Габриэль Гарсиа Маркес. Бальтасар ҳаётидаги унутилмас кун (ҳикоя)

Қафас тайёр бўлгач, Бальтасар одати бўйича уни кўчага қараган айвонга илиб-қўйди. Кўнгли жойига тушиб, эрталабки нонуштага ўтирди. Бежирим ишланган қафас ўтган-кетганнинг диққатини ўзига тортди, тез орада Бальтасарнинг уйи рўпарасида одамлар тўпланишди. Йиғилганларнинг қафасни кўкларга кўтариб мақташаётганини эшитган Бальтасар уни олди-да, устахонасига олиб кириб қўйди.
— Соқолингни олмайсанми? — деди унга Урсула. — Назаримда гўрдан чиққанларга ўхшаб қолибсан…
— Қорин тўйгандан сўнг соқол олиш мушкул-да, — деди эринчоқлик билан Бальтасар.
Юзида болаларча алдамчи қўрқув аломати сезилиб турган, икки ҳафталик соқоли билан, кичиккина ва айни пайтда хачир думига ўхшатиб ўрилган дағал сочи елкасига осилиб тушган Бальтасар февралда ўттизга кирди. Урсула билан тўрт йилдан бери никоҳсиз яшаяпти, фарзандлари ҳам йўқ. Ҳаёт Бальтасарни қўрқоқ эмас, эҳтиёткор қилиб қўйган эди. Шу кеча энг чиройли ва бежирим қилиб ясаган қафаси кимга насиб бўлишини, билмасди ҳам. Болалигидан қушлар ва бошқа жониворларга қафас ясашга ўрганиб қолган Бальтасар учун охирги иши аввалгиларидан бир оз қийин бўлди, холос.
— …Унда дамингни олақол. Туни билан мижжа қоққанинг йўқ, — деди аёл. — Шу аҳволда одамларга кўринмаганинг маъқул.
У итоаткорона гамак*ка ётди, қафасни Пепега кўрсатиш кераклиги ҳақида ўйлади. Сўнгра эса дон Хосу Монтьелнинг қафас учун унга билдираётган миннатдорчилигини хаёлан кўз олдига келтирди, шу кўйи уйқуга кетди.
Эрининг дурадгорликни бир чеккага йиғиштириб қўйиб, икки ҳафтадан бери арзимаган қафас ясаш билан кунини ўтказиши, устига-устак кечалари чала ухлаб, тушларида ҳам вайсаб чиқишлари, соқол олиш эсига келмагани — ҳамма-ҳаммаси Урсуланинг энсасини қотирган эди. Лекин тайёр бўлган қафасни кўрди-ю, ҳангу манг бўлиб қолди. Бальтасар уйғониб қолмасидан, Урсула кўйлак-шимига дазмол босиб, гамак ёнидаги стулга илиб қўйди ва устахонага кириб, қафасни кўтариб чиқди. Уни столнинг ўртасига қўйиб, анчагача томоша қилди.
— Қафас учун қанча сўрайсан? — деди у Бальтасар уйғонганида.
— Қайдам, — жавоб қайтарди Бальтасар. — Ўттиз песо сўрайман, балки йигирма песо тўлашар.
— Эллик песо сўра, — деди Урсула. — Икки ҳафтадан буён тиним билмайсан, ундан кейин қафас ҳам шу нархга арзийди-да…
Бальтасар соқол олишга кириша туриб, хотинига гап қотди:
— Эллик песо тўлашади, деб ўйлайсанми?!
— Дон Хосе Монтьел учун арзимаган пул. Қафас бўлса чакки эмас, — деди хотини. — Олтмиш песо сўрасанг ҳам арзийди.
Улар яшайдиган уй ярим қоронғи, бунинг устига дим эди. Бальтасар кийиниб бўлиб, ҳаво алмашсин учун патио эшигини ланг очиб юборди. Улар хонадонига қафас дарагини эшитган болалар югургилаб киришди. Бальтасар ўзида йўқ хурсанд эди.
