Алавийя Бобоева. Ватан сеҳри (ҳикоя)

Мен у билан Болтиқ бўйи шаҳарларидан бири — Таллинда танишгандим.
Кечқурун меҳмонхонада дам олиб ўтириб, кўзим телефон китобчасига тушиб қолди. Мен уни қўлимга олдим-да, варақлай бошладим. Китобнинг биринчи саҳифасининг илк сатри “Аббосов И.А.” фамилияси билан бошланарди.
Кўнглим орзиқиб кетди-да, беихтиёр номер тера бошладим.
— Менга “Аббосов И.А.” керак эди.
— Мен сизни эшитаман.
— Мен Бокуданман.
— Бокудан?
— Ҳа, Бокуданман.
Суҳбат рус тилида кетаётганди.
— Гап шундаки, мен сизни танимаганимдек, сиз ҳам мени танимайсиз. Меҳмонхонадаги телефон китобчасини шунчаки варақлай туриб, фамилиянгизга кўзим тушиб қолди. Шундан кейин, бу ерда ҳам менинг ҳамюртларим бор экан, деб қизиқсиниб қолдим.
Трубкадан кулги овози эшитилди.
— Озарбайжонликлар жуда шўх бўлишади, — у бир оз жим турди-да, сўнгра кулганича гапида давом этди: — Шўхлик ёмон маънода эмас, албатта. Ҳар нарсани ўрганмоқ, ҳар нарсани билмоқ орзуси инсоннинг энг яхши хусусиятларидан бири.
— Яхши хусусият деяпсизми? — сўрадим энди озарбайжон тилига кўчиб. — Унда ижозат берсангиз, сизга бир савол билан мурожаат қилсам.
У сўзимга тушунмади шекилли, узр сўради. Озарбайжон тилини билмаслигини қисиниб бўйнига олди.
— Озарбайжондан чиққанингизга анча бўлдими?
— Мен ҳеч қачон Озарбайжонда бўлмаганман, — деди у.
— Эҳ-ҳа.
— Отам озарбайжонлик эди. Қорабоғдан. У ерда Шуша деган бир жой бор.
“Шуша” сўзини у шундай талаффуз этдики, ҳатто суҳбат нима ҳақида кетаётганига тушунмай қолдим.
— Отам Озарбайжонда улуғвор тоғлар тепасида Шуша номли қишлоқ бор, дерди, мен ўша ерданман.
— Шуша қишлоқ эмас, қўҳна, гўзал бир шаҳар.
— Шундай бўлса бордир. Отам уруш йиллари бир эстон қизи билан танишиб, унга уйланган. Урушдан кейин эса ватанига қайтмаган.
Унинг кўнглини кўтарган бўлдим:
— Уруш кўпларни ватансиз қолдирди.
У рус тилида гапирса-да, барибир эстон лаҳжаси шундоққина сезилиб турарди:
— Сизга бир таклифим бор эди.
— Марҳамат.
—    Ижозат берсангиз, учрашсак.
— Бош устига. Лекин аввалданоқ шуни айтишим керакки, мен сиз ўйлаганингиздек ёш эмасман. Мени кўрганингиздан кейин ўз таклифингиздан пушаймон бўлманг, деб қўрқяпман.
У яна кулди:
— Мен ҳам унчалик ёш эмасман.
— Неча ёшга киргансиз?
— Ўттизни уриб қўйганман.
— Ҳм. Демак, мен сиздан тахминан икки марта каттароқ эканман.
— Бунинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Сиз тўқсон ёшга кирганман десангиз ҳам, мен сиз билан кўришишдан бош тортмасдим.
— Яхши. Розиман.
— Эртага кечқурун соат олтида “Олтин лангар” ресторанида учрашамиз.
У мени уйига таклиф қилса керак, деб ўйлагандим, лекин бу гўзал удум асрий Кавказ тоғлари ортида қолиб кетганини ҳисобга олмай, шундай ўйга боргандим. Эҳтимол, Кавказ тоғ чўққилари баланд бўлганидан телба шамоллар йўлини тўсганидек, қадим удумлар ва анъаналарнинг ҳам бизда сақланиб қолишини таъминлагандир.
