Аркадий Инин. Мен уни қутқариб қолдим (ҳажвия)

Мен зинапояда туртиниб кетган пайтимда миямга ақлли фикр келиб қолди. Мен уни албатта қутқаришим лозим. Бўлмаса, дўcтларим мени кечиришмайди. Пётр Петрович — бизнинг илмий раҳбаримиз, Филипп — аспирант, Стульц — беш дақиқаси кам фан номзоди…
Мен зиналар бўйлаб юмалаб борардим. Ўнг томонимда тутқичлар бор эди. Аммо уларга яқин бормадим. Чунки «У» ҳам ўнг томонимда. Шунинг учун тезликни тобора ошириб борган ҳолда ўзимни чап томонга отдим. Чапимда ахлат тушиб кетадиган труба бор экан. Мен тўппа-тўғри бориб ўшанга урилдим. Қовурғаларим қисирлаб кетди. Қоронғулашиб бораётган кўзларим олдида эса содиқ дўстларим намоён бўлишди. Илмий раҳбаримиз Петрович, беш дақиқаси кам фан номзоди Стульц ҳамда аспирант Филипп…
Мен қўлларимни мушт қилдим-да, яна чап томонга қараб уча кетдим. Чап қўлим ва чап оёғим қисирлаб кетди. Мен охирги кучимни йиғиб катта тезликда майдончага қўндим. Албатта, анчагина пишиб қолган бошим билан…
Бошим қисирлади. Тобора юмилиб бораётган кўзларим ўнгида тағин ўша дўстларим гавдаланишди. Улар ваҳима аралаш устимда бош эгиб ўтиришаркан, сония сайин совиб бораётган қўлларим остидаги бир шиша «Смирнов» ароғини авайлаб тортиб олишди. Ахир, мен худди ўшани қутқариб қолгандим-да.

Рус тилидан Олимжон Ҳайит таржимаси