Фақир Бойқурт. Комбайн (ҳикоя)

Шариф Алининг ғоят катта, охири кўринмайдиган буғдойзорлари ҳатто сокин, шамолсиз кунларда ҳам худди олтин денгиздай мавжланади. Ёрқин қуёш ёғдулари остида майин-майин рақсга тушаётганга ўхшайди. Унинг бундай буғдойзорлари тўрттами, бешта. Деярли ҳаммаси яхши суғорилади, ҳосили кўплигидан омборлари тўлиб-тошади. Шариф Али баъзан қишлоқдаги ҳовли-жойида, баъзан шаҳардаги ҳовли-жойида пошолардай яшайди. Бу ерда уни “оға” дейишади – ҳаммани шундай ўргатган. Бу унинг қулоғига куйдай хуш ёқади. Ҳамма сендан қўрқиб-қалтираб турса қандай ёқимли! Агар бой-бадавлат, пода-пода сигир-буқалар соҳиби, катта мол-мулк эгаси бўлсанг, бу ўз-ўзидан шундоқ бўлиши турган гап. Шариф Али ёшлигидан иззатталаб ва бойликка ҳирс қўйган эди. Отаси хотинликка уч қиздан бирини танлашни тавсия қилганда, хунук бўлса ҳам энг бойини танлади. Хотини ўлиб тул қолганда яна жуда кўримсиз бой қизга уйланди.
Уйи қарол ва хизматчилар билан тўла эди, ўрим-йиғим пайтларида эса у яна батраклар ҳам ёлларди. Бу ёқда ҳеч ким унинг гапини икки қилишга ботинмасди. Ҳар қалай йигирма тўрт қишлоқли бутун Эрла текислигида у бирон бир амалдор ё бошлиққа таъзим қилмас, ўзини эркин, ҳатто кибрли тутарди.
Ҳозир айнан ёзнинг охири, дала ишлари энг қизиган бир палла эди. Қуёш ҳали атрофни жудда қаттиқ қиздирарди.
Буғдойзорда қўшни қишлоқлардан келган кунбай мардикорлар ишлашарди. Шариф Али уларга жуда оз, арзимаган ҳақ берарди, лекин улар шунисига ҳам хурсанд эдилар.
Ўримчилар ўттиз саккиз киши бўлиб, аста-аста илгарилаб боришарди. Ярақлаган ўроқлар қандайдир, бошқа ҳеч қандай овозга ўхшамайдиган ғалати товуш чиқарарди.
Ораларидан қил ҳам ўтмайдиган бу зич қаторда эркаклар ҳам, аёллар ҳам бор эди. Уларнинг ҳар бири ёнидаги шеригининг нафақат ачимсиқ терлари исини ҳис қилар, ҳатто нафасини ва юрак уришини ҳам эшитарди.
Қўчқорнинг шохига ўхшайдиган ўзига хос маҳаллий ўроқларнинг жадал силтовларидан бошоқлар узунасига қаторлашиб ётарди. Буғдойи ўрилган майдон борган сари кенгайиб, ўрилмаган майдон эса кичрайиб борар, бутунлай тугашига оз қолаётганди.
Сал узоқроқда учта ходача ва йиртиқ латта-путтадан нари-бери қурилган чайлача турарди. Унинг соясида қўпол қуриб ўрнатилган беланчак чайқалар, унда уч ойлик бир чақалоқ мудраб ётарди.
Шариф Алининг ўзи қатор ўроқчилар ортидан изма-из тўкилиб қолган бошоқларни териб келарди. Одам деган бекор турмасдан нима биландир банд бўлиши керак-ку! Гап йўқ, битта-яримта бошоқ қолиб кетса бало-қазо юз бермайди! Майда-чуйда жониворлар, қушлар ёки оч-яланғоч қашшоқлар ҳам бошқалар ҳисобига фойдаланиб қолишсин. Бу дунё шундай қурилган, ахир.
Арслонлардан қолгани шоқолларни тўйдиради. Етимлар ва бевалар ҳам оғадан қолганига тўйишади.
