Чингиз Айтматов. Ҳаёт-мамот (ҳикоя)

Қон сачрамаган фақат
қуёш қолади ва тулпор
чавандозсиз чопиб боради.

Лўли аёлнинг фолидан.

I

Самолётни пастдан тўплар шиддатли олов пуркаётган зонадан олиб чиқар экан, учувчи отишма жойидан керагича узоқлаша олганига ишонч ҳосил қилиш учун пастга назар солди, – пастдаги хўрпайиб ястанган оқимтир-яшил ўрмон айланаётган самолёт билан бирга гўё қийшайиб, оғиб борар, ҳозир тўнкарилиб қандайдир тубсизлик қаърига тушиб кетадигандай эди.  Кейинги дақиқада қирувчи самолёт парвозда ростланиб олди ва ўрмон ҳам гўё бирданига ўзининг муқим ўрнига қайтди, олисдаги ғуборли уфқ билан қўшилишди. Олам ўзининг азалий кўринишига эга бўлди. Учувчи ўзига келиб улгуриб-улгурмай, самолёт қаршисида нимадир кутилмаганда ва шу қадар дафъатан пайдо бўлдики, учувчи ҳавода нимага юзма-юз келганини англашга ҳам улгуролмади, – қандайдир шакл-шамойилсиз юк тирик танасининг бутун залвори билан самолётга оғир урилди. Зарбадан самолёт кескин силкинди ва учувчининг кўз олди бир лаҳзага қора тортди…

Бу довдираб учиб бораётган, гўё учаётиб кўзлари қамашган, кўр бўлган қушларнинг катта тўдаси эди…

Учувчини қайноқ тер босди. Бошқарувни йўқотиб қўймаслик учун учоқни зўрға ўз измида ушлаб қолган учувчи қушлар билан урилганда кабина ойналарига мижиғланиб кетган қонли гўшт парчаларини кўриб, кўнгли айниганидан беҳол у ён-бу ён ўгирилди.

Қушлар куз келишини ҳам кутмасдан бу ўлкаларни биринчи бўлиб тарк эта бошладилар. Улар жазирама ёзнинг авж палласида гала-гала бўлиб ёки алоҳида-алоҳида, кечаси ҳам, кундузи ҳам учиб кетаётгандилар, ҳали бола очиб чиқмаган тухумларини ҳам ташлаб борардилар, қотиб улгурмаган бўйинларини зўрға чўзиб ёлвораётган, чумдукдан овқатланадиган полапонларинига ҳам қарамай учиб кетаётган эдилар. Ҳаммадан кейин ҳатто ботқоқлик уккилари ҳам гумдон бўлишди, тунлари уларнинг қув-қувлаши эшитилмай қолди…

Жониворлар тум-тарақай бўлди…

Тўрт томонда аччиқ-ачимсиқ тутунини узоқ-узоқларга таратиб ўрмонлар аёвсиз ёнарди, асрий ўрмон қаро ерга қуларди – улкан қайинлар бўронда қолгандек қасирлаб йиқиларди. Замбараклар ва миналарнинг бетиним зарбасидан, самодан ташланаётган бомбалардан, танклар ҳужумидан, танкларга отилаётган ўқлардан қайнаб кетган замин портлашлардан тўлғона-тўлғона титраб қақшарди… Портлашлардан тилка-пора бўлган сойлар қирғоқларидан тисарилиб, ўзанидан ўнгу-сўлга қайрилиб оқар, жарлик ва чуқарларни сувга ботирарди. Танклардан бири, ўз-ўзига қасд қилгандай, дала ўртасида ўқотар тумшуғини кескин осмонга кўтарганча сув тўла жарга мангуга ботди…

Ва буларнинг бари муқаррар равишда ҳар куни юз берарди ва уни тўхтатишнинг иложи йўқ эди, сабаби бу жойда, зобитлар тили билан айтганда, фронтлар жанги борарди. Фронт фронтга ташланиб ётарди. Ҳар бир томондан тегишлича ғаним мудофаасини ёриб ўтиш, кескин ҳужум уюштириш, душманни ён-веридан ва ортидан туриб забт этиш, тирик кучларини бартараф қилиш талаб этиларди. Ва ҳар бир томон биринчи бўлиб ёриб ўтишни, биринчи бўлиб ҳужум уюштиришни ўзининг муқаррар вазифаси деб биларди…

Аммо бу мақсадни амалга ошириш ҳозиргача ҳеч кимнинг қўлидан келмаётганди. Ва ҳали-ҳануз позициявий уруш борарди, кун ўтарди – тун ўтарди, кун ўтарди – тун ўтарди…

Вақт эса ўз азалий равиши билан ўтиб борарди. Ҳарбий театр деб аталадиган бу маконда кузгача ҳам на кундузи, на кечаси, на ёмғир остида, на дўл остида ўқотар замбараклар ва милтиқлар овози тинмади… Ўша йили қушлар ҳам қайтиб ўз инларига келиб қўнмадилар, оёқости бўлган майсалар гулламадилар, уруғланолмадилар.

Айни пайтда бир-бирини ўзаро парчалаб ташлаш учун қарама-қарши турган фронлар қошидаги штаблар шошилинч тарзда янги-янги тезкор режаларни ишлаб чиқардилар, йўқотишлар, ўлганлар ва жароҳатланганларнинг сони ҳақидаги махфий режаларни жўнатардилар,  бу штаб ҳам у штаб ҳам бир овоздан айнан бир нарсани –  зарба салоҳатидани ошириш кераклигини –   исботлаш ҳаракатида эдилар ва шунинг учун бир хил тарзда ўзларининг Олий қўмондонларидан яна ва яна қўшимча тирик кучларни, янги техникаларни, қурол-аслаҳаларни жўнатишни сўрардилар: бир томон буни ҳаёт учун зарур бўладиган янги кенгликларни забт этиш учун сўрарди, иккинчи томон ана шу кенгликларни мудофаа қилиш учун куч сўрарди. Нима бўлмасин, у томонга ҳам ва бу томонга ҳам заҳира кучлар етказилар, кучлар жангда яна адо бўларява яна янги кучлар келарди…

Айни вақтда уруш қонталаш қилган ёз ҳам тугаб борар, жанг қилаётган ҳар икала томон учун ҳам тайёргарликнинг сўнгги муддатлари, сўнги чегаралари кечаётганди, энди ёриб ўтиш лозим эди, замин ўзра тизгинсиз куч ёйилиши – ҳужум талотўпи босиши керак эди…

Бу қонга қоришган саҳнага, қон сачрамаган фақат кўкда қуёшгина қолган талотўпга, қушлар ҳам тарк этган бў ўлкаларга тақдир ўша замонлар кўплаб одамларни изиллатиб ҳайдаб келар эдики, гўё бу одамлар, эҳтимол, айнан ана шу қисматларни ҳал қилаётган ходиса учун, шу йилнинг шу кунида шу жойда бўлиш учун қачонлардир дунёга келгандай эдилар.

Шундай одамларнинг бири ўзи билмаган ҳолда шу ёққа келарди. Волгабўйидаги жазирама Олдосиёдан, яъни Саратов шаҳридан йўлга чиққан ҳарбий эшелонда келарди у. Эшелондагиларнинг ҳаммаси урушга кетаётганликларини тушунишарди, албатта, аммо айнан қаёққа – қайси фронтга, жабҳанинг қайси қисмига – кетаётганликларини  билмасдилар, буни фақат юқори қўмондонлик билиши мумкин, аскарнинг иши – қайга ҳайдасалар, ўша ёққа…  Шивир-шивирларга қараганда, йўналиш Москов томонга олинган ва ундан нарёғи аён – фронт. Аслида ҳам шундай бўлиб чиқди. Шундай ҳаракатланиш бўлишини олдиндан айтиб бериш унчалик қийин эмасди.

Саратовдан кунботарда жўнаб чиқишди, нафасни сиқадиган тунни ўтказганларидан сўнг, жазирамаси куйдирган, ёз бўйи жонга теккан волгабўйи саҳролари ортда қолиб, гоҳ яқиндан, гоҳ темир йўлларнинг туташган ерларидан яйловлар ва ям-яшил ўрмонлар кўзга ташлана бошлади, қараб тўймайсан – худди қадимги суратларнинг ўзгинаси. Аскарлар ва ўқотар қуроллар билан тирбанд бўлган иссиқ хоналарнинг очиқ эшикларидан салқин шабада ҳам сезиларли эса бошлади. Энди ўрмонлар яқинлашиб келарди.

– Қара – нақадар гўзал ўрмонлар! Россия кўринмоқда, онажонимиз-Россия! – аскарлар гўё ўзлари россиялик эмасдай, қайсидир узоқ ерлардан кириб келаётгандай бир-бирларига сўз қотишарди.

