Марк Твен. Хато ўхшатиш (ҳикоя)

Дўстим иккимиз Нью-Йорк яқинидаги Саломанка бекатига сал кечикиб етиб келдик. Бекат саҳнида йўлов-чилар ғуж-ғуж, одамга лиқ тўла поездга чиқиб олиш учун елиб-югуришарди.
«Мендек машҳур ёзувчини ҳам шундай қисишадими одамлар», дея ўйлаб, кассага зўрға яқинлашдим. Чип-тафуруш йигитдан хос вагонга иккита чипта сўрадим. У: «Чипта йўқ», деб, туйнукни қарсиллатиб ёпди. Қўярмидим, бекат бошлиғини топиб, ундан хос вагондан жой олиб беришни илтимос қилдим.
— Жой йўқ! Мени безовта қилманг!—У орқасига ўгирилди. Бу қилиғи каминага оғир ботди.
— Мен билан бу оҳангда гаплашишларига сабаб шуки,— дедим дўстимга ўзимни оқламоқчи бўлиб,— улар мени танишмаяпти. Танимасни эса сийламас дейдилар. Агар Марк Твенлигимни билишганида…
— Тушингни сувга айт,— деди дўстим гапимни бўлиб.— Ўйлайсанки, агар улар кимлигингни билишса, поезддан сенга йўқ жойни топиб беришади.
Дўстимнинг сўзлари ўлганнинг устига тепган бўлди. Яна ўша бошлиқ ҳузурига кирдим ва ўзимни таништирдим:
— Мен — Марк Твен…
— Сизга айтдим-ку,— дея гапимни бўлди у,— бошқа безовта қилманг!
Бошлиқ яна орқасига ўтирилди. Нажот кутиб атрофга қарадим ва бир ҳаммол мени кузатиб турганини сездим. У вагон оғасининг қулоғига нимадир деб шивирларди. Вагон оғаси ҳовлиқиб менга яқинлашди.
— Яхшимисиз? — деди у такаллуф билан.
— Поездга чиқмоқчимисиз?
— Ҳа,— дедим хурсанд бўлиб.— Лекин жой масаласи…
— Э, у масала ҳам, ўзиям зўридан. Том, буёққа кел,— дея ҳаммолни чақирди у.
— Бу кишининг жомадонларини бизнинг вагонга олиб бор. Қани, кетдик.
Том бизни хос бўлмага жойлаштириб, деди:
— Агар хизмат бўлса, бемалол.
— Хў-ўш, чироқ хира экан, шуни бошқасига алмаштирсанг,— дедим.
— Бир оғиз сўзингиз,— деди ҳаммол таъзим билан. Ҳаммол чиқиб кетгач, мен ҳамроҳимга ғўдайдим:
— Хўш, дўстим, энди нима дейсан? Менинг Марк Твенлигимни билгач, уларнинг муомаласи ўзгардими, а? Марк Твеннинг обрўйини кўриб қўй!
Шундай дейишим билан бўлма эшиги олдида ҳаммол пайдо бўлди.
— Биласизми,— деди у ялтоқланиб,— кўчадаёқ кў-зимга иссиқ кўрингандингиз, жаноб Маккеллан.
— Ҳм…— дедим ерга қараб.
Ҳаммол каминанинг қўлидан тангани олди-да, кўздан ғойиб бўлди.
— У сени Нью-Йорк ҳокими жаноб Маккеллан деб ўйлади, шекилли,— деди дўстим қотиб-қотиб кулар-кан.— «Кўчадаёқ кўзимга иссиқ кўрингандингиз, жаноб Маккеллан». Хо-хо-хо!..

Инглиз тилидан Ўроқ Равшанов таржимаси
“Ёшлик” журнали, 1991 йил, 6-сон