Бруно Травен. Нотавон кўнгил (ҳикоя)

Макарио деганлари бу, йигирма йилдан буён юрагидаги ягона орзусининг ушалишидан умидвор, эгнида жулдур кийиму очликдан тинмай ҳиқиллайверадиган ўн битта боланинг отаси бўлган қишлоқлик бир дарахт кесувчи. Оиласи билан зўрға тиқилиб яшайдиган, тоб ташлаб, путури кетган хароба уйининг ўрнига у, жон-жаҳди билан мол-дунёю ҳавас қилгулик уй-жойни орзу қилмасди. Ўтинчининг истагини қондирувчи бирдан-бир нарса бу бор-йўғи қовурилган курка гўшти бўлиб, ўшани ҳам у оч гўдаклардан нарида, хилват бир жойни топиб, барини бир ўзи ёлғиз, бус-бутунлигича ейишни орзу қиларди, холос.
Қорни қачон тузук-қуруқ тўйганини ҳам билмаган бу ўтинчи, ҳар куни эрталаб, хоҳ у бегим куни бўлсин, хоҳ таътил – қоронғи тушганда елкасида бир боғлам ўтинни ортмоқлаб келиш учун тонготарда ўз маконини тарк этиб, ўрмонга йўл оларди.
Кун бўйи тинмай ишлаб, пешона тери эвазига келадиган бу бир боғлам ўтин учун у кўпинча бир кумуш танга, баъзида бундан ҳам кам ҳақ оларди. Тўғри, ҳавонинг авзойи бузилиб, рақобат сусайган баъзи пайтлар иши ўнгидан келиб, бир боғлам ўтин учун даромади баъзан икки кумуш тангагача ҳам чиқиши мумкин эди.
Макарионинг хотинига қишлоқдагилар Маъюскўз деб ном қўйишганди. Эри топиб келган икки кумуш танга хотини учун бир дунё бойлик билан баравар эди.
Қуёш ботгандан сўнг оқшом уйи­га қайтган Макарио хўрсиниб юкини ташларди-да, гандираклаганча кулбасига аранг кириб борарди ва шовқин-сурон билан пастак, хомаки қоқилган курсига ҳолдан тойиб ўзини ташларди ва болалардан биронтаси чаққонлик қилиб, яна худди шундай хомаки тарашланган столни унинг ёнига суриб қўйишарди. Сўнг у икки қўлини столга қўйганча:
– Эй, хотин, ўлардек чарчадим, қорним ҳам ўлгудек оч! Кечки овқатга бугун нима пиширдинг? – дерди.
– Қора нўхат, – дерди хотини, – кўк қалампир, шўртак зоғора нон ва лимон барги солинган чой.
Уйда ҳар куни ҳеч бир ўзгаришсиз бир хил ўша-ўша овқат эди. Макарио уйга етиб келмасдан бурун қандай жавоб олишини билса-да, болаларга гунг махлуқдек кўринмаслик учун номигагина бир нима деб қўйиш кераклигидан сўраб қўярди, холос. Сўнг олдига сопол идишда кечки овқат қўйилганида, у росманасига уйқуга кетиб қоларди ва хотини уни туртиб уйғотишга мажбур бўларди:
– Овқатингиз тайёр, эржон.
Эр кўзини очиб, овозини баланд кўтариб: “Эй, марҳаматли Тангрим, юборган ризқ-насибанг учун минг маротаба шукур”, – деб дуо ўқирди-да, овқатини ейишга киришарди. Бироқ, бир неча қошиқ ютар-ютмай, оч қолган ўн битта бола ҳаммасини ермикан, ё гарддаккина бўлса-да, бизга яна қолармикан дея оталарининг оғзини пойлаб, тикилиб турганларини сезиб қоларди, негаки норасидаларга бериладиган биринчи улуш уларнинг чап ичагига юқ ҳам бўлмасди… Шунда у аста овқатдан қўлини тортарди-да, фақат лимон барги солинган чой билан қаноатланиб қўя қоларди. Кўза бўшаганда эса чуқур хўрсиниб қўярди ва ҳазин овозда дерди:
– Ў, марҳаматли Парвардигор, қани энди, ғам-ташвишга тўлиб-тошган бу ҳаётимда атиги бир маротаба бўлса-да, қовурилган курка гўштига етишишу уни бир ўзим тўйиб ейишни менга насиб этсайдинг! Шунда мендек шўрлик банданг ҳам ёруғ дунёни бахтиёр тарк этган ва Қиёматгача қабрида тинч-осойишта ётган бўларди!
Борди-ю у бу қадар кўтаринки руҳда узундан-узоқ айтиладиган баландпарвоз гапларга баъзан фурсат тополмай қолса, унда:
– Эй, Худойим, қани энди бир марта бўлса-да, бус-бутун қовурилган жўжа насиб этсайди! – дейишни канда қилмасди.
Болалар бу обидийдаларни эшитавериб, қулоқлари битиб кетганидан парво ҳам қилмай қўйгандилар. Бу сўзларни улар оталарининг овқатдан сўнг айтадиган шукрона сўзлари деб тушунардилар. Худди шундай натижа билан у минг кумуш танга сўраши ҳам мумкин эди. Ҳаётда ҳали бирон марта бўлса-да, болаларининг биронтасига татиб кўриш насиб этмаган семизгина курка гўшти у ёқда турсин, оддий қовурилган жўжага етишиш ҳам унинг учун амримаҳол эди.
Эрининг садоқатли ва фидойи умр йўлдоши бўлган ва бундай аёлни учратишни ҳар бир эркак орзу қилган Макарионинг рафиқаси, болалари отасининг оғзидан кўзини узмай, у емаганда ўзларига қолиши мумкин бўлган ҳар бир нўхатнинг ҳисобини олиб турганда, эри хотиржам овқатлана олмаслигини яхши биларди. Уни яхши турмуш ўртоғи деб ҳисоблашига аёлда асослар етарли эди ва бундан яхшироғини топишга умид қилиш унинг хаёлига ҳам келмасди. Эри унга умрида қўл кўтармаганди ва бунинг устига у тиним билмай ишларди, фақат шанба куни оқшом пайтларидагина бир стакан мусаллас ичишни одат қилганди, холос, шунда ҳам пулга зориқиб қолмасин дея ҳар сафар хотинининг ўзи айнан катта дўкондан сотиб олиб берарди, чунки бу пулга қовоқхонадан шунинг ярмисини беришарди.
