Розмари Бордер. Пианино (ҳикоя)

Жаноб Антони Эванс концерт беради».
Бу сўзлар театр эшигига ёзиб қўйилганди. Бино деворида эса жаноб Антонининг пианино билан тушган катта сурати… юзлаб томоша мухлислари чиптахона қаршисида турнақатор тизилиб туришибди. Лекин менда алоҳида таклифнома бор, чунки мен мухбирман – концерт олдидан машҳур пианиночи билан суҳбатлашишим лозим. Таклифномани назоратчига кўрсатиб, театр ичкарисига кирдим. Кейин зиналардан кўтарилиб, пардозхона томон йўл олдим. У ерга етиб боргунимга қадар бу машҳур пианиночи ҳақида ўйлаб кетдим. Мен ҳатто бир оз чўчирдим ҳам. Ниҳоят пардозхона қаршисида тўхтадим. Эшикнинг катта олтин юлдузчаси бор эди. Қўнғироқни чалдим, эшикни узун бўйли, анча кексайган, малла кўзлари кулиб турувчи бир киши очди. Ҳа, бу ўша машҳур ва маълум пианиночи Антони Эванс эди. У қора шим ва оқ кўйлак кийган, сочи силлиқ қилиб таралган эди.
– Менинг исмим Салли Хилл, – гап бошладим мен.
– Айтишингизнинг ҳожати йўқ, – у менинг ҳужжатимни кўриб жилмайди. – Сиз мухбирсиз. Қайси газетада ишлайсиз?
– «The Sunday Times»да, жаноб.
– Жуда яхши газета. Киринг, марҳамат! Бемалол саволларингизни бераверинг. Биз ҳам қачонлардир ёш бўлганмиз, ахир, тўғрими, Линда? – шундай дея у ёнидаги аёлга ўгирилди. Аёл менга дўстона кўзларини тикиб жилмайди. «Бу Эванс хоним бўлса керак», ўйладим мен. Ва кўрсатилган жойга ўтириб дафтаримни очдим.
– Жаноб, Антони, менга ўзингиз ҳақингизда гапириб берсангиз. Сиз мусиқачилар оиласида тарбия топганмисиз? Худди Моцартга ўхшаб пианино чалишни уч ёшдан бошлаганмисиз? – сўрадим.
Пианиночи жилмайди, сўнг жавоб берди:
– Йўқ, йўқ, азизим. Мен оиламдан чиққан илк пианиночиман. Ва биринчи марта пианино чалганимда 14 ёшда эдим. – У менинг ҳайронлигимни кўриб деди – концертгача оз қолди, лекин мен унгача сизга ўтмишимни гапириб бераман…

