Саид Фоиқ. Маҳалла қаҳвахонаси (ҳикоя)

Ёз пайтлари бу кичик маҳалла қаҳвахонасининг боғига тез-тез қатнаб турардим. Шу сабабли бир куни кечқурун, қора бўрон авжи қутурган пайт ичкари кирганимда ётсираб ўтирмадим. Қаҳвахона овлоқ жойга жойлашган эди. Япроқлари тўқилиб битган икки тол билан, тепасида уч-тўртта қовжираган барг осилиб турган ишкомни қор шундай бежаган эдики, баҳор оқшомлари, ёз кечалари ниҳоятда сўлим бўладиган боғнинг қишда ҳам оппоқлигидан бинафшарангга ўхшаб товланган, нурга ғарқ бўлиб турган жамоли киришим билан фикри хаёлимни ўзига жалб қилди, деразанинг бир чеккасига жойлашдим ва ойнанинг терини артдим-да, ҳовли манзарасининг гўзаллигига маҳлиё бўлиб узоқ вақт хаёл суриб қолдим.

Бинафшаранг нур шундай тезлик билан қуюқлашдики, қаҳвахона чироқларини ёқиб улгурмай ҳам қолди. Бели ингичка стаканларнинг энг чиройлигини олдимга қўяркан қаҳвачи:

— Боғимиз қишда ҳам жуда гўзал бўлар экан-а? — деди боғдаги ҳаворанг хризантемаларнинг учларига қўнган қорларга ишора қилиб — Чоллар индашмаса чироқни ҳали-бери ёқмас эдим, — деди қаҳвачи яна, — лекин улар ҳадемай минғирлаб қолишади.

Қаҳвахонадаги чироқлар ёниши билан, ташқаридаги қор нури яратган фусункор манзара қайгадир ғойиб бўлди. Қўзимни деразадан олиб, ичкарига назар ташладим. Хонада саккиз-ўн нафар одам бор эди, холос. Олови гуриллаб ёнаётган кичкина қопқоқли чўян печканинг ўнг томони ҳадемай қип-қизил чўғга айланишинн кутиб ўтирардим. Ёнимда тавла[1] ўйнаётганлар ҳам бор эди. Бирмунча вақт уларни кузатиб ўтирдим. Ора-чора дераза ойнасини артиб, унга пешонамни тираб ташқарини томоша қилардим.

Уйдан чиққанимда чор-атроф сукунат оғушида бўлиб, паға-паға қор ёғаётганди, шу вақт кўнглимда сайр қилиш истаги уйғонганини сездим. Қадрдон йўллардан, ҳамиша йўлдошим бўладиган тасодифлардан, гавжум кўчалардан воз кечиб, беғубор қори топталмаган, инсон оёғи камроқ тегадиган бирон жой топиш мақсадида танҳо ўзим трамвайга ўтириб, бу ерга келган эдим. Бироқ келаётганимда қандайдир ярим соат ичида ҳаво айниб, қаттиқ шамол кўтарилди, паға-паға ёғаётган беозор қор майда-майда тариқ доналарига айланиб дераза ойналарига тарсиллаб урила бошлади. Қаҳвачидан:

— Бугунги газета борми? — деб сўрадим.

Қаҳвачи қўлимга битта газета тутқазди. Бир ёқдан миямдаги янги фикрларни таҳлил қилсам, иккинчи ёқдан қаҳвахонадаги гап-сўзларга қулоқ солардим. Одамлар фақат тирикчилик ташвишлари ҳақида гаплашардилар, холос. Орадан кўп-вақт ўтмай қаҳвахона эшигини шамол билаи биргаликда бир одам очди ва ичкари кирди. Келган одам ҳовучларига пуфлай-пуфлай печкага яқинлашди, оловнинг тафтида кўкрагини, қорнини, тиззасини обдан иситгандан кейин жон кириб, гоҳо атрофдагиларнинг суҳбатига луқма ташлар, гоҳо ўзидан-ўзи алланималар деб вайсар, ёки бўлмаса тавла ўйнаётган икки кишининг олдига бориб, ўйинчиларнинг эътирозига назар-писанд қилмай учинчи бўлиб ўйинга аралашмоқчи бўларди.

