Илья Ильф, Евгений Петров. Сўнгги учрашув (ҳажвия)

Бадиий театрнинг чекиш хонасида танаффус пайти икки киши учрашиб қолди. Аввалига улар узоқдан бир-бирига обдон қараб олишди, уёқ-буёққа ўтиб ёндан разм солишди. Кейин бир-бирига ташланишди. «Қанча вақт бўлди, қанча сувлар оқиб ўтди» — дерди ҳар иккаласи қайта-қайта термулишаркан.
«Ўн беш йил ўтибди-я», «Ҳа, биродар», «Мана кўриб турибсан» «Ишлар шунақа, оғайни», «Қариб қолибсан-а, биродар», «Ўзинг ҳам оғайни» дея бир-бирига гал бермай сўрашгунларича анча вақт ўтди.
Кейин суҳбат уланиб кетди.
— Сен, демак, ҳарбий йўлдан кетибсан-да?
— Ҳа, анча бўлди.
— Марказдамисан?
— Йўқ, шу бугун Узоқ Шарқдан келдим.
— Хўш, японлар қандай? Урушмоқчи эмасмилар?
— Шундай бир кўрсатма бор, шекилли.
— Шунақа дегин! Нега погонингда белгилар озроқ. Булар нима дейилади?
— Шпала.
— Учта шпала! Ҳм! Ромблар йўқми!
— Ромблар йўқ.
— Бу қанақа лавозим — у шпала?
— Полк командири.
— Унча қуюқ эмас-ку, қария.
— Нега қуюқ эмас? Қизил Армияда полкка командирлик қилиш — шарафли иш. Полк — йирик бўлинма, ахир. Қанча ўқишга тўғри келди! Эсингдами, арифметикани ҳам тузук билмасдик. Ўтган ўн беш йил давомида ўқишдан тинганим йўқ. Ҳарбий мактаблардан кейин взводга командирлик қилдим, кейин ротани бошқардим. Батальон қўмондони бўлганимда «Отиш» мактабига қатнай бошладим. Жуда мураккаб. Бултур моторлаштириш ва механизациялаш курсини битирдим. Ҳозир ҳам ўқияпман.
— Бари бир ромблар йўқ экан-да?
— Ромблар йўқ. Сен ўзинг-чи, Костя, қайси йўлдан кетдинг?
— Мен, Леня, бошқа йўлни танладим.
— Барибир, айтақол.
— Мен, Леня, масъул ходимман.
— Шунақами? Қайси соҳада?
— Масъул ходим.
— Шуни сўраяпман, қайси соҳада?
— Айтаяпману масъул ходим деб.
— Ниманинг ходими?
— Ниманинг нимаси?
— Мутахассислигинг нима, деб сўраяпман?
— Мутахассисликнинг нима дахли бор! Ҳақ рост, қулоғинг том битганми? Мен, азизим, бутун бир муассасанинг бошлиғиман. Агар ҳарбийчасига ҳисоблайдиган бўлсак, бу икки-учта ромб дегани, кам эмас.
— Қанақа муассаса, ахир?
— Қурилиш трести директори.
— Бу зўр-ку. Нима, ҳозир архитектормисан? Санъат академиясида ўқидингми?
— Ўқидингми? Қачон ўқийман? Мен ўқисам ким ишлайди. «Правда»ни варақлашга ҳам вақтим йўғу, ўқиш дейсан-а. Албатта, ўқиса яхши бўлади. Бу ҳақда Сталин ҳам айтган. Фақат ҳамма ўқийдиган бўлса, ишни ким қилади? Ие, юр, залга кирайлик, бу ерда иккаламиз қолибмиз.
Суҳбат кейинги танаффусда давом этди.
— Демак, шунча ўқисанг ҳам ромблар ололмабсан-да?
— Ромб ололмадим. Лекин менга айт-чи, Костя, демак сен меъмор бўлмасанг катта амалий тажрибага эга экансан-да?
— Бўлмасам-чи? Жуда катта тажрибам бор.