* * *

Тони тез-тез мусиқа эшита олмасди. Унинг оиласи қамбағал ва бундай одамларда мусиқа тинглаш имконияти бўлмасди. У пайтларда радио ёки телевизор каби нарсалар йўқ, аммо шаҳарчаларда концерт бўлиб турарди. Бироқ, камбағаллар у ерга ҳам боролмасдилар. Баъзан итальян мусиқачи шаҳарга келарди. Унинг ғилдирак аравачасида кичик пианиноси бўлар, пианино устида эса озғингина маймун ўтирарди. Унинг мусиқасини эшитиш учун одамлар уйларидан чиқар, шунда маймун консерва банкасини ушлаганча одамлар атрофида айланарди. Мусиқачи эса «бизга эҳсон қилинглар», деб қўшиқ айтарди. Лекин маймун қайтиб келганда консерва банкаси доим бўш бўларди. Мусиқачи бошини сарак-сарак қилганча йўлида давом этарди. Мактабда эса Тони мусиқа дарсларини интиқиб кутарди. Чунки бу пайтда Тони дўстлари билан худди қушлар каби куйлардилар. Мусиқа ўқитувчиси Ларк хоним соат 12 да пианино қопқоғини кейинги ҳафтагача ёпарди ва «хайр» деганча чиқиб кетарди.
Тони мактабни тугатгач, шаҳарчадан иш топа олмади. Бир куни онаси уни эрта саҳар уйғотди. Улар текин автобусга чиқишди ва олис йўл юришди. Автобусдан тушишгач:
– Юрақол, Тони, – деди онаси. Улар қуёш тиғида, пиёда икки чақирим йўл босишди. Йўл ёқасида оқ ва сариқ гуллар очилиб ётарди. Тони бу ерга қизиқиб қолди. Чунки уларнинг шаҳарчасида на дарахт бор эди, на гул. У адирлардаги сигирларга қаради. «Умримда ҳақиқий сигирни кўрмагандим», деди ўзига-ўзи. Жўжалар дон излаш билан овора. Семиз, оппоқ мушук эса деворда турганча, уйқусираган кўзлари билан уларни кузатарди. Ойиси уни фермага етаклаб келганини энди тушунди. Шу пайт рўпарадаги уйдан бир эркак чиқиб келди. У оиланинг эски дўсти жаноб Вуд эди. Тони илгари бу кишини кўрмаганди.
– Салом, Бетти, сени кўрганимдан хурсандман. Хатинг учун раҳмат. Ишларинг қалай? – жаноб Вуд худди минг йиллик қадрдонлардек сўзлашарди. Улар анча суҳбатлашишди.
Тони эшик ёнида турарди. У ўзини негадир ноқулай сезар, уйга кетгиси келарди.
– Бу сенинг ўғлингми, Бетти? – сўради жаноб Вуд.
– Ҳа, унинг исми Антони, лекин биз Тони деб чақирамиз. У икки ҳафта олдин мактабни битирди. Тони жуда тиришқоқ, илтимос унга иш беринг. Биласиз, олтита фарзандимиз бор, биз пулга муҳтожмиз.
Жаноб Вуд Тонига ўгирилди.
– Хўш, йигитча, фермада ишлашни хоҳлайсанми?
Тони шаҳарчани эслади. Дўконда ишлаш шовқин-сурон, заводлар бундан баттар эди. Қачон қараса, у ердаги ишчиларнинг юзлари касалникидек оппоқ, заҳил бўлади. У юзлари офтобдан қизарганча жилмайиб турган ғайратли фермерга қаради.
– Хоҳлайман!
Антони чиндан ҳам кучли, бақувват ва анча тиришқоқ эди.
Жаноб Вуднинг Линда исмли яккаю ягона қизи бўлиб, ота қизини жуда севарди. Аммо доимо ўғли бўлишини жуда-жуда истарди. Тони кечгача тиним билмасди. Кечқурун унинг елкалари, оёқлари оғрирди. Шу сабабдан ёстиққа бош қўйиши билан қотиб ухлаб қоларди. Тони овқатдан қисилмасди: жаноб Вуд етиштирган мазали мева ва сабзавотлардан ер, истаганча сут ичарди. Эски кийимларини эса, тўплаган пулига қўшиб уйига-укаларига юборарди. Тони уйига кам борарди. Шунинг учун унинг бориши ҳам, қайтиши ҳам байрам бўларди.
Жаноб Вуднинг оёқ кийимлари фабрикасига эга бир оғайниси бор эди. У икки ўспирин ўғли Пит ва Жоннинг катта бизнесмен бўлишини орзу қилар, шу боисдан ўғилларининг суяги меҳнатда қотсин деб, фермер хўжалигига ишлаш учун юборарди. Бу йилги мактаб таътилида ҳам Пит ва Жон фермага келишди.
– Мен фермер бўлмоқчиман, – деди Пит Тони билан танишиб олгач.
– Ҳа, – деб Жон унинг гапини маъқуллади. – Фермерлик дунёдаги энг зўр касб!
– Лекин сизлар бу ерга фақат таътилда келасизлар, холос-ку? – Тони ҳайратини яширолмади. – Ёз эса доимий эмас, қуёш ҳамиша чиқавермайди. Фермерлар қишда қийналишади.
– Лекин бу иш сенга ёқади-ку? – деди Жон кулимсираб. У ҳақ эди. Тони фермани севарди.