“Оғанинг аҳволи бу кунларда жуда илгаригидай мустаҳкам ва баобрў эмас,– хўрсинди Шариф Али.- Агар ҳамма ерларимни тўрттала ўғлимга бўлиб берсам, ҳар қайсисига тузукроқ-тузукроқ тегармикин. Қанақасига оға бўласан, агар еринг кам бўлса? Энди одамлар Эгей бўйи томонларга кетиб қолишяпти. Бири пахта теришга, бири фабрикада ишлашга… Ҳатто батрак ҳам тополмайсан. Илгариги замонлар бош-қача эди! Бор-йўғи битта ҳуштак чалсанг, зумда чопиб келишарди. “Бизни олинг! Бизни олинг!” – деб ёлвориб оёқ остида ўралашардилар. Сен бўлсанг энг соғлом, бақувват йигит-қизларни танлаб олардинг. Ҳеч ким сенга қарши бир сўз айтолмас, нимани буюрсанг ўшани қиларди. Жандармлар, амалдорлар, бошлиқлар – ҳаммаси сенинг оғзингга қараб иш тутишарди. Мен бу дунёга кечикиб келдим, шекилли, эҳ, кечикиб келдим. Йил ўтган сайин кунбай иш ҳақи ортиб боряпти. Эмишки, улар пахтадан кўпроқ пул ишлашаркан. Пахта терувчиларга қанчадан беришса, сенам шунчадан бер, шунда сен билан қолишади. Тавба, шунча йўл қуришнинг нима кераги бор эди? Шу текинхўрлар янги фабрикаларга бора олишлари учун қурилдими?..”
Ўнг тараф каттаси (ўроқчилар қаторининг икки четидаги кишилар “катта” деб чақирилади) баланд овоз билан қўшиқ бошлади:
Ҳамма ёққа қўшиқ ёғилар…

Бу хол-хол кўйлакли бақувват йигит эди. У хат-савод ўрганмай қолиб кетган, китоб-газит ўқимайди, радио эшитмайди: улар у ерда нималарни валақлашаётганини тушунмайди ҳам. Ўримда доим бош-қа батраклардан бир неча қадам олдинда борар, улардан ўтиб кетарди. Аммо ҳозир тўхтади-да, қаддини ростлаб, икки қўлини белига тиради:

Ҳамма ёққа қўшиқ ёғилар…

Чап тарафнинг улуғроқ ёшли каттаси унга жўр бўлди:

Келаётган кимлар?
Ўримчилар, ўримчилар!
Ҳе-ҳе-ҳе-е-ей!

Ўттиз саккиз бўғизнинг ҳаммаси бир ёқадан бош чиқариб қўшиқни баб-баравар айта бошлади.
Қишлоқларда кенг тарқалган бу деҳқонча жўрлик қўшиғи айтилганда на баланд, на паст, на аёл, на эркак овозларини фарқлаб бўларди. Уларнинг қўшиғи атрофдаги барча тепаликлар бўйлаб жарангларди.
Тушлик яқинлашаётган вақт, қуёш бор кучини ишга солиб қиздираётган бир палла эди.
Батраклардан беш юз метрча наридаги тепаликнинг учида сигирлар подаси ёнида бир чўпон турар, хаёл суриб далага қараб-қараб қўярди. “Ҳе-ҳей” садолари унинг кўксида кучли бир ҳамдамлик туйғусини қўзғарди. Қандайдир бир дақиқаларда у ҳар ёққа ўтлаб кетган подасини унутди. Бу кимсасиз томонларда чўпоннинг кўргилиги батракларникидан оғирроқ. У одамларни соғинади. “Молларни суғориб олай, кейин яна шу ерга ҳайдаб келаман,– деб аҳд қилди чўпон.– Азбаройи худо, жуда азамат-да бу батраклар! Уларнинг қўлида ишга жон киради. Оқшомгача ўрим битди, деявер. Ана боғ-боғ қилиб боғлашяпти. Ҳаш-паш дегунча янчгани олиб кетишади.”
Чўпон хизматчилардан кўзларини узмасди. Буғдой ўрими осон иш эмас, белинг сингудай бўлади, лекин мен ҳозир жон-жон деб улар билан бирга ишлаган бўлардим, одамларни соғиниб юрагим қон бўлиб кетди, ахир!
