Ҳерманн Ҳессе. Китоб мутолааси ҳақида

Кўпчилик, афсуски, китоб ўқишни билмайди ва кўп кишилар нима учун ўқиётганини тузукроқ тушуниб ҳам етмайдилар. Баъзилар буни ўқимишли бўлишнинг қийин, бироқ ягона йўли, деб билади. Уларнинг фикрича, ҳар қандай китоб кишини «ўқимишли» қила олади. Бошқа бировлар учун эса ўқиш – бу, дам олиш, шунчаки вақтни ўтказиш ва уларга нимани (мақола, роман, шеър, хабар ва ҳоказо) ўқиш барибир, зерикарли бўлмаса бас. Шунчаки дам олиш, вақт ўтказишни истаган ва «ўқимишли» бўлиш ҳақидагина қайғурадиган ўқувчи китобдаги дилни покловчи, кишини руҳлантирувчи қандайдир номаълум бир кучни сезади. Бироқ бу кучни у аниқ тасаввур этолмайди ва баҳолай ҳам олмайди. Бундай китоб­хон тиббиётдан мутлақо бехабар бўлган беморга ўхшайди, яъни айнан қайси дори кераклигини англамасдан, ҳар бир қутичадагидан татиб кўра бошлайди. Аслида, мутолаа борасида ҳам ҳар бир киши ўзи учун зарур бўлган, янги куч ҳамда руҳий таъсир бахш эта оладиган китобларнигина топа билиши мақбул эмасмикин?
Биз, муаллифларга одамларнинг кўп мутолаа қилишлари, албатта, ёқимли ва айнан ижодкор томонидан, ҳаддан зиёд кўп ўқишади, дейилиши ноўриндир. Чунки мингта лоқайд ўқувчидан ўнта яхши китобхон афзал. Шу боис, бемалол таъкидлашим мумкинки, ҳамма жойда ҳаддан ташқари кўп мутолаа қилишади ва бу адабиёт учун обрў эмас, балки зиён келтиради, холос. Китоб мустақил бўлмаган кишиларни яна ҳам маънавий заифлаштириш учун ёзилмайди, бундан ташқари, ундан баъзан ноқобил одамларга арзон-гаров манзара ҳамда осонгина ўзгартирилган ҳаётни кўрсатиш учун ҳам фойдаланишади. Китоблар инсонни ҳаётга йўллагандагина, унга хизмат қилгандагина фойдалидир. Агар китоб ўқувчига оз бўлсада, куч-ғайрат, шижоат, маънавий поклик бахш этмаса, мутолаа учун сарф этилган ҳар бир соат беҳуда ва бесамар бўлиб қолаверади.
Шунчаки мутолаа – бу диққатни тўплашга мажбур этувчи машғулот ва овуниш учунгина ўқиш – ўз-ўзини алдашдир. Лоқайд кишилар учун, умуман, бирор нарсадан овунишнинг ҳожати йўқ. Аксинча, улар ҳамма жойда диққат-эътиборли бўлишлари, қаерда нима иш билан машғул бўлишмасин, нима ҳақда фикр юритишларидан қатъи назар, ўзларини бутун вужудлари билан воқеалар гирдобида ҳис этмоқлари зарур.
Ҳаёт қисқа, унинг поёнида ҳеч кимдан ўқилган китоблар сони сўралмайди. Бирор фойдаси бўлмаса, ўқишга вақт сарфлаш ақллилик белгиси эмас, аксинча, кони зиён эмасмикин? Мен бу ўринда фақат ёмон китобларни эмас, авваламбор «сифатли мутолаа»ни назарда тутаяпман. Ҳаётда босган ҳар бир қада­минг каби ўқишдан ҳам бирон натижа кутилади. Мутолаадан янги куч-ғайрат олмоқ учун аввалига куч сарф этмоқ, ўзингни янада яхшироқ тушунмоқ учун олдин ўзингни «йўқотмоқ» керак бўлади.
Агар ҳар бир ўқилган китоб қувонч ва алам, шижоат ҳамда руҳий тазарру олиб келмаса, жаҳон адабиёти тарихини билишдан маъно йўқ. Фикр-мулоҳаза қилмасдан ўқиш – хушманзара табиат қўйнида кўзни боғлаб юрмоқ демакдир. Биз ўзимизни ва турмушимизни унутиш учун эмас, балки ҳаёт жиловини янада онглироқ равишда англаш учун ўқишимиз керак. Китобга димоғдор ўқитувчига қараган қўрқоқ ўқувчи сингари эмас, балки энг баланд чўққини забт этмоққа шайланган шиддаткор альпинист каби ёндашмоқ талаб этилади.
