Ҳайнрих Бёлл. Чақирилмаган меҳмонлар (ҳикоя)

Умуман олиб қараганда, жониворларга қарши эмасман, аксинча: уларга муносабатим жуда яхши, мисол учун, кечқурунлари кучугимизнинг бошини силаш ёки мушугимизни тиззамга олиб эркалаш мен учун одатга айланган. Яна, олайлик, болалар хонанинг бир бурчагида тошбақани қандай қилиб озиқлантираётганини кўрсам ҳам хурсанд бўлиб кетаман. Ҳатто биз ваннада сақлайдиганимиз – кичкина бегемотча ҳам юрагимдан жой эгаллаган десам ёлғон бўлмайди. Бутун хоналаримиз бўйлаб эркин сайр қилиб юрадиган уй қуёнларини айтмай қўяверинг, уларнинг бу юришларидан аллақачонлароқ безовта бўлмай қўйганман. Булардан ташқари, кечалари тўсатдан пайдо бўладиган меҳмонлар – мунгли оҳангда чийиллаб келадиган жўжа ёки хотиним бошпана бериб сийлайдиган дайди итга дуч келиб қолишга ҳам ўрганиб қолганман. Хотиним ниҳоятда меҳрибон-да, ҳеч кимга – одамми, ҳайвонми – фарқи йўқ, бошпана керак бўлса рад этмайди, кечалари ўқиладиган дуосида қачонлардан бери такрорланиб келадиган сўзларни айтсам бунга ўзингиз ҳам ишонарсиз: “Оллоҳим, бизга ночор одамлар ва жониворларни ўзинг етказгайсан…”
Ачинарли ҳолат шундан иборатки, аёлим аллақайси фирма ё корхоналарнинг маҳсулотларини уйма-уй санқиб тарғиб қиладиган, кўчама-кўча савдо қиладиганларни ҳам тирсагидан итармайди, шунинг учун ҳам менинг ўйимча, уйимизда энг керакли деб ҳисобланмайдиган маҳсулотлар уюми ҳам кундан-кун бўй чўзаётир. Мисол учун, совун, чўтка, соқол оладиган пискалар, тўр учун жун кабиларни олинг, айниқса мени қутида қанақадир ҳисоб рақамлари-ю мажбуриятлар ҳақидаги ҳужжатларнинг тўпланаётгани кўпроқ безовта қилади. Ўғилларим ўқиши даври учун, қизларим эрга теккунига қадар суғурта қилинган, аммо, ўзингиз ўйланг, ахир уларни то имтиҳонлари тугагунча ёки то тўй куни келгунига қадар совун ёки тўр билан овқатлантира олмаймизку, ва ҳатто манави соқол оладиган пискалар ҳам инсон танаси учун ҳар доим ҳам фойдали эмас.
Мана кўрдингизми, худди мана шу ердан менинг енгилгина сабрсизлигим куртакланади, аслида мендек хотиржам ва бағри кенг одамни топиш қийин. Тез-тез ўзимнинг стол тагига бемалол ўрнашиб беғамлик билан сабзи кавшаётган қуёнчаларга ҳасад билан қараётганимни, ваннамизда пўпанак ёйиб ўтирган бегемотга қараб эса ўзимда унинг тилини суғуриб олиш иштиёқи пайдо бўлганини сезиб қоламан. Ҳатто матонат билан салат баргларини жиғилдонига жўнатаётган тошбақа ҳам менинг юрагимни қандай ташвишлар ўртаб турганини билмайди. Ахир одаммиз-ку, хушбўй кофе, тамаки, нон ва тухум, бир рюмка ароқ ютумидан сўнг танангда пайдо бўладиган инсоний меҳр билан чулғаб олинган оромбахш илиқлик истайди кўнгил. Биттагина тасаллим – кучугимиз Белло. У ҳам худди мен каби очликдан увиллайди. Шулардан ҳам кейин тағин чақирилмаган меҳмонлар –менга ўхшаб соқоллари ўсиб кетган замондошларимиз, болаларини кўтариб олган оналар кириб келса, демак болаларни иссиқ сут ва намланган сухари билан овқатлантириш лозимки, бундай пайтда мен бутун кучимни тўплаб чидам ва бардош билан хотиржамликни сақлашим лозим бўлади. Ва мен ўша хотиржамликни сақлайман, бошқа сақлайдиган нарсанинг ўзи қолмаган.
