Дэвид Лоуренс. Ўғиллар (ҳикоя)

Шанба оқшоми эди, Паул Кестондан уйига қайтаётиб, муюлишга бурилиши биланоқ Сезли Бриж Станциясидан биргаликда келишаётган отаси билан онасига кўзи тушди. Улар тамомила ҳолдан тойганча қоронғуда базўр, жимгина судралиб қадам босишарди. Бола бироз кутиб турди.
“Ойи!”- деб чақирди у ниҳоят.
Морел хонимнинг қумурсқадай қомати қилт ҳам этмагандай бўлиб кўринди. Паул тағин чақирди.
“Паул!”- дея зўрға овоз берди онаси.
У индамайгина ўғлига ўпиши учун юзини тутди, афтидан онаси Паулнинг келишидан бехабардек эди.
Уй ичида онаси ҳар доимгидай бир хил суратда юрарди – ўшандай кичик жусса, рангпар, бесўз. У ҳеч нарсани пайқамас, ҳеч нима демасди, фақатгина аҳён-аҳёнда:
“Тобут шу кеча бу ерга олиб келинади, Уолтер. У ёқ-бу ёққа қараб қўйсанг бўларди”, – деб қўярди. Сўнгра болаларга ўгирилиб:
“Биз уни уйга олиб келаяпмиз”, – дея хабардор этган бўларди.
Шундан кейин у яна ўзининг аввалги суратига кирар, қўлларини тиззалари устида қовуштирганча қоронғу бўшлиққа унсиз тикилиб қоларди. Онасининг бундай ўтиришига кўзи тушиши билан Паулнинг юраги портлагудай бўлиб сиқилиб кетарди. Бутун уй қабристондай жим-жит эди.
“Мен ишга бордим, ойи”, – деди Паул ғамга ботиб.
“Ҳа-а, бордингми?”- деб қўя қолди онаси маъюс, паришонхотир алфозда.
Орадан бир ярим соатча вақт ўтгач, жаноб Морел маҳзун ҳолатда гангиганча яна уйга кириб келди.
“Уни қаерга қўямиз?”- дея хотинидан секин сўради у.
“Олд тарафдаги хонага”.
“Ундай бўлса, столни ҳозирлай қолай?”
“Ҳа, албатта”.
“Столни бирлаштириб қўя қолсаммикан-а?”
“Ўзинг биласан – ҳа, майли, менимча ҳам шундай бўлгани маъқул”. Паул отаси билан бирга қўлларида шам тутганича меҳмонхонага қараб йўл олишди. Меҳмонхонада газ йўқ эди. Жаноб Морел қизғиш-жигарранг тусдаги каттагина духовка столини бўшатди, кейин хонанинг ўртасини тозалади; шундан сўнг олти дона стулни бир-бирига тумшуғини текизиб жипслаштириб чиқди, ана шундай қилинса, тузуккина каравот ҳосил бўлар ва тобутни бу каравот устига бемалол жойласа бўларди.
“Унинг бўйидай новча бўйни умрингда учратмаган бўлсанг керак”, – деб минғирлаб қўйди конда хизмат қилувчи жаноб Морел. Тинимсиз югур-югурлардан унинг тинка-мадори қуриб, гавдаси шалвираб қолганди.
Паул дераза олдига бориб, ташқарига кўз ташлади. Қуюқ қоронғулик қўйнида қаршисидаги қари шумтол дарахти ҳайбат билан янада қорайиб турарди.
Ойсиз хира тун кечарди. Паул онасининг олдига қайтиб кетди.
Соат ўнга бонг урганида жаноб Морелнинг саросимали овози янгради:
“Олиб келишди!”
Ҳамма бир зумда ишга тушиб кетди. Олди эшикнинг қулфи бузилиб, эшик очилиши билан ваҳимали тун шарпаси ҳам тўппа-тўғри хона ичига бостириб кирди.
“Яна шам олиб келинг!” – деб бақирди жаноб Морел.
