Ҳакима ал-Ҳарбий. Озодлик (ҳикоя)

У катта дарвоза олдида қаддини ростлади. Дарвозанинг икки томонида баҳайбат-баҳайбат икки киши турар, уларнинг важоҳати ниҳоятда ғазабли эди.
У қўлларини силтаб, бармоқларини ўйнатди, қўлларининг кишанбанд эмаслигига, орқасига қараб ўзининг озод эканлигига ва уни энди ҳеч ким ушлаб турмаётганлигига ишонч ҳосил қилишга уриниб кўрди. Сўнг олға қараб қадам ташлади. Унинг кўзлари бугунги ёруғ, озод қуёшнинг ёндирувчи нурлари билан тўқнашди.
Аввалгидан янада кучлироқ бўлган қуёш нурларини тўсиш учун қўлини пешонасига қўйди. Орқасидан машъум қўл чўзилиб келиб, томоғидан бўғиб, кундузсиз тунча, зимистонга қайтаришларидан қўрқиб, шамолга қарама-қарши жадал одимлади.
Озодлик севинчи ва ҳуррият қуёши қадрдон оиласи ва фарзандларини эсга солди. У ортга қарамас, олға, фақат олға одим ташлар эди.
Кўзлари ҳам надоматдан, ҳам чин озодлик севинчидан чақнар эди.

Араб тилидан Муртазо Сайдумаров таржимаси