Абдулқодир Абу Харус. Экспорт қилинган хотин (ҳикоя)

Али шаҳарда ростгўйлиги ва виждонлилиги билан оғизга тушган оила фарзанди. Кексалик гаштини сураётган оила бошлиғи ўз дунёқарашига эга бўлганидан кишиларга ташқи кўринишига қараб эмас, балки ақл-заковати, жамиятдаги тутган ўрнига қараб баҳо берарди. Алининг онаси – паст бўйлик аёл эди. У ҳеч қачон бировнинг дилини оғритмаган, майда гап ёки ғийбатлардан доимо четда юрар эди. Алининг сингиллари эса кеча-кундуз деразадан серрайиб қараб турадиган, кўчада юз берадиган турли воқеаларни териб юрувчи, фикру ёди тўю тантаналарда бўлган қизларга сира ўхшамас, тонгдан оқшомгача бичиш-тикиш билан машғул эдилар. Қизларнинг меҳнатсеварлиги, қолаверса, одоблилиги туфайли шаҳарнинг турли чеккаларидан совчилар тўхтовсиз келаётган эди, лекин онанинг жавоби доимо битта бўларди:
– Ўғлимни уйлантирмагунимча, қизларимни турмушга чиқармайман, вассалом.
Аксига олиб, Али уйланишга шошилмаётганди. У шаҳар маъмуриятида масъулиятли лавозимда бўлиб, уйланадиган бўлса оила унинг оёқ-қўлига “тушов” бўлиши ёки бирон сабаб билан обрўси тушишидан чўчир эди. У ўзича, ”Уйланиш – бу масъулиятли иш, уни пухта ўйлаб кўриш керак”, деб ўйларди.
Она эса ўғлини кўндиролмай хуноб бўлар, уни койир эди-ю, лекин мажбур қилолмасди. Идорада Алининг иши унчалик кўп эмас: келган хатларни рўйхатга олиб, уларга жавоб қайтариш эди, холос. Иш вақтида одатда Али ва унинг касбдошлари йиғилиб, чойхўрлик қилишар, фойдасиз баҳсларга вақт сарфлашар, бири институтга кириб ўқиш, яна бошқаси математика фанини жиддий ўрганиш ни-яти борлигини таъкидларди. Гап айланиб келиб, чет эл хизмат сафарига тақалганда доим бир иштиёқ – бирор кўнгилга ёққан чет эллик қизни танлаб, унга уйланиб олиш нияти тинчлик бермасди. У ўзича чет элга хизмат сафарига юбориладиган шахслар орасида мендан яхши номзод йўқ деб ўйларди. Унинг ҳаракат ва интилишлари зое кетмади. Қувайтга олти ойлик молия ўқишига юбориладиганлар рўйхатида унинг ҳам исми-шарифи турарди. Чет элга сафар қилиш унга янги мамлакат ва мартабали кишилар билан танишиб, ўқишни тугатганлик ҳақида ҳужжат олиш, ҳаммадан ҳам ўзининг кўнглига мос қизга уйланиш имкониятига эга бўлишдан бағоят хурсанд бўлди.
У жойлашган учоқ оҳиста ердан кўтарилди. У шахс эркинлиги гуллаб-яшнаган юқори маданиятли мамлакатга йўл олди. Учоқ жуда кўп қизғин баҳсларда тилга олинган Қувайтга яқинлашмоқда. Ҳа, дўстлари уни тушунишмади. Ҳеч бўлмаганда уйланиш масаласида.
 – Фақат чет эллик қизга уйланиш керак! – деб такрорларди у ҳамиша.
Улар бўлса эътироз билдирар эдилар:
– Сен енгил, хато ўйлаяпсан! Шахс қандай эркинликка эга бўлмасин, ўзининг урф-одатлари, қолаверса, таг-томири билан Она ерига боғланган бўлади. Тарихий анъаналаримизни бузиб тараққиётга эриша олмаймиз. Ливиялик қизлар тараққиёт тарафдори эмас, улар эскилик билан янгиликнинг фарқига бормайди, дейиш ҳам хато. Қизларимиз янги ҳаёт тарафдори. Чет эллик қизларга уйлансак, биз ўз қизларимизни камситиб қўямиз, қолаверса, чет эл қизлари кўп жиҳатдан бизнинг қизларимизга тенг келолмайдилар. Улар фақат маданиятдагина сал-пал илгарилаб олишган, холос.
– Ҳар қандай чет эллик қиз эркинликка эга ва ўзининг жамиятдаги тутган ўрнини қадрлайди. Бизда эса ўзгача! Чет эллик хотин – ҳамроҳ ва дўст, бизда бўлса – уй чўриси. Чўри билан умрингни бой бергандан кўра умрбод бўйдоқ бўлиб ўтганинг яхши.
Бундай баҳслардан сўнг фикрларнинг бир жойдан чиқиши ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.
У учоқда хаёл суришда давом этди:
– Мен билан турмуш қуриб Ливияга жўнаб кетадиган қиз топилармикин? Олти ой мобайнида уни учратармиканман, вақт – оқар сув, кўз очиб-юмгунча ўтади-кетади. У мени севишга улгурармикан?
Учоқ манзилга қўнди. Али кун бўйи пойтахт кўчаларида сайр қилди, кино афишаларини кўздан кечирди, дўкон пештахталарига қараб тўймади. Гарчанд бу шаҳардаги кишилар араб тилида гаплашаётган бўлса ҳам, гўё у бу тилни биринчи марта эшитаётгандек эди.
… Никоҳ аҳдини боғлаган келин-куёв Ливияга қайтиб келди. Унинг чет эллик қизга уйланиши барча танишлар ва қариндошларни ҳайратда қолдирди. Уйдаги юмушлар аввалгидек Алининг онаси билан синглисига қолиб кетди.
Лайло сира уйда ўтиролмасди. У шаҳар кинотеатрларида намойиш этилаётган фильмларнинг бирортасини ҳам қолдирмай кўрадиган бўлди.
Ёз кунларнинг бирида хизмат сафари туфайли келган собиқ севгилиси билан кўришди. Энди Лайло ул-бул харид қилиш баҳонасида кўчага серқатнов бўлиб қолди.
Аммо унинг бу ҳийласи узоққа чўзилмади. Лайлонинг жазманига ёзган хати тасодифан Алининг онаси қўлига келиб тушди. Оилада катта жанжал кўтарилди…
Эртаси куни Али Қувайтга учадиган учоққа сотиб олган битта чиптани Лайлонинг қўлига тутқазиб:
– Сен билан орамиз очиқ. Хайр! Бу сенга дарс бўлсин! – деди.

Арабчадан Бобир Ғиёсов таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 2-сон.