Габриэль Гарсия Маркес. Маъюс ҳикоя

У якшанба куни шунақа зерикдики, охир-оқибат биронта қиз билан танишишга аҳд қилди. Газета таҳририятига борди ва эълонлар бўлимига қуйидагича мазмундаги хат қолдирди:
“Ёш йигит, йигирма уч ёшда, бўйи-басти юз етмиш сантиметрдан баланд! Ўзи тенги қиз билан танишишни истайди. Ягона нуқсони: якшанба куни жуда зерикади”.
Йигит уч кун сабр қилди. Шу кунларнинг бирида, яъни якшанбада уч соат муттасил кўчада изғиди, кўча бурчагида ўтган-кетганларга анграйиб тураверди ва ҳаттоки ўз жонига суиқасд қилиш каби ўй-хаёллар ичида юрди. Аммо, сешанба куни унга хат келди. Мактуб ёзган қиз, ўзининг юмшоқ феъл-атвори ва руҳияти ҳақида, йигитнинг табиатини ўзи учун жуда мос экани ва у сингари диққинафас якшанба кунидан қўрқиши тўғрисида ёзган эди. У тушундики, шу қиз айнан ўзи истаган хилидан.
Шу заҳотиёқ у қизга жавоб ёзди. Кейинги сафар қиз ўз фотосуратини конвертга солиб, йигитга юборди. Жума куни, ёқимсиз якшанба яқинлашиб, қўрқинчли арвоҳ каби юрагига ваҳима сола бошлаганида, улар учрашув кунини белгилашди.
Қаҳвахонада! Айнан яқинлашаётган якшанба кунида бўлади биринчи учрашув!
Йигит илк учрашувга сочларини тараб, ўзининг энг яхши костюмини кийиб, шанбада харид қилган журнали билан аниқ вақтида етиб борди. Қиз эса қаҳвахонанинг тўрида, хавотирланиб уни кутиб ўтирарди. Йигит қизни суратидан таниди, ва албатта қиз ҳам эшикка ўзгача иштиёқ билан тикилиб ўтирганди столда.
– Hola!* – деди йигит. Қиз табассум қилди. Кўришиш учун қўл узатиб: “Қани-и-и, бу ёққа” деб жой кўрсатди. Йигит ўтиргач, лимонад буюртма берди. Қиз эса музқаймоқ хоҳлаётганини айтди. Официант столдан узоқлашиши билан:
– Келганингга анча бўлдими? – деб сўради у. Қиз:
– Унчамас…беш дақиқадан ошмади – деб жавоб қилди. Официант шу пайт лимонад шишасини келтириб қўйди. Йигит айбдорларча жилмайиб қўйгач, лимонадни эринчоқлик билан қуйди. Баҳонада қизга яхшилаб разм солиб олди. Қиз тағин кулди ва сокин хиринглади:
– Хи-хи-хи…
Қизнинг кулиши ғалатироқ экан, деб ўйлади йигит.
– Сенга журнал олиб келдим – деди ўйчанроқ тарзда.
Қиз қўлига олиб, варақлай бошлади. Варақлайверди, варақлайверди, бу орада йигит заранг қотиб қолган сукунат мобайнида егулик еб тугатди. Сўнгра девордаги соатга боқди ва ҳайратланиб:
– И-е, буни қара!! Дарров икки бўлибди-я – деб хитоб қилди. Кейин: – Хўш, кетамизми? дея қўшимча қилди. Қиз розилик оҳангида бошини қимирлатди.
Кўча бўйлаб, оғизларига “мум” солгандек жим кетдилар. Анчагина йўл юрганларидан кейин қиз сўради:
– Сен якшанба кунлари ҳар доим зерикасанми? Йигит тасдиқлади:
– Ҳа-ҳа… албатта. Қиз жавобан:
– Наҳотки? Ўҳшашликни қара. Мендаям шунақа бўлади, – деди. Йигит тиржайиб:
– Ҳа, майлида, бугун об-ҳаво яхшироқ, – деб таъкидлаб қўйди. Қиз яна ғалати қилиғини қилди:
– Хи-хи-хи, декабрь яқинлашиб қолди-ку.
Соат тўрт яримларда атайин жимжитлик ўйинини ўйнагандек, атиги 20 га яқин сўзни ишлатиб, кинотеатр ёнига келиб қолишди.
– Кирамизми? – таклиф этди йигит. Қиз ҳам: “Кетдик” деди. Залга кирдилар. Йигит билет олгунича қиз миқ этмай тураверди. Йигит қайтиб келгач эса:
– Сенга охирги қаторда ўтириш ёқадими? – деб сўради ундан. Йигит ёқтиришини англатди. Лекин фильм жудаям зерикарли экан ва йигит олдинги қатордаги ўриндиққа оёғини тиқиб, уйқуга кетди. Қиз эса 15-20 дақиқа тетик ўтира олди. Бироқ у ҳам кетма-кет эснай бошлагач, ноилож ўриндиққа қулай ўрнашди ва оқибат, у ҳам ухлаб қолди.

Русчадан Темур Тангриберганов таржимаси
____________
*Hola – испанча салом дегани


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!