Годердзи Чохели. Қарға можароси (ҳикоя)

– Фамилиянгиз!?
– Чохели.
– Исмингиз?
– Бутула…
– Касбингиз?
– Қишлоқ руҳонийси.
– Кимдан шикоят қилаяпсиз?
– Махарэ Шуглиаруи…дан.
– Хўш, шикоятингиз нимадан иборат?
– Шундан иборатки, сенга айтсам, улар менинг хусусий қарғамни ўзлариники қилиб олишди. Ўзларига оғдириб олишди-ю, қайтариб беришмаяпти, сенга айтсам… У энди бизники бўлди, дейишаяпти, сенга айтсам…
– Қанақасига сизнинг хусусий қарғангиз бўлади? Нима сиз мени калака қилаяпсизми?!
– У менинг қарғам эканини ҳамма билади: пичан ўргани борсам, орқамдан учиб боради. Ер ҳайдагани жўнасам, изимдан эргашади… Улар бўлса ўзларига оғдиришди…
–  Шошманг, шошманг… демак, сизнинг хусусий қарғангиз бор эди, шундайми? Ўша қарғани қанақа деб аташарди?
– Қарғаними?
– Ҳа, ҳа, қарғани.
– Ҳеч қанақа. Одамлар Бутуланинг қарғаси дейишарди.
– Демак, сиз қарғага ҳеч қанақа ном қўймагансиз… Ҳм, тушунарли.
– Нима тушунарли, ахир?
– Шуниси тушунарлики, сиз ўзингизга тегишли бўлмаган қарғани ўзлаштириб олгансиз, энди тушундингизми?
– Худо гувоҳ… Мен…
– Худони ўз холига қўйинг, бу ерда!
– Кечирасиз, оғзимдан чиқиб кетди… Мен..
– Фуқаро Бутула, қарға неча йилдан бери сизнинг хусусий мулкингиз эди?
– Тўққиз йилдан бери, муҳтарам ҳакам.
– Нега улар қарғангизни қайтариб беришмаяпти?
– У энди бизники бўлди, дейишаяпти.
– Қарғанинг ўзи-чи? Ўзи кимни маъқул кўраяпти?
– Уни алдаб ўзлариники қилиб олишди, муҳтарам ҳакам. Кундузи ҳам, кечаси ҳам унга дон сепишади. Шундай қилиб, қарға уларга ўрганиб қолган.
– Улар қарғани қанақа аташибди?
– Ҳеч қанақа.
Ҳакам кечгача қарғани аниқлаш масаласида Бутула билан овора бўлди. Бутула маҳкамадан чиққанида шу қадар ҳолдан тойган эдики, уйига зўрға етиб келди.
– Ҳакам нима деди. Қарғанинг нархини тўлайдиган бўлишдими ёки ўзини қайтаришадими? Бир нима десанг-чи?! Озғингга толқон солганмисан?– сўради хотини Бутуладан.
– Иккингиз ҳам айбдорсиз, деди.– Бўлган гап шу. Аввало, қарғани сен ўзингники қилиб олгансан, кейин, у ўзиники қилиб олган дейди. Қанақадир шум ниятинглар борга ўхшайди, деди.
– Пул-чи, пул? Нима, уларни тўлашга мажбур қилмайдими?
– Ҳамма бало мана шу пулда-да: ҳали юзталикни ўзинг санаб беришингга тўғри келмасайди, деди.
– Нега энди?
– Эртага, эрталабдан қишлоғингизга бораман, текшириш, ўтказаман. Баланд бир текис том устига, дейди, бир томонига сен дон сепасан, иккинчи томонига Махарэ. Ҳар бирингиз ўз сепган емишингиз ёнида турасиз. Мен, дейди, иккалангизнинг ўртангизда бўламан. Қарғани кутамиз. Агар қарға сен сепган донга келиб қўнса, Махарэ жарима тўлайди. Агар уникига қўнса, сен тўлайсан…
– Нима, эсингни едингми? Шунга рози бўлдингми, а? Ўтган авлиёлар байрамида бор-йўғи зўрға юз сўлкавой эҳсон йиғилганди, шуни ҳам жаримага тўламоқчимисан? Шундоқ ҳам аниқки, Махарэ сепган донга қўнади-да.
– У шундай деган бўлса, мен нима қилай?
