Ричард Харвик. Меросхўр (ҳикоя)

Жон Флисон ҳашаматли уй айвонида олий сифатли шотланд вискисидан ҳўплаб ўтирарди. Ҳаво ажойиб эди. Флисон ҳаётда ҳамма нарсага бирданига эришиш қийин эканлигини тушунарди. Хотин масаласида унинг омади ҳам юришган, ҳам юришмаган эди. Кора қирқ беш ёшлардаги, тўладан келган, шаллақи бир аёл эди, аммо унинг отасидан қолган миллионлаб долларлари унинг бу камчиликларини ёпиб турарди. Жондаги ҳамма нарса, тўғрироғи, у фойдаланиши мумкин бўлган ҳамма нарса Корага тегишли эди. Қанчалик аччиқ бўлмасин, Флисоннинг ўзи ҳам буни тан олишга мажбур эди.
Унинг истагини бажо келтиришга шай бир неча хизматкорлари бўлган бу уйни асрга тенгдош эман дарахтлари қуршаб олганди. Соҳилда оппоқ яхта сузишга тайёр ҳолда чайқалиб турарди. Гаражда ойнадай ялтировчи тўртта қимматбаҳо машина бор эди. Қасрмонанд уй ёнидаги улкан боғни эса Коранинг уйига келадиган меҳмонлар «дунёнинг саккизинчи мўъжизаси» деб аташарди.
-Жон!..-Унинг хаёлларини хотинининг йўғон, қулоқни қоматга келтирувчи овози бузди. Кора ундан бир неча қадам нарида ўтирганча сурат чизаётганди.-Жон!..
-Ҳа, азизам,-шу заҳоти жавоб берди Флисон овозига майинлик ва меҳрибонлик оҳангини беришга тиришиб.-Бирор нарса керакми?
-Жон, менга муздай чой олиб кел.
-Кора, уйда шунча хизматкор бор,-ўзини тутолмади Жон. У ўзини оғир-босиқ киши деб ҳисобларди, аммо босиқлиги иш бермади.-Ўшаларга айтсанг бўлмайдими?
-Мен билан бунақа оҳангда гаплашма, Жон,-совуқ табассум билан уни тўхтатди Кора.-Хизматкор-хизматкор, эр эса эр. Агар чой олиб келсанг яхши бўлади.
Кора шу сўзларни айтгач, яна чизаётган суратига ўгирилиб суҳбат якунланганини ва эри унинг илтимосини бажариши лозимлигини билдирди. Аниқроғи, илтимосини эмас, буйруғини. У эри чой олиб келишига шубҳа қилмасди, шунинг учун ҳал бўлган масалани муҳокама қилиб ўтиришни вақтни беҳуда ўтказиш деб ҳисоблади.
Жон Флисон ичида сўкинди. У оғир хўрсиниб ўрнидан турди ва чой олиб келгани кетди. Жон ғазабдан титрарди. Ошхонада ўзига келгач, у кўзларини юмди ва ичида ўнгача санади. Флисон ўзининг ҳам худди анави чизилаётган сурат каби Корага тегишли эканини яна бир марта тан олишга мажбур эди. Хотини унга майда-чуйда харажатлар учун ҳафтасига юз доллар берар, қартада ютқазиб қўйса тўлар, аммо жиддий харидлар қилишига йўл қўймасди. Улар беш йилдан буён бирга яшашса-да, у ҳалигача янги туфли ёки кўйлак учун хотинидан пул сўрарди.
Жон яна бир марта оғир хўрсинди ва бу ўйин қанчалик оғир бўлмасин, чидаши шартлигини хаёлидан ўтказди. Бунга чидаши шарт. У хотинининг васиятномасини кўрганди. Агар Кора вафот этса, унинг барча миллионлари эрига, яъни Жонга ўтади. У хотинидан ўн ёш кичик бўлиб, саломатлиги ҳам жойида эди. Бунинг устига, унинг аниқ мақсади бор эди-атрофидаги ҳамма нарсанинг қонуний эгасига айланиш.
Жон чой келтирди ва хотинининг олдидаги столчага қўйди. У кўзларидаги қаҳрни билдириб қўймаслик учун хотинига қарамасликка ҳаракат қилди.
-Раҳмат, азизим,-миннатдорчилик билдирди Кора.-Асабинг бузилмадими?
Жон Флисоннинг унинг товоқдек башарасига боплаб туширгиси келди, аммо ўзини қўлга олиши шарт эканлигини биларди. Бироқ барибир ўзини саволдан тия олмади:
-Бўшманми? Кетсам бўладими?