Янгилик аллақачон қанот ёйганди. Ўз ҳаётидан мамнун, бироқ касби анча толиқтирган кекса табиб Октавио Хиральдо бир неча йилдан бери бемор хотини ёнида нонушта қиларкан, Бальтасарнинг янги қафаси ҳақида ўйга толди. Иссиқ кунларда эр-хотин хиральдолар уйларининг орқа томонидаги ана шу айвончага кириб олиб, туваклардаги анвойи гулларга ва иккита қафасчадаги сайроқи тўтиларга тикилганча, узоқ ўтиришарди. Табибнинг хотини тўтиларни севарди, шундай севардики, уларга ҳамла қилиши мумкин бўлган жонзот — мушукни кўрарга кўзи йўқ эди.
Табибни бир беморникига чақириб кетишди. Октавио Хиральдо у ердан қайтаётганида янги қафасни кўриш ва унга маъқул тушиб қолгудек бўлса, бемор хотинига совға қилиш иштиёқида Бальтасар яшайдиган кўчага бурилди. Бальтасарнинг хонадони гавжум эди. Хонанинг ўртасидаги стол устида симдан ясалган, уч қаватли, гумбазсимон қафас ўзини кўз-кўз қилиб турарди. Кичиккина эшикчалари-ю, овқатланиш ва ухлаш бўлмалари ҳамда қушларнинг дам олишлари ҳисобга олинган ҳолда тўртбурчак шаклида ўрнатилган ёғочлар борми — ҳамма-ҳаммасини кузатган киши бу ерда гўё муз ишлаб чиқарадиган улкан фабрика макетини кўраётгандай бўларди.
Октавио Хиральдо қафасга яқин келиб, диққат билан кузатди. Ҳақиқатдан қафас эшитган мақтовларидан ҳам аъло даражада ясалганига иқрор бўлди ва беозор хотинининг маҳзун чеҳраси кўз олдидан ўтди.
— Ижодий хаёлотнинг жасорати-ку, ахир, бу нарса! — деди-да, кўпчиликнинг орасидан Бальтасарни қидирган бўлди. — Сендан машҳур меъмор чиқиши мумкин эди, эсиз…
Бальтасар табибнинг баҳосидан ўнғайсизланди, юзи ловиллади.
— Раҳмат, — деди эшитилар-эшитилмас.
— Ҳа, рост айтаяпман, — деди табиб. У кексайиб қолган бўлса-да, тўлагина аёллардек текис ва нозик семирган, қўллари ҳам нафис эди. Унинг овози лотинда сўзловчи авлиёларникидай жарангдор эди: — Бунинг ичига қушларни солмаса ҳам бўлади, — дея ҳайратомуз тарзда қафасни қўлига олиб, тепароқ кўтарди. — Уни дарахт шохига илиб қўй: ўзиёқ сайраб беради сенга…
Табиб қафасни авайлаб жойига қўйди. Бир сония ўйлаб турди-да:
— Бўпти, мен оламан, — деди.
— Қафас аллақачон сотилган, — афсусланган кўйи жавоб қайтарди Урсула.
— Дон Хосе Монтьелнинг ўғлига, — тушунтирди Бальтасар, — у шу қафасни буюртганди.
Табибнинг юзидан қон қочди.
— Нима, у сенга андазасини чизиб берганмиди, мана шундай бўлсин деб?..
— Йўқ, шунчаки иккита зарғалдоқ сиғадиган катта қафас керак, деганди.
— Бу қафас зарғалдоққа увол, — табиб шундай дея яна бир бор қафасни кўздан кечирди. — Ҳа зарғалдоққа увол.
— Ўшанга, доктор, — деди Бальтасар унга яқинроқ келиб. Уларнинг атрофини болалар ўраб олишди. — Ҳаммаси ҳисобга олинган, — деди-да, қафас қисмларини тушунтира кетди. Бармоқлари билан гумбазни бир-икки чертди, қафасдан турли товуш таралди. — Симларини кўринг, бундайи топилмайди, ундан кейин, ҳар бири ички ва ташқи томонларидан маҳкамланган, — деди ўз меҳнатини мақтаб.