* * *

Ёзнинг жазирама кунларида болалар ўт ўришарди. Қуёш аямай қиздирар, иссиққа чидаб бўлмасди. Ўша иссиқ кунларнинг бирида Жаноб Вуд уларнинг олдига келди.
– Болалар, сизларга бир иш бор, – деди у ва ўтлоқ ёнидаги омборхона томон юрди.
– Унинг ҳамиша бизларга «бир иши» бўлади, – деди Пит унинг ортидан муғомбирона кўз қисиб. Тони ва Жон кулиб қўйишди.
Фермер омбор эшикларини ланг очди.
– Янаги ҳафта менинг янги машинам бўлади, – тушунтирган бўлди жаноб. – Омборхонани эса гараж қилмоқчиман. Бу ердаги ҳамма нарсани олиб чиқиб улоқтириб юборинглар. Кейин яхшилаб тозаланглар. Янги машинамнинг уйи бу.
Жаноб Вуд жўнаб кетди. Болалар омборда тўлиб-тошган нарсаларга ҳайрон бўлиб қараб қолишди.
– Бу иш кўп вақтни олади, – деди Тони омборни айланаркан.
– Ҳа-а. – Жон уни маъқуллаган бўлди.
Тони буюмларга бир-бир қараркан, бурчакдаги катта, чанг босган қути диққатини тортди.
– Нима бу? – сўради Тони.
– Пианино, – Жон буюмга яқинлашиб жавоб қилди.
– Пианино! – Тони ҳаяжон билан Жоннинг сўзларини қайтарди. Сўнг шошиб кўйлагини ечиб, пианинонинг чангини артди. Тонининг кўзи ундаги турли хил қушлар, гуллар, баргларнинг суратига тушди. Улар қоронғу омборда худди чарақлаб турган юлдузларга ўхшарди. Тони пианино қопқоғини очиб, клавишларга ҳавас билан тикилди.
– Биз буни ташлаб юборолмаймиз! Бундай қилолмаймиз! – деди сўнг ҳаяжон билан.
Ака-укалар бир-бирига қараб елка қисишди. Тони эски стулни пианинонинг ёнига қўйиб ўтирди. Бармоқларини клавишларга теккизиши билан кўзларини юмди. Унинг хаёлида ёдида қолган мусиқалари бир-бир такрорлана бошлади. Бармоқлари клавишлар узра ўз-ўзидан ҳаракатлана бошлади.
– Мен буни чала оламан, – деб ўйларди Тони. – Менга ҳеч ким ўргатмаган бўлса-да, миям бармоқларимга нима қилишни айтяпти. Мен мусиқа чалаяпман!
Дарҳақиқат, пианинодан ажиб бир куй тараларди. Жон ва Пит куй оҳангидан маст бўлгандай жойларида қотиб туришарди.
– Бу қайси куй? – сўради Пит Тони бармоқларини клавишлардан олгач.
– Билмайман. – деди Тони бўшашиб.
Шу пайт эшик томондан овоз келгандай бўлди. Учала боланинг кўзи баравар эшикка қадалди. Остонада бўйчан, озғин, унча чиройли бўлмаса-да, истараликкина Линда Вуд узун, жигарранг сочларини ўйнаб, ширин жилмайиб турарди.
Тони айб устида қўлга тушгандек қизариб ерга қаради.
– Нега тўхтадинг? – сўради қиз оҳиста.
– Тугатдим, – жавоб қилди Тони ердан бош кўтармай.
– Қаранглар, – деди Линда ҳеч нарса бўлмагандай шодон қиёфада ичкарига кираркан. – Ойим сизларга тушлик бериб юбордилар.
Ҳаммалари овқатланишга киришишди.