Кейинги куни эрталабдан бутун қишлоқ аҳли Махарэнинг уйини халқа қилиб ўраб олди. Томнинг бир томонида Бутула, иккинчи томонида Махарэ турарди. Уларнинг орасида савлат тўкиб ҳакам турарди. Қишлоқдошларнинг бир қисми Бутулани, бошқалари Махарэни ҳимоя қиларди. Ҳал қилувчи гапни қарға айтиши керак эди. Узоқ кутишга тўғри келди. Қарға негадир кечикаётганди. Ҳакам, мени калака қилишаяпти, деб гумон қилиб, Бутула билан Махарэнинг ғазабнок юзига қаради-ю, хотиржам бўлди. Лекин ўзига алам қиларди, ахир шу ернинг ўзида икки юзни ишлаб қолиши мумкин эди-да.
Бирдан безовталаниб қолди. Ҳавода қарға кўриниб қолди. Булутлар остида бир доира ясади-да, оҳиста пастлай бошлади; томгача учиб келди-да, қанот қоқиб, тўппа-тўғри ҳакамнинг қалпоғига қўнди-ю, бир қағиллаб, чирс эткизиб оқ нажас ташлади-да, учиб кетди.
Махарэ билан Бутуланинг юраги қўйиб юборди: уларни жаримадан худонинг ўзи қутқарди.
Лекин ҳакам ушлаган ерини узмай қўймасди. У дарҳол ўзига келиб, Бутула билан Махарэга айбловчи хулоса чиқарди.
– Сизлар яшириб келаётган шум ниятларинг туфайли ўзингизга тегишли бўлмаган қарғани ҳаққингиз бўлмаган ҳолда ўзлаштириб олгансизлар-у, унга ҳеч қанақа ном қўймагансизлар ва бу ҳам етмагандек, уни адабсизликка ўргатгансизлар. Шу боисдан бир ҳафталик муддатдан сўнг ҳар бирингиз икки юз рубл миқдорида жарима тўлашга мажбурсизлар. Агар жарима тўлашдан бош тортсанглар, ишларинг судга оширилади.
Ҳакам қалпоғидан қарғанинг ахлатини артди-да, уни яна бошига кийиб, жўнаб қолди.
Махарэнинг боши қотди – куну тун ўйлар, иккиюз рублни қаердан топишни билмасди.
Бутуланинг ҳарҳолда умиди бор эди – яна икки кундан кейин қишлоқдагилар диний байрамни нишонлашади, балки тағин юз сўлкавой тушиб қолар. Шунда аввалгига қўшиб тўласа бўлади.
Лекин Бутула айтгандай бўлмади, байрамда одам кам бўлди, хайр-эҳсон жуда оз тушди.
Махарэнинг ҳам пул оладиган жойи йўқ эди. На қўшнилари, на қариндошлари қарға жаримасини тўлаши учун унга қарз бермадилар. Бурнининг тагида эшикни қарсиллатиб ёпиб: “Бор, қарғанинг думи тагини пойлаб тур, пул тушса йиғиб оласан”, деб тўнғилладилар.
Бир ҳафтадан сўнг, ҳакам уларни ҳузурига чақириб, уйларига юбормай қўйди.
Худонинг берган куни сўроқ қилиш учун қишлоқдан янги гувоҳ чақириларди. Қарғанинг шахсияти суриштириларди. Кўплар қайта сўроқ қилинарди. Ҳакамнинг кўзига иккинчи бор кўринишни ўзига эп кўрмаганлар бўлса, биринчи чақириқдаёқ унга пул қистирар, кейин эса қишлоққа қайтиб, ўзининг эпчиллигидан ғурурланиб, сўроқ бериш учун қатнайвериб чарчаган содда одамларга менсимай қарашарди.
Қишлоқ аҳли ташвишга тушди, жунбушга келди. Ҳаммаси бир бўлиб, бир амаллаб тўрт юз рубл йиғиб, вакиллар билан ҳакамга жўнатишди.
Ҳакам бармоқлари билан столни чертди-да, жирканибгина пулни стол қутисига ташлади. Буни кўриб турган вакилларнинг бор умидлари пучга чиқди.
– Агар ўша қарғани ушлаб, шахсан менга тирик ва зарар етказилмаган ҳолда келтириб бериш мажбуриятини олсанглар,– деди ҳакам,– илтимосларингиз қондирилади!