Шундай кунлар бўладики, эндигина қайнаб чиққан сап-сариқ картошкага тикилиб сўлакларим оқади, чунки мен қанча оғир бўлмасин, тан оламан ва қизариблар кетаманки, бизнинг ошхонамиз аллақачон одоб ва иззат сақланадиган ошхона мақомига сазовор бўлмай қолган. Турли ёввойи ҳайвонлар ва одам зотига тегишли меҳмонлар қуршовида вақт-бевақт мутлақо тасодифий ва ҳеч қандай тайёргарликсиз ҳолда овқатланиш тадбирларини уюштиришга мажбур бўламиз.
Бахтимизга хотиним узоқ муддатга бизга мутлақо керак бўлмайдиган матоҳларни сотиб олиш имконидан маҳрум, чунки бизнинг нақд пулимиз тугаган, менинг ҳисобимга тушадиган маблағлар ҳам номаълум муддатга кечиктирилган. Ўзим бўлсам, мени танимасликлари учун ташқи кўринишимни ўзгартириб, кечалари шаҳар атрофларини айланаман, одамларга писка, совун, тугма каби нарсаларни нархидан анча паст баҳога пуллайман, ахир аҳволимиз шуни тақозо қиляпти-да. Аммо шу нарсани таъкидлашим лозимки, ҳали уйда бир центнердан ортиқ совун, бир неча минг писка, кўп миқдорда турли-туман тугмалар бор, уйга ярим кеча ҳориб-чарчаб қайтарканман, мени болаларим, ҳайвонларимиз ва рафиқам кўзлари ёниб кутиб олишади, чунки йўлдан одатда нимадир – нон, кофе, олма, ёғ ёки картошка харид қилган бўламан, улар муштоқ бўлиб кутаётганидек, егулик билан келаман. Тун яримдан оққанда, бутун оиламиз – болаларим, ҳайвонларимиз ва хотиним билан қувонч онлари бўлмиш овқатланиш маросимига киришамиз. Хурсанд бўлган фарзандларимдан тортиб қувончдан кўзлари порлайдиган ҳайвонларимизгача мени ўраб олишади, рафиқам эса менга табассум билан боқади, бегемот ёлғизликдан ўксинмаслиги учун биз атайлаб ваннанинг эшигини очиб қўямиз, унинг мамнун хур-хурлаши эса бизга эшитилиб туради.
Одатда бундай пайтларда хотиним овқатланиб, асабларим бироз жойига тушиб хотиржам бўлиб олганимдан кейингина қазноққа яна бир қўшимча меҳмонни яшириб қўйганини тан олади. Қарабсизки аллақандай, бир журъатсиз, соқоллари ўсиб кетган эркаклар қўлларини ишқалаб дастурхонимизга келиб ўрнашишади, аёллар бўлса скамейкада ўтирган болаларимизнинг орасига сиқилишади ва анави додлаётган болачалари учун сут қайнатишга киришишади. Менинг жиним суймайдиган бошқа ёввойи ҳайвонлар ҳам худди мана шу услубда менга таништирилади: балиқчи қушлар, тулки, чўчқа, бир куни улар орасида ҳатто бир ўркачли туя боласи ҳам бор эди.
– Қарагин, ажойиблигини – хотинимнинг бу ундовли хитобидан кейин мен ҳам туянинг ажойиблигини тан олишимга тўғри келди, ва енгил, билинар-билинмас хавотир билан бу жонивор кўкимтир кўзлари билан менга зимдан қараб бутун важоҳати ва кучини жағига жамлаган кўйи озиқланаётганини кузатдим. Бахтни қаранг, туявой бизнинг хонадонда бор-йўғи бир ҳафтагина меҳмон бўлди холос. Бу пайтда менинг ишларим анча яхши бўлиб қолган эди: маҳсулотларимнинг юқори сифатлилиги ва нарх-навосининг пастлиги мени анча машҳур қилиб юборган ва мен оддий шароитда зарур бўлмаган нарсаларни ҳам сотишга муваффақ бўла бошладим, булар пойафзаллар учун иплар ва чўткалар эди. Бу бизнинг гўёки гуллаб яшнаётганимизнинг кўринишига ўхшарди ва хотиним иқтисодиётнинг қоидаларига тупуриб қўйиб мени ҳижолатга солувчи иборани ишлатди: “Биз юқорилаб кетяпмиз!”. Ахир мен ўз томонимдан совун заҳиралари тугаб бораётгани, пискалар сони қисқариб қолгани ва ҳатто, чўтка-ю тўрлар заҳираси ҳам қаноатланишга сабаб бўлмаслигини яққол кўриб турардим.
