Жан Жак Руссо. Фан ва санъат тараққиёти инсониятга нима берди?

Мен бу ерда мусофирман, зотан, ҳеч ким мени англамайди.

Овидий, “Тристий Элегияси”, 37-қўшиқ.

Фан ва санъатнинг қарор топиши нималарга олиб келди, ахлоқнинг юксалишигами ёхуд унинг бузилишига? Мана, биз биринчи галда нималар ҳақида бош қотиришимиз керак. Хўш, бу масалада кимнинг тарафида турмоқ лозим? Балки барча бамаъни одамлар каби ҳеч нарсани билмайдиган ва бундан ўз виждони олдида заррача қизармайдиган корчалонлар тарафида бўлиш жоизроқдир?

Сезиб турибманки, қаршимда турган ҳакам олдида айтмоқчи бўлганларимни баён қилиш мен учун ғоят мушкул кечади. Ахир, қандай қилиб Европадаги илм аҳли олдида илм-фанга исён қилиш, нуфузли Академия қаршисида жоҳилликни олқишлаш, фан билан машғул чин олимларга нафрат изҳор этиш мумкин? Мен бу каби зиддиятларни биламан, аммо улар мени тўхтатолмайди. Ўз-ўзимга дедимки, мен илм-фанни ҳақорат қилмаяпман, мен эзгу одамлар қаршисида эзгуликни ҳимоя қиляпман. Зотан, олим учун илм қандай қадр-қимматга эга бўлса, ҳақгўй одам учун ҳам ор-номус шундай баҳога эга. Бас, нимадан қўрқиб ўтирибман? Мени тинглаётганларнинг олиму уламолигиданми? Тан олишим лозим: ҳа, мен чўчияпман, аммо мулоҳазаларимдан эмас, уларни сўзамоллик билан тўғри ифодалай олмасликдан чўчияпман. Агар бирор мусоҳабада салгина шубҳага ўрин бўлса, одил ҳукмдорлар шу ондаёқ ҳеч иккиланмай ўзларини ноҳақ деб билганлар; ҳақгўйлар эса фақатгина маърифатли ҳакам ёхуд адолатли рақиб билан баҳслашганларидагина ишни ўз фойдаларига ҳал қилганлар.

Биз эса, Гораций айтганидек, ҳақиқатнинг кўз ўнгида бир-биримизни алдаймиз… (“Искусство поэзии”, 25).

1-қисм

Инсон ўз кучига таяниб йўқликдан юксалаётгани, тафаккур нури билан табиат зулматларини ёритаётгани, ақл-идроки билан само чегараларигача кўтарилаётгани худди қуёш янглиғ оламнинг чексиз ҳудудида улкан қадамлар ташлаётгани, яна ҳам ўйга толдирадигани шундаки, унинг ўз-ўзини англаш учун ўз моҳиятига разм солаётгани, ўзидаги инсонни, унинг табиатини, мажбуриятларини, тақдирини билишга интилаётгани ғоят улуғвор ва гўзал манзарадир. Ушбу мўъжизалар янги авлод онгида қайтадан шаклланди.

Европа қайтадан I аср жаҳолатининг домига тушди. Ҳозирда илм-маърифат ўчоғида яшаётган бу халқлар бундан бир неча юз йил аввал жаҳолатдан баттарроқ аҳволда эди-ку. Жаҳолатдан баттар қандайдир сафсатабозлик ўзини фан дея атаб, ҳақиқий илм-маърифат йўлига қандай қилиб енгиб бўлмас ғов қўйганини билмадим. Одамларнинг ақл-ҳушини жойига келтириш учун инқилоблар зарур эдики, охир-оқибат, у кутилмаганда ўз самарасини берарди. Бир мусулмон (Усмонли Турк султони Маҳмуд назарда тутилмоқда – таҳририят изоҳи) бу ишларни ўрнига қўйиб бажарди. Константиннинг тож-тахти қўлдан кетгач, қадимги Юнон маданиятининг барча қолдиқлари Италияга келтирилди. Ўз навбатида, французлар ҳам ана шу қимматбаҳо улуш туфайли бойиб кетди. Тез орада адабиёт ортидан фан, ёзиш санъати ортидан фикрлаш санъати эргашди. Бу кетма-кетлик, бироз ғалати кўринса ҳам, табиий эди. Зеро, у одамларга музалар билан сўзлашиш имконини берди. Бу имкон инсонларни бир-бирига яқинлаштирди, чунки у барчага бирдек ёқадиган ҳамда умумэътироф этилган санъат асарлари билан таъсир қиларди.

Худди тана каби руҳнинг ҳам ўзига хос эҳтиёжлари бор. Жисмоний эҳтиёжлар жамиятнинг асосини яратади, руҳий эҳтиёжлар эса унга фаровонлик беради. Давлат ва қонунлар жамиятдаги тинчлик ва хавфсизликни таъминларкан, улардан кўра қудратли бўлган фан, адабиёт ва санъат одамлар боғланган темир кишанларни гуллар шокиласи билан ўрайди, улардаги озодлик руҳини синдиради, уларни цивилизациялашган халқларга айлантиради. Фақат зарурат фан ва санъат тожини олға сурди, уни мустаҳкамлади. Эй қудрат соҳиблари, илм-фан неъматларини севинг, уларнинг яратувчиларига ҳомийлик қилинг! Эй сиз, тараққий этган халқлар, илм-фан неъматларини ундиринг! Эй бахтиёр қуллар! Чунки сиз ўзингиз ичида бижғиётган шу нозик дид учун, сизни жамият билан осон ва тиғиз боғлаётган шу мулойим, босиқ, оқилона ахлоқ учун масъулсиз; бир сўз билан айтганда, бу неъматлар сизга ўзингиз сира эга бўлмаган барча эзгуликларни инъом этади.

Мана, қанчалик ёқимли бўлса, шунчалик кам намоён бўладиган илтифотнинг бир тури: қачонлардир Афина ва Рим ўз шон-шуҳратига бурканган онларда шундай илтифотга ўч эди. Шубҳасизки, айнан шу илтифот боис бизнинг асримиз, бизнинг миллатимиз барча замонлар ва халқлар инқирозини бошидан кечиради. Ўзининг қатъий, ахлоқий, табиий рафторисиз фалсафий нутқ, олмонларнинг қўполлигию итальянларнинг маккорлигидан кўпда фарқ этмайди. Мана, олий табақа жамиятини мукаммалаштиришимиз, асосий машғулотларимиз натижасида ҳосил бўлган дидларимиз меваси.

Қани энди, ташқи кўринишимиз ҳамиша ботиний хилқатимизни акс эттирса; қани энди, фазилатларимиз эзгуликдан дарак берса; қани энди, баландпарвоз панд-насиҳатларимиз хулқ-атворимизга мос келса; қани энди, файласуф деган ном чин фалсафадан айри бўлмаса, ҳаёт янада ёқимли бўларди. Бироқ шу қадар мўл фазилатлар бамисоли анқонинг уруғи, эзгуликнинг эса дабдабали мулозимлари шунчалик кўпки, бечора оёғини базўр судрайди. Серҳашам либослар бизга кишининг бадавлат эканлигини, бежирим нарсалар эса унинг таъби нозиклигини англатади, лекин биз бақувват ва соғлом кишиларни бошқача андозалар билан ўлчаймиз: бечораҳол кийинганни чорвадор деҳқон деймиз, зарҳал либосдагиларни эса амалдорлар, деб ўйлаймиз: мана, аслида, соғлом тана нималарга ўралган бўлади. Аслида, серҳашам либос руҳнинг устуни бўлган эзгулик учун бегона. Танасидаги кучга, оёқларидаги қувватга ишонган чапдаст атлет[1] чин маънодаги эзгу кишидир: у ўз кучини намоён қилишга халал берадиган, фақатгина ноқислик ва хунукликни яширишга хизмат қилиш учун яратилган зебу зийнатларни севмайди.