— Маймунга ҳам чидайди-ёв, — гап қўшди кимдир.
— Жуда тўғри, — тасдиқлади Бальтасар. — Маймун ҳам сиғаверади.
Табиб норози оҳангда бош қимирлатди.
— Хўп, майли, лекин у сенга андозасини бермаган-ку! Кейин, зарғалдоқ учун катта қафас бўлиши шарт, деб қатъий айтмагандир ҳам. Тўғрими?
— Тўғри, — жавоб қайтарди Бальтасар.
— Унда ҳаммаси равшан, — деди табиб. — Зарғалдоқ учун катта қафас керак, дегани бошқа гап. Буюрилган қафас айнан шу эканини ким исботлайди?
— Ана, Урсула, — деди Бальтасар ҳижолат чекиб. — Пепега айтиб қўйганман-да, ахир, қафас ясаб бераман деб.
Октавио Хиральдо ачинганнамо елка қисди.
— Бошқасини ясаб берақол, — деди Урсула эрига диққат билан тикиларкан, сўнгра табибга қаради: — Сизга шошилинч эмас-ку, а, дон Октавио?
— Тўғрику-я, лекин бугун олиб келаман, деб хотинимни ишонтириб қўйгандим…
— Сизни тушуняпман, доктор, — деди дурадгор, — лекин бировга сотиб қўйилган нарсани қандай қилиб… бериб юборай?
Октавио Хиральдо елка қисди. Терга ботган бўйнини дастрўмоли билан артди-да, яна кафас ёнига яқин борди. Узоқдаги кемага тикилгандек, унинг ҳеч ким илгамас нуқтасига анчагача қараб қолди.
— Қанча тўлашди? — сўради Бальтасарга қарамасдан.
Бальтасар жавоб қайтаролмади, нигоҳи билан Урсулани қидирди.
— Олтмиш песо, — деди аёл.
Табиб ҳамон қафасдан кўз узмасди.
— Жуда чиройли, — оғир тин олди у. — Ажабланарли даражада чиройли.
У шундай деб дастрўмолини ҳилпиратди. Сохта табассум билан эшик томон юрди. Айни шу дақиқаларда Октавио Хиральдо бир умр эсдан чиқмайдиган аҳволда эди.
— Монтьел жуда бой, — деди у кетатуриб.
Ҳақиқатда эса Хосе Монтьел у даражада бой эмасди. Янада бойиши учун барча пасткашликларга тайёр шахс эди, холос. Бальтасарникидан бир неча кўча наридаги данғиллама уйда ўзига тўқ, пичоғи мой устида турган, ҳеч нима сотиб олиши унча шарт ҳам бўлмаган (сотиб олавермайди ҳам), Бальтасарнинг янги ясаган қафаси ҳақидаги кўпчиликнинг ҳикояларига мутлақо бефарқ қараган шахс хотиржам ҳаёт кечирарди. Тушликдан сўнг, унинг хотини барча дераза ва эшикларни беркитиб олиб, нимқоронғи хонада, икки соатлар чамаси, кўзи очиқ ҳолда ўлими ҳақидаги ваҳималарга берилавериб азобланиб кетган дамда, Хосе Монтьел қўшни хонада ширин пинакка кетганди. У шовқин-сурондан уйғониб кетди, деразадан кўчага мўралади. Уйининг қаршисида бир тўда одамни кўрди, улар орасидаги оқ кўйлак, оқ шим кийиб олган, соқоли ҳам қиртишлаб олинган Бальтасарни таниди. У қўлида қафас ушлаб турар, юзидан камбағалларга хос самимий табассум аримасди.
— Бу мўъжиза-ку, ахир, — Монтьелнинг хотини дурадгорни ичкарига бошлаб кираркан, ҳайратини яширолмади.
— Пепе уйдами? —деди Бальтасар қафасни столга қўятуриб.
— Ҳали мактабдан келгани йўқ, — жавоб қайтарди Хосе Монтьелнинг хотини. — Билмадим, нега ҳаяллади экан? — сўнг қўшиб қўйди: — Монтьел ювиняпти.