– Чалишни кимдан ўргангансан, Тони? – Линда пианинога ишора қилиб, Тонига боқди.
Тони кир оёқ кийимларидан кўз узмай жавоб берди:
– Ҳеч кимдан. Мен чалишни билмайман.
– Алдама, – қиз кулимсиради. – Бизнинг мактабда ҳам пианино бор. Муаллимдан анча-мунча нарса ўрганишга ҳаракат қилганман, аммо сенчалик чалолмайман. Сен чалган мусиқани биламан. У «Яшил ўтлоқ» деб номланади. Буни менга ўргатсанг яхши бўларди…
– Қандай қилиб? – Тони ҳайрон бўлди. – Мен ноталарни билмайман. Бизнинг мактабда ноталарни ўргатишмасди… – Тонининг ёдига мусиқа ўқитувчиси Ларк хоним тушди. Унинг дарсларини эслаб жилмайди. – Биз сешанба кунлари қўшиқ куйлардик, холос.
У ўйчан тарзда пианино қаршисига борди. «Мен буни албатта ўрганаман», – деди ўзига-ўзи. «Бу ҳақида жаноб Вуд билан гаплашиб кўришим керак».
Кечки овқатни Тони хаёлчан тановул қилди. У ўзининг идишларини ювиб, эшик томон юрди.
– Йўл бўлсин? – сўради Жон чой ҳўплар экан.
– Жаноб Вуд билан пианино ҳақида гаплашишим керак, – деди Тони ортига бурилмай.
Хонадон соҳибларининг ҳаммалари ўз юмушлари билан банд. Вуд хоним Линданинг кийимини тикиб ўтирар, қизи хиргойи қилганча, матога гул расмини соларди. Жаноб Вуд эса одатича «Фермерлар ҳафтаномаси»ни ўқиш билан машғул. Эшикнинг оҳиста чертилгани уларнинг диққатини бўлди.
– Киринг, – деди жаноб Вуд газетадан бошини кўтармай.
Тони эшикдан кириб, хонадагиларга бир-бир кўз ташлади. Сўнг бир оз ботинмайроқ сўз бошлади.
– Жаноб Вуд, омборхонада эски пианино бор экан…
– Ҳеч нарсани эшитишни хоҳламайман, – деди фермер кескин оҳангда.
– Эшитишни истамайсиз? – Тони беихтиёр жанобнинг сўзларини такрорлади. – Ахир пианинони ахлатга ташлаб юборолмаймиз.
– Менга машинам учун жой керак. Шунинг учун пианинони ташлаб юборасизлар, вассалом, – деди жаноб Вуд ва майинроқ оҳангда қўшиб қўйди. – Бугун жуда оғир кун бўлди, сенам чарчагандирсан, борақол. Мен бир оз газета ўқимоқчиман.
Вуднинг оҳангидан Тони бир оз дадилланди.
– Лекин пианино…
– Ўша алмисоқдан қолган пианино ҳақида эшитишни истамайман, – дедим сенга! Бор, жўна! – деди Вуднинг жаҳли чиқиб.
Тони бир сўз демай хонадан чиқди.
Ака-укалар Тонининг қовоқ-тумшуғи осилиб қайтганини кўришиб, масаланинг ижобий ҳал бўлмаганини тушунишди.
– Биз сенга ёрдам берамиз, – деди Пит олдин Тонига, кейин Жонга қараб.
– Қандай?
– Пианинони жаноб Вуднинг юк машинасига жойлаймиз, бу албатта вақтинча, кейин бир гап бўлар.
Ҳаммага бу гап жўяли туюлди ва улар пианинони базўр кўтаришганча машинага жойлашди. Сўнг ҳаммалари тинч уйқуга кетишди.