Қишлоқдаги каттадан-кичик – ҳамма қарғани тутишга киришдилар. Қўрқиб кетган ва қишлоқда камдан-кам кўринадиган қарға энди ҳеч кимнинг томига қўнмасди. Учиб келар, алоҳида ўсган дарахтга қўнар, бир қағиллаб қўяр ва яна учиб кетарди.
Уни ушлаб олиша олмади ҳам, ўлдира олишмади ҳам. Ҳакам тирик ва соғ-омон келтиришни буюрганди. Энди унга тегишга ҳам қўрқардилар: бутун қишлоққа жарима солмасин тағин.
Биринчи бўлиб Гамихарда гап очди.
– Нима, ҳакам Бутуланинг қарғаси қанақалигини эслаб ўтирибдими?
– Қаёқдан эслайди.
– Ундай бўлса, келинглар бошқасини ушлаймиз.
– Эслаб қолса-чи?
– Қаерда дейсан, ўшанда кўришгаям улгурмаганди – учиб келиб бошига қўнди-ю, яна учиб кетди.
– Анави иккови бу қарға бизники эмас деб, оғзидан гуллаб қўйсалар-чи? Унда ҳакамдан балога қоламиз-ку!
– Уларга одам юбориш керак. Биз қарғани алмаштирмоқчимиз, деб огоҳлантирсин, ҳакамга айтиб қўйишмасин тағин.
Бутула билан Махарэни огоҳланатириш учун одам юборишди.

Қишлоқ яқинидаги мевазор боғдаги ўз инида кекса бир қарға яшарди. Бир неча йиллардан бери ўша ерда бола очарди. Одамлар унга ўрганиб қолишган ва яшашига халақит беришмасди. Бу яхшилик учун қарға ҳам яхшилик билан жавоб қайтарди. Одамлар қарғанинг улар ҳовлисидан бирор жўжани олиб қочганини сира эсламасдилар.
Нима ҳам қилишарди. Ҳакамга шу қарғани олиб боришга қарор қилишди. Болаларга қариган нок дарахтига чиқиб, қарғани ушлашни буюришди.
Бечора қарға, одамларнинг бегуноҳлигига шунчалик кўниккан эдики, учиб кетишга уринмади ҳам. Уни олиб кетишгач, аёллар ўз одатлари бўйича уввос солишди:
– Оҳ, бечора қарғажон, о, шўрлик палапонлар.
– Э, нимасини айтасиз, қўшнижон. Етим бўлиб қолишди.
– Одамга қийин бўлди. Қарға уч юз йил умр кўради, дейишади. Унгача ҳакам ҳам ўлиб кетса керак, шунда қарғани қўйиб юборишар.
– Уч юз эмас, ўттиз йил.
– Йўғ-э, менга қара, сен нотўғри эшитгандирсан.
– Балки у ердагилар қарғанинг қанча яшашини билишмас, тирик ва соғлом олиб кел, деб буюришади. Қанча яшашини кутишмоқчи шекилли.
– Болалари-чи, онасиз ўлиб кетишади-ку.
– Эҳ, яйраб қолишади-да, қарғалар.
– Эҳ, нимасини айтасиз!
Қарға бўлса, уни олиб кетишаётганда хавф-хатарни сезди шекилли, қағиллаб қўйди.

Ҳакам ваъдасининг устидан чиқди, Бутула билан Махарэни озод қилди.
Чиқиб кетаётганларида Бутула орқасига қайтди ва ҳакамнинг қулоғига шивирлади:
– Фақат мени сотмагин… Улар сенга сохта қарғани тиқиштирди.
– Қанақасига сохта?– бақирди ҳакам ва ҳовлига югуриб чиқди.
– Ё менга ўша қарғани ушлаб тириклай олиб келасиз ёки судни алдаганларинг учун жарима тўлайсизлар!
Нима ҳам қилишарди. Одамлар хафа бўлиб қишлоққа қайтишди. Излаб ўша қарғани сира тополмадилар. Фақат афсусланишади:
– Қарға уч юз йил яшамаганида, ўша қуш алақачон ўлиб кетди дердик. Энди нима қиламиз?
Ҳалиям излаб юришибди.
Бутулага эса не қайғу, қартайиб бу дунёни тарк этди.