Эртаси куни “Олтин лангар” ресторанида учрашдик. Деворларида “Кекса Тоомас”нинг зирҳқалқони тасвири акс эттирилган, ғира-шира ёритилган ресторанда одам кўп эди. Столлар атрофида аксари кишилар иккита-иккитадан ўтиришардиЁшлар бир-бирларига кўз тикиб суҳбатлашишар, тез-тез шаробли қадаҳларнинг жаранги эшитилиб турарди. Биз томонларда агар шунча одам бир салонга йиғилиб қолгудек бўлса, уларнинг шовқин-суронларидан қулоқлар битиши турган гап.
Столлар устида ёниб турган шамларнинг заиф нурида салонни кўздан кечирдим.
Ўнг тарафдаги дераза қаршисида ўтирган ёш йигит папиросини кулдонга босиб ўчирди-да, ўтирган жойидан туриб мен томон кела бошлади.
Қаршимда баланд бўйли, елкадор, қора қош, қора кўз, жингалак сочлари бўйнига қадар тушган чиройли бир йигит турарди. Унга қараб ўттиз ёш бериб бўлмасди, у ўттиздан анча ёш кўринарди. Йигит оёқларини жуфтлаб менга бош эгди-да:
— Агар янглишмасам сиз менинг Бокудан келган меҳмонимсиз-а? — деди.
— Янглишмадингиз.
Мен ўз исмимни айтдим. У ҳам исмини такрорлади: — Аббосов Имрон.
Ҳа, унинг исми Имрон эди. Лекин бўғинга урғу берганидан унинг одатдаги озарча исми қулоққа ғалати эшитиларди.
Рўпарама-рўпара ўтирдик. Умумий оҳангни бузмаслик учун ўзаро шивирлаб гаплашишга мажбур бўлдик. Барибир овозимиз атрофимизда ўтирганларнинг диққатини жалб этарди.
Биз қадим шаҳарда қадим обидаларнинг сақланиши, замонавий биноларнинг қўҳна биноларга мутаносиблигидан, финлар томонидан тикланган Виру меҳмонхонасининг бу ҳамоҳангликни бузиб турганидан, “Кекса Тоомас”дан, “Бақалоқ Маргарита” ва “Жажжи Маргарита” минораларининг тарихидан, Пирита соҳилининг инсонни донг қолдирувчи ҳайратангиз гўзаллигидан, Ратуша майдонида XVI асрдан бери ишлаб келаётган дорихонанинг ғоятда усталик билан таъмир этилганидан, эстон халқининг китоб ҳамда гулларга бўлган муҳаббатидан, яна ундан-бундан гаплашганча, оқшомни қорайтириб, сонияларни дақиқаларга, дақиқаларни соатларга уладик.
— Биласизми, шаҳрингизда гуллар турли-туман скамейкаларни безаб туриши менга жудаям ёқди…
— Бу скамейкаларни ҳеч қачон гул-чечаксиз кўрмайсиз. Қор-ёмғирли ҳавода ҳам, ҳоҳ кечқурун, ҳоҳ тонг-саҳарда бўлсин, ҳатто кўчаларда қатнов тўхтаганда ҳам скамейкаларни гул безаб туради.
Бу ҳам майли-я, агар гулсиз кетаётганингни кўриб қолишса, сенга албатта, гул таклиф қилишади. Кеча кечқурун меҳмонхонага қайтаётганимда бир кампир мени чақириб қолди. Ўзимча у бирор нарса ҳақида сўрамоқчи шекилли, деб ўйладим, лекин кейин билишимча кампир гул олмаганлигимни эсимга солаётган экан. Бу жуда яхши одат.
— Худди шундай. Лекин бу борада японларга етиб бўлмаса керак. Улар ҳаётни умуман гул-чечаксиз тасаввур қилишолмайди. Японияда ҳатто гул илми, гул тили мавжуд. Японлар дилларидагини баён қилишолмаса, дарҳол гулни ёрдамга чақиришади.
— Бундан чиқди, Японияда бўлган экансиз-да?
— Дунёда оёғим тегмаган бирор қитъа қолмаган.
— Демак, туғилган юртингиздан бошқа ҳамма ерда бўлган экансиз-да. Кўрмаганингиз ўзиям биргина Озарбайжондир?
Унинг болаларникига ўхшаган қуюқ киприклари орасидан менга дунёнинг аччиқ-чучугини татиган, кўрганларининг моҳиятига тушуниб етган, паст-баландни билиб олган одамнинг, етук инсоннинг кўзлари ўйчан боқди. Энди унга бемалол ўттиз ёш берса бўларди.