Аскарлар орасида биттаси жуда ҳам ёш эди, кўринишидан бўш-баёв туюлар, аскарлик кийими худди отасиникини кийиб олган ўсмирдагидай осилиб турарди, – Сергей Воронцов ёки, уни взвода аташганидай, – Сергий, руҳоний, яъни Сергий ота. Айтиш керакки, йигитча бир марта Худони тилга олганди, Худо – бу сиғиниладиган санам эмас, у – ходиса, дегандай бўлувди, ходиса нима-ю, унинг шарҳи ҳоли қандайлиги ҳақридаги йигитнинг гапини ҳеч ким тушунмади, аммо йигитчани черковчасига – Сергий ҳамда руҳоний деб атай бошлашларига шунинг ўзи етарли бўлди. Аскарлар ўз қочиримларидан ўзлари завқланардилар – йигитчанинг ёши бор-йўғи ўн тўққизда эди. Бу маҳмадананинг устидан кулиб олишса, нима бўпти?! Унинг ўзи ҳам бунга хафа бўлмасди. Бу Сергий соатлаб вагон эшиклари олдида, кўндаланг дастакка суянганча турар, йўлакда ҳаммадан ҳам кўп ўралашиб юрарди. Бошқалар қарта ўйнашар, кимдадир вокзалдаги кечаги кузатувлардан қолган ичкилик ҳам сақланиб қолган экан, одатдагидай, йўлдаги мажбурий бекорчиликдан зериккан йўлчилар ҳаракатнинг шовқини ва тақа-туқи оҳангида ҳар хил олатасир суҳбатлар қуришарди, бошқалар қўшиқ айтишар – йўлнинг маромида ўз овозларига қулоқ тутишарди, уни, Сергийни, тинимсиз эшик ўзига чорлар, йўлда юз кўрсатиб ўтаётган янги манзилларни  кўргиси келарди. У ҳаммадан кўпроқ ташқарига боқар, болаларча қизиқсинарди – бу азалий рус ерларига Сергий илк бор келаётганди, тўғри, унинг мактабни битиргач, Московга ўқишга бориш орзуси бор эди, аммо энди бу орзулар барҳам топди, поезд уни урушга томон олиб борарди. Ҳозирча ҳаёт эшелонда, тақа-туқ ҳаракатда, темир чойникни кўтарганча бекатларда иссиқ сув излаб чопишларда, аскарлик насибасини чайнаш-ютишларда, алқисса, Волга бўйидаги ҳарбий лагердаги уч ойлик машқлардан сўнг йўл таассуротларини янгилашларда кечарди. Ҳар гал, ғайриодатий, аввал кўрилмаган, кўпинча бошқа унча-мунчани кўрганлар учун эътиборга арзимас бўлса-да, Сергийга ажабтовур туюладиган нимадир кўринганда, у ёнида турганлардан бирининг енгидан тортиб, турткиларди: ана, уни қара-я! Қарашса, қандайдир темир йўлга эгилган, кесиб ташлаш керак бўлган дарахт, қамишлар орасидаги сокин кўл бўларди, ёки, ана, қандайдир девона нима учундир сигирни миниб борарди – ажабо, чавондоз бўлиб кет-а, бу томонда завод яқинидаги далада осмонга бўй чўзган қувурдан олов машъала бўлиб осмонга ўрлаб турибди. Сергий буларнинг барини тушунтирарди, ҳикоя қиларди, осмонга ўрлаётган машъала ўз-ўзича ёниб турибди, бу ортиқча газни чиқариб юбориш учун зарур; отаси ишлаган ерда, нефт қазиб чиқарадиган қудуқда ҳам худди шундай машъалали қувур бўларди. Зим-зиё қиш тунларида, қор ёғаётганда у жуда чиройли кўринарди – юқорида машъала ёнар, қор учқунлари олов билан ўйнашиб айланишар, тирик олов гўё осмонга интиларди. Янги йилда, баъзи-баъзида, онаси ва сингиллари билан машъалани кўргани боришарди, бир-бирларининг қўлларини ушлаганча, ғирчиллатиб қорни босиб юришарди. Уйга қайтганларида, хонадоннинг иссиғи, тафти жонга бошқача ором бахш этарди, болалар шеърлар ўқишарди, онаси ширинликлар пишириб берарди, отаси – корхонанинг талабчан ҳисобчиси – у ҳам қувнарди. Бу руҳоний бола ғалати-я, тушунмайди, бошқалар унинг устидан кулишарди – шеърлар, ширинликларни гапиради-я… Ахир бу ҳардамхаёл фронтга кетяпти!

Туташ бекатларнинг биридан ўтаркан, поезд бир қадар секин ҳаркатланаётганди; ғира-шира қоронғулик туша бошлаганди, Сергий ҳамманинг диққатини бомба тушиб куйган, ва, эҳтимол, шунинг учун заҳира йўлга ўтказиб қўйилган составга қаратди, унинг паровози мажақланиб кетган ва вагонлари вайрона, шикастланган эди. Ҳеч ким бирор сўз демади, аммо, албатта, ҳар ким бу поездга қай тарзда бомба ёғилгани, поезд ўт ичида қолгани, фашистларнинг учоқлари қузғундай ёғилгани, оқибатда вагонларда нималар бўлганини ўзича тасаввур қилди. Қанча одам ўлган, қанчаси пастга сакраган, яна қанчаси жизғанак бўлиб ёнган экан? Бу урушнинг улар дуч келган дастлабки белгиси эди. Қабристондагидай жимгина учрашдилар ва қоронғуликда сокингина тарқалдилар. Кўпчилик аскарлар махоркали сигареталарини тутганча, оғир сукутга ботдилар.

Бироқ йўлда бир қизиқарли воқеа ҳам юз берди, Сергий яна кимнингдир енгидан тортиб, гап қотганда, ҳамма қаҳқаҳа уриб кулди:

– Қара! Кўряпсинми, бу ерда қудуқлар қанақа чиройли, анави усти ёпиқ қудуққа қара, ўймакор нақшлар билан безалган, бўёқ берилган! Нақадар гўзал-а!

Унинг бу гапини қитмирона киноялар билан қаршилашди:

– Сен қудуққа қарама, нақшли-безакли эмиш! Урушга кетяпсан, ахир. Сен анави қудуқдан сув олаётган жононга қара. Қара, офтобда қорайган, майкасини, ўзини айтмайсанми, орқасидан бир қара! Сен қудуқни гапирасан-а! Эҳ, роҳиббачча, сенинг ўрнингда бўлганимда, ҳозир эшелонда сакраб тушардим, қочоқликда айблашларидан қўрқаман-да!

Гуррос кулгу кўтарлиди.

Айтиш керакки, аслида ҳам унинг шундоқлигини –ландовурлиги, мўмин-қобиллиги, болафеъллигини одамлар тезда таниб олишди, – худо бўйдан сиқмаган бўлса-да, қараш керак бўлмаган томонга қарайди, қомати ҳам келишган, елкалари ҳам кенгишгина, фикрлаши ҳам жойида, тўғри, Сергий кўп томондан ҳали ўсмирлиги, уятчану ҳижолатпазлиги ҳам рост. Сергийнинг ўзи ҳам гоҳи-гоҳида бу ҳақда қисиниб ўйлайди, тортинчоқликни тезда унутиб, бирданига дадиллашган, бошқа ишларини айтмаганда ҳам, аёллар билан тезда тил топишиб кетадиган ўртоқларига қараб ҳавас қилади. У-чи! Сал-пал севги ишораси билан бир воқеа бўлувди, мана, у ҳам ноқулай бир тарзда тугади.

Мана, кеча вокзалда, поездга ўтиришда ҳам ғалати воқеа юз берди, балким бу қизиқдир, балким қизиқмасдир… Бутун йўл давомида мияга ўрнашиб олган, кетай демайди. Ҳаммасига шу нарса сабабки, одамлар унинг шунақалигини, соддалигини, дандовурлигини даров билиб олишади, вассалом…

