Исмоилбек Гаспринский. Султонлар суҳбати

МУКОЛАМАИ САЛОТИН
(РОСТИ РАСТИ)

-1-
“ТАРЖИМОН” 22-ДEКАБР 1906. 144-СОН

Самарқандда.
Самарқанд — илм ва адабнинг қуббаси!
Қадимий шаҳарларнинг энг эскиси, энг гўзал шаҳарларнинг энг гўзали, машҳур шаҳарлар ичра энг машҳури, илм ўчоғи саналгувчи шаҳар, жаҳонгирларга бешик бўлган шаҳарларнинг энг буюги, дунёни ҳайратга солган улуғ балдаларнинг энг муаззами, салом, Самарқанд!
Машина пишқирди, вагонлар тўхтади, тушдим. Самарқандга етиб келган эдим. Икки кун шаҳарни айландим. Энг нафис ва энг латиф маҳорат билан бунёд қилинган қадимий иморатларни, мадраса, масжид ва турбаларни, чинни деворларга икки қулочлик рангоранг чинни нақшлар билан куфий ёзувида битилган оятларни сайр ва мутолаа қилдим. Шоҳи Зинда ёнидан Афросиёб обидасини томоша қилгандан сўнг Темур шоҳ мақбарасига келдим. Оқшом чўккан эди… Самарқандда нимаики кўрган бўлсам жуда гўзал, нимаики кўрган бўлсам жуда хароб. Масалан, Бибихоним мадрасаси ақлларни ҳайратга соладиган даражада латиф иморат. Шу билан бирга чинниларининг аҳволига инсоннинг йиғлагиси келади.
Темур шоҳ мақбараси… Нақадар таъсирли обида… Чин саддидан Оқденгизга қадар, қаҳратон Сибирдан жазирама Ҳиндга қадар чўзилган худудда яшаб келаётган туркий халқларни бир туғ остига жамлаган ва буюк бир туркий давлат қурган Темурнинг сўнгги маконидир бу обида… Анчагина унниқиб қолган, баъзи жойлраи ўпирилган, баъзи тошлари кўчган, нақшин ёзувлари нураган, эшиклари очилиб, унутилишга юз тутган турбаи олия…
Фотиҳа ўқиб ичкарига кирдим. Бир неча поғона босиб пастга тушдим… Раҳбари руҳонийси (маънавий йўлбошчиси) Саййид Барака ҳазратлари ила ёнма-ён ётибди. Қабр тошларини зиёрат ва томоша қилар эканман, Темур шоҳнинг тарихи ва замонасида рўй берган воқеалар силсилаи нуроний (нурли силсила) бўлиб кўз ўнгимдан ўта бошлади.
На қадар буюк ишлар… Нақадар буюк шахс… На қадар ажойиб даврон… Ва харобага айланган макон! Дунё аслı шундоқ экан!
Қалбимдаги турли туйғу ва ўйларга кўмилиб, бошим айланиб турганимда бирдан Саййид Барака ҳазратларининг қабри устидаги тош кўтарила бошлади. Қўрқиб, жон ҳавлида зина саҳнига отилдим ва бурчакка суянганимча қотиб қолдим… Тош кўтарилишда давом этди ва ортидан қордек оппоқ соқолли бир пир кўринди. Мақбаранинг ичи нурдан чароғон бўлди. Ё, Раб! Бу не ҳол?!
Таажжуб шиддатидан ичимда қўрқувдан асар қолмади. Мен нимқоронғи жойда турган эдим. Порлаган нур мен турган жойга етиб келмас эди. Чиқиб кетиш ёки қолиш ҳақида ўйлашга қурбим етмас, турган жойимда қотиб қолган эдим.
Саййид Барака ҳазратлари Темур шоҳнинг сағанасига қўлини қўйиб: “Ўғлим!” дейиши билан тош қимирлаб, пиридай оппоқ соқолда Темур шоҳ чиқиб келди. Икковлари ҳам ўз қабртошларининг устига ўтирдилар. Темур пирининг юзига боқди. Пир ҳам унга боқиб “Ўғлим, яна бир даврон келди!” дея сўз қотди.