Санъат феълу хўйимизни ўзгартириб, ҳис-туйғуларимизни сохта тайёр сўзлар билан ифодалашга ўргатиб улгурмаган пайтларда, руҳиятимиз содда, қўпол, бироқ табиий эди; бир қарашдаёқ турли хулқ-атвордан турфа хил характер кўринарди. Инсон табиати моҳиятан мукаммал эмас, лекин одамлар ўз хавфсизликларини таъминлашни бир-бирларини осон тушунишда, деб билганлар. Бу афзаллик, гарчи бугун биз уни ҳис этмасак-да, уларни кўпгина иллатлардан холи қилган. Бугун янада айёр, маккор, таъби нозиклар санъатни муайян мақомга солишни касб этаркан, бизнинг ахлоқимизда ёлғончилик, бир хиллик урчиди, барча илм аҳли гўё бир қолипга солинди: хушмуомалалик ҳамиша нимадандир таъма қилади, ор-номус ҳамиша нимагадир буюради, биз эса ўз ақлу фаросатимиз билан эмас, ҳамиша қандайдир анъаналар билан иш кўрамиз. Эндиликда одамлар инсон бўлиб қарор қабул қилмай қўйдилар, доимий зарурат ва бир хил шароитга ташланган, шунингдек, жамият дея аталган оломонни ташкил қилувчи бу одамларни қудратли бир куч ўринларидан қўзғатмагунча ўз ишларида давом этаверадилар. Улар орасида нима қилиш кераклигини ҳам, ким билан муносабатга киришаётганингни ҳам билмайсан: дўстингнинг чин дўстлигини билишинг учун катта воқеаларни кутишинг керак, ортиқ имконинг бўлмаса ҳам, кутаверасан; ахир, ўша воқеалар келиши учун ҳам дўстинг кимлигини билишинг керак-ку.

Бу ишончсизликлар ортида қанчалик кўп иллатлар занжири тортилган. На самимий дўстлик, на чин ҳурмат, на қатъий ишонч – ҳеч бири қолмаган. Шубҳа, гумон, ишончсизлик, совуққонлик, нафрат – буларнинг бари маърифатли асримиз берган, мақтаб олқишланадиган маккор ва сохта хушахлоқлик, хушмуомалалик ниқоби остига яширинган. Бирор кимса Парвардигор номини ёдга олмайди, аксинча, уни ҳақорат қилади, негадир бу ҳақоратларга қулоқларимиз ўрганиб қолган. Одамлар ўз меҳнатидан эмас, бошқаларнинг хизматидан таъма қилади. Ҳеч ким душмани билан очиқдан-очиқ юзлашмайди, аксинча, унга енг ичида туҳмат қилади. Билимсизлик хавфли қароқчилик билан ўрин алмашган. Исрофгарчилик, беномуслик авж олган; иллатлар, қусурлар эзгулик номи ила тақдирланмоқда; кун кўриш учун бу иллатларни ўзлаштиришинг ёхуд ўзингни уларни ўзлаштиргандай тутишинг лозим. Замонамиз аҳли донишларининг қуруқ сумбати кимгадир маъқул бўлса, майли, уни олқишласин; мен эса уларнинг ясама соддадилликлари ва нозиктаъб ишваларини мақтовга арзимайди, деб биламан.

Мана, ахлоқимизнинг қай даражада “пок”лиги! Мана, қандай қилиб “эзгу одамлар”га айландик! Адабиёт, фан, санъат бу эврилишдаги ўз ҳиссаларини мақташни, кўкларга кўтаришни талаб қилади. Мен фақатгина бир мулоҳазани қўшимча қиламан: агарда дунёнинг узоқ бир бурчагида яшовчи киши бизнинг илму фанимизнинг ҳолатидан, мукаммал санъатимиз, театр томошаларимиз, юксак одобимиз, ёшу қарига қарамай, эртаю кеч бир-биримизга кўрсатаётган илтифотимиздан келиб чиқиб Европа ахлоқи ҳақида бирор тасаввурга эга бўлишни истаркан, кўриб турганлари унда аслидан кўра ёлғон таассурот қолдирарди.

“Мен тор доирада, мусоҳабаларда кўп гапиришни ёқтираман, бироқ ўз билимдонлигини кўз-кўз қилиб сафсата сотишни оқил кишига ярашмайдиган иш деб биламан”, – дейди Монтен. Аммо, афсуски, замонамизнинг аксарият олимлари бу ишни ўзларига касб қилиб олганлар.

Оқибат бўлмаган жойда сабаб изланмайди, бироқ бизнинг руҳий қашшоқ, ахлоқий бузуқлигимизнинг сабаби фан ва санъатимизнинг тараққий этишидир. “Бу бахтсизликлар фақат бизнинг асримизгагина хосми?” – деган савол туғилади. Йўқ, азизлар, бизни ноўрин қизиқтираётган бу офатлар худди олам каби қадимийдир. Уммон сувларининг кунлик кўтарилиш-пасайиши сайёраларнинг ҳаракатига қанчалик боғлиқ бўлса, фан ва санъатнинг одилона муваффақияти ва тақдири билан ҳам шунчалик боғлиқ. Одамлар ҳақиқий эзгуликни йўқотганларини фан ва санъат зиёси бошимиз узра кўтарилгач, кўрдилар. Бу ҳол ҳамма ерда, ҳамма даврларда кузатилган.

Мисол учун, Мисрни олсак. Бу юрт чўғдек иссиқ осмон остидаги ғаройиб иқлими билан дунё илм-фанига илк мактаб[2] вазифасини ўтаган. Қачонлардир Сезострит дунёни забт этгани отланган бу шоён ўлкага боқинг. Бу юрт дастлаб фалсафа ва санъат бешигига айланади, сўнгра Камбиз, кейинчалик юнонлар, римликлар, араблар, ва ниҳоят, турклар томонидан забт этилади.

Ёхуд Осиёни икки карра забт этган қаҳрамонлар диёри Юнонистонга боқинг. Эндигина дунё юзини кўрган адабиёт бу юрт аҳолисининг юрагига ҳали иллат уруғларини сочмаган эди; бироқ санъатнинг тараққий этиши, ахлоқнинг бузилиши ҳамда македонияликларнинг жабр-зулми пайдар-пай ортиб борди; оқибатда ҳамон ўша донишманд, ҳамон ўша мазахўрак, ҳамон ўша жафокаш Юнонистон бошидан кечирган инқилоблари натижасида фақатгина янгидан-янги ҳукмдорларни кўрди, холос. Демосфеннинг бор нотиқлик санъати серҳашамлик ва санъат дастидан касалланган жонга ҳаёт бахш этолмади.