Оиласини боқиш учун эри зўр бериб ишлаётганини, хотинига ва фарзандларига нечоғли меҳри баландлигини аёл тушунарди, шу боис ҳам аёл ўзидан андак тузукроқ кун кўрувчи қишлоқ аҳлидан кундалик хизмати эвазига топаётган ўша арзимас тангаларни бир-бирига уриб, тугиб қўйишга киришганди.
Аёлга гўё абадийдек туюлган узоқ уч йилдан сўнг Маъюскўз бозорнинг энг олди серёғ куркасини сотиб олиш бахтига ахийри муяссар бўлди. Хурсандчилигу бахтиёрликдан боши кўкка етган аёл болалар уйда йўқлигидан фойдаланиб, паррандани уйга олиб келди-да, ҳеч ким тополмайдиган ерга яшириб қўйди. Одатдагидек ҳориб-чарчаб, очиқиб уйга қайтган ва ҳар доимгидек курка сўраб кўкларга илтижо қилаётган эрига бу ҳақда чурқ этиб оғиз очмади.
Бу оқшом аёл болаларни жуда эрта ухлашга ётқизди. Унинг ниятини эри фаҳмлаб қолишидан аёл хавотирланмаса ҳам бўларди, чунки ҳали стол атрофида ўтирган пайтдаёқ уйқу элитган эри, ярим соат ўтар-ўтмай шалвираганча ўрнидан турарди-да, тўшакка зўрға судралиб борарди ва гўё бошига тўқмоқ тушгандек ўзини ўринга таппа ташларди.
Агар бир кунмас-бир кун ажойиб овқатланиш маросими учун жон чекиб атайлаб танлаб олиб келинган курка гўштини пишириш жараёнида аёлнинг қалбига, қўлларига беғубор бахт ва шодлик туйғуси куч-ғайрат ва руҳ бағишлайдиган бўлса, унда бу воқеани айнан шундай кун деб аташ мумкин эди. Курка қуёш чиқишидан бир соат аввал тайёр бўлиши учун аёл туни билан куймаланиб чиқди.
Макарио ҳар доимгидек барвақт туриб ишга шошилди ва ғарибона нонушта билан куч тўплаб олиш учун чўнқайганча столга ўтирди. Макарио хотинига хайрли тонг тилашни хуш кўрмасди ва оила аъзоларининг биронтасидан шу каби саломлашишларни эшитишга ҳам одатланмаганди. Мабодо, стол атрофида тўпланган пайт бирон-бир тартибсизликка кўзи тушса, ёки болтаними, ўтин боғлашга ярайдиган арғамчиними тополмай қолса, чурқ этиб оғзини очмасди, минғирлаб, алланималарни гапириниб қўярди, одатда. Негаки у камгап одам бўлиб, фақат баъзи, энг зарур ибораю хатти-ҳаракатлар билан чекланиб қўя қолар, хотини эса унинг ҳар бир ишорасини хатосиз тушунар эди.
У кетишга шайланиб ўрнидан қўзғалди. Авзойи бузилиб келаётган ҳавога тикилганча бир сония эшик олдида туриб қолди, шунда хотини аста унинг олдига келди ва иштаҳани қитиқловчи даражада обдон қовуриб пиширилган ва авайлаб янги, кўм-кўк банан баргларига ўралган курка гўштли эски саватни эрига узатди.
– Бу ерда, қимматли эржон, сен неча йиллардан бери тановул қилишни орзу қилиб келган қовурилган курка гўшти бор. Энди буни олгин-да, ҳеч ким халақит бермайдиган хилват чакалакзорга бор ва уни охиригача бир ўзинг еб ол. Қани, имилламай йўлга туш, йўқса, болалар қовурилган курка ҳидини пайқаб қолишади-да, уйғониб, сени бундан ҳам бенасиб қилишади. Қани, тезроқ бора қол энди!
Макарио ҳорғин кўзлари билан хотинига боқди-да, бош ирғади. Унинг оғзидан миннатдорчилик сўзлари ҳеч қачон чиқмасди. Ҳеч бўлмаганда бир бўлагини хотинига илинишга ҳам унинг фаросати етмади, чунки бус-бутун курка гўштига етишиш фикри қачонлардан бери унга тинчлик бермай келар ва у болалар уйғониб қолмасидан бурун хотинининг маслаҳати билан тезроқ жуфтакни ростлаш пайига тушди.
Орадан бирмунча вақт ўтгач, у ўрмондаги чангалзорда овлоқ бир ерни топди-да, ўлгудек очиққанини ҳис этди ва бу роҳатбахш таомдан тановул қилиш тараддудига тушди. Улкан дарахт тагига қулай жойлашиб олган Макарио, таърифга сиғмас ҳузур билан хўрсинди-да, саватдаги курка гўштини олиб, янги, йирик банан баргларини ерга ёйди ва гўё Тангрига қурбонлик ўтказаётгандек паррандани тантанали ҳаракатлар билан япроқ устига қўйди.
Зиёфатдан сўнг у куннинг қолган қисмини оёғини узатиб, мириқиб ухлаб ўтказишни ният қилганди ва шу тариқа умрида илк маротаба ўзи учун чинакам байрам уюштирмоқчи эди…
Ўзгача тайёрланган курка гўштини томоша қила туриб, Макарио одам зотига таниш бўлган йигирма беш миллион хил ислар ичида биронтасига тенглаштириб бўлмайдиган бу мўъжизавор исдан тўйиб-тўйиб нафас олди-да, шодликдан энтикканча минғирлади:
– Хотинимнинг маҳоратига ва қўли гул пазанда эканига тан бермай илож йўқ… Фақат бу санъатни намойиш этишга у бечорада имкон бўлмаган.
Макарио эплаб, чин дилдан айта олган миннатдорчилик ва энг олий мақтов сўзлари шундан иборат эди. Бундай сўзларни бир маротаба бўлса-да, хотинига айта олганида эди, шўрликнинг бахтиёрликдан юраги тарс ёрилармиди. Бироқ бу унинг қўлидан келмасди, негаки хотинининг олдида бу тахлит сўзларга тили айланмасди.