Анна билан Артур шамга кетишди. Паул эса онасига эргашди. Ичкарида коридор бўйлаб кетишаркан, у онасининг белидан қучоқлаб олди. Пастда бўлса, хонанинг ўртасида бир-бирига рўбарў қилиб қўйилган олти дона стул тобутга муштоқ турарди. Артур дераза ёнидаги ипак пардани қайриганча битта шамни тутиб турар, очиқ эшик оғзида эса тун қоронғулигини озғин гавдаси билан тўсганча Анна олдинга хиёл эгилиброқ турарди, унинг сариқ жездан ясалган шамдони пориллаб ёнарди. Шу пайт ғилдиракларнинг шовқини эшитилди. Ташқарида, зимистон кўча бағрида Паул отлар билан қандайдир қора аравани, биргина чироқ кўтарган икки-учта оқариб кетган юзларни кўрди: бирдан яна уч-тўртта кончилар кўзга ташланди, улар худди зулматга қарши курашмоқчи бўлгандай енгларини калта қилиб шимариб олишганди. Кўп ўтмай улкан тобутни эгилиб-букилганча кўтариб олган иккита эркак гавдаси кўринди. Бу жаноб Морел билан унинг ҳамсояси эди.
“Маҳкам тутинг!”- деб бақирарди жаноб Морел нафаси оғзига тиқилиб.
У билан бирга қўшниси боғнинг тик тушган зиналари узра аранг кўтарилишаркан, хира шам ёғдусида базўр кўзга чалинаётган улкан тобутни ҳам эҳтиёт қилиб тепага олиб чиқишмоқда эди. Қолган эркаклар уларнинг орқасида куймаланиб қолишди. Морел ва қўшниси Бурнс эса ҳаммадан олдинда тобут остида гандираклаганча кетишар, баҳайбат қора тобут ҳам сув юзидаги катта кема мисол чайқалиб борарди.
“Маҳкамроқ, маҳкамроқ!”- дея тинмасдан бақириб кетарди жаноб Морел, кекса отанинг навқирон ўғлининг жонсиз жасадига жону жаҳони оғриб кетарди.
Хона ичидаги олти дона стулдан ясатилган “каравот” узра баҳайбат тобут азот кўтарилди. Бўсағада икки-уч кишининг қадами қолди. Пастда зим-зиё йўлак узра араванинг сариқ лампасигина ярқираб кўриниб турарди.
“Қани энди!”- дея буюрди жаноб Морел.
Тобут бир чайқалди-да, сўнгра эркаклар уни бор кучлари билан ўз жойига ўрнатиб қўйишди. Аннанинг шами ўчай-ўчай деб қолганди, қизнинг ўзи эса биринчи эркак кўриниши билан зорланиб йиғлашни бошлаб юборганди. Олти нафар кончи эркаклар бошларини эгганча хона ичига бирма-бир кириб келишаркан, гўёки тобутни, узоқларда қолдирмай бус-бутун олиб келиш билан марҳумнинг яқинлари ғамини андак бўлса-да енгиллатдик, дегандай мамнун боқишарди.
“О, болажоним-а, ўғилгинам!”- Морел хонимнинг маъюс овози маҳзун қўшиқдай жаранглаб кетди, ҳар гал эркаклар тобут олдига боришлари билан аёл яна-да баландроқ дод солар эди:
“О, ўғилгинам, менинг ўғилгинам, менинг болажоним!”
“Ойижон!”- деб ҳиқилларди Паул онасининг белидан қучоқлаганча, “Ойи!”
Аммо ойиси уни эшитмасди.
“О, болажоним-а, менинг ўғилгинам-а!”- дея тинмай фарёд соларди аёл.
Паулнинг назари отасининг қалин қошлари учидан оқиб тушаётган тер томчиларига тушди. Олти нафар кончи эркаклар ҳамон хонада эдилар – олти нафар пальтосиз, совуқда увушган эркаклар оёқ-қўллари бир-бирига тегмай, ғурбатга тўла хона ичида жиҳозларни тарақ-туруқ қилганча ҳалиям тобутни маҳкамроқ қилиб жойлаш учун жон-жаҳдлари билан ишлардилар. Улкан тобут ниҳоят охирги марта бир қалқигач, бояги стуллар устида муқим қарор топди. Жаноб Морелнинг юзидан оққан тер томчилари унинг соқолини ҳам ялаб тушарди.
“Паҳлавондай йигит бўлган экан!”- дея хитоб қилди бир эркак, қолган беш нафар кончи ҳам оғир уҳ тортиб, унинг гапини тасдиқлаб қўйишди, сўнгра зиналар бўйлаб тағин пастга тушиб кетишди, боғ эшиги улар кетиши билан яна ёпилди.
Бутун оила меҳмонхона ичида, қора тобут атрофида ёлғиз қолишди.