Эннийлар ва Теренцлар даврида қачонлардир чўпонлар асос солган ва деҳқонлар шуҳратини ёйган Рим ҳам таназзулга юз тутди. Овидий, Катулл, Марциаллардан сўнг номини эшитса, уят ҳам қизарадиган бетамиз бир тўда шоирлар қачонлардир эзгуликнинг эҳроми бўлган Римни, жиноятлар театри, халқ шармандаси, ёввойиларнинг эрмагига айлантирди. Дунё пойтахти бўлган бу шаҳар минглаб халқларга ўзи берган қуллик, зулм юкини кўтара олмай, охир-оқибат, қулади. Римнинг сўнгги кунларида унинг фуқароларига “аъло дид соҳиби Орбитр” дея номланган унвонлар тақдим этилган (император Нерон даврида “arbiter elegantiae” унвонини олган шоир Петроний назарда тутилмоқда – т. и.).

Мен қачонлардир дунё марказига айланиши мумкин бўлган Шарқий империя пойтахти Константинополь ҳақида, Европадан қувилган фан ва санъатга бошпана берган шаҳар ҳақида нима ҳам дея олардим? Шармандалик, бузуқлик, қабиҳлик иллатидан жамланган бор жиноятлар, жаҳолатлар – мана, Константинополь тарихи нималарга асосланган. Мана, бизнинг асримиз кўмилиб ётган билимдонликнинг асл манбаси!

Ўзимиз юзма-юз бўлиб турган ҳақиқатни исботлаш учун узоқ ўтмишдан мисол келтириш кимга керак?

Осиёда адабиётни улуғлайдиган, уни юксак мартабаларга кўтарадиган бир мамлакат бор. Агар фан чиндан ҳам ахлоқни поклаганда эди, агар у одамларни Ватан учун қон тўкишга ўргатганда эди, агар фан ва санъат чиндан ҳам одамларда жасорат ҳиссини уйғотганда эди, Хитой халқи ҳамиша донишманд, озод, ҳеч қачон енгилмас халқ бўларди. Агар улардан устун бўлган қусурлари, жиноятлари бўлмаганда эди, улар ёввойи мўғуллар зулмини енгган, донишмандлари эса ўзларига фойда берган бўларди. Фахр-ифтихорга чўмган халқ қуллик ва босқинчиликдан бўлак нимага эришди? Бу манзараларни кераксиз билимларнинг юқумли касалидан ўзини ҳимоя эта олган кам сонли халқлар ахлоқи билан солиштирайлик. Улар ўз эзгуликлари билан ўз бахтларини яратган ва бошқаларга намуна бўладиган халқлардир. Форслар ана шундай ажойиб миллат эди. Улар авлодларига илм-фан ўрнига эзгуликдан дарс ўтган, Осиёни осонлик билан забт этган, тарихи “Фалсафий роман” (қадимги юнон тарихчиси Ксенофонтнинг (эр. авв. 434-355) шу ном билан аталган асари назарда тутилмоқда – т. и.) сифатида тилларда достон бўлган халқдир. Скифлар ҳам жасорати, донғи бизгача етиб келган ана шундай элат эди. Германлар ҳам шундай халқлар сирасига киради; очкўз, бадавлат Римнинг жиноятларини ёзишдан чарчаган “қалам” германларнинг соддадил эзгуликларини таъриф этади (қадимги Рим тарихчиси Тассо ҳақида сўз бормоқда – т. и.).

Наҳотки, мен Юнонистоннинг бағрида қад кўтарган, ўзининг жасоратию доно қонунлари билан ном таратган азим бир шаҳарни унутсам. “О Спарта, самарасиз донишмандликдан мангу холи юрт” (француз шоири Монтен сатри – т. и.).

Мен бизни банд этган қусурларнинг ҳатто номини ҳам билмайдиган бахтиёр халқлар ҳақида, содда, табиий ҳаёт тарзига эга бўлган Америка ёввойи қабилалари тўғрисида масал айтиб ўтирмоқчи эмасман. Монтен уларнинг ҳаёт тарзини ҳеч иккиланмай нафақат Платоннинг “Қонунлар”идан, балки халқларни бошқариш учун яратилган энг мукаммал фалсафадан ҳам устун қўйган.

Қани, виждонан айтинг-чи, нега афиналикларнинг ўзи маъбудлар ҳам тенглаша олмайдиган халқ йиғинларидан нотиқларни қувиб чиқди? Римликлар ўз республикаларидан табобат илмини ҳайдаб солганда у ҳақида қандай фикрда эдилар? Наҳотки, испанлар ўз ҳуқуқшуносларига Америкага боришни таъқиқлаганда бечора ҳиндулар ҳақида ўйлаган бўлсалар?

Воқеаларнинг якуни ушбу фарқларнинг қийматини кўрсатади. Афиналикларнинг юрти илмли, нозиктаъб нотиқлар ва файласуфлар ўлкасига айланди. Бу шаҳарда меъморчиликнинг нозик усуллари, нутқнинг нозик ифодаларига мутаносиб эди. Ҳамма ерда моҳир усталарнинг қўллари билан яратилган мармар устунлар, матолар, кошинлар кўриниб турарди; айниган асрнинг жами намуналари бўлиб хизмат қиладиган ушбу санъат асарлари Афинада яратилди.

Лакедемон (қадимги Спартанинг бошқача номи – т. и.) ўзида дабдабали манзара касб этмаган. Бошқа халқларнинг ривоят қилишича, у ерда фақат эзгу кишилар дунёга келади, у ернинг шамоли ҳам гўё эзгулик таратади. У ернинг аҳолисидан бизга уларнинг қаҳрамонликлари ҳақидаги хотираларгина қолди. Наҳот, биз учун бу хотира ёдгорликлари Афинадан қолган мармар ҳайкаллардан камроқ қадрли бўлса?

Тўғри, баъзи донишмандлар оммавий талотўпларга қарши туриб, муза соҳибларини қусурлардан муҳофаза этганлар. Энг шўрпешона донишмандлардан бири ўз замонасининг санъаткорлари ҳақида, мана, нималар деган:

– Мен шоирларга назар солдим, уларнинг мулоҳазалари ўзларини ҳам, ўзгаларни ҳам янглиштиради. Улар ўзларини донишманддек тутадилар, бошқалар ҳам уларни шундай, деб ўйлайди. Аслида, улар ҳеч қандай донишманд эмаслар. Шоирлардан сўнг, – деб давом этади Суқрот, – мусаввирларни кузатдим. Ҳеч ким санъат борасида менчалик оми эмас эди; ҳеч ким менчалик мусаввирлар ғаройиб сирларга эга бўлганлар, деб ишонмаган. Аммо, шунга қарамай, мен уларнинг шоирлардан кам эмаслигини билдим. Улар ҳам, бошқалар ҳам бидъат, хурофот ҳукмидалар. Уларнинг энг зўрлари ўз ишининг усталари бўлгани учун ҳам ўзларини донишманд санайдилар. Ўз-ўзларига берган баҳолари уларнинг асл билимлари ҳақидаги тасаввурларимни хиралаштирган. Шунинг учун мен ўзимни Аракуланинг ўрнига қўйиб, ўз-ўзимдан сўрадим: ким бўлишни маъқул кўрган бўлардим: уларми ёки ўзимми? Нимани билишни истардим: уларнинг илмлариними ёки ўзим билганимдек ҳеч нарсани билмасликними? Мен Худо қаршисида ва ўз-ўзимга шундай жавоб бердим: мен ўз-ўзимча қолишни истайман! Биз на шоирлар, на софистлар, на мусаввирлар, на нотиқлар ва на мен Ҳақиқат, Эзгулик, Гўзаллик эмаслигини биламиз. Аммо ўртамизда шундай фарқ борки, улар ҳеч нарсани билмаган ҳолларида, ўзларича бирор нарсани биламиз, деб ўйлайдилар; мен эса ҳеч нарсани билмаслигимга шубҳа қилмайман. Менга Аракула инъом этган афзаллик шуни англатади ва мен қатъий ишонч билан шуни айтаманки, менга ўзим билмаган нарса ҳақида ҳеч нарса маълум эмас.