Тахта каравотда ўтирган кексаларнинг олдига ўртаёшдаги жиддий кўринишли одамлар келиб ўтиришди. Улар мендан анча нарида ўтирганлари учун нима ҳақида гаплашаётганларини англай олмадим, лекин юзларида ташвиш белгилари борлигини сездим. Ҳар ким ўзича хаёл суриб, узоқ вақт сукут сақлаб ўтирди. Шундан кейин қаҳвахонага анча вақтгача одам келмади. Қичкина юмалоқ соат қаҳвачи томонга ўгириб қўйилганлиги учун соат неча эканлигини билолмай ўтирардим. Орадан анча вақт ўтди. Қаҳвахонада ўтирганларнинг кўпи кетиб қолди. Ниҳоят, қаҳвачи соатини мен томонга ўгирди. Соат ўн ярим экан. Шундай бўшашган, лоқайд ҳолда эдимки, ҳатто ўрнимдан туриш ҳам менга малоллик қилаётганди. Қетиш тараддудига тушганимни кўрган қаҳвачи:

— Агар уйингиз яқин орада бўлса шошилманг, — деди. — Қаҳвахонани соат биргача беркитмаймиз. Бу ердан яхшироқ жой топа оласизми?

— А-а-а, ростдан-а? — дедим. — Бўлмаса менга яна бир стакан чой олиб келинг… Бир паррак лимон билан.

Худди шу пайт ичкарига бир одам кириб келди. Қирган одамнинг қош-киприкларини қор босган, эгнига жакетга ўхшаган оқ нарса кийиб олган эди… Қелган одам печкага якинлашди. Эгнидаги қорларни сидириб ташлади-да, курсилардан бирига ўтирди. У ёшгина йигитча экан. Қорлари эриб тушгандан кейин, кўз олдимда оппоқ юм-юмалоқ юз пайдо бўлди.

Бу йигитча келгунига қадар ғала-ғовур бўлган қаҳвахона у ичкари кириши билан сув қуйгандек жимжит бўлди-қўйди. Бир чеккада тавла ўйнаб ўтирганлар ҳам ўйинни йиғиштириб тавла қутисини шарақлатиб ёпдилар-да, чиқиб кетдилар. Шундан кейин хонада узоқ давом этган, пашша учса эшитиладиган сукунат ҳукм сурди.

Йигитчага қарадим. У тўғрига тикилганча стулда ўтирарди. Қексалар ҳам одатларига қарши сукут сақлаб, қовоқ солиб ўтирардилар. Қаҳвачи қаҳва пишириладиган ўчоқ олдида бошини икки қўли орасига олиб ўтирар эди. Қаҳвахона каби доимо ғала-ғовур бўладиган жойда ўн дақиқа давомида «тиқ» этган овоз эшитилмаса ваҳимали бўлар экан. Даҳшатли сукунат чўзилгандан чўзилаверди.

Йигитча гоҳо оёғини чалиштириб, гоҳо ерга тираб ўтирар, лекин ўтирган ўрнига ҳеч бир ўрнаша олмай қийналарди. Имтиҳон топшираётган ўқувчига ўхшаб, атрофга қўрқа-писа назар ташлар, имтиҳон қабул қилаётган комиссия аъзолари оёқ чалиштириб ўтирганини кўриб қолишидан қўрққандек гоҳо туриб кетар, гоҳо ўтириб олар эди. Йигитча бир оёғига қизил астари ерда судралиб турган йиртиқ калиш кийиб, устидан ип билан боғлаб олган эди. Иккинчи оёғига бўлса лаққабалиққа ўхшаб оғзи очилиб қолган эски футбол ботинкасини илиб олган, ботинканинг йиртиғидан йигитчанинг бармоқлари шундоққина кўриниб турарди.