Руҳиятимизнинг табиий, туғма эҳтиёжи – тур, хил, намуналарни аниқлаб олиш ва улар асосида бутун инсониятни тур-турга ажратиб чи­қишни тақозо этади. Теофраст1 «Характерлар»идан тортиб, то аждодларимиз ва ота-боболаримизнинг тўрт мизож (инсон табиатига хос хусусият­­лар)и ва энг замонавий психологияга қадар, мана шу эҳтиёж турланган тартибда мунтазам намоён бўлиб, сезилиб туради. Қолаверса, ҳар қандай киши ҳам ўз теварак-атрофидаги одамларни ёшлигида ўзи учун муҳим бўлган характерлар билан ўзаро ўхшашлигига қараб, кўпинча ғайришуурий бир тарзда гуруҳларга бўлиб чиқиши табиий. Бундай бўлинишлар, қанчалик жозибали ва ёқимли бўлмасин, соф шахсий тажрибага ёки қандайдир илмий типологияга асосланишидан қатъи назар, ҳар қандай одамда ҳам ҳар қайси турга хос бўлган хусусият, белгилар ва ўта қарама-қарши характерлар ҳамда мизожлар, бир-бири билан ўзаро алмашиниб турадиган ҳолатлар янглиғ, ҳар бир алоҳида шахсда учраши мумкинлигини таъкидлаб, тажрибанинг янги кесимини белгилаб олиш баъзан ўринли ва самарали бўлиши мумкин.
Шундай қилиб, мен қуйида китобхонларнинг уч тури ёки бошқача қилиб айтганда, уч даражаси хусусида тўхталиб ўтмоқчиман. Албатта, бу билан камина китобхонларнинг бутун дунёси узил-кесил мана шу уч тоифага, яъни буниси – бу тоифага, униси – у тоифага бўлинади, демоқчи эмасман. Зеро, ҳар биримиз ўз шахсий ҳаётимизнинг турли даврларида гоҳ у, гоҳ бу гуруҳларга мансуб бўлишимизга тўғри келишини ҳам унутмаслигимиз лозим.
Шунга кўра, энг аввало, содда китобхонни олиб кўрайлик. Ҳар биримиз ҳам дамба-дам ана шундай ўқувчи қиёфасида намоён бўлиб турамиз. Бундай китобхон, ҳиндулар ҳақидаги китобчани ўқиётган болакай ё граф аёл ҳаёти тўғрисида ҳикоя қилувчи романни мутолаа қилаётган оқсоч хотин ёки Шопенгауэрни ўрганишга киришган талаба бўла­дими, овқатни паққос туширадиган сертомоқ хўранда сингари, китобни «ютиб юборади». Бундай ўқувчи­нинг китобга бўлган муносабатини бир шахснинг иккинчи шахсга нисбатан муносабатидек, деб бўлмайди, балки аксинча, от сулига ё ҳаттоки от извошчига қандай муносабатда бўладиган бўлса, худди шундай дейиш мумкин: китоб етаклайди, китобхон эса унга эргашади. Китоб сюжет (асосий мазмун)и холисона, беғараз воқелик сифатида идрок қилинади. Сюжетнинг ўзи бўлса кошкийди! Бадиий адабиётнинг туппа-тузук билимга эга бўлган ва ҳатто шундай бир ашаддий ўқув­чилари ҳам борки, улар буткул содда китобхонлар синфига мансубдирлар. Гарчи улар сюжетнинг ўзи билангина кифояланиб қолмасаларда, романга унда қанча аза ёки қанча тўй тасвир этилганига қараб баҳо бермайдилар, шу билан бирга, муаллифнинг ўзинигина идрок этиб, китобнинг эстетик моҳиятини холисона қабул қиладилар. Улар асар муаллифи­нинг барча завқ-шавқ, қувончига ва илҳомига шерик бўладилар, унинг дунёқарашига буткул қўшилиб, муаллифнниг тасаввур маҳсули бўл­миш турлича маъно бериш ҳолатла­рини ҳеч бир эътирозсиз қабул қиладилар. Оддий одамларни асар сюжети, ундаги вазият, воқеа ва ҳаракатлар қизиқтирса, бундай ўткир ақл соҳиблари учун муаллиф маҳорати, тили, билими, маънавий савияси муҳим; улар бу­нинг барчасини қандайдир холисона воқелик сифатида, адабиётнинг сўнгги ва энг юксак бойлиги сифатида – Карл Май2 мухлиси бўлмиш навқирон ўқувчи унинг «Эски пайпоқ» асаридаги воқеаларни мавжуд воқелик сифатида қандай идрок этадиган бўлса, худди шундай қабул қиладилар.