Демак, кўриб турибсизки, маъбудлар наздида, одамларнинг энг доноси, юнонлар наздида, афиналикларнинг энг оқили бўлган Суқрот, билмасликни нечоғлик улуғлаган! Агар у бизнинг замонамизга қайтганда, олимларимиз, санъаткорларимиз уни шу фикридан қайтара олармиди? Йўқ, жаноблар, бу адолат пешвоси бизнинг кераксиз илму ирфонларимизга нафрат билан қараган бўларди; у бизнинг атрофимизда қалашиб ётган китоблар уммонини кўпайтиришни истамаган бўларди, у шогирдларига уқтирганидек, бизнинг авлодларимизга ҳам ўз эзгулигини хотира қилиб қолдирган бўларди. Аслида, одамларга илмни шундай берган афзал!

Дастлаб Афинада Суқрот, Римда Катон фуқароларнинг жасоратини сустлаштираётган, эзгуликни йўлдан ураётган маккор, ҳийлагар юнонларга бас келмоқчи бўлдилар. Лекин фан, санъат, диалектика ғолиб чиқди: Рим файласуф ва нотиқларга тўлиб тошди; ҳарбий тартиб эътиборсизлик ичида қолди; деҳқончилик писанд этилмади; одамлар жамоа-жамоаларга бўлиниб, ўз Ватанларини унутдилар. Эркинлик, холислик, қонунга ҳурмат, итоат этиш каби муқаддас сўзлар ўрнига Эпикур, Зенон, Аркиселай каби номлар пайдо бўлди. Орамизда оқиллар пайдо бўлгандан буён уларнинг ўз файласуфлари гапира бошлади, фазилатгўй одамлар кўздан ғойиб бўлди. Шу вақтгача римликлар эзгуликни амалда деб билардилар, улар эзгуликдан таълим бергандан буён у йўқола бошлади.

Мана, серҳашамлик, енгилтаклик, қулликнинг меваси. Мана, мангу донишмандлик инъом этган билмаслик неъматидан мағрурона юз ўгиришнинг оқибати. Унинг ўз илми сирини қалин парда билан ўраши, бизни нокерак билим ва изланишлар учун яратмаганидан далолатдир. Бироқ биз унинг сабоқларидан етарли хулоса чиқардикми? Одамлар, ёдингизда тутингки, табиат сизни худди боласининг қўлидан хавфли нарсани тортиб олган онадек билимдан сақлади; унинг биздан яшираётган барча сирлари бизга зарар етказиши мумкин бўлган мусибатлардир. Зеро, илм заҳматлари унинг яхшиликларидан кам эмас. Одамлар айниб кетди; агар улар олим бўлиб туғилиш “бахти”га муяссар бўлганларидами, бундан ҳам баттар бўлар эди.

Наҳотки, инсоният учун бундай мулоҳазалар ҳақорат бўлса?! Қачонгача ғуруримиз улардан озор чекади! Наҳотки, ор-номус жаҳолатнинг уруғи бўлса? Наҳотки, маърифат ва эзгулик ёндош бўлмаса? Бу мулоҳазалардан яна қандай хулосалар чиқариш мумкин? Ушбу зоҳиран қарама-қаршиликларни мувофиқлаштириш учун биз инсон ақли дея атайдиган такаббур ва мағрурона билимларимизнинг беҳуда ва асоссиз эканлигини очиқ кўз билан кўрмоғимиз зарур. Агар фан ва санъатни ўз-ўзича таҳлил этсак, уларнинг муваффақиятлари нималарга олиб келиши мумкинлигини кўрамиз, шунингдек, ҳеч иккиланишларсиз тарихий хулосаларга асосланган мулоҳазаларни қабул қиламиз.

2-қисм

Мисрдан Юнонистонга ўтган қадимги афсоналарда айтилишича, инсонларнинг осойишталигини ёмон кўрган маъбудлардан бири илм-фанни кашф этган (Миср мифологиясидаги Тота маъбуди назарда тутилмоқда. Бу образ юнонларда Гермес номи билан аталган – т. и.). Хўш, мисрликларнинг ўзи фан ҳақида қандай фикрда эдилар? Гап шундаки, улар кўз ўнгиларида эндигина дунёга келган илму фан булоғини кўрганлар.

Дарҳақиқат, агар дунёдаги барча қадимги миххатларни жамлаб, уларни фалсафий қарашлар ёрдамида бойитганимизда ҳам, уларнинг келиб чиқишига доир саволларимизга жавоб берадиган билим манбаини топа олмаймиз.

Прометей ҳақидаги афсоналарнинг рамзий маъносини тушуниш ҳам мушкул эмас; уни Кавказ тоғларига занжирбанд қилган юнонлар, худди мисрликлар Тота маъбудини ёмон кўрганларидек, унга салбий муносабатда бўлганлари, бежиз эмас. Қадимий масаллардан бирида, Прометейнинг муқаддас оловини кўрган Сатир уни бағрига босиб ўпмоқчи бўлганлиги, буни кўрган Прометей: “Эй Сатир, оловдан нари тур, у сенинг соқолингни куйдириб юборади. Зотан, олов унга яқинлашганларни куйдиради”, дегани ҳикоя қилинади.

Астрономия хурофотлардан; нотиқлик калондимоғлик, хушомад, ва ёлғондан; геометрия хасисликдан; физика беҳуда қизиқишлардан, шунингдек, ҳатто ахлоқ ҳам инсоннинг такаббурлигидан пайдо бўлган. Шу тариқа, фан ва санъат бизнинг иллатларимиз маҳсулидир. Агар улар бизнинг эзгуликларимиз оқибатида вужудга келганларида эди, биз уларнинг чин қадр-қийматларига шак-шубҳа билдирмаган бўлардик.

Уларнинг қусур ва ноқисликлардан вужудга келганлиги, фан ва санъатнинг нималарга хизмат қилаётганлигида ҳам очиқ-равшан кўринади. Чунки зебу зийнатга кўмилмаган санъат кимга керак? Агар адолатсизлик бўлмаса, адлияга не ҳожат? Агар урушлар, босқинлар, фитналар бўлмаса, тарихнинг ҳоли не кечарди? Бир сўз билан айтганда, агар ҳар ким инсон мажбуриятлари ва табиат талабларига бўйсуниб, бахтсиз биродарларига ҳамда ўз ватанига хизмат қилганда эди, ҳеч ким ҳаётини беҳуда мулоҳазалар билан ўтказишни истамаган бўларди. Наҳотки, биз ҳақиқат яширинган қудуқ лабига занжирбанд этилиб, ҳалок бўлиш учун яратилган бўлсак? (“Ҳақиқат яширинган қудуқ” ибораси Демокритнинг ҳикматларида келтирилади – т. и.) Ушбу мулоҳазаларнинг ўзиёқ фалсафани ўрганиб, илмга интилаётган ҳар қандай кишини сергак торттириши лозим.

