Жек Лондон. Ҳаёт қонуни (ҳикоя)

Кекса Коскушнинг бутун вужуди қулоққа айланди. Унинг кўздан қолганига анча бўлган, лекин қулоқлари аввалгидек сезгир, тиқ этган товушни пай­қайди. Йиллар тўзонидан хира тортган онгги эса рўй беражак во­қеаларга нисбатан мутлақо бефарқ. Сит-кум-То-Ха­нинг чинқироқ товуши эшитилди. У итларни чанага боғлар экан, қичқирган кўйи уларни саваламоқда. Сит-Кум-То-Ха унга набира бўлади, аммо қартайган, ҳамманинг ёди­дан чиққан, қор устида ўтирган аф­тодаҳол бобоси учун шу тобда унинг бекорчи вақти йўқ. Негаки қабила қўнимгоҳни тарк этишга ҳозирлик кўрмоқда. Олдинда олис йўл турибди, кун эса сира узайишни истамайди. Олдинда уларни ҳаёт ва тирик­лик қонуниятлари кутмоқда, зинҳор-базинҳор ажал эмас. Чол эса энди ажалга шу қадар яқинки…
Коскуш бир дақиқа бу фикрдан даҳшатга тушди. У қўлларини чўзиб, титроқ бармоқлари билан ёнгинасидаги ўтин уюмини пайпаслаб қўйди. Ўтин борлигига амин бўлгач, қўлларини мўйна остига беркитди ва яна атрофни тинглашга тутинди.
Музлаган буғу терисининг шитирлаши эшитил­ди. Демак, сардорнинг ўтовини аллақачон йи­ғиш­тириб бў­­­лиш­ди. Энди уни ихчам шаклда тахлаб чаналарга юк­лашади. Қабила сардори баланд бўйли, навқирон йигит бўлиб, бу маҳоратли овчи унинг ўғли эди. Мана, у имиллаб ҳаракат қилаётган аёлларни ялқовлиги учун койимоқда.
Чол бу овозни сўнгги бор эшитаётгани аниқ. Жихоу ва Тускенларнинг ўтовлари ҳам йиғиштирилди. Чол қабилага тегишли ўтовлар сонини жуда яхши билади. Фақат шомон яшайдиган ўтов қолди холос.Мана ниҳоят сўнгги ўтовни ҳам йиға бошлашди. Коскуш юкларини чанага жойлаётган шомоннинг ғўлдираган овозини эшитди. Сўнг қулоғига гўдак йиғиси чалинди. Бир аёл номаълум қўшиқни паст овозда хиргойи қилганича, уни овута бошлади. Бу кичкина Ку-Ти бўлса керак, ўйлади чол. Ҳа, бу ўша – инжиқ ва касалманд гўдак. Балки тез орада унинг ҳам ажали етар, ўшанда тундранинг музлоқ заминида унга гўр қазишади ва росомахлардан асраш учун устидан тош бостириб қўйишади.
Умуман олганда, барибир эмасми? Бахтли тасодиф рўй бериб, яна бир неча йил яшади ҳам дейлик, аммо тўқ кунидан оч куни кўп бўлиши турган гап. Бир кун эмас бир кун ўлим отлиқ мангу тўймас юҳо барибир уни қувиб етади… У ёқда нималар бўляпти экан? Ҳа-я, эркаклар чаналарни қўшиб, қайишларни маҳкам танғиб қўйишяпти. Чол уларнинг овозини эшитди, ам­мо тез орада атрофни сукунат қоплайди. Итлар ус­тига ёғилган қамчилар зарбидан атрофга “шув-шув” этган овозлар таралди. Бу одамлар Коскушни бирга кетиш учун чақиришмайди. Улар сафар машаққатини қанчалар ёмон кўришади-я… Мана, улар йўлга отланишди! Чаналар бирин-кетин сукунат бағрига сингиб кета бошлади. Улар кетишди. Коскушнинг ҳаётидан мангуга ғо­­йиб бўлишди, у энди умрининг сўнгги, машаққатли соатларини ёлғиз қаршилайди. Шу пайт мокасина кийган оёқлар остида қор ғарчиллади. Кимдир қаршисига келиб қўлларини секингина чолнинг бошига қўйди. Ўғ­ли унга қанчалар меҳрибон! Чол бошқа тенгқурлари ҳақида ўйлади, уларнинг ўғиллари қабила билан бирга жўнаб кетишди. Унинг ўғли эса бунақалардан эмас. Хаёл уни ўтмишга бошларди, аммо навқирон овоз уни айни вазиятга қайтарди.
