Буркхард Шпиннен. Кўнгилдаги аёл (ҳикоя)

Хастенрат мўлжалдаги аёлни учратаман дея ўйланиб юра-юра уни май ойида топди. Мана, ҳозир улар бирин-кетин навбатда, озиқ-овқат дўкони кассаси ёнида турибдилар. Ҳали эрта бўлишига қарамасдан, аёл худди шошаётгандек харид қилган нарсалари турган аравача дастасини тинимсиз чертарди.
Хастенратнинг кўзлари унда. Ёши мабодо каттароқ бўлмаса, ўттизлар чамасида, ўрта бўй, малласоч, эри йўқ. Ўғли саккиз ёшда. Ҳуқуқшунос ёрдамчиси бўлиб ишлаётгани боис кун бўйи ишда, ёлғиз ўғлини эса дугонасиникида қолдиради. Қадди-қоматига гап йўқ, келишган аёл, саранжом-саришталикни қадрлайди, уст-бошларни фарқига боради. Яна нима десамикин, Шарққа – Осиёга қизиқади, Таиландда, Бирмада бўлган, эндиги йил Японияга бормоқчи.
Хастенрат деярли ҳеч нарса харид қилгани йўқ, фақат майда-чуйдалар олди. Аравачаси деярли бўш, остки панжарасининг у ер-бу ери очиқ кўриниб турибди. Комуфляж, хаёлидан хурсанд ўтказди у. Шунчаки баҳона. Баҳонанинг нималигини у татиб кўрган. Яқинда худди шунақанги аснода сут сотиб олганди, нима қиларини билмай, ича-ича сутга муккасидан кетиб қолди. Бўлди, бошқа гапнинг ҳожати йўқ, вассалом, сут бўлса, сут бўлгандир. Эски гап. Ўшандан сўнг сут деганни оғзига олмайди.
Аёл яхшигина нарсалар олган: бузилмайдиган маҳсулот ва емишлар. Аслида ҳайрон бўладиган жойи йўқ, бироқ нима бўлганда ҳам яхши аломат. Ҳисоб-китоб қиларкан, аёл қўлидаги пулни ғазначига узатди-ю, сумкасидан тезгина майда пул чиқарди. Матодан тикилган кулранг сумкача. Аравачадаги нарсаларни жойлаштириб, текширган кўйи ташқари отланаркан Хастернат унинг шошаётганини аниқ ҳис қилди. Ахир осон эмас, у ёқда иш, бу ёқда бола. Ташқарига деярли югургандек чиқиб кетди.
Хастенратнинг пул тўлаш гали. Ҳисоб-китоб қиларкан, у билан яна икки кундан кейин учрашишни кўнглига тугди. Эрталаб, ишга отланганда, автобусда учрашди. Дарҳақиқат, аёл автобус ичида икки рўбарў ўриндиқнинг бирида ўтирибди. Хастенрат, аёлнинг кўзлари ташқарида эканлигидан фойдаланиб, қаршисига ўтирди ва уни кузата бошлади. Тўппа-тўғри, ёши ўттиз бешларда бор, малла сочлари елкасига тушиб турибди, сочининг айрим жойлари сариқ кокилдек товланади, кўзлари яшилроқ. Ўнг яноғида жажжигина тиртиқча, йўқ тиртиқ эмас, ингичга ялтироқ тиртиқча ўрни. Чақалоқлигида ота-онаси қўлчаларини эркин қўйган бўлса, тирнаган чоғи.
Тиртиқча бўлса тиртиқча-да, шунгаям ота гўри-қозихонами. Ҳаммамиз ҳам аллақачон бола эмасмиз энди. Қанча деворларга урилмади бу тилла бошлар.
Аёл кейинги бекатда тушиш учун қўзғалиб, автобус тугмачасини босди. Ҳар ҳолда бугунга шунинг ўзи кифоя, ўйлади Хастенрат. Ишни пачава қилмаслик керак. Қушчани чўчитмаслик лозим. Билъакс, пир этиб учади -кетади.