У қўлини сойда чайди ва одам йиллар давомида, Худонинг берган куни тинмай қилган илтижолари ижобат бўлиб, орзулари ушалганида бари қандай тайёрланиши лозим бўлса, ҳозир айнан худди шундай тахт қилинганди.
У чап қўли билан курканинг тўшини маҳкам ушлади-да, серёғ оёқчасини узиб олиш учун унга тап тортмай ўнг қўлини олиб борди.
Бироқ оёқни узишга чоғланган ҳам эдики, ўзидан тўрт қадам нари-берисида турган бир жуфт одам оёғига кўзи тушди. У нигоҳини ердан узди ва кўзи қўнжи калта этик ичига тиқиб қўйилган тор-танқис, ёпишиб турган қоп-қора шимга тушди. Не кўз билан кўрсинки, қаршисида қовурилган бу курка гўштини бир ўзи қандай тушираркин деб уни кузатганча, башанг ки­йинган бир йигит турарди. Йигит бошига зар жияк билан безатилган сербар соябонли қалпоқ қўндирилган, эгнига эса боёнларга хос ҳайратомуз зар ва кумуш иплар билан кашталанган калта камзул кийганди. Қора шимининг камаридан то этигининг темир тепкисигача соф кумуш тасма тикилган бўлиб, унга тикилган тилла тангачалар юрганда ажиб товушда жингирларди.
Йигитчанинг мўйловлари тимқора, чўққисоқоли эса худди эчкиникига ўхшарди, бир-бирига яқин жойлашган ва нақ тикандек қадаладиган кўзлари зулукдек қоп-қора эди.
Макарионинг нигоҳи йигитчага тушганида, чақирилмаган меҳмоннинг макр-ҳийлага тўлиб-тошган энсиз лабларидан қаттиқ қаҳқаҳа отилиб чиқди. Йигитга хоҳ у эркак бўлсин, хоҳ аёл, афтидан, бундай авровчи кулгига биронта одам боласи сира дош беролмайдигандек кўринганди.
Йигитча жаранглаган овозда сўзлай бошлади:
– Биродар, ўша мазали курка гўштингнинг яхшироқ жойидан мендек бир оч рицарга ажратиб берсанг, қандай бўларкин? Қара, муҳтарам биродар, мен куни бўйи эгардан тушмадим ва ҳозир очимдан ўлай деяпман. Жаҳаннам ҳақи, мени ўз нонуштангга таклиф эт.
– Биринчидан, – деди Макарио, гўё у шу топда пир этиб учиб кетишидан қўрққандек, куркасига маҳкам ёпишиб, – гап мутлақо нонуштада эмас. Иккинчидан эса бу менинг байрам зиёфатим, уни ҳеч ким билан баҳам кўриш ниятим йўқ. Нима деб ўйласанг ўйлайвер, фойдаси йўқ. Тушундингми?
– Агар қўлингда турган ёғли оёқчаларни менга берсанг, кумуш темир тепкимни сенга бераман, – кўзда тутган нарсасига ишора қилди у ва юпқа, агар айри бўлганда, илонники деб ўйлаш мумкин бўлган тиллари билан лабини ялади.
– Улар хоҳ темир бўлсин, ё хоҳ мис, ё кумуш, ё тилла, ҳатто олмос бўлганда ҳам менга сенинг тепкиларингнинг кераги йўқ, негаки, менда елдириб юрадиган отнинг ўзи йўқ.
Макарио қовурилган куркасининг баҳосини яхши биларди.
– Бўпти, ундай бўлса, шимимга қадалган бор тилла тангаларни узаман-да, куркангнинг ярим тўшига алмашаман. Бунга нима дейсан?
– Бу пуллар мени бахтли қилолмайди. Агар мен танга пулларингдан лоақал биттасини сарф қиладиган бўлсам, мени ўша заҳоти турмага тиқишади ва ўғриликда айблаб, иқрор бўлмагунимча қийноққа солишади. Сўнг мени ўғрига чиқариб, қўлимни кесишади. Худо менга тўртта қўлни раво кўрганида ҳам уни жон-жон деб олишга тайёр турган бир пайтимда, мендек қашшоқ дарахт кесувчи қандай қилиб икки қўлимнинг биридан жудо бўлишим мумкин?
Йигитнинг ваъдаларига ортиқ эътибор қилмай қўйган Макарио, курканинг танасидан оёқни ажратиб олиб, энди ейишга чоғланган ҳам эдики, нотаниш йигит яна гап қотди:
– Атрофга назар сол, ошна, шу ўрмоннинг эгаси менман. Мана шу дарахтзор ва теварак-атрофдаги ўрмоннинг бари менга қарашли. Агар сен куркангнинг атиги битта қанотини берсанг, шуларнинг барини сенга ҳадя этаман! Қара – шулар бари сеники бўлади!
– Бу гапингнинг турган-битгани ёлғон! Бу ўрмон сеники эмас, бу мурувватли Эгамнинг мулки, акс ҳолда мен бу ерларда ўтин кесиб, уни ҳамқишлоқларимга сотмаган бўлардим. Бу ўрмонни хоҳ совға қилиб бер, хоҳ бир бўлак курка гўштига алиш, бу билан мен барибир бойиб қолмайман, аввалгидек дарахт кесиб юравераман.
Нотаниш:
– Менга қара, азиз биродар!.. – деди қайсарлик билан.
Шунда Макарио ғазаб билан унинг гапини бўлди:
– Яхшиси, сен менга қулоқ сол. На сен менга, на мен сенга биродар эмасмиз, бундан кейин ҳам бунақа бўлмаслигимиз аниқ. Уқдингми? Мени ўз ҳолимга қўй, тинчгина овқатланиб олай.
Олифта жирканч башарасини тириштирганча оғзидан боди кириб, шоди чиқиб, сўка-сўка оқсаб-тўқсаб ўз йўлига равона бўлди.