-Сенинг ўрнингда бўлганимда бундай оҳангда гапирмаган бўлардим,-дарҳол қовоғини уйди аёл.-Ўзинг яхши биласан, Жон, сен менинг биринчи эрим эмассан. Охиргиси бўлмаслигинг эҳтимоли ҳам бор. Илтимос, буни эсингдан чиқарма.
Кора ажрашиш ҳақида биринчи марта таҳдид қилмаётганди. Бир ойда икки-уч марта у истаган вақтида ажрашиши ва уни ҳеч нарсасиз қолдириши мумкинлигини айтишни канда қилмасди. Жон ҳам машина, уй, хизматкорлар каби оддий буюм эканлигини, шунинг учун ўзини муносиб тутиши кераклигини эслатиб турарди.
Флисон бу гапларга кўникиб қолганди. Албатта, бу таҳдидлар қуруқ сўзлар эди. Шунчаки, Корага уни таҳқирлаш, уйда ким хўжайин эканлигини эслатиш, ўз қудратини намойиш этиш ёқарди. Шунинг учун Жон гоҳ чойга, гоҳ лосонга ёки қандга, хуллас, хотини нимани ўйлаб топса шунга югурарди. Ва ҳар сафар Жон Флисон ғурурини бир четга суриб қўйиб, ўзига ўзи хотинининг ўлимига гувоҳ бўлишини ва барча бойликларнинг эгасига айланишини айтарди.
Унинг бундай умид қилишига асос бор эди. Докторлар доимий равишда Корани камроқ овқат ейиши лозимлигини айтиб огоҳлантиришарди. У парҳез қилиши шарт эди. Унинг юраги зўриқиб ишлаётгани, бу кетишда юраги зўриқишни кўтаролмаслигини айтишарди. Корага эса, табиийки, бундай гаплар ёқмасди. У тажрибали докторларни худди қўлқопдек алмаштирарди ва охир-оқибат катта пул учун унинг барча истакларини маъқулловчи бир фирибгарни топиб олганди. Ҳозир у илгаригидек истаганини ер ва хоҳлаганча ерди.
Жонга хотинининг янги доктори жудаям ёқди. У виждон ва бурч деган нарсалардан анча йироқда эди. Бу нусха юрак бунчалик улкан гўшт уюмига қон етказиб беролмай қолишини бирор марта ҳам айтмади. Флисон Корани кўмиб келганидан сўнг уни яхшилаб мукофотлашни дилига тугиб қўйди. У бу кунга оз қолганига умид қиларди…
Жон Флисоннинг боши узра қора булутлар пайдо бўла бошлади. Афтидан, бу сафар Кора ажрашиш ҳақида жиддий гапираётган эди. Якшанба куни у тушликка Оскар Вутенни таклиф этганда Флисон ишлари чаппасига кетаётганини тушунди. Унда худди кинотеатрда ўтириб бундан беш йил олдин кўрган филмини қайтадан кўраётгандек таассурот уйғонди. Жон Кора-у пайтларда унинг фамилияси Бартон эди-уни тушлик қилишга олиб келган якшанбани жуда яхши эсларди. Ўшанда Генри Бартон унга мўлтираб қараб қўйгани ҳам ёдидан чиқмасди. У ҳаттоки Коранинг ўша пайтдаги эрига қараб нималарни хаёлидан кечирганини ҳам унутмаганди. Ўшанда Бартон унга қўшнининг безори боласига ўйинчоғини олдириб қўйган болакайга ўхшаб кўринганди.
Ўшанда, беш йил олдин Жоннинг тушликда пайдо бўлиши ва ажрашиш ҳақидаги ҳужжатларнинг расмийлаштирилиши орасида икки ҳафта ўтганди. Бу икки ҳафта давомида Генри Бартон худди бурчакка қисилган жонивордек аллақачон ўзига тегишли бўлди деб ўйлаган миллионларни бурнининг остидан олиб қўйишаётганини ночорлик билан кузатиб турганди.
Жон Флисон беш йил илгариги воқеаларни жуда яхши эслади ва Коранинг янги эрига навбатни бўшатиши кераклигини англади. Ўтган беш йил ичида у Коранинг феъл-атворини яхши билиб олганди. Хотинининг ўзини тутишидан у бир ҳафтача вақти қолганини сезди. Агар унинг бошига ҳам Бартоннинг қисмати тушишини истамаса, зудлик билан нимадир қилиши шарт…
Бу қарор душанба куни эрталаб Флисон газета ўқиб ўтирган пайтда миясига келди. Тунда яқин атрофда жойлашган турмадан бир неча нафар хавфли жиноятчилар қочишганди. Уларнинг ҳаммаси ўта оғир равишда қотиллик содир қилишгани учун умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилганлар эди.
