Эдгар Аллан По. Юрак (ҳикоя)

Рост, мен жаҳлдор одамман. Ўлгудек асабим чатоқ. Аввалдан шунақа эдим. Тарки одат — амри маҳол. Лекин сиз мени ақлдан озганга чиқараётганингиз инсофдан эмас. Бу касаллик менинг зеҳнимни ўтмаслаштиргани йўқ, аксинча, уни янаям чархлади. Хусусан, эшитиш қобилиятимни янаям оширди. Эҳ-ҳе, ер тагидан осмон тоқигача ҳар қандай товушни илғай оламан. Ҳатто дўзахдаги фарёдларни ҳам эшитганман. Қанақасига мен жинни бўлай? Яхшиси, ҳаммасини бир бошдан айтиб берай. Сиз диққат билан эшитинг, ўзимни қандай тутишимга, нутқимга ҳам эътибор қилиб туринг-да.
Бу гап калламга қайси гўрдан келди — билмайман. Лекин шу нарса хаёлимни олдию, кечаю кундуз оромим йўқолди. Очиғи, бу ишга чолнинг дахли йўқ эди. Унга нисбатан адоватим ҳам бўлмаган. Яхши кўрардим уни. Уям бирон марта мени оғринтирмаган. Унинг пулига кўз олайтирган эмасман. Менимча, гап унинг кўз қорачиқларида эди… Ҳа, шунақа. Унинг бир кўзи иккинчисидан ажралиб турарди. Худди сувдек тиниқ ва кўкимтир, худди оқиш ва шаффоф парда билан қоплангандек эди. Ана шу кўзларни жуда ёмон кўрардим. У менга қараган пайтида қоним гупуриб кетарди-ей. Хуллас, чолнинг бу совуқ кўзларини умуман кўрмаслик учун уни тинчитиш фикри менда қачон пайдо бўлгани ёдимда йўқ.
Сиз эса, мени қип-қизил жиннига чиқариб ўтирибсиз. Телбалар фикрлай олмайдилар-ку! Сиз менга синчиклаб қаранг-чи. Қаранг, мен бу ишни қилишдан аввал ҳаммасини пухта ўйлаб, режалаштириб, паст-баландини ҳам ҳисобга олиб чиққанман. Қотилликдан бир ҳафта олдин мен чолга нисбатан шунақа меҳрибон бўлиб қолган эдимки, шу пайтга қадар унга бунақа яхши муомала қилмаганман. Кечалари, ярим тунда унинг эшигини қия очиб ичкарига мўралардим. У эса, ҳеч балони сезмасди. Эшикни каллам сиғадиган даражада очардим-да, ичкарига ҳар томони бекитилган сирли фонар нурини бир чизиқда йуналтирардим, кейин эса, калламни суқиб карардим. Ўша ҳолатни сиз ҳам кўрганингизда ўзингизни тутолмай кулворардингиз.
Мен чолни уйғотмасликка ҳаракат қилардим. Бошимни тўшакдаги чолни кўра оладиган даражада ичкарига суқиш учун ярим соатча вақт кетарди. Хеҳ, бунақа шумликлар жинни одамнинг етти ухлаб тушига кирмайди, мен сизга айтсам. Калламни ичкарига олганимдан кейин секин-аста фонар нурини оча бошлардим. Ўруғликни унинг чақир кўзларига ғоят усталик билан тўғрилардим. Мен бу антиқа машқларни роппа-роса етта кун давомида, яна денг, қоқ ярим тунда олиб бордим. Бироқ унинг кўзлари ҳар гал юмуқ бўларди, мен эса, чолни эмас, унинг ана шу сабил қолгур кўзларини ўлгудек ёмон кўрардим. Тонг отиши билан ҳеч нима бўлмагандай чолнинг ёнига кириб, у билан апоқ-чапоқ сўрашардим, унинг соғлиғи, кайфияти билан қизиқардим. Кўриб турибсизки, чол ярим оқшомда қиладиган ғалати ишларим ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган.
Саккизинчи оқшом мен унинг эшигини ҳар кунгидан каттароқ очдим. Шу пайтга қадар бунчалик туйғун бўлмагандим. Ҳатто, юрагим ҳам ўзини сездириб қўймаслик учун секин тепаётгандай эди. Ўйлашимча, у менинг хуфия рафторим ҳақида на ўнгида, на тушида билолмасди. Шу фикр хаёлимга келиши билан беихтиёр ҳиринглаб юборсам бўладими? Чол овозимдан уйғониб кетди чамамда, каравотидан сапчиб турди-да, қўрққанидан аланглай бошлади. Ўзингиз ўйлаб кўринг, бунақа пайтда нима килиш керак? Тўғри, менам шартта ўзимни орқага олдим. Ўзимни кўрсатмасликка тиришиб секин-аста эшикни ўзимга торта бошладим.