Бундай содда китобхон мутолаага бўлган муносабатига кўра, умуман шахс ҳисобланмайди, балки ўзи билан ўзи андармон ўқувчи, холос. У романдаги воқеаларни ё уларнинг кескинлигига, хавф-хатарга тўла саргузаштлар, ишқий лавҳаларга бойлигига, тасвирнинг дабдабали ёки ожизлигига қараб баҳолайди ёки бунинг ўрнига, муаллифнинг ўзигагина баҳо бериб қўя қолади, яъни унинг муваффақиятларини шундай андаза билан ўлчайдики, бу меъёр ҳар доим пировардида одатга айланади. Бундай ўқувчи китоб умуман, ҳис қилиб, тушуниб ўқиш ва мазмуни ёки шаклига муносиб баҳо бериш учунгина яратилган деб ўйлайди, бунга шак-шубҳа қилмайди. Яъни китоб – нон ёки кўрпа-тўшакка ўхшаган нарса, деб ҳисоблайди.
Бироқ дунёдаги мавжуд барча нарсаларга нисбатан бўлганидек, китобга ҳам ўзгача муносабатда бўлиш мумкин. Инсон тарбиясига эмас, ўз табиатига амал қилди дегунча, болага айланади ва буюм, ашёларни ўйнай бошлайди; шунда нон ерости йўли қазилган тоққа, кўрпа-тўшак эса ғорга, қор босган боғ ёки далага айланади. Ана шундай болаларга хос соддаликдан ва мана шу ўйинчи даҳодан иккинчи турдаги китобхонга нимадир «юқади». Бундай ўқув­чи асар мазмуни ёки шаклини қанчалик қадрласа, унинг ҳақиқий, янада муҳимроқ қадр-қимматини ҳам шунчалик юқори баҳолайди. Бу китобхон болаларга ўхшаб, ҳар бир нарсанинг эҳтимол ўн ёки юз мазмун-моҳияти, аҳамияти ва қадр-қиммати борлигини яхши билади. Мазкур ўқувчи, масалан, ёзувчи ёки файласуфнинг воқеа-ҳодиса ҳамда нарсаларга нисбатан ўз баҳосини ўз-ўзига ёхуд китобхонга мажбуран қабул қилдиришга уринаётганини кузата бориб, жилмайиб қўйиши, муаллифнинг эркинлиги ва асоссизлиги бўлиб кўринаётган нарса аслида сусткашлигу мажбурлашдан бошқа нарса эмаслигини пайқаб олиши мумкин. Бу китобхон профессор-адабиётшунослар ва мунаққидларига кўпинча бутунлай номаълумлигича қоладиган жиҳатни: мазмун ва шаклнинг эркин танлови деган тутуриқсиз гапнинг мутлақо мавжуд эмаслигини ҳам яхши билади. Яъни адабиёт тарихчиси, Шиллер фалон йили фалон сюжетни танлаб олиб, уни беш туроқли ямб (вазн) орқали ифодалашга аҳд қилган, дейди. Китоб­хон эса на сюжет, на ямб шоирнинг эркин танловига сабаб бўлмаганини, унга роҳат бағишлаган ягона нарса – шоир сюжетни нима қилиши эмас, балки сюжет шоир билан нималар қила олиши мумкинлигига гувоҳ бўлиш истаги бўлганини яхши билади.
Шу хилдаги фикрга келганда, эстетик деб ата­ладиган қадриятлар деярли бутунлай ўз қимматини йўқотади ва айнан ҳар қандай хато, камчилик ва номукаммалликлар улкан жозибадорлик касб этиши мумкин. Чунки бундай китобхон ёзувчи кетидан извошчига эргашган отга ўхшаб эмас, балки ўлжанинг изига тушган овчидек боради ва поэтик эркинлик бўлиб кўринаётган нарса томон ногоҳ ташланган назар, шоирнинг сустлиги ва зўракилигини пайқаган нигоҳ, соз техника ҳамда нафис сўз санъатининг барча гўзалликларидан ҳам кўра кўпроқ завқ-шавқ, шодликка ноил бўлмоғи мумкин.