Макарио унинг изидан қараб қоларкан, бош чайқаб тўнғиллади:
– Ўрмонда қўққисдан бундай махлуқ қаёқдан пайдо бўлиб қолди? Ҳа, бу ёруғ оламда сени кимларга дучор қилмайди Эгам.
У нафасини ростлади-да, аввалгидай чап қўли билан курканинг тўшидан тутди ва ўнг қўли билан шартта семиз оёғидан бирини ушлади.
Макарионинг кўзи ярим дақиқа бурун олифта турган жойда яна бир жуфт оёққа тушди.
Эгаси гўё олис ва машаққатли йўлни босиб ўтгандек оёқларига тўзиб, титилиб кетган пойабзални илиб олганди. Йўловчи кўринишдан роса толиққанди, оёғида ҳам базўр турарди.
Макарио кўзини ердан узди ва нигоҳи юзи сийракроқ қорасоқол билан қопланган чеҳрага тушди. Нотанишнинг эгнида тўзган, бироқ тоза-озода рангсиз канопдан иштон, айнан шу матодан кўйлак бор эди, кўриниши эса атрофдаги қадимий американинг аҳолиси қандай бўлса, худди ўшандай эди.
Бироқ йўловчининг кўзлари гўё сеҳрлангандек қатъийлик билан Макарио­нинг нигоҳини ўзига тортарди ва бу ҳолдан тойган зиёратчининг юрагида замину самога бўлган ишқ-муҳаббат ва барча эзгуликлар қўшилиб кетгандек туюлар, бу кўзларда Макарио осмону фалакдаги Тангрининг худди ўзини бор улуғворлиги билан кузатиш мумкин бўлган, нақ увоққина олтин қуёшча мисол чақнаб турган дарчани кўраётгандек эди, гўё.
Узоқдан, бамисоли бақувват мусиқа созидан янграган куйдек, йўловчи жаранглаган овозда деди:
– Сенинг ўрнингда бўлганимда таомни сен билан жон-жон деб баҳам кўрган бўлардим, кел, сен ҳам, марҳаматли қўшни, мен билан баҳам кўр. Мен очман, ўлгудек очман. Қара, қимматли ошна, мени қандай узундан-узоқ йўл кутиб турибди. Марҳамат кўрсатиб, қўлингда ушлаб турган курканинг оёғини менга бер ва бу саховатинг учун мен сени дуо қилай. Менга фақат битта оёқни берсанг кифоя, қолгани ўзингга буюрсин. Шунинг ўзидан қорним тўйиб, дармонга кираман, негаки, отамнинг уйигача ҳали узоқ йўл босишим керак.
– Ҳой мусофир, – деди Макарио, – сен қачонлардир бўлган, бор ёки бу ёруғ оламга энди келадиганларнинг баридан раҳмдилроқсан.
Макарио бу гапларни гўё Биби Марямнинг сурати олдида туриб ибодат қилаётгандек айтди.
– Эй марҳаматли қўшни, сендан ёлвориб сўрайман, куркангнинг ярим тўшини менга бер. Бус-бутун курка барибир сенга кўплик қилади.
– Ҳой мусофир! – дея гап бошлади тантанавор оҳангда Макарио, ҳеч қачон кўрмаган ва сира хабари ҳам йўқ, бироқ ер юзидаги улуғларнинг улуғи деб ҳисоблаган руҳонийга мурожаат этгандек. – Ҳой ҳазратим ва пири муршидим! Сен чиндан ҳам бус-бутун қушни агар каминага кўплик қилади деб ўйласанг, хафа бўлсанг ҳам сенга эътироз этишимга ижозат эт. Ҳой муҳтарам зот, соф виждонимни ўртага қўйиб айтаманки, сен қаттиқ адашяпсан. Айтмоқчи бўлганларимни айтишим тўғри эмасдир, балки бу худди шаккокликка ўхшаб кетар, бироқ, шундай бўлса-да, жим туриш ҳам инсофдан бўлмайди, жаннат эшиклари энди мен учун ёпиқ бўлса-да, барибир жим туролмайман, бошқа иложим йўқ. Сенинг овозинг ва қарашларинг бор ҳақиқатни айтишга мени мажбур қиляпти. Шуни билиб қўйки, ҳурматли жаноб, мен бу курканинг ҳатто битта суякчасидан ҳам воз кечолмайман. Ўтиниб сўрайман, мени тушун. Бу курка менга бус-бутунича берилган ва ёлғиз менгагина аталган. Агар курканинг ақалли увоққина бўлагини кимгадир берадиган бўлсам, унда у бутун курка бўлмайди. Яхлит куркага эришишни бир умр орзу қилдим ва энди унга етишганимда, ундан истифода қилмасам, баридан воз кечиб, мени шундай дабдабали совға билан сийлаган меҳрибон, мени жондан севувчи хотинимнинг юрагини абгор қилган бўламан. Ёлвораман, тақсир, ёлвораман, устоз, менинг ҳам туйғуларимни ҳисобга ол, илтижо қиламан, мендек фақир гуноҳкорга раҳминг келсин!
Йўловчи Макариога боқди-да, деди:
– Мен сени тушунаман, Макарио, оғайни, меҳрибон ҳамсоя, мен сени жуда яхши тушунаман. Дунё тургунча тур ва эсон-омонликда куркангни ейиш сенга насиб этсин. Энди мен борай, кулбанг ёнидан ўта туриб, меҳрибон аёлингни ва фарзандларингни дуо қиламан. Яхши қол!

Макарио йўловчини кўздан йўқолгунча нигоҳлари билан кузатиб қўйди-да, бош чайқаганча деди:
– Унга жуда раҳмим келяпти. У жуда толиққан ва ўлгудек оч-наҳор эди. Ахир мен бошқача йўл тутолмасдим-да. Куркадан берсам хотинимни ҳақоратлаган бўлардим. Мен курканинг на оёғидан ва на кичик бир бўлакчасидан воз кеча оламан, кечадиган бўлсам, у бус-бутун курка бўлмайди…
Макарио қушнинг нимталанмаган танасидан ажратиб олиш учун шоша-пиша курканинг оёғига ёпишди ва ниҳоят зориқиб кутилган зиёфатни энди бошлай деб турганда, яна рўпарасида турган бир жуфт оёққа кўзи тушди. У оёқларига эски бичимдаги шиппак кийганди, буни кўрган Макарио уни бирон-бир чет эллик бўлса керак деб ўйлади, негаки у илгарилари бундай пойабзални сира кўрмаганди.