Бармоқларим парда тутқичидан сирғалиб, қаттиқ овоз чиқарди. Чол бақириб юборди: «Ким бу?» Жойимда қотиб қолдим, дамим ичимга тушиб кетди. Чол яна ўрнига ётиши учун бир соатлар чамаси қимирламасдан, жим турдим. Чол худди мен ҳар оқшом деворга қулоқ тутиб чирилдоқ қўнғизнинг овозини эшитганимдек, каравотида жим ўтириб қулоқ сола бошлади.
Шу чоқ унинг қаттиқ уҳ тортганини эшитдим ва бу ўлим олди хўрсиниғи эканини пайқадим. Чунки, оғриқдан ҳам, ғамдан ҳам бунақа чуқур оҳ тортиш мумкин эмас. Бу нола фақат қўрқув ғарқ этган юракнинг туб-тубидан чиқиши мумкин эди. Мен биламан-да буни. Ҳар гал соат ўн иккига бонг урганда, менинг ҳам даҳшат тўла қалбимдан ана шундай ғайритабиий ун отилиб чиқарди. Шу боис ҳозир чолнинг аҳволини тушуниб, унга ҳатто раҳмим ҳам келди. У кўзларини юммасдан тўшакка ёнбошлаган пайтида ҳам бу қўрқув уни тарк этмаганди. У ўзини ҳеч нарса бўлмаганига ишонтиргиси келар, лекин бунинг уддасидан чиқа олмасди. У гўё шунчаки, камин мўрконида шамол ўйнаяпти, сичқонлар уёқдан-бу ёққа югуряпти, дея ўзини чалғитишга уринарди. Бироқ буларнинг ҳеч бири наф бермаётгани аниқ эди. Чунки, қора зулмат чодрасига ўралиб келган ажал аллақачон ўз қурбони узра кўланкасини ташлаб улгурганди.
Мен уни узоқ кузатиб турдим, ҳеч нарса эшитилмасди. Шунда мен фонарни ёқиб жудаям кичкина нур толасини эҳтиёткорлик билан унинг қушникига ўхшаш кўзларга тўғриладим.
У мудҳиш кўкимтир кўзларини катта-катта очиб ўргимчак тўридек ингичка нур толасига тикиларкан, қорачиқларида ғазабга ўхшаш аломат кўрдим. Унинг мени асабимга мислсиз азоб берадиган нигоҳларига кўзим тушиши билан миямнинг суякларига қадар музлаб кетдим: айни пайтда мен чолни ҳам, унинг даҳшатга беланган юзини ҳам кўролмасдим, чунки шуълани унинг малъун кўзларига ўнглаб турардим холос.
Шу чоқ қулоғимга алланечук тушуниксиз, худди пахтага ўралган соатнинг чиқиллашига ўхшаган товуш ўқтин-ўқтин чалина бошлади. Бу оҳанг менга таниш эди. Чолнинг юраги шундай тепарди. Бу овоз уруш ноғораси аскарни жунбушга келтиргани каби менинг ҳам жазавамни қўзғади.
Бироқ мен ўзимни тутганча яшириниб турдим. Деярли нафас олмасдим, қандай қилиб бўлмасин нурни чолнинг кўзидан силжитмасликка ҳаракат қилардим. Бу пайтда эса унинг лаънати юраги борган сари қаттиқроқ ура бошлади. Қария бемисл ваҳима измида эди. Юрак таблининг такатуми эса тобора баландлаб борарди. Айтдим-ку сизга, асабим жуда чатоқ. Сокин туннинг ўлик сукунатини тилкалаётган бу ёввойи сас мени қанчалик ноқулай аҳволга солиб қўйганини тасаввур қила оласизми? Шундай бўлса-да, бир неча дақиқа мен ўзимни ҳаракатсиз тутиб туришга куч топа олдим. Юрак талотуми кучаяверди. Унинг юраги ортиқча бардош беролмайди, деб ўйловдим.
Шу чоқ яна бир ўткир ўй миямни тилиб ўтди: қўшни эшитса-я? Чолнинг куни битганди. Қулоқни қоматга келтириб қичқирганча, фонарни бор бўйича очиб, хонага отилиб кирдим. Чол эса, бир марта, фақат бир мартагина инграй олди, холос. Мен уни судраб пол устидаги қалин тўшак устига олиб келиб ётқиздим. Ўзимча, мамнун илжайиб қўйдим. Ҳаммаси рисоладагидек кетаётганди. Дақиқалар ортидан дақиқалар ўтиб борар, унинг юраги заифгина уриб турарди. Бу овоз энди деворнинг нариги томонига эшитилмасди. Ниҳоят тўхтади. Чол ўлди. Мен унинг устидаги кўрпани очиб жасадни кўздан кечирдим: чол ҳақиқатан ҳам ўлиб ётарди. Қўлимни узоқ вақт кўксига қўйиб турдим — юрак урмасди. Унинг манфур кўзлари энди мени ҳеч қачон безовта қилмайди.