– Аҳволинг яхшими? – сўради ўғли.
Чол жавоб берди:
– Ҳа, мен яхшиман.
– Ўтин уюми шундоқ ёнгинангда турибди. Олов гуриллаб ёняпти.Осмон хира тортиб, совуқ тушиб қолди. Қор ёғадиганга ўхшайди. Мана, қор учқунлай бошлади.
– Тўғри айтасан, қор бошланди.
– Одамларимиз шошиляпти.Уларнинг юклари оғир, очликдан қоринлари қапишган. Йўл эса олис, шу­нинг учун улар илдам кетишяпти. Мен ҳам кетишим керак. Хўш, аҳволинг яхшими?
– Мен яхшиман. Худди шохда базўр илиниб турган япроққа ўхшайман, тўкилишим учун шамолнинг секингина эсиши кифоя. Овозим кампиршонинг овозига ўхшаб қолди, кўзларим эса бурунгидек оёқларимга йўл кўрсатмай қўйган. Қадамларим оғир, ҳолдан тойганман. Лекин ҳаммаси жойида…
Ўғлидан кўнгли тўлган Коскуш бошини қуйи солди, то қорнинг аянчли ғичирлаши узоқдан эшитилгунга қадар шу алфозда ўтирди. Ўғли энди унинг чорловига жавоб қайтармаслигини у яхши биларди. Шу пайт унинг қўллари шошилинч равишда ўтин уюми томон чўзилди. Қаршисида намоён бўлган абадият дунёсидан уни шу ожиз риштагина ажратиб турар эди. Айни кезда унинг ҳаёти шу бир қучоқ қуруқ шох-шаббага боғлиқ эди. Шохлар бирин-кетин ёниб, гулханни ўчирмай туради, бу орада эса ўлим қадам- бақадам унга яқинлаша бошлайди. Сўнгги бутоқ кулга айлангач, аёз ўз ҳукмини ўтказишга киришади. Аввал оёқлари, кейин қўллари таслим бўлади, ниҳоят бутун танаси музлаб қолади. Боши тиззалари узра эгилади ва у тинчийди.
Коскуш сира нолимас эди. Чунки ҳаёт ўзи шу­нақа, у жуда адолатли. У заминга яқин бўлган ерда туғилди, шу ерда яшади, табиат қонунлари эса унинг учун янгилик эмас. Илло, тирик жонзотларнинг барчаси бу қо­нунларга бўйсунади. Табиат яккаланиб қолганларга сира шафқат қилмайди, унинг бутун эътибори қабила ва тўдаларга қаратилган. Кекса Коскушнинг ибтидоий билимлари бундан ортиғига етмас, аммо у бир ҳақиқатга қаттиқ ишонар эди. Бунинг исботини у бутун ҳаёти мобайнида кузатиб келди. Дарахт ширага тўлади, яшил барглар чиқаради, кейин хазонрезги бош­ланади – бу айланма ҳаракат шу ҳолатидагина мукаммалдир.Табиат эса ҳар бир тирик жонзот зиммасига алоҳида бир вазифани юклаб қўйган. Бу вазифани бажармаганни у ҳалок этади. Бироқ бажарганлар-да ўлимга маҳкумдир. Табиат жуда лоқайд, илло унга бўйсунувчилар бисёр, абадият эса бўйсунувчиларнинг эмас, ҳукмдорнинг қисматига битилган. Коскушнинг қабиласи энг қа­димий қабилалардан. У гўдаклик чо­ғида кўрган қариялар ўзларигача бўлган аждодларини зўрға эслашарди. Маълумки, қабила мавжуд экан, мозорлари аллақачон унут бўлган ота-боболарнинг итоаткорлигини ҳам ўзида мужассам этади. Албатта, ўлганлар бу ҳисобга кирмайди. Улар худди ёз осмонидаги булут сингари кўздан ғойиб бўлишади.