-Майлс,-чақирди Жон эшикбонни,-сиз турмадан қочган жиноятчилар ҳақида радиодан бирор нарса эшитдингизми?
-Ҳар соатда янгиликларда бериб туришибди, сер. Полиция уларни бизнинг ҳудудимизда яширинишган деб ҳисобламоқда.-Майлс қўрғонни ўраб турган қалин ўрмонга нигоҳ ташлади ва қўшиб қўйди:-Улар ҳозир ўрмонда бизни кузатиб турган бўлишлари мумкин. Ҳа, қўшнилар борасида омадимиз келмаган.
-Раҳмат, Майлс.-Жон унга кетиши мумкинлигини билдириб бош ирғади ва чуқур ўйга чўмди.
«Афтидан, тақдирнинг ўзи менга совға тайёрлади,-ўйлади Жон Флисон.-Турмадан қочган маҳбуслар, бундан зўрини ўйлаб топиш қийин! Қўлга тушмаслик учун ҳеч нарсадан тоймайдиган қотиллар! Айнан режам учун қулай».
Тушликдан сўнг Кора билан Вутен ҳовузда чўмилгани кетишди. Улар уйга қайтишганида Оскар Жоннинг ёнига келди ва кинояли илжайди:
-Ичасизми, Флисон?
Жон Флисон уни уриб юборишдан ўзини зўрға тўхтатиб қолди. Бу аблаҳ ўзини аллақачон бу ернинг хўжайинига айлангандек тутаётганди.
-Раҳмат, Вутен,-деди Жон.-Виски… Биласизми, Оскар,-деди у Вутеннинг илжайганча стаканларга виски қуйишини кузатиб тураркан,-Кора билан беш йиллик турмушимиз давомида шотланд вискисига ўрганиб қолдим. Илгари умуман виски ичмасдим, ҳозир эса кунига беш-олти стакан ичмасам ухлолмайман.
-Менимча, яқинда сизда уйқусизлик касали бошланади, Флисон,-ошкора унинг устидан кулди рақиби ва стакан узатди.
Жон эндигина жавобга оғиз жуфтлаганди, аммо унга Майлс халақит берди.
-Жаноб Флисон,-деди у Жонга,-сизни безовта қилмоқчи эмасдим, аммо бу жуда муҳим. Радиода айтишди, қочоқ жиноятчилар Уинслоу-Жанкшн яқинида бир кишини отиб ташлашибди. Ўлдирилган одам фермер экан. Улар фермага келиб пул ва озиқ-овқат талаб қилишган, у бечора эса қаршилик кўрсатишга уринган. Кечки газетада уларнинг суратлари чиқибди. Одам эмас, йиртқич дейсиз,-эшикбон унга газетани узатди ва деди:-Улар шу атрофда, сер. Ҳамма нарсага тайёр туриш керак.
-Барча эҳтиёт чораларини кўринг,-деди Жон Флисон.-Қоровулга қурол беринг. Огоҳлантириб қўйганингиз учун раҳмат.
Эшикбон чиқиб кетгач, Жон соатга қаради. Тўққиз ярим. Уинслоу-Жанкшн бу ердан етти мил нарида. Ўрмон орқали бу масофани икки-уч соатда босиб ўтиш мумкин. Демак, Кора ярим тунда ўлиши керак. Вутен бу пайтда уйига кетган, хизматкорлар эса донг қотиб ухлашаётган бўлади.
Кечки овқатни айвонда қилишди. Кора билан Вутен Флисонга эътибор ҳам бермай тинмай валақлашди. Беш йил олдинги худди шундай воқеа эсига тушган Жон кутилмаганда кулиб юборди.
Кора унга ажабланиб қаради ва сўради:
-Нимадан хурсандсан, Жон?
Флисон индамай елкасини қисди ва кулишдан тўхтади.
Овқатдан сўнг Майлс бренди келтирди. Кора ва Оскар Вутеннинг табассумлари Жоннинг бу даргоҳни тарк этиш вақти етиб келаётганини англатарди.
Соат ўн бирда Оскар Вутен ўрнидан турди ва хайрлашди.
-Кўришгунча, Кора,-деди у.-Ажойиб кун учун раҳмат… Хайрли тун, Флисон.