* * *

Эртасига улар яна ўт ўриш билан банд эдилар. Туш пайти улар чанқашиб сув идишларига қўл чўзишди.
– Ие, тугаб қолибди-ку? – деди Жон ҳафсаласи пир бўлиб.
– Уйга боргандан кўра яқин-атрофдан қидириб кўриш керак. Ахир анави ерда мактаб бор-ку, у ерда албатта сув бўлади, – деди Пит ақлидан қувониб.
– Мен бориб келаман, – Тони шундай деб идишларни олди ва мактаб томон кетди.
У мактаб атрофини айланиб қувурни тополмади. Мактаб эшиги олдига борди. Итариб кўрганди, очилиб кетди. Кичкина ошхона, бурчакда артезиан сувининг жўмраги кўзга ташланди. Тони жўмракни бураб, қўлини тутди. Аввалига илиқ, сўнг танани яйратадиган муздек сув шариллаб тушди. Тони ютоқиб сув ичгач, мактабни айлангиси келди. Бунга кўп вақт кетмади. Чунки мактаб биргина синф хонасидан иборат эди. Хонадаги кичик стол-стуллар, таътилга кетган болаларни кутгандек жимгина туришарди.
– Ўқиш сентябрда бошланади, унгача ҳали икки ой бор, – ўйлай кетди Тони. – Пианинони шу ерга қўйиб турсам бўлади-ку! Мактаб бошлангунча яна бир иложи топилар…
Тони хаёлига келган фикрдан қувониб, идишларни сувга тўлдирди-да, болалар олдига шошилди.
– Талқон еб, сени сувга юбориш керак экан-ку! – Пит кулди.
– Мен пианинони қўйиб турса бўладиган жой топдим! – деди Тони қувончини яширолмай мактаб томон ишора қиларкан.
– Аҳмоқ бўлма, – деди Жон қўл силтаб. – Ўқитувчи уришади.
– Қандай уришади, ахир у таътилда-ку? – Тони Питга ўгирилди. – Сен ҳам ҳозир таътилдасан-ку, тўғрими?
– Тўғри.
– Мактабнинг эшиги очиқ, ҳатто қоровули ҳам йўқ. Сизлар менга ёрдам берсаларинг, пианинони мактабга олиб кириб қўярдик.
Ака-укалар бир-бирига маъноли қарашди. Сўнг маъқул дегандай бош ирғашиб, яна ишларига шўнғиб кетишди.
Вуд хоним йиғинга кетганлиги учун кечки овқатни Линда тайёрлаганди.
– Болалар, – деди қиз стол устига идишларни қўяр экан, – отамнинг юк машинаси сизларда экан…
Улар савол назари билан бир-бирига қарашди. Ҳали улар пианинони кўчиришмаганди. «Наҳотки, Линда сезган бўлса? Отасига айтса, ҳамма уринишларимиз зое кетадими энди?» деган саволлар кўнглидан ўтди уларнинг. Учовлон Линданинг юзига бақрайиб қарашди.
– Мени қишлоққа ташлаб қўя олмайсизларми? Дугонам Кетрин касал экан, кўриб келмоқчи эдим…
– Бажонидил ташлаб қўямиз, лекин…
Тони сўзини охирига етказмай, ўрнидан турди. Хонани бемақсад айланди. Сўнг Линданинг кўзларига тикилганча, бор гапни айтиб берди. Линда Тонини диққат билан эшитгач, жилмайди.
– Сени тушундим, Тони. Менам сизларга ёрдам бераман.
Болалар қизни Кетриннинг уйига ташлаб ўтдилар.
– Соат тўққиздан кечикмай уйда бўлинглар, – деди Линда улар билан хайрлашар экан. – Дадам сезиб қолиши мумкин.
Уч ўспирин тасдиқ ишорасини қилишиб, бош силташди. Пианинони мактабга жойлаштириш оғир бўлди. Уни машинадан тушириб, синфга олиб киргунларича, қора терга ботишди. Пианинони девор олдига қўйишди.
– У мана шу ерга ярашади! – деди Пит. Сўнг клавишларни бирин-кетин босиб кўра бошлади. Хонани шовқин, ғалати овоз босди.
– Сен уч йил пианино дарсига қатнагансан, аммо чалган мусиқангни қара. Агар шуни мусиқа деб аташ мумкин бўлса… – дер экан Жон Тонига юзланди. – Бизга бирор нарса чалиб бер.
Тони стулга ўтирди. Қўллари клавишлар устида ўз-ўзидан ўйнай бошлади. Мусиқа унинг миясига қуйилиб келарди. У ўзга оламда учиб юрарди… Дўстлари эса диққат билан тинглашарди.
Ёз Тони учун мароқли кечди. Ҳар куни овқатдан сўнг Линданинг велосипедини миниб мактабга борар, мириқиб пианино чаларди. Кеч тушиши билан яна фермага қайтарди. Ишдан бўшаган пайтларда эса Линдадан нота ўқишни ўрганарди.
– Бу осон экан, – деди у Линдага. – Ноталар бармоқларга нима қилишни айтаркан.
– Тўғри.
– Линда Тонининг сўзларини яхши англамаган бўлса-да, уни қувватлаб. – Қара, мана бу – итальянча мусиқа.
Тони ноталарни тез ўрганди. Бунда Линданинг яхши ўқитувчи эканлиги иш берди. Бу дарслар Линдага ҳам, Тонига ҳам ёқарди. Тони бора-бора бу дарслардан сўнг юрган йўлида хиргойи қилиб юришга одатланиб қолди. Ундаги янги одатни биринчи бўлиб, Вуд хоним пайқади.
– Менимча, Тони кимнидир севиб қолган, – деди у Линда билан кечки овқатни ҳозирлар экан.
Линда жилмайиб қўйди.

