Жанетта Мидлмас. Рождество арафасида (ҳикоя)

Дадамнинг озгина кайфи борлигига ҳеч шубҳа йўқ эди.
— Тағин қовоқхонада бўлганга ўхшайди, — дерди онам.
— Яхшиси, уни ўз ҳолига қўйиш керак.
Шундай қилардик ҳам. Биз аллақачон маст одам билан тортишиш керак эмаслигига ўрганиб қолгандик.
Шуни ҳам айтиб ўтишим жоизки, онам ҳам ичиб турардилар. Аммо дадамга ўхшаб ҳар кеч эмасди, аммо иккиси ҳам ичган куни жанжал — сурон кучайгандан кучайиб кетарди. Бу ҳол уларнинг бошқа кунлардаги ади- бади айтишишига ўхшамасди, балки ростакам отишма бўларди. Мен уйғоқ ҳолда уларни эшитиб ётаман, нималар дейишаётганлигини аниқ-тиниқ билолмайман, фақат кераксиз бақир-чақир ва дўқ-пўписалар қулоғимга киради, холос. Баландроқ овоз албатта, онамники бўларди.
Менинг Алиса холажоним эса дадам ҳақида жуда кўп гапирарди.
— Бунақа одам билан яшагандан кўра кўмир еб, яшаганинг яхшироқ, — дея қоралаб қўярди у.
— Кўмир ейишни ва у билан болаларингни боқишни бир машқ қилиб кўрсанг бўларкан , — дерди онам унга жавобан.
— Ўша жанжаллар ота-онамнинг бир баҳонаси эди. Улар биз учунгина бирга яшардилар. Аммо кейин шуни билдимки, бу бориб турган аҳмоқлик экан. Улар шунчаки бир-бирларидан нафратланишни яхши кўришарди, холос. Йиллар ўтиб, улар ажрашиб кетишгач, онам кунлаб йиғлаб юрганди. Мен уларнинг муносабатига ҳеч қачон ечим тополмадим.
Дадам ичмасдан ҳушёр бўлган пайтлари жуда яхши эди. У асли ирланд бўлиб, ажойиб нотиқлиги бор эди. Унинг ўша ирландча нигоҳлари ва кулиб турувчи кўзлари озгина Жорж Бестга ўхшаб кетарди. Баъзан у менга ҳатто росаям яхши бўлиб кўриниб кетарди. Дадам шундай бўлган пайтларида мен уни жуда-жуда яхши кўриб кетардим.
— Сизлар унинг қорачиғисизлар, — дерди онам. — Афсуски, менчалик меҳрибон бўла олмайди!
Шундай пайтлар дадамни яхши кўрганим учун ўзимни айбдор ҳис қилардим. Ҳеч қачон уларга бирваракайига меҳр бера ололмас, албатта, бир тарафга ўтишим керак бўларди.
Дадам мутолаани севарди. Уйда ҳам ҳамма вақт кўплаб китоблар бўларди. Дадам бизни маҳалла кутубхонасига олиб борганида гўё тузоққа тушардик. Биз ҳаммавақт ўқирдик. Атрофимиздаги мактаблар шунчаки ўйинчоқ эди, холос. Агар дадам шундай қилмаганларида эди, балки биз ўқиш ва ёзишни ҳам аранг уддалаган бўлармидик.
Негалигини билмайману аммо мен доимо Рождествони яхши кўрганман, ҳар ҳолда шу куни дадам ва онамнинг можароли жанжалларида бироз танаффус бўларди. Бир гал Рождество байрамида, унда мен 8 ва укам 5 ёшлигида, ўз ётоғимда ўқиш билан банд эдим. Уларнинг қовоқхонадан қайтишларига озгина вақт борлигини билардим. Кенжа укам тез ухлаб қоларди. Рождествода, ичкиликбозлик, албатта сувдай кетарди. Уларнинг ҳар иккиси ҳам худди сассиқ қўзандай уйга маст ҳолда келишарди.
Можаро эрта бошланди, дадамни буфетчи аёллардан бирига бироз лутф кўрсатганлиги бу сафарги тўполонга баҳона бўлди. У ҳеч қачон аёлларга илакишиб қолмаган эди.
Мен онамнинг жаҳли чиқиб, дадамнинг қитиғига тегаётганини эшитиб турардим.
— Мен доимо сенинг Тонийингга қизиққанман, — хитоб қилиб юборди онам.
Тони дадамнинг чиройликкина ёш укаси эди. Бу иш натижа берди, дадам ғазаб отига минди. У онамга “фоҳиша” деб бақирди ва мен аввал эшитмаган яна бошқа кўп номлар билан уни ҳақоратлади.
