Жек Лондон. “Мен интизом билан ишлаш тарафдориман”

Мен 1876 йили Сан Францискода дунёга келдим. Ўн беш ёшимдаёқ ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиб кўрган эдим. Агар қўлимга уч-тўрт чақа тушиб қолса, уларни обакидандонга эмас, май сотиб олишга сарфлардим. Эркак кишига айнан майхўрлик ярашади, дердим ўша кезларда. Мана, ёшим ўттиздан ошибдики, қайтадан ўсмирга айланиб қолишни истайман, негаки ўсмирлик лаззатларидан баҳраманд бўлиш менга насиб этмаган. Ҳаётга ҳам минбаъд аввалгидай жиддий қаролмайман. Яна ким билади дейсиз, балки ўша умр баҳорига яна дуч келиб қоларман! Ҳаётда энг муҳими масъулият эканини ақлимни таниганимдаёқ тушуниб етгандим. Хат-саводим қандай чиққанини эслай олмайман. Аммо беш ёшимдаёқ ўқиш ва ёзишни билардим. Илк бор Аламедадаги мактаб остонасига қадам қўйганим ҳали-ҳануз кўз ўнгимда. Кейин биз ранчога кўчиб ўтдик ва мен, саккиз яшар болакай ўзимни қора меҳнатга урдим…
Болалик чоғларимдаёқ мени одамларнинг жаҳолат ботқоғига ботгани таажжубга соларди. Тўққиз ёшимда Вашингтон Ирвингнинг “Ҳамро”сини зўр иштиёқ билан ўқиб чиқдим ва ранчодагилардан биронтаси бу китоб ҳақида билмаслигини ҳеч ақлимга сиғдиролмасдим. Вақт ўтиб, бундайин жаҳолат фақат қишлоғимизда ҳукм суради, шаҳарда эса ҳаёт умуман бошқача бўлса керак, деган фикрга келдим. Бир куни ранчомизга шаҳардан бир киши келди. Бошмоқларига қарасангиз, юзингизнинг аксини кўришингиз мумкин, эгнида мовут пальто. Маърифатли киши билан суҳбат қуришнинг айни вақти, деб ўйладим. Шаҳарлик меҳмонни ўзимнинг “қасримга” — эски, ярим вайрона кулбамга таклиф этдим ва ундан “Ҳамро” ҳақида сўрай бошладим. Ҳайҳот, у ҳам ранчо аҳли каби оми бўлиб чиқди. Шунда дунёда иккитагина оқил одам бор, улардан бири — Вашингтон Ирвинг, иккинчиси — мен, деган фикрга келдим.
Ўша пайтлар “Ҳамро”дан ташқари, асосан, ўн центлик романлар (мен уларни батраклардан сотиб олардим) ва рўзномаларни ўқирдим. Ҳафталик рўзномаларда кўпроқ ўзлари қашшоқ бўлса-да, қалблари пок кишилар ҳаёти ҳақидаги ажойиб асарлар босиларди. Бундай мутолаалардан сўнг онгу тафаккурим ўзига хос тарзда такомиллашиши лозим эди, лекин мен қўлимга нима тушса, шуни ўқийвердим. Бунга ёлғизлигим сабаб бўлгандир, эҳтимол. Уйднинг “Сигна” қиссаси менда катта таассурот қолдирди. Қиссани икки йил мобайнида қайта-қайта ўқидим.
Қиссанинг хотимасини йиллар ўтгач, оқ-қорани таний бошлаганимда англаб етдим. Ўшанда асар қаҳрамони билан орзулар салтанатига сайр этардим. Қаҳрамонни олдинда ёвуз Немезида (юнон мифологиясида ёвузлик илоҳи – Таржимон.) кутаётгани етти ухлаб тушимга ҳам кирмаганди. Ўша чоғлар менга асаларига кўз-қулоқ бўлиб туриш топширилганди, дарахт тагига ёнбошлаб олиб, тонг саҳардан қош қорайгунча асалариларнинг ғуж бўлишини кутиб ҳам ўқирдим, ҳам ширин хаёлларга берилардим.