Батраклар яна бир марта “ҳе-ҳей”ни айтиб олгач, қайтадан бошоқлар устига эгилишди. Иккала тарафнинг катталари янги қўшиқни авж олдириб юбордилар. Улар қўшиқни яхши, кифтини келтириб куйлашарди. Тезда бошқалар ҳам уларга жўр бўлишди. Қўшиққа бутун жон-дилларини беришарди.
Шариф Али орқада ўз-ўзича минг хил ўй-фикрлар оғушида келарди: “Менга комбайн ол, деб маслаҳат беришади. Менинг шундай хизматчиларим бор, комбайнни нима қиламан?”
– Яшанглар, йигитлар, яшанглар! – деб баланд овоз билан қич-қириб қўйди у.–Топган пулингиз ҳалолидан бўлади, яхшиликка буюрсин! Мен сизларга бир тоғора ҳолва сотиб олиб келишни буюраман,– деди керилиб.– Яшанглар, йигитлар, яшанглар! – деб қичқиришда давом этаркан, кунбайчиларга янада яқинроқ келди.
Шариф Али сариқ сахтиён этик кийган эди. Мажнунтолнинг қамчидай новдаси билан қўнжларини уриб-уриб:
– Яшанглар, йигитлар, яшанглар!– деб такрорлашини қўймас эди.
Батраклар орқаларидан изма-из келаётган хўжайин уларни, ял-қовсанлар, дея таъна қилишидан ҳадиксираб, бараварига ишга зўр беришарди. Бошоқларни батамом ёйиб ташлашди. Қуёш борган сари қаттиқроқ қиздирарди. Батракларнинг кўпчилиги – очиқ кўнгил, қувликни билмайдиган одамлар. “Шундай ўриш керакки, биронта ҳам бошоқ қолиб кетмасин”– дейишарди улар. Аммо уларнинг орасида “қари бўрилар” ҳам учраб турарди: улар кўпинча қатордан орқада қолишга уринар, шунда қолганларга иш икки баравар оғирлашарди. Одамлар бекорга “Оғир-оғир, ўртадагиларга оғир” демайди. Айёрроқ ва зийракроқлари четга яқин жойда бўлишга интилардилар.
Шариф Али ўртада турарди. Унинг назарига нимадир илашди, нималигини ўзи ҳам билмайди. Унинг олд томонида толмадаккина келишган бир қиз ишлаётган эди. “Шу менга ёқиб қолдими дейман? – ўйлади Шариф Али.– Йўғ-е. – У бу тахминини хаёлидан чиқариб ташлади. –Ҳали гўдак-ку. Аммо зўр ишлар экан. Эпчил, чаққон…”
Толмадек қизнинг ёнида зуваласи пишиқ, гавдаси бақувват бир жувон буғдой ўраётган эди. Фақат ёмон кийинган эди. Ҳатто чолвори йиртиқ-ямоқ эди. Йиртиқ жойларидан қизғиш бадани ташқарига шундай тиқилиб чиқиб турарди!
– Яшанглар, йигитлар, яшанглар!
Биққи жувон ўрилган бошоқларни ташлаб шундоқ орқасига ўгирилган эди, ортида оғани кўрди. Эсанкиради. Нима қилишни билмай, ўроқни янада тезроқ шиғиллатди.
Шариф Али:
– Яшанглар, йигитлар, яшанглар! – деб қичқиришда давом этди.
Ўзи эса завқ билан батрак жувонга бақраярди. “Мана буни хотин деса бўлади! Сонлари бўлиқлигини қаранг! Фақат шунақа зуваласи пишиқ жувонлардан соғлом болалар туғилади! ”
У ўзини четга олди, аммо бир зумда қайтди.
“Бундай хотинни қанча едириб-ичирсанг, шунча жонинг яйрайди. Ясантирсанг ҳам маза қиласан! Қучоқласанг қучоғинг тўлади. Зўр. Зўрлигига гап йўқ. Елкалари дўндиқлиги, қўллари кучлилигини қаранг. Кўкраклари қовунларингдай…Қаердан келдийкин бу гўзал жонон?”
