Эрнест Хемингуэй. Даҳшатли кутиш (ҳикоя)

Ўринда ётарканмиз, у деразани ёпиш учун хонага кирди, кўзимга касалдек кўринди. Юзлари бўздай оппоқ, оғриқнинг зўрлигидан базўр ҳаракат қилар, қалтирарди.
— Нима бўлди, тойчоқ?
— Бошим оғрияпти.
— Бориб ёт.
— Йўқ. Тузукман.
— Жойингга бориб ёт. Ҳозир кийиниб, олдингга тушаман.
Мен пастга тушганимда у кийиниб ўчоқ ёнида ўтирарди. Тўққиз яшар мурғакнинг рангида ранг йўқ эди. Пешонасига қўлимни қўйиб, ҳарорати борлигини бил-дим.
— Кириб ёт,— дедим унга.
— Касалсан.
— Тузукман,— деди у.
Кўп ўтмай доктор келди, боланинг иситмасини ўлчади.
— Қанча?— деб сўрадим ундан.
— Ҳаддан ортиқ баланд… Бир юзу икки.
Доктор кўрсатма бериб, уч хил дори қолдирди, Болани тумов деб айтди, ўтиб кетади, ҳарорати у қадар хавотирли эмас деди. Хонамга қайтиб, боланинг ҳаро-ратини ёзиб қўйдим-да, дори берилган вақтни белгила-дим.
— Бирон нарса ўқиб берайми?
— Майли. Агар хоҳласангиз,— деди бола.
Унинг юзи.оппоқ кўзлари киртайиб кетганди. Тўшакка михланиб хаёл суради, холос. Мен Ховард Пайлнинг «Денгиз қароқчилари ҳақида достон»идан энг қизиқ ҳикояни ўқиб бердим, бироқ унинг бунга мутлақо эъти-борсизлиги сезилиб турарди.
— Қалайсан, тойчоқ? — деб сўрадим ундан.
— Ҳамишагидек,— дея жавоб берди у.
Мен унинг оёқ томонига чўкиб, кейинги дори бериш вақтига қадар китоб ўқидим. Ухлаб қолар, деб ўйловдим, қайдам — каравот оёғига тикилиб, жимгина ётибди.
— Нега ухламаяпсан? Дори ичиладиган пайт ўзим уйғотаман.
— Ухламаганим яхши… Сиз кетаверинг, дада… агар малол келаётган бўлса…
— Йўғ-э, нима деяпсан, ўғлим.
— Ҳа, англашимча… агар малол келса… ёнимда турмайсиз…
Эҳтимол, у алаҳсираётгандир, деб ўйладим ва соат ўн бирда бериладиган дорисини ичириб, ташқарига чиқдим.
Бола хонасига ҳеч кимни киритмаяпти, деб айтишди.
— Кирманг, касали юқиши мумкин,— дейишди. Мен ичкарига кириб, аста каравотга яқинлашдим.
Унинг қовоғи иситмадан пир-пир учар, ҳануз кўзи каравот оёғида эди. Ҳароратини ўлчадим.
— Қанча?— деб сўради у.
— Анча тушибди.
— Демак, нажот йўқ…— дея хўрсинди у.
— Ким шундай деди? Ҳароратинг жойида… Қўрқинчли жойи йўқ.
— Қўрқаётганим йўқ,— деди у,— лекин… ўйлаганим сари…
— Ўйлама.
— Бўлмаяпти-да,— деди у ва менга қадалди. У нимадандир қаттиқ сиқиларди.
— Мановини сув билан ич.
— Фойдаси бормикан?
— Албатта-да, фойдаси бор.
Ўтириб, яна «Қароқчилар»ни ўқий бошладим, лекин унинг қулоқ солмаётганини кўриб тўхтадим.
— Мен қачон ўламан, ота?— деб сўради у.
— Нима?!
— Мен қачон ўламан?
— Сен… ўлмайсан… Нима бўлди ўзи сенга?
— Менгами? Унинг: «Ҳаддан ортиқ баланд», деганини эшитдим…
— Одамлар қирқ даража иситмага чидайди-ку. Аҳмоқона хаёлларни қўй.
— Мен биламан ўлишимни, Фарангистондалигимиз-да мактабдош болалар менга қирқ тўрт даража ҳарорат билан яшолмайсан, деб айтишган. Меники — бир юзу икки.
У тун бўйи, ҳатто эрталабки соат тўққизгача ўзининг ўлимини кутиб ётган экан.
— Ай, тойчоғим-а,— дедим мен.— Сен ўлмайсан. Ахир ўлчагичлар ҳар хил бўлади-ку. Худди миля билан километрдек. У ўлчагичда ўттиз етти даража бинойи ҳарорат ҳисобланади, бунда эса тўқсон саккиз даража.
— Ростдан-а?— деди у ҳайратланиб.
— Ҳаққаст рост. Ўйлаб кўр, машинада ўн етти миля юрсак, қанча километр бўлади?
— Ҳа…
У бўлак каравот оёғига тикилиб хўрсинмай қўйди. Юзига ҳам ранг киргандек бўлди. Кейинги куни эса арзимас нарсани кўнглига олиб, хархаша қилди…

Инглиз тилидан Ўроқ Равшанов таржимаси
“Ёшлик” журнали, 1991 йил, 6-сон