Тобут қўйнида мангу оромга кетган Уильям дарҳақиқат норғул йигит бўлганди. Оч-жигарранг тусдаги, пухта-пишиқ қилиб ишланган мана бу совуқ қути ичида у энди улкан ҳайкал мисол қотиб ётарди. Паул ҳеч қачон акам бу муз қути ичидан чиқиб, шу хона ичида энди биз билан қўшилиб шодон ўтирмайди, дея ич-ичидан эзиларди. Шўрлик онаси эса сайқалланган бу тўртбурчак ёғоч атрофини титраган бармоқлари билан тинмай силаб-сийпаларди.
Мореллар ўғлини душанба куни, катта ибодатхона билан уйлар тарафга далалар оша қараб турган тепалик устидаги кичкинагина қабристонга дафн қилишди. Чарақлаб турган қуёш ҳам, гул-гул яшнаб очилган оппоқ хирозантемалар ҳам азадор оила руҳига жиндек бўлсаям илиқлик олиб киролмасди.
Ўғлининг вафотидан сўнг Морел хонимнинг яшашга ва ҳаёт завқини суришга зиғирдак ҳам ишончи қолмаганди. У ўша маҳзун суратда, ўша-ўша бесўзлигича қолди. Уйга қайтаётиб, бутун йўл бўйи у поезд ичида ўзига-ўзи фақат шу сўзларнигина пичирлаб, куюниб келди: “О, Худойим-ей, ўғлимнинг эмас, менинг жонимни олсанг бўлмасмиди!”
Паул кечалари уйга келганида онасини кундалик юмушларини битириб бўлганидан кейин қўлларини тиззасидаги дағал фартуги устида қовуштирганча ғамгузор бўлиб ўтирган ҳолатини кўрарди. Онаси авваллари ҳамиша ишларини қилиб бўлгач, кийимларини алмаштириб олар, одатда у қора фартук тутиб оларди. Энди Паулнинг кечки овқатини ҳам Анна ҳозирлаб берар, онаси бўлса унинг рўпарасида лабларини маҳкам қимтиганча қандайдир бўшлиққа маъносиз термулиб ўтираверарди. Шундай пайтларда Паул биронта янгилик айтиб онасини чалғитишга ўзича уриниб кўрарди.
“Ойи, Мисс Жордан бугун негадир ипакдай майинлашиб қолибди, у шахта бўйича чизган эскизимга юқори баҳо берди”.
Бироқ Морел хонимга бу ҳам таъсир қилмасди. Ҳар оқшом онасининг қулоғига кирмаса-да Паул ўзини-ўзи мажбурлаб хилма-хил янгиликлар ўйлаб топарди. Оқибат онасининг бундай ўтиравериши Паулни ақлдан оздиргудай ҳолатга олиб келди.
Охири у:
“Ойи, сизга нима бўляпти ўзи?” – дея жон аччиғида сўради.
Онаси қилт этмади.
“Мен сиздан сўраяпман, ойи, нима гап?”- дея қайсарлик билан яна такрорларди Паул. “Гапирсангиз-чи ахир, сизга нима бўляпти ўзи?!”
“Нима бўлганини ўзинг яхши биласан-ку”, – жиззакилик билан унга ўгирилиб қаради онаси.
Ўн олти ёшли ўспирин – Паул руҳи эзилиб, ёстиққа бошини қўйди. Орадан октябрь ўтди, ноябрь, декабрь ҳам ўтди, лекин Паул оғир тушкунликдан чиқиб кетолмади, у ҳаётдан буткул узилган руҳда атрофига сўник назар ташларди. Морел хоним эса минг уриниб кўрсаям ҳеч ўзини қўлга ололмасди. Унинг бутун фикру ёди ўлиб кетган ўғлида қолганди; ҳолбуки ёнидаги тирик ўғли-да ўз-ўзини шафқатсизларча ўлишга маҳкум этиб бўлганди.
Алалоқибат, йигирма учинчи декабрь куни киссасида Рождество байрами учун олган беш шиллинги билан Паул уйга ҳушсиз ҳолда кириб келди. Уни бу алфозда кўрган онасининг бирдан рангу қути ўчиб кетди.
“Сенга нима бўлди?”- дея сўради у даҳшатга тушиб.
“Ёмон бўлиб кетаяпман, ойи!”- дея пичирлади Паул. “Жаноб Жордан менга Рождествога деб беш шиллинг инъом этди!”
Паул онасига титраётган қўллари билан пулни узатди. Морел хоним пулни стол устига қўйди.
“Сиз хурсанд эмассиз!”- дея ўкинди Паул онасига боқиб, танасининг қалтираши эса баттар кучайиб кетди.
