Жек Лондон. Кўрган-кечирганларим

Мен 1876 йили Сан Францискода дунёга келдим. Ўн беш ёшимдаёқ ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиб кўрган йигит бўлиб етишдим. Агар қўлимга уч-тўрт чақа тушиб қолса, уларни обакидондонга эмас, май сотиб олишга сарфлардим. Эркак кишига айнан майхўрлик ярашади, деб ҳисоблардим ўша кезлари. Мана, ёшим ўттиздан ошибдики, қайтадан ўсмирга айланиб қолишни ич-ичимдан истайман, негаки, ўсмирлик лаззатларидан баҳраманд бўлиш менга насиб этмаган. Ҳаётга ҳам минбад аввалгидай жиддий қаролмайман. Яна ким билади, дейсиз, балки ўша умр баҳорига яна дуч келиб қоларман! Ҳаётда энг муҳими, масъулият эканлигини ақлимни таниганимдаёқ тушуниб етгандим. Хат-саводим қандай чиққанини эслай олмайман. Аммо беш ёшимдаёқ ўқиш ва ёзишни билардим. Илк бор Аламедадаги мактаб остонасига қадам қўйганим ҳали-ҳануз кўз ўнгимда. Кейин биз Ранчога ўтдик ва мен, саккиз яшар болакай ўзимни қора меҳнатга урдим.

Менга Матеодаги бир кўрим-сизгина бино иккинчи мактаб вазифасини ўтади. У ерда мен қунт билан билимимни оширишга тиришардим. Синфда ҳар биримизга алоҳида парта берилганди. Аммо бу парталар кўпинча бизга керак ҳам бўлмас, сабаби, муаллимимиз дарсга маст ҳолда келарди. Орамиздан сал ботирроғимиз муаллимнинг жиғига тегиб ўйнашар, у ҳам қарздор бўлиб қолмаслик учун ўша ўқувчини тутиб олиб, тоза пўстагини қоқарди. Ана энди бу мактаб ҳақида тасаввурга эга бўлгандирсиз?! На туғишганларим, на ёр дўстларим адабиётга тариқча ҳам қизимасди. Назаримда, адабиёт оламига катта бобомнинг оз-моз алоқаси бор эди: бу чол тушмагур маъмурий округда котиб эди, хилват чакалакзорларда Инжилни завқ-шавқ ила тарғиб қилар, шу боис Патер[1] Жонс лақабини олганди.

Болалик чоғларимдаёқ мени одамларнинг жаҳолат ботқоғига ботганлиги ҳайратга соларди. Тўққиз ёшимда Вашингтон Ирвингнинг “Ҳамро”сини зўр иштиёқ билан ўқиб чиқдим ва ранчодагилардан биронтаси бу китоб ҳақида билмаслиги ҳеч ақлимга сиғмасди. Вақт ўтиб, бундайин жаҳолат фақатгина қишлоғимизда ҳукм суради, шаҳарда эса ҳаёт умуман бошқача бўлса керак, деган хулосага келдим. Шундай қилиб, бир куни ранчомизга шаҳардан бир киши келди. Бошмоқларига қарасангиз, юзингизнинг аксини кўришингиз мумкин, эгнида мовут пальто. Маърифатли киши билан мубосаҳа қилишнинг айни вақти, деб ўйладим. Шаҳарлик меҳмонни ўзимнинг “қасримга” – эски, ярим вайрона кулбамга таклиф этдим ва ундан “Ал Ҳамро” ҳақида сўрай бошладим. Ҳайҳот, у ҳам ранчо аҳолиси каби жоҳил бўлиб чиқди. Шунда дунёда иккитагина оқил одам бор, улардан бири – Вашингтон Ирвинг, ҳамда иккинчиси – мен, деган фикрга келдим.

Ўша пайтлар “Ал Ҳамро”дан ташқари асосан ўн центлик романлар (мен уларни батраклардан сотиб олардим) ва рўзномаларни ўқиб чиқардим. Ҳафталик рўзномаларда кўпроқ ўзлари қашшоқ бўлса-да, қалблари пок кишилар ҳаёти ҳақидаги ажойибу ғаройиб асарларни ўқир эдим. Бундай мутолалардан сўнг онгу тафаккурим ўзига хос тарзда такомиллашиши лозим эди, лекин мен қўлимга нима тушса, шуни ўқиб кетаверардим. Бунга ёлғизлигим сабаб бўлгандир, балки. Уйднинг “Сигна” қиссаси менда катта таассурот қолдирди. Қиссани икки йил мобайнида қайта-қайта ўқидим.