Илм-фан бизга ҳали қанча хавф, қанча янглиш йўллар таҳдид қиларкин? Ҳақиқатни деб фойдасидан зарари минг карра кўп қанчадан-қанча хатоларни бошимиздан кечираркинмиз? Йўқотганларимиз ва топганларимизнинг натижаси аён: зеро, ёлғонлар чексиз, ҳақиқат эса ягона. Бироқ бу ҳақиқатни холис изловчи киши борми? Унинг нияти холис эканлигини қандай билиш мумкин? Турли хил фикрларнинг талотўпида уни қайси мезонга кўра аниқлаш мумкин? Ўша мезонни топдик ҳам дейлик, бироқ энг мушкули, уни қай биримиз адолат билан қўллай оламиз?

Одамлар қанча кам билса, ўзларини шунча кўп билимга эга, деб ўйлайдилар. Ахир, перипатетиклар нимадандир шубҳаландиларми? Ахир, Декарт оламни кублар ва қуюндан иборат демадими? Бугун Европада электр токининг сир-асрорини жидду жаҳд билан тушунтириб беришга киришмаган бирорта физик бўлмаса керак. Зотан, бу масала чин файласуфни умидсизликка солган бўларди.

Агар бизнинг илму фан олдига қўйилган масалаларни ечишга қодир эмас экан, у ҳолда, у келтирадиган натижаларига кўра ҳам хавфли. Беҳуда қизиқиш маҳсули бўлган фан, ўз навбатида, беҳуда, самарасиз вақт ўтказишни талаб қилади. Мана, унинг жамиятга келтираётган энг катта зарари. Бинобарин, буни сиёсат ва ахлоқ борасида гапирмаса ҳам бўлади.

Эй сиз, бўшлиқда жисмларни ўзаро бир-бирига тортишишини кашф этган машҳур файласуфлар, қани менга айтинг-чи, тенг вақт оралиғида ҳаракатланаётган сайёраларнинг маконга нисбатан муносабати қандай? Қабариқ ва жамланма нуқталарнинг қандай эгри томонлари бор? Инсон борлиқни Худода қандай кўра олади? Жисм ва руҳ ўзаро бир-бирига қандай мувофиқ келади? Бошқа сайёраларда одамлар яшайдими? Қайси ҳашаротлар ноодатий тарзда кўпаяди? Эй беқиёс ихтиро кашф этганлар, жавоб беринг! Агар сиз бу нарсалар ҳақида ҳеч нарса билмаганингизда, биз ҳаддан зиёд кўпаймаган, фаровон турмуш кечирган, иллатлар ботқоғига камроқ ботган бўлармидик? Асарларингизнинг оқибатини яна бир бор ўйлаб кўринг! Агар олиму фузалоларимизнинг меҳнати бизга наф бермас экан, у ҳолда, ҳеч қандай фойда келтирмай, жамият қонини ичаётган айрим бетайин ёзувчилару бекорчи сафсатабозлар ҳақида нима деб ўйлайлик?! Улар ватан, эътиқод деган муқаддас сўзларни эшитсалар, истеҳзо билан жилмаядилар, улар ўз фалсафаларини инсондаги пок туйғуларни бузишга, булғашга қаратадилар.

Вақтни беҳуда сарф қилиш – бу ғоят ёмон иллат, бироқ енгил адабиёт ва санъат келтираётган заҳмат ҳам ундан кам эмас. Бу зиён-заҳмат серҳашамликда кўринади. У ҳам бошқа иллатлар каби инсоннинг шуҳратпарастлигидан дунёга келади. Серҳашамлик камдан-кам ҳолда фан ва санъатдан айри бўлади, фан ва санъат эса ҳашамдорликдан айри бўлмайди. Бизнинг кашфиётларга ва афоризмларга бой фалсафамиз асрий тажрибаларга қарамай, зебу зийнат ва ҳашамдорлик давлатнинг юксаклигидан далолат беради, деб уқтиришини биламан. Аммо у улуғ империялар ана шу дабдаба оқибатида вайрон бўлганини, зебу зийнат ҳамиша эзгу ахлоққа қарама-қарши қўйилганини тан олармикан? Майли, зебу зийнат молу давлатдан далолат берсин; майли, у мумкин қадар бойлик орттиришга хизмат қилсин: хўш, бугунги кунда муҳим бўлган бу парадоксдан қандай хулоса чиқариш мумкин? Агар одамлар, қандай қилиб бўлса ҳам, бойлик орттиришга интилса, у ҳолда, эзгулик нима бўлади? Қадимги сиёсатчилар ҳамиша ахлоқ ва эзгулик ҳақида гапирганлар; бизникилар эса савдо ва пул деган сўзни тилдан қўймайдилар. Бири одамнинг нархи фалон мамлакатда фалон пул, агар уни Жазоирдан сотиб олса, қанча бўлади деса, бошқаси эса унисига худди шу оҳангда арзон баҳога сотиб олиш ҳақида маслаҳат беради. Улар одамларни худди ҳайвон подасини савдолашгандай баҳолайдилар. Уларнинг фикрича, бирор давлатдаги инсон қадр-қиммати, унинг ўша давлатдаги истеъмоли билан белгиланади (муаллиф қулдорлик даврини назарда тутмоқда – т.и.).

Ахир, Александр Македонский юз минглаб форс сатрапларини оз сонли қўшин билан енгган, қашшоқ скифлар эса энг қудратли давлатга қарши турган эмасми? (Сўз Доронинг скифлар исёнини бостиришда муваффақиятсизликка учрагани ҳақида бормоқда – т. и.).

Икки қудратли республика ҳокимлик даъвосида ўзаро куч синашди: уларнинг бири бой, иккинчисининг эса ҳеч вақоси йўқ эди. Айнан шу иккинчиси биринчисининг устидан ғолиб бўлди (Эрамиздан аввал 264-241 йилларда бўлиб ўтган Рим ва Карфаген уруши назарда тутилмоқда – т. и.). Мол-дунёни ямламай ютган Рим империясининг ўзи ҳам оқибат мол-дунёни билмайдиган кимсалар ўлжасига айланди. Франклар Галияни, Сакслар Англияни енгганда жасоратдан ўзга бойликлари йўқ эди. Қўй терисидан тикилган пўстиндан ортиғини билмаган тоғлик қўшинлар австрияликларнинг иродасини букиб, Европани зир қақшатган бадавлат Бургундия сулоласини забт этганди. Бизнинг оқил сиёсатдонларимиз ўз ҳисоб-китобларини четга суриб, бу мисоллар ҳақида ўйласалар, виждон ва чин ахлоқни мол-дунёга сотиб олиб бўлмаслигини билсалар, маъқул бўларди.

Ҳашамдорлик ҳақида мулоҳаза юритарканмиз, сўз ниманинг устида бораётганлигига эътибор берайлик. Балки бу масала бирор давлатнинг қудратли, муваффақиятли, эзгу ва боқий бўлиши учун, деб ўйларсиз? Ҳа, мен муваффақият қозониш ҳақида айтаётибман, лекин у қандай муваффақият? Наҳотки, зебу зийнатга ўчлик қалбдаги ҳақгўйлик билан ёндош бўлса?! Йўқ, арзимас ташвишларнинг ботқоғига қоришган ақл ҳеч қачон ўзидан баландга юксалолмайди, бинобарин, унда бунга куч бўлганда ҳам, жасорат топилмайди.