Қаҳвахонада ҳамон сукунат ҳукм сурарди. Мен жуда ҳайрон булдим. Назаримда ўтирганлардан кимдир дабдурустдан:

— Ажина келди!

Ёки бўлмаса:

— Қиз туғди! деб айтиши ва бу гапга ҳаммамиз кулиб юборишимиз керакдек туюларди.

Бироқ ҳанузгача ҳеч ким лом-мим демасди. Яна боя келган йигитчага қарадим. Кўзимга унинг юзи эмас, кенг пешонаси яққол кўринди. Пешонасида ажин ҳам, маъно ҳам йўқ эди. Эгнида жакети ҳам йўқ, фақат таги оқ, устида қора чизиғи булган устки кўйлаги бор эди, холос. Қўйлаги устидан яғири чиқиб кетган рўдапо оқ казагин[2] ёпиниб олган эди. Казагиннинг олдини тўғнағич билан маҳкамлаб қўйган эди.

Унга тикилганимча ҳайратланиб ўтирардим. Қимирлашга ҳолим йўқ эди.

Шу пайтда қаҳвахона эшиги очилиб ичкарига бир одам кирди. Кирган одам тўғри кексалар олдига бориб:

— Сизларни йўқлаяпти, — деди: — Эс-ҳуши жойида. Лекин тонг отгунча борми-йўқми, бунга ақлим етмайди. Тез-тез ҳушидан кетиб қоляпти. Али оға, сени йўқлаяпти, Маҳмуд човуш, сени ҳам. Ҳасан, истасанг, сен ҳам бора қол. Шўрлик сени жуда ҳам яхши кўрарди.

Ўтирганлардан уч киши оёққа турди. Турганлар печка олдида ўтирган йигитчага қиё боқмай ўтиб кетдилар. Лекин бутун кўринишлари билан бола-фақирга игна санчгандан баттар қилишди. Атайлаб юз ўгириб кетгандек қилишди. Йигитча кўзларини катта-катта очиб олдидан ўтиб кетаётганларга ялингандек мўлтираб турарди.

Қаҳвачи бўлса йигитча олдига шу маҳалгача бир стакан чой қўяй демасди. Кўп ўтмай қаҳвачи ҳам ўрнидан турди. Олдимдаги финжонларни[3] йиғиштириб олаётганида:

— Менинг ҳисобимдан шу бола бечорага ҳам бир стакан чой беринг, — дедим.

Қаҳвачи бошини кўтарди-да, менга ғалати қилиб қараб қўйди. Мен уни йигитчага чой олиб келгани кетди, деб ўйладим.

Қаҳвачи олдига етиб келиши билан йигитча сакраб ўрнидан турди. У қотиб қолгандек қаҳвачннинг олдида тик туриб қолди. Қаҳвачининг итмисан-эшакмисан демай, ёнидан ўтиб кетганини кўрган йигитча:

— Дадам тўғрисида гапирдингларми? Ўлим тўшагида ётган эмишми? — деди.

Қаҳвачи сукут сақлаб турарди. Бу таъна тоши каби ботаётган аччиқ сукунат эди. Кейин худди муз эригандек бўлди-ю, қаҳвачи жавоб қайтарди. Лекин унинг жавоби мен учун маъносиз, йигитча учун аччиқ бўлди:

— У, сенинг даданг эмас! — Қаҳвачининг жавоби шундай қисқа бўлди.

Йигитча лом-мим демади. Қатъий қарор қабул қилган одамдек шахдам қадам ташлади. Лекин остонага етганда эшик очишга журъат этолмай туриб қолди.

