Франц Кафка. Қишлоқ кўчасидаги болалар (ҳикоя)

Боғ панжараси ёнидан араваларнинг ўтиб бораётгани эшитилди, баъзан уларни сал-пал чайқалиб турган барг-япроқлар орасидан ҳам кўриб қолардим. Уларнинг жазирама иссиқда қуриб-қақшаб кетган кегай ҳамда шотилари шунақанги ғичирлардики! Даладан қайтаётган ишчиларнинг бундан кулишаётганини кўриб, одам уялиб кетарди.
Мен ота-онамнинг боғида, дарахтлар орасида, абжиргина арғимчоғимизда дам олиб ўтирардим.
Панжара олдида шовқин сира тинмайди. Ҳозир­гина болалар зув югуриб ўтиб кетишди; ҳаял ўтмай ғалла ортилган аравалар пайдо бўлди, улардаги боғламлар устига эркаклар ва аёллар ўтириб олишган, теварак-атрофдаги гулпушталар қорайиб кўринади; кечга томон ҳасса таянган бир жанобга кўзим тушди, у афтидан, кечки салқинда аста сайр қилиб юрарди, унинг рўпарасидан қўл ушлашиб келаётган бир тўп қизлар чиқиб қолди, ана, улар саломлашиб, ён томондаги майсазорга ўтиб кетишди.
Шундан сўнг, аллақаердан “гув” этиб қушлар осмонга кўтарилди, уларни кузатарканман, бирданига отилиб чиққанини кўрган бўлсам ҳам, негадир ишонгим келмасди, эҳтимол, қувватсизликданми, бир оз бошим айланиб, ўзимни худди йиқилаётгандек ҳис қилдим ва арқонларни маҳкам ушлаб олдим. Дам ўтмай, қаттиқроқ чайқала бошладим, ҳаво ҳам янада салқинлашиб, осмонда парвоз қилиб юрган қушлар ўрнини энди милтиллаган юлдузлар эгаллади.
Шам ёруғида кечки тамаддига ўтирдим. Чарчадим шекилли, иккала қўлларим билан тахтасупага суянган кўйим бутерброд еб олдим. Деразанинг ниҳоятда юпқа, майин тўрсимон пардалари илиқ шабадада енгил ҳилпирайди, гоҳ-гоҳ кўчадан битта-яримта ўтиб қолиб, мен билан кўришиб, гаплашгиси келиб қолса, уни қўллари билан маҳкам тутади. Кўпинча шам ўчиб қолади ва шамнинг бўғиқ тутунида анчагача чивинлар уймалашади. Гоҳо кимдир дераза оша чақириб қолади, мен ҳам худди тоғларга ёки очиқ ҳавога қарагандек, бирров назар ташлайман, овоз берган кимса эса жавоб ҳам кутмай кетиб қолади.
Ниҳоят, биттаси дераза панжарасига астойдил сакраб чиқади ва бошқалар уй олдида тўпланиб, кутишаётганини маълум қилади, мен эса хўрсиниб, ўрнимдан тураман.
– Йўғ-е, намунча хўрсинмасанг? Нима бўлди ўзи? Бошингга бирор оғир, тузатиб бўлмас мусибат тушдими? Нима, энди сира ўзимизга келолмаймизми? Ростданам ҳаммаси тугадими?
Ҳеч нима тугагани йўқ эди. Биз уй олдига чопиб бордик.
– Хайрият-е, келдиларингми? Сен ўзи доим кеч қоласан!
– Нега энди мен?
– Ҳа, сен, хоҳламасанг, уйингда ўтир. Аяб ўтириш йўқ!
– Нима? Аяб ўтириш йўқ? Бу нима деганинг?
Биз бошимиз билан оқшом бағрига шўнғидик. На куннинг, на туннинг фарқи бор эди. Дам нимчаларимиз тугмалари бир-бирига тегиб, тишдек ғичирлар, дам барчамиз баравар масофада бирга югуриб борар, тропик жойлардаги жониворларга ўхшаб, оғ­зимиздан олов пуркардик. Қадимги урушлардаги ки­расир(кираса(совут) кийган отлиқ аскар)лар янглиғ бир-бир босиб, тағин осмону зиминда, бир-биримизни туртиб-суриб, торкўчадан қуйи тушиб келар ва оёқ­ларимиздаги ана шу тезлик совиб улгурмай, яна қайтадан қишлоқ кўчаси сари чиқиб борардик. Шу кетишда баъзи бир шерикларимиз кўчадаги чуқурларга тушиб кетар, аммо қорамтир дўнглик олдида кўздан ғойиб бўлди дегунча, яна юқорида, дала йўлида бегона одамлардек пайдо бўлар ва пастга термилиб туришарди.
– Бу ёққа тушсаларинг-чи!
– Аввал тепага чиқиб олларинг!
– Бизни йиқитмоқчисанлар деб ўйлаётганимиз йўқ, калламиз жойида.
– Шунчалик қўрқоқмиз, демоқчимисанлар. Қани, чиқақолинглар унда!
– Ростданми? Санлар-а? Бизни йиқитмоқ­чими­санлар? Кўрамиз ҳали аҳволларингни.