Оқшом Хастенрат уйи яқинидаги пивохонага йўл олди. Аёл албатта уйда. Бола уззу-кун уйда, жилла қурса тунда бирга бўлмоғи лозим. Бекинмачоқ ўйнашади, китоб ўқиб беради, ўғли ҳам ўқишни билади-ю, барибир-да. Ўрмондаги қизчанинг ёввойи махлуқотлар билан ғаройиб саргузаштлари ҳақида. Қизчанинг бир дўсти бор. Хуллас, воқеа охирига етмагунича, ўғли ухламайди, ухлаш у ёқда турсин, киприк қоқмайди. Хастенрат пивохонада роппа-роса икки соат ўтиради, уч кружка пиво ичади, чўчқа эти ва пишлоқ қўшилган багет тановул қилади. Уйга қайтиб телевизорда янгиликларни кўради ва ўрнига чўзилади. У ҳақда ўйлай бошлайди. Ҳуқуқшунос ёрдамчисининг лавозим пиллапоясидан кўтарилишига имкон йўқ. Умр бўйи шундоқ қолиши ҳам мумкин. Арз-дод қилиб бўлмайди. Турмуши ҳар ҳолда чакки эмас. Бошқаларни кўриб турибди. Носқовоққа нос борми деб юрганлар қанча.
Келгуси ҳафта сешанба кечқурун аёл дугонаси билан кинога тушмоқчи, ўғли синфдошиникида қолади. Хастенрат ҳам чипта буюриб қўйди, йўлга тушишдан олдин ювинди, ҳар эҳтимолга қарши соқолини яна қиртишлади. Кинода одам тўла, аксига олиб, кино ҳам узундан-узоқ, бир ярим соат деганда танаффус эълон қилинди. Хастенрат икки аёлни дарҳол таниди, улар оҳиста унга қараб келишаётган эди. Одам кўплигидан фойе тиқилинч, барча шошилганча салқин ичимликлар томон интилаётганди. Хастенратнинг гап очиши осон кечди.
Чамаси, аёллар бир фильмни муҳокама этишарди. Унга яқин-лашаркан, аёлнинг тортиниб уялинқираши анчагина ортди. Хастенрат буни дарҳол пайқади, пайқади эмас, танасида ҳис этгандек бўлди. Рост-да, ҳадемай ахир ҳамма нарса жиддий тус олади. Сочини янгича турмаклабди. Аҳмоққа ҳам аён-ку ахир, бу беҳудага эмас, шунчаки қилинмаган. Фурсатдан фойдаланган Хастенрат кинодан сўнг бирон жойда ўтириш истаги борми-йўқлигини сўраб олди. Аёл “майли” деганда, ҳатто унинг овозидаги шукуҳни ҳам сезди. Аксига олиб қурғур фильмнинг охири ёмон тугади. Уччовлон бозор томон миқ этмай йўл олдилар. Қахвахонага кириб жойлашиб-нетиб улгурмасданоқ, соатига қараган аёл дугонасига узоқ қола олмаслигини билдирди. Хастенрат шошиб қолди. Нима бало юз берса ҳам, яъни безорилар бостириб кирадими ёки тўсатдан ёнғин чиқадими, ишқилиб нима юз берганда ҳам вазиятни ўнглаш лозим. Ичимлик буюришаётганда аёл чойга мойиллик билдирди. Хастенратнинг яна боши қотди, энди у Осиё, Япония ҳақида гапира бошлади, яна нима ҳам десин?
– Япония? – Худди нима ҳақида гап кетаётганини англамагандай сўради аёл.
– Ҳа, Япония! – таъкидлади Хастенрат, қаҳвахонада шовқин-сурон ҳукмронлиги учун гўё бақиргандай. – Ҳа, ҳа, Япония, – такрорлади аёл. Ҳақиқатда Японияга бориш керак. Борганда ҳам икки ҳафтага.
Чакки эмас. Ҳар ҳолда Хастенрат гап узилмаслигига эришди. Асосий мавзудан бир оз четлашилганига қарамай, мақсад муҳайё. Аввалига аёлнинг дугонасини, сўнг ўзини бироз кулдирди. Аёл унга тикилди. Дугонаси халал бермаганида қўлидан тутса ҳам бўларди. Афсуски, илож йўқ. Ким билсин, ўйларди Хастенрат, балки бу яхшиликкадир.
