Фаридун Тонкабоний. Яшасин, танбаллик! (ҳикоя)

Одамзоддан танбали бўлмайди. У тўрт оёқлаб юришни хоҳламагани учун икки оёқлаб юришни афзал кўрган. Чунки тўрт оёқда юрганда бўйнини чўзиши, бошини кўтариб туриши, юрганда қўлини силкитиши ноқулай бўларди. Икки оёқда юриши эса, бошини тик тутиб, бошқа жонзотлардан ўзининг устунлигини кўрсатиб қўйиш учун имконият яратди.
Инсон ҳайвонларни, масалан, отни қўлга ўргатишининг сабаби – у шунчаки яёв юришга эринганидан эди. Отда юриш яхши-да. Хўш, инсон қайиқ ва кемани нима учун ихтиро қилган? Албатта, ўзи сузишни истамагани учун. Ялқовлиги сузишга халақит берган-да. Кейин десангиз, унга эшкак эшиш ҳам малол келган ва у елканли қайиқни яратиб, мовий тўлқинлар қўйнида, қуёшнинг заррин нурларида товланиб туриб яна ўйлаган: шу елканни кўтариб-тушириш ҳам бир даҳмаза. У шу заҳоти моторли қайиқни ихтиро қилиб юборган-у, бирпас ўтиб яна ялқовлиги тутган, чунки бандаргоҳга кириб, ёқилғи олишга навбатда туришга эриниб, ўзининг тинчлигини ўйлаб, юрадиган машина кашф қилган.
Эгарда лўкиллаб юрганда бўғимлари, файтонда юрганда бели оғриган ва эринчоғлик билан автомобиль билан темир йўлни ўйлаб топган. Кейин ўнқир-чўнқир йўлларда автомобилда соатлаб юриш, автомобилга ёқилғи қуйиш, мой меъёрини текшириш, ғилдиракларни алмаштириш, тасмани, амортизаторни созлаш ва бошқа ишларни бажаришдан эриниб, самолётни яратган.
Самолётга ҳам қаноат қилмаган. Уни учиш йўлакчасига тўғрилаш, ҳавога кўтарилгандан кейин қўниш учун аэродром қидириш, аэродром топилгач, қўнишга рухсат теккунча унинг устида айланиб юришга эриниб, вертолётни ясаган ва бу унинг танбаллигигига жуда ҳам мос тушган. Чунки учувчи хоҳласа – жойидан учиб кетади, хоҳласа, жойига қўнади.
Самолётнинг юмшоқ ўриндиғида ўтириб, унга ичимлик, хоҳишига кўра китоб, газета, журнал беришди, мусиқа қўйишди, кино кўрсатишди. Энг асосийси – масофа, пиёда бир йилда етадиган манзилини бир неча соатда босиб ўтади. У шу соатларга ҳам қаноат қилмади, танбаллиги тутди. Энди у овоз тезлигида учадиган самолёт ихтиро қилди. Ана, кўрдингизми, бу оламда одамзоддан танбал ва чидамсиз жонзот йўқ.
Ҳар қандай бошқа ихтироларни олинг, у хоҳ катта, хоҳ кичик бўладими, бари инсон танбаллигининг маҳсулидир. Кир ва идиш-товоқ ювиш машиналари, кимёвий кўйлак, бир марта фойдаланиладиган ликопчалар, қоғоз қадаҳча ва дастрўмолча, лифт. Ҳа, ҳа, энг ишончли мисол, бу – лифт. У лифтни зинапоялар орқали юқорига кўтарилишга эрингани учун кашф қилган. Ахир, танбалликнинг чегараси бордир? Хўп, лифтда юқорига кўтарилди, энди қаёққа боради? У шундай ишёқмаски, қаранг, пастга ҳам лифтда туша бошлади.
Сиз нима деб ўйлайсиз, инсонга энг зўр лаззат ва қувонч берадиган машғулот нима? Ейишми? Ҳа, тўғри – ейиш! Инсон бу соҳада ҳам танбаллигидан воз кечмади. Ўзига овқат тайёрлашга эринчоғлиги сабаб, ресторанни ўйлаб топди. Энди буни қарангки, олдига келтириб қўйилган овқатни пичоқ, санчқи, қошиқ ёрдамида ейишга эриниб, бутербродни яратди. Тўғри, бутерброднинг ролини камситмаслик керак, чунки у инсониятнинг энг буюк кашфиётидир.