Қиссанинг хотимасини йиллар ўтгач, оқ-қорани танийдиган ёшга етганимда англаб етдим. Китобнинг якунловчи боблари йиртиб олинган бўлиб, ўшанда асар қаҳрамони билан биргаликда орзулар салтанатида сайр этардим. Қаҳрамонни олдинда ёвуз Немезида[2] кутаётганлиги етти ухлаб тушимга ҳам кирмаганди. Ўша чоғлар менга асалариларга кўз қулоқ бўлиб туриш топширилганди, дарахт тагига ёнбошлаб олиб, тонг саҳардан то қош қорайгунча асалариларнинг уяларига ғуж бўлишини кутиб ҳам ўқирдим, ҳам мириқиб ширин ҳаёлларга берилардим.

Ливермере водийси шу қадар теп-текис, зерикарли макон эдики, ҳатто водийни ўраб турган тепаликлар ҳам мени ўзига ром этолмасди. Хаёлларимни биргина жараён – асалариларнинг уяларига тўпланишларигина тўзғитиб юборарди. Ўша заҳоти жар солиб одамларни чорлардим, улар эса сув тўлдирилган хумга декча, челак кўтариб, югуриб келишарди. Ёдимда “Сигна”нинг биринчи сатрлари шундай бошланарди: “Бу бор-йўғи бир кичкина болакай эди, шундай эса-да, бу болакай буюк мусиқачи бўлиб етишишни, бутун Оврўпа унинг оёқлари остида ётишини орзу қиларди. Ҳа, мен ҳам кичкина болакай эдим… Нима учун энди ўша митти болакай қилган ишни мен амалга оширолмас эканман?!

Калифорния ранчосидаги ҳаёт ўта зерикарли эди. Ҳар куни уфқ ортига кетиб, дунёни кўришни орзу қилардим.

Тушунарсиз ғалати шивир-шивирлар йўлга отланишимга ундарди. Мен гўзалликка интилардим, бинобарин, атрофимда зиғирча ҳам гўзалликни кўрмасдим. Тепаликлару водийлар жонимга текканди. Мусофирчиликда юрганимдагина уларни қанчалик севишимни англадим.

Ранчони тарк этиб, Оклендга кўчиб ўтганимда ўн бир ёшда эдим. Окленд жамоат кутубхонасида дуч келган китобни ютоқиб ўқиганча талай вақт ўтириб қолардим. Узоқ вақт давомида китоб ўқиш оқибатида ўзимда қандайдир руҳий касаллик аломатларини ҳам сеза бошлагандим. Ўқиган сарим олам сир-синоатларидан бохабар бўлиб, хом хаёллардан халос бўлардим. Тирикчилик учун кўчаларда газета сотиб кун кўрардим. Ўн олти ёшимгача қорин қайғусида ўзимни ўққа-чўққа уравердим, ишим ўқишимга, ўқишим ишимга уланиб кетар, бош қашишга фурсат тополмасдим.

Ўша йиллари саргузашт излаб, уйдан чиқиб кетдим. Мен қочиб кетмадим, шунчаки иссиқ ўрнимни тарк эдим. Кўрфазга тушиб, денгиз чиғаноғини овловчи қароқчиларга қўшилдим. Қароқчиларнинг ҳам омадлари чопавермас, агар қўлга тушсам, нақ беш юз йилга зиндонбанд этилардим. Кейинроқ Шхунага[3] матрос бўлиб ёлландим, лосось[4] овладим. Балки ишонмассиз, аммо кейинги фаолиятим денгиз патрулида давом этди. Мен ҳар қандай балиқ овлаш қонунига хилоф иш тутувчи қонунбузарларни қўлга олишим лозим эди. Бундай бузғунчилар – хитойлар, греклар, итальянлар ғайриқонуний равишда балиқ овлашар, соқчилар гуруҳи жонларини хатарга қўйиб, уларни тартибга чақиришарди.

Кейин эса бошқа кемага матрос бўлиб ёлланиб, Япон денгизи соҳиллари томон сузиб кетдим. У ердан Беринг денгизига ўтиб кетдик. Етти ой давом этган денгиз мушуги овидан сўнг Калифорнияга қайтдим ва турли юмушларга қўл урдим. Кўмир туширдим, портда ҳаммол бўлдим, Жут[5] тайёрлайдиган фабрикада ишладим. Фабрикада тонг соат олтидан кеч соат еттигача тер тўкишга тўғри келарди. Келаси йил яна денгиз сафарига отланишни кўзлаб қўйгандим, бироқ кемадош оғайниларимга қўшилиш насиб этмади. Улар “Мери Томас”да сузиб кетишибди – тақдирни қарангки, кема бутун командаси билан денгиз қаърига ғарқ бўлибди.