Макарио ердан кўзини уздию қаршисида ақл бовар қилмас кўйга тушган башарани кўрди. Нотаниш узун асога таяниб турарди. Унинг юзи этдан холи, қўл ва оёқларининг эса устухонигина қолганди, холос. Кўзлари бош суякдаги таги кўринмас қора тешикка ўхшарди гўё. Оғзида икки қатор мустаҳкам тишлар кўзга ташланар, лаблар эса бор-йўқдай.
Ғалати дарбадарнинг эгнидаги ўнгиб кетган кўкимтир-оқ рўдапо на бир читга, на бир шойига ва на бир жун матога ўхшарди. Яхшигина титиғи чиқиб кетган ва қисиб боғлаган белбоқда қимматбаҳо ёғочдан ясалган қирилиб-сирилган қути бир парча арғамчи бўлагига осилиб турарди, унда соатнинг аниқ-тиниқ чиқиллаши эшитиларди. Макариони довдиратиб қўйган нарса дастлаб белбоғдаги қути бўлди. Шунинг учун у янги меҳмонни дарров таниёлмади.
Шунда мусофир гап бошлади. Унинг овози таёқни таёққа ургандаги товушга ўхшарди:
– Мен шундай очманки, биродар, нарёқ-берёғи йўқ!
– Сен рост гапиряпсан, буни афт-ангоринг айтиб турибди, биродар, –қўшилди Макарио, мусофирнинг қўрқинчли турқидан хийла чўчиб.
– Модомики, буни ўз кўзинг билан кўриб турган экансан ва оч эканимга ҳам сира шубҳанг йўқ экан, унда қимматли биродар, ақалли куркангнинг оёқчасини мендан аямассан?
Мушкул аҳволда қолган Макарио дод-вой солиб бақирди ва чорасизликдан бошини чангаллади.
– Бўпти, майли, – деди у ниҳоят қайғудан титроқ босган овозда, – бизлар бандамиз, тақдир билан кимўзарга ўйнашни биз ожиз бандаларга ким қўйибди? Тақдирга тан берамиз. У охири мени ўз измига бўйсундирди. Бахт дегани энди менга кулиб боққандек эди, йўқ, афтидан, у менга аталмаганга ўхшайди. Бус-бутун куркага етишиш менга ҳеч қачон насиб этмаса керак! Ҳеч қачон, ҳеч қачон ва яна ҳеч қачон! Майли, бўлар иш бўлди, отахон, нима ҳам қилардик, қорнингни қаппайтиравер. Очлик нимаю оч қолиш нима, буни мендан сўрайвер! Бошга тушганни кўз кўрар; ўтир, Боёқиш, ўтир мен билан. Курканинг ярмиси сеники, ол, бемалол еявер, ош бўлсин!
– Ў, мана бу зўр гап бўлди, отахон! – деди Боёқиш Макарионинг рўпарасига ўтириб. Сўнг жағлари билан шундай бир ҳаракат қилдики, унинг ишшаяётганини ҳам, кулаётганини ҳам билиб бўлмасди.
Мусофир юзини буриштириб, бу хатти-ҳаракати билан нима демоқчи бўлганини Макарио сира тушунмади – мусофир ё ўз миннатдорчилигини, ё бўлмаса, очлик балоси уни бирмунча вақт тарк этганидан хурсандлигини изҳор этмоқчи бўлди шекилли, деб ўйлади у.
– Мен ҳозир куркани тенг иккига бўламан, – деди Макарио. У жуда шошиларди, чунки яна биронта йўловчи чиқиб қолиб, насиба яна уч бўлакка бўлинишидан хавотирда эди. – Мен куркани бўлгунимча тескари ўгирилиб тур. Сўнг мен тақсимланган ҳар иккита нимтанинг ўртасига болтамни қўяман, кейин сен сопнинг ёнида турганини хоҳлайсанми, ё тиғнинг олдидагисиними, менга айтасан. Шу усул билан иккига бўлсак адолатдан бўлади деб ўйлайман. Розимисан?
– Рози бўлганда қандоқ, отахон!
Улар шу зайилда базми жамшид қилишди. Бу зиёфат меҳмоннинг қулоққа ёқадиган сўзларию мезбоннинг қувноқ кулгисига бой зиёфат бўлди.
– Биласанми, отахон, – деди Макарио, – бошда мен унча ажабланмадим, кўринишдан сен мен ўйлаганимдан кўра бошқача одам экансан. Белбоғингда осилиб турган соатли қимматбаҳо ёғоч қутича мени чалғитди ва кимлигингни дарров билиб олишимга халақит қилди. Қумсоатингга нима бўлган ўзи? Ё бу сирми?
– Э, яна қанақа сир! Хоҳласанг, осиб олиб, бутун дунёга кўз-кўз қилиб чиқмайсанми! Мана нима бўлган, эшит. Бу Европа деганлари Хитойдан сўнг зап сербарака жой бўлди, билолмай қолдим, қандайдир жанг авжига чиқди. Сенга шуни айтишим керакки, отахон, ҳазилакам ур-йиқит бўлмади. Мени обдон шундай таъзиримни беришдики, унча-мунча ёшнинг ҳам бунга бардоши етмасди. У ёқдан-бу ёққа чайқалиб, гангиб, ўзимни йўқотиб бутунлай ҳолдан тойдим. Шубҳасиз, шу билан ўзимдан кўз-қулоқ бўлишу ҳар турли удумларга риоя қилишнинг иложи бўлмади. Бунинг устига яна қандайдир ширакайф тўнка қўққисдан рўпарадан гумбурлатиб ўққа тутса бўладими, британ тўпининг ўқи менинг қум соатимни сочиб ташлади, сочганда ҳам шундай сочдики, ҳатто кўпни кўрган уста темирчи Плутон ҳам уни эпақага келтиролмасди. Янгисини олмоқчи бўлиб роса қидирдим, бироқ нима қилайки, иложини қилолмадим, кўпдан бери ишлаб чиқарилмас экан, фақат безак учун камин тепасига қўйиладигани бор экан, лекин бу ҳам қуруқ гап, у ҳам ҳеч нимага ярамайди барибир. Музейдан ўғирламоқчи бўлгандим, бироқ, афсус, истисносиз барининг қалбакилиги маълум бўлди ва орасида биронта ҳам ҳақиқийси йўқ экан.