Инсон шундай зотки, ўрнидан туришга, бир-икки қадам юришга, дўстлари билан суҳбатлашишга, ўз ишларини тартибга келтиришга эринади. Бунинг учун у хат билан почтани яратди. Бу нарсаларни яратишга яратиб қўйди-ю, яна танбаллиги тутди. Энди у хат ёзиб, почтага бориб марка олиши, уни ҳўллаб хатжилдга ёпиштириши (тўғри, кейинчалик у маркали хатжилдлар ихтиро қилди) ва хатни почта қутисига ташлаши керак эди. Бу юмушларни бажаришга эринчоғлиги тутиб, телефонни бунёд этди. Телефони борлар, албатта, хат ёзмаслиги, ўтирган жойидан хоҳлаган кишиси билан гаплашиши мумкин-да. Бора-бора телефон орқали савдони йўлга қўйди, сотиб олиш, сотиш, ўқиш, ўқитиш, ҳатто телефон орқали севиш ва никоҳдан ўтишни амалга оширди. Ҳа, ҳа, дунёда энг танбал жонзот севгидан оладиган лаззатни ялқовликдан устун қўяолмади. Севгилиси билан учрашмагани етмагандай, унга хат ҳам ёзмади ва шунчаки телефон қилиб қўяқолди. Очиқ гап-да, мен бир нарсага ҳайрон бўламан, баъзи бир одамлар ўзларининг танбалликлари билан табиатни ҳам алдамоқчи бўладилар. Масалан, ҳар бир болани алоҳида туғишга, алоҳида тер тўкишга эриниб, бир йўла иккита, учта, ҳатто бешталаб туғишади. Айтинг, бу танбаллик бўлмай, нима?
Қаёққа қараманг, танбаллик билан бекорчиликка кўзингиз тушади. Оддийгина ўзингизнинг иш столингизга қаранг. Инсон ручкани сиёҳдонга ботиришга эриниб, ўзи ёзар ручка яратди. Кейин бу ручкани сиёҳга тўлдиришга сабри чидамай, шарикли ручкани кашф этди. Бу ручкада ёзилган хати кўзига хунук кўриниб, ёзув машинкасини ўйлаб топди. Бу ҳам унга ёқмади, тугмачаларни бир-бир босишга эринчоқлиги тутди. Шунда у аввал электр ёзув машинкасини, кейин бармоқларига кўпроқ дам бериш учун электрон ёзув машинкасини яратди. Битта матнни икки-уч марта қайта ёзишга эриниб, копирка қоғозни ихтиро қилганига нима дейсиз?
Танбаллик қурсин, инсон у ёқ-бу ёққа юриб янгиликлардан хабардор бўлишга эринди. Шунда у газетани ўйлаб топди. Газета – бу инсон энг ялқов пайтларида яратган кашфиётларидан биттаси. Чунки шинамгина уйда, диванда чўзилиб ётиб, бир неча варақ қоғозни варақлаб, дунёда бўлаётган янгиликлардан хабардор бўлиш яхши-да. Лекин инсон учун бу ҳам ёқмади ва радиони яратиб қўйди.
Радио – одамни янада танбалга айлантирди. Газета ўқишда бир озгина ҳаракат бор эди, радио эшитишда-чи, йўқ, чўзилиб ётаверади. Ҳа, чўзилиб олиб, овоз чиқадиган қутига термулиш ҳам жонга тегаркан. Лекин зерикканда ўриндан туриш, кийиниб ташқарига чиқиш, қайсидир автобусга осилиш, навбатда туриб чипта сотиб олиш ва кинотеатрга кириб кино кўриш ҳам эриш туйиларкан одамга. Шунда инсон бунинг ҳам йўлини топди ва телевизорни яратди.