Яна йўлимизда давом этамиз ва учинчи – охирги типдаги китобхонга дуч келамиз. Шу ўринда яна бир бор таъкидлаймиз, ҳеч ким, ҳеч қайси биримиз у ёки бу тоифада муқим, абадий қолиб кетишга мажбур эмасмиз, зотан, ҳар биримиз бугун иккинчи, эртага учинчи, индин эса яна биринчи гуруҳга мансуб бўлмоғимиз ҳам мумкин. Шундай қилиб, энди ниҳоят, учинчи – сўнгги босқич ҳақида сўз юритамиз.
Учинчи турдаги китобхон зоҳиран «яхши» деб ном олган ўқувчининг бутунлай тескарисидир. Бу китобхон шу даражага етган шахски, у ҳеч кимга ўхшамайди. У – ўз мутолаа салтанатида мутлақ ҳокимдир. Китобдан у на маърифат излайди, на вақтичоғлик. Китобдан – бу ёруғ оламда қолган бошқа ҳар қандай нарса каби фақатгина бошланиш, йўналиш нуқтаси сифатида, истак, ният, майл сифатида фойдаланади. Унга аслида нима ўқишнинг фарқи йўқ. У бирор файласуфнинг асарини унга ишониб, таълимотини ўрга­ниб олмоқ ёки уни танқид қилиб, унга қарши ҳаракат қилмоқ учун ўқимайди, бирон-бир шоирни дунёнинг қандай яралганини тушунтириб бериши учун мутолаа қилмайди. Йўқ, у ҳамма нарсани ўзи тушунади, ўзи англай олади. У, таъбир жоиз бўлса, комил инсон. У ҳамма нарса билан ўйнаша олади – муайян бир нуқтаи назар, қараш, фикр, тасаввурдан бошлаб, ҳамма нарсани ўйинга айлантиришдан ҳам кўра фойда­лироқ ва самаралироқ бошқа ҳеч қандай нарсага ҳожат қолмайди. Агар бундай ўқувчи китобдан бирон-бир центенция, яъни ҳикматли сўз, доно гап, ҳикмат топиб олгудек бўлса, энг аввало, топилманинг авра-астарини ағдаради. У азал-азалдан биладики, ҳар қандай ҳақиқатни инкор этиш ҳам асл ҳақиқатдир. У маънавият соҳасидаги ҳар қандай фикр, қараш, нуқтаи назар қутб эканлигини ва унга қарама-қарши худди шундай зўр қутб ҳам мавжуд эканини азалдан яхши билади. У ёш болага ўхшаб, ассоциатив3 тафаккурни етарли даражада қадрлайди, бироқ у бошқа нарсаларни ҳам билади. Шундай қилиб, мазкур китобхон ёки тўғрироғи, шу гуруҳга мансуб бўлган ҳар биримиз ҳам дуч келган нарсани – роман, грамматика, йўл қатнови жадвали, босмахона шрифт(ҳарф)лари намуналарини ва бошқа ҳар қандай нарсани ўқийверишимиз мумкин. Фантазиямиз ва ассоциатив қобилиятимиз муносиб даражада бўлган пайтда ҳам биз барибир қоғоздаги битикларни ўқимаётган, лекин шу аснода ўқиганларимиздан бизга ёғилиб турган нурафшон ёғдулар, истак, ният ва майллар оқимида сузаётган бўламиз. Улар саҳифалар, матнлар бағридан, шу билан бирга, босма ҳарфлар терилган устунчалардан ҳам пайдо бўлишлари мумкин. Ҳаттоки, газетада босилган эълон ҳам янгилик бўла олади. Энг бахт-омадли, тантанавор фикр мутлақо жонсиз бўлган сўз замиридан келиб чиқса ҳам ажаб эмас, негаки ундаги ҳарфларни, худди мозаикага ўхшаб, дам бундоқ, дам ундоқ айлантириб кўравериш ҳам мумкин. Бундай ҳолатларда ҳатто Қизил Шапкача ҳақидаги эртакни қандайдир космогония4 ёки фалсафа ёхуд гўзал ишқий поэзия янглиғ мутолаа қилиш мумкин бўлади. Аллақан­дай сигара қутисидаги «Cолорадо мадуро» деган ёзувни шунчаки ўқиб, ушбу сўзлар, ҳарфлар ва товушлар ўйинига берилиб кетгач, илм, хотира ва тафаккурнинг юзта салтанати бўйлаб, юракдаги орзуга айланган олис саёҳатга отланмоқ ҳам мумкин.