Орага бир дақиқалик сукунат чўкди. Мақбаранинг ичи худди катта бир фонус ёритаётгандек чароғон эди. Шунга қарамай, мен турган жойдан мақбаранинг ҳар бурчи очиқ-равшан кўринмас эди. Хонада жуссадор бир зот ҳам пайдо бўлди. Унинг қаердан ва қай тарзда чиқиб келганлигини пайқамай қолдим. У қабр тошлар орасидан ўтиб Темурнинг қаршисига келиб тўхтади. Саййид Барака: “Султон Абдул Азизхон!” дея келган одамга юзланди. Темур боши билан маъқуллади ва ўтиришга жой кўрсатди. Унинг ортидан яна бир зот кўринди. Пир ҳазратлари: “Насриддиншоҳ” дея таништирган бўлди. Унга ҳам ўтиришга жой кўрсатилди. Яна бир зот намоён бўлди. Пир: “Амир Насруллохон!” дея таништирди. Шу тарзда Хидив Исмоил Пошо, Оталиқ Ғози Ёқубхон, Ҳўқанд хони Худоёрхонлар ҳам мақбарага ташриф буюришиб, кўрсатилган жойларга ўтиришди. Уларнинг ортидан кўринишидан уламога ўхшаш уч киши кириб келиб жойлашишди. Черкес папоқли кекса бир мўйсафид ҳам кириб келган онда пир ҳазратлари: “Шайх Шомил!” деди. Темур шоҳ ўрнидан турди. Тўпланганлар ҳам ўринларидан туришди. Шайхга ўтириш учун жой кўрсатилди.
Амир Темур бошини эгиб ўтирарди. Султонлар ҳам маъюс бир ҳолда қараб туришарди. Баъзиларининг кўзларидан ёш қалқа бошлади. Мажлис тинч ва сукунатга ғарқ бўлган эди.

-2-
“ТАРЖИМОН” 25-ДEКАБР 1906. 145-СОН

Султонлар мажлиси бир-икки дақиқа тинчлик ва сукунат ичра кечгандан сўнг мажлис хузурига марҳум уламодан Шайх Жамолиддин (Афғоний) ҳазратлари чиқиб келди ва қўлидаги қора қўозга яшил рангда ёзилган китобни очди… Саййид Барака ҳазратлари “Хутбаи сиёсий!” деди. Шайх ўқий бошлади:
“Милодий ўн тўққизинчи аср ҳижрий ўн тўртинчи асрга тенг келади. Дунё маданиятида ва сиёсат оламида кўплаб инқилоб ва ўзгаришлар юз берди: параход, телеграф, темир йўл ва иш учун турли туман машиналар ихтиро қилинди. Китобат, ўқиш ва маориф дунёда мисли кўрилмаган даражада ёйилди. Давлат ва мамлакатни идора қилишнинг қонун-қоидалари тамоман ўзгарди. Ҳукмдорларнинг хоҳишига кўра бошқариш усули тўхтатилиб, миллатнинг истак ва хоҳишларига кўра бошқариш тизимига ўтила бошланди. Саноат ривожланиб саккиз-ўн минг ишчи меҳнат қиладиган фабрикалар ишга тушди. Оʻқ ва қалқонлар унут бўлди. Бир километрдан туриб нишонга уриш мумкин бўлган қурол-яроғлар, тўрт-беш километр наридан туриб тошдан бино бўлган қалъаларни қулатиш, парчалаб ташлаш мумкин бўлган тўплар ихтиро қилинди. Аммо бу ўзгариш ва инқилобларни Овруполиклар яратмоқда. Шарқ ислом давлатлари эса эски ҳолда яшаб келмоқда. Фикр эски, силоҳ эски, бошқарув тизими эски, саноат ва тижорат эски, ҳарбий қонунлар эски, қалъа иморатлари эски, денгизда кемалар эски, хуллас, нимаики бўлса ҳаммаси эски, қолоқ… Шу сабабли Оврупо халқи ва бундан ўрнак олган руслар дунёни эгаллаб олишга киришди. Ислом мамлакатларини сел тошқинлари ва денгиз тўлқинлари каби домига юта бошлади. Саноат ва иқтисоди билан бизнинг мулкдорларни синдирди. Юртдан барака кетди. Интизомли қўшинлари билан бизнинг тартибсиз қўшинларимизни тору мор қилди. Қувватдан асар қолмади…”
Хутба бу нуқтага келганида Темур шоҳ қўл кўтарди. Нотиқ тўхтади. Соҳибқирон Султон Абдулазизхонга қараб:
-Рум султони, бу ҳолга қарши қандай тадбир кўрдингиз? – деди.