Албатта, ҳар бир санъаткор қарсакларни, олқишларни истайди. Унинг энг бебаҳо ютуғи замондошларининг мақтови, эътирофи саналади. Агар у илм аҳли енгилтак ёшларга эрк бериш урф бўлган, уларнинг кўр-кўрона эрклари учун чин истеъдодлар ўз қарашларини қурбон қилаётган, дурдона асарлар яксон этилиб, уйғунликнинг ажойиботлари рад қилинаётган замонда туғилиш бахтига муяссар бўлса, ўша мақтову олқишларга қандай қилиб сазовор бўлади? Жаноблар, бу вазиятда ижодкор нима қила олади? Албатта, у ўз даҳосини замонасозлик кўйига солади, ўлимидан кейин ҳам тан олинадиган боқий санъат мўъжизаларини қўйиб, замонасининг дидига мос асарлар яратишни маъқул кўради.

Енгилтаклик, серҳашамликнинг муқаррар оқибати, ўз навбатида, дидларнинг айнишига олиб келади. Агар буюк истеъдодлар орасидан замонасозлик ва майда асарлар ёзиш майлига қарши ўз руҳида куч топа олган бирор одам топилган тақдирда ҳам, у истеъдоднинг ҳолига вой! Чунки у қашшоқликда, номи чиқмай ўлиб кетади. Бу башорат эмас, аксинча, аччиқ ҳақиқат! Эй замонамиз мусаввирлари, Карл ва Пьернинг (Карл Ван Лоо (1705-1765), Жан Батис Пьер (1713-1768), француз рассомлари – т. и.) ибодатхоналарни улуғвор ва илоҳий суратлар билан безаган қалами сизга мерос бўлади ёки уни извошларнинг эшикларини безаётган беҳаё суратларингиз ила бадном қиласиз.

Киши руҳий ахлоқ ҳақида мушоҳада этаркан, ибтидоий даврлардаги содда урф-одатларни акс эттирган суратларни кўз олдига келтиради. Бу тасвирлар табиат ўз қўли билан барпо этган, нигоҳларимиз тўхтовсиз мурожаат этадиган, биз узоқлашишни истамаган санъат асарларидир. Одамлар эзгу ва беозор бўлган замонларда ўз қилмишларига маъбудларни гувоҳ бўлишини истаганлар ҳамда улар билан бир гумбаз остида яшаганлар; тез орада улар ёвузлашиб, гувоҳларидан юз ўгирдилар ва маъбудларнинг муҳташам ибодатхоналарини тарк этдилар. Охир-оқибат, улар ўзлари эгалик қилиш учун маъбудларни ибодатхоналардан ҳайдаб солишди ёки аниқроқ қилиб айтганда, ибодатхоналар одамларнинг ўйларидан сира фарқ қилмай қўйди. Уларнинг мармар устунлар билан қувватланиб, дунё саройи остонасида турганликлари каринфларнинг капителлаларида акс этган замонларда ахлоқ тубанлашиб, иллатлар ҳаддан зиёд урчиган эди.

Турмуш қулайликлари ортиб бориши билан санъат такомиллашади, зебу зийнат, серҳашамлик кенг ёйилади, ҳақиқий мардлик сўнади, жанговор руҳ соб бўлади; бу жимжит хоналарда, бурчакларда тараққий этаётган фан ва санъатнинг оқибатидир. Готлар Юнонистонни забт этган вақтда уларнинг кутубхоналари, ғолиблардан бирининг оқилона тадбири боис ёндириб юборилишдан сақлаб қолинди. У рақибларига уларни ҳарбий машқлардан чалғитиб, ўтириб ишлашга мажбур қиладиган беҳуда машғулотларни қолдиришни маъқул, деб билганди. Карл VIII эса деярли қилич яланғочламай туриб, Тосканияни ўзига бўйсундирди; унинг аъёнлари бу осон ғалаба, италиялик амалдорларнинг жанговор, ҳарбий машқларни унутиб, илму фанга муккасидан кетганликлари эвазига бўлди, дея ҳисоблаганлар.

Римликлар қачонки суратлар, гравюралар, олтин-кумушдан ясалган идишлар ва нозик санъат асарлари билан машғул бўла бошлаганларидан сўнг улардаги жасорат, мардлик йўқолиб борганини тан оладилар; бинобарин, тақдир бу азим ўлкани ҳамиша бошқа халқларга ўрнак бўлиши учун яратган экан, Медичийларнинг дабдабаю асъасаси, санъатнинг қайтадан уйғониши Италиянинг бурунги шон-шавкатига бутунлай якун ясади.

Фаннинг тараққиёти ҳарбий жасоратга қанчалик салбий таъсир этса, унинг ахлоқий муносабатлардаги зарари ҳам бундан бир мунча кўп. Болалигимизнинг илк онларида бизга берилаётган ноқис тарбия ақлимизни мажруҳ қилади, мулоҳазаларимизни айнитади. Мен ҳамма жойда беҳисоб тарбия муассасаларини кўраман, у ерда ёшларга ҳар нимадан сабоқ берилади, бироқ уларга ўз бурчини адо этиш кераклиги ҳақида таълим-тарбия берилмайди.

Фарзандларингиз ўз она тилини унутиб, ҳеч қаерда сўзлашилмайдиган бегона тилларни ўрганади; улар ҳақиқат ва ёлғонни фарқламай, ўзлари базўр тушунадиган тилларда шеър ёзишни дўндирадилар; улар бошқалар англамасин деб, сўзларни моҳирлик билан бўяб-бежайдилар; аммо улар олийжаноблик, адолат, қаноат, инсонийлик деган сўзларнинг маъносини билмайдилар, Ватан деган тотли калом уларнинг қулоқларига етиб бормайди; агар уларга кимдир Худо ҳақида гапирса, уни эъзозлаганларидан эмас, аксинча, ундан қўрққанлари учун номини тилга оладилар.

Мен болалар нима биландир машғул бўлиши кераклигини, бироқ беҳуда вақт сарф қилиш улар учун жиддий хавф эканлигини ҳам биламан. Демак, улар нималарни ўрганмоқлари лозим? Дарҳақиқат, ғоят оқилона савол! Улар улғайган чоғларида унутадиган эмас, бажариладиган ишларни ўргансинлар.

Спартада ҳукмронлик қилган сулолаларнинг тўнғич ўғиллари қуйидагича тарбия кўрган: фарзанд дунёга келгач, уни аёллар қарамоғига эмас, балки олийжаноблиги билан шоҳнинг ишончини қозонган икки эркак хизматкорнинг тарбиясига топширилган. Улар болани жисмонан кўркам ва бақувват қилиб вояга етказишга масъул бўлганлар. Бола етти ёшга тўлганда, уни от миниб, ов қилишга мажбур этишган. Бола ўн тўрт ёшга етганда, уни миллатнинг энг донишманд, энг одил, энг қаноатли ва энг жасур бўлган тўртта устоз тарбиясига топширганлар. Биринчиси унга диндан сабоқ берган, иккинчиси эса ҳамиша адолатли бўлишга ўргатган, учинчиси унга нафсни енгишни, тўртинчиси эса ҳеч нарсадан қўрқмасликни таълим берган. Мухтасар қилиб айтганда, бу устозлар шогирдини олиму фозил эмас, ахлоқли қилиб тарбиялашга интилганлар.