Ҳақиқатда эса Хосе Монтьелнинг ювинишга вақти йўқ эди. У камфарага спирт қўшиб тезда артинди-да, меҳмонхонада нима бўлаётганини билишга ошиқди. У ниҳоятда эҳтиёткор шахс эди. Ҳатто ухлаётганида электр вентиляторни ҳам ўчириб қўярди, гўё туш кўраётганида уйидаги барча шовқинни ва шитир-шитирни эшитиб ётиши шарт эмиш.
— Аделаида! — қичқирди у. — Тинчликми?.,
— Буёққа чиқ. Қара, қандай ажойиб қафас!     — дея     ҳаяжонини яширолмай чақирди хотини.
Қорувли, кўкракларини юнг босган Хосе Монтьел елкасига сочиғини ташлаганча, ётоқхона деразасидан мўралади:
— Қанақа қафас?
— Пепе учун, — жавоб қилди Бальтасар.
Ҳеч қандай воқеа содир бўлгани йўқ, фақатгина Бальтасарнинг олдида ҳаммомнинг эшиги очилгандек бўлди. Хосе Монтьел ётоқхонадан узун, ўзига ярашмаган иштонда чиқди.
— Пепе! — ўшқирди у. — Ярамас! Қани ўзи?
— Ҳали келгани йўқ, — турган еридан жавоб қайтарди Аделаида хоним.
Остонада Пепе кўринди. Ўн икки ёшдаги бу бола хам худди онасиники каби узун киприкли, юз тузилиши ҳам уникидек думалоққина ва айни пайтда касалманд кўринарди.
— Буёққа кел, — чақирди дадаси. — Қафас буюртганмидинг?
Бола бошини хам қилди. Хосе Монтьел ўғлнинг жингалак сочидан чангаллади-да, ўзига қаратди:
— Жавоб бер, сенга айтяпман!
Бола индамай лабини тишлади.
— Монтьел… — шипшиди хотини.
Хосе Монтьел қўлини олиб, тоқатсизланиб Бальтасарга ўгирилди.
— Чатоқ бўлибди-да, Бальтасар, — деди у. — Ишга киришишдан илгари мен билан маслаҳатлашишинг керак эди. Шу мишиқи билан гаплашибсан-да.
У гапираркан, чап ва ўнг кўзи учар, юзидаги хотиржамлик аломати йўқолганди. Қафасга қиё боқмай, уни столдан олиб, Бальтасарнинг қўлига тутқазди.
Бола тош қотган эди. Ниҳоят, қўлида қафас ушлаб турган Бальтасар унга ўнғайсизланиб боқди. Тўсатдан Пепе кучук боласидай хириллади-ю, ўзини полга отиб, чинқиришга тушди.
Ота уни тинчлантиришга уринаётган хотинига бефарқ тикилди.
— Турғизма уни, — деди. — Бошини ёриб кўрсин-чи, кейин туз сепилган лимон бос. Ана ўшанда билади қутуришнинг оқибатини.
Бола йиғидан тўхтади. Онаси уни турғазишга ҳаракат қилди.
— Қўявер, ётаверсин, — қайтарди яна Монтьел.
Бальтасар болага ўлим талвасасида ётган қутурган ҳайвонга қарагандек боқди. Соат тўртга яқинлашганди. Шу дақиқаларда уйида Урсула пиёз артатуриб, жуда эски, аммо ёқимли қўшиқни хиргойи қилаётгани аниқ эди.
У болага яқинлашди-да, кулумсираб, қафасни унга тутқизди. Пепе худди ўзидай келадиган қафасни икки қўллаб қучоқлаб олди ва унинг симлари орасидан Бальтасарга Нима дейишини ҳам билмай, узоқ қараб турди. Кўз ёшларини кафти билан артди.
— Сенда қолаверсин, — деди Бальтасар ва Хосе Монтьелга мурожаат қилди: — Тушунинг, ахир, қафас Пепе учун ясалган.