— Айтайлик, сенга қандайдир бир бинонинг чизмаларини олиб келишди, уни бемалол ўқий оласан-а?
Ҳисоб-китобларни текшира оласанми?
— Нега энди? Бунинг учун менда меъморлар бор-ку. Нима уларни ишда бекорга ушлаб турибманми? Агар мен куни билан чизмаларни ковлаш билан шуғуллансам, ишни ким қилади?
— Демак, сен молиявий томони билан шуғулланасан?
— Қанақа молиявий томони? Нега энди майда-чуйда ишлар билан бошимни қотириб ўтиришим керак? Бунинг учун иқтисодчилар, ҳисоб-китоб юритувчилар бор. У ерда биродар, калькуляторлар туну кун ишлаб туради. Мен ҳатто битта профессорни ҳам ишлатяпман.
— Бордию ўша калькуляторларинг сенга бемаъни нарсани тиқиштирса-чи?
— Менгами?
— Сенга-да? Ахир сен мутахассис эмассан-ку.
— Сезги-чи?
— Қанақа сезги?
— Нимага ўзингни гўлликка соляпсан? Оддий сезги-да, нима бўларди. Мен илмсиз ҳам ҳамма нарсани аниқ кўриб тураман.
— Ўз муассасангда нима билан шуғулланасан ахир? Қурилиш ускуналари биланми? Бу тармоқ анча қизиқарли-да.
— Қурилиш ускуналаридан ҳеч бало тушунмайман, ахир!
— Ие, жуда катта тажрибам бор, девдинг-ку?
— Ҳа, жуда катта. Ахир бу ишга келганимга энди ярим йил бўлди. Унгача мен ўлка сут бўлимида эдим.
— Ҳа, шундай демайсанми? Демак, сутхўжалиги билимдони экансан-да!
— Ишқилиб, чўчқа билан сигирнинг фарқига бораман. Демак, ўлка сутчилик тармоғида уч ой, унгача эски хомашёлар базасида, ундан олдин мусиқа техникумида мудир бўлиб ишладим. Касаба уюшмаларида, Қизил Хоч ва Яримой жамиятида ишладим, қалайи қидирув гуруҳига раҳбарлик қилдим, икки ой давомида бутун бир банкни бошқардим. Бир неча бирлашма ва комбинатларда, умуман ўндан ошиқ лавозимларда ишлаб келганман. Ҳозир ҳаммаси эсимда йўқ.
Полк командири гангиб қолди.
— Сира тушунолмаяпман, асосий касби-коринг нима ўзи?
— Наҳотки тушунмасанг? Умумий раҳбарлик қиламан.
— Ҳа, ҳа, умумий раҳбарлик, буни тушуниб турибман. Лекин касб-чи… Қандай тушунтирсам экан-а, мана мен ўн беш йил чилангар бўлиб ишладим, сен электрмонтёр эдинг… Энди қанақа касбдасан, ахир?
— Вой, тентак-ей, ахир бошда айтдим-ку масъул ходим деб. Мана, Саша Зайцев ўқийверди. Мен эса шу пайт ичида ундан ўзиб кетдим. Умуман, кўпчилик ўқияпти, мен ўқимасам ҳам амаллаб юрибман, ҳатто мартабага эришдим.
— Мартаба, дегин!
— Ҳа, — шивирлади трест бошлиғи сирли равишда атрофга аланглаб оларкан. — Менда бир янгилик бор. Яъни, ҳалиги, янгилик ҳали йўғ-у, лекин бўлиши мумкин. Афтидан мен янги хизматга айни пайтида келганга ўхшайман. Яқинда трестимизнинг ўн йиллиги нишонланади. Мукофотлар ҳам бўлади, дейишмокда. Ҳаммани мукофотлашса-ю директорни мукофотлашмаса… Бўлиши мумкин эмас. Сен нима дейсан, Леня?
— Вақт бўлиб қолди. Юр, залга кирайлик, — деди командир.
— Мана сен ҳарбийсан, — давом этди Костя, — лекин орденинг йўқ. Бу яхши эмас.