Батраклар даланинг охиригача чиқиб, орқага қайтишди. Шариф Али ёш жувонни кўзлари билан еб қўйгудек эди. “Зўр. Зўрлигига гап йўқ. Юзлари ҳам думалоққина.Териси нақ анордай. Чиройли аёл чиройли-да…”
Улар бир неча марта кўз уриштириб олдилар.
“У менга бир нима демоқчи шекилли?”- жувонни қўрқув босди ва нарироққа кетди. Шариф Али эса ҳамон анграяр, чолвори аранг яшириб турган бўлиқ сонларидан кўзларини узолмасди.
Батрак аёл чайлага қараб кетди. Демак, чақалоқнинг онаси шу экан-да, – фаҳмлади дарҳол хўжайин. Жувон чўнқайиб, беланчакка эгилди. Бола баланд овоз билан йиғлаб юборди. Кун иссиқ. Афтидан, бечора терлаб кетганга ўхшайди. Бўйни ва оёқчалари қизариб кетибди. Аёл таёқчаларга илиб қўйган фартуғини олиб, болани елпий бошлади. Кейин кўкрагини чиқарди.
“Сутим жуда исиб кетмасдан олдин, уни эмиза қолай”, – деган хулосага келди у.
Кичкина миқти, она кўкрагини ҳеч қўйвормас, тинмай сўрар, яна сўрар эди. Кўриниб турибди, касал эмас, бақувват. Иншоллоҳ, тиқмачоқдан йигит бўлади. Эмчакни илдизи билан юлгудай бўлиб тортқилар эди.
Хўжайин ўнг тарафнинг каттасини чақирди:
– Бу ёққа кел-чи…
У дарҳол югуриб келди.
– Нима дейсиз, оғам?
– Бу ёш жувон ким?
Батрак кўзини қийшайтирди:
– Буми?
– Ҳа.
– Қишлоғимиздаги Сулаймон қоровулнинг хотини, оға. Ёшларимиз ҳар қаёққа кетиб қопти. Болалик бўлса ҳам уни олишга тўғри келди.
Шариф Али чайлачадан кўзини олмасди. Ён тараф каттаси ҳам ўша ёққа қаради.
– Мен уни олмоқчи эмасдим, жуда кўп ялинди. Эрининг айби билан қишлоқдаги бир сигирнинг оёғи синди. Оқсоқолимиз қоровулга жарима солди, у бўлса бор-йўғи ўттиз лира ойлик олади. Энг паст маош. Бундай мояна билан кун кўриб бўладими? Мана энди хотини ўзини ўтга-чўққа уряпти – қишин-ёзин ишлагани-ишлаган. Шу сабабли “Мени ҳам ола кет. Лоақал ўзимга бирор газлама оларман, жуда кўйлаксиз қолдим”, деб ёлворди. Унинг ҳатто рўмоли ҳам йўқ, оғам. Қўлида уч ойлик чақалоғи бор. Унга ачиндим, худо ҳаққи, жудаям ачиндим.
– Оти нима?
– Оти Фотма, оғам.
– Ҳа, унинг ҳоли ачинарли экан, – деди Шариф Али. – Майли, ишлайверсин. Юз эллик лира ерда ётмайди. Ўн кунда бир чолворлик пул ишлаб олса ёмонми? Жуда ясан-тусанга етмаса нима бўпти? Ёқимли аёл экан, жуда ёқимли.
– Яхши ишлайди, – деб жавоб берди батрак.
Ўрим давом этарди.
Батрак чайла ёнидан ўтаркан, Фотмани чақирди:
– Эмизишни тўхтат. Хўжайиннинг жаҳли қистаяпти.
Фотма шоша-пиша кўкрагини тортиб олди, болани қайтариб беланчакка ётқизди ва югуриб жойига борди.
Шариф Али яна қатор кетидан қўзғалди.
Батраклар хўжайин ўзларига қараётганини пайқаб бир оз мушша-йишди.
Ҳаммадан кўпроқ Фотма хавотирда эди.