Бизнинг хиёбонларимиз ҳайкаллар билан, галереяларимиз эса суратлар ила безатилган. Сизнингча, халққа ҳавола қилинаётган, давлат арбобларию ҳар хил машҳур зотларни акс эттирган ушбу санъат асарлари нимани ифодалайди? Куюнчаклик ила қадимги афсоналардан тикланиб, фарзандларимизга намойиш этилаётган бу суратлар, уларнинг қалбини, онгини янглиштиришни ифодалайди, ҳали хат-саводи чиқиб улгурмай, кўз ўнгида хунук манзараларни тасвирлайди.

Агар эзгулик топталиб, тенгсизлик бўлмаганда эди, ушбу адашишлар, янглишишлар қаердан пайдо бўларди? Мана, машғулотларимизнинг аён натижаси ва уларнинг ёмон оқибатлари. Ҳозирги вақтда инсондан унинг ор-номусини эмас, қобилияти бор-йўқлигини сўрайдилар; китобларни эса фойдалилиги эмас, қизиқарли ёзилганлиги билан баҳолайдилар. Сўзамоллар мукофотлар билан сийланмоқда, эзгу иш қилувчилар эса эътибордан четда. Чиройли нутқ учун минглаб мукофотлар бор, чиройли амал учун ҳеч вақо йўқ. Қани, менга айтинглар-чи, ушбу академиянинг мукофотига сазовор бўлган энг яхши мулоҳаза эгасининг шуҳрати билан ушбу мукофотни таъсис этганларнинг хизматларини қиёслаб бўладими?

Донишманд бойлик ортидан қувмайди, лекин у шон-шуҳратга бефарқ ҳам эмас; бироқ у шон-шуҳратнинг бевафолигини кўргач, унинг руҳан тобланган ва ҳамма учун фойдали бўлган фазилатлари қашшоқликка, унутилишга маҳкум бўлади, сўнади. Эл корига нафи тегадиган истеъдодлардан кўра ҳавойи истеъдодларни афзал кўришимизнинг оқибати шу. Бу, айниқса, фан ва санъат янгиланаётган ҳозирги пайтда яққол сезилиб қолмоқда. Бизнинг физикларимиз, математикларимиз, химикларимиз, астрономларимиз, шоирларимиз, рассомларимиз, бастакорларимиз бор, аммо бизнинг чин фуқароларимиз борми? Ҳолбуки, улар бор бўлган тақдирда ҳам, чекка-чекка қишлоқларимизда қашшоқликдан нобуд бўлмоқда. Мана, ҳозирда уларнинг аҳволи қандай! Бизга нон, болаларимизга сут бераётганларга кўрсатаётган “эҳтиромимиз” бу!

Мен ёвузликнинг ўзи эмас, унинг оқибати ёвуз, деб биламан. Худди фойдали ўсимликлар орасида ўсган зараркунанда ўт каби ёки заҳарли ҳайвонларнинг танасида учрайдиган бир-бирига ўхшаш заҳар ва унга қарши зидди заҳар сингари ҳийлагарлик ҳам донишмандликдан ранг олди. Бинобарин, улуғ қирол ўртамиёна истеъдодларни урчитди ҳамда инсониятнинг беҳуда ақл-заковатини кўз-кўз этувчи муассасага асос солди (Людовик XIVнинг 1643-1726 йиллар Париж академиясини таъсис этганлиги назарда тутилмоқда – т. и.). Бу доно қарор унинг ворислари томонидан мустаҳкамланиб, бутун Европага намуна этилди. Бу, айниқса, ушбу академияга аъзо бўлиш шарафига муяссар бўлиш учун интилган, юксак хизматлари ва намунали ахлоқи учун берилган мукофотларга лойиқ бўлишга жон-жаҳди билан тиришган ёзувчиларнинг оёғига тушов бўлди. Академия мукофотлари таъсис этиладиган мажлисларда ёзувчиларнинг халқда эзгуликка муҳаббат уйғота оладиган асарлари танланади, шунингдек, бу муҳаббатни фақат уларнинг ўзларигина беришга қодир эканлигига, олимлар жамиятга нафақат илм, балки инсониятга эзгу ҳикматлар бераётганлигига ҳаммамизни ишонтиришади.

Менинг хақ эканлигимни исботловчи далилларимга эътироз билдирмай қўя қолишсин. Биз қабул қилаётган кўплаб меъёрлар уларнинг ҳақ эканлигини кўрсатади, ахир, мавжуд бўлмаган касалликка даво излаётганимиз йўқ-ку. Олимлар учун барпо этилган кўплаб ташкилотлар фанга уни тадқиқ этишга эътибор қаратса, ажаб эмас. Эҳтиёткорлик юзасидан мулоҳаза қилиб айтиш мумкинки, орамизда зироатчилардан кўра, файласуфларнинг камёблиги кишини хавотирга солади. Мен зироатчилик ва фалсафани ўзаро муқояса қилиш фикридан йироқман: бинобарин, бу муқоясани ҳеч ким қўллаб-қувватламайди ҳам. Мен фақат фалсафанинг ўзи нима эканлигини билмоқчиман. Машҳур файласуфларнинг асарлари қандай мазмунга эга? Бу донишмандликка ошно бўлганларнинг бераётган сабоқлари қандай? Ахир, уларнинг айтаётган сўзларини эшитиб, жамоат майдонларида: “Қулоқ солинг, хақ гапни фақатгина мен айтаоламан”, дея томоқ йиртиб қичқираётган бир тўда сафсатабоз қаллобларга ўхшатмайсизми? Уларнинг айримлари: “Табиатда ҳеч қандай жисм йўқ, фақатгина у ҳақидаги бизнинг тасаввурларимизгина мавжуд” деса, бошқаси: “Оламда материядан бўлак нарса, борлиқдан ўзга Худо йўқ”, деб таъкидлашдан нарига ўтмайди. Уларнинг бири: “Фазилатлар ҳам, иллатлар ҳам йўқ, эзгулик ва ёвузлик ахлоқнинг тўқиб чиқарган уйдирмалари” деб оғиз кўпиртирса, иккинчиси: “Инсон инсонга бўри: у бемалол бир-бирини ғажиб ташлаши мумкин”, дейди. О, буюк файласуфлар, нега сиз шундай илм конини дўстларингиз, фарзандларингизга мерос қилиб қолдирмайсиз? Сиз бунинг учун дарҳол тақдирланган бўлардингиз ва биз биродарларимиз ҳамда фарзандларимиз орасида сизнинг тарафдорларингиздан бирини кўришдан қўрқмаган бўлардик.

Мана, тириклигида замондошлари иззат-ҳурмат ила қадрлаб, ўлгандан сўнг номини абадийлаштирган бу ғаройиб одамларнинг аҳволи қандай!? Мана, авлоддан-авлодга ўтиб, фарзандларимизга бераётган ҳикматли ўгитларимиз! Ахир, инсоният ақлини янглиштирган маъжусийлик авлодларга беҳаё ҳайкаллардан бўлак нима қолдирди? Инжил келган вақтларда эса бу беҳаёлик ноширлар қўлига ўтди. Яхшиямки, Левкипп ва Диа-Горанинг куфрона асарлари ўзлари билан бирга ўтмиш қаърига сингиб кетди. Зеро, у вақтларда инсон тафаккурини мангуга муҳрлаш, китоб нашр этиш йўқ эди.

