Фақир Бойқурт. Учоқ чиптаси (ҳикоя)

– Сенга айтяпман, кетма. Нима, туркчани тушунмайсанми?– Ойша жуфти ҳалолининг миясини қоқиб қўлига берарди.– Кетма!
Можаро қасабанинг энг чеккасидаги полизда юз бераётган эди. Помидор, картошка, бақлажону гармдорилар, чойяпроқ, оддий карам, гулкарам ва бодринглар тўлинойнинг асал ёруғида товланиб йилт-йилт қилиб турарди.
– Кетмайсан, дедимми, кетмайсан, билиб қўй, отамнинг адаши!
Мана, етти йилдирки, этикдўз Шокирнинг ўртанча қизи Ойша, тандирчи Шокирга эрга теккан. Хотинмисан хотин – қон билан сутнинг ўртаси! Кўкраклари таранг ва тирсиллаган, гилос лаблари бўртиқ-бўртиқ. Аммо эри Олмонияда ишлай бошлагандан буён ҳаётида қувонч қолмади. Диркиллаб турган келинга ёлғизлик осон эмас! Икки ўғил, бир қизи бор. У болаларини жуда яхши кўради, жон-жон деб яна битта туғиб берган бўларди, аммо эр бўлмишнинг қаршилигини қаранг!
Ҳозир у бир ойлик таътилга келган. Бироқ тўрт кундан сўнг Олмонияга қайтиб кетиши керак. Вақт эса учоқнинг сояси каби, лип этди, ўтиб кетди. Улар биронта кунларини, биронта тунларини зое кеткизишмади. Аммо Ойша эрига тўйгани йўқ. Аввалгидан баттар ҳаваси ортди. Улар полизнинг ичкарисидаги қўриқчи-шийпонда ухлашарди. Қоронғи тунлар ҳам, ойдин кечалар ҳам бўлди. Кундузи ҳам йўлини топган пайтлари бўларди. “Жаннати ҳаёт, – дея ҳазиллашиб қўйишарди улар.- Баъзида тушликдан кейин ҳам дам оламиз. Хўжайинларга ўхшаб”.
– Кетма, кетма, сенга айтяпман, отамнинг адаши. Мен сенсиз яшолмайман, ҳеч иложи йўқ, отамнинг адаши. Сенсиз кечаларда бутун вужудим ёнади, сен эса йўқ бўласан. Ўғилларим ва қизимни ўпаман, холос… Нима, дунёнинг ҳамма пулини топармидинг! Кетма! Турк тилида айтяпман сенга! Ёки у ёқда юриб она тилимизни унутдингми? Энди сенга таржимон керакми ёки? – Ойша эҳтирос билан шивирлар, бир тўлинойли, сепкилдор юзли самоларга қараб, бир эрини ўпиб.
Шокир бошини сал кўтариб чалқанча ётарди, тишларида сигаретаси билан.
Кеча салқин эди. Ойша эрини эски кўрпа билан ўраб қўйди. Эр бутун дунёни унутиб ўз фикрларига чўмди.
“Одамлар турли идораларда ҳар хил бошлиқлар, каттаконлар, амалдорларга ялиниб, Олмонияга кетишга рухсат беринг, деб навбатларда тиқилиб ётишипти. Биров эшик тақиллатган, биров бировнинг қўлини ўпган… порани-ку тилга олмаса ҳам бўлади – ҳар қадамда кимнингдир жиғилдонини ёғлаш керак. Меники бўлса: “Кетма, отамнинг адаши… Туркчани тушунмай қолганмисан?” деб қайсарлик қилади. Мен икки йил ишлаб келиб, мана шу полизни сотиб олдим. Лекин ҳали қарзимнинг ярми бор. Ҳали одам бўлганимча йўқ. Ўша-ўша “тандирчи Шокир” деб чақиришади. Яна икки йил ишлаб келсам, бутун қарзимдан узилиб, молхонаси билан бир уй ҳам сотиб олардик. Ҳолландия сигирлари кунига ўттиз литрлаб сут беради. Бир литр сут саккиз – ўн лира. Сотгинг келмаса ёғини оласан ё бўлмаса пишлоқ пиширасан. Ана ундан кейин маза қилиб яшайсан.”