Ливермере водийси шу қадар теп-текис ва зерикарли макон эдики, ҳатто водийни ўраб турган тепаликлар ҳам мени ўзига ром этолмасди. Хаёлларимни фақат асалариларнинг уяларига тўпланишигина тўзғитиб юборарди. Ўша заҳоти жар солиб одамларни чорлардим, улар эса сув тўлдирилган хумча, челак кўтариб югуриб келишарди. Ёдимда, “Сигна”нинг биринчи сатрлари шундай бошланарди: “У бор-йўғи кичкина болакай эди, шундай эса-да, бу болакай буюк мусиқачи бўлиб етишишни, бутун Оврупо унинг оёқлари остида ётишини орзу қиларди”. Ҳа, мен ҳам кичкина болакай эдим… Нима учун энди ўша митти болакай қилган ишни мен амалга оширолмас эканман, дея келажак ҳақида ўй сурардим…
Ранчони тарк этиб, Оклендга кўчиб ўтганимда ўн бир ёшда эдим. Окленд жамоат кутубхонасида қўлимга тушган китобни ютоқиб ўқиганча ўтираверардим. Узоқ вақт китоб ўқишим оқибатида ўзимда қандайдир руҳий касаллик аломатларини ҳам сеза бошладим. Ўқиганим сари олам сир-синоатини англаб, хом хаёллардан халос бўлардим. Тирикчилик учун кўчаларда газета сотиб кун кўрардим. Ўн олти ёшимгача қорин қайғусида ўзимни ўққа-чўққа урдим, ишим ўқишимга, ўқишим ишимга уланиб кетар, бош қашишга фурсат тополмасдим.
Ўша йиллари саргузашт излаб уйдан чиқиб кетдим. Мен қочганим йўқ, шунчаки иссиқ ўрнимни тарк этдим. Кўрфазга тушиб денгиз чиғаноғини овлайдиган қароқчиларга қўшилдим. Уларнинг ҳам омади чопавермас, агар қўлга тушсам, нақд беш юз йилга зиндонбанд этилардим. Кейинроқ шхунага матрос бўлиб ёлландим, лосос овладим. Балки ишонмассиз, аммо кейинги фаолиятим денгиз патрулида давом этди. Мен балиқ овлаш қоидаларига хилоф иш қиладиган қонунбузарларни қўлга олишим лозим эди…
Кейин эса бошқа кемага матрос бўлиб ёлланиб, Япон денгизи соҳиллари томон сузиб кетдим. У ердан Беринг денгизига ўтдик. Етти ой давом этган денгиз мушуги овидан сўнг Калифорнияга қайтдим ва турли юмушларга қўл урдим. Кўмир туширдим, бандаргоҳда ҳаммоллик қилдим, жут (каноп) тайёрлайдиган фабрикада ишладим. Фабрикада тонгги соат олтидан кеч соат еттигача тер тўкишга тўғри келарди. Кейинги йил яна денгиз сафарига отланишни мўлжаллагандим. Бироқ кемадош оғайниларимга қўшилиш насиб этмади. Улар “Мери Томас”да сузиб кетишибди — тақдирни қарангки, кема бутун жамоаси билан денгиз қаърига ғарқ бўлибди.
Фабрикада ишлаб юрган кезларимдаёқ ёзишни машқ қила бошлагандим. Фабрикада иш ўн уч соат давом этар, ижод учун вақт жуда оз қоларди. Сан Францискодаги “Колл” ҳафталиги очерк бўйича танлов эълон қилди. Онам мени танловда қатнашишга бир амаллаб кўндирди. Шундай қилиб мен “Япон соҳилларидаги тўфон” сарлавҳали очерк ёздим. Чарчаганимга қарамай, ярим кечагача қоғоз қораладим, токи икки мингта сўзни коғозга туширмагунимча бош кўтармай ёзавердим. Аммо мавзуни якунлай олмадим. Эртаси тунда ҳам қўлимга қалам олиб, кўзим юмилиб кетай деса-да, яна икки мингта сўзни битдим. Учинчи кун тундагина ёзганимни таҳрир қилиб, танлов шартларига мувофиқлаштирдим. Биринчи ўрин менга насиб этди. Иккинчи ва учинчи ўринларга эса Стэнфорд ҳамда Беркли университети талабалари лойиқ деб топилди.
Танловда ғолиб бўлганим ёзувчилик ҳақида жиддийроқ ўйлаб кўришимга туртки берди. Лекин ташвишларим бошимдан ошиб ётарди, адабий фаолиятни кейинроққа суриб қўйдим. Ўша пайтда “Колл” учун ёзган бир мақоламни ҳам таҳририят рад этганди.