Аёллар кетишди. Хастенрат қаҳвахонада қолди. Уйи ёнидаги емакхонадагидек катта кружкада пиво буюрди. Ярим тунда уйига қайтади. Бугун май ойи киргани аниқ билиняпти, хаёлидан ўтказди у. Ёзда ҳам тун бунчалик ифорли бўлмайди. Бу ҳид чамаси майсазорлар, шаҳар кўкаламзорларидан анқияпти, фикрлади у. Ўрмонлардан ҳам, албатта. Кираверишда эшикни ёпди. Зинапояда чироқни ёқди, уйига киргач, деразани ёпишга азм қилди. Эҳтиёт бўлган маъқул. Баҳорда тонг аёзли бўлади, шивирлади у.
Яна аёлни ўйлаб кетди. Эртадан кейин унинг яна оғир куни. Ишнинг тиғизлиги боис кеч қайтади, ўғли дугонасиникида қолади. Уни эртаси ўзи олиб қайтади, мактабига ташлайди. Ноқулай, бироқ на илож. Дод деса ҳам, вой деса ҳам шу. Хастенратга эса навбатдаги ишора: жиддийроқ муносабатга ҳозирлик кўр. Шу ўй-хаёл билан кўзи илинади.
Икки кун кейин чошгоҳларда Хастенрат мактаб олдида турибди. Қўнғироқ чалинади, болалар ташқарига ошиқади; дугонаси эса кеч қолмоқда. Хастенрат болани дарҳол танийди. Онасининг қуйиб қўйгандек нусхаси. Йўлакда турибди, Хастенрат у томон юради. Энди бундай дейди: онанг сени олиб кетишимни сўраганди. Бугун биронта қизиқарлироқ нарса ўйлаймиз уччовимиз. Фақат бу сенга боғлиқ, нима десанг шу, қўшиб қўяди Хастенрат. Бола балки ҳайвонот боғини хоҳлар. Жуда соз, дейди Хастенрат. Аъло. Айтганинг бўла қолсин. Суюнганидан бола ҳатто онасини ҳам сўрамайди. У билан чиқаверишда кўришамиз, изоҳ беради Хастенрат ва бола сўраса-сўрамаса яна такрорлайди: хавотир олма, онанг бизни чиқаверишда кутади.
Илкис Хастенрат иккиланади. Балки икковлонга, яъни Хастенрат ва аёлга ёлғиз қолиш ҳам насиб этиб тургандир. Гаплашиш. Ҳатто қучоқлашиш. Вақти-соати ҳам битди. Бундоқ қараса, телефони жиринглаяпти. Бу ўша. – Кечаги иш битмаяпти, – дейди у, – яна қанча давом этади Худо билади.– Надомат чекади у.
– Чакки бўлди-я, – ғудранди Хастенрат бироз ўтгач, – балки якшанба куни…?
– Ҳа-ҳа, албатта. Агар ҳеч нарса ўзгармаса…
Хастенрат уйига қайтади. Иш унмади. Боплаб йўлини топган эди. Бола-сиз ҳеч нарсанинг иложи йўқ. Нима қиларди, Худонинг айтгани бўлади. Ҳамма бало ўзидан, ҳаммасини ўзи бузди. Бугун энди уйида ўтиради. Ертўлага тушиб, у ерни обдон саранжомлайди, шишаларни катта яшикка, эски-тускини қопга тиқади. Уяли телефонни олволиш керак.
Шу алфоз кейинги кунлар ич-этини еди, на ўзини, на бошқани кўзга илди. Ўйламай иш қилиб қўйишига ҳам бир баҳя қолди. Бир эмас, яна бир нечта. Ишдан тўғри уйига жўнайди, ким билади, бирон балога гирифтор бўлмасин тағин. Ва ниҳоят ўзини тутадиган кун ҳам келди. Чоршанба куни саҳармардонда аёлга нома битди: нима қилай, бундан буён сен билан бундай кетолмайман. Иккимизнинг ғалати, қалтис, тажрибани эслатадиган, ҳеч қандай мажбурият билан боғланмаган муносабатимизни айтмоқчиман. Ёки бирга таътил қилайлик. Ёхуд якшанба кунлари қаёққадир кетайлик. Учта аниқ таклифни ҳам келтирди: Денгиз, тоғ ёки Оврўпо пойтахтларидан бирига бориш. Кейин хатни почта яшигига ташлаб ишга жўнади. Уяли телефон кун кечгача ўчиқ юргани боис жавоб кечқурун олинади. Ҳаяжон деган нарса босилмайди.