– Менга сигирларинг ҳам керакмас, молхонанг ҳам, фақат кетма!..
“Ўзи этикдўзнинг қизи. Отаси ҳам камбағал, қизига ёрдам беролмайди. Бу ёлғиз қиз эмас, ўғиллари ҳам бор. Мен бўлсам тандирчиман, рўзғорим янада ночорроқ. “Икки яланғоч ҳаммомда топишган” дегувчилар биздайларни назарда тутса керак. Унинг ҳам, менинг ҳам бисотимизда ҳеч вақо йўқ. Бир-биримизни севиб қолиб, оила қурганмиз. Уч бола орттирдик, бирдан-бир қувончимиз – шу! Хотинга қўйиб берсам, у яна учини туғади. Энди бунинг ҳадеб бир гапни такрорлайверишини қаранг:“Кетма, отамнинг адаши”, “Кетма, отамнинг адаши”…“Кетма” дейишдан осони борми? Рўзғор-чи, рўзғор нима бўлади? Темирнинг нархи ошди. Устахона ва уйларнинг ижараси ҳам кўтарилди. Гўшт билан ноннинг баҳоси ҳам кундан-кунга ортиб кетяпти. Эрта-индин болалар мактабга боришади. Кийим-бош, китоб-дафтар, жилд ва бошқа нарсалар учун пулдан чўзишинг керак. Ҳозирча ҳаммамиз соғ-саломатмиз, худога шукур, аммо эртага касал бўлмаймиз деб ким айта олади? Ана унда докторлару дорилар учун ҳам бир сахийлик қилмасанг бўлмайди. Мен касал бўлсам тандирни ким ясайди?. Одам бундоқ келажагидан амин бўлолмайди. Қараб турсанг, эрта-индин қизинг ҳам бўй етиб қолади: сепини тайёрла. Ўғилларинг учун қалин пули ҳозирлашинг керак. Шунча кўп бойликни қаёқдан топасан?! Бу эсини еган хотин: “Кетма, кетма”лаб бир гапни чайнайверади. Биз ахир иккимиз ҳаммасини баҳамжиҳат ўйлаб, бир қарорга келгандик-ку! Мен у рози бўлгандан кейин Олмонияга ёзилгандим. Бизни унчалик қаттиқ шилишмади. Икки йил нари-бери қилиб ишлаб келдим. Яна икки йилгина терлаб ҳаракат қилсам ёмон бўладими?..”
Сигаретасини охиригача сўриб, қолдиғини тахта каравот суянчиғига босиб эзди. Шамол эса дарё томондан шакарқамишлар ва оддий қамишлар шитирини олиб келди. Қурбақалар вақиллади. Олис-олис кичик ботқоқларда чиябўрилар увиллади. Тунги осмонда на бир шингил булут, на қиттай тутун бор эди. Фақат зарҳал доира ичида каттакон ўн тўрт кунлик ой сузиб борарди. Болалар аллақачон уйқуга кетишганди. У Ойшани бағрига тортди. Улар эҳтирос билан қучишдилар, сўнг янгитдан баҳслаша кетдилар:
– Сенга айтяпман, кетма. Наҳотки, гапим тушунарсиз бўлса? – худди чўт қоққандай такрорларди жувон.
– Бошқа айтадиган гапинг қолмагандай, мунча бир гапни пин-ғиллайверасан!
Ётишда ҳам, туришда ҳам, қалампирли буғдой палов пишириб келиб, эрининг олдига қўйганда ҳам, тухум қайнатиб келганда, ловияли гўшт, картошка, шарбат келтирганда ҳам Ойша қўшиғини яна қайта бошлайверарди:
– Кетма. Сенсиз яшолмайман.
Бу чин ҳақиқат эди. У ростдан ҳам эрисиз ҳеч нима қилолмасди. Ҳали кетишига бирмунча вақт бўлишига қарамай ич-этини мушук тирнай бошлаган эди. Ўғли магнитофонни ё қизи приёмникни қўйди дегунча, унинг асаби ўйнаб кетар, болаларига тарсаки туширар ё муштлаб қолар эди. Ҳеч нарсага қўл ургиси келмасди. Қўлига ошпичоқ олар ва шу ондаёқ жойига улоқтирар, челак кўтариб жўнаб қоларди. Ўроқ кўтариб ўт ўришга борарди-да, уни ташлаб, бақлажон ўташга ўтиб кетарди. Кун ўтган сайин феъли айнаши авжига чиқаверди. Полизда бодринглар қуриб, гулзорда гуллар сўлиб борарди, аммо ҳеч бирини суғоришга қўли бормасди. Кулбалари ифлос бўлиб, атроф ахлатга тўлиб борар, у ҳатто супургиси ҳам келмасди.
