Ҳабиба Зейналова. Қалб ойнаси (ҳикоя)

Сулаймон-киши дунёда ўзининг боғчали уйидан чиройлироқ жой йўқлигига имони комил эди. Шаҳарнинг тепалик томонига жойлашган мана шу уйда у ёруғ дунё юзини кўрди, ошини ошаб, ёшини яшади, шу ерда болалари туғилиб, вояга етишди. Сулаймон-кишининг бир қизу бир ўғлибор эди. Ўн тўққиз ёшли Жамила ота-онаси бағрида яшаб, тиббиёт институтида, ўғли Феруз эса Москвада рассомлик соҳасида таҳсил оларди.
Ферузда расм чизишга иштиёқ жуда эрта уйғонган. Болалигидаёқ томга чиқиб олиб теварак-атрофдаги манзараларни дафтарига чизгани-чизган эди. Ота ўғлида ҳақиқий рассомлик иқтидори борлигини пайқади. Эҳ-ҳе, ёшлигида ўзи ҳам рассом бўлишни орзу қилганди, лекин орзусига етолмади, қўли қисқалик қилди.
Хуллас, Феруз катта бўлгач, отаси уни Москвага ўқишга юборадиган бўлди.
Лекин онаси яккаю ёлғиз ўғлимни узоққа юбормайман, Бокуда ҳам ўқиса бўлаверади, деб тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатди. Сулаймон-киши эса сўзида туриб олди: Феруз Москвага боради, у ерда энг яхши рассомлар қўлида ўқийди. Бир вақтлар қўлим қисқалик қилиб мен ўқий олмагандим, энди ўғлим ўқисин.
Шундай қилиб, Феруз Москвагажўнади.
Ҳаш-паш дегунча беш йил ҳам ўтиб кетди ва у рассомлик дипломи билан она шаҳрига қайтди.
Бокудан кетаётганида озғингина, тортинчоқ бола эди, энди бўлса бўйи чўзилиб, елкадор йигитга айланибди. Феруз Сулаймон-кишининг ёшлигига шу қадар ўхшаб кетгандики, унга қараган сари отанинг кўнглини ғурур ҳисси қамрарди.
— Кап-катта бўлиб қолибди-я, — дея унга қараб тўймасди онаси.
Овқатдан кейин Феруз синглиси томонидан саришталаб қўйилган ўз хонасига йўналди.
Сулаймон-киши ўғлига ажойиб совға тайёрлаб қўйганди. Феруз ўқишга кетаётганида ток кўчатлари экканди. У ўқишдалигида отаси уни меҳр билан парваришлаб, ток новдаларини ўғлининг деразаси олдига ўтказиб, ишком қилиб кўтарди.
— Чиройлими? — деб сўради у ўз ишидан мамнун оҳангда. Кейин ўғлининг хурсанд бўлганини кўриб: — Гўзаллигу нафосат барчага зарур, аммо-лекин рассомнинг бош мезони бўлиши керак. Ахир, сен бу ерда фақат истиқомат қилибгина қолмай, ижод ҳам қилишинг лозим-ку, — деди.
Феруз деразага яқинлашиб, сердарахт, соя-салқин боғни кўздан кечирди. Боғ ортидан шаҳарнинг ажойиб манзараси кўзга ташланарди: янги уйлар, хиёбонлар, кенг-мўл ва равон кўчалар.
Феруз Москвадан келаётганда хотиржам, осойишта ижод билан шуғулланиш мақсадида алоҳида хона олиб турмоқчи эди. Лекин ҳозир бу фикридан воз кечди. Қадрдон ота уйининг деразасидан кўзга ташланаётган гўзалликни яна қайдан ҳам топарди, дейсиз?
Бокуда баҳор оқшомлари ажойиб бўлади. Ҳаммаёқ кўм-кўк, боғлардан булбуллар хониши эшитилади, Бокунинг осмони баланд ва тип-тиниқ, гўё йирик-йирик инжулар қадалганга ўхшайди.
Шундай ҳузурбахш оқшомлардан бирида Сулаймон-киши хотини билан чой ичиб, болаларининг келажаги ҳақида гаплашишарди. Жамиладан хавотир олмаса ҳам бўлади — бугун бўлмаса эртага эрга тегади-кетади. Аммо Феруз-чи! Уни тушуниш қийин. Ишга шўнғиб кетганидан, на кечаси, на кундузи тиним билади, ишдан бошқа нарса ҳақида ўйлашга вақтиям, хоҳишиям йўқ.
Ота-она ўғилларини тезроқ уйлантириш тараддудига тушиб қолишди. Улар ҳатто ўзларича унга қайлиқҳам танлаб қўйишганди. Бу қизларининг энг яқин дугонаси Дилрабо эди.
