Чои Хи Су. Саждагоҳимсиз, отам (ҳикоя)

Биринчи фарзандим ўлик туғилган ўша дақиқалардан буён мен учун ҳаёт маъносини йўқотди. Бунинг устига эримнинг аччиқ ва аламли йиғиси юрагимга ўқдек қадалди. Ўғлим бир сония бўлса-да, бу олам ёруғлигини кўролмасдан, ота-она меҳрига тўёлмасдан мени ташлаб кетди.

Болам учун сотиб олган жажжи кийимчаларга тикилиб, кўзларимда ёш қалқийди. Ҳар доим нималарнидир хаёл сурадиган, паришонхотир бўлиб қолдим. Ич-ичимдан зил кетиб, охир-оқибат тўшакка михланиб қолдим. Кечаси тушларимга нуқул ўтган йили оламдан ўтган онам, кечагина айрилганим фарзандим кириб, алахсираб чиқдим. Кўзимни очсам, тепамда эрим ўтирибди.

-Нима бўлди?- деди эрим маъюс нигоҳ ташлаб. Кейин ичимдагини уқди, шекилли, қўшиб қўйди:
– Кўп ўзингни сиқаверма.

Разм солиб қарасам, отам ҳам келибди. У эшик яқинидаги қийшиқ стулчада базўр ўтирибди. Мени ўйлаб, қалбан қийналаётгани, ёрдам беришга ожизлигидан нима қилишни билмай хайронлиги юзидан сезилиб турарди.

– Ўзингни қўлга ол,- деди у бир нуқтага тикилганча. Лекин гап менга тегишли эканлигини сездим…

Кечга яқин бош кўтара олмайдиган даражада ётиб қолдим… Болам юклаган қайғу мени адойи тамом қилаёзган эди. Отам қўлида аллақандай дори билан кириб келди. Рангсизланиб қолган пиёлада илиқ сув ва дори тутди:

– Мана шуни ичиб ол, болам.

Ўлган фарзандимни юрагимга кўмган, шунинг учун негадир бўғзимга йиғи тиқилаверар эди. Жонхолатда дори ва пиёлани ирғитиб юбордим:
-Ичмайман!!! Ичмайман!!! Ичмайман!!!

Ёшлигимдан менинг эркаликларимга кўникиб қолган отам индамай қўя қолар эди. Бу сафар негадир қаҳрли ўткир нигоҳ билан қаради.

– Ўғлингнинг орқасидан кетмоқчимисан!!!- деди бақириб. Мен отамни бунақа ҳолатда умуман кўрмагандим. – Нима мен ўйламаяпманми ўғлингни… Сенга ўғлинг керак, биламан… Лекин сен ҳам менинг фарзандимсан. Менгаям сен кераксан, тушундингми? Сен мени ҳам ўйла… Ўрнингга мени қўйиб кўр…

Бир сўз демай ўзимни отамнинг бағрига отдим. Болалигимда отам мени кўтарганда димоғимга куйган ёғ ҳиди урилар эди. Ҳозир ҳам “қадрдон ҳид”ни туйдим.

– Мени ўйла, болам… Сенинг қийналаётганингни кўриб, томошабин бўлиб туролмайман,- бу сафар отам юмшади. – Сиқилма. Ҳали бағринг болаларга тўлиб кетади. Болаларингга ўзим бувалик қиламан…

Кўнглим бузилиб кетди. Отамнинг елкасига бош қўйиб, юм-юм йиғладим.
– Отажон!!!

Шу кундан бошлаб, тушларимда отамнинг ўша қаҳрли қиёфаси намоён бўладиган, мени кўнглимни кўтарадиган бўлди.

“Нима бўлса ҳам мени ўйлайдиган отажон! Сиз менинг саждагоҳимсиз! Сиз олтиндан-да бебаҳо керагимсиз!”

Отабек Йўлдошев таржимаси