Сочларини пиёздоғ ёғлари босиб, кир бўлиб кетган, аммо у икки челак сув келтириб, қозонда қайнатиб олгиси ҳам келмасди. Умуман ҳаётдан безган, яшагиси келмасди. Ўзини жазирама саҳрода якка-ёлғиздай ҳис қиларди. Устига-устак бу ернинг эркаклари уни кўрганда маҳлиё бўлиб анграйиб қолишар, нигоҳлари кўкракларида олма-кесак бўларди. Ҳаммасидан ҳам даҳшатлиси тунлар эди – у ёққа ағанар, бу ёққа ағанар, уйқу дегани лоақал бир кўзига ҳам қўнай демасди.
– Кетма, ёлбораман, кетма. Менга ҳеч нима керакмас: барқут кўйлакларинг, нейлон кофталаринг, плиссировка қилинган юбкаларинг, хол-хол гулли нимчаларинг… Менга яшил палтоларинг ҳам, гунафшаранг шимларинг ҳам керакмас. Фақат сен ёнимда, қўл узатсам етадиган жойда бўлишингни хоҳлайман. Илгари мен ёлғиз қолиш оғирлигини билмагандим. Кетма, чўринг бўлай, кетма!
– Сенга қолса фақат севишаверсак-севишаверсак. Иккимиз ҳам чувринди қашшоқлармиз. Қандай яшаймиз. Бор-йўғи яна икки йилгина қолди. Мен қайтиб келаман, деб фирмага ваъда берганман. Юрт-дошлар билан шартлашиб олганмиз. Битта оила кетади ва биз беш киши уларнинг ўрнини эгаллаймиз. Бор-йўғи яна икки йилгина. Мен минибус (кичик автобус) сотиб оламан. Бизнинг давримизда энди тандирсозлик билан кун кечириб бўлмайди. Бу ишга яроқли соғлиғим ҳам қолмади. Яна бу ерда энди сабзавотни машинага ортиб бозорга бориш керак. Бир муҳтожликдан қутулиб, оёққа туриб олайлик. Кейин гарданимизда қарзимиз ҳам қолмайди. Яна икки йил чидагин, еримизнинг тепа томонига уй ҳам қуриб оламиз. Ўзинг биласан, олмонларнинг маркасига биздан жуда кўп пул алмашиб олиш мумкин. Марканинг қадри ортяпти. Агар хоҳласанг, ҳаммангизни учоққа ўтқазиб Олмонияга олиб кетаман. Оилали ишчиларнинг имтиёзлари бор. Чипта бор-йўғи тўрт юз марка. Озгина пул ишлаб олай, кейин чипта оламиз. Яна икки йилгина чидагин. Тиссен қанақа фирмалигини биласанми, балки, бунақаси бутун дунёга бошқа йўқ. Олмонлар: “Худодай ҳар нарсага қодир”, дейишади. Мен ишлаётган шаҳарда уларнинг ўн мингдан ортиқ ишчилари бор. Мен қайтиб бормасам, албатта, улар ўлиб қомайди, менсиз ҳам парво қилмай ишлайверишади. Аммо мен кадрлар бўлимининг бошлиғига, почта пул ўтказмалари бўлими бошлиғига сўз берганман. Уларнинг менга муносабати жуда яхши. “Майстер”нинг хотинига зардўзи кавуш олиб келишга ваъда берганман. Ҳамма турклар уларга ҳадя олиб боради, фақат мен ҳеч нима обормаганман. Жуда уяламан. Мен ўзимиз учун кўп нарсаларни ўйлаб қўйганман. Чидагин…
Ойша бошини кўтариб эрига қаттиқ мушт туширди.