Агар сиз мени ҳалиям жинни деб уйлаётган бўлсангиз, ўликни қандай қилиб саранжомлаганимини эшитсангиз, бу фикрингиздан тамоман воз кечасиз. Тун ярмидан оққанди, мен эса фурсатни бой бермай, эҳтиёткорона ишга киришдим. Уч дона пол тахтасини кўчириб олдим-да, жасадни полнинг тагига жойладим. Кейин эса, яна аввалгидек тахталарни жой-жойига михлаб қўйдим. Ҳеч ким оддий кўз билан ҳеч нарсани пайқай олмасди.
Соат тонгги тўртга яқинлашиб қолган бўлса-да, ҳали кечасига ўхшарди. Қўнғироқ тўртинчи бор жом чалганида, кўча эшиги тақиллади. Ҳеч нарса бўлмагандек, бориб эшикни очдим, нимадан қўрқаман. Уч нафар полиция ходими ўзини таништириб ичкарига киришди. Қўшним ярим кечаси бизнинг хонамиздан ажабтовур қичқириқни эшитиб, қандайдир нохушлик юз берганлигини гумон қилган ва полиция участкасига хабар берган экан.
Мен мийиғимда кулимсирадим. Нимага қўрқар эканман? Полициячиларга кечаси ёмон туш кўрсам дод солиш одатим борлигини айтдим. Чол ҳозирча дам олиш учун қишлоққа кетганини тушунтирдим. Хоналарни кўрсатдим. Мана, истаган ерингизни қаранг, кўринг, дедим. Кейин уларни чолнинг хонасига олиб кирдим, бойликларини кўрсатдим. Мана, ҳаммаси бус-бутунича турибди. Ҳатто, уларни хушмуомалалик билан стулга ўтиришга даъват этдим. Чарчаб кетган-да, бечоралар. Мен ўзимни мутлақо ғолиб санардим. Ўзим ўтирган стул боягина суғурилиб қайта михланган тахталар устига қўйилганди.
Улар мендан мамнун эдилар. Ўзимни жуда бемалол ва хотиржам тутаётгандим. Ҳар бир саволга ҳазил-ҳузул билан жавоб қайтардим. Шунда улар ўзаро гаплаша кетишди. Бироқ кўп ўтмай рангим оқара бошлаганини, кутилмаган меҳмонларнинг тезроқ кетишини истаётганимни сездим. Бошим оғриб, қулоғим остида қандайдир овоз шанғиллай бошлади. Улар ҳали-вери турай дейишмасди. Бояги товуш бўлса қулоғим тагида тобора аниқроқ ва қаттиқроқ эшитила бошлади.
Бундан ўзимни бироз йўқотиб қўйдим, бироқ нутқим ҳалиям равон эди. Овоз эса кучайиб келаверди, нима қилишим керак? Товуш жуда яқиндан, ўқтин-ўқтин, худди пахтага ўралган соатнинг чиқиллаши каби эшитиларди. Мен бу овоздан бўғилиб кетдим. Полициячилар бўлса буни эшита олишмасди.
Бетоқат бўлиб кетдим, ўрнимдан сапчиб турдим-да, нималарнидир ўзимча ғўлдирай бошладим — овоз кучаяверди. Анавилар нега кетмаяпти? У ёқдан-бу ёққа безовталаниб бориб келавердим. Меҳмонлар мени хавотирга солиб қўйишганди. Овозинг ўчгур овоз эса, варанглаб бораётир. Э Худо! Нима қилишим керак? Аъзои баданимни тер босди, ўз-ўзимча сўкина бошладим. Менинг қурбоним қўним топган пол устида турган стулни асабий айлантираман, уёқ-буёққа силжитиб, гўёки, шу билан лаънати товушни тинчитмоқчи бўламан — у эса баттар авжига минади. Баландлаб бораверди, бораверди, бораверди… Меҳмонлар эса, ҳеч гап бўлмагандек ўзларича гурунглашиб ўтиравердилар. Наҳотки, уларга эшитилмаяпти? Йўқ, йўқ, о, парвардигори олам! Улар эшитишган, билишади, шунчаки, менинг қўрқаётганимни кўриб, калака қилишяпти. Менга ўша пайти шундай туюлганди, ҳалиям шундай туюлади. Нима бўлса, бўлди — шу азобдан қутулсам бас. Уларнинг масхараомуз тиржайишига ортиқча тоқат қилолмайман. Бу кинояли табассумларга бошқа чидолмайман. Агар ҳозир қичқириб юбормасам, аниқ ўламан. Ўҳ лаънати овоз, қулоғимни тешиб юборади ҳозир.
— Ваҳшийлар, — дея бақирдим ўзимни тутолмай, — бўлди, бас, етар!!! Тан оламан, мен ўлдирдим уни, мен! Мана, тахталарни кўчириб олинг! Ҳа, худди шу ерда. Унинг юраги тинимсиз уряпти, унинг юраги мени тинч қўймаяпти!!!

Рус тилидан Рустам Жабборов таржимаси