Нў Кёнг Ши. Шамол эсар, қалбим тебранар (ҳикоя)

Шамол эсар, тебранар қалбим,
Кўзимга ёш келади, нечун.
Балки орзум кўплиги учун…
Бироқ дардим тушунмас ҳеч ким.
Ҳатто кун ҳам дардим билмайди.
Агарда у тун бўлиб қолса,
Юлдуз ва ой чарақлаб ёнса.
Ўша орзум – шуни билсайди…

Шеъримни ўқиб бўлгач, сингилларимга қарадим.
— Опа, жуда ҳам таъсирчан шеър, – Мён Ҳонинг бу гапини эшитган Уни ҳам опасининг гапини қайтарди:
— Ҳа, ростдан ажойиб шеър, сиз албатта келажакда шоира бўласиз, – деди улар бир овоздан.
Сингилларимнинг бундай илиқ мақтовларидан кўнглим тоғдай кўтарилиб, оғзим қулоғимга етгудек хурсанд бўлдим. Бироқ онамнинг кескин нигоҳидан сесканиб кетдим. Ўзини кулгудан тўхтатиб турган одамга ўхшармиди, ёинки энди заҳрини сочмоқчи бўлгандай қиёфада эди. Қўрқиб онамга дедим:
— Онажон, шеърим яхши чиқибдими? Эртага мен уни ҳаммага ўқиб бермоқчиман. Ўқитувчимиз ижодкор ўқувчиларнинг шеърларини тўплаб, тўплам қилишини айтди. Меники ҳам чиқади-я? Сизга шеърим ёқдими? Биламан, ўзингиз ёшлигингизда шоира бўлишни орзу қилгансиз. Ўша орзуингизни мен амалга ошираман. Фақатгина сиз эмас, балки бутун мамлакат фахрланадиган Нобель мукофоти оламан.
Cўзлаётиб, ҳаяжонданми, қўрқувданми овозим титраб кетди. Шу дамда онамнинг кўзлари совуқ ялтираётгандек туюлди менга.
— Нобель мукофотини олмоқчимисан? Лекин мен шоирларга бундай мукофот берилиши ҳақида эшитмаган эканман. Бунинг устига ҳали сен менинг ушалмаган орзуларимни рўёбга чиқармоқчимисан? – дея онам менга ажабланиб тикилиб турди-да, гапида давом этди. – Ажойиб фикр, аммо ёзган шеърларим орасидан бирортаси ҳам нашр қилишга лойиқ деб топилмаган. Бу каби хом хаёлларни йиғиштиргин-да, бориб, дарсингни тайёрла.
Онамнинг кутилмаган гапларидан жуда ўксиндим, бирор сўз айтолмадим, юзларим қизарди, юрагим уриши тезлашди. Иккала синглим борлиги учун ғазабимни жиловладим. Хонамга югуриб бориб бақиргим келди. Илиқ тилаклар тилаган сингилларим олдида онам билан уришгим келмади. Босиқлик билан ўзимни оқламоқчи бўлдим.
— Нега ўз қизингизга ишонмайсиз? Шоира бўлолмаганингиз учун мени ҳам эплай олмайди, деб ўйлаяпсизми? Онажон, мен сизни тушунаман, менга оқ йўл тиланг, токи машҳур шоира бўлай. “Яхши асар ёзмоқчи бўлсанг, кўнглингдаги барча гапларни рўй-рост ёз, ижодинг – қалбинг кўзгусидир. Кўнгли қора кишининг ёзганлари ҳам қора бўлади”, дейди ўқитувчимиз.
Менинг гапим тугар-тугамас сингилларим қарсак чалиб юборишди.
— Мен ҳали бошланғич мактаб ўқувчиси бўлсам-да, жуда кўп нарсани биламан. Ишонч билан айтаманки, албатта шоира бўламан, – дедим қатъий.
Сингилларимнинг олқишидан онам ҳеч нарса дея олмади, сўнг бошини қуйи солганча деди:
— Ҳи Жин, бу гал сен ҳақсан. Аммо бир шартим бор. Мабодо тўрт кун ичида шеъринг энг яхши, деб эътироф этилмаса, ҳовлини ўзинг тозалайсан.
Мен онамнинг бу гапларига пиқ этиб кулиб юбордим. Бунчалик ҳам қаттиққўл бўлманг, мана кўрасиз, ўқитувчимиз мени қўллаб-қувватлайди, дея хаёлимдан ўтказдим.