— Худди шундай. Отамнинг ватанида бўлганим йўқ.
У гапга тушиб кетиб, Японияда, Чикагода, Парижда кўрганларини ҳикоя қила бошлади.
Унинг ҳикоясича, Испания гуллар ва музейлар ўлкаси, Японияда гўзаллигу нафисликка сажда қиладилар, Голландияда саҳарлаб гуллар билан саломлашадилар. Бу ўлкадаги қизил лолалар бошқа ҳеч қаерда йўқ. Голландиянинг қизил лолалари самолётларда бутун дунёга жўнатилади… Мен уни тинглаб, хаёлга чўмганча, она-ватаним ҳақида ўйлардим. Чунки ватан бу шартли жуғрофий территория эмас, балки у инсон идроки билан юрагининг мустаҳкам, айрилмас бирлигидир. Ватанни тарк этмоқ, ватанни унутмоқ мумкин эмас. Ватан сенинг нафасингда, юрагингдадир. Умринг тугаб, ҳаётдан кўз юмганингда ҳам у сен билан бирга бўлади.
Суҳбатдошим нафасини ростлаб, шампан шишасини крахмалланган салфетка билан ушлаганча, қадаҳларга шароб қуя бошлади.
— Голландиядаги қизил лолаларнинг уруғи қаердан олинганини биласизми? — сўрадим мен ундан.
У шишани дастурхон устига қўйди-да, ёйдек қошлари юқори кўтарилиб, ҳайрат-ла юзимга қаради.
— Эндиликда бутун дунёга машҳур ўша Голландия қизил лолаларининг уруғини Озарбайжондан совға қилиб юборишган.
— Жуда ажойиб-ку! Бунақалигини мен билмас эдим.
— Мана шунақа, дўстим, Озарбайжон ҳам гул-чечаклар ўлкаси. Сиз Токио, Париж, Чикаго ҳақида гапиряпсиз. Мен у шаҳарларни кўрмаганман. Аммо-лекин мен учун Озарбайжон у ерларнинг ҳаммасидан ҳам гўзалроқдир. Чунки у меники. Айтишингизча, отангиз Шушадан-а. Шушанинг қанчалик гўзаллигини билмасангиз керак. Бу ерларда лола ўстирмайдилар. Аммо нишабликлар, тоғларнинг ёнбағирлари кўз илғамас қизил лолалар билан бурканганлигини бир кўрсангиз эди! Қараб кўзинг қамашиб кетади. Менга, гўё табиат дунёнинг бутун алвон рангларини, гўзаллигини шу шаҳарда жамлаганга ўхшаб туюлади. Шушанинг ҳавоси ва суви шу қадар шаффоф, ўт-ўланлари шу қадар зумрад, лолалари шу қадар ёқут, қуёши шу қадар порлоқки…Менимча, Шушаданман деб, Шушани кўрмаслик уятдир.
— Албатта, бориш, у ерларни кўриш ҳам фарз, ҳам қарз!
— Билсангиз, у ернинг яна бир хусусияти бор. Озарбайжоннинг машҳур муғаннийлари барчаси Шушадан чиққан. Шушаликлар ёшу қари ҳаммаси қўшиқ шинавандалари. Уларнинг ҳаммаси куйлайди, овозлари жуда ширали. Бунинг сири нимада? Балки Шушанинг сувида ёки ҳавосида бир ҳикмат бордир, ёхуд тупроғида…
Янги танишим кулимсиради-да:
— Отам ҳам куйлашни яхши кўрарди, — деди. — Ҳамиша бир қўшиқни хиргойи қилиб юрарди. Биз унинг тилини тушунмасдик. Унинг қўшиғи ҳалиям қулоғимда янграб туради, фақат сўзларини ёдимда сақлаб қолмаганман. Чунки бу қўшиқнинг оҳанги бизнинг қўшиқларимизникидан бутунлай бошқачадир. Ўзи ҳам қайғуга чўмган дамларидагина куйларди у қўшиқни. Унинг қўшиғида висол ташналиги, саробга айланган муҳаббат куйланарди.
Ота ўз ватанини қўриқлаш учун жанг қилганди. Ўғил эсаотасининг туғилган диёрига бўлган муҳаббатини қалб қаърида, у куйлаган қўшиқ хотирасида ардоқлаб сақлаётир.