Коскушни ҳам шундай қисмат кутаётгани аниқ. Бу ўринда табиат мутлақо бетараф. У ҳаёт зиммасига ягона мақсадни юклаган, унга ягона қонунни топширган. Мақсад – наслнинг давом этиши, қонун эса ўлимдир. Айтайлик, қиз бола – томоша қилиш мароқли бўлган гўзал хилқат. Унинг борлиғидан куч ёғилади, сийналари таранг, қадамлари равон, кўзлари чақнаб туради. Лекин унинг ҳаётий вазифаси ҳали олдинда. Унинг кўзларидаги учқун секин- аста аланлаганиб боради, қадамлари тобора илдамлашади. У ўспиринларга гоҳ дадил, гоҳида эҳтиёткорона ёндошади, ҳуркаклиги билан уларни маҳлиё қилади. Қиз кундан-кун чирой очиб боради, ниҳоят бирор овчи меҳнат қилиши, овқат пишириши ва фарзандлар туғиши учун уни ўз бошпанасига олиб кетади. Лекин тўнғичи дунёга келиши биланоқ, аёлни гўзаллик тарк эта бошлайди. Унинг қадамлари оғир ва сокин бўлиб қолади, кўзларидан ранг кетиб, хира тортади. Алалоқибат, гулхан ёнида ўтирган кампирнинг серажин юзига фақат гўдакларгина қувонч билан суйкалиши мумкин. Кампир эса ўз вазифасини аллақачон бажариб бўлган. Очликнинг илк ҳамласи ёки олис сафар олдидан уни ташлаб кетишади – худди унга ўхшаб қор устида, мўъжазгина ўтин уюми ёнида қолдиришади. Ҳаёт қонуни шундай…
Қуруқ новдани авайлабгина оловга ташлар экан, Коскуш яна хаёлга чўмди. Ҳаёт қонуни тирик жонзотларнинг ҳаммасига бирдек тегишли. Совуқ тушиши би­ланоқ чивинлар ғойиб бўлади. Митти олмахон жон бериш учун чангалзорга кириб кетади. Қари қуён ҳолдан тояди, энди у аввалгидек душманларидан қо­ча олмайди. Кекса айиқнинг кўзлари хиралашиб, ҳаракатлари бесўнақай тортади ва бир куни акиллаган итлар тўдаси уни қувиб етади.Коскуш ўз отасини Клондайкнинг юқори оқимида қандай қолдириб кетганини эслади. Бу ўша қишда, нотаниш миссионер уларга дуо ёзилган китобчалар ва дори тўла қутини келтирган йили содир бўлганди. Ҳозир Кос­куш ўша қутидаги дориларни эсларкан, тамшаниб ҳам қўймади, унинг лаблари қуруқшаб қолган эди. У айниқса “оғриқ қолдирувчи” дорини яхши эслайди. Бироқ миссионер бир муддат қабила учун даҳмаза бўлган эди. У овқат келтирмас, бироқ кўп ерди, буни кўрган сайин овчиларнинг ғаши келарди. Охир оқибат Мэйо яқинидаги дарё бўйида шамоллаб қолди, кейин эса итлар тошларни ҳар томонга сочиб ташлаб, унинг суякларини узоқ талашишди.
Коскуш гулханга шабба ташлади, сўнг янада чу­қурроқ ўйга толди. Буюк Очлик даврида чоллар гулхан ёнига суқилиб, ўтмишнинг элас-элас хотираларини ёдга олишар, Юконнинг пайдар-пай уч қиш мавсумида музламаган, сўнг уч ёз давомида музлар эримай турган оғир даврлари ҳақида ҳикоя қилишарди. Ўша очликда Коскуш онасидан айрилди. Лосослар ёз чоғида ҳам бу ерларга келишмади, қиш мавсуми эса буғуларсиз кириб келди. Ҳатто кексалар ҳам қачонлардир шундай очарчилик содир бўлганини эслай олишмас эди. Буғулар бу ерларга келмай қўйганидан кейин яна етти йил ўтди. Қуёнлар болаламас, итларнинг териси суягига ёпишган эди. Гўдаклар ожиз инграшар, туннинг тубсиз ва зимистон қўйнида жон таслим этишар, очлик аёллар ва кексаларга ҳам аёвсиз чанг соларди.Натижа шундай бўлди-ки, қуёш бу жойларга қайтиб келганида, ҳар ўн одамдан биттасигина тирик қолган эди. Ҳа, бу даҳшатли очлик даври эди!