Шу ерга келганда у, юмшоқ оқ гўштдан бир бурдасини тишлаб узиб олди ва гўшт шу қадар хушхўр эдики, унинг тотли таъми мусофирни бир лаҳза бўлса-да, барини эсдан чиқаришга мажбур қилди. Суҳбатни давом эттиришни кўнгли тусаганида эса:
– Ўзи нима деяётгандим, отахон? – деб сўрашига тўғри келди.
– Сен музейдан ўғирламоқчи бўлган қумсоат ва текширганда барининг қалбаки экани маълум бўлгани ҳақида сўзлаётгандинг.
– Тўғри! Мана, демак, мен шу тарзда ўз қумсоатимдан айрилганман. Бироқ бундан сўнг кўп ўтмай бир дарғани йўқлаб ҳузурига бордим. У кемасининг бўлмасида эди, кема эса тобора сувга чўкиб борарди. Жамоанинг бари қайиқларга жойлашиб олганди, лекин ўша дарға деганлари чинакам британ дарғаларининг белгиланган тартибига мувофиқ кемани тарк этишни рад этди ва кемада қолишга қарор қилди. Шу боис ҳам у ўз бўлмасида серрайганча кема журналига белги қўярди. Мен ёнида ҳозир бўлганимда эса у жилмайди-да: “Хўш, муҳтарам Қотма, демак, бу дунёдаги ризқ-насибамиз адоғига етди, шекилли?” – деди. “Худди шундай, дарға”, – дедим уни тасдиқлаб ва сўнгги дамларининг юкини енгиллатиш ва қавм-қариндошларидан, яқинларидан абадий жудо бўлиш аламини юмшатиш мақсадида кулиб қўйдим. У ўз хронометрига кўз ташлади-да: “Кема журналига сўнгги қайдларни киритишга улгуришим учун менга марҳамат кўрсатиб, яна ўн беш дақиқа ҳадя этолмайсизми?” – деди. “Розиман”, – деб жавоб бердим мен. Уддасидан чиқиб, вафотининг аниқ вақтини ёзиб қўя олишидан у жуда мамнун бўлди. Дарғанинг бахтиёр чеҳрасини кўриб ундан: “Менга қаранг, жаноб дарға, хронометрингизни менга қолдиролмайсизми? Фаҳмлашимча, энди унинг сизга кераги йўқ, сиз ахир ундан бошқа фойдалана олмайсиз, негаки, бундан буён сузишингизга тўғри келадиган анави кеманинг бортида вақт деганларининг умуман ғамини емасангиз ҳам бўлади. Устига-устак, жаноб дарға, менинг қумсоатимга британ тўпининг ўқи шикаст етказди ва агар бунинг эвазига мен Англияда ишлаб чиқарилган хронометрни қўлга киритсам, бу адолатдан бўлурди”, – дедим.
– Нима? Демак, бу кулгили митти соатча хронометр деб аталадими? Буни эшитмаган эканман, – деди унинг сўзини бўлиб Макарио.
– Ҳа, – бош ирғади Қотма, тиржайганча ўттиз икки тишини баравар кўрсатиб, – у шундай аталади. Бироқ хронометрнинг фарқи шундаки, у чўнтаки, осма ёки минорага ўрнатиладиган бошқа соатларга қараганда вақтни юз маротаба аниқ кўрсата олади. Қани, отахон, демак, қаерда тўхтаган эдик?
– Дарғадан сенга қолдиришини сўраётганинг хро…
– …нометр. Тўғри. Ўзининг чиройли хронометрини менга қолдиришини сўраганимда, у: “Буни сиз тўғри ўйлабсиз, негаки, тақдир тақозоси билан хронометр шахсан менга тегишли ва мен уни ўз хоҳишимга кўра тасарруф этмоққа ҳақлиман. Ҳаётдаги ишончли бу ҳамроҳим мабодо, компаниянинг мулки бўлганда эди, унда сизни рад этишга мажбур бўлардим. Ҳозирги унутилмас рейсдан бир неча кун бурун мен уни созладим ва сизни ишонтириб айтаманки, жаноб Қотма, алмисоқдан қолган қандайдир қумсоатдан кўра бу буюмга юз чандон кўпроқ суянишингиз мумкин”. Шундай қилиб, хронометр менга тегди, кемани эса шу орада гирдоб ўз домига тортиб кетди. Ўтмишдан қолган ғарибона қумсоатнинг ўрнига ҳозир ёнимда юрган хронометрга мен ана шу тарзда эгалик қила бошладим. Сенга шуни айтмоқчиманки, отахон, бу Англия ўйинчоғи шундай бинойидек ишлайдики, мен ундан фойдалана бошлаганимдан бери ҳали бирон марта ҳам хато қилганим йўқ. Бир вақтлар шундай ҳам бўлгандики, шамшир ёки сиртмоқ олдиндан тайёрлаб қўйилган бўлса-да, одам кўзимни шамғалатиб мендан қочиб ҳам қоларди. Бу жуда ёмон, ишон. Бундай воқеа юз берадиган бўлса, унда менинг обрўйим бир пул бўлади. Бироқ энди бундай бўлмайди.
Шу тахлит улар худди узоқ айрилиқдан сўнг учрашиб қолган дўстлардек вайсашиб, ҳар турли ғалати воқеаларни бир-бирларига сўзлаб бериб, бир-бирлари билан ҳазил-ҳузул, вақтичоғлик қилиб, кулишиб ўтиришди.
Қотмага қовурилган курка азбаройи ёқиб тушганидан, у қушни иштиёқ билан шу қадар маромига етказиб тайёрлаган аёлга мақтовларни ошириб-тошириб аямасдан инъом этди. Базми жамшидга берилиб кетган Қотма, баъзан шу қадар ҳаддидан ошиб кетардики, ҳатто ўзининг кимлигини ҳам унутиб қўярди ва мавжуд бўлмаган лабларини тили билан ялашга уринарди. Бироқ Макарио унинг бужмайган башараси айтиб турган чинакам аломатлардан меҳмоннинг мамнун ва бахтиёрлигини кўриб ва англаб турарди.