У ниманидир хотирлагандай, яна кулимсиради:
— Отамнинг вафот этганига уч йил бўлди. Ўлимидан тўрт-беш ой олдин Бокуга борганди. Касал бўлгани учун доктор унинг Шушага боришига ижозат бермаганди. Бокудан қайтиб келганидан кейин ўнгланмади. Қабримга бир сиқим ватан тупроғидан сепгин, деб васият қилганди, — дея суҳбатдошим ўйга толди.
Эшик очилганди, ичкарига қуёшнинг алвон нури мўралади. Таллинда йилнинг бу пайтларида қуёш жуда кеч ботади.
Кимдир эшикни ёпди. Гўё қуёш нурлари ичкарида қолишдан қўрққандай, тезда уларни йиғиштириб олди. Суҳбатдошим худди уйқудан уйғонгандек жонланди. Узун-узун биллур қадаҳларга яна оз-оздан шароб қуйди. Шаробнинг кўпигидан кўзини узмай қадаҳни кўтарди.
— Сизнинг соғлиғингиз ва танишганимиз учун!
— Ташаккур. Бокуда, яъни Шушада кўришиш шарафига.
— Шарқликсиз-да, асл шарқликсиз! Шарқликларда қардошлик ҳисси жуда кучли бўлади. Қардошлар ҳеч қачон жудоликни истамайдилар, жудоликдан қўрқадилар.
— Шундайми? Буни фақат шарқликларга хос ҳиссиёт деб ҳисоблайсизми?.. Тасаввур қилингки, поездда кетяпсиз. Вагон деразасидан бепоён далаларни томоша қилиб кетяпсиз, дейлик. Бирдан кимдир вагондан йиқилиб кетиши хавфи туғилади. Шунда сиз нима қилардингиз?..
Суҳбатдошим елкасини қисди.
— Менми?
— Йўқ, умуман сўраяпман-да.
— Шубҳасиз, ҳамма ҳам бирор чора кўришга интилади. Бири шовқин-сурон кўтаради, бошқаси одамларни ёрдамга чақиради.
— Бири эса стоп кранни босиб, поездни тўхтатади… Тўхтатиб, жабрланганга ёрдам қўлини чўзади.
Суҳбатдошим кулимсиради-да, ҳазилга кўчди:
— Йиқилган одам сенинг қўлингни тутишни истамаса-чи?
— Сен четда турсанг, у сенинг қўлингни тутиш ё тутмаслигини қаёқдан биласан? Бунинг учун, менимча, шарқлик ёки ғарблик бўлишнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Аввало, инсон бўлиш керак.
— Албатта шундай, инсон бўлиш керак, энг аввало, инсон бўлиш керак!
Орага чўккан жимлик суҳбатдошимни безовталантирди. Қадаҳга қуйилган шаробнинг кўпиги босилди.
— Унинг васиятини бажо келтирдингизми?
— Кимнинг? Ҳа, отамни айтяпсизми?
— …
Бошини чайқади.
— Афсуски, йўқ. Иш кўп, қўл тегмаётир. Балки бу ёз бир илож қилиб борарман.
Бормаса керак, бормайди, нима бўлса ҳам менга шундай туюлди.
Отанинг қабри ўз ўлкаси ҳасратида. Кўз ўнгимда танҳо бир тепалик жонланди. У ўрнида қимирлаб қўйди. Менинг қалбимдан ўтаётган ўйлар уни безовта қилгандай бўлди. Нима бўлса ҳам, бехосдан бўлган бир туртки унинг мудраб ётган ички туйғуларини кўзга кўринмас локатор тўлқинлари каби ҳаракатга келтириб, уйғотиб юборди. У бошини хам қилди. Ўзиними ёки меними амин этмоқ, ишонтирмоқ учун деди:
— Албатта, албатта бораман. Шушада ҳам бўламан. У ерларда лола қачон очилади?
— Баҳорда, май ойида, тоғда эса бир оз кечроқ…
— Ҳа, майнинг охирларида бораман. Лолалар очилганда.
Ватан — сеҳрли бир қудрат! У сени оҳанрабодай ўзига тортади. Тупроғи ҳам, тоши ҳам тортади. Нафасию қўшиқлари ҳам… Алвон лолалари ҳам…

Озарбайжон тилидан Ҳикоят Маҳмудова таржимаси.