Маҳмад Латиф. Омадсиз одам (ҳикоя)

Тўғрисини айтадиган бўлсам, омадсизлик мени ҳар ерда таъқиб этади. Нега шундай эканлигини ўзим ҳам билмайман. Дунёга балки омадсиз юлдузлар остида келгандирман. Хуллас, ҳаётим давомида у менинг доимий ҳамроҳим бўлиб келди.
Эсимда, Францияга ишлашга борганимда бир одам билан танишган эдим. Унинг сўзларига қараганда, у ҳам мен каби омадсиз экан. Омади юришмай бир неча бор қамоқда ўтириб чиққанмиш. Бир куни кечаси ҳамтовоқлари билан билмасдан полиция бошлиғининг уйига ўғриликка тушишибди ва, шу-шу, боши омадсизликдан чиқмасмиш. Қўлида италянчасига: «Pas de chance», яъни «омадсизман», деган ёзув ҳам бор. Мушакларини қимирлатганда бу ёзув янада яққол кўринарди, гўё уни ўзи ёздирган эмас, илоҳий бир куч тамға босгандек.
Ўйлаб қарасам, мен ҳам шундай «шиор»ни ёзиб олишим керак, шекилли. Чунки ҳамма деярли мен қилган ишни қилади, аммо негадир уларнинг иши юришади, меники эса йўқ. Демак, кимдир мени ёмон кўради ва менга доимо ёмонлик тилайди. Нега шундай бўлади?
Ҳаммаси уйланганимдан кейин — қайинотамдан қарз олиб, ишчилар маҳалласида пойафзал ямайдиган кичкинагина устахона очганимдан бошланди. Ўшанда мен иқтисодий жиҳатдан мустақил бўлмоқчи эдим.
Биламизки, хизматчилар ўз иш берувчиларига яхши кўриниш учун доимо оёқ кийимларини дуруст ҳолатда сақлашга ҳаракат қиладилар. Шунинг учун, тахминларимга кўра, бу ерда ишим аъло даражада кетиши керак эди ва шундай бўлди ҳам. Ўша маҳалланинг ўзида мендан бошқа бир ямоқчи ҳам бор эди. Ёши анчага бориб қолганига қарамай, отахон яхши ишларди. Орада рақобат бошланди. Ғалаба қозониш мақсадида мен чора-тадбирлар кўрдим. Энг асосийси, хизмат ҳаққини камайтирдим, ишлаш суръатим эса қарияникидан анча юқори эди. Натижа ўзини узоқ куттириб қўймади, чолнинг деярли барча мижозлари мен томонга оғишди. Иш шу тариқа давом этар, тирикчилигим кундан кунга ўсиб борарди. Бу орада биринчи фарзандим ҳам туғилди. Мен бахтли эдим.
Фойдани бироз ошириш мақсадида оёқ кийимларни таъмирлашда чарм эмас, унинг ўрнини бемалол босадиган синтетик чарм ишлата бошладим. Бу ҳам арзон, ҳам анча сифатли эди. Нам тортмаса, йиртилмаса, яна нима керак? Агар, бир куни кутилмаганда қаттиқ ёмғир ёғиб, ҳаммасини дабдала қилмаганда, ҳеч ким бу сиримни билмасди. Мижозларимдан бирининг оёқ кийими товонидан узилиб, мен тиккан синтетика кўриниб қолибди. Билмайман, нега, у бу ҳақда дарҳол қўшнисига айтибди. Қўшни нариги қўшнисига ва … шу йўсин бутун маҳаллага… Олдимга келиб роса жанжал қилишди. Нега бизни алдайсанмиш. Ахир, ҳамма ҳам шундай қиляпти-ку!
Охир-оқибат, бу ҳунаримдан воз кечиб, дўконимни сотиб кетишга мажбур бўлдим. Омад мендан юз ўгирганини сездим-да…
Йигит кишига минг ҳунар ҳам оз деганларидек, Францияда ўрганиб келган яна бир ҳунарим бор эди, яъни темирчилик. Бўш келмай, бу гал шу ишга киришдим. Эски уйларнинг томларини, тешилиб қолган қувурларни, иситадиган печкаларни бемалол тузата олардим. Эски-туски темир-терсакларни сотиб олиб, шаҳримизнинг энг четки маҳалласида устахона очдим. Маҳалла денгиз бўйида жойлашганлигидан томлари ва қувурлари тез-тез ишдан чиқишини билардим, шу сабабли иш топиш мен учун мутлақо муаммо бўлмаслиги турган гап эди.
Режалаштирганимдек, ҳаммаси тез орада изга тушиб кетди. Ҳатто баъзан дам олишга ҳам вақт тополмасдим. Эртаю кеч уйимга телефон қўнғироқлари бўларди. Мижозларим туну кун мени қидиришарди. Бирининг ваннасида, бирининг томида, яна кимнингдир ошхонасида бир ишкаллик чиқарди. Ҳамма мени чақирарди.