Қизлар бирга ўқишарди. Жамиланинг иккала дугонасиям — Дилрабо ва Моҳпора чиройли, ақлли ва яхши тарбия кўришган. Сулаймон-киши билан хотини кўпроқ камсуқум, мулойим, босиқ табиатли Дилрабони ёқтиришарди. Ҳар ҳолда, ювошгина, беозор, меҳрибон, мулойим Дилрабо ўзбилармон, шаддод Моҳпорага кўра Ферузга кўпроқ ёқиши мумкин эди.
Чол-кампир ўзларича шундай орзу қилишарди. Онаси бу ҳақда очиқ-ойдин гапираверар, Сулаймон-киши эса юрагида бунга рози бўлса-да, ҳали-ҳозирча индамасликни афзал кўрарди. “Феруз ақлли йигит, — дея ўйларди чол. —Ҳар ҳолда, ҳаммасини ўзи ҳал қилгани дуруст”.
Бу вақтда ўз хонасида расмчизаётган Феруз ҳам Дилрабо ҳақида ўйлаётганди. Дилрабо анчадан бери шу хонадоннинг бир аъзосидек бўлиб қолган. Айниқса, имтиҳонларга тайёрланишаётганда ҳар куни шу ерда бўларди, унда Феруз қизга унчалик аҳамият бермасди. Лекин Дилрабо докторлик дипломини олиб, ишга тайинлангандан бери кам келадиган бўлди. Феруз мана шундагина бу қизга боғланиб қолганини сезиб қолди.
— Феруз, — деган овоз эшитилди эшик ортидан, — уйдамисан, Феруз? Меҳмонларни қабул қил.
У ўрнидан туриб, эшикка йўналди. Остонада синглиси, унинг орқасида эса яна иккита қиз туришарди.
— Расмларингни кўрмоқчийдик, — деди Жамила. — Қаршилик қилмассан, деб ўйлайман.
Дилрабо журъатсизгина уйга қадам ташлади — у қорачадан келган бўлиб, сочлари узун, ўрта бўйли, қадди-қомати келишган.
— Саломалайкум, — деди оҳиста қиз. — Халақит бермаймизми, ишқилиб?
— Йўқ, йўқ, марҳамат, кираверинглар!
Феруз қизлар билан сўрашиб, ўтиришгатаклиф қилди.
Қизлар хонанинг поли ва деворларидаги расмларни томоша қилганча шивирлашиб, муҳокама қила бошлашди. Рассом эса уларга халақит бермаслик учун бир чеккада турган стол томон йўналди. Стол устида қоғозлар ва ҳар турли қаламлар ётарди. Мана, Ферузнинг қўли қоғоз устида чаққон ҳаракат қила бошлади.
— Вуй! — ҳаяжон-ла қичқириб юборди Моҳпора қоғозга кўз югуртириб.
— Ҳа, нима гап? — деб сўради Дилрабо.
— Манавига қара!..
Дилрабо рассом ишлаётган столга яқинлашди.
Феруз қизнинг суратини чизаётган экан. Расмни энди чиза бошлаган бўлишига қарамай, юзининг тарҳи билиниб қолганди.
Дилрабо қаламнинг қоғоз устидаги ҳаракатини камоли қизиқиш билан кузатиб турарди. Зум ўтмай расм тайёр бўлди-қолди: қоғоздан Дилрабо кулиб қараб турарди.
Расм жуда осонлик билан, нафис чизилганди. Лекин Дилрабо синчков қиз эди. Расм чизаётганда рассомнинг юзи жиддий тус олган бўлиб, ифодаси ҳам тез-тез ўзгариб турарди. Феруз гоҳ жилмаяр, гоҳ асабийлашаётгандай ёки аччиқланаётгандай қовоғини уюб оларди. “Ҳа, — деб ўйлади Дилрабо, — қоғоз устида енгил ҳаракатланаётган рассомнинг қалами, фақат юзаки экан…”
Бу орада Феруз иккинчи сурат устида иш бошлаганди. У Моҳпорага тез-тез кўз ташлаганча қоғоз устида қалам юритарди.
— Вой, мениям расмимни чизяпсизми! — деди қувонч-ла қиз сочини тўғрилаганча.
Рассом бу расмни ҳам зумда ишлаб бўлди.
Бу орада Жамила дастурхон тузаб, қизларни чақирди. Қизлар чиқиб кетишди. Улар ортидан Феруз ҳам емакхонага йўл олди.
Тўртовлон стол атрофига ўтиришди.
Сўзамол, шақилдоқ Моҳпора дарҳол Феруз чизган расмлар албомини эгаллаб олди ва рассомни саволга кўмиб ташлади. Феруз хоҳламайгина жавоб қайтарарди. Дилрабо унга қараб, мийиғида жилмайиб ўтирарди.