“Изимдан қолмай юрипти. Нега болангни судраб олиб келдинг, деб ташланиб қолса керак ҳозир. Уч ойлик болани кимга ташлаб келаман, ахир? Эрим бошқа болалар билан ҳозир нима қилаётган экан? Ҳамма ёғи ифлосланиб, пашша талаб ётган бўлса-я? Юрак ҳам сиқилиб кетди. Ақлли одам қоровуллик қилмайди, ақлли хотин қоровулга тегмайди. Ҳамманинг сигир-бузоғига қараш осон эканми? Қўтондан чиқарар-чиқармас эгаси тўнғиллайди. Бирон экинзор пайҳон бўлса – яна бошингда бало. Шу зайил қоровул бечора доим икки ўт орасида. Улгуришинг керак, ҳаммасига улгур. Берадиган ойлиги чориққа ҳам етмайди. Менинг Сулаймоним эса кўз кўриб қулоқ эшитмаган лаванглардан. Битта сигирни тош билан оёғига уриб, ярадор қилибди. Биз ўзи икки қурушни ҳам зўрға топамиз-ку, тағин икки юз лира жарима тўлармишмиз. Унинг ўрнида бўлсам, ўлсамам тўламасдим. Қишлоқликларимиз ўз молларига ўзлари қарашсин. Қилган ишини қаранг: кетимизни ёпадиган латта-путтамиз ҳам йўғ-у, тош билан уришга бало борми? Чақалоғимни бу ёққа олиб келдим. Шариф Али эса орқамдан қолмайди. Биладики: болали хизматчи хизматчи эмас. Бел қурғур зирқиради, эгилмаяпти. Ён тараф каттаси эса нуқул: “Ҳей-ҳей, бўла қол” деб қичқириб қўяди. Чап тараф каттаси билан бирга ақлсиз Боқийнинг “Ўзганинг ғамини ким ҳам тушунар” деган қўшиғини айта бошлашди. Ҳа, тўғри гап бу, ўзганинг ғамини ким ҳам тушунади, дейсиз? Устига устак оламда йўқ иссиқларни кўринг!”

* * *

Тушликдан сўнг шабада эсиб ҳамма енгил тортди. Эрталабоқ айла-ниб юрган чўпон яна тепалик ёнбағрида кўринди. Боғ боғловчилар ишга баравар киришганди. Бошоқ боғларини шу ернинг ўзида учта аравага ортишди. Шариф Али эса ҳамон батраклар қатори ортида ўралашарди.
“Менга комбайннинг нима кераги бор? – такрорларди ўзига ўзи.– Ҳеч қанақа комбайн менинг хизматчиларимга етолмайди. Бир куннинг ўзида бутун бошли бир майдонда йиғим-теримни битказишди. Булар ҳам ўришади, ҳам боғ боғлашади, ҳам ташиб беришади – ҳаммасини ўзлари қилишади. Хоҳласам барини бир кунда янчтириб олишим ҳам мумкин. Вой-вой, бу Фотмаси мунчаям зўр-а! Яшавор, Фотма! Бир ўзи бир комбайннинг ишини қилади! ”
Чиндан ҳам Фотма ишни қойиллатди. Ишлаши ва эпчиллигига қараб батраклар унга Комбайн деб лақаб қўйишди. Ҳолва олиб келишганда, Шариф Али унга кўпроқ берилсин деб буюрди.
– Ахир унинг чақалоғи бор, бошқалардан кўра ишлаш унга оғирроқ. Майли, тўйиб-мириқиб есин, – деди у баланд овоз билан хи-хилаб.
– Фотма, оғамиз сени севиб қолганга ўхшайди,- ҳазиллашиб кулиб қўйишди батраклар.
– Ўзиям ишни қойиллатасан-да! Комбайнга ўхшаб.
– Фотма Комбайн-да ўзи!
Шариф Али яна Фотмага яқинроқ борди, ҳамма йиртиқлардан дўппайиб кўринаётган баданига ҳирсли кўз билан еб қўяй деб қарарди.