Ҳаяжон ҳам беҳуда эмаскан. У Оврўпо пойтахтини танлади. Қай бир пойтахтлигини эса Хастенрат ҳал қилади. Қандай соз! – ичига сиғмасди у. Фаолиятини мислсиз кучайтирди. Ҳафтанинг қолган қисми кутиш билан ўтди. Шанба куни эрталаб Париж йўналишидаги поезд тўхтайдиган бекатда турибди. Оёғи ёнида сафарбоп жомадон.
Поезднинг келиш вақти яқинлашяпти: уч минут тўхтайди-ю, жўнайди. Хастенрат роса икки марта аёлни перрондаги оломон ичида кўргандай бўлди, афсуски у эмас экан. У ўзини алдаб, ростдан асабийлашмоқда.
Асосий нарса ҳозир босиқлик. Йўлнинг дастлабки дақиқалари саёҳатнинг қандай кечишини, омад ёр бўладими-йўқми кўрсатади. Ҳозирча сафар халтадаги нарсаларни жойлаштириш, у ёқ-бу ёқни назаркарда қилиш, вагон ресторанини аниқлаш: дарҳол қаҳва ичиш керакми-йўқми, шунақа. Ана шуларни чамалаб тур. Токи ҳовуринг босилсин.
Кейин поезд келади, у эса йўқ. Хастенрат саккизинчи вагонга чиқади – ноумидлик ҳукмрон, фикри сочиқ. Жомадони билан суриб, эшикни ёпади, ўриндиқ суянчиғини энгаштиради. Ўрни бўш – рўпарасида у ўтирибди. Наҳотки, чиндан ҳам ўша бўлса. Хастенрат ҳангу манг: на тили бор, на бирон нарса қила олади. Аёлнинг сочи яна янгича турмакланган, сочининг ранги қорароқ, бўялган чоғи, ёноғидаги тиртиқча кўринмайди. Унга табассум ҳадя этади. Табассум-ла жавоб қайтаришдан ўзга илож йўқ. Жомадонни жойига қўяди, поезд силжийди.
Икковлон жим. Кўзлар ойнага қадалган. Ҳадемай чегара ортда қолади. Эшик устидаги табло алдамаса, поезд аллақачон максимал тезликда. Нигоҳларидаги кўриниш чақмоқдек учиб ўтмоқда. Майда-чуйда шаҳарчалар бошланиб-нетиб улгурмай, зумда адо бўлади. Тавба, ҳаш-паш дегунча Франция. Хастенрат шу ҳақда гапиргандай бўлади, аёл унга қарайди. Бош силкийди-ю, яна бурилади. Миқ этмаганини эса розилик аломати дейиш мумкин.
Парижга бир қадам қолганда ўрталарида гап уланди, бу гал кескинликдан асар йўқ – май ойи авжида, – бу ҳам умидбахшлик.
Аёл маъқуллади. Монматрдаги кичкина меҳмонхона, Булон ўрмонида, Люксембург боғида баҳор. Хастенрат машҳур қўшиқчи, мусаввир, мусиқачиларнинг номини айтди. Аёл кулди, Хастенрат орзу-хаёлга чўмди.
Тўсатдан: ана у! – у интиқ кутган нигоҳ, юз ифодаси, овоз, махсус ҳаракат. Шубҳа йўқки, шу дақиқада унинг фойдасига қарор қабул қилинди. Қолганига гап йўқ. Сўз устига сўз қуюлади.
– Париж, – дейди Хастенрат, энг тўғри қарор! – улар тўппа-тўғри вокзалга кириб келишмоқда.
– Париж, – деди Хастенрат, – ахир бу севишганлар шаҳри, – туриб жомадонни олди.
– Эҳ, – жавоб қилди аёл, – сен шундай ҳисобласанг… – Хастенрат унинг юкини ҳам кўтарди, поезддан тушдилар. Вокзал осмони мусаффо. Улар аркадалар бўйлаб кетишмоқда, аёл олдинда, Хастенрат орқада. Илк даъфадаги чорраҳада аёл унга ўгирилди, табассум ҳадя қилди. Хастенрат ўзида йўқ шод.

Рус тилидан Тилаволди Жўраев таржимаси