Бальтасар эшик томон юрди. Хосе Монтьел эса унинг кетидан ошиқди:
— Жиннилик қилма, Бальтасар,— деди йўлини тўсиб,— кўтар матоҳингни. Бари бир бир сент ҳам тўламайман…
— Шарт эмас, — деди дурадгор, — мен уни Пепега совға қилиш учун ясаганман. Пул олишни ўйлаганим ҳам йўқ.
Дурадгор эшик остонасидаги тўдага яқинлашганда, меҳмонхона ўртасида турган дон Хосе Монтьел сўкинганча қолаверди. У жуда рангсиз, кўзлари эса қонга тўлганди.
— Аҳмоқ! — деб қичқирди у. — Кўтар лаш-лушингни!
…Бильярдхонада Бальтасар шод-хуррамлик билан кутиб олинди. У ўзи қилган ишдан мамнун эди. Пепега совға қилиниши керак бўлган энг чиройли қафас, ҳа, оламдаги энг чиройли қафас эгасига топширилди.
— Шундай қилиб, қафас учун эллик песо тўлашди дегин?
— Олтмиш песо, — жавоб қайтарди Бальтасар.
— Бир ис чиқариб юборишинг керак, — деди кимдир. — Сен дон Чепе Монтьелдан пул ундирган ягона кишисан. Буни ювмасак бўлмайди.
Унга бир кружка пиво келтиришди, ўз навбатида Бальтасар ҳам атрофидагилар учун пиво буюрди. У ҳаётида биринчи марта ичаётгани туфайли кечга яқин маст бўлиб қолди ва ғаройиб лойиҳа ҳақида сўз очди: ҳар бири олтмиш песодан бўлган мингта қафас, кейин эса олтмиш миллион песо бўлиши учун миллионта қафас… «Ҳа, ҳа, бойлар ўлиб кетмаслариданоқ, иложи борича кўпроқ қафас ясаб, уларга сотиш керак, — дерди у ҳеч нарсани англамасдан. — Уларнинг ҳаммаси касалванд ва яқин-орада ўлиб ҳам кетади. Қандай аянчли ҳаёт-а, сиқилиш ҳам мумкин бўлмаса!..» Икки соатдан бери музикали автомат унинг ҳисобига қарта айлантирар эди. Тўпланганлар Бальтасарнинг саломатлиги учун, бахти ва омади, бойларнинг ўлими учун қадаҳ бўшатишди. Вақт алламаҳал бўлганда, у ёлғиз қолди.
Урсула устига пиёз майдалаб тўғралган гўшт қовурдоқни тайёрлаб, соат саккизгача Бальтасарни кутди. Қўшнилардан бири, Бальтасар бильярдхонада экани, суюнганидан эси оғиб қолиб, ҳаммани пиво билан сийлагани ҳақида маълум қилди. Урсула ишонмади, чунки Бальтасар умрида ичкиликка ружу қўймаганди. Урсула ётгани кирганда, ярим кеча эди — Бальтасар ҳамон кўчама-кўча сандирақлаб юрарди. У гандираклаб, рақс майдончасигача етиб келди. Неон нури ғира-шира тушиб турган дарахтга етар-етмас, «тап» этиб ерга қулади. Унинг юзи ёғупадан доғ бўлган, қимирлашга мадори келмас, лекин шу дамда иссиқ ўринда ётиш орзуси билан ёнарди. Киссасида бир сент ҳам қолмаган, бунинг устига эртага қарзини қайтариш шарти билан соатини гаровга қўйганди. Аммо дунё унинг кўзи олдида гўзаллашиб борарди!
У оҳиста эмаклаб, кўчанинг ўртасига чўзилди. Кўзи илинар-илинмас, кимдир оёғидан туфлисини ечиб олаётгандай туюлди, лекин у ҳаётидаги энг ажойиб туши билан хайрлашгиси келмасди. Эрталабки ибодатга шошилаётган аёллар ўлиб ётган деб гумонсирашиб, уни четлаб ўтишарди…

Русчадан Аббос Саидов таржимаси
“Шарқ юлдузи” журнали, 1983 йил, 12-сон.
__________
* Гамак — тўр беланчак.