Моҳпоранинг диққатини қиш манзараси тортди.
— Манави картинани албатта Москвада чизган бўлсангиз керак-а? — деб сўради қиз.
— Ҳа, — деб бош ирғади рассом.
Моҳпора сўрайвериб қўймаганидан кейин у картинанинг қисқача тарихини сўзлаб берди.
У гапини тугатар-тугатмас Моҳпора:
— Подмосковье ўрмонлари ёзишганидек чинданам гўзалми? — деб сўради.
— Жуда чиройли,— деди жавобан қуруққина қилиб Феруз. Кейин тўсатдан Дилрабога ўгирилиб сўради: — Сиз Москвада бўлганмисиз?
— Йўқ, — дея оҳиста жавоб қилди қиз.
— Сиз билан аввалроқ танишмаганимга афсусланаман, — деди Феруз, — бўлмаса, Москвага таклиф қилган бўлардим. Мен Москвани беш қўлимдай биламан ва жудаям севаман. Мендек йўлбошловчини икки дунёдаям тополмайсиз.
Бу гапларни Феруз ўзиям билмаган ҳолда беихтиёр айтиб юборди. У ҳаяжонланиб кетганидан, ҳатто ўрнидан туриб кетди ва чекишни ташлаганига қарамай папирос олиб чека бошлади. Папирос турган столда бир вараққоғоз ҳам бор эди. Феруз қаламини қоғоз узра чаққон юритиб Дилрабонинг юзини чизди.
Қиз буни кўриб турарди. У қимир этмай ўтирарди. Ферузнинг назарида қизнинг ранги оқаргандай туюлди.
Бир неча дақиқа ўтгач, Дилрабо касалхонага навбатчиликка боришим керак, деб, кечирим сўради-да, кетишга чоғланди.
Феруз уни эшиккача кузатиб қўйди. Остонада хайрлаша туриб, қизнингсуратини чизишга рухсат сўради.
Дилрабо бир зум тараддудланиб турди-да, кейин розилик билдириб, бошини қимирлатди.
— Эртага келинг-а, — деди оҳиста Феруз.
… Дилрабо палаталарни айланиб бўлиб, навбатчи врач хонасига қайтиб келганида ярим кечадан ошган эди. Стол устида касаллик варақалари, газета ва журналлар ётарди. Дилрабо уларни кўздан кечириб, бир чеккага суриб қўйди. У фикрини жамлолмайгаранг эди. Унинг кўз олдида Ферузнинг сиймоси турарди.
У йигитнинг юзи, жингалак сочлари, нозик бармоқларини яққол кўриб турарди…
Унинг Бокуга қайтиб келганига анча бўлди, келганидан буён кўплаб расмлар чизди. Фақат у ҳеч нарсани кўрмайдиям, сезмайдиям. Тўғрироғи, кўришни истамайди. Камгап, бепарво ва бетакаллуф. Шунинг учун ҳам қиз бечора унга нисбатан бўлган қайноқ муҳаббатини пинҳон сақлаши керак. Аммо-лекин унинг севгисини Феруз билмаслиги лозим… Бироқ бугун… Бугун у бутунлай бошқача эди! Наҳот, бахту иқбол унга кулиб боқса? Наҳот, у қизнинг қалбидаги бўронни сезган бўлса?
Эртасига белгиланган вақтда Дилрабо Моҳпора билан биргаликда рассомнингустахонасига кириб келди.
Феруз қизларни ҳар вақтдагидек осойишта, ҳаттоки зоҳирий бепарволик билан кутиб олди. Унинг мана шу кўриниши гўёки куни кечагина қизга келишини сўраб ялиниб-ёлворган ҳолатига сираям ўхшамасди!..
У тезда мольбертини тайёрлаб, қизни қулай жойга ўтқазди-да, ишга киришди. Сеанс муваффақиятсиз бошланди. Феруз асабийлашар, дам-бадам ўрнидан туриб кетар ва ҳатто Дилрабога ҳам жаҳл қилиб, гоҳ ундоқўтиришини, гоҳ бундоқўтиришини талаб қиларди. қиз ўзини ниҳоятда ўнғайсиз сезар, ўрнидан туриб қочиб кетгиси келарди! Мана, ниҳоят, керакли ҳолат топилдию иш юришиб кетди.
Рассом икки соат бадалида зўр иштиёқ билан ишлади. Дилрабо ҳам шу вақт давомида рассомдан катта-катта кўзларини узмай итоат-ла ўтирди.Ниҳоят, Феруз ўрнидан туриб, мўйқаламинибир чеккага қўйди-да, чуқур нафас олди. Дилрабо ҳам ўрнидан турди. Сеанс тамом бўлганди.