Гап шундаки, уларнинг қисми жўнаши кераклигини кутилмаганда, шошилинч, тонг-саҳарда эълон қилишди. Нега бу қадар шошилинч жўнаш кераклигини айтиш қийин, аммо буйруқ шунақа бўлди. Уруш давом этаётганди ва бу изоҳ билан ҳамма нарсани тушунтириш мумкин эди. Буйруқ барибир буйруқ-да. Шошилинч тарзда жўнаш тараддуди кўрилди. Аскарлар тезда шаҳар теварагидаги лагердан рота-рота бўлиб,  пиёда йўлга чиқишди ва Саратовнинг чека кўчалари орқали станцияга қараб йўл олишди. Жўнаётганларнинг кўпчилиги асли армияга чақирилган саратовликлар эди. Кўчалардан ўтарканлар, уларнинг баъзилари ўзлари  яшаган ётоқхона ва уйларнинг деразалари ёнидан, кечагина ўзлари ишлаган фаърикаларнинг дарвозалари олдидан ўтиб борардилар. Бу ердан қандай қилиб жигина ўтишлари мумкин? Ҳамма воқеа шу туфайли юз берди. Албатта, ҳеч Ким сафдан ажралиб чиқишни истамасди, командирлар ҳам бунга йўл қўймасдилар, аммо қариндошлари Билан хайрлашиб қолиш мақсадида ёз бўлгани учун ланг очиб қўйилган деразаларга қараб бақирганлар ҳам бўлди. Ёки йўловчиларни чақириб, салом айтиб қўйишларини тайинлашарди. Ҳовли чангитиб юрган болалар ҳам ҳар томондан тўпланиб, бир-бирига навбат бермай, чуғурлашиб келишарди: «Аскарлар кетишяпти! Қизил аскарлар урушга кетишяпти!” Бу ёқда айллар – хотин-халажлар, опа-сингиллар, қўни-қўшнилар! Уларнинг ҳаммаси, гўё шу кунни кутиб тургандай, қай алфозда бўлсадлар, шундайлигича кўчага югурганлар – кимдир юпқа калишда, бошқаси буткул ялангоёқ югурарди, сакрарди, кимдир, соч ювиб турган, шекилли, бошига ҳўл сочиқни ёпганча йўлга чиққан, биров ғижим куйлакда аскарларга эргашиб борарди. Улар сафга тизилиб бораётган, этиклари билан қасирлатиб ер тепиб бораётган Аскар билан ҳамқадамликда чопар, урушга кетаётган йигитларга йўл олдидан сафарлари бехатар бўлишини тилашарди, уларни Худонинг ўзига топширишарди; гўё бу аскарларнинг барчаси шу соатда бу аёллар учун қондош, азиз бўлиб қолганди; улар югуришар ва бирин-кетин, тинмай аскарларга тезроқ ғалаба билан уйга, Саратовга, Волга бўйига, жонажон юртларига қайтишлари зарурлигини эслатишарди, битта шўринг қургур бева йиғлар ва: «Сталинга шон-шарафлар! Сталинга шон-шарафлар!», – дея қичқириб борарди. Кейин, станцияга яқинлашган сари аёллар изиллай бошлашди, айрилиқ олдидан ўзлари ҳақида, ўз фожиалари ва тақдилари ҳақида, шўрлари қуриётгани ҳақида эслаб қолишди, зеро, улар фронтга, эҳтимол, абадий айрилиқ сари кетаётган эрлари, фарзандлари учун дод соласалар арзирди, чунки уларнинг бундан кейинги ҳаётлари энди батамом урушга қурбонликка келтирилаётган эди, улар энди муқаррар равишда умрлари охиригача бева бўлиб қолаётган эдилар…

– Қани, етар, аёллар, бақиришни бас қилинглар! Ҳаракатга халақит берманглар! Тарқалинглар!

Аммо ҳеч бир илтимослар ва қўмондонларнинг жиддий буйруқлари ҳам уларга таъсир этмасди.  Улар шу тахлит юриб боришарди – аскарлар сафда ва уларнинг ён-атрофида шошилиб югураётган Хотин-халажлар ва болалар, улар Саратовнинг эгри-қийшиқ қирғоқбўйи кўчаларидан гоҳ юқори кўтарилиб, гоҳ қуйи эниб боришарди.  Қадам-бақадам Волгадан узоқлашиб борардилар…

Сергий айрилиш бу қадар оғир бўлади, деб ҳеч ўйламаганди, у умирида биринчи марта одамлар кўз ўнгида хайрлашаётганди. Гарчанд ёнида бораётган аскарлар сингари ўзини дадил тутишга уринса-да, ич-эти эзиларди, шунга қарамай, кўзи тушган ҳар бир одамга жилмайиб қарашга ҳаракат қилар, ҳеч қиси йўқ, уддалаймиз, дегандай қўл силкитарди. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас! Ўзи эса ич-ичидан куюнарди, ахир яқинлари билан хайрлаша олмади – ота-онаси кексайиб қолган эдилар, Сергий уларнинг кенжа фарзандлари эди. Катта опаси Қозоғистонда, Хитой чегарасидаги қандадир чегарачилар қўналғасида яшарди, кичик синглиси – Вероника шу ерда, Саратовда яшар, Эри фронтга кетган, тирикми-йўқми – номаълум, Верониканинг ёшгина боласи бор, ўзи ишга кетади, гўдакка охирги пайтларда бирдан мункиллаб қолган онаси қарайди, отаси – бутун умри давомида волгабўйидаги нефтъ қазиб чиқарувчи корхоналарда идора ходими бўлиб ишлаган Николай Иванович Воронцов – ўша кунлари анчадан бери бетоб бўлиб, касалхонада ётган эди. Буларнинг барчаси ҳақида Вероника шаҳар ташқарисидаги аскарларга ҳарбий бурчни адо қилишга доир сабоқ берилаётган лагерга, Сергий хизмат қилаётган ҳарбий қисмнинг дала почтасига ёзган эди.  Ҳатто яқин қариндошларга ҳам лагерга ташриф буюришга рухсат этилмас эди, шунинг учун Вероника ўз мактубларида бошларига тушган ҳамма ташвишларни ёзар, ҳамма ерга – ишга, уйга ва ксалхонага улгуриш тобора қийинлашаётганини ёзарди. Вероника ҳамиша кўнгилчан қиз бўлган, у ҳамма нарсадан хабардор, ҳамма учун куюнарди. У синглисини очиқ чеҳралиги, ҳақгўйлиги, ҳамма нарсани борича ёзиши учун ҳам яхши кўрарди. Бироқ Сергий синглисининг сўнги хатига жавоб бермади, қачондир жавоб бериш-бермаслигини ҳам билмайди, хат унга жуда ёмон таъсир қилди. Синглисининг бу сўнги мактуби унда ғалати, қандайдир ноқулай ҳис-туйғуларни пайдо қилди. Верониканинг ёзишича, буларни у қайдан била қолган экан, унинг собиқ синфдоши, еттинчи синфда ўқишганда Коминтерн ҳақида, Испанияда коминтернчи жангарилар ишчи-деҳқонлар бахт-саодати учун курашгани ҳақида шеърлар ёзгани ва уларни Московга жўнатгани, Московдан миннатдорчилик хати олгани, хатни ҳаммага ўқиб кўз-кўз қилгани ҳаммага маълум бўлгач, бу шов-шувли воқеадан сўнг мактабда ҳамма «коминтерка» деб атайдиган Наташка, ҳа-ҳа, ана шу курашчан ва чўрткесар Наташка-коминтерка ҳозир жамоатчилик фаолига айланган, ҳамма йиғилишларда нутқ сўзлайди, ҳамма уни билади ва у ҳам ҳаммани билади. Айнан ўша пайтда, уруш бошланиши олдидан, баҳорда бир воқеа юз берди. Бир куни у Наташка билан мактабда уюштирилган кечада рақсга тушди. Қизнинг ўзи Сергийни рақсга тортди, у дераза олдида рақсга тушаётганларни кузатиб турган эди, Наташка бирдан ўз жуфтини қолдириб, унга томон келди ва йигитни дадил қўлидан тортқилади: «Кетдик, Серёжа, ҳаммадан ҳам кўра сен билан рақс тушгим келяпти!» Гарчанд қиз бор-йўғи унинг елкасидан келса-да, йигит етакчисига эргашган пионер сингари унга итоат қилди. Бу қизда бунчалик ўктамлик қай ердан зоҳир экан? Йигитга худди шу таклифни кутиб турганини билгандай ташланди, Сергийнинг иссиғи ошиб кетди. Улар рақс тушаётган оломонга қўшилишди. Ҳаммаси шу ердан бошланди

Сергий ҳали шу пайтгача бир ширин азобда қолди – мусиқа оҳангида рақс тушаётганлар орасида боши айланди, гўё раққос ва раққосалардан вужуд ва нафасни ёндириб, кўзга кўринмас бир оташ уфураётгандай эди, босиб келаётган эҳтиросга берилиш истаги қалбда чирпираб, жўш урарди, айни пайтда рақсга тушувшиларнинг гавжумлигидан тортинар, бу оломондан қочиб кетишни, Наташка билан одамларнинг назари тушмайдиган даражада юқорига, осмонга учиб чиқишни, уни бағрига босганча, юқорироқ ва юқорироқ учгиси келарди. Наташка-коминтерка шундай гўзал айланардики, гўё у чармдан ясалгандай қайишқоқ, енгил эди, йигитни ҳайратга солган нарса яна шу бўлдики, уни бошида ушлаб турган тортинчоқлик қаёққадир йўқолди, унинг ўрнини ўзаро яқинлик эгаллаб борарди – юрак тинмай дукиллар, бу дупурлашни жиловлашнинг имкони йўқ эди. Бу тортишув кучи уни тобора ўз забтига олар, қизнинг қайноқ нафас уфуриб турган юзини, гарчанд яқин турган бўлса-да, пайқай олмасди ва ҳояжон босиб, нималар бўлаётганини тушунмай бораётганди. Фақат қиз тўсатдан: «Биламан, Серёжка, сен мени севасан, сен мен Билан бўлишни орзу қиласан!» – деганидан сўнг, Сергий унинг қаттиқ қараб турган кўзларини ва атайин яқинлашган чеҳрасини кўрди.