* * *

Жаноб Горден қишлоқ мактабининг якка-ю ёлғиз ўқитувчиси эди. У ўз ишини, айниқса болаларни жуда севарди. Шунинг учун ўзидаги бор билимни болаларга беришга ҳаракат қиларди. Мактабда пианинонинг йўқлиги жаноб Горденнинг кўнглини бир оз ўкситарди. Аммо у бунга кўпам парво қилавермасди. Пианиносиз ҳам ўз шогирдлари билан берилиб қўшиқ айтаверишарди.
Ёз кечаларининг бирида жаноб излаган китобини уйидан тополмади.
– Эсладим, – деди у қўл силтаб. – Мактабда қолган. Мактаб узоқ эмас, тезда бориб келсам бўлади.
У боғ орқали мактабга кириб борди. Чўнтагидан калитни қидирди, лекин тополмади. Қараса, мактаб эшиги очиқ. (Тони мактаб чироғини ёқмасди, чунки кимдир уни кўриб қолишидан қўрқарди).
– Эҳ, қарилик қурсин, – деди у бош чайқаб. – Эшикни қулфлашни унутибман-ку! Ичкарида кимдир бор… Менимча, у ўғри! Энди нима қилдим-а?
Жаноб Горден турли хаёллар билан эшикдан ичкарига ҳатлади. Ичкаридан мусиқа товуши эшитиларди. Жаноб Горден сесканиб кетди. Аммо хурофотдан нари одам бўлгани учун яна бир-икки қадам ташлади. Деразадан таралаётган ойнинг ёғдусидан хона бир оз ёришиб турарди. Жаноб Горденнинг кўзи пианино олдида ўтирган болага тушди. У бехосдан оёғи остидаги стулни туртиб юборди. Стулдан чиққан товуш етарли бўлди: пианинонинг овози шу он тинди.
Тони ўрнидан сакраб турди ва кескин орқасига бурилди.
– Илтимос, полицияга айтманг, – деди у титраб. – Мен ҳеч нарса ўғирлаганим йўқ.
– Хўп, хўп, – деди муаллим тутила-тутила. – Аммо сен кимсан? Бу ерда нима қилиб юрибсан? – Горден столга суянди.
Тони олдида турган одамнинг ҳайрихоҳлик билан гапираётганини сезди. Шу сабабли унинг саволларига батафсил жавоб берди.
Жаноб Горден фермага келиб, Вудлар билан бафуржа суҳбат қурди.
– Тонида катта истеъдод бор, – деди у суҳбат поёнида. – Қирқ йил ўқитувчилик қилиб унга ўхшаган болани учратмаганман. У мусиқа дарсларига қатнаши керак, кейин Лондонга… Мусиқа коллежида таълим олиши, кучли мусиқачилар билан ишлаши лозим.
– Лекин унинг оиласи жуда ночор яшайди, – жаноб Вуд тушунтирган бўлди. – Улар Тонининг ҳатто мактабда ўқиши учун ҳам пул тўлолмайдилар. Бу ерга ҳам Тони ишлаб, уйдагиларига ёрдам бериш учун келган.
– Булар ҳал бўладиган масала, – жаноб Горден хуш кайфият билан ўрнидан турди. – Ўтган кеча мен мактабга бориб, ажойиб бир мусиқачи билан танишдим. Унинг учун қанча кўп маблағ ажратсам, шунчалик хурсанд бўлардим.