Телевизор ўзининг одатий хизматидан ташқари ота-она, буви ва бува ролини ҳам бажарарди. Телевизор – ўқитувчи, энг яқин дўст, ўйинда шерик ёки рақиб, у қизиқчи ва олабўжи эди. Агар одамлар бирор муаммо устида бош қотиришга қўллари тегмай, тўғриси, танбалликлари тутса, телевизор дарров бу мавзуда қизиқарли суҳбат уюштириб бера оларди. Баъзида одамлар тили учида турган гапни айтиб ҳам қолар, баъзида аравани қуруқ олиб қочиб, зериктирарди ҳам. Шунга ҳам шукр қилмоқ керак. Чунки инсон учун энг оғир юмуш – бу фикр қилмоқ. Фикрлаш, ўйлаш – бу танбалликнинг энг олий белгиси. Телевизор эса одамни ўйлашдан, фикрлашдан қутқарди.
Масалан, ўнта тугмани ўтказиш ва ечиш – бу игна билан қудуқ қазишдай гап-ку. Лекин буни бир тугма босиш билан саранжомлаш мумкин. Асосан шошиб турганда бу жуда қўл келади. Бу, шошқалоқлик, шошқалоқлик эса танбаллик билан чиқишолмайди, дейишингиз мумкин. Лекин мен шошқалоқликнинг зарурий томонларини назарда тутиб айтяпман. Масалан, табиат қўйнига чиқишга шошаётган бўлсангиз, тугмаларни бир-бир ўтказишда қўлингиз титрайди ёки тойиб кетаверади. Шу пайтда “занжирли ёпқич” сиз учун мўъжиза кўрсатади. Бошқа соҳаларда ҳам танбаллик намуналарини кўриш мумкин.
Тарихни олиб кўрайлик. Инсон ўтган замонларда ҳам танбал бўлган. Оддий садоқдан пайконни олиб камонга қўйишга, кейин камон ипини тортишга, найза отишга ёки душман боши узра қилич ўйнатишга эриниб, милтиқни ихтиро қилган. Лекин ҳар отгандан сўнг милтиқни яна ўқлаш жонига тегиб, автомат ва пулемётни ўйлаб топган. Энди душманларини битта-битта ўлдиришга сабри чидамаган, нимагаки, бунинг учун кўп вақт ва кўп ҳаракат сарфланади. Қаранг, бунинг ҳам йўлини топиб, заҳарли газ билан бомбани яратди.
Энди иқтисодиётга бир назар ташласак. Тўғри, инсон ҳамма ишни қилишга эринади. Экиш, ўриш, пишириш, тикиш, қуриш ва бошқа қилиниши керак бўлган минг бир ишларни бажариш осонми? Шунда одамлар бир жойда йиғилишди ва уларнинг орасидан бир танбали чиқиб, деди: “Келинглар, бундай қиламиз: сен нон ёпасан, сен пойафзал тикасан, сен темир эритасан, сен дарахт кесасан, сен уй қурасан. Мен эса сизлар қилган ишларнинг ҳисоб-китобини юритаман. Сен яхши ишладинг, сен ёмон ишладинг, деб ажрим чиқараман”.
Шу йўсин инсоният тарихида меҳнат тақсимоти деган буюк инқилоб юз берди ва у ривожланиб-ривожланиб… ҳозир эса тўхтаб қолган. Лекин танбаллик ҳамиша йўл топган ва топади.
Шу тариқа автоматлаштириш юзага келди.
Сиёсат оламига мўралайлик, кейин сиёсатчилар биздан нолиб юришмасин. Инсон жамоат ишларини бажаришга ялқовлиги тутиб, шахсий ишларини тартибга келтириш мақсадида вакиллар танлади. Вакил дегани ҳам одам, демак, у ҳам танбаллар сирасига киради. Улар бир неча одамни йиғиб, жамоат ишларини амалга оширишни буюришди. Лекин ўша бир неча одам ҳам танбал эмасми, ўз елкаларидаги юкни битта одамнинг бўйнига юклашни ўйлаб топди. У одам хоҳлайдими-йўқми, кўпчиликнинг хоҳишини бажариши шарт. Турган гап, у одам чарчайди ва бу ишдан бош тортади, кези келганда қочади. Одамлар уни алдади, ҳа, ҳа, алдади, хоҳлаганда жинни ҳам қилишди (Ёмон нарсаларни ўйламанг! У пайтларда газетада “тасодифий ҳодисалар” рукни йўқ эди!).