Жут фабрикасида ишлаб юрган кезлардаёқ ёзишни машқ қила бошлагандим. Фабрикада иш ўн уч соат давом этар, ижод учун вақт жуда оз қоларди. Сан Францискодаги “Колл” ҳафталиги очерклар бўйича танловини эълон қилди. Онам мени бир амаллаб кўндирди. Шундай қилиб, мен “Япония соҳилларидаги тўфон” сарлавҳали очерк ёздим. Чарчаганимга қарамай, ярим кечаси очерк ёзишга киришдим ва токи икки мингта сўзни қоғозга туширмагунимча бош кўтармай ёзавердим. Аммо мавзуни тугата олмадим. Эртасига тунда ҳам қўлимга қалам олиб, кўзим юмилиб кетай-кетай деса-да, яна икки мингта сўзни битдим. Учинчи тундагина ёзганимни таҳрир қилиб, танлов шартларига мувофиқлаштирдим. Биринчи ўрин менга насиб этди. Иккинчи ва учинчи ўринларга эса Стенфорд ҳамда Беркли университети талабалари лойиқ деб топилди.

Танловда ғолиб бўлганим ёзувчилик ҳақида жиддийроқ ўйлаб кўришимга сабаб бўлди. Лекин ташвишларим бошимдан ошиб ётарди, адабий фаолиятни кейинроққа суриб қўйдим. Ўша пайтда “Колл” учун ёзган бир мақоламни ҳам таҳририят рад этганди.

Бутун бошли Қўшма штатларни Калифорниядан тортиб Бостон-гача кезиб чиқдим. Тинч океан соҳилларига Канада орқали ўтар эканман, дарбадарлигим учун панжара ортида ўтириб чиқишимга тўғри келди. Жаҳонгашталикдан орттирган тажрибам мени социалистга айлантирди. Меҳнатнинг таги роҳатлигини аллақачонлар тушуниб етгандим. Меҳнат – бу ҳамма нарса. Меҳнат – бу нажот. Ўта оғир иш кунидан сўнг қалбим қанчалик фахр туйғусига тўлиб-тошганини тасаввур ҳам қилолмайсиз. Капиталистлар эскплуатация қилган ёлланма қуллар ичида мен энг фидойиси эдим. Бир сўз билан айтганда, менинг шодмон шахсиятпарастлигим собидқадам буржуазия одоб-ахлоқининг асири эди. Ғарбдан, қайсики, одамлар арзон-гаров сотиладиган, ишнинг ўзи хожасини излаб юрадиган макондан, кишилар тилларини осилтириб зир югурганча иш ахтариб юрадиган Шарқий штатларнинг аҳолиси зич ишчи марказларига бориб қолдим. Бу манзаралар мени ҳаётга умуман бошқача кўз билан қарашга мажбур этди. Мен ахлатхоналардаги жамият жарлиги тубидаги ишчиларни кўрдим. Шунда ҳеч қачон оғир жисмоний меҳнат қилмасликка, ўта зарур бўлгандагина бу билан шуғулланишга ўзимга-ўзим сўз бердим. Ўшандан бери оғир жисмоний меҳнатдан ўзимни олиб қочаман.

Оклендга қайтиб, ўрта мактабни тугаллаётганимда ўн тўққизда эдим. Ҳар ойда мактаб журнали чоп этиларди. Журналга ўз ҳикояларимни тақдим этдим. Ҳикояларимда денгиз сафарлари ва жаҳонгашталикдаги бошимдан кечирганларимни ёздим. Ўқиш билан бирга тунги дарбонлик ҳам қилардим. Устига-устак социалистик қарашларим ҳам кенгайиб, “социалистик йигитча” деган номни орттириб олгандим. Бунга сабаб кўчалардаги намойишларда иштирок этганим учун ҳибсга олинганлигим бўлди. Кейин Калифорния университетига ўқишга қабул қилиндим. Олий маълумотли бўлиш бахтидан мосуво этилишни сира истамасдим. Кирхонада ишлаб, қолаверса, адабий фаолият билан шуғулланиб, нон топа бошладим. Меҳнатга бўлган иштиёқим қанчалик юқори бўлмасин, ўзим учун белгилаган вазифаларим жуда мушкул эди ва ярим йил ўтар-ўтмас университет билан хайрлашдим.