– Мен сенга “кетма” десам, сен менга “фирмага ваъда берганман…” дейсан. Мен “кетма” деб турибман-у, бу кишим “майстер”дан уялармишлар, буни қара-я! Мендан-чи, мендан уялмайсанми, отамнинг адаши? Кетма, мен сенсиз яшолмайман. Сен болаларнинг бундай қувноқликларига қарама! Сен кетишинг билан бошлари эгилиб қолади. Уларга оғир, менга бундан-да оғир. Кетма, худо хайрингни берсин, кетма, бўлмаса сени қарғайман. Қолсанг итинг бўлишга ҳам розиман, кетма…
– Ундай дема, адашимнинг қизи, мен чиптани боришга ҳам, келишга ҳам олиб қўйганман. Аданагача саккиз юз эллик марка тўлаб қўйдим! Нима бўпти, яна икки йилгина ишлаб қайтаман. Ёлғизлик менга осон деб ўйлайсанми? Сен мени ҳар хил майин сўзлар билан юпатишинг керак, сен бўлсанг кўнглимни бузяпсан. Яхши эмас бу.
Шокир хотинига ўгирилди, елкасига қўлини қўйди. Ойша тунлик чит кўйлакда эди. Эрининг пинжига тиқилди: нақ қўзичоқдай ювош, итоаткор… Шокир меҳр билан уни қучоқлади, эркалай бошлади. Кетишига ҳаммаси бўлиб тўрт кун қолган эди. “Севиб тўйиб олиш керак, – ўйларди у, – шунда ёт элдаги биринчи кунларинг енгилроқ ўтади.”
Ойша юлдузлар чароғонлиги сўна бошлаганда уйғонди. У эрини секингина ўпиб қўйди, бурнини кўксига ботирди. У ҳамон уйғонмасди. “Кетма, отамнинг адаши”, деди-да, шийпондан пастга тушди. Ўчоққа ўт ёқди. Эски чойгумда сув қайнатиб келди. Эри Олмониядан олиб келган янги чой идишга чой дамлади. Сандиқдан катак-катак гулли дастурхонни чиқариб олиб келиб ёзди, нон ушатиб қўйди. Полиздан гармдори, бодринг узиб ювди, қирқиб-қирқиб дарстурхонга қўйди. Уч-тўртта картошка ва тухум пишириб келди. Сарёғ, пишлоқ келтирди. Ҳаммасини чиройли қилиб дастурхонга тузади. Худди шу пайт қуёшнинг гардиши кўринди. Болалар ҳали донг қотиб ухлашарди. Аммо Шокир уй-ғонди. Кечаси кўйлак-иштонини ерга улоқтирган эди. Ойша уларни ердан ахтариб топиб тепага узатди. Шокир пастга тушди, зиғир матосидан тикилган шимини резинка билан елкасига тортиб кийди. Бутанинг ортига ўтиб келди. Ойша уни қўлида сочиқ ва совун билан кутиб турарди. Сув қуйиб турди. Шокир сочиқ билан қулоқларини, қўлтиқларини астойдил тозалаб артди. Костюми хода михига осиғлиқ эди. Унга қўл чўзди-ю, кийиш фикридан қайтди. Ойша болаларининг боши остидан икки ёстиқни аста суғуриб олиб, чанг-чўпларини яхшилаб силкитиб қоқди-да, эрининг биқинига келтириб берди.
– Ўтир, отамнинг адаши.
Устига “Офият бўлсин!”(“Ёқимли иштаҳа”) деб ёзилган финжонларни қўйди.
– Майда пиёз егим келяпти,аммо олиб келишга ҳол йўқ.
– Кўк пиёз тўғраб берайми?
– Бошини олмасдан келтир. Шунақасидан суғуриб олгинки, аччиғи кўздан ёш чиқазиб юборсин.
– Мен ҳам ўшанақасидан егим келяпти… кўздан ёш чиқарадиганини, – Ойша лабларини чапиллатди. У полиздан унча катта ҳам, кичик ҳам бўлмаган тўрт бош пиёз олиб келди. Чит кўйлагининг этаги кўтарилиб сонлари очилиб кетди. У этагини тўғрилаб олди. Узун сочларини орқага, кифтларига ташлади. Индамай, иштаҳа билан нонушта қилдилар. Торос тоғлари ортидан қуёш кўтарилди. Шокир яна бир бор чўзилди.