Келинглар, энди омад ва омадсизликка тўла сиёсатни тинч қўяйлик-да, кўнгилхушлик оламига саёҳат қилайлик.
Инсоннинг энг яхши кўрадиган эрмаги нима деб ўйлайсиз? Албатта, ичиш! Одам янги қитъаларни очишни, ёввойи ва хавфли ўрмонларда сайр этишни, чўққиларни забт этиб, бундан завқ олишни ёқтиради, лекин бунга танбаллиги халақит беради. У бу нарсалардан оладиган завқини уйида ўтириб олишни афзал кўрди ва майни кашф этди. Ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки, май инсониятнинг энг омадли кашфиёти ҳисобланади. Сен ҳеч нарса қилмайсан, майнинг ўзи сен учун ҳамма ишни қилади. У соатлаб юришингга, рақс тушишингга, кулиш, йиғлаш, бақиришингга куч беради, хаёлингга нима келса шуни бажаришингга кўмаклашади. Кейин тушкунликка тушмаслигинг учун сени бўшаштиради, тинчлантиради ва турган гапки, ухлатади (о, бунақа ҳолатни инсон қанчалар яхши кўради!).
Айтганча, ҳозиргина эсимга тушди! Агар инсон танбал бўлмаса, нима учун уйқу дорини ўйлаб топди? Нимагаки, ухлаганида у ёнидан-бу ёнига ағдарилишга эрингани учун шу дорини кашф этган.
Гапдан чалғидик, ахир гап кўнгилхушлик ҳақида бораётган эди-ку. Хўш, инсон нимадан кўпроқ лаззат олади? Ҳеч кимга сир эмас, спорт инсонга жуда катта лаззат бағишлайди. Спортчилар инсониятнинг энг чаққон ва абжир вакиллари ҳисобланади. Ўзи спорт билан танбаллик бир-бирига зид-ку, дейишингиз мумкин. Лекин биз мутлақо бошқа нарсани назарда тутмоқдамиз. Менимча, спортчи энг танбал киши. Агар у танбал бўлмаса, нимага тоғларга чиқиш учун кўтариб-туширадиган мосламалар, арқон йўллар ва бошқа ускуналарни ўйлаб топди?
Ҳа, мен айтмоқчи эдимки, инсон шунчалар ялқовки, агар у бирор ишни қилишни истамаса, ўша заҳотиёқ шу ишни қилмайди, агар бирор ишни қилишни хоҳласа, бу ишни қилиш учун ўзига бирор қулайлик яратишни ўйлаб топади. Суҳбат спорт ҳақида кетяптими, бир мисол келтирай. Сиз ҳар куни эрталаб бадантарбия билан шуғуланасиз, тўғрими? Ажойиб кунларнинг бирида ўрнингиздан туриб, ўзингизга ўзингиз шундай дейсиз: “Бугун бадантарбия қилишга кеч бўлди”. Эртаси куни эса ўйлайсиз: “Бугун нимагадир кайфиятим йўқроқ, яхшиси бадантарбия қилмай қўяқолай”. Индинига яна баҳона бор: “Кеча кечқурун озгина отган эдим, бугун бадантарбия қилишга ҳушим йўқроқ”. Шу йўсин, сиз эрталабки бадантарбиядан воз кечасиз.
Агар сиз спорт билан шуғуланмайдиган бўлсангиз-у, лекин бирдан унга хоҳиш туғилиб қолса: “Яхши, бугун жума – ҳафтанинг охири, душанбадан бошлайман”, деб ўзингизни юпатасиз.
Агар сиз дутор чалишни ўрганмоқчи ёки математика билан шуғулланмоқчи бўлсангиз, ўзингиз бирор муддатни белгилаб олинг: “Ой бошидан бошлайман!” денг. Қиш бўлса, “Баҳорда бошлайман!” денг.
Хўш, энди фалсафа томонга ҳам бир қиё боқайлик-да, кейин ўзимиз ҳам сафсата сотишни бас қилайлик (давом эттириш менга ҳам ёқмаяпти).

Рус тилидан Илҳом Зойир таржимаси