Мен ҳамон кирхонада кийим дазмоллар, бўш қолдим дегунча қўлимга қалам олардим. Лекин кўпинча қўлимда қалам билан ухлаб қолардим. Кирхонадан ҳайдалганимдан сўнг ўзимни тўлиқ адабий фаолиятга бағишладим. Қўлёзмаларим устида уч ой ўтириб, мендан ёзувчи чиқмайди, деган қарорга келдим ва олтин излаб Клондайкка йўл олдим. Бир йил ўтмай, хасталаниб қолганлигим боис ватанга қайтишим лозим бўлиб қолди. 1900 мил масофани денгизда эшкак эшиб ўтишга тўғри келди. Клондайк сафарида юрганимда тўсатдан отам вафот этди. Энди оила ташвишлари бор бўйича менинг гарданимда эди. Калифорнияда ишсизлик ҳукм сурар, мен бир чақасиз қолгандим. Иш излаб, тоза тентирадим, шу билан бирга “Дарё бўйлаб қуйига” номли ҳикоямни ёзиб тугатдим. Аммо ҳикоям рад этилди. Ушбу ҳикоямнинг тақдири ҳал бўлар экан, йигирма мингта сўздан иборат янги ҳикояни ёзиб ташладим, уни бир газета бир неча сонларда чоп этмоқчи эди, бироқ газета ҳикояни яроқсиз деб топди. Шунча рад жавоб-ларига қарамай, тинмай ёзавердим. Ниҳоят, Калифорниядаги бир журнал ҳикояларимдан бирини қабул қилди ва беш доллар қалам ҳақи берди. Шундан сўнг, “Қора мушук” ҳикоям учун қирқ доллар таклиф қилди. Шу тарзда ишларим юришиб кетди. Эндиликда мен оила боқиш учун кўмир туширишим шарт эмасди.

1900 йили биринчи китобим дунё юзини кўрди. Газетада ишлаб оиламни тебратсам бўларди, лекин бу, вақтни зое кеткизувчи машинанинг қулига айланиб қолмаслик учун етарлича соғлом фикрга эга эдим. Бўлажак адибларни, ҳали улар донгдор адиб бўлиб етишмасларидан аввал, айнан газета таназзулга олиб боради, деб ҳисоблайман. Ўзимни журнал ходими сифатида синаб кўрганимдан сўнг газеталар учун ёза бошладим. Мен интизом билан ишлаш тарафдориман ва ҳеч қачон илҳомни кутиб ўтирмайман. Феъл-атвор жиҳатидан нафақат лоқайд ва тартибсиз, балки бироз дилгирроқман. Лекин мен ўзимдаги бу иллатларни енга олдим. Мен зўр спорт ишқибозиман. Мунтазам равишда бокс, қиличбозлик, сузиш, от спорти билан шуғулланаман. Гарчи шаҳарда туғилган бўлсам-да, чекка-чекка масканларни хуш кўраман. Энг яхшиси, қишлоқда ҳаёт кечириш. Ўша ердагина табиат билан ошно бўласан. Аввал бошда ёзувчилардан қисман Карл Маркс ҳамда Спенсер менга катта таъсир ўтказишган. Агар бесамар ўтган ўсмирлигимга қайта олганимда эди, жон деб мусиқа билан шуғулланган бўлардим. Агар ёшлик чоғларимда қўлимда бир ёки икки миллиард доллар бўлганида, ўзимни шеърлар ва памфлет ёзишга бағишлардим. Ўзимнинг энг яхши асарларим деб “Оқсоқоллар иттифоқи” ва “Кэптон Уэсс мактублари”дан баъзи бир сатрларни айтишим мумкин. Айтгандай, “Оқсоқоллар иттифоқи” баъзи бировларга ёқмайди. Улар ёрқинроқ, қувноқроқ асарларни афзал кўришади. Ёшим бир жойга бориб қолганда, эҳтимол, мен ҳам уларнинг фикрига қўшиларман.

Рус тилидан Саиджалол Саидмуродов таржимаси.
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 1-сон

____________________

[1] Патер – католик руҳонийси

[2] Немезида – юнон мифологиясида ёвузлик маъбудаси.

[3] Ш х у н а – кичикроқ елканли кема.

[4] Гўшти қизил балиқ.

[5] Ж у т – Ҳиндистон канопи.