Мен ва онам мультфилмдаги Чанг У ва унинг онасига ўхшаймиз. Фақат мульфилмдаги Чанг У онасига қарши чиқади, бизнинг уйда эса онам менга қарши чиқмоқда. Биламан, қачондир онам мени тушунади, вақти-соати келиб агар қизим бўлса, уни бор меҳрим билан улғайтираман. Менинг бундай буюк қароримдан бехабар онам ошхонага ўтиб, баланд овозда гапирди:
— Мен ичимга сиғмас даржада бахтлиман, негаки, сен каби Нобель мукофотини олишга ҳаракат қилаётган қизим бор. Шоира бўла олмаган онангни ниятларини рўёбга чиқар.
Орадан уч кун ўтди. Пайшанба эди. Устозимиз ўзи танлаб олган шеърларнинг муаллифларини эълон қилди.
— Ким Ин Жу, Но Ён Кёнг, Пак Сок Донг, Мин Кёнг Тэ, Ким Мёнг Ук…
Уларнинг орасида мен йўқ эдим! Онамни ҳайратлантирадиган ишлар қилолмаслигимни ўйлаб, кўз олдим қоронғулашиб кетди. Бор жасоратимни йиғдим-да, журъат билан қўлимни кўтардим.
— Устоз, саволим бор эди.
— Хўш, эшитаман, – яшил кўйлак кийиб олган ўқитувчимиз кўзойнагининг остидан менга қаради.
— Устоз, нега менинг шеъримни танлаб олмадингиз?
Шу пайт синфдошларим “Вой, бунча қатъиятни қаердан олди?”, “Ҳи Жин жасоратли қиз чиқиб қолдими?”, дея кулишди. Шунча гапдан сўнг қизариб кетган бўлсам-да, жойимдан қимирламай, ўқитувчининг жавобини кутдим.
— Сенинг шеърингми? Шошмай тур, у нима ҳақида эди? – дея устоз дафтарга диққат билан тикилди.
— Устоз, майлими, – дея қўлимни силкитиб, боягидан ҳам баландроқ овозда гапирдим. – Устоз, шеъримни ўқиб бера қолай…
Бу сафар болалар бир овоздан “Гуруҳимиздан даҳо чиқибди”, дея баралла бақиришди. Ва “Агар Ҳи Жиннинг шеърини чиқариб бермасангиз, у йиғлайди”, дея қўшиб қўйишди. Мен бу гапларига жавобан уларга жаҳл билан қараб қўйдим.
— Ҳи Жин, шеърингни айтиб берасанми? – деди ўқитувчимиз.
— Ҳа! – дея қатъиятли жавоб бердим.
Сўнгра ёзганларимни ўқишга шайланиб, жўрттага йўталиб қўйдим. Болаларнинг ҳаммаси нафасларини ичга ютиб, менга тикилиб туришарди.
Шеърини айта олармикан, йўқми, дея қараб турган болалар…
Нима ҳақда ўқиб берар экан, дея ўйларга кўмилиб турган болалар…
Бор кучимни йиғиб, кўзимни юмдим. Кўзларимни юмганим гўё менга куч бағишлагандек бўлди.

Шамол эсар, тебранар қалбим,
Кўзимга ёш келади, нечун.
Балки орзум кўплиги учун…

Мен шеъримни айтиб бўлганимдан сўнг кулгу овози анчагача тинмади.
— Бу шеърми ёки қўшиқми?
— Орзулари бисёр қиз нега йиғлайди? Ойинг кийим олиб бермадими?
— Бу шеърни кечаси билан ухламай ёзибди, шекилли.
Болаларнинг гапларидан ўксиниб, кўзларим намланди. Аммо бироздан сўнг, қалбимдаги қувонч қирғоқларидан тошиб, кўзларимдан ростакамига севинч ёшлари чиқиб кетди. Устозим мен каби қалби қайноқ қизнинг шеърлари албатта ўз мухлисларини топади, деди. Менинг шеъримни ҳам танланганлар орасига қўшиб қўйди.
 Бахтлилигимнинг яна бир сабаби бор. Уйга боргач, ҳовлини ҳам тозалайман, яна онамга ўқитувчимизнинг гапларини айтганимдан сўнг хурсанд бўлади. Мен жуда бахтиёрман. Онам мендек қизи борлигидан фахланса арзийди.

Корейс тилидан Малоҳат Ғаффорова таржимаси
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 36-сон