Ҳамон уйғоқлигимга ёлғиз сабаб эса бу Рождество арафаси эди. Қорбобо келиш-келмаслигини жуда билгим келарди. Худо билади, агар у мўримиздан тушиб келиб қолса, бу иккисини нима қилардийкин? Охири дадам онамни ташқарида қолдириб, ётоқхонага кириб кетди. Мен қалтираганча ётардим. Укам аллақачон чуқур уйқуда эди. Онам бўлса ётоқхона эшигини даранглатиб тепарди. Совғалар ҳам у ерда эди. Рождество байрами эса яқинлашиб қолганди.
Онам фарзандларига қувончли Рождество байрами ҳадя этолмагани учун куюб-пишарди. Бу ҳаммаси дадамнинг айби эди, албатта. Нимага онам озгина совғалар билан бизнинг Рождествомиз сеҳрли бўлади деб ўйлашини мен тушунмасдим.
Озгина вақтдан кейин онам ҳам пастга тушиб кетди. Эҳтимол, у пастки қаватдаги диванда ухлагани ётгандир. Ҳаммаёқ тинчиб қолди.
Шунча ғала-ғовурдан кейин ухлай ололмасдим. Бироз вақт ўтгач, китобимни тугатиш учун чироқни ёқдим. Бир соатча ўқиган бўлсам керак, бирдан бошимни кўтарганимда китобим ичига чуқур шўнғиб кетганлигимни англадим. Дадам остонада менга қараб турарди. Шунчалик китобга берилиб кетганимдан уни қачон эшикни очиб кирганлигини ҳам пайқамай қолибман. У шундоққина остонадан менга қараб турарди. Айбдорларча китобимни четга олиб қўйдим. Ухлаш ўрнига ҳамон ўқиётганлигим учун бақириб берса керак, деб ўйлагандим. Аммо дадам бундай қилмади. Унинг нигоҳида қандай ғалати бир нарса зоҳир эди. У худди кар-соқовдай бўлиб туюлди. Ётоқхонадан ҳамма Рождество совғаларини олиб чиқди. Уларни зиналарнинг бошига тўплади-да, ётоққа кириб кетди.
Эрталаб онам байрам таоми — куркани пиширишни бошлади, кейин картошкаларни артди. Биз совғаларимизни очиб, печ ёнида уларни ўйнаб ўтиргандик. Ташқари совуқ эди. Дадам тушгача ўрнидан турмади. Улар бир-бирларини бутунлай менсимасдилар. Биз ҳаммамиз жимгина Рождество дастурхонига ўтиргандик. Онам идишларни ювиб бўлгандан кейин овқатланишни бошладик. Ҳеч кимни Рождество пишириқларини олишга юраги дов бермасди.
Дадам тўсатдан ейишдан тўхтади. У вилка-пичоғини қўйиб, ликопча устига бош эгди. Мен лол қолдим: дадам йиғлаётган эди. Илгари ҳеч қачон унинг йиғлаганини кўрмагандим.
— Кечиринглар мени, — деди у ҳиқиллаб.
Онам елдек югуриб келиб, уни елкасидан қучди. “Ҳаммаси жойида”, — тинчлантирди у. “Мениям кечир!”
Ва улар, онам худди дадамнинг бошини тебратаётгандай ўзига хос бир манзарага ўхшаб туриб қолишди.
Қандай бахт! Биз маза қилиб овқатланишда давом этдик, оиламизда хурсандчилик бўлди. Бахтимизга, қовоқхоналар Рождество куни очилмасди, демак ҳеч қандай жанжалга сабаб ҳам йўқ эди.
Балки шунинг учун ҳам мен Рождествони яхши кўрарман. У ярашиш вақти эди.
Бу воқеа худди Биринчи жаҳон урушидаги лашкарларда бўладиган ҳолатга ўхшаш бўлди. Сиз бу тўғрисида эшитганмисиз? Нимага инглиз ва немислар Рождество куни урушдан тўхташларини биласизми? Бунинг ўрнига улар, бир-бирларини жаҳаннамга жўнатишдан олдин футбол ўйнардилар. Менинг ота-онам ҳам худди ўшандай қилишди.
Ўша саодатли кун адоғига етиши биланоқ улар яна одатий ғалваларига қайтишди.
Ва биз бошқа қайтиб, келгуси Рождествони кутмайдиган бўлдик.

Инглизчадан Қандилат Юсупова таржимаси
“Китоб дунёси” газетасидан олинди.