Эртасига қизнинг бир ўзи келди. Ўша куни Феруз бирмунча осойишта ва зўр илҳом билан ишлади, иш ҳам унумли бўлди. Қиз вақтнинг ўтганини ҳам билмай қолди. Бутун кун давомида Феруз қизнинг кўзларини чизишга уринганди. У ҳеч қачон бундай чиройли, катта, чақноқ кўзларни кўрмаганди.
У қизга қараркан, унинг кўзларида уятчан, журъатсиз севги ифодасини илғарди. Лекин нигоҳлари учрашган заҳоти қиз қўрқа-писа кўзини олиб қочар ва ундаги аввалги ифода дарҳол йўқоларди. Аслида эса у айнан ана шу қайтарилмас ифодани изоҳлаш учуноққизнинг расмини чизишга бел боғлаганди-да.
Сулаймон-киши билан хотини мамнун эди. Қалбларига яқин қиз билан ўғиллари ўртасидаги муносабат тобора мустаҳкамланиб бормоқда эди.
— Тўй ҳиди келиб қолди-ёв, — дея шивирлашарди Ферузнинг ота-онаси.
Лекин уларнинг қувончлари узоққа бормади. Портрет тайёр бўлгач, Дилрабо келмай қўйди.
Кунлар, ойлар бир-бирини қувиб ўта бошлади. Ферузнинг донғи бутун ўлкага таралиб, машҳур рассомга айланаётганди. Шаҳарда унинг расмларининг кўргазмаси очилди.
…Кун оёқлаб қолганди. Шаҳар узра совуқ шамол кезарди.Кўчаларда изғирин ҳукмрон. Ферузнинг қалбига чироқ ёқса ёримасди.
У кун бўйи ишлади. Кечқурун мўйқаламини бир чеккага қўйиб, деразага яқинлашди. Ёзнинг ёрқин бўёқлари қаёққа йўқолди? Боғҳам, шаҳар ҳам, денгиз ҳам — ҳаммаси кулранг тусда бўлиб, юракни сиқарди.
Феруз плашини кийиб, кўчага чиқди. Шошилмасдан денгиз бўйига тушиб, хиёбонда сайр қилди. Кейин ўзи ҳам сезмаган ҳолда расмлари кўргазмага қўйилган бинога яқинлашдида, ичкарига кирди.
Зал бўйлаб аста одимлаганча ўзи яратган расмларни томоша қилди, томошабинларни кузатиб, уларнинг фикр-мулоҳазаларига қулоқ тутди.
Кичкина залнинг марказида Дилрабонинг портрети осиғлиқ турарди. Расмнинг ёнида Феруз бир чол турганини кўрди. Баланд бўйли, қотмадан келган, сочлари оппоқ бу қария гоҳ кўзойнагини тақиб, гоҳ олиб, расмнидиққат билан томоша қиларди.
Ферузҳам худдипортретга қизиқибқолгандек тўхтади.
— Ҳм…— деди чол унга мурожаат қилиб, — кўз — қалб ойнаси, деб жуда тўғри айтилган-да.
— Бу кўзлардан қандай ғайритабиийлик топа қолдингиз? — деб сўради Феруз.
— Наҳотки пайқамаётган бўлсангиз? — дея хитоб қилди ажабланганча чол. — Кўрмисиз нима бало? Бу кўзларда шоён севги-муҳаббат ошиён-ку! Улкан, мусаффо севги!
Чолнинг кетганига қанча вақт бўлганига қарамай, Феруз расмдаги қизни эндигина кўриб тургандек ҳайрат аралаш эҳтиром билан қараб турарди.
Шу вақт:
— Феруз! — деб чақириб қолишди.
У орқасига ўгирилди. Унинг олдида синглиси билан иккала дугонаси туришарди. Қизлар ёмғирда қолишган шекилли, ёпинчиқлари жиққа ҳўл эди. Жамила рўмолчаси билан юзини артар экан:
— Худди челакдан қуяётгандек ёғаяпти-я, ўзиям, — деди. — Бутунлай ивиб кетдик. Дилрабо, кўргазмага борамиз, деб қулоқ-миямизни қоқиб берди.
Ферузялт этиб Дилрабога қаради, қиз лоладек қип-қизариб, нигоҳини ундан олиб қочди.
Ферузнинг юраги уриб кетди. У Дилрабо томон юрди. Унинг қизга айтадиган гаплари бирам кўп эдики! Лекин оғиз очиб бир нарса дея олмади.
Бунинг ҳожати ҳам йўқ эди.
Дилрабо шундоққина ёнгинасида эди. Қиз унга мулойим қараганча жилмаярди. Кўзлари эса худди расмдагидек севги-муҳаббат-ла боқарди.

Озарбойжон тилидан Ҳикоят Маҳмудова таржимаси