Сергий жуда ҳижолат бўлди, у буни кутмаган, ишнинг бу ёққа кетишига тайёрланмаган эди, яхшиямки, ўзини йўқотиб қўймади, суръатни пасайтирмай, айланишда давом этди. Бирор нима деб жавоб беришни, бошқа йигитларга ўхшаб шарттаки, ошкора бирор гапни айтиб юборгиси келди – улар айтганда, нафас ичга тушиб кетади, Сергий айтса, ҳаммаси жиддий бўлиб эшитилади. Аввал бу ҳақда, сени қанчалик севишим ҳақида ўйламаганман, аммо сен менга ёқасан, жуда ёқасан, демоқчи бўлди. Бироқ Наташка, буни билгандай, ташаббусни Яна қўлига олди, унинг гапини бошқача қилиб айтиб қўя қолди: «Жавоб берма, Серёжа, айтишга уринма! Ҳазиллашдим, – қиз мусиқа оҳангида айлана туриб, бошини чайқаган ҳолда сўз қотди, –  мен сени яққон кўриб турибман, нима демоқчилигини биламан». Наташка рақсга тушаётганларнинг бир четида тўхтади, ҳаммага эшиттириб гапирди. «Мен ҳаммани яққол кўриб тураман, кимнинг нималар ҳақида ўйлаётганини биламан, – давом этди у. – Райкомда менга ҳушёр ташвиқотчи-комсомол қизсан, дейишади. Сени ҳам кўриб турибман. Сен мени севасан ва яқинда бу ҳақда менга ўзинг айтасан! Сен, ахир, ҳамиша шунақасан. Бошқаларга ўхшамайсан. Узоқ ўйлайсан. Ой, жуда узоқ ўйлайсан! Сен то ҳаракат қилгунча!.. Мен ҳаммасини биламан. Сен ҳали қизлар Билан ҳали ҳеч нарса қилмагансан! Шунқами? Ҳа, бу аниқ! Яшириб ўтирма! Мен кўзларингдан кўриб турибман! Мен сени биламан. Мен ҳаммасини биламан. Яқинда ҳамма сенга осила бошлайди! Бу қандай ажойиб! Аммо, сен менга қара ! Мен биринчиман! Сен меники бўласан!» Улар Яна рақсга туша бошлашди. Наташка жим бўлай демасди. «Ҳамма ерга бирга борамиз, – дерди у, – Мен йиғилишларда нутқ сўзлайман, сен бу ҳақда газеталарга ёзасан, журналист бўласан. Сен яхши ёзасан, буни ҳам биламан. Тушунасанми ўзи – мен жанговор қизман, зўр нутқлар сўзлайман, сен эса жуда ақллисан, менга айнан шунақаси керак. Тушундингми?”

Ана шунақа гаплар, бу ҳазилмиди ёки жиддий гапмиди, бу ҳақда ўйлаб кўриш керакми ёки буткул унутиш зарурмиди, Сергий буни билмади, аммо у ўша кеча ухлай олмади, эрталабгача гўё уни
Электр токи уриб кетгандай тўлғониб чиқди. Кейин у қизга дарҳол хат ёзишга қарор қилди-ю, сўнг хатни ҳам йиртиб ташлади. Жиддий ёзишнинг ўрни эмасди, шунчаки, кўнгилхушлик учун, қизга эркаланиш илинжида ёзишнинг Сергийга қизиғи йўқ.

Анча кунлар ўтди, у бироз тинчланди. Кейинчалик, мактабни тугатганларидан сўнг, Сергий пединститутга кириш ҳаракатида бўлган, уруш аллақачон бошланган пайтларда, улар икки марта йўл-йўлакай кўришиб қолдилар, аммо энди унақа гаплардан дарак йўқ эди, эсда қоларли бирор гап бўлмади, муҳаббат ҳақида-ку, умуман гаплашишмади. Ҳар гал Сергий ўшанда, рақс пайтида бошланган гапга қайтишларини интиқланиб кутди. Аммо на ўзи гап бошлади, на қиз бирор оғиз сўз қотди. Ўша воқеани буткул унутиш тўғрироқ бўларди, аммо бу ёқда ҳарбийга чақирув қоғози келиб қолди-ю, ҳаммаси тескари бўлди. Сергий ўзини хотиржамликка, унутишга кўндиролмади, қиз яшайдиган кўп қаватли уй томонга юрди, эзилиб, ҳаяжонланиб, кетайми-қолайми деган истаклар ўртасида чилпарчин бўлиб, қиз келгунича кутди – қиз уйга қайтарди. Ҳамма нарса қандайдир оддийроқ кечди. Гулхан ўчганида шундай бўлади. Учқуни бор, аммо олов алангаланиши учун қуруқ шохчаларни топиб қалаш керак. Сергий ҳарбийга кетаётганлигини ва у билан хайрлашгани келганинип айтди. Қиз буни буткул хотиржамликда эшитди, энди ҳамма фронтга кетаётганлигини, сафарбарлик бошланганини, ҳозир эса шошиб турганлигини, ишлари кўплигини, аммо унга, албатта, хат ёзишини айтди. Тезроқ дала почтасининг манзилини хабар қилса бўлди. Сергийни шу гап ҳам қувонтириб юборди, гўёки у худди шу учун – ёзишма ҳақида келишиб олиш учун келгандай эди, албатта, хатда кўп нарсани ёзса бўлади, кўз-кўзга тушиб турганда айтиб бўлмайдиган гапларни ҳам мактубда ёзиш мумкин. Хатда кўпинча тик қараб айтишга юрак ботинолмайдиган гапларни ҳам битиш мумкин. Бироқ Сергий ўз хатларига, у кетма-кет учта хат ёзганди, ваъда қилинган жавобларни олмади, бирорта хам жавоб хати келмади, холбуки у интиқланиб қиздан хат кутди, хаёлида турли ибораларни, қизнинг келиши керак бўлган хатларига жавоб бўлиши мумкин бўлган фикрларни пишитиб юрди. Аскарликнинг тинкақуритар ташвишлари ичида қиздан жавоб олиш борасидаги умидлари тамоман сўниб бўлганда, сингилчаси Вероника, қай ердан била қолди экан, Наташа-коминтерка эрга тегаётганлигини, аниқ биладиган одамларнинг айтишича, куёв ундан анча катта ёшдаги, бир йил аввал хотини ўлган, фронтдан қолиш учун брони бор киши экан. Наташа бева қолишни истамасди. Хат давомида Вероника шундай ёзганди: “Сережа, жонажон акажоним, бу хабардан эзилиб юрма. Мен сени яхши биламан, ҳар хил романларни ўқийвериб, ҳамма нарсага китоб варағидан қарайдиган бўлиб қолгансан, ўйлаб ичингни қизитасан. Бунақа қилмагин, ака. Тушунасанми, сен бошқачасан, у эса буткул бошқача. Сизларнинг бошдан –оёқ бошқа-бошқа одамсиз. Қизни ҳам ич-ичингда қоралама, эрга тегишни истаган бўлса, бу унинг иши. Сизлар бир-бирингизга мос эмас эдинглар. Менга ишон. Уйга тирик ва саломат келақолсанг эди, бу уруш тезроқ тугай қолсайди, сенингбахтли бўлишинга ва ажойиб қизларнинг биттаси сен билан бахтиёр бўлишига жуда ишонаман… Сережа, бунга шунчалар ишонаманки, билмадим, яна бошқа нимага шунчалар ишонаркинман! Фақат
эзилма, жоним акам. Тезроқ бизга, уйга қайт… Бу уруш тезроқ тугасин, тезроқ… ” Ана шунақа хат. Ҳа, ростини айтганда, у ва Наташка-коминтерканинг ўртасида кейинчалик куюниб қоладиган айтарлик ҳеч нарса бўлмаган. Аммо синглиси уни ҳар ҳолда тинчлантириб қўйишга қарор қилганди.

Энди бу Наташка билан юз берган ўнғайсиз воқеа унинг учун хира тортган тушдай, ўтган ўн тўққиз йиллик ҳаётининг ўтган қисмидаги унутилган сабоқ сингари ортда қолганди. У урушга кетаётиб шу ҳислар билан йўлга отланганди, жўнаб кетар экан, у ўзини-ўзи тушунмас, қалбида ҳам айрилиқдан ачиниш, ҳам мурғак қалби ишонишга тайёр бўлган тушуниксиз ҳислардан холос бўлиш, тозаланишга ўхшаш мураккаб туйғулар жўш урарди. У энди ўз болалиги ўтган шаҳардан аскарлар билан сафланиб, йўл-йўлакай эргашиб чопаётган аёллар ва болалар қуршовида тўппа-тўғри урушга кетаётганди. Бу одамлар орасида синглиси верониканинг йўқлигидан афсусланди, агар уларнинг шошилинч фронтга кетишларини эшитганда, у, албатта, нима қилиб бўлса ҳам, кўришиб, хайрлашиб қолиш учун чиқарди.