Бутун бошли Қўшма штатларни Калифорниядан тортиб Бостонгача кезиб чиқдим. Тинч океани соҳилларига Канада орқали ўтар эканман, дарбадарлигим учун панжара ортида ўтириб чиқишимга тўғри келди. Жаҳонгашталикдан орттирган тажрибам мени социалистга айлантирди. Меҳнатнинг таги роҳатлигини аллақачонлар тушуниб етгандим. Меҳнат — бу ҳамма нарса. Меҳнат — бу нажот. Ўта оғир иш кунидан сўнг қалбим қанчалик фахр туйғусига тўлиб-тошганини тасаввур ҳам қилолмайсиз…
Оклендга қайтиб ўрта мактабни битираётганимда ўн тўққизда эдим. Ҳар ойда мактаб журнали чоп этиларди. Журналга ўз ҳикояларимни тақдим этдим. Ҳикояларимда денгиз сафарлари ва жаҳонгашталикда бошимдан кечирганларимни ёздим. Ўқиш билан бирга тунги дарбонлик ҳам қилардим… Кейин Калифорния университетига ўқишга кирдим. Олий маълумотли бўлиш бахтидан мосуво этилишни сира истамасдим. Кирхонада ишлаб, қолаверса, адабий фаолият билан шуғулланиб нон топа бошладим. Меҳнатга иштиёқим қанчалик кучли бўлмасин, ўзим учун белгилаган вазифаларим жуда мушкул эди ва ярим йил ўтар-ўтмас университет билан хайрлашдим.
Мен ҳамон кирхонада кийим дазмоллаб, бўш қолдим дегунча қўлимга қалам олардим. Лекин кўпинча қўлимда қалам билан ухлаб қолардим. Кирхонадан ҳайдалганимдан сўнг ўзимни тўла-тўкис адабий фаолиятга бағишладим. Қўлёзмаларим устида уч ой ўтириб, мендан ёзувчи чиқмайди, деган қарорга келдим ва олтин излаб Клондайкка йўл олдим. Бир йил ўтмай хасталаниб, ватанга қайтишга мажбур бўлдим. 1900 мил масофани денгизда эшкак эшиб ўтишга тўғри келди. Клондайк сафарида юрганимда тўсатдан отам вафот этди. Энди оила ташвишлари менинг гарданимга тушди. Калифорнияда ишсизлик ҳукм сурар, мен бир чақасиз қолгандим. Иш излаб роса тентирадим, шу орада “Дарё бўйлаб қуйига” номли ҳикоямни ёзиб тугатдим. Аммо ҳикоям рад этилди. Ушбу ҳикоямнинг тақдири ҳал бўлганига қарамай, йигирма минг сўздан иборат янги ҳикоямни ёздим. Уни бир газета бир неча сонларида чоп этмоқчи эди, бироқ ҳикояни яроқсиз деб топди. Рад жавобларга қарамай, тинмай ёзавердим. Ниҳоят, Калифорниядаги бир журнал битта ҳикоямни қабул қилди ва беш доллар қалам ҳақи берди. Шундан сўнг “Қора мушук” номли ҳикоям учун қирқ доллар таклиф қилишди. Шу тарзда ишларим юришиб кетди. Энди оила боқиш учун кўмир туширишим шарт эмас эди.
1900 йили биринчи китобим дунё юзини кўрди…
Мен интизом билан ишлаш тарафдориман ва ҳеч қачон илҳом парисини кутиб ўтирмайман. Феъл-атворимга кўра нафақат лоқайд ва тартибсиз, балки бироз дилгирроқ эдим. Лекин ўзимдаги бу иллатларни енга олдим. Мен зўр спорт ишқибозиман. Мунтазам равишда бокс, қиличбозлик, сузиш, от спорти билан шуғулланаман. Гарчи шаҳарда туғилган бўлсам-да, чекка-чекка масканларни хуш кўраман. Энг яхшиси, қишлоқда ҳаёт кечириш…
Ўзимнинг энг яхши асарларим сифатида “Оқсоқоллар иттифоқи” ва “Кэптон Уэсс мактублари”дан баъзи бир парчалар келтиришим мумкин. Айтгандай, “Оқсоқоллар иттифоқи” баъзи бировларга ёқмайди. Улар ёрқинроқ, қувноқроқ асарларни яхши кўришади. Ёшим бир жойга бориб қолганда, эҳтимол, мен ҳам уларнинг фикрига қўшиларман.

Рус тилидан Саиджалол Саидмуродов таржимаси.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2015 йил 46-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!