Ойша чойдишга яна қайноқ сув қуйди. Худди шу асно болалар ҳам уйғонишди. Болалар ювиниб келиб тамадди қила бошлашди. Қизалоқ эса ювиниб ўтирмади.
– Вой исқирт-ей!– Аччиғи келди Ойшанинг.– Сен бутунлай ифлос қиз бўласанми, дейман? Сочларинг ҳам таралмаган. Қиз бола деган шунақа бўладими?
– Ҳечқиси йўқ, шундай юраверсин, – деди Шокир, сигаретасини маза қилиб бурқситаркан. – Майли, исқирт бўлақолсин. – У қизини тутиб олиб, ёшланиб турган оғриқ кўзчаларини ўпди. – Мен ўғилларимни ҳам, қизимни ҳам – уччовини бирдай яхши кўраман.– Аммо бу қуруқ гап эди. Аслида у ҳаммасини ҳар хил яхши кўрарди. Шунчаки хотинининг, сен ўғилларинингни кўпроқ яхши кўрасан, деб қилган гинаси ёдига келиб қолган эди. У қўлларини ўғилларининг бошларига қўйди. – Хўш, шумтакалар, аҳволлар қалай?
– Бор, Семра, ҳеч бўлмаса юзингни ювиб кел, – болалар чой ичиб бўлишлари билан Ойша қизига амр қилди.
Биринчи бўлиб Шокир ўрнидан турди.
– Метин, Меҳмед, – баланд овоз билан ўғилларини чақирди у. – Ҳозир мен полизни яхшилаб суғораман, сўнг чиптани компостирлаш учун Аданага кетаман.
Бу сўзлар Ойшанинг юрак-юрагини тилиб юборди.
Қўшни полизлардан турли овозлар эшитиларди. Қўшнилар отларини эгарлашар, устига сават-қопларини ортишарди. Шокир сув тиқилиб қолган ариққа борди, унинг чўкичи ариқ ёнида ётарди. Метин билан Меҳмед унга эргашишди.
Ойша дастурхондаги кир идишларни патнисга тахлади. Қизини ювинтирди. Сочиқ билан юз-қўлларини артиб қўйди. Кулба олдидаги ўчоққа ўт олдирди. Тумда сув қайнатди. Бир тўп кийим-кечакларни ювиб, буталар устига ёйди. Қуёш энди қаттиқ қиздира бошлаганди. Ойша чойшаб ва ёстиқ жилдларни ювишга киришди.
Шокир бутун полиз бўйлаб ўғиллари билан елиб-югурар, картошка, помидор, ловия ва бамия* экинзорларини суғорарди. Жон-жаҳди билан ишлаб, юрагига ин қурган ҳазинликни босишга уринарди.
Ойша оғзида кучли аччиқ ҳис қилар, айни чоғда юрагидаги алам ҳеч пасаймасди. “Бу шайтон чиптасини компостир қилгани Аданага кетармиш,- зардаси қайнарди унинг. – Мен бўлсам, қип-қизил аҳмоққа ўхшаб уни қолишга уннаб ётибман.”
У хода олдига бориб, унда осиғлиқ турган костюмнинг ички чўнтагидан компостирланмаган чиптани чиқариб олди. Ҳали ақлини йўқотмаган пайтида кўнглига бир иш қилишни тугиб қўйган эди. Ҳозир ҳеч иккиланмай ўша қарорини амалга оширди: чиптани гуриллаб ёнаётган оловга отди. “Мана, энди кўрамиз қандай қилиб кетаркансан, отамнинг адаши!” Чипта гур этиб ёниб, зумда зиғирдай кулга айланди. Ойша косовни олиб, ўчоқни тита бошлади.
Шокир ўғилларини бағрига босиб, уларга Олмония ҳақида ҳикоя қиларди.
– Иккинчи жаҳон урушида бутун мамлакатни бомбалаб, тош устида тош қолдиришмади. Бир томондан – инглизу америкалилар, иккинчи томондан – руслар. Чунки бу лаънати фашистлар қўшниларига ҳужум қила бошлаган эди. Францияни, Польшани, бошқа мамлакатларни талон-тарож қилишди, бутун дунёни ўзларига бўйсундирмоқчи эдилар.
Кейин уларни бош кўтаролмайдиган қилиб кўмиб ташлашди.
