Жоанна ва Филип Кол. Аҳмоқлар арзандаси (ҳикоя)

Катта аҳмоқ ва кичик аҳмоқ бирга яшашарди. Баъзи пайтларда улар турли хил тентакона ишларга аралашиб қолишарди. Чунки улар анчагина аҳмоқ эдилар-да!
Кунлардан бир кун катта аҳмоқ билан кичик аҳмоқ ҳовлида ишлашаётиб, сайр қилиб юрган сув тошбақасига кўзлари тушиб қолишди.
– Буни қара, қандай ёқимтой жонзот экан-а! – деди кичкина аҳмоқ ҳайратланиб. – Нима ўзи бу?
– Билмайман, – деди катта аҳмоқ.
– Кел, биз уни арзанда қилиб асраб оламиз, – деди кичик аҳмоқ.
– Биз илгари ҳеч қандай жонзот асраб олмаганмиз-ку, – деди катта аҳмоқ, – буни уддалай олармиканмиз?
– Биз унга қандай гъамҳўрлик қилишни китобдан ўқиймиз, ўрганамиз, – дея билагъонлик қилди кичик аҳмоқ.
– Шундай қилиб, икки аҳмоқ тошбақани ушлашиб, кутубхонага йўл олишди.
– Хонаки ҳайвонларни парвариш қилишга оид бирор бир китобингиз борми, – деб сўради катта аҳмоқ кутубхона ходимидан.
Кутубхоначи аҳмоқларга уй ҳайвонлари тўгърисидаги китоблар жойлашган жавонни кўрсатди. Катта аҳмоқ китоблардан бирни олиб кўз югуртирди. “Итлар – бизнинг дўстимиз “ деб номланарди бу китоб.
– “Итларнинг тўртта оёгъи бўлади”, – дея китобни ўқий бошлади, – катта аҳмоқ.
– Бир, икки, уч, тўрт, – дея санади кичик аҳмоқ. Бизнинг арзандамизинг ҳам тўртта оёгъи бор экан. Демак, у – ит!
– “Итларнинг ўз думларини силкитишлари уларнинг бахтиёрлигини ифодалайди”, – деб ўқиди катта аҳмоқ яна.
– Бизнинг итимизнинг ҳам думи бор , бироқ у ҳозир думини ликиллатмаяпти. У хафа бўлса керак, – деди кичик аҳмоқ.
Катта аҳмоқ ўқишда давом этди:
– “Итларда кемириш учун иликли суяк, тақиш учун бўйинбогъ бўлиши керак”.
– Итимизнинг бунчалар гъамгин эканлигининг боисини топдим, – дея қичқириб юборди кичик аҳмоқ, ахир бизнинг итимизда бу нарсалар йўқ-да! Шундай экан, у қанақасига хурсанд бўлсин!
– Кел, бу нарсаларни унга биз топиб берамиз, деди катта аҳмоқ кичигига.
– Бўпти, кетдик, – рози бўлди кичик аҳмоқ.
– Бироқ ён атрофда “итлари”нинг думини ликиллатиши учун хурсанд қилувчи на бир суяк ва на бир бўйинбогъ бор эди. Аҳмоқлар ташвиш тортиб қолишди, чунки уларнинг арзандалари хурсанд эмас эди-да! Улар нима қилишларини билмай ҳовлида тимирскиланиб юришарди.
Улар ҳовлидаги ҳовузча ёнидан ўтишаётганда тўсатдан “ит”лари қўлларидан сапчиб, ҳовузчага тушиб кетиб қолди. Тошбақа сувда сузиб борар экан, сувда унинг ёйилган думи ва оёқлари яққол кўзга ташланар эди.
– Қара, унинг думига қара! – дея қичқирибди катта аҳмоқ. Демак, у сувда сузганида ҳам хурсанд бўлар экан-да!
– У сув ити бўлса керак, – деди кичик аҳмоқ, – шунинг учун сувга тушганидан хурсанд.
Шундай қилиб, икки аҳмоқ “ит”ларини кунора чўмилтиришадиган бўлишди. Ҳаво илиқ кунлари ҳовлидаги ҳовузчада, совуқ ва ёмгъирли кунларда эса уй ичида – уй ҳаммомида чўмилтиришарди.
– Қара, биз бу хусусда кўп ишни ўрганиб , уддалай олдик-а? – деб қолди бир куни катта аҳмоқ кичик аҳмоққа гъурурланганча.
– Албатта. Китоблар бизга ҳамма ишни ҳам ўргатавермас экан. Ҳаётда кўп нарсани ўзимиз топишимиз керак экан, – дея ўз тажрибасидан ифтихор туйгъусини туйиб, бошини виқор-ла кўтариб жавоб берди, – кичик аҳмоқ.
Икки аҳмоқ огъир тин олишди…

Инглиз тилидан Дилмурод Усмонов таржима қилди