Аммо, ҳамма вақт ҳам айтишади-ку: дунё мўжизага тўла. Эҳтимол, бу айнан ўшандай бир воқеа эди – тақдир йигитнинг кузатувчилар орасида синглисининг йўқлиги туфайли ҳувиллаган қалбини буткул бошқача кутилмаган бир тарзда тўлдирди. Аммо бу ҳақда кейинроқ, йўлга тушганларидан сўнг, вагонларга жойлашиб олиб, нафасини ростлагач, ўйлади.

Улар ҳали вокзал томонга пиёда кетаётганларида аскарлар томон талпиниб келаётган аёллар орасида бир лўли қиз кўриниб қолди. Унинг қаёқдан келиб қолгани ёлғиз худога аён, тўғри, ёзда Саратовда лўлилар ҳар доим ҳам сероб бўларди. Бу лўли ўзининг қорамағиз афт-ангори, югурганида шақирлайдиган, силкина-силкина осилиб турган мис сирғалари, очиқ елкасида сирғалган ёрқин рўмоли ва деярли ерга тегиб-тегмай бораётган юбкаси  билан кўзга ташланар эди. Нима қипти, лўли барибир лўли-да! Кўчадаги одамларнинг талотўпи ва ҳаракатига ҳамоҳанг ҳолда, у ҳам сафнинг ёнида борар, ниманидир имо-ишора қилиб кўрсатар, бақирар эди, гўё сафдагилар орасида кимнидир излаётгандай эди. Унга жавобан аскарлар елка қисиб, бир-бириларига кўз солар, ёнларидагиларни турткилардилар, қара, лўли қиз сени сўроқлаётгандир. Сафда бораётганлардан бири ўзини тиқиштирди:

– Эй, лўли қиз, эй, бечора, мен бу ердаман! Эшитяпсанми? Ахир, бу менман! Сен фол очиш учун мени қидиряпсанми? – Аскар лўли қизнинг жавобидан ҳайрон бўлди, ҳа, бир кун келса, сенга ҳам фол очарман, ҳозир эса менга ким керак бўлса, уни ўзим топиб оламан. Ажаб – у нима деган бўлса, шундай бўлди.

Ҳаракатга қўшилган лўли қиз, кўп ўтмай, эҳтимол, худо берган ички сезгиси билан, балким, ўз қалбининг амри билан излаган одамини топди. Сафда қадам ташлаб бораётганларнинг ҳайрон қолдирган ва қийқириққа сабаб бўлган нарса шу эдики, лўли қизнинг танлагани Сергий бўлиб чиқди. Нимага айнан у? Нима учун лўли қиз, қаторда югура-югура, айнан унга, Сергийга мурожаат қилди:

– Эшит, йигит! Эшит, жувонмард, эй сен, қорақошлигим, четроққа чиқ, қўлингни узат, сафринг олдидан бир фол очиб қўяман, бахтингдан очаман!

Сергий қаторда четдан учинчи бўлиб турганди. Аммо гап унинг қай ерда турганида ҳам эмасди, гап шунда эдики, у  сира кутилмаган бунақа вазиятда нима қилиш кераклигини билмасди. Аввал ҳеч бунақасига дуч келмаган, шу пайтгача ҳали ҳеч ким унга фол очмаган, оилада ҳам ҳаммалари бунақа сеҳру жодулардан йироқ эдилар – отаси ҳам ҳеч қанақанги қарталарга ишонмас, онаси бўлса ҳар хил ирим-сиримларга беэътибор эди, энди эса қайдандир бу лўли қиз чиқиб қолди.

– Керакмас! Мен фол очтиришни истамайман! – у қизга баланд овозда бақирди, кулимсираб, елка қисди, ўзининг рад қилганидан ҳижолат бўлди, кечирим сўраш кераклигини тушунса-да, нега ва нима учун ҳижолат бўлиш лозимлигини билолмади, бу ёқда эса сафдошлари қитиқ патига тега бошладилар – мана, қарнглар, лўли қиз кимга фол кўришни билади, руҳонийимизни танлади. Бўлмаса, кимни танласин! Бу йигитса, ахир, Худога ишонади, айнан унга фол очиш керак!

Аммо лўли қиз билганидан қолмади:

– Менга қара, йигитча, бош тортма – бу тақдир!

Саф четида бораётганлардан кимдир қизга айтиб қўйди:

– Унинг исми Сергий.

– Сергий? Ай, Сергий, азизим, эй қорақошлигим! Мен сенга гапиряпман – бу қисмат, бош тортма, Сергий, сен ҳали жуда ёшсан, сенинг тақдирингни айтиб бераман! Чин кўнгилдан айтаман. Нима бўлса, ҳаммасини айтаман!

Бироқ шу ерга келганда қайсидир бир далли аскар шовқин кўтарди:

– Ҳой, лўли қиз, халақит берма! Кўрмаяпсанми – урушга кетяпмиз.

– Халақит бермайман, йигитлар, мен фақат кафтларига бир қарайман, юриб кетаётиб бир қарасам, бўлди!

– Бас қил, ҳой, жонга тегдинг, халақит берма, сенга айтаяпмиз!

Лўли қиз ёш эмасди, аммо унчалик қари ҳам эмасди. Сергийга шундай туюлдики, унинг чеҳрасида лўлиларча одатий маккороналикдан асар ҳам йўқ эди, аксинча – худди синглиси Верониканинг чеҳрасидагидай оқиқюзлилик, меҳрибонлик барқ уриб турарди. Вероника доим кимгадир яхшилик қилиш пайида бўлади, шунинг учун бир нафас тиним билмайди. Ҳа, бу лўли қиз Вероникага жуда ўхшаб кетарди – кўзларидан, тўғрироғи, кўз қарашларидан у Вероникани эслатар, Сергийнинг назарида, айниқса лўли қизнинг: «Сенга сингил сифатида айтаман№ Акасига айтаётган сингилдай айтаман!” – дегани унинг юрагига жиз этиб тегди.

Лўли қиз қайдадир оломон орасида аралашиб, кўздан пана бўлганда, Сергий ўзидан ўксинди, қизга ичи ачиди, жавоб қайтарса бўларди, нега у бу қадар уятчан яралди экан-а. Чакки бўлди-да.

Айни пайтда улар станцияга етиб қолган эдилар, сафма-саф кириб келдилар, рота кетидан рота, взвод ортидан взвод станцияга кирди, атрофда аскарлар ортидан келган саратовликлар тўда-тўда бўлиб, бақир-чақир,  шовқин-сурон қилишарди. Эшелон аллақачон йўлда турар, товар вагонларнинг эшиклари аскарларни ўтқазиш учун ланг очилиб турарди. Узун-узоқ поезднинг вагонлари кўп, охири кўринмасди. Ана шу вагонларда фронтга кетиш керак эди.

Сафаролди талотўпи бошланди, қайси взвод қайси вагонга киришини тақсимлашар, аскарлар поезд ёқалаб шовқин-сурон билан у ёқ бу ёққа юришар, аёллар ва болалар оёқ остида ўралашарди, уларни ҳеч бир куч қувиб юборолмасди.

Юклаш анча узоқ давом этди. Перронда ҳам иссиқ, ҳам тиқилинч эди. Поездга чиқиш учун навбатини кута-кута Сергий лўли қизни унутаёзган эди, қиз яна одамлар орасида пайдо бўлди. Қиз бало экан, барибир Сергийни топди:

– Эй, Сергий! Мен сени изингдан келганман, Сергий! Йўқ, дема, йигитча, мени, лўли қизингни эшит. Тақдир йўл олдидан сенга фол очишимни буюряпти. Рад қилма, урушга жўнаяпсан, қисматингни билиб кет.

Сергий ҳатто севиниб кетди:

– Яхши. Фол оча қол, агар, айтганингдай, бу шунчалик зарур бўлса, – Сергий юкхалтасини оёғи олдига қўйиб, автоматини елкасига осиб олган ҳолда, қизга қўлини, ўнг кафтини узатди.

Мана шундай, жўнаш олдидан, взводдошлари қуршовида ўша оламшумул фол очиш юз берди. Лўли қиз кафтдаги чизиқларни диққат билан кузатар, нималарнидир шивирлар, лаблари қимтинган ҳолда, бош чайқарди:

– Ой – тўхта! Буюк жанг бўлади, ҳали ҳеч ким кўрмаган, ҳеч ким эшитмаган жанг. Ой, қисмат, қисмат! Қон сачрамаган фақат осмондаги қуёш қолади, тулпор чавондозсиз йўртиб кетади, – у ҳеч кимга ҳам қарамасдан сўзларди, кейин Сергийнинг кўзларига тик қараганча, қўшиб қўйди, – тушуниксиз бир ишқни бошдан кечиргансан. У сенга бехуда ғам келтирган. Сен жуда бокирасан, ёзилмаган оқ қоғоздай тозасан.