Руҳий қўллаб-қувватга муҳтож бўлиб юрган кунларимнинг бирида стол атрофида жимгина ўтирарканмиз, уйимиз бехосдан зилзила бўлаётгандек силкина бошлади, столнинг қимирлаганидан қондан тайёрланган колбаса бўлаги менинг ликопчамдан сирғалиб тушди. Мен сакраб турдим ва нима бўлаётганини билмоқчи бўлдим, болаларим эса кулгидан ўзларини зўрға тийиб туришарди.
– Бу ерда нима бўляпти ўзи? – саргузаштларга бой ҳаётимда илк бор ўзимни тутиб тура олмай бақириб юбордим.
– Вальтер, – деди оҳиста овозда хотиним санчқини қўяр экан, – бу ўзимизнинг Волло.
Хотиним ҳўнг-ҳўнг йиғларди, унинг кўз ёшлари олдида ожизман, ахир у менга еттита фарзанд туғиб берган.
– Қанақа Волло? – дея сўрадим ҳорғинлик билан. Бу пайтда уйимиз яна бир тебраниб олди.
– Волло бизнинг ертўламизда ўтирган фил, – деди кичкина қизим.
– Тўғрисини айта қолай, эсанкираб қолдим. Ўйлайманки, менинг бу довдираб қолганимни тушунишингиз қийин бўлмайди. Шу пайтгача туядан йирик бўлган жониворларга бошпана бермаганмиз, шу боисдан фил учун бизнинг хонадонимиз анчагина кичиклик қилади, чунки давлат томонидан қуриладиган уй-жой бизга насиб этгани йўқ.
– Рафиқам ва фарзандларим ҳеч нарса бўлмагандек инқирозга учраган цирк хўжайини ўз филини бизнинг уйимизда сақлашга қарор қилганини менга тушунтира кетишди. Фил биз одатда кўмир туширадиган тарнов орқали хотиржамлик билан ертўлага тушибди.
– У коптокка ўхшаб юмалоқ бўлиб олди, – деди катта ўғлим. – Шунақа ақлли эканки…
Албатта, мен ҳам филнинг ақлий салоҳиятига шубҳа қилганим йўқ ва унинг борлигига ҳам кўндим ва мени тантанавор ҳолатда ертўлага бошладилар. Фил унча катта эмас экан, у қулоқларини қоқиб турарди, нафсиламбрини айтганда, унга емиш сифатида бир уюм сомон ажратишганидан бўлса керак, бу туришидан мамнунлиги кўриниб турарди.
– Ростдан ҳам ажойиб, тўғрими? – сўради хотиним, бироқ мен бунга жавоб беришни лозим топмадим. “Ажойиб” деган сўз менинг наздимда, фил учун мутлақо тўғри келмас эди. Умуман, оиладошларим менинг бу янгиликни завқ-шавққа тўлиб қаршиламаганимдан таассуфда эди албатта. Ертўладан чиқарканмиз, рафиқам ҳатто менга дакки ҳам берди:
– Қанчалар пасткашлик? Наҳотки, боёқиш жониворнинг арзон гаров сотилиб кетишини истасанг?
– Пасткашлик, арзон-гаров деган гапларнинг нима алоқаси бор? Ким ошди савдоси орқали сотилиши лозим бўлган нарсаларни яшириш ноқонуний ҳисобланади.
– Менга барибир, дея жаврашда давом этди хотиним, – жониворни сақлаб қолишимиз шарт.
Ярим кечаси тортинчоқлиги кўриниб турган, қоп-қора сочли цирк эгаси бизни уйғотди. У яна бир ёввойи ҳайвонга бошпана бера олиш ёки олмаслигимизни билгани келган экан.
– Бу менинг энг охирги бойлигим, сўнгги мулким. Бор-йўғи бир кечага. Айтганча, фил қандай яшаяпти?
– Яхши, – деди рафиқам, – фақат унинг ошқозони мени безовта қиляпти.