Бу гаплар жаноб Вуднинг иззатига тегди.
– Йўқ, – деди у қизариб, – Тони яхши бола. Ундай ўғлим бўлишини жуда-жуда хоҳлардим. Тонининг оиласи камбағал бўлса-да, биз ночор эмасмиз.
– Тўғри, – Вуд хоним кескинликни юмшатиш учун ташаббусни қўлига олди. – Биз Тонини ўз ҳисобимиздан коллежга ўқишга юборамиз.
– Баракалла, хоним, – деб Горден енгил таъзим қилди ва Вудга қараб қувноқ оҳангда давом этди. – Демак, мусиқа дарслари биздан, коллежда ўқитиш сизлардан!
Ҳаётини буткул ўзгартириб юборган бу суҳбатдан фақатгина машина юваётган Тонигина бехабар эди.
– Жаноб Горден эртадан бошлаб сенга мусиқадан сабоқ беради!
Фермернинг бу сўзларини эшитиб, Тонининг кўзлари порлаб кетди. Аммо сал ўтмай бўшашиб бош чайқади:
– Менда ўқиш учун пул йўқ.
– Мен у билан гаплашдим, сендан ўқитгани учун пул олмайди. Ҳар куни соат тўртда мактабга борасан. Икки соат шуғулланиб, фермага қайтасан.
– Ишим-чи?
– Мен бошқа ишчи топарман, – деди жаноб Вуд Тонининг елкасига қоқиб. – Эвазига биринчи концертингдан учта чипта берасан!
Тони барвақт турар, уй юмушларини бажарар, соат тўртда машғулотга шошарди. Жаноб Горден унга мусиқага оид китобларни мутолаа учун берарди. Баъзан Тони уларни ўқиган ҳолда ухлаб қоларди. Ва тушига ҳам мусиқа кирарди. Дарахт баргларини тўкди, қиш ҳам келди. Тони дарсдан қайтгунча қоронғу тушарди, баъзан қалин қор ёғарди. Тони мактабга пиёда қатнаса-да, бирорта дарсни қолдирмасди. Жаноб Вуд муаллимдан Тонининг ўзлаштириши ҳақида сўраб турарди. Горден эса ундан ниҳоятда мамнун эди.
Дарахтлар яшил либосга бурканди. Баҳор келди.
– Ёзда мусиқачилар танлови бўларкан, – деди Горден бир куни Тонига.
– Биз ҳам томоша қилгани борамизми? – қувонди Тони.
– Йўқ, Тони, мен томоша қиламан, сен эса унда иштирок этасан. Мен сенинг номингни ҳам ёздириб келдим.
– Қандай?! – Тонини ҳаяжон босди.
– Шундай. Сен унда қатнашасан. Сен билан бирга дунёнинг машҳур мусиқачилари ҳам иштироқ этадилар.
Тони ўзи учун берилган таклифномани кўрди.
– Ҳеч ким мени Антони демайди-ку? Нега улар Тони деб ёзишмаган? – Тони устозига савол берди.
– Тони ёш боланинг исми. Антони катталар номи. Тони Эванс-ферма боласи. Антони Эванс эса мусиқачи! Бир кун келиб сен жуда машҳур мусиқачи бўласан. Номинг дунёни тутади. Мен сени бугундан бошлаб Антони деб атайман.