Шу ерга келганда теваракдаги қизиқсиниб турган аскарлар дарҳол киноя қилишга тушишди:

– Аниқ, бу бокирамиз ошиқ бўлган, аммо ҳеч нарса чиқмаган!

– Ҳеч бало бўлмаган! – бошқа бир аскар ясама тарафкашлик билан гап ташлади. – Сизларга фақат тиш қайраш бўлса. Бу руҳоний йигитчамиз азоб чеккан, кўриниб турибдики, айбсиз азобланган, уни шу куйга солган қиз тушмагур жуфтакни ростлаган! Бу эса, мана, бокиралигича қолиб кетаверган!

– Уларга қулоқ солма, йигитча, мени эшит, – лўли қиз уни ўзига қаратди. – Энди чап қўлингни узат ва фақат менга қулоқ бер.

Сергийнинг чап кафтини ўрганар экан, лўли қиз жиддийлашди, бир лаҳза сукут сақлаб турди-да, сўнг тантанали равишда эълон қилди:

– Сен ўлмассан! Ўзим ҳам шундай деб ўйловдим! Юрагим айтиб турган эди. Мана, кўр – сен ўлмас инсонсан! Сенинг юлдузинг шунақа! Билган эканман! Шунинг учун ортингдан келаётган эдим!

Теваракдаги одамлар ғимирлаб қолишди. Айни пайтда Сергий ҳеч бир маъносиз жилмайди, у нима қилишини билмасди – хурсанд бўлсинми ёки илтифот билан таъзим қилисинми, кулсинми, – энди қўлини тортиб оламан деб турувди, битта Кузъмин деган кимса гапга аралашди. Шунақа бир бачкана, майдагап эркак бор эди, биров кутилмаган нимадир гапни айтса, албатта аралашарди, хиралик қиларди. Панд-насиҳат қилишни хуш кўрарди.

– Тўхта, лўли қиз, тўхта, нималар деяпсан, азизам, – у бошини кескин чайқади. – Сен бошқа ёққа ўтлаб кетдинг. Ўлмас деганинг нимаси? Бирор нарсани тушунасанми ўзинг? Бирорта одам ўлмас бўлиши мумкинми? Бу гап қаёқдан чиқди? Дунёда ҳамма одам ўларкан-да, у бита ўлмас экан. Қара-я! Дарвоқе, биз томошага кетаётганимиз йўқ, урушга кетяпмиз, Ким билсин – қай биримиз ўққа учрармиз, қай биримиз тирик қолармиз. Фронтда ҳозир ўлим одам танлаётгани йўқ, сенинг фолингга қараб ўтиргани ҳам йўқ. Ҳаммани бирваракайига қиряпти. Бизни масхара қилишинг нега керак?

– Мен мазах қилмаяпман, тақдирларингни фол очяпман. Унинг юлдузи ўлмас-ўчмас юлдуз! Пешонасига битилган, – лўли қиз ортга чекинай демасди. Кейин лўли қиз у қадар тушунарлди бўлмаса-да, деярли ҳаммани қониқтирадиган бир гапни айтди:

– Тақдир ўлимдан юксакроқдир. Тақдир тақдирни етаклаб келади, ўлимдан эса ҳеч нарса келмайди. Бу йигитнинг юлдузи ўлмас, тақдири шунақа… Унинг юлдузи абадий!..

Кузъмин яна анча вақт минғирлаб турди, қўлларини пахса қилиб, митингда нутқ сўзлаётгандай, лўли қизнинг фоли бемаъни эканини далиллаш пайида бўлди, бироқ, у ҳақ бўлса-да, аскарлар нима учундир кунъминга эмас, фолбинга ишондилар. Жўнаб кетаётганларида, вагонларга ўтириш керак бўлган пайтда, кўпчилик лўлининг қўлидан ушлаб хайрлашишди, лўли қиз жўнашнинг охиригача, поезд йўлга тушгунича ҳам турди, кейин бошқа аёллар ва болалар қатори юриб кетаётган поезднинг ортидан эргашиб югурди, то поезд бекатдан тамом узилиб жўнаб кетгунича, Сергийга қўлларини силкитиб турди…

Жуда иссиқ эди. Ўша кеча йўлда уйқу келмади. +илдираклар тун бағрида тақиллаб борарди, паровоз узундан-узоқ чинқираб овоз берарди, унинг чинқириғи юракка ададсиз, дилни увуштурадиган соғинч ва хавотир соларди. Тарих тўлқини жаҳон урушига томон оқизиб кетаётган Сергий кўп нарсаларни ўйлаб борарди. Хаёлига келган бошқа кўплаб нарсалар қаторида, у дам-бадам лўли қизни ҳам эслаб қўярди. Бу ғаройиб фоллар очадиган ғаройиб лўли қиз қаёқдан пайдо бўлдиэкан. Унинг бир гапи хаёлда муҳрланиб қолди: «Қон сачрамаган фақат қуёш қолади ва тулпор чавандозсиз кетиб боради…» Бу нима дегани экан, нимани англатаркин? Тушунарсиз ва сирли гап. Қон сачрамаган фақат осмонда қуёш қолиши учун нима юз бериши керак? Чавандозсиз тулпор-чи? Бу нима дегани? Ўлмас-ўчмас юлдуз-чи? Бу қанақа юлдуз? Унинг нима дахли бор? Бу нима? Бу юлдуз ўзи қаерда? Қай ерда макон топган? Балким, буларнинг бари афсонадир. Шундай бўлса керак. Юлдузнинг инсонга нима алоқаси бор? Агар гап самодаги юлдузлар ҳақида бўлса, юлдуз қайда-ю, инсон қайда? Йўқ, ҳеч бир алоқаси йўқ. Юлдузлар ўз осмонида, одамлар ўз ерида. Аммо тақдир бор-ку? Тақдир тақдирга боғлиқ. Тақдирнинг ўзи нима? Тақдир тақдирни қандай етаклаб келади? Қандай қилиб бундай бўлиши мумкин?..

+илдираклар темир изларга урилиб тақилларди. Аскарлар ўриндиқларда чўзилганча, хуррак отиб ётардилар. Ой гоҳ эшик тирқишларидан мўралар, гоҳ булутлар орасида ғойиб бўларди, юлдузлар поезднинг кетидан милтираб қоларди…

Буни қара – бу лўли қиз Наташка-коминтерка ҳақида қандай билди экан, йигитнинг хатлар ёзгани, оқибатда ҳеч нарса чиқмаган ҳақида қандай фол очди экан. Ҳаммасини аниқ айтди. Ҳа, лўли қиз айтгандай – бехуда қайғу. Демак, қайғу ҳам бехуда бўлар экан. Олдинда нималар кутяпти? Фронтда ҳоли не кечади? Албатта, қўрқинчли бўлса керак. Саратовга келган яродор жанчилар уруш ҳақида гапириб беришган эди. Энди, мана, унинг ўзи урушнинг нималигини ўз кўзлари билан кўради…

+илдираклар тақиллар, уйқудан эса дарак йўқ эди. У яна хаёлга ботди, ҳа, ҳамманинг ва ҳар бир одамнинг тепасида турган қандайдир куч бор – тақдири азал дейишади.  Ахир кимдир тақдирни шундай – тақдир деб атаган. Ҳеч Ким уни тўхтатиб ҳам қололмайди, тушунтириб ҳам беролмайди. Аммо тақдир қаерда ўзи? Эҳтимол, уруш ҳам – тақдирдан, яшаш ёки яшамаслик, тирки қолиш ёки ҳалок бўлиш, ғалаба ёки мағлубият  – ҳаммаси тақдирдандир? Шундай эмасми? Мана, бу одамларнинг барчаси фронтга кетишяпти, тақдир уларни урушга етаклаяпти. Шунинг учун улар ҳозир эшелонда, тахтада чўзилган куйи ётишибди, поезд уларни бор-йўқ тезлиги билан фашистларга қарши уруш авжига чиққан томонга олиб бормоқда. У ёқда нима бўларкин? Яна тақдирми? Ўлдиришармикин ёки йўқми? Ким кимни енгиши шунга боғлиқ. Ким-кимни ўлдиришига боғлиқ. Ҳамма уруш тезроқ тугашини, очлик чекинишини истайди. Улар кўчада кетиб боришаётганда, аёллар шу ҳақда гапириб чувиллашганди, ҳатто болалар ҳам шуни тилаган эдилар. Бунинг учун урушиш керак, урушни тугатиш учун кимнидир ўлдириш керак, ғалаба қилиш керак. Демак, шундай. Уйда отаси ва онаси ҳам шу тўғрида гап талашишди. Уни ҳарбий хизматга чақириш тўғрисида чақирув қоғози келганда,  улар тайёргарликни, йиғиштиришни бошлашди, эрталаб ҳарбий комиссарликда бўлиш лозимлигини муҳокама қилишди. Ўтирғичнинг бир чеккасига қўнган онаси қўлини кўксига қўйиб: «Серёжкагинам, фақат ҳеч кимни ўлдирма, қон тўкма!» – деди.

