас штатидаги ўрмонлардан бирида, харобгина битта кулба ичида доктор билан унинг бир хамроҳи меҳмон бўлиб ўтиришарди. Улар биргаликда ов экспедициясига чиққандилар.
Кулбада соддагина оила истиқомат қиларди. Тирикчилик тегирмонида янаям қўполлашиб, оғир меҳнатдан эзилиб кетган заҳматкаш ота-она кўзларининг оқу қароси бўлмиш битта-ю битта қизларининг ҳусну жамолидан кўзлари қувониб, фахрланиб яшашарди, чинданам қизнинг ҳусни тўкис эди, нафақат чиройи балким, унинг ақлу фаросати-да ғоятда ўткир эди. Қиз бир умр бундай кулба ичида қолиб кетолмайман, дея узоқ-узоқларга кетишни, катта шаҳарга бориб, ўз бахту саодатини қидириб топишни орзу қиларди.
— Мана ўша қиз, шу ерда, лекин афсуски, ўлиб ётибди, — дея хаёлидан кечирди доктор Чевалер. Кейин тўсатдан атрофдагиларга қаради-да: “Бу қизни мен яхши танийман, унинг дафн маросимию қолган маъракаларини-да ўзим бўйнимга оламан”, — деб айтди.
Эртаси куни доктор Арканзасга, қизнинг ота-онасига хат ёзиб юборди. Албатта, бу хат ўша олис ўрмондаги хароб кулба ичига улкан қайғу олиб бориши тайин эди, бироқ уларни хабардор этмаслик яна-да виждонсизлик бўлган бўларди. Доктор хатида қизни оғир хасталикдан сўнг жон берганини маълум қилди. Марҳуманинг бир тутам сочи билан унинг арзимас лаш-лушлари ҳам хат билан қўшиб жўнатиб юборилди. Доктор имкон қадар ғариб ота-онани юпатиб, уларнинг қайғусига ҳамдард эканлигини билдириб ўтди. Шубҳасиз, доктор Чевалернинг ўлган қизга бундай меҳрибонлик кўрсатиши одамларда, айниқса, аёлларда бироз гумон туғдирди.
Лекин аниқ ҳақиқатни билмаганликлари учун улар ноилож елкаларини қисиб қўя қолдилар. Баъзи бировлар, эҳтимол, жиноятда докторнинг ўзининг қўли бордир, деган хаёлга бориб, уни жазога тортилишини кутдилар. Аммо қандайдир сабаб биланми ёки бошқа бир нима бўлдими, ҳартугул, доктор Чевалер жазоланмай қолди, ўша жиноят эса сирлилигича қолиб кетаверди.

Инглизчадан Қандилат Юсупова таржимаси
“Китоб дунёси” газетасидан олинди.