-Хайрли тун, Вутен,-жавоб қайтарди Жон. Сўнг унинг ортидан бориб эшикни ёпди.-Истаган пайтингизда келаверинг.
Бир неча дақиқадан кейин Оскар Вутеннинг машинаси кўздан ғойиб бўлди.
-Бугун ўзингни ғалати тутдинг, Жон,-деди Кора совуқ оҳангда.-Бугун ўзингнинг хонангда ётасан.
-Нимага?
-Наҳотки шуни ҳам тушунмасанг, Жон? Аҳмоқ эмассан-ку.
-Муносабатларимиз тугади демоқчимисан? Мени ҳайдамоқчимисан?
-Ҳа. Бу ҳақда эртага гаплашамиз.
Кора ўз хонаси эшигини ёпди. Жон Флисон бренди қуйди ва майдалаб ҳўплай бошлади. Эшикбон кирди.
-Хизмат йўқми, жаноб Флисон?
-Йўқ, кетишингиз мумкин, Майлс,-жилмайди Жон.-Хайрли тун.
-Хайрли тун, жаноб Флисон.
Эшикбон ва хизматкорлар қўрғондан уч юз метр наридаги уйда яшашарди. Уйда Флисон ва Корадан бошқа ҳеч ким қолмади.
Жон шошилмасдан яна бир қадаҳ брендини бўшатди ва ўн бир яримда хонасига кирди. Деворда осиғлиқ турган милтиқни олди ва ўқлади. Сўнг латта олиб чўнтагига солди.
Чироқни ўчиргач, Флисон дераза орқали айвонга чиқди. Осмонда юлдузлар чарақларди.
«Корани чақириш керак», ўйлади Жон. Хотинини чақиришдан олдин у бир четда ётган занглаган тиканли сим бўлагини қўлига олди. Симда бармоқ излари қолмаслиги учун Флисон қўлига латтани ўраб олди.
-Кора!-чақирди Жон Флисон. У хотини эшитиб турганини, аммо атай жавоб қайтармаётганини биларди.-Кора, тезроқ бу ёққа!-бақирди у ташвишли овоз билан.
-Қаэрдасан, Жон?-ниҳоят овоз берди хотини.
-Хонамдаман. Тезроқ кир.
Флисон айвонда кутиб турарди.
-Қаэрдасан, Жон?-яна сўради Кора айвонга чиқиб.-Нима бўлди? Ним…
Жон Флисон хотинининг ортидан келиб бўйнига тиканли симни ташлади ва бор кучи билан ўзига тортди. У тиканли сим хотинининг ёғдан иборат томоғига осонлик билан ботаётганини роҳатланиб ҳис қилди.
Коранинг қўллари юқорига кўтарилди. У симни бўйнидан олиб ташлашга уринди, аммо кучлар тенг эмасди. Жон ёшроқ ва кучли эди. У сиртмоқни янада қаттиқроқ тортди. Бир неча сониядан сўнг хотини типирчилаганча жон берди.
Жон милтиқни қўлига олди ва ўрмон томонга ўқ узди. Милтиқни бўшатгач, у телефон олдига борди ва шерифнинг рақамини терди.
-Шерифнинг идорасими?-қалтироқ овозда сўради Флисон.-Бу Жон Флисон… Ҳа, Коранинг эри. Фалокат юз берди. Хотиним ўлди. Уни турмадан қочган жиноятчилар бўғиб ўлдиришибди. Уларни тута олмадим. Уларга ўқ уздим, аммо қоронғида… нима? Ҳа, албатта, улар эканлигига ишончим комил. Ўқим бирортасига тегдими-тегмадими, билмайман. Келасизларми? Яхши. Кутаман. Фақат тезроқ келинглар.
Жон гўшакни аста жойига қўйди ва мамнун илжайди. Ҳаммаси режадагидай кетаётганди. У Коранинг ўлимини қочоқларга ағдаришига ишонарди. Унинг режаси пухта ишланган, ҳар бир майда-чуйдани эътиборга олганди.
-Жаноб Флисон! Радио…-Хонага Майлс югуриб кирди.-Жаноб Вутен…
-Майлс, нима гап?
-Радиода…-Эшикбон нафасини ростлади.-Улар… қочоқ жиноятчилар жаноб Вутенни… ўлдиришибди. Ўн бирдан қирқ беш дақиқа ўтганида. Уни бу ердан ўн мил наридан топишибди…
Жон Флисон айвонга қаради.
Кора юзтубан ҳолда ётарди. Жонга у худди илжаяётгандек туюлди.

Рус тилидан Дилшодбек Асқаров таржимаси.