Нима учун бу гапни айтди? Бехосдан айтиб юбордими ёки олдин узоқ ўйлаб олганмикин? Онасининг бу сўзларни унинг кўзига тик қараб, гўё ҳозиргина олис бир ердан келгандай, ҳозиргина остона ҳатлаб уйга киргану, бутун йўл давомида ўйлаб келган фикрини айтгани энди ҳеч қачон ёдидан чиқмайди, бир умрга эсида қолади.  Ўзи ҳам гўё онасини умрида биринчи марта кўраётгандай эди, унинг аввалги тиллоранг чақноғини йўқотаётзган кўзларини, ажин босган юзларини, путурдан кетган сатин кўйлакдаги мунғайиб туришларини, шойи рўмол сирғалган елкаларини эндигина тўсатдан яққол кўраётганди. Аллақачон таниш бўлган нарсалар унинг учун ғалати тарзда бошқатдан очилаётганди – волгабўйи нефт қудуқлари бўйлаб санғиганча ўтган бутун ҳаётлари, оёқяланг болакай бўлиб югурганлари, басавлат, сарвқомат бўлган онасининг малларанг сочларини бошида жамлаганча доимо уй-рўзғор, бола-чақа, мактаб ва эрининг доимий қанд касаллиги ташвишида югуришлари, буларнинг бари, аён бўлишича, бир кун келиб, уни ҳарбийга кузатаётиб ўғлига манна шу гапни айтиши учун зарур бўлган экан. Онасининг урушда ҳеч кимни ўлдирмаслик, қон тўкмасликка чақиргани ўшанда уни жуда ажаблантирган эди ва у мужмалгина жавоб қилиб қўя қолганди:

– Нималар деяпсан, она! Бу гаплар нимага керак. Мен ҳарбийга кетяпман, – гапдан қочиш учун тахмондаги китоблари ва дарсликларини титкилашга туқди. – Ойи, бу ерда кутубхонадан олинган китоблар турибди. Мен уларни ажратиб қўяман, Вероника уларни олиб бориб топширсин.

Аммо бу суҳбат давом этиши лозим бўлди, чунки гапга отаси ҳам қўшилди. Ҳа, Николай Иванович ҳамиша кескин ва чўрткесарлик билан гапирарди, қизиққон эди, салгинага оловланиб кетар – дарғазаб бўлгунча баҳслашар, эҳтимол, шунинг учундир, бошлиқлар билан чиқишолмас, жигар-бағри эзилиб оғрирди.

– Ўлдирма, деганинг нимаси! – деди у ғазаб отига миниб. – Қандай ўлдирмаслик, қон тўкмаслик мумкин! Буни қара-я! Ўзи у қаёққа кетяпти? Урушга-ку, ахир. Эҳ, онаси, ўзинг ҳам боплаб гапирасан-да, – хона бўйлаб чекишлик тамаки излай бошлади. Онаси тамакини бекитиб қўяр, отаси доимо ҳаяжонланганда чекарди, тамаки баргини эзғилаб бериш керак бўларди. Онаси отасига доим чеккани туфайли шунақа озғин ва жиззаки эканини таъна қиларди.

– Фақат шу зормандани чекмагин, Коля, – у эрига ўтинди, – ўзингни аягин. Қачонгача чекиш мумкин.

– Ҳа-ҳа, Сергийга айтган бу гапингдан кейин чекмай бўладими? У эртага фронтга кетади. У ёқда нима қилади?

– Шунинг учун айтяпман-да. Майли, айтганларимни худо билсин. Ҳамманинг тилида шу бўлиб қолди – ўлдир, ўлдир! Душманлар бизга ўлим келтиришмоқда, биз уларга – душманларга ўлим! Кейин бу дунёда қандоқ бош кўтариб яшаймиз – ҳамманинг қўли қонга ботса, дунёда фақат қотиллар қолса? Нима мен ҳам нималарни ўйлаётганингни тушунмайманми, ўлдирмасанг, сени ўлдиришади, ўлдирсанг – барбир қотилсан. Мана, куёвимиз Анатолий нима бўлди, тирикми, ўликми – билмаймиз, ё уни ўлдиришган, ё у ўлдирган? Вероникага ҳам айтишга қўрқаман. Ҳеч бўлмаса, ўз ўғлимга дилимдагини айтай, – онаси сассиз, унсиз йиғларди, ўз саволларига жавоб тополмасдан, ўз фикрларига ўзини ишонтиролмасдан йиғларди.

– Мана-қара, – кинояли оҳангда отаси гапида давом этди, – шунақа гапларни гапирасанки, одам лол қолади. Сенинг бу гапларинг учун халқ душманига чишариб, Сибирга сургун қилишади. Ҳозир жаҳон уруши кетаётган пайт, Ким зўр чиқса, ўша ютади, ё биз ё лура, сен бўлсанг – ўлдирма, дейсан! Нима, мен учун ўз ўғлимга ачинмайманми? Ёки Анатолийни деб куюмайманми? Хотин, мен ҳам адо бўлдим. Аммо бошқача бўлиши мумкинми? Аскар ўз ерини ҳимоя қилади, унга шундай буйруқ берилган. Агар аскар душманни гумдон қилса, яъни ўлдирса, у буйруқ билан ўлдирган бўлади, бурчини адо этган бўлади, бу ҳатто қаҳрамонлик, билсанг!

Онаси сукут сақларди, ўғли учун сафар халтасини тикиб ўтирарди, отаси бўлса, ёшлик пайтларини эслашга тушиб кетди, ўн тўққиз ёшида, ёши Сергийнинг ҳозирги ёшига тенг бўлганда, Биринчи жаҳон урушида сувоасти кемасида денгизчилик қилганини гапирди. Унинг фикрлари шунга қараб йўналдики, душманнинг тирик кучларини йўқ қилиш – бу бош масала ва тўғри иш. Мана, масалан, улар ўз сувости кемалари билан душманнинг Болтиқ денгизидаги ҳарбий-транспорт кемасини сувга ғарқ қилдилар. Аввал душман кемасининг ортидан узоқ юрдилар. Кейин ўққа тутдилар. Ҳаммаси аниқ бажарилди, икала снаряд ҳам нишонга тегди, сув йўналиши бўйича бортга зарба берилди. Кема ўт ичида қолди, сувга чўка бошлади. Улар сувости кемасида чуқурликка тушиб, бир сотача кутдилар ва сўнг юқорига кўтарилиб, денгиз юзасида кечаётган воқеаларни перископ орқали кузатдилар. Бурун қисми осмонга кўтарилган душман кемасининг ярми аллақачон сув остига ботган, кема атрофида кўплаб одамлар жон талвасасида сузиб юрардилар.

Албатта, шу заҳоти қўмондонлар ва юқори таркиб офицерлари перископга тикилдилар, уларнинг сўзларини алоқачилар ўша заҳоти Кронштатдаги Бош штабга хабар қилдилар, Морзе алифбоси орқали ҳарбий топшириқ мувафаққиятли бажарилгани ҳақида рапорт бердилар, топшириқ – бу буйруқ. Душманни йўқ қилишга буйруқ берилди – вассалом!

Аввал одамлар денгизда қандай чўкаётганлигини фақат перископ орқали кузатдилар. Кейин, душман кемаси батамом чўкиб, сув қаърига ботиб кетгач, ён-атрофда сувости кемаси учун ҳеч қанақа хавф йўқлигига ишонч ҳосил қилишди, сув юзасига сузиб чиқишди. Буйруқ берилди – ҳамма юқорига чиқади, бутун экипаж аъзолари палубага кўтарилишди ва командирнинг миннатдорчилик эълон қилишини эшитиш учун сафга тизилишди. Атрофда душманлар чўкаётган эди, улардан озгинаси ҳали типирчиларди. Айримлари сувости кемасигача сузиб келишга ҳаракат қилишарди, аммо кучлари қолмаганди, қурби етиб, илтижо билан сузиб келганларни эса наганни ниқтаганча, отиб ташлашарди… Денгизда тўлқинлар ғужгон урар, кеч туша бошлаганди, яна сув остига тушишди ва яна денгиз остидаги қоронғулик бағрида гумдон қилиниши керак бўлган душманни излаб, изғий бошлашди…

Мана, анна шу уруш, ҳар галл уруш шунақа бўлади. Ким ўлдиришни билса, урушда шу ғалаба қилади, Ким ғалаба қилса – шу ҳақ бўлади, шуники тўғри ҳисобланади. Ҳамиша шундай бўлган ва бундан кейин ҳам шундай бўлади.

Онаси на баҳслашди, на-да инкор қилди. Фақат бошини чайқаб қўйди. Кейин қўшнилари хайрлашиш учун киришди, холаси ва холабаччалари ҳам келишди. Вероника ишдан келди ва онасига уй ишларида қараша бошлади, ярим кечагача уйда гап-сўзлар тинмади.