“Хотинмисан хотин!– завқланарди у.– Асал! Фақат аллақандай тоғ айиғига насиб қилгани ачинарли. Қишлоқ қоровули дегани чувриндининг чувриндиси, энг қашшоқ одам дегани. Лоақал орқасини бекитиб юришга ярайдиган бирон кўйлак ҳам оберолмайди. Уни боқолмайди ҳам, буни қарангки, шундоқ бир қашшоқ одам – уйланибди-я! Оч-яланғоч бўлса ҳам, қандай зўр хотинни қўлга киритибди! Бутун қишлоқда бошқа бундай хотин йўқ. Уни эркалатиш ва асраб-авайлаш керак. Қимматбаҳо матолар кийгазиб ясантириш керак. Эрталаб қаймоқ билан асал едириш керак – қанча хоҳласа шунча есин. У чувриндида бунга пул қаёқда? ”
Чайладаги гўдак тинмай йиғлай бошлади. Фотманинг юрак-бағри эзилаётган бўлса ҳам қатордаги жойини ташлаб кетишга ботинмасди. Фақат ўша томонга билдирмай қараб-қараб қўярди. Аммо қандай қилиб кетсин, оға ундан кўзини олмай орқада турибди?
– Бор, кичкинангни эмизиб кел, – рухсат берди Шариф Али.
Фотма чайлачага ошиқди.
Шариф Али майдоннинг ён томонига қараб юрди. У ердан кетмакет бошоқ боғлари ортилган аравалар жўнаб кетаётган эди. Бошоқ боғлари борган сари камайиб, далалар яланглашиб борарди. Тепаликдаги чўпон ҳам бу ёқларга гоҳ-гоҳ қараб қўяр, подасини тезроқ ғалладан бўшаган шу анғизга қўйворгиси, шу ерларда боққиси келарди. Пода мириқиб тўйгунча, у ҳам кунбайчилар билан у ёқдан-бу ёқдан гаплашиб олиш мўлжалида эди.
Шариф Али чайлача ёнига келди. Гўдак илиқ сутни очкўзларча сўрарди.
– Фотма! – паст овоз билан чақирди Шариф Али, унинг ёнига ўтираркан. У жувоннинг елкаларидан, кичкина рўмол ўраган бошидан, очиқ томоқлари ва кўкракларидан кўзларини узмасди.
Фотма тиззаларини зичлаштириб, қизарганча очиқ жойларини тўсди.
– Ассалому алайкум, оға,- деб қўйди ҳурмат ва ҳадик билан.
– Ўғилчанг жуда чиройли экан, Фотма.
Аёл индамай ютиниб қўйди.
– Ўзинг ҳам жуда чиройлисан, одам қараб тўймайди. Шундай ширин нашвати нок аллақандай тоғ айиғига насиб қилса-я! Омадинг йўқ экан!
Фотма унга қия назар ташлади. Шариф Али яқинроқ сурилди, бутунлай безбетлашди.
Кунбайчилар хириллаган овоз билан бақириб: “Ҳе-ҳей”ларини айтишарди. Чўпон подани ёнбағирдан пастга ҳайдай бошлади.
– Фотма, нега шу пайтгача сени кўрмадим-а?
Фотма унга ўгирилди. Энди улар шундоқ юзма-юз, тиззалари тиззаларига тегиб ўтиришарди. Юраклари гурс-гурс урар, нафаслари бўғизга тиқиларди.
–Агар кўрсанг нима бўларди?- деб қўйди кунбайчи жувон бўғиқ овоз билан.
– Сени эринг билан ўз қишлоғимга олиб кетардим.
– Сизларнинг қишлоғингизда қоровул йўқми?
– Менга қоровул керак эмас. Ким кераклигини ўзинг тушунасан-ку.
Фотма тиззаларини ўзига тортди. Кўкраклари яна очилиб қолди: катта-катта ярқираган иккита чойнак, ораларида қоронғи чуқурча.
Шариф Али олдинга сурилди.
– Менга сен кераксан… – деди у. – Лабларингнинг асали, Фотма… Кўзларингнинг чўғи, Фотма…Оллоҳнинг жаннатидан қора тутларинг…
Фотма титраб-қалтираб кетди.
–Тоғ ўрмонларининг ажойиб қуши. Ўтлоқларнинг нафармон гунафшаси. Оҳу. Жоним Фотма!
– Сен мени ширин гаплар билан йўлдан ураман деб ўйлама… қуш… чиройлисан…- жувон ниҳоят ўзини йиғиб олди.- Мендай бир камбағал бечорадан нима истайсан сен?
Оға юзига бошқача тус берди.
– Эҳ, сен уятсиз-е!