Штутгарт муниципал музейидаги витрина остида шаҳарнинг уруш тингандан кейинги фотосурати бор. Биронта бутун қолган уйи йўқ, бошдан-оёқ вайрона. Ҳозир шаҳар қандайлигини бир кўрсангиз эди! Ҳаммаёқда кашта-кашта гул полизлари, майсазорлар, асфальт. Компаниялар ва фирмалар ёппасига катта-катта ойна қопланган уйлар қуриб олишган. Минг-минглаб фабрика карнайлари нақ осмонга тиралади. Бошқа шаҳарларда ҳам бундан кам эмас. Уларнинг қабристонлари худди истироҳат боғларига ўхшайди.
Мен ҳаммангизга у ерни кўрсатсам дейман. Аммо ойингиз томоғимга пичоқ тираб: “Кетма, кетма” дея тихирлик қиляпти. Эрталабдан кечгача айтгани битта қўшиқ…
Ойша узоқдан эрига қараб-қараб қўярди. “Энди ҳеч қаёққа кетмайсан. Етади, икки йил азоб тортганларим!”
Шокир тушга яқин полиз суғоришни тугаллади. Оёқ-қўлларини ювди. Ёғоч шийпон тагига кирди. Ҳўл сочиқ билан яхшилаб артинди. Тоза кўйлакларини кийди. Болалар ҳам ювиниб-тараниб келишди. Ойша яна дастурхон ёзди.
Помидор ва гармдорилари билан буғдой палов сузиб келди.
Шундай ейишдики, бирпасда лаганнинг таги йилтираб қолди. Ойша ҳаммаларининг олдига нон ушатиб қўйиб, яна лаганга озроқ ош сузиб келтирди.
– Метин, Меҳмед, сизларни ҳам Аданага олиб кетайми?
Яна икки йил сабр қилсанглар, минибус олиб келаман. Аданага, Мерсинга бориб келаверамиз. Бугун – Тошучига, эртага – Юмурталиққа. Бир кунда бориб келавериш мумкин. Янги уйга телевизор олиб келамиз: кўриб, яйраб ўтирасизлар! Катта деразаларни очиб қўямиз. Ойингиз бетон айвонга сув сепиб қўяди – салқингинада ўтирамиз. Стол, стул, пичоқлар, санчқилар ва қошиқлар. Ҳар хил идишлар.
Ўша ерда, айвонда овқатланамиз. Уйга электр туширамиз:
Оқшомларимиз ёп-ёруғ бўлади. Уччовингизга биттадан велосипед обераман. Миниб мактабга бориб келаверасизлар.
Семра, худо хоҳласа, институтга киради. Ҳаёт ҳаёт эмас, ҳузур-ҳаловат бўлади. Хоҳласанглар Олмонияга борамиз. Ҳаммамиз биргаликда уч-тўрт йил ишлаб келамиз. Ҳолландия шундоқ ёнгинасида. Амстердам, Роттердамда бўламиз.
Гаага, Мадуродам, Шевенинген – жуда чиройли шаҳарлар дейишади. Ҳолландларнинг қанд-қурсу ширинликлари шунақангги зўр бўладики, мазаси алламаҳалгача оғзингдан кетмайди.Бозор кунлари у ёққа ҳам бориб келамиз, ширинликларини тотиб кўрамиз. Чегараларда ҳатто паспортингга ҳам қарашмайди.. Ҳеч қанақа виза-пиза керакмас. Албатта у ерда ҳам бу инфляция дегани бор. Кундан-кунга ҳамма нарса қимматлашиб бораётир. Аммо биз барибир бориб-келамиз. Мен фақат шу икки йил ичида озгина тер тўкиб келай. Сизлар бир оз улғаятуринглар, сўнг мактабга борадиган бўласизлар. Агар ўша ёқда қолиб кетадиган бўлсак, сизларни дарҳол мактабга ёздириб қўяман… – Шокир илҳомланиб кетганидан болаларга худди тенгдошларидай гапира бошлаган эди. Кейин бирдан дик этиб турди, яна бир бор ювинди, ходадаги михдан костюмини олди ва елкасига ташлади. У шундай эркин, сиқилмасдан юришни ёқтирарди. Кўприкбошигача яёв бориш керак, ундан у ёғига бир йўналишдаги таксига чиқиб олиши мумкин.