“Қаеринг оғрияпти?”- ўғлининг пальтоси тугмаларини ечаркан, ваҳима билан сўради Морел хоним.
Бу эски, одатий савол эди.
“Негадир ёмон бўлиб кетаяпман, ойи!”
Онаси Паулни ечинтириб, каравотига ётқизди. Доктор унга, қаттиқ зотилжам бўлиб қолган, деб ташхис қўйди.
“Агар уни Ноттингхемга юбормай, уйда олиб ўтирганимда шу аҳволга тушиб қолмасмиди?!”- Морел хонимнинг тилига биринчи бўлиб шу савол келди.
“Ҳа, харҳолда бу қадар ёмон даражага келиб қолмасди”, – дея тасдиқлаб қўйди доктор ҳам. Ана шундан кейин Морел хоним ўзини ўзи айблай кетди.
“Фақат ўлигига эмас, тиригига ҳам жон койитишим керак экан”, – дея ўкинарди она.
Паулнинг аҳволи оғирлашди. Онаси кечалари у билан бирга ётарди, негаки улар ҳамшира ёллай олишолмасди. Паул борган сари оғирлашиб борар, оиланинг иқтисодий ҳолати ҳам танг шароитга келиб қолганди. Бир кечаси у тамоман қуввати кетиб, эс-ҳушини йўқотди; гўёки танасидаги жамики ҳужайраларининг бари қуригандай беҳузур бўлаверди, ақлу идроки сўнгги ҳаракат учқунларини сочиб, худди девонадай алжирай бошлади:
“Мен ўляпман, ойи!”- дея қичқирарди Паул, нафас олиш учун ёстиғидан базўр бошини кўтараркан. Онаси Паулни даст кўтариб олди-да, заиф овозда ҳиқиллади:
“О, ўғилгинам-ей, унақа дема, ўғлим!”
Онасининг фарёди Паулга куч бергандай бўлди. У ниҳоят, она тафтини англай бошлади. Паулнинг бутун руҳи қайта тикланди-ю, тағин қуриб қолган вужудини бошқатдан қамраб олди. Паул онасининг кўксига бошини қўйди-ю, она меҳри туфайли ҳаёт нафасини ҳис қилгандай бўлди.
“Бир томондан -”, – дея кейинчалик гапириб берди Паулнинг холаси, “Ўша Рождество арафасида Паулнинг оғриб қолиши хосиятли келди. Мен аниқ ишондимки, Паулнинг ётиб қолиши онасини оёққа турғазди”.
Қарийб етти ҳафта мобайнида Паул тўшакдан турмади. У бошини кўтарганида тамоман кучсиз ва рангпар ҳолда эди. Отаси ўғли учун бир даста қип-қизил лола сотиб олди. Паул онаси билан диванда гаплашиб ўтирган дақиқаларда дераза олдига қўйилган лолалар март қуёши нурида ял-ял товланиб турарди. Икки жону жигар бир-бирларининг бағрига сингиб кетишганди. Паулнинг соғайиб кетиши Морел хонимнинг ҳам қуриган ҳаёт илдизларига қайта жон ато этди.
Уильям эса аллақачон фаришта бўлиб учиб кетганди. Рождество байрами куни Морел хоним синглисидан кичкинагина совға билан бир мактуб олди. Синглиси байрам кечаси тўғрисида ҳаяжонга тўлиб ёзиб юборганди.
“Байрам оқшомида балда иштирок этдим. Бир гала ҳушчақчақ одамлар тўпланган экан, уларга қўшилиб, роса маза қилибман”, – дея ёзиб юборганди синглиси. “Ҳамма рақсга ўйнайверибман – биронтасидаям жойимда тек ўтирмабман”.
Морел хоним синглисидан ҳеч бундай гапларни эшитмаган эди.
Ўғиллари Уильямнинг вафотидан кейин жаноб Морел ва хотини бир-бирларига суяниб қолишди. Жаноб Морел хона ичида паришонхотир ҳолда айланиб юрар, гоҳида бир нуқтага тикилганча туриб қоларди. Кейин эса тўсатдан ўзига келарди-да, Сри Спотс томон шошилганча жўнаб қолар, бироздан сўнг анча ўзига келиб уйга қайтиб келарди. Лекин жаноб Морел бир умр ўғли ишлаган офис олдидан – Шипстон ёнидан бирор марта ҳам ўтмади ва умр бўйи қабристонлардан қочиб юрди.

Инглиз тилидан Қандилат Юсупова таржимаси