Шу орада иккинчи фарзандим ҳам дунёга келди. Ишларим янада ривожланиб кетди. Аммо, афсуски, кутилмаганда рақиб пайдо бўлди. У ёш, чаққон, эпчил ва шу билан бирга, ишни пухта қиларди. Тез орада мижозларимдан айрила бошладим. Бунга қарши нимадир қилмасам, улардан бутунлай ажралиб қолишимни сездим. Шунинг учун ўзимча кичкинагина бир «тадбир»ни режалаштирдим. Кимнингдир уйида қувуриними, томиними тузатаётганимда ёнгинасидаги бошқа бир жиҳозига озроқ шикаст етказиб қўяман. Қарабсизки, ишим беш. Ҳеч қанча вақт ўтар-ўтмас яна ўша мижозларнинг ўзи мени қидириб қолишади. Шу тариқа, бир ўқ билан икки қуённи ура бошладим. Аммо бахтли кунларим узоққа чўзилмади. Мижозлардан бирининг уйида газ қувури портлаб, уйи ёниб кул бўлди. Суриштирувлар натижасида қилмишим ошкор бўлиб қолди. Ўшанда қамалиб кетишимга сал қолганди.
Гувоҳи бўлганингиздек, яна омадим чопмади. Маҳалладан шармандаларча ҳайдалдим. Гўё ўғрилар каби кеч тунда оилам билан уйимизни ташлаб, шаҳарнинг бошқа қисмига кўчиб ўтдик. Ҳеч нарсани сотиб кетишга улгурмаганимиз туфайли пулимиз ҳам оз эди. Шу туфайли шаҳарнинг энг камбағал қисмига кўчишга мажбур эдик. Тақдир мени ва оиламни аёвсиз синарди. Эҳ, озгина омадлироқ бўлганимдами, балки ҳаммаси бошқача бўлармиди?
Аммо мен тақдирга тан бермадим. Қўлимдан келган-келмаганни ишга солдим. Бўзчилик қилмоқчи бўлдим. Тўғриси, бу касб менга бутунлай ёт эди. Қайнотам буни жуда яхши биларди. У умри бўйи шу иш билан шуғулланар эди-да. У «Бўзчилик қилиб ёмон бўлмади-ку, мен ҳам кам бўлмайман», деган фикр мени умидлантирарди. Эр-хотин туну кун ишладик. Аёлимни кўриб юракларим эзилиб кетарди, икки боласи билан ишлаб, қандай қийналиб кетганини кўрсангиз эди.
Аввалига ишимиз яхши кетмади, чунки бу ердагиларнинг ҳатто бўз сотиб олишга ҳам пуллари йўқ эди. Аммо камбағалларнинг матога бўлган эҳтиёжи вазиятни бутунлай ўзгартириб юборди. Бир сўз билан айтганда, ишларим яна аввалгидай гуллай бошлади. Дўкон очдик, бошқа қимматбаҳо матоларни ҳам олиб келиб, сотадиган бўлдик.
Шунда ақлимга бир янги фикр келди. Бўз жуда кўп миқдорда сотилаётганлиги учун ўлчовда озгина уриб қолсам, ҳеч ким билмайди, даромадим ҳам ошади, деб ўйлагандим. Йўқ, бўлмади. Қўшнимизнинг боласи билиб қолди. Эҳ, Худо нега бошқалар айни шундай қилишади-ю, менга келганда омад юз ўгиради?
Аввалига бу санғи-дайди бола ўлчовдан уриб қолаётганим тўғрисида ҳеч кимга оғиз очмади. Ҳайрон бўлдим. Кейинроқ олдимга келиб: сурбетларча «Менга пул керак», деса бўладими. Ниятини тушуниб, таъмиргирни ҳайдаб юбордим.
У бўлса ўша куниёқ бутун маҳаллага гуллаб қўйибди. Тез орада, тушунган бўлсангиз керак, яна бир маҳалладан «бадарға» қилиндик.
Бу гал ғурурим поймол қилинган эди. Тақдиримдан рози эмасдим. Тузукроқ егулик олишга ҳам пулимиз қолмаганди. Худога шукур, ота-онам ўлиб кетган бўлса ҳам, қайнота-қайнонам бор. Хотиним билан бола-чақамни уларникига ташлаб, охирги пулларим билан тўғри фолчига йўл олдим. Зора, у менга ёрдам бера олса, чунки дўстларимнинг айтишича, улар анча-мунча менга ўхшаган омадсизларнинг йўлини очиб берган эмиш. Нега бу фикр менга эртароқ келмаган экан, деб роса ўзимдан жаҳлим чиқди.
Фолчининг уйида одам кўп. Ҳамма ўз дарди билан унинг олдига келган. Яхшиям уларга ўхшаган одамлар бор. Дардингга дармон бўлади.
— Қўлларингни бер, — деди фолчи. — Кўриниб турибдики, кўплар сенга ёмонлик тилайди. Қўрқма, фақат Тангрига ишон, унинг йўлидан юргувчилардан бўл.
— Ҳа, ўзим ҳам шундай деб ўйлагандим, ҳамма қўшниларим ҳасадчи. Энди ўзимни асрашим керак экан-да…
— Ўғлим, шошилма, эшит, — деди фолчи. — Ўзингни асрашингдан фойда йўқ. Сен, энг яхшиси, виждонингни, инсофингни асра.
Бунинг иложи бўлармикан?

Турк тилидан Мансур Абдусатторов таржимаси.