* * *

Танлов куни улар бир оила бўлиб, жаноб Вуднинг машинасида шаҳарга боришди. Вуд хоним Тонини дўконга бошлади. Улар жигарранг костюм-шим ва оқ кўйлак сотиб олишди. Сўнг хоним уни пойабзал дўконига олиб кирди. Бу дўкон Жон ва Питнинг отасига қарашли эди. У Тонига янги оёқ кийим совға қилди. Туфли жуда бежирим ва чиройли, Тонига ҳам, хонимга ҳам жуда ёқди. Фақат у Тонига бир оз кичик келди. Аммо у хонимга ҳеч нима демади. Жоннинг отаси Тонининг елкасига қоқаркан, далда бериб қўйди:
– Исмингни танлов дастурида ўқигандим. Антони Эванс-жарангдор исм. Омадингни берсин!
Улар танлов ўтадиган бинога қараб йўл олишди. Бино олдида жаноб Горден уларни кутиб турарди. Вудлар ўз жойларига ўтиришгач, у Тонини саҳна ортига бошлади. Жуда кўп мусиқачилар ўтирган хонага олиб киргач, устози Антонига қўл узатди:
– Сенга омад тилайман! – дея хонани тарк этди.
Антони ўтириб узоқ кутди. Туфлиси аёвсиз оёғини қисарди. Қўллари эса муздек эди. Бир оздан сўнг пианинонинг овози эшитилди. Антони ҳамма нарсани унутди: пианинонинг сеҳрли овозига берилди. Унинг хаёлини фақат ҳар ўн-ўн беш дақиқада кириб, кимнингдир исмини айтадиган йигитнинг овозигина бўларди. Ниҳоят:
– Жаноб Эванс, сизнинг навбатингиз! – деди йигит Антонининг олдига яқинлашиб.
Антони ўрнидан турди. «Оҳ, оёғим! – деб ўйлади у йигитнинг ортидан энгашиб бораркан. – Худди Чарли Чаплинга ўхшаб юраяпман. Ҳамма устимдан кулаётган бўлса керак.»
У томошабинларга қаради. Устозини ҳам, Вудларни ҳам кўра олмади. Лекин уларнинг меҳрини, севинчларини ҳис қилди. Оёғи оғриқдан, қўллари музлашдан тўхтади. Бармоқларини пианино клавишларига оҳиста қўйди. Бу пианино мактабдагидан анча катта эди. «Мен чалишим керак! Ахир бу ерга шунинг учун келганман.» – деди ўзига-ўзи. Бармоқлари клавишлар устида ўйнаб кетди. Антони қаршисида ўтирган минглаб одамларни ҳам, ўзини ҳам унутди. У дўстлари, оиласи учун чалди, Вудлар учун, Линда учун чалди. Жаноб Горден учун ва албатта Ларк хоним учун чалди… «Ҳозир қаердасиз, Ларк хоним? Тони Эвансни эслайсизми? Менда мусиқага меҳрни сиз уйғотдингиз! Сиз мени унутсангиз ҳам, мен сизни ҳеч қачон унутмайман. Раҳмат сизга!»
Гулдурос қарсаклар янгради. Антони мусиқани тугатганини шунда сезди.
– Бу ҳаётимдаги энг бахтли куним бўлади! – деди у ўзича.
– У албатта шоҳсупани эгаллайди! – Горден ҳам ўз ҳаяжонини яширолмади.
Антони устози ўйлаганидек ғолиб бўлди. Буни у эртаси куни газетадан билди. Оёғининг оғригани танловдан эсдалик бўлиб узоқ йиллар унинг ёдида қолди.

* * *

Жаноб Антони ҳикоясини тугатиб, диққат билан менга қаради.
– Шундан сўнг менинг мусиқий ҳаётим бошланди. Уч йил мусиқа коллежида ўқидим. Ҳар йили ёзги таътилда фермага қайтардим.
Ёшим йигирмага тўлган куни Линда Вудга ўзимнинг энг муҳим саволимни бердим: «Ҳозир сенга ҳеч нарса беролмайман. Лекин бир куни мен машҳур ва бадавлат бўламан. Ўшанда менга турмушга чиқишга рози бўласанми?»
Линда менга меҳр билан узоқ тикилди. Сўнг кулди.
– Оҳ, Антони… – деди у. – Буни кутиб ўтирма. Ҳозир сўра!
Шундай қилиб, мен унинг қўлини сўрадим: биз турмуш қурдик.
– Бунга ҳам олтмиш йил тўлди. – Линда хоним суҳбатга қўшилди. – Бир ой бурун бизни қиролича Букингем саройига таклиф қилди.
– Мен у ерга боргунимча Антони Эванс эдим. У ердан эса «Сэр Антони Эванс» бўлиб чиқдим, – дея мусиқачи кулимсираб рафиқасининг қўлидан тутди. – Менинг Линдам эса, «Леди Эванс» бўлди.
Шу пайт эшик қўнғироғи чалинди.
– Икки дақиқадан кейин чиқишингиз лозим, Сэр Антони, – деди хонага кирган йигит.
– Мен тайёрман, – деди сэр Антони ва менга ўгирилди. – Мен ҳозиргача икки мингта, балки уч мингта концерт бергандирман. Аммо ҳамиша илк маротаба концерт бераётгандекман… Сиз энди борақолинг, ҳикоянгизни ёзинг. Ўқувчиларга менинг жуда бахтли эканлигимни етказинг.

Инглиз тилидан Нодирабегим Иброҳимова таржимаси

«Ёшлик» журналининг 2012 йил 7-8-сонидан олинди.