Эй донишманд аждодларимиз қолдирган муаззам китоблар, замонамиз нухси уфуриб турган асарлар ила қоришинг ҳамда келажак асрларга фанимиз, санъатимиз тараққиёти, ютуқлари, тарихи ҳақида ҳаққоний хабар беринг! Агар келажак авлод сизни ўқиса, уларнинг кўнглида бугун биз кўтараётган ушбу масалага нисбатан ҳеч қандай шубҳа қолмайди; агар улар биз каби нодон, ношуд бўлмасалар, алам билан қўлларини самога кўтариб: “Эй, барча ҳикматлар эгаси қодир Худо! Биздан аждодларимиз қолдирган ҳалок этувчи нарсаларни, билимни, санъатни кўтаргин! Бизга ўзинг ёрлақаган покликни, билмасликни ато этгин!” дея хитоб қиладилар.

Ҳолбуки, фан ва санъат ютуқлари бизни чин маънода бахтли қилмас экан, ҳолбуки, улар дидни айнитиб, ахлоқни бузаркан, у ҳолда, биз санъат ибодатхонаси остонасига ҳар кимнинг ҳам киришига изн бермайдиган, илм васвасасидан сақловчи муқаддас тўсиқларни ёриб кирмоқчи бўлган бир тўда ёзувчилар ҳақида нима дея оламиз? Фан ва санъат эшикларини сурбетларча синдириб, ушбу муқаддас ибодатхонага ёпирилиб кираётган илмпарастлар ҳақида-чи? Улар фан ёхуд адабиёт соҳасида нимагадир эришгандан кўра жамият учун фойдали бирор ҳунарнинг бошини тутсалар бўлмайдими? Бир умр ёмон математик ёки ўртамиёна физик бўлгандан кўра, моҳир ҳунарманд бўлган яхши эмасми?!

Тақдирига даҳолик битилган зотларга устозларнинг зарурати бўлмаган. Бэкон, Декарт, Ньютон каби башарият муаллимларининг муаллимлари бўлмаган. Айтинг-чи, бирорта педагог уларни даҳо даражасига етказа олармиди? Ўртамиёна муаллимлар ўзларининг тор тафаккур доиралари билан уларнинг тасаввурларини чегаралаган бўларди, холос. Ахир, уларни айнан шу қаршилик улкан тўсиқларни енгиб ўтиш учун куч тўплашга ўргатмадими?! Ўзида илм машаққатларини енгиб ўтишга куч тополган кишигина фан ва санъатга умрини бахш эта олади. Зеро, инсоният тафаккурига ҳайкал қўйиш ҳамманинг чекига тушган иш эмас. Руҳнинг ўзи нимага мойил эканлигини яхши билади, фақат буюк ҳодисаларгина буюк инсонларни яратади.

Тақдир буюк ишларга муносиб кўрмаган биз каби оддий одамларга келсак, келинг, яхшилар, ҳаммамиз аввалгидек ўз ишимиз билан машғул бўлайлик. Ўзимиз муносиб бўлмаган машҳурлик кетидан қувмайлик, агар чин маънода истеъдодли бўлганимизда, у бизга бу қадар қимматга тушмаган бўларди. Бахтимиз ўз қўлимизда бўла туриб, уни бошқалардан излашнинг нима ҳожати бор?! Халқни саводхон қилиш ташвишини бошқаларга қўйиб берайлик-да, ўз бурчимизни сидқидилдан адо этайлик, зеро, бу ҳақида қайғуришнинг биз учун ортиқ зарурати йўқ.

О, башариятнинг олий илми бўлган эзгулик! Сени билиш учун шунча заҳмат, шунча саъй-ҳаракат керакми? Ахир, ҳар бир қалбга сенинг тамойилинг муҳрланмаганми? Наҳот, сенинг қонунларингни билиш учун ўз-ўзидан кечиш, эҳтирослар жунбишга келганда, виждон амрига қулоқ солиш етарли бўлмаса? Келинг, мана шу чин фалсафа билан қаноатланайлик, мангуликка дохил бўлган даҳоларга ҳасад қилмайлик, қачонлардир бири чиройли сўзловчи, иккинчиси эса чиройли амал қилувчи бўлган буюк халқлар каби (Афина ва Спарта халқлари назарда тутилмоқда – т. и.) ўзаро ўртамизда муқаддас чегара борлигини унутмайлик!

Рус тилидан Ойгул Асилбек қизи таржимаси

ТАРЖИМОНДАН

Машҳур француз маърифатпарварларидан бири Жан Жак Руссо 1712 йилда Женева шаҳрида протестантлар оиласида туғилади. Унинг отаси соатсоз ва мусиқа муаллими бўлган, онаси эса Руссо гўдаклик чоғида вафот этган.

Руссо табиатан ғоят таъсирчан ва ҳассос эди. Бу ҳассослик унинг асарларида, қарашларида ўз аксини топади. Унинг қарашлари Европада романтизм ғояларини шакллантиришга улкан таъсир кўрсатган. У инсон табиатидаги ҳиссиётларни, ранго-ранг туйғуларни, эҳтиросларни рационал ақлдан устун кўради. Унинг деярли барча асарлари цивилизацияга мухолиф руҳда ёзилган.

1750 йилда Дижон академияси “Илм-фан тараққиёти инсониятга нима берди?” мавзусида мақолалар танловини эълон қилади. Руссонинг мазкур мавзудаги мақоласи академиянинг мукофотига лойиқ, деб топилади. Бу мақола унга катта шуҳрат келтиради. Руссо илм-фан тараққиёти инсониятни бахт-саодатга эмас, аксинча, ҳалокатга олиб бораётганини таъкидлайди. Унинг фикрига кўра, шуҳратпарастлик, ҳашамдорлик асосига қурилган фан ва санъатнинг тараққиёти инсондаги барча муқаддас ҳисларнинг айнишига, топталишига сабаб бўлади. Руссонинг бу борадаги ўзига хос ғояларини XX асрдаги антисиентизм фалсафий оқимининг қарашларида ҳам учратиш мумкин. Умуман олганда, Руссонинг кўплаб ғоялари кейинги давр фалсафий, сиёсий, бадиий қарашларига катта таъсир кўрсатган.

Унинг “Иқрорнома”, “Янги Элоиза”, “Эмилия”, “Ижтимоий тенгсизлик ҳақида мулоҳазалар” каби асарлари кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди ва унга машҳурлик олиб келди. Бироқ, шунга қарамай, айнан шу асарлари учун Руссо Франция ҳукумати томонидан тазйиққа учради ҳамда Францияни ташлаб Англияга кетишга мажбур бўлди. У 1778 йилда руҳий хасталиги боис Парижга қайтиб келади ва у ерда оғир хасталикка дош бера олмай вафот этади.

Унинг 1750 йилда Дижон академиясининг мукофотига сазовор бўлган илк мақоласини журналхонлар эътиборига тақдим этамиз.

“Шарқ юлдузи” журнали, 2015 йил, 3-сон

[1] Атлет – спортчи.

[2] Руссо яшаган даврда шундай деб билишган. Йўқса, ҳозирда Шуммер тамаддуни барча соҳаларда дастлабки мактаб бўлганлигига доир исбот-далиллардан дунё афкор оммаси хабардор – таҳририят изоҳи.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!