–  – Бу табиий, – жавоб берди меҳмон. – Шароит ўзгариши билан боғлиқ ҳолат бу. Ёввойи ҳайвонлар шунақа таъсирчан бўлишади. Нима қилдик, менинг мушугимни бир кечага оласизларми?
У менга қараб турарди, хотиним биқинимга туртиб деди:
– Бунақа шафқатсиз бўлмасанг-чи…
– Шафқатсиз? – такрорладим мен. – Яхши, мен раҳмдил бўлишга ҳаракат қиламан, марҳамат, мушукни ошхонага жойлаштиришинг мумкин.
– У ҳозир кўчада, машинада, – деди цирк хўжайини.
Мушукнинг кейинги тақдирини хотинимга топшириб тўшакка қайтдим. Рафиқам ранги сўлиб, ҳатто бироз қалтираган кўйи қайтиб келди.
– Совуқ қотдингми?- дея сўрадим.
– Ҳа, – деди у жавобан, – негадир жунжикиб кетяпман.
– Бу чарчаганингдан бўлса керак.
– Балки шундайдир, – дея менга ғалати қараш қилди.
Тун осуда ўтди. Аммо тушимда ҳам хотинимнинг ўша ғалати қарашини кўрдим ва нимагадир одатдагидан барвақт ўрнимдан турдим. Шунда мен умримда илк бор соқолимни олишга қарор қилдим. Ошхонадаги стол тагида ўртача катталикдаги шер ётарди: у бамайлихотир ухлар, фақат думининг учи сал-сал қимирлаб худди тўп ўйнаётгандек енгил дукирлаб қўярди.
Мен имкон қадар шовқин солмасликка интилиб юзларимни оҳиста совунладим, бироқ юзимни ўнгга буриб чап лунжимни қиртишлашга киришарканман, шер кўзларини очиб мени кузатиб турганини кўрдим. У нимани ўйлаётганини билмайман, бироқ у мени кузатиб турибди, мен эса соқолимни олишда давом этяпман ва ҳатто бирон жойимни кесиб ҳам олмадим, бироқ шуни таъкидлашни истардимки, шернинг гувоҳлигида соқол олиш ғайриоддий таассурот уйғотар экан. Йиртқич ҳайвонлар билан муомалага киришиш борасида тажрибам ниҳоятда оз бўлгани боис шернинг кўзларига тикилиб қарадим, юзимни артдим ва шундан сўнг ётоқхонага қайтиш билан чегараландим. Хотиним уйғонган ва менга нимадир демоққа чоғланиб бошлаган эди, унинг оғзини очишига йўл бермай бақирдим:
– Яна нима демоқчисан ўзи?
Шунда рафиқам йиғлаб юборди, ва мен, унинг сочларини силарканман, энди мулойим овозда дедим:
-Ўзинг ўйлаб кўр, ахир бу бироз ғалати эмасми?
– Сенингча, нима ғалати эмас? – деди йиғи аралаш у, мен унга нима деб жавоб беришни билмасдим.
Бу орада қуёнлар уйғониб қолишди, ваннада болалар бир ёқдан, кейин бегемотимиз, уни Готлиб деб атардик, унинг шовқини эшитилди, Белло ҳам уйғониш сари ҳаракатга тушган, фақатгина тошбақа ҳамон уйқуда эди, умуман, у ҳамма вақт ухларди.
Мен қуёнларни ошхонага олиб тушдим, шкаф тагида уларнинг озуқаси кутарди, – қуёнлар шерни ҳидлаб ўтишди, шер эса уларни, болалар эса – улар анча эпчил ва дадил, йиртқич жониворлар билан тил топишиб кетганидан аллақачон ошхонада эдилар. Назаримда, шер ҳам менга кулиб турарди, буни кўрган учинчи ўғлим дарров жониворга ном топган бўлди: Бомбилиус. Уни шундай аташга қарор қилдик.
Бир неча кундан сўнг шер билан филни олиб кетишди. Шуни қайд этишим жоизки, фил билан хайрлашарканман, бундан хафа бўлмадим, чунки у назаримда бироз бафаҳмроқ эди, бемалолхўжа ва мулойим шер эса юрагимдан жой олганди, Бомбилиуснинг бизни тарк этишидан анчагина хафа бўлдим. Мен унга ўрганиб қолган эканман, у менинг қалбимдан ўрин олган ҳайвонларнинг биринчиси эди.

1954

Ҳусан Эрматов таржимаси