Бироқ шу ўринда мутолаа ҳам шунақа бўла­дими? – дея мени ёзғиришлари табиий. Хўш, айтайлик, Гётени ўқиётиб, Гётенинг ният, мақсад, ўй ва фикрларини уқиш, идрок этиш ва чуқур англаш ўрнига ўзини гўё қандайдир эълонни ёки бўлмасам, тасодифий терилган ҳарфлар уюмини томоша қилаётгандек тутадиган одамни умуман, китобхон деб атаб бўладими? Мутолаанинг сўнгги – учинчи даражаси деб атаганимиз аслида китобхонликнинг энг паст, энг бачкана, энг варварларча тури эмасмикин мабодо? Бундай ўқувчидан Ҳёлдерлин5 мусиқаси, Ленау6 эҳтироси, Стендал иродаси, Шекс­пир теранлиги қаёққа ҳам қочиб қутула оларкин? Нимаям дердим, ёзғирган киши ҳақ. Учинчи тоифадаги китоб­хон – мутлақо китобхон эмас. Мазкур гуруҳда узоқ қолиб ке­тадиган одам охир-оқибат китоб ўқишни йиғиштириб қўйган бўларди. Бунга сабаб шуки, унинг учун гилам расми ёки девор, тўсиқ, ғовга терилган тошлар аъло ва мукаммал даражада тартиб берилган ҳарфлардан тузилган энг гўзал саҳифанинг ҳам ўрнини бемалол боса олади. Алифбо ҳарфлари битилган варақ унинг учун бирдан-бир, ягона китоб бўлиб қолиши ҳам мумкин эди.
Ҳа, шундай: мана шу охирги босқичдаги китобхон ортиқ китобхон эмас. Унга Гёте бир пул, Шекс­пир ҳам чикора. Ана шу сўнгги даражадаги китобхон энди умуман китоб ўқимайди. Ҳада, китоб унга не даркор? Ахир, бутун олам унинг ўзида мужассам эмасми?
Шундай қилиб, мана шу учинчи гуруҳда узоқ тўхтаб қолган одам ким бўлмасин, ортиқ китоб ўқимай қўйган бўларди. Аммо унда ҳеч ким узоқ туриб қолмайди. Шундай бўлса ҳам, ҳар ҳолда, кимки мана шу учинчи босқич билан таниш эмас экан – у ёмон, хом, ғўр, думбул китобхондир. Чунки у дунёнинг бутун поэзияси ва бутун фалсафаси унинг ўзида мужассам эканлигини билмайди, зеро, энг буюк шоир ҳам ҳар биримизда мавжуд бўлган ўша пинҳо­ний сарчашмадан улги олади, ахир. Ҳаётингда ақалли бир мартагина бўлса ҳам, майли, фақат бир кунга бўлса ҳам, мана шу учинчи – «мутолаасиз» босқичда бўлгин – ана кейин (ортингга енгил қай­тиб), мавжуд барча битикларнинг анча дуруст ўқув­чисига, тингловчисига ва шарҳловчисига айланасан. Шу босқичда ҳеч бўлмаса, атиги бир мартагина бўлиб кўргин, шунда сен учун йўл бўйида ётган тош ҳам Гёте ёки Толстой қадар маъно касб этади, сўнгра сен Гёте, Толстой ва бошқа барча ёзувчилардан беқиёс улкан маъно-мазмун, илга­ригидан ҳам кўра кўпроқ шира-шарбат ва асал оласан, ҳаётга ва ўз-ўзингга бўлган ишончинг янада ортади. Негаки, Гёте асарлари – бу Гёте эмас, Достоевский жилдлари – бу Достоевский эмас, бу – улар­нинг уринишлари, ўзлари марказида турган дунёнинг кўповозлилиги ва кўпмаънолилигини босиш, пасайтириш йўлидаги, ҳеч қачон охирига етиб бўлмайдиган умидсиз, тушкун уринишлари, холос.