– Хайр, адашимнинг қизи! – У хотинига ва болаларига қўлини силкитди.
– Хайр, отамнинг адаши!
У боғ эшигидан чиқди-ю, ички чўнтагини пайпаслади. Ичида ҳеч нима йўқдай туюлди. Чўнтакка қўлини тиқди. Худога шукур, паспорт жойида экан. Бу жуда бебаҳо нарса, кумуш билан олтиндан ҳам қиммат. Сал анграйсанг, зумда илиб кетишади. Ўша илиб кетган одам Олмонияга сенинг ўрнингга кетади. Паспорт жойида. Аммо чипта қани? Шокир талвасага тушиб ҳамма чўнтакларини титкалади. Чипта йўқлигини кўриб, ортига ўгирилди ва тез, деярли югурганча уйга қайтиб кирди. Бир тирговучда осиғлиқ турган кичкина сумкани юлиб олди ва уни кавлай бошлади.
– Чиптам қани, Ойша? – деб бақирди. –Паспорт жойида, чипта эса йўқ. Қаёққа йўқолди, лаънати?!
– Кўрмадим.
– Нима-нима?
– Кўрмадим, деяпман.
Чипта ҳамон топилмасди.
– Билмадим. Айтаяпман-ку, кўрмадим, деб.
– Ростдан билмайсанми?
– Мен уни ёқиб юбордим!- тан олди Ойша, четга қараб.
– Ёқиб юбординг?
– Ҳа. Оловга отдим, ёниб кетди.
– Ростданми?
– Ростдан.
Шокир йиқилиб тушмаслик учун ходани қучоқлаб ушлаб олди. Эсанкираши ғазаб бўрони билан алмашинди. У тўппа-тўғри хотинининг кўкрагига мушти билан бир туширди. Яна устма-уст муштлади. Ойша тирноқларини ишга солиб, қўлидан келганча қаршилик кўрсатди. Ёқалашиб кетишди. Уларнинг уришишига узоқдан қўшнилар қараб-қараб қўйишарди, аммо ҳеч ким аралашмади. Ойшанинг юзлари кўмкўк бўлиб кўкариб кетди. Шокирнинг бурни каттакон қизил гарм-дорига ўхшаб қолди. Бир-биридан ўлгудай хафа бўлиб ажрашдилар. Кеч кирди, ҳеч ким кечки тамадди ҳақида ўйламас эди. Кечаси Ойша ёвғон шўрва қилиб болаларини тўйғазди. Каттакон нон пичоқни қўлига олиб шийпонга чиқди ва ухлагани ётди. Пичоқни тўшак остига яшириб қўйди. Кўклардан яна тўлиной ўз ёғдуларини тўкди. Шокир ярим кечаси шийпонга чиқди.
– Мен сенга, кетма, деб айтдим. Агар кетсанг қўлма-қўл бўлиб кетаман. – У нон пичоқни чиқарди ва эрига узатди.- Яхшиси, сен ўзинг мени сўйиб кет. Қип-қизил қонимни тўк. Аммо бир ўзимни ташлаб кетма.
– Ўчир,– Шокир кафти билан унинг оғзини ёпди.– Қандай қилиб бошқаларнинг хотинлари бир ўзи яшайди? Нима деяётганингни ўйласанг-чи!
– Бошқалар билан менинг ишим йўқ. Мен яшолмайман. Кетма.
Шокирнинг юраги эзилиб, пичоқни юлқиб олди ва полизга улоқтирди.
– Бўпти, жин урсин сени, ҳеч қаёққа кетмайман. Лекин билиб қўй, адашимнинг қизи, сен чиптани эмас, менинг ўзимни ёқиб юбординг.
– Кетма.
Тупроқлар узра тун қоронғиси майин-майин тўшалди. Юксакда самоларнинг сепкилдор юзи жилмаярди. Қурбақалар вақилларди. Чия-бўрилар увиллаб-увиллаб қўйишарди. Каккулар шошилмасдан муҳаббат шарафига ўз қўшиқларини куйлашарди.
____________
* Бамия – мева берувчи каноплар оиласига мансуб ўсимлик, меваси хомлигида овқатга солинади, уруғидан қаҳвасимон қиём қилинади

Туркчадан Миразиз Аъзам таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 4-сон