Сукут.
-Овруполикларнинг илм, иқтисод ва сиёсат бобида устун қилган сабабларга мурожаат қилиндими?
Сукут.
— Бир вақтлар Усмонли султонларининг ҳимоясини орзу қилган Оврупо ҳукмдорлари куч тўплаб, тараққиёт сари ҳаракат қилаётган пайтда Истанбул нима билан машғул эди?
Сукут.
-Султонлик даврингизда аҳвол қандай эди? Шахсан нималарни амалга оширдингиз?
-Ҳарбий соҳага эътибор бердим, флотни кучайтирдим.
— Булар билан қандай ишлар амалга оширилди?
Сукут.
— Бой берилган ерлар бўлдими?
— Белград қалъаси… Сибир, Руминя қўлдан кетди, Жабали Лубнонда (Ливиядаги бир вилоят) имтиёзли бошқарув тизизмига ўтилди.
— Румели кучсизлашган бўлса, Анадўлуда қандай тадбирлар олинди?
Сукут.
— Анадўлуни неча бор зиёрат қилдингиз?
Сукут.
— Бутун умрингизни Истанбулда ўтказдингизми?
— Ҳа.
Темур шоҳ шайхга қаради. Шайх хутбани давом эттирди.
– Асрнинг султонлари, замоннинг ўзгаришига қарши номига тақлидий ҳаракат билан чекландилар. Бу ҳаракат ишга ярамади. Масалан, Эрон ҳукмдори Насриддиншоҳ… Жами қирқ йил ҳузур-ҳаловат ичида ҳукмронлик қилди. Усмонли давлати каби муаммоларга дуч келмади. Аммо қирқ йилда на тўғри-дуруст қўшин барпо қилди, на халқни тараққиётга бошловчи қонун-қоидани ёʻлга қўя олди. У ўлган пайтда Эрон халқи инглиз ва рус истлочилари қаршисида нодон ва саргардон болиб қолди. Темур шоҳ Насриддиншоҳга қаради. Боқди аммо бир оғиз сўз айтмади. Шайхга кўз қирини ташлаб давом этишига ижозат берди.
— Бу асрда рус ҳукмдорлари бир томондан Истанбулга кўз тиккан бўлса, иккинчи томондан Туркистон ва Моварауннаҳрни қўлга киритиш пайига тушган эдилар. Туркистоннинг хон ва амирлари шу даражада ғофил ва бехабар эдилар-ки, рус тўплари бошида портлагандагина “Бу нима?!” деб хайрон бўлдилар. Лекин кеч бўлган эди. Рус қўшинлари саҳролар ошиб шаҳарларни истило этаётган пайтда хонлар бир-бирлари билан курашиб, мусулмон қонини тўкиш билан банд эдилар. Қорақуш (рус гербидаги икки бошли бургут назарда тутилган) келиб Тошкент ва Самарқанд минораларига қўнган пайтда уни ҳуркитадиган на бирон тўп, на да бир милтиқ топилди. Ҳозирги кунда бир началник бутун Туркистонни бир бармоғида ўйнатмоқда. Русларнинг душмани бўлган инглизлар хонларга қурол-яроғ ва ҳарбий маслаҳатчилар бермоқчи бўлдилар аммо уни қабул қиладиган киши топилмади. Хатто Насруллохон Бухорий икки инглиз элчисини қатл қилдириб, замоннинг энг кучли ва энг бой давлатини хафа қилди, ўртага совуқлик солди.
