Эрнест Хемингуэй. Нобел мукофоти топширилиш маросими учун тайёрланган нутқ

Хемингуэй ўзига Нобел мукофотининг топширилиш маросимида қатнашмаган. Адибнинг илтимосига кўра унинг нутқини АҚШнинг Швециядаги мухтор элчиси ўқиб эшиттирган.

Швеция академиясининг аъзолари, хонимлар ва жаноблар!
Мен нутқ сўзлашга унчалик моҳир бўлмасам-да, ҳотамтой Аофред Нобел мукофотини менга тақдим этишни лозим кўрган барча кишиларга ўз миннатдорлигимни изҳор қилмоқчиман.
Ўзидан илгари ўтган буюк ёзувчиларнинг ушбу мукофотдан бенасиб кетганини эслаган ҳар қандай кишини беихтиёр истиҳола ва хижиллик кайфияти чулғаб олиши тайин. Менимча, ўтиб кетган улуғ зотларни номма-ном санаб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак – маросимда иштирок этаётган ҳар бир киши ўз билим даражасидан келиб чиққан ҳолда, виждон амрига қулоқ солган ҳолда бундай рўйхатни ўзича тузиб олиши мумкин.
Ёзувчи, юрагидаги ҳамма дардни қоғозга тушириб, ватанининг мухтор вакилидан уни нутқ сифатида ўқиб беришни илтимос қилиши ақлга сиғмайдиган ҳол, деб ўйлайман. Киши бирор нарса ҳақида ёзаётган пайтда айрим фикр-мулоҳазаларни эсдан чиқариши ёки назардан қочириши табиий. Ақлу идрок исканжасига бўйсунмаган баъзи пайтларда ёзувчи кўп нарсага эришиши ҳам мумкин. Лекин, эртами-кечми, ўша фикр-мулоҳазалар тиниқлашиб, ёзувчининг нимага қодирлигию номининг асрлар бўйи унутилмаслигини ҳал қилиши ҳам мумкин. Буларнинг ҳаммаси ёзувчининг иқтидорига боғлиқ.
Агар ёзувчи жуда машҳур бўлса, унинг ҳаёти одатда ёлғизликда кечади. Эҳтимол, ёзувчилар ташкилоти уни ёлғизлик азобидан асрар, бироқ унинг ижодига ижобий таъсир кўрсатиши даргумон. У ёлғизликдан маҳрум бўлади-ю, жамоат арбоби сифатида гуллаб-яшнаб, охири таланти завол топади. Зотан, ижодкор сифатида фақат мустақилликда яшаш мумкин, холос. Фаросатли ёзувчи келажакда ўзини абадият ёку забунлик кутаётганини олдиндан билиши керак.
Ҳақиқий санъаткор ҳар бир янги китоби билан ҳали забт этилмаган чўққи сари гўё из тушмаган сўқмоқ бўйлаб сафарга отланиши лозим. Ҳеч бўлмаса, кимдир ўзидан илгари ҳам юрган-у, лекин сўнгги манзилгача етиб боролмаган йўлдан юриши даркор. Агар адабиёт яратиш ўтмишда ёзилган, аъло даражада ёзилган мавзулар ҳақида сал бошқачароқ ёзишдан иборат бўлганда эди, ҳамма иш хамирдан қил суғургандек битарди-қўярди. Афсуски, йироқ-йироқлардан буюк адиблар тоғдек бўй чўзиб тургани учун ҳам, ҳозирги замон ёзувчиси овлоқ гўшаларга кетишга мажбур. У шунчалар йироққа кетиши керакки, қай бир зот ёрдам қўлини чўзишни истаган тақдирда ҳам, ҳеч қандай ёрдам бера олмасин!
Назаримда, жуда кўп гапириб юбордим шекилли. Ёзувчининг халққа айтадиган гапи бўлса, ваъзхонлик қилмай, муқим ўтириб ижод қилиши керак. Яна бир бор ташаккур.

Набижон Боқий таржимаси