Шунда қаҳвачи:

— Уйга боришни хаёлингга ҳам келтирма. Холангнинг ўғли эшик тагида пойлаб турибди, сени биратўла саранжомлаб қўя қолади-я! — деди.

Йигитча ўйланиб қолди. Унинг қарори қайгадир учиб кетган эди. Ҳар хаёлга боргани юзидан сезилиб турарди. Ўзини ичкарига улоқтирган кучли шамолни кесиб кетгандек эшикни очди-ю, тун қўйнига шўнғиб кетди.

Анча вақтгача савол беришдан ўзимни тийиб ўтирдим… Қаҳвачи менга орқасини ўгириб турарди. У тақир-туқур қилиб алланималарни ағдар-тўнтар қиларди. Юзини менга ўгиришини кутиб ўтирдим. Лекин у ҳали-бери ишини битирадиганга ўхшамасди. Ниҳоят, мен томонга ўгирилди.

— Нима гап бўлган эди, барака топгур? — сўрадим шунда.

Белидаги фартукнн ечиш ҳаракатида бўлган қаҳвачи саволимга қандай жавоб қилишни ўйлаётгандек хаёлга толди.

Шу пайт эшик яна очилди. Бояги, беморнинг олдига уч кишини бошлаб кетган киши, бир мўйсафид билан бошлашиб ичкари кирди. Эшикдан кириши билан:

— Оламдан ўтди, — деди у. киши, — Анови даф бўлдими?

Қаҳвачининг қўллари орқасига, фартугининг боғичига ёпишиб қолгандек эди. Фартуги боғичини ечган жойида бошқатдан боғлаб қўйди. Сўнгра мен ўтирган столга яқинлашди. Худди бор аламини мендан олиши керакдек:

— Аравакаш Комил оға ўлибди… Бояги ит унинг ўғли бўлади. Синглисини ёмон йўлга бошлагани учун отаси уни уйидан ҳайдаб юборган эди, — деди сўзларини чертиб. Қейин бошқалар томонга ўгирилиб: — Бу номуссиз пушаймон бўлганидан эмас, мерос илинжида келган, — деди.

Қексалардан бири унинг фикрига қўшилмаганини билдирадиган оҳангда:

— Пушаймон бўлиб келган тақдирда ҳам уни ҳеч ким кечирмайди! — деди.

Мен тилимнинг учига келиб қолган бир саволни қандай қилиб берганимни ҳам, ннма сабабдан берганимни ҳам билолмай қолдим. Бу савол атрофдагиларга қандай таъсир қилишини ўйлаб ўтирмай, дабдурустдан:

— Қиз нима бўлди? — деб сўрадим.

Жуда ноқулай вазият вужудга келди. Ўтирганлар бир-бирларига қарамай, ер чизгандек бўлиб қолишди. Ҳеч кимдан сас-садо чиқмади. Хонада боягидан ҳам ваҳимали сукунат ҳукм сурар эди. Қўзларгина эмас, ҳатто сукунатнинг ўзи ҳам, сукунатдаги ҳаракатсизлик ҳам:

— Нега шуни сўрадинг?

— Нима кераги бор эди?

— Шундан бошқа гапинг йўқмиди?

— Жуда ҳам бачкана экансан!.. — деяётгандек туюларди менга.

Ҳеч ким жавоб бермади, пулни стол устига ташлаб қаҳвачига қарадим. У бошини хам қилиб, чуқур хаёлга толган эди. Ранги сарғайиб кетган, қўллари эса ҳамон фартуги боғичини ечиш билан овора эди. Эшикни очиб ташқари чиқдим. Қизнинг нима бўлганини билолмадим. Лекин қаҳвачи уни ёмон йўлдан қайтариб олганини тушуниб олганмикинман-а?

Туркчадан Мирвали Аъзам таржимаси

[1] Тавла — нардга ўхшаш ўйинларнинг бир тури.

[2] Казагин — уст кийимнинг бир тури.

[3] Финжон — дастаги бор пиёла.