– Бугун мен келгунимга қадар бошқа яна иккита меҳмонинг бўлганди, тўғрими? – деди Қотма суҳбат авжида.
– Тўғри. Буни сен қаёқдан биласан, отахон?
– Мен бу дунёда юз бераётган барча ишлардан деярли хабардорман. Шуни билиб қўйки, мен маълум даражада махфий полициянинг раҳбариман, бунинг эгаси эса… Мен шама қилаётган хўжайинни сен биласан, унинг исмини айтиш менга ярашмайди… Келиб-кетган меҳмонларинг ким эканини сен биласанми?
– Бўлмасам-чи? Сен мени ким деб ўйлаяпсан?
Оч қолган – айтгандай, энди у сира оч эмасди – оддий қилиб айтганда, Қотма деди:
– Биринчи келгани биз одатда жин, иблис деб атайдиганимиз эди.
– Мен ўша заҳоти пайқагандим. Бу нусха менинг қошимда қандай қиёфада ҳозир бўлмасин, мен уни ҳар қанақасига бўлса-да, танийман. У бугун ясаниб-тусаниб йигит ролини ўйнамоқчи бўлди, бироқ қилиқлари билан ўзини ошкор қилиб қўйди. Шунда мен дарров унинг сохта йигитча эканини тушундим.
– Унинг ким эканини шу заҳоти билган экансан, нега унга куркангнинг бир бўлагини бермадинг? У энди сенга анча ташвиш орттириши мумкин.
– Бу унинг қўлидан келмайди, ошна. Мен унинг барча кирдикорларидан бохабарман, йўқ, унинг менга ҳадди етмайди. Нега энди мен қовурилган куркамни у билан баҳам кўришим керак экан? Пули азбаройи чўнтагига сиғмай тўлиб-тошиб кетганидан уни иштонларига тикиб, ёпиштириб олган бўлса. Агар у хоҳласа, яқин орадаги майхонага кириб, беш-олтита қовурилган жўжани ва яна қўшимчасига бир жуфт қовурилган серсут чўчқани ҳам сотиб олишга қурби етади. У куркамнинг на оёғига ва на қанотига зор.
– Бироқ иккинчи меҳмонинг… Қани, мен кимни назарда тутаётганимни яхши билсанг керак… Уни танидингми?
– Бўлмасам-чи, ахир мен насронийман-ку? Мен уни қаерда кўрсам ҳам танийман. Бироқ, таассуфлар бўлсинки, мен унинг роса ҳориганини ва ўлгудай оч эканини кўра-била туриб, арзимас аллақандай бўлакни ундан қизғанганим жуда чакки бўлди. Мен ношуд-нотавон нима каромат кўрсатибманки, ҳукмдоримизнинг ўғлидек одам билан қовурилган куркамни бўлишиш бахтига муяссар бўлсам? Бу оламдаги бор куркалару бу оламнинг ўзи ҳам унинг отасига тегишли, негаки, буларнинг барини У яратган. Ўғлининг кўнгли қанча куркани тусаса, шунча куркани олиб беришга отасининг қурби етади. Устига-устак: бир кун оқшом Тангрининг бандаси бор-йўқ иккита балиғу бешта нон билан беш мингта очнинг қорнини тўйғазишга муяссар бўлган, одамлар очликни қондириб бўлганларидан сўнг ҳам нон бўлакларига тўла бир нечта дюжина қутича қолган… Лекин, ошна, фикримча, уни чиндан ҳам очлик ҳисси безовта қилганида, у ўтнинг ўзи билан ҳам тўйиб қўя қолган бўларди. Мана яна нима: сувни шаробга айлантиришнинг уддасидан чиққан одамга, увоққина оёқчалари билан ерда ўрмалаб юрган миттигина қумурсқани, фақат бу дунёдагина мавжуд бўлган, унга қўшиладиган барча қайлаю керакли зираворлар билан хушхўр қилиб аъло даражада тайёрланган қовурдоқ куркага айлантириш нима деган гап? Мен кимман, мен қарамоғида ўн битта зумрашаси бўлган бир ўтинчи бўлсам, менинг нопок қўлларим билан булғанган курка оёғини улуғимизни ҳақоратлаб, унга тортиқ қилишга наҳот менга изн берилган бўлса? Мен ўз динимизнинг садоқатли ўғлиман ва ҳокимиятни ҳам, Яратганнинг буюклигини ҳам эъзозлайман.
– Жуда соз, отахон, сен ҳақиқий файласуф экансан. Сени ишонтириб айтаманки, ақл-идрокда сен бекаму кўст яралгансан ва айниқса, шахсий мол-мулкни кўз қорачиғидай асраш масаласида миянг янада зўрроқ ишларкан.
– Умрим бино бўлиб ҳали бундай гапни эшитмагандим, отахон, – деди уялганча Макарио, камтарона.
– Мени бирдан-бир ҳайратда қолдирадигани бу, фақат сенинг менга бўлган муносабатинг, отахон. – Меҳмон сўзлай туриб, ўзининг бақувват тишлари билан курка қанотининг сўнгги бўлагини ғажирди. – Бундан сал аввал иссиққина куркангнинг озгина улушини Шайтонга ва Худога раво кўрмаган сендек одам, бор барака қилиб нечук унинг ярмини менга инъом этдинг?