У жувонга тик назар ташлади: қараса, ҳамла қиладиган…
– Мени уятсиз дема, Шариф Али оға. Мен ҳеч қандай уят иш қилганим йўқ. Сен менга оғасан. Муҳтарам, обрўйли одамсан. Бу каттакон водийда сени билмаган одам йўқ.. Яхшиликча жўна бу ердан. Менга тегма. Тушундингми?
– Хўжайининг билан қанақа гаплашяпсан?
У шартта сурилиб бир қўли билан кўкрагини ушлаб, иккинчи қўли билан бўйнидан қучоқлади, олдиндан қандай ўпиб, эркалаб лаззатланишларини ҳис қила бошлаган эди.
Фотма хўмрайди, юзлари қорайиб кетди. Қичқириб, одамларни ёрдамга чақириб ўтирмади. Шариф Али бақувват, пишиқ киши – нақ қоятошнинг ўзгинаси эди. Аммо Фотма бирдан сапчиб турди ва қаердандир пайдо бўлган аллақандай жасорат унга куч бердики, пўлатдай қуйма мушти билан тўппа-тўғри Шариф Алининг башарасига туширди. Кейин яна битта солди.
– Эй, лаънати, сенга айтдим-ку, менга шилқимлик қилма деб.
Шариф Алининг оғзи-бурни қонга ботди. Боши айланди. Худди атрофдаги тоғлар устига йиқилгандек эди. Дарахтлар учига туриб қолганга, илдизлари ҳавода тебранаётганга ўхшарди.
– Яна бир марта қўл теккизиб кўр-чи!- деб пишиллади Фотма, у ҳамон муштларини қисиб турарди. У ўзининг шунчалик кучи борлигидан, довюраклигидан ҳайратда эди.
– Хўжайининг билан шундай муомала қилишга қандай ҳаддинг сиғди? – деб ғўлдиради Шариф Али.
– Хўжайин бўлсанг ўзингни хўжайиндай тут. Қўлларингга эрк берма.
– Қандай ҳаддинг сиғди…
– Шундай сиғди, Худо жонингни олсин!
У ўрнидан турди. Ердан таёқчаларни суғуриб олди, латталарга ўради.
Болани опичиб, қишлоғи томонга ёнбағир оша юқорилаб кетди.
Шариф Али Фотманинг узоқлашган сари кичрайиб бораётган қадди-қоматига индамай қараб турарди. Икки марта ха-холаб қўйди.
– Оғага тирноқча ҳам ҳурмат деган нарса қолмади! – деди аста тўнғиллаб.
Турмоқчи бўлди-ю, аммо туролмади.
У бир неча дақиқа қимирламай ётди. Батраклар “Ҳе-ҳей”лаб қич-қирганча далада ўримни давом эттиришарди. Шу чоғ бирдан чўпон яқинига келди. Шариф Али оғзи-бурнининг қонларини артиб олмоқчи бўлди-ю, аммо улгурмади.
– Ия, Шариф Али оға, сенга нима бўлди? – деб сўради чўпон.
– Нима ишинг бор? – йиртқич ҳайвонлардай жириллади Шариф Али. – Нега аҳмоқона саволларинг билан сенга даҳли йўқ нарсага бурнингни суқасан? Йўлингдан қолма, ит…
– Ҳа-а-а! — деб чуқур ҳўрсинди ҳайратдан эсанкираб қолган чўпон.- Нима бўлди, муҳтарам оғагинам? Оғзи-бурнинг қоп-қора қон экан, шунинг учун нима бўлди, деб сўровдим. Ахир, сен бизнинг хўжайинимизсан.
– Қис! Йўқол туққанингнинг олдига! Бўлмаса, ҳозир туриб башарангга шундай тушираманки, туғилганингга пушаймон бўласан!
– Яхши, оға, кетяпман, кетяпман.
– Туёғингни шиқиллат, тезроқ-тезроқ!
Шариф Али ўз ғазабини ҳеч қандай айби йўқ чўпонга тўкиб-сочаркан, бу асно Фотма хўжайинини қандай боплаб урганини хаёлидан ўтказганча аста-секин тоққа кўтарилишда давом этарди.

Туркчадан Миразиз Аъзам таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 4-сон