Биз ҳужумни бошладик, зумда ойнадек силлиқ тепалик олдига етиб бориб, ўзимизни кўчадаги ўт-ўланлар ўсиб ётган чуқурлар устига ташладик, кимдир ногоҳ йиқилди, кимдир ўз ихтиёри билан. Ҳамма нарса бирдек қизиган, биз на иссиқни, на ўт-майсалардаги совуқни сезардик, фақат чарчаганимиз билинарди, холос.
Ўнг томонга хиёл ёнбошлаб, қўлни қулоқ остига қўйдим дегунча, одамни уйқу элита бошлайди. Лекин бошингни кўтариб, бор кучингни тўплаб, яна сакраб ўрнингдан туришинг, янада чуқурроқ ўрага тушиб кетишинг керак. Шундан сўнг, қўлингни кўндаланг тутиб, оёқларингни ёндама шамол ялаб, ҳавога юзма-юз отилиб чиқасан ва албатта, яна бошқа чуқурроқ хандаққа йиқилиб тушасан. Кошки эди шуниси охиргиси бўлса.
Сўнгги чуқурда букик тиззаларингни, бутун танангни ўз ҳолига қўйиб, чўзилиб ухлаб олгинг келади, қаёқда, бу ҳақда ўйлаб ҳам бўлмайди, аксинча, касал одамга ўхшаб чалқанча ётволиб, йиғлаворай дейсан. Мабодо тепаликдан биронта бола тирсакларини белига тираб, товонлари қорайиб тушиб келгудек бўлса, унга аста кўз қисиб қўясан.
Тепада Ой кўринди, чироқларини ёқволган почта машинаси ўтиб кетди.
Енгил шабада эсди, буни чуқурда ётиб ҳам сезиш мумкин эди, яқин-ўртада жойлашган ўрмон шовиллай бошлади. Шунақа пайтларда одамнинг ортиқ ёлғиз қолгиси келмай қолади.
– Қаердасанлар? Бу ёққа келинглар, ҳамманг!
– Нимага яшириниб ўтирибсан, тур-е!
– Почта аллақачон ўтиб кетди, билмадиларингми?
– Йўғ-е! Ростданми?
– Албатта, сен ухлаётган пайтда ўтиб кетган.
– Мен ухладимми? Бўлмаган гап!
– Қўйсанг-чи, юз-кўзларингдан билиниб турибди-ку.
– Сендан илтимос қиламан…
– Келақолинглар энди!
Биз ёнма-ён югуришиб кетдик, баъзилар қўл ушлашиб олди, бошимизни тик тутиб бўлмасди, чунки пастга қараб тушиб борардик. Кимдир кутилмаганда ҳиндуларнинг жанговар чақириғини ҳайқириб юборди ва биз энди отларга ўхшаб сакраб чопа кетдик, ҳар сакрашимизда шамол белларимиздан қучиб, мададкор бўлаётгандек туюларди. Бизни ҳеч нарса тўхтата олмасди; бир-биримизни қувиб ўтаётганимизда қўл­ларимизни қовуштириб, ён-атрофимизга ҳам бирров разм солиб олардик.
Тентаксой кўприги устига етганда, ҳаммамиз тўхтаб қолдик; илгарилаб кетганлар ҳам қайтиб келишди. Пастда сув тош ва илдизларга урилиб оқар, вақт алламаҳал бўлиб қолгани ҳам сезилмасди. Нега ҳозир бирортамиз кўприк панжарасидан сувга сакрамаётганимиз ажабланарли ҳол эди.
Узоқда, бутазор ва чангалзорлар ортидан темир йўл поезди елиб келарди. Барча купеларнинг чироқлари ёниқ, дераза ойналари тушириб қўйилган эди. Шунда орамиздан биттаси ногоҳ кўча қўшиғини куйлай бошлади-ю, барчамизнинг ашула айтгимиз келиб қолди. Биз поездга қараганда ҳам тезроқ куйлардик, қўлларимизни силкиб ҳам қўярдик, чунки овозимиз етишмай, бўғилаётгандек туюлар, бу эса бизга ёқарди. Агар овозинг бошқаларники билан қўшилиб кетгудек бўлса, ўзингни гўё қармоққа илингандек ҳис этаркансан.
Ортимизда ўрмон, олислаб бораётган сайёҳлар кетидан шундай куйлаб қолдик. Бу пайтда қишлоқда катталар ҳалиям уйғоқ, оналар эса болаларини ётқизиш учун жой ҳозирлашарди.
Вақт бўлди. Мен ёнимдаги болани ўпиб қўйдим-да, қолган учовига шунчаки қўл узатдим ва келган йўлимдан орқага чопиб кетдим, ортимдан ҳеч ким чақирмади. Биринчи муюлишга етиб боргач, мени энди улар кўраолмасди, бурилдим ва дала йўллари бўйлаб ўрмон томон яна югуриб кетдим. Мен жанубдаги шаҳар сари интилардим. Бу шаҳар ҳақида қишлоғимизда шундай гап-сўз юрарди:
У ерда одамлар яшайди! Биласизларми, улар ухламас эмиш!
– Нега энди ухламас экан?
– Чунки улар чарчашмас экан.
– Нега энди чарчашмасакан?
– Чунки улар аҳмоқ экан.
– Нима, аҳмоқлар чарчамайдими?
– Аҳмоқлар қандай чарчасин, ахир!

Немис тилидан
Мирзаали АКБАРОВ таржимаси.

«Ёшлик» журнали, 2015 йил, 2-сон.