Лекин у гўшт кўплигидан айниб қолган дориломон йилларни ҳам кўрди. Ўша кезлари итлар семириб, ялқов бўлиб қолишди. Бу шундай давр эдики, эркаклар югуриб бораётган ўлжани кўриб туришса-да, унга ўқ узмас, аёллар эса кетма-кет фарзанд кўришарди. Ўтовларда ўғил ва қиз болалар эмаклаб юришар, уларнинг шовқин-суронлари авжида эди. Ўша йиллар эркакларни шундай такаббур қилиб қўйдики, эски адоватларни ёдга олишларига сал қолди. Улар Пелли қабиласини яксон қилиш учун тоғ орқали жанубга йўл солишди, айни пайтда бир гуруҳи Танан қабилаларининг аллақачон сўнган гулханларини эрмаклаш учун ғарб томон кетиб боришарди.
Қария болалик чоғини, мўл-кўлчилик йилларида буғуни ғажиган бўрилар галасини даҳшат билан кузатганларини эслади. Ўшанда Зинг-Ха иккови қор устида қимир этмай ётишарди. Зинг-Ха кейинчалик ҳеч нарсадан тап тортмайдиган, моҳир овчи бўлиб етишди. Бироқ кўп ўтмай Юкон яқинидаги муз ўйиғига тушиб кетди. Баҳорда уни белигача музга ботган ҳолда топишди.
Дарвоқе, ўша буғу ҳақида… Ўша куни Зинг-Ха ик­­­кови оталарига тақлид қилиб овчилар ўйинини ўй­намоқчи бўлдилар. Муз қоплаган дарё юзасида улар буғу ва уни таъқиб қилаётган бўрилар тўдасининг изларига дуч келишди. Излар ҳали яп-янги эди.
– Буғу жуда қари бўлса керак, – деди Зинг-Ха. У изларни яхши фарқларди. – Қари эканлиги аниқ. У тў­дасидан айрилиб қолган. Бўрилар уни шерикларидан ажратиб қўйишибди, энди омон қолмаслиги аниқ.
Бу ҳақиқат эди. Чунки бўриларнинг одати шундай. Улар кунни кун, тунни тун демай ириллаган кўйи ўлжа изидан таъқиб қилишади, гоҳо уларнинг сўйлоқ тишлари ўлжанинг шундоқ қаршисида пайдо бўлиб қолади, улар охирги дақиқагача унинг ортидан қолишмайди. Ҳар икки боланинг қонида овчиларга хос иштиёқ жўш урди. Овнинг қандай тугашини кўриш улар учун ғоят қизиқарли туюларди.
Қизишиб кетган болалар сабрсизлик билан олға юришар, ҳатто кўзлари унча ўткир бўлмаган, изларни яхши фарқлай олмайдиган Коскуш ҳам, кўзларини юмган ҳолда, керакли жойни топа олар – қор устидаги излар шу қадар аниқ эди. Бу излар яқин орада пайдо бўлган, болалар ҳар қадамда яқиндагина содир бўл­ган фожианинг қонли тафсилотларини ўқишарди. Бир жойда буғу тўхтаб қол­ганини пайқашди. Уч одам бўйига тенг келадиган масофада қор топтаб ташланган, ўртада буғунинг айри туёқларидан қолган чуқур излар кўзга ташланар, атрофида бўриларнинг нисбатан саёзроқ излари кўриниб турарди. Шериклари ўлжага ташланган пайтда, баъзи бўрилар қор устига ёнбошлаб дам олган кўринади. Уларнинг танасидан қолган излар шу қадар аниқ эдики, буларнинг ҳаммаси воқеа бор-йўғи бир дақиқа аввал содир бўлгандек таассурот уйғотарди. Бўрилардан бири талвасага тушган ўлжанинг оёғи остида қолиб, тил тортмай ўлган чоғи, обдон тозалаб ғажилган бир уюм суяк шундай хулосага олиб келар эди.
Чанғи кийган оёқлар юришни секинлаштирди. Яна бир ерда аянчли жанг манзараси қайтарилган эди. Қордаги изларга қараганда, бўрилар буғуни икки марта қулатишга муваффақ бўлишган, лекин ўлжа душманларига жон-жаҳди билан ҳамла қилганича оёқ­­қа қалққан. Албатта, кекса буғу зиммасига ҳаёт томонидан юкланган вазифани бажариб бўлган, лекин жон ширин-да. Зинг-Ханинг айтишича, ерга қулаган буғунинг ўзини ўнглаб, оёққа туришини аввал сира эшитмаган экан. Лекин манави буғу бунинг уддасидан чиққан эди.
Кейинчалик бу воқеани шомонга сўзлаб беришганда, у мазкур воқеа чинакам мўъжиза бўлиб, нималаргадир ишора экани ҳақида ғалати сўзларни гапирди.
Ниҳоят болалар буғунинг сўнгги манзилига, жо­нивор қирғоққа чиқиб олиб, ўрмон бағрига син­гиб ке­­тишни мўлжаллаган ерга етиб келишди. Бироқ душ­­­манлари буғунинг ортидан қолишмаган, у орқа оёқ­­ларида туриб, бўриларнинг иккитасига бир пайтнинг ўзида ҳамла қилган, улар шундоққина қор устида чўзилиб ётарди. Негадир шериклари уларга тегишмабди, чамаси, улар таъқиб якунига етай деб қолганини билишади. Навбатдаги излар қондан қизарган, улкан ҳайвоннинг излари унинг қоқилиб-суқилиб, аранг қадам ташлаганидан далолат берар эди. Ниҳоят жанг саҳнасининг илк суронлари қулоққа чалинди, йўқ, бу одатий овлардаги бир-бирига жўр бўлиб увлашларга ўхшамасди. Бўриларнинг қисқа-қисқа, узуқ-юлуқ акиллашлари уларнинг сўйлоқ тишлари билан буғунинг биқини ўртасида жуда оз масофа қолганини англатарди. Шамолга қарама-қарши туриб олган Зинг-Ха қорга бағрини бериб ётар, йиллар ўтиб, ўз қабиласининг сардорига айланган Коскуш эса унинг ёнгинасига чў­зилган эди. Улар ёш қарағайнинг шохларини бир томонга суриб, новдалар орасидан воқеани кузатишди, шу тариқа жангнинг сўнгги саҳнасига гувоҳ бўлишди.
Коскуш ёшликнинг барча хотиралари каби бу ман­­зарани ҳам аниқ-тиниқ эслар, таъқибнинг сўнгги лаҳ­залари унинг сўник нигоҳларида олис ўтмишдагидек яққол акс этиб турарди. Вақт ўтиб, қабила сардорига айланганида, у ўша воқеани кўп марта эслади.Қабила эркакларининг йўлбошчиси ва кенгаш оқсоқоли сифатида кўплаб буюк ишларни амалга оширди. Албатта, муштлашув чоғида оқ танли одамни пичоқ билан ўлдириб қўйиб, Пелли қабиласининг тавқи лаънатига дучор бўлгани бу қаторга кирмайди.
Коскуш, ёшлик чоғлари ҳақида яна узоқ ўйлади. Ниҳоят гулханнинг оловли тиллари қисқара бошлади, аёз эса забтига олди. Қария бу сафар гулханга бирдан иккита шохни ташлади, қолган ўтин уюмини пайпаслаб, ўлим устидан яна қанча вақт ҳукмронлик қилиши мумкинлигини чамалаб кўрди. Сит-Кум-То-Ха бобосини ўйлаб, кўпроқ ўтин ғамлаганида, унинг ҳаёт соатлари сал узайган бўларди. Ахир, бу унчалик қийин эмас-ку. Лекин Сит-Кум-То-Ха жуда беғам қиз. Зинг-Ханинг набираси бўлган Бобрнинг ўткир нигоҳларига дуч кел­ганидан кейин эса у аждодларини умуман иззат қилмай қўйди. Умуман олганда, ёшлигида ҳамма ҳам шунақа бўлади. Унинг ўзи ҳам ёшликнинг ўйинқароқ дамларида шундай йўл тутмаганмиди?
Коскуш бир дақиқа сукунатга қулоқ солди. Балки ўғлининг кўнгли юмшаб, итлар билан орқага қайтар, қабила билан бирга кекса отасини ҳам биқинлари мойга тўлган буғулар ўлкасига олиб кетар?!
У теваракни бутун вужуди билан тинглай бош­лади, шуури эса қизғин юмушидан бир зумга чалғиди. Тиқ этган товуш эшитилмас, атрофда жимжитликнинг сўзсиз дунёси ҳукмрон эди. Бу сукунат ичра ўзининг нафас олишигина эшитилиб турарди. Ваҳимали ёл­ғизлик… Шу пайт қандайдир жониворнинг шарпаси сезилди. Чолнинг аъзойи баданига титроқ югурди. Ёр­дам сўраган каби ялинчоқ бир овоз сукунатни кесиб ўтди, таажжубки, бу товушни у аввал ҳам эшитганди. Овоз шу атрофдан, яқингинасидан эшитиларди. Мўъжиза рўй берганга ўхшарди, чунки Коскушнинг сўқир кўзлари кексайган эркак буғуни аниқ кўрди, унинг биқини тилка- пора бўлиб, қони оқиб турар, ёли ҳурпайиб кетган, тарвақайлаган шохларини олдинга эгиб, жон-жаҳди билан ўзини ҳимоя қилишга уринар эди. Коскуш у ёқдан бу ёққа лип-лип ўтаётган кулранг гавдаларни, ўт сочиб турган кўзлар, сўйлоқ тишлар, сўлаги оқиб турган тилларни ҳам кўрди. Суллоҳлар айлана шаклида жойлашиб олишган, давра кўз илғамас тарзда торайиб борар, ваҳший тўда аъзолари эса қори топталган ерда эмаклашар, қулай фурсат келишини пойлашарди.
Юзига муздай тумшуқнинг суйкалиши чолни ҳу­шига келтирди. У қўлини гулхан томон чўзиб, чала ёнган ўтинни суғуриб олди.
 Аждодларидан мерос қолган инсондан қўрқиш туйғуси бўрини ялингансимон увиллаб, шерикларидан ёрдам сўрашга ундади. Тўданинг бошқа аъзолари унга жавоб қайтаришди, бўрилар иржайган оғизларидан сўлак сачратиб, гулхан атрофини ўраб олишди. Қария яна ён-атрофни тинглашга уринди, тутаб турган ўтин­ни силкитган чоғи ириллаган товушлар эшитилди, чамаси, бўрилар таслим бўлишни хаёлларига келтиришмасди. Ниҳоят биттаси тўш уриб олдинга чиқди, орқа оёқларига таяниб ўтириб олди. Ёнига яна иккита шериги келиб қўшилди, лекин ҳеч бири орқага чекинмади. Шу дамда Коскуш, ҳаётга бу қадар тирмашиш керак ёки керак эмаслиги ҳақида ўзига хаёлан савол берарди. Ниҳоят у аниқ бир қарорга келиб, тутаб турган ўтинни қорга суқди – олов ўчди. Бўрилар ваҳимали товушда увлашди, лекин жойларидан жилишмади. Бир оздан сўнг Коскуш яна бир бор кекса буғунинг сўнгги жангини кузатди. Чолнинг боши оғирлашиб тиззалари устига осилиб қолди. Алқисса, ҳаммаси барибир эмасми? Ахир, ҳаёт қонуни шуни тақозо этади.

Рус тилидан Гулноз Мўминова таржимаси
“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 1-сон.