Сайр қилиб юрган чоғингда, ақалли бир марта бўлсада, хаёлингга келган ўй-фикрлар занжирини тутиб қолишга уриниб кўр. Ёки – бундан ҳам кўра енгилроқ туюлган – тунда кўрганинг оддийгина тушни эслаб қол! Тушингда сенга кимдир аввал таёқ ўқталди, сўнг эса орден тутқазди. Хўш, бу ким бўлди экан? Зўр бериб эслашга ҳаракат қилаверасан, у бир дўстингга, бир отангга ўхшаш туюлади, лекин қандайдир бегона, ёт эканлиги билиниб туради, аёл кишига, синглингга, маҳбубангга ҳам ўхшаб кетади… У ўқталган таёқ тутқичи эса нимаси биландир сен ўқувчилик даврингда илк бор саёҳатга отланган кемадаги штокни7 эслатади. Ва шунда бирданига юз минглаб хотиралар қалқиб, юзага чиқади. Агар сен ана шу жўнгина тушни эслаб қолиб, мазмунини қисқача қилиб, стенография ёки алоҳида сўзлар билан ёзиб қўймоқчи бўлсанг, биласанми, то ўша орденга етиб боргунингча, бутун бошли китоб бўлади, бир эмас, балки иккита, эҳтимол ўнта бўлар. Гап бунда эмас. Чунки тушь – бу туйнук, у орқали сен бутун вужудинг ичидаги бор нарсани кўра оласан, ўша бор нарса – бутун дунёдан, сен туғилгандан то ҳозирги дақиқагача, Ҳомердан Ҳайнриҳ Маннгача, Япониядан тортиб, Гибралтаргача, Сириусдан то Ергача, Қизил Шапкачадан то Бергсонга8 қадар бўлган бутун дунёдан на катта, на кичик бўлмаган бир оламдир. Ва сен ўз тушингни айтиб, таъбирлаб беришга ҳаракат қилаётганинг тушинг ўраб, қамраб олган дунёга дахлдор бўлгани каби, муаллиф асари ҳам у айтмоқчи бўлган нарсага, фикрга, ғояга тааллуқлидир.
Гёте «Фауст»ининг иккинчи қисми устида олимлар ва дилетант (ҳаваскор)лар деярли юз йилдан бери баҳслашиб, тортишиб келадилар, бу эса бирталай бамаъни ва бемаъни, теран ва тутуриқсиз изоҳлар, шарҳлар, тушунтиришларнинг юзага келишига сабаб бўлган. Нима бўлгандаям, шуни айтиб ўтиш жоизки, ҳар қандай адабий асар замирида ўша сирли, сирт, юза остига яширинган, номсиз кўпмаънолилик мужассам бўлади, буни энг янги психология «рамзларнинг ўта детерминантлашуви» деб атайди. Усиз ҳам буни фикрнинг чексиз, ҳадсиз-ҳудуд­сиз, битмас-туганмас мукаммаллиги узра қисман бўлсада, пайқаб олмоқ учун, ҳар қандай ёзув­чи ёки мутафаккирни торгина доирада уқиб, идрок этасан, унинг муайян бир бўлагини яхлит, бир бутун ўрнида қабул қиласан, сирт, юзани сал-палгина қам­раб, ололмаётган изоҳ, тушунтиришларга батамом ишонасан.
Китобхоннинг мутолаа бобидаги ана шу уч босқич орасида гоҳ у ён, гоҳ бу ён кўчиб юриши мутлақо табиий бўлиб, бу ҳар қандай киши билан ҳар бир соҳада содир бўлиши, минглаб оралиқ даражалардан иборат бўлган ана шу уч босқични архитектура, рассомлик санъати, зоология, тарих ва бошқа исталган соҳада учратиш мумкин. Ва мана шу учинчи босқич ҳам ҳаммаёқда мавжуд, унда сен ҳаммадан ҳам кўра кўпроқ ўз-ўзинг билан тенглашасан, бироқ у ҳар ерда сендаги ўқувчини «йўқотиш» учун таҳдид қилади, адабиётнинг, санъатнинг айниши, дунё тарихининг бузилиши учун хавф-хатар туғдиради. Аммо шундай бўлса ҳам, ҳамонки сен мана шу босқични ўтамас экансан, китоб ўқишда, санъат ва илм ўрганишда грамматика ўқиётган оддий мактаб ўқувчисидан ҳеч қандай фарқинг қолмайди.

Немис тилидан Мирзаали Акбаров таржимаси

«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 10-сон