Энди отаси ва онасига ичи ачий бошлади – онаси у ҳеч кимни ўлдирмаслигини истарди, отаси эса уни ўлдирмасликларини хоҳлар ва бунинг учун душманни ўлдириш кераклигини талаб қиларди. Авваллари шунчаки оддий, уй-рўзғорга тааллуқли бўлган ҳамма нарсалар йўлда қандайдир янгияа қимматга, ўзига хос маънога эга бўла бошлади ва юракни ачитиб оғрита бошлади. Ўтмиш ҳар лаҳза сайин узоқлашар, ортда қолиб борарди. Саратовнинг тоғ ён-бағирларидан оққан Волгани эслади. Ёзда кезган севимли ерларни, яшил оролчаларни ва денгизнинг сирли, ёруғ кенгликларини, елканларни хотирлади. Аммо болалик пайтларида Сергийни ҳаммадан ҳам кўпроқ дарё тепасидаги темир йўл кўприги ўзига жалб этар эди. Кўприк жуда баланда қурилган бўлиб, у бошини юқорига кўтарганча, пастдан, сув ёқасидаги қирғоқдан туриб, соталаб ўтаётган поездларни кузатарди, поездларнинг кўприкка урилиб тақиллаётган ғилдираклари овозига қулоқ соларди; кўприкнинг темир устунлари жаранглар ва осмондаги булутлар остида тироққа тушарди, Сергий шундай лаҳзаларда Волга устидаги шу кўприк орқали поездга миниб қаёққадир кетаётган, китобларда тасвирланган қайсидир гўзал юртларга йўл олган одамларга ҳавас қиларди…

Яна болаликларидаги манзара хаёлига келди, манна, улар Янги йил кечаси бутун оила бўлиб, юнг этиклари билан қор босган далани ғарч-ғурч босганча, юқоридаги қувурда нефт ёниб турган юксак машъала томон бормоқдалар. Тирик олов, олов яллиғига тинимсиз қуйилаётган тирик қор. Олов қор учқунларини сассиз ямлайди, қор эса ёғаверади, ёғаверади, оловни ёқтирадигандай, орқага тортилишга қуввати етмаётгандай қуюлаверади…  Олов ҳам ўчмайди, қорнинг ҳам адоғи кўринмайди…

Йиллар ўтган сайин ҳамма нарса мозийга кетаверди. Мана, энди  уруш – ўлдириш керак ёки ўлиш зарур. Бошқа чора йўқ, фақат шундай, урушнинг йўриғи шу. Энди у урушга жўнаяпти, у ерда ё ўлдириш керак, ё ўлиш… Сергей қоронғуликда унсиз йиғлади, отасини, онасини, синглиси Вероникани эслаб, ухлаётган аскарлар орасида унсиз йиғлади. Яна қўл ушлаганча, қор босган дала бўйлаб осмонда ловуллаб ёнаётган тунги машъалага томон юриб боришни у қанчалар истайди…

+илдираклар темир изларга урилиб тақиллайди, вагон йўл маромида чайқалади. Тун бағрида ялт-юлт этган чироқлари билан ғира-шира липиллаб қандайдир қўналғалар ортда қолиб боради. Аскарлар ва қурол-аслаҳалар билан тирбанд бўлган эшелон ўлдириш ва ўлиш керак бўладиган томонга қараб елиб боради. Ўлдирилиш сенинг иродангга боғлиқ эмас, ҳеч ким ўлишни истамайди ва ҳеч ким айнан у ўлишини билмайди. Аммо, ўлдириш – иродага боғлиқ, урушда эса ўлдириш – мажбурий, муқаррар иш. Аммо ўзингга қандай буюрасан: ўлдир – ўлдирма.

… Темир изларнинг бандларига урилаётган ғилдираклар тақиллайди: ўлдир-ўлдирма, ўлдир-ўлдирма, ўлдир-ўлдирма…

Киприкларида ёш қалқиганича мудрар экан, Сергий ўзича уруш, жанг қанақа бўлишини, кимни ўлдириш керагу қандай қилиб ўлдириш кераклигини – отиш керакми ёки бўғиш кераклигигини тасаввур қилишга уринди, ахир унга Волга бўйида бутун ёз давомида қандай ўлдириш кераклигини ўргатишди. Кимдир уни ўлдириш учун худди шу ишни қандай бажаришини ҳам тасаввур қилишга уринди. Ўша душманни – немисни, фашистни ўзича тасаввур этди… Ҳеч нарсани билолмади – худди отасининг ҳикояси орқали сувости кемаси теварагида чўкиб ўлаётганларни тасаввур қилиш қийин бўлгани каби, душман кимлигини орқаворотдан тасаввур қилиш қийин эди. Тўлқинлар юз-кўзларга уриларди. Чеҳраларни кўриш қийин эди. Ким яқинлашса, уни сувда отиб ташлашар эди… Ва у гирдоб қаърида сассиз ва изсиз ғарқ бўларди.

Темир изларнинг бандларига урилган ғилдираклар тақиллайди: ўлдир – ўлдирма. Сергий мактабда ўрганган немисча сўзларни эслашга уринди, аммо немис тилида сўзларнинг худди шундай қатори шу тарзда жаранглашига ишончи комил эмасди: ўлдир-ўлдирма, ўлдир-ўлдирма, ўлдир-ўлдирма…

Поезд зим-зиё зулмат қаърида кетиб борарди…

Карим БАҲРИЕВ таржимаси

Муайян инсон ҳаётининг қадр-қиммати кундан-кунга пасайиб кетмаётганмикин? Ёки ҳамиша шундоқ бўлгану, бизга – бугун яшаётганларга ҳам шундай туюлаётганмикан? Инсоният бу ҳақда ҳар куни, ҳар лаҳза ўйлаши зарурми? Ёки «бошига иш тушганда» бош қотирадими? Балким муайян инсоннинг қўлидан ҳеч нарса келмас, унинг учун ҳаммасини «тепада» ҳал қилиб қўйишгандир? У кимнингдир қўлида «буюк режалар» амалга ошиши учун бир ўйинчоқдир?
Чингиз Айтматовнинг ҳикояси – ана шулар ҳақида. Ёзувчи мазкур ҳикояни ёзишни 20 йил аввал бошлаган, аммо ташлаб қўяверган. Бугунги глобаллашув асрига келиб, халқаро терроризм, минтақавий қирғин-баротлар бегуноҳ одамларни сиёсий мақсадлар йўлида қурбон қилаётган, гиёҳвандлик, ОИТС сингари дардлар, табиий офатлар одамзодни изчил қираётган бир дорулзамонда инсон ҳаётининг қиммати масаласи янада кўндаланг турибди. Буларга гувоҳ бўлаётган адиб, мана, ниҳоят бу ҳикояни 2005 йил остонасида ёзиб тугатди.
Ҳикоя бошланишидаёқ ўқувчини тахайюл уммонига ғарқ қилади: ҳозиргина одамлар устига ажал уруғини сочиб, ўзи ўққа дуч келмаслик учун қочиб чиқаётган учувчи учоқ ойнасига урилган қушнинг қонини кўриб, талвасага тушади. Одамларни ўлдиришни бурч деб билган одам, бир қушнинг ўлимидан сесканади…
Ҳикояда ҳаёт ва ўлим, инсон ва олам, тақдир ва ирода борасида фалсафий мушоҳадалар, мушоҳадларга ундовчи тимсоллар жуда кўп. Энг юксак ғоялар учун ҳам инсон бошқа инсонни ўлдириши мумкинми ёки йўқми? Бу савол хаддан зиёда кўндаланг қўйилган.
Инсонларни тақдир жанг майдонига етаклаб келар экан, адибнинг сўзлари дилни ўртайди: наҳотки бу одамларнинг бари айнан шу бугун, айнан шу ерда ўлиш учун қачондир дунёга келган бўлсалар?
Уруш ҳақидаги мазкур ҳикоя урушнинг адолатли ёки адолатсизлиги ҳақида кўтаринки ташвиқотлардан холи, умуминсоний нуқтаи назардан фикр юритади.
Аскарни урушга жўнатаётган она одам ўлдирмасликни тайинлайди: «Душманлар бизга ўлим келтиришмоқда, биз уларга – душманларга ўлим! Кейин бу дунёда қандоқ бош кўтариб яшаймиз – ҳамманинг қўли қонга ботса, дунёда фақат қотиллар қолса?». Отаси эса душманни албатта ўлдириш кераклигини, акс ҳолда уни ўлдиришларини айтади, урушда одам ўлдириш бурч, ҳатто жасорат эканини урғулайди.
Ҳикоя қаҳрамонининг ўлмаслиги, эҳтимол, ана шу шафқатсиз дилеммани англаганидадир.
Мен ҳикояни электрон почтадан олганимда ва қайта-қайта мутолаа қилганимда, узоқ кунлар унинг таъсирида юрдим ва бу таъсир кундан-кунга кучайиб бораверади. Энди кунлар уни ўқиганимдан аввалгидагидай эмас, бошқача кечаётгандай. Ҳақиқий санҳатнинг таъсири шунда бўлса керак.

Мутаржим.