Шоҳ Темур Бухоро амири Насруллохонга қаради.

-3-
“ТАРЖИМОН” 8-ЯНВАР 1907. 3-СОН

Насруллохон буюк Амир Темурнинг назари диққатидан қаён қочишни билмай: “Тақсир… Тақсир… Бухорои шарифга Фаранглардан, носаролардан киши қабул қилмоқни мақбул кўрмагандик…” деди.
— Эй, ўғил! Келганлар, инглиз эди, улар сенга насронийликни таклиф қилгани эмас, маърифат, қурол-яроғ ва ёрдам таклифи билан келган эди-ку… Элчига ўлим ёʻқ деган гапни билмасмидинг?!
— Тақсир… Кўп хатолар қилдим. Тушундим… Аммо ўлгандан кейин тушуниб етдим. Умаро ва уламодан ҳеч ким менга тўғри ёʻлни кўрсатмади.
— Бу нима деганинг? Тўрт томонингга айғоқчиларни юбормаганмидинг? Бошқа ўлкаларда нима рўй бераётганидан хабардор эмасмидинг?
— Ёʻқ, тақсир… Баъзи ҳажга бориб келган ҳожилар бўларди холос.
Темур шоҳ шайх Жамолиддинга кўз ташлади. Ҳазрати шайх жавобан деди:
— Ҳижрий ўн учинчи асрнинг ҳукмдорларида умумий бир касаллик бор эди. Ҳаммалари дунёда бўлиб ўтаётган воқеалардан бехабар эдилар. Хабарни фақат лаганбардор ва мадҳиябозлардан олар эдилар. Улар эса ўз фойдаларини кўзлаб “Сиздай подшоҳ оламда ёʻқ!”, “Шавкатингизга тенг келадиган ёʻқ!”, “Сизни енгадиган ҳукмдор ёʻқ!”, “Бутун дунё барбод, фақат сизнинг диёрингиз дилшод!” каби мақтовлар билан ҳукмдорларнинг сиртини сийпар эдилар. Улар ҳам бундай мақтовларга қониб, ҳовучлаб эҳсонларни бераверарди. Аммо одил ва тўғрисўз бир сайёҳ чиқиб чет давлатлардаги турмуш ва маорифдан, ўлканинг куч-қудратидан хабар берса “Сен кофир юртини мақтамоқдасан” дея писанд қилмас эдилар. Ҳўқанд бойларидан бирининг Макаря (Нижний Новгород яқинидаги мавзе) ва Москвани кезиб русларнинг ҳарбий қудратини ва интизомини баён қилгани учун бошидан жудо қилингани маълум…
Шоҳ Темур бошини қимирлатиб ишорат қилган эди ҳазрати шайх хутбасини давом эттирди:
— Аср султонлари орасида фидоий ва ҳиммати баланд Султон Маҳмуди мужаддид ва халқ орасидан етишиб чиққан Шайх Шомил Доғистоний ҳамда Оталиқ Гʻозий Ёқубхон ҳам бор эди. Тараққийпарвар Фарангистоннинг ҳарбий усули ва давлат бошқарувининг мақбул томонларини ўзлаштирган ҳолда мамлакатнинг куч-қудратини янгилаган зот Султон Маҳмуд эди. Бу подшоҳ эҳтимол яна-да кўпроқ фойдали ишларни қила оларди. Аммо даврининг мутассиблари “Бизга Фаранг қонун-қоидалари керак эмас. Эски қиличимиз бор, тўп керакмас!” дегандек барча янгиликларга қарши чиқдилар. Шунингдек, Руслар билан уч Оврупа давлати биргалашиб Султон Маҳмудга қарши уруш очган эди. Жангу жадал ва балоларга тўла мураккаб замон бўлишига қарамай ҳам урушга ҳам мамлакатдаги қонунчилик ва бошқарув тизимини янгилашга куч топа олаётган эди.
Соҳибқирон Темур ўрнидан турди ва яна қайтиб жойига ўтирди. Султонлар ҳам ўрнидан туриб Султон Маҳмудга ҳурмат кўрсатдилар ва яна жойларига ўтирдилар.
Шайх Жамолиддин хутбасини давом эттирди.
— Оʻз даврининг ягонаси Шайх Шомил эди. Бу одам шахсий ғайрати ва нотиқлик маҳорати билан, ўн тилни мукаммал билиши билан, Доғистоннинг тарқоқ халқини яквужут қилди. Асрнинг энг қудратли давлатларидан бири бўлган Россияга қарши эллик йил бетиним курашди. Оталиқ Гʻозий Яқуббек эса беш-ўн отлиқ билан бирга Фарғонадан Кошғарга ўтиб Хитой ҳукумати зулмидан эзилган мусулмонларни ҳарактга келтирди. Шарқий Туркистонни Хитой тасарруфидан озод қилиб, замонавий ҳарбий қўшин ташкил қилган эди. Хонлик эълон қилиб Англия ва Усмонли давлатидан кўмак олиш ёʻлларини қидирди. Бироқ вафот этгач ишини давом эттирадиган ўзидек фарзандлари бўлмагани учун кўп ўтмай Хитой бу хонликни қўл остига олиб ўғилларини Россияга қочишга мажбур қилди.
Аср тарихида исми битилган яна бир зот Мисрлик Исмоил Пошо эди. Бу зот ғоят маърифатли, бир неча тилни биладиган, Фарангистонни ўз юрти қадар биладиган киши эди. Аммо феъли соғлом эмас эди. Бу зот бепоён Мисрни еб тамом қилди. Шу қадар исрофгар эдики, Мисрни бошдан оёқ Фарангистонга қарздор қилиб қўйди. Охири фоиз берилмас ҳолга келтирди. Мисрнинг Англия назоратига ўтишининг бош сабаби шу эди.

-4-
“ТАРЖИМОН” 22-ЯНВАР 1907. 7-СОН

Шайх Жамолиддин ҳазратлари хутбасини давом эттирди:
— Каттаю кичигида бир нав тамбаллик ва тушунчасизлик ва бохусус, сиёсий ғафлатга маҳкумлик касали мавжуд эди ва бу тарих саҳифаларига битилган. Агар ҳозирги замондан кўзларини олиб ўтмишга назар солсалар кўпгина ҳол ва хатолари аён бўлади.
Москва князи Иван Грозний ёки Даҳшатли Иван, Қозон хонлигига ҳужум қилган, Қозонни қамал қилган пайтда Қирим хони ёрдам қўлини узатмади. Ҳолбуки, Қирим хони агар номигагина бўлса ҳам Қирим, Курск, Тула томонларда бўй кўрсатганда эди, Грозний Қозонга ҳам Қиримга ҳам уруш очолмаган бўларди. Иван Грозний бу ҳолни билганидан Қозонга юрушни бошламасдан олдин Қирим ва Қозон хонларининг орасига совуқликни солиб ўзи ташқаридан кузатиб турди.
Хонларнинг бу ғафлати сиёсийларининг натижасида Қозон истило қилиниб ер билан яксон қилинди. Масжид ва мадрасалар ёқилди. Диндорлар носаролаштирилди. Динидан қайтмаганлар бошини олиб болта кирмас ўрмонларга қочиб қутилди. Икки аср сўнгра Қирим хонлиги ҳам истило қилиниб, мислсиз қийноқларга мубтало бўлди. Буларнинг ғафлатларини кечириб бўлмайди, албатта. Аммо Истанбулнинг мудрашига на ақл на мантиқ жавоб бера олади! Иван Грозний Қозон хонлигига юриш қилган пайтда Усмонли давлатида шу қадар катта куч ва сиёсат бор эдики, агар бир бармоғини қимирлатса ҳам Грозний Қозонга қайтиб қарашга ҳам ботинолмайдиган болар эди.
Туркий халқларнинг энг олд қалъаси, энг муҳим нуқтаси Қозон истило қилинганда ёрдам берилмагани боис Рус қўшинларига Истанбул ва Самарқанднинг ёʻли очиб берилган эди. Қозон Туркистон ва Рум диёрининг “қоравул қалъаси” эди. Фақат қадри ва аҳамияти билинмаган эди. Буюк султон ва шоҳларнинг…
Хутба шу ерга етганда Амир Темур ҳазратлари қўл ишорати билан нотиқни тўхтатиб, бошини яна-да пастроқ эгиб, теран ўйга толди. Мажлис аҳли ҳам қабристон сукунатига чўмган эди.
Маълум муддат шу зайлда ўтди. Сўнгра Амир Темур бошини кўтариб шундай деди:
— Эй, умарои киром, фузалои баном! Тарих ва миллат назарида менинг ҳам қабоҳат ва қусуротим бор. Аммо менинг замонам ва сиёсатим билинмай, англашилмай қолган эди. Ҳақимдаги гап-сўзлар туҳмат даражасига етиб борган эди. “Кўп жон қатл қилди. Кўплаб тахтларнинг кулини кўкка совурди. Россияни, Эронни, Туркияни, Ҳиндистонни босиб олди, қирғинбарот қилди. Ҳаддан зиёд зулм қилди…” дерлар. Лекин инсонлар тушунмайдилар. Ҳаққа аён, ҳаракатларим, жаҳонгирлик, қонхўрлик, босқинчилик, шуҳратпарастлик учун эмас эди… Мендан муқаддам, неча асрлар баҳодир миллатим, ўлим ва қирғин ила битмас туркларим, ўзбекларим ноаҳллар қўл остида эзилмоқда, диёр диёрга айрилиб, вилоят вилоятга, қўшин қўшинга қарши душман бўлган эди… Идил қипчоқлари Озарбайжонни, улар эса Усмонлини, Кошғарликлар ўзбекларни ва ўзбеклар Хуросонийларни, яъни оға ўз инини, қардош қариндошини танимас ҳолга келган эди. Ёшлигимда Кеш тўқайларида бир кенагаз беги бўлган пайтимда халқимнинг бу аҳволи кўнглимни доғлар, кўзимни ёшлар эди… Ҳукмронлик даврим, туркийларни бирлаштириш, буюк Туркистонни иншо қилишга сарф қилинган эди. Бунга бир қадар эришдим ҳам. Садди Чиндан Мармар денгизига қадар, музли Дашти қипчоқдан иссиқ Ҳинд денгизигача қўл остимга кирган эди. Туркистон беҳад буюк эди. Бир четидан бошқа четигача юз кунлик ёʻл эди. Буни ҳазм қилолмайдиган подшоҳ ва хоналр беҳисоб эди. Бу ҳолда, улкан давлат ва бирлашмаган халқни забт ва идора қилмоқ учун шиддатли тадбирлар мутлақ лозим эди. Менинг замонамда на телеграф бор эди на темир ёʻл. Осийларга берган жазоларим зулм эмас эди. Макон ва замонга мос тадбирлар эди. Аммо на фойда…
Сўз бу нуқтага келганида пири Саййид Барака ҳазратлари “Етар, ўғлим!” деди. Амир Темур ўрнидан туриб чуқур бир оҳ чекди. Мажлис аҳли довдираб дарҳол оёққа турди. Мен ҳам қўрқувдан нима қиларимни билмай мақбара ташқарисига югурдим.
Тинчлик… Сукунат… Оқшом охирлабди… Самарқанд осмонини минглаб юлдузлар қоплабди… Меҳмонхонага қайтдим. Ухлай олмадим. Тонг отгач яна мақбарага бордим.
Тошлар ўз жойида, тинчлик, сокинлик ҳукумрон эди…

Турк тилидан Маъруфжон Йўлдошев таржимаси