— Менда бор.
— Ростданми! Қаердан олдинг?
— Шундай, Хитой можаросида қатнашган эдим.
— Ўша ерда беришдими? — сўради ҳовлиқиб Костя.
— У ерда ўққа тутишди, — деди қуруққина командир,
— Нега тақиб юрмайсан?
— Нега энди театрга тақиб келишим керак.
— Жиннимисан! Айни театрга тақиб келиш керак-да. Ҳамма кўради. Эҳ, жангари-ей! Қаерда асраяпсан?
— Қутичада.
— Росаям жойини топибсану! Хўп, майли, ҳозир тўртинчи кўриниш. Кўрмасак ҳам бўлади. Қизиқмас. Ҳозир бизникига борамиз. Биласанми, биродар, хотиним чинакам парирў. Кўрсанг ҳавасинг келади. Тамадди қиламиз, ҳалигидай. Граммафон қўямиз.
— Майли, борсак борибмиз-да.
— Юрақол, биродар, уйим тўла комплект.
Ростдан ҳам уйи тўла комплект экан, поляк тангоси патефон дейсизми, динамикли радиоми-ей, бешта объективли фотоаппарат — чинакам ўйинчоқлар уюми… Хотини ҳали келмаган экан.
— Фотоаппаратинг ажойиб экан, — деди командир — яхшигина суратлар ҳам олаётгандирсан?
— Йўғ-е, — деди Костя, буфетини титкилар экан. — Мендан қанақа сураткаш чиқарди. Ростини айтсам, бу билан шуғулланишга вақтим ҳам йўқ.
— Афсус, афсус. Майли, радиони қўйиб юбора қол. Бунинг — ЭКЛ — 4 га ўхшайдими? Дунёнинг ҳамма жойидан олса керак. Мириқиб тингласа бўлади.
Костя радиони токка улаб, қулоғини буради. Ғалати чийиллаш эшитилди. Костя дарҳол радиони ўчирди.
— Биласанми, бу соҳада мен мутахассис эмасман. Қўшни хонадондан бир Вова деган болакай келиб туради. Саккиз ёшдаю, барча станцияни қойиллатиб тутиб беради, Копенгаген, Мопенгаген, унга барибир, дарҳол топади.
— Нима ҳам қилардик, — деди хўрсиниб Леня, — граммофонни қўйиб юбор бўлмаса.
— Балки хотинимни кутармиз. Граммофоннинг тилини у яхши тушунади. Умуман, қўйса ҳам бўлади.
Костя ишга киришди.
— Ҳа, биродар, — деди у граммофон дастасини айлантираркан. — Ҳамма нарса бор: хонадон, радио, «Лейка» фотоаппарати, чиройли хотин. Фақат орден йўқ-да. Битта орден беришса эди…
Бирдан қарсиллаган овоз эшитилди.
— Ана, — деди Костя бошини қашиб, — пружинаси отилиб кетди. Айтдим-а, хотинни кутайлик деб. Афсус, яхши граммофон эди. Импортми ёки экспортми, ишқилиб, зўр эди. Энди нима қиламиз? Тамадди қила қолайлик?
У қўлларини бир-бирига ишқалаб столга қараб одимлади. Шу пайт кутилмаганда чироқ ўчиб қолса бўладими?
— Ё товба. Шу етмай турувди, — жаранглади қоронғида Костянинг овози. — Энди қоронғида ўтирамиз.
— Нега қоронғида бўларкан? — деди ғижиниб командир. — Оддий нарса-ку! Пробка куйиб қолди. Тузатиб чиқ. Ахир бир вақтлар электромонтёр бўлиб ишлагандинг-ку.
— Қўйсанг-чи. Эсимда қолибди, дейсанми? Қайси диод, қайси катод — қаердан биламан. Устага одам юборишга тўғри келади.
У қоронғида анчагача ивирсиб юрди.
Чироқ ёнганда, командир аллақачон кетиб қолганди.

1935.

Файзи Шоҳисмоил таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 1998 йил, 3-сон