– Э-воҳ, – хитоб қилди Макарио, ўз нидосига яна икки ҳисса ортиқ ишонч ҳосил қилишни кўзлаб кўкка қўл очиб илтижо қиларкан. – Э-воҳ, – такрорлади у, – сен бошқа гап, отахон, бутунлай бошқа! Авваламбор, мен инсонман ва очлик нима эканини ўз бошимдан кечирганман ва у жонингни қандай суғуриб олишини ҳам яхши биламан. Ва мен бирон нима бунёд этиш ёки мўъжиза яратиш учун ҳукмрон бўлганинг ҳеч қулоғимга чалинмаган. Сен бор-йўғи олий ҳакамнинг итоатли қулисан, холос. Емак сотиб олишга ақчанг ҳам йўқ, акс ҳолда кафанингда кисса бўлган бўлурди. Гарчи хотиним буни катта меҳр билан тайёрлаган бўлса-да, чиндан ҳам мен хоҳишимга қарши чиқиб, куркадан бир бўлак ҳам унга бермадим. Хотиним роса ориқ, бироқ у қанчалик ориқ бўлмасин, барибир сен ундан беш баттар ориқ кўринасан. Тинмай “бер-бер” деб турган болаларимни минг машаққат билан бўлса-да, иссиққина бир бўлаги билан ҳам сийламадим. Улар қанчалик оч-наҳор бўлишмасин, сен улардан ҳам юз чандон очроқ кўринасан.
– Гапир-а, гапир, отахон! – хириллаб қўйди меҳмон мавжуд бўлмаган лабларидаги табассумни очиқ-ойдин чўзишга уринганча. – Дилингдаги бор ҳақиқатни тўкиб-солавер, тишимни-тишимга қўйиб эшитавераман! Сен ҳозир ўз изоҳингни “авваламбор” деган сўз билан бошладинг, қани, энди у ёғини давом эттир-да, сенга иккинчидан нима таъсир қилганини менга сўзлаб бер.
– Бўпти, сен айтганча бўла қолсин, – деди Макарио бир тўхтамга келиб, – барига иқрорман, очиғини айтганда, отахон, курканинг оёғидан бўлса-да, маза қилиб тотиб кўриш энди даргумонлигини менга рўпара келганинг заҳотиёқ тушуниб етгандим. Бус-бутун куркани-чи, гапирмай қўя қолай. Шунда мен: “У ҳозирча бор экан, мен ҳам нафсимни тийиб ўтирмайман”, – дедим ўзимча ва куркани тенг иккига бўлдим.
Меҳмон ўзининг тубсиз кўз чаноқлари билан унга ўта ҳайратланиб тикилди ва сўнг гўё бўм-бўш идишни ноғора қилиб чалгандек чин кўнгилдан қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди.
– Момақалдироқ Худосининг номи билан қасам ичиб айтаманки, ота­хон, сен ақлли ва жуда устомон экансан! Кўпдан бери мен шундай фаҳм-фаросатли ва ҳозиржавоб одамни учратмагандим. Каминанинг ҳам ғарибона ҳаётига бироз бўлса-да, хурсандчилик олиб кирувчи арзимас бир вазифани сенга лойиқ кўрдим ва сен бунга муносибсан. Биласанми, отахон, баъзан мен одамлар билан бажонидил ҳеч кимга зиёни тегмайдиган, вақтимни кўнгилхушликда ўтказиб, бажараётган вазифамнинг унчалик ҳам фойдасиз эмас деб ҳисоблашимга имкон берувчи бир ҳазил ўйин ўйнайман, агар сен мен нимани назарда тутаётганимни англаётган бўлсанг.
– Ўйлашимча, фаҳмлаяпман.
– Менга шунча марҳамат кўрсатиб, зиёфатингни мен билан баҳам кўрганинг учун қандай мукофотга муносиб эканингни биласанми?
– Бу яна нима бўлди экан, ошна? Нима қилмоқчисан ўзи? О, агар хизмат бўлмаса, барака топкур, мени ўзингизга ёрдамчи этиб тайинламасангиз! Майли, барига розиман, фақат ёрдамчингиз бўлишга эмас!
– Ёрдамчига муҳтожлигим йўқ, ҳеч қачон бўлган ҳам эмас. Гап бутунлай бошқа масала устида кетяпти. Мен сени шифокорларнинг шифокори қилмоқчиман. Менга ҳамиша қабиҳ найранглар ишлатиш пайида бўлган ва фириб бериш осон дея хомхаёлга борган барча билағон тиббиётчиларни доғда қолдирасан. Демак, гап бундай, агар шифокор бўлсанг, ваъда бериб айтаманки, куркангга кетган харажат миллион карра ортиғи билан ўзингга қайтиб келади.
Шу сўзларни айта туриб у ўрнидан турди ва ўн қадам босди-да, жазирамадан қақраб қолган қумли ерга боқди ва қичқирганча ўтинчини чақирди:
– Отахон, сувдонингни бу ёққа олиб кел. Мен аллақандай ғалати ошқовоққа ўхшаб кетадиган анави сувдонни назарда тутяпман. Аввал ундаги бор сувни тўкиб ташла.
Макарио унга итоат этди-да, меҳмони билан ёнма-ён турди. Қўноқ қуриб қолган ерга етти маротаба туфлади. Улар бироз кутишди ва қумдан тўсатдан тоза шаффоф сув отилиб чиқа бошлади.
– Энди сувдонингни менга узат-чи! – амр қилди Қотма.
У эндигина пайдо бўлган кўлча олдида тиз чўкди-да, бир қўли билан Макарионинг сувдонига ҳовучлаб сув қуйишга тушиб кетди. Роппа-роса бир литр суюқлик кетадиган бу сувдоннинг оғзи тор бўлгани учун бу юмуш анча узоқ давом этди.
Сувдон тўлиши билан ҳали кўлча ёнида тиз чўкиб турган Қотма қўли билан ерга бир урганди, сув гўё бўлмагандек бўлди-қолди.
– Отахон, кел, ўша ўзимиз аввал зиёфат қилган еримизда яна бир ўтирайлик, – деди қўноқ.
Улар яна ерга ўтиришди. Қотма Макариога сувдонни узатди-да, гапнинг пўсткалласини айтди:
– Сувдондаги суюқлик сени замонамизнинг энг донғи кетган ҳакимига айлантиради. Бу сувнинг бир томчиси ҳар қандай дарднинг давоси бўлади ва “ҳар қандай дард” деганимда мен ўлимга олиб борувчи барча хасталикларни назарда тутяпман. Сен яхшилаб эшит ва қулоғингга қуйиб ол, отахон: дорининг сўнгги томчиси тугаши биланоқ сендаги шифобахш куч ҳам ўз ниҳоясига етади.
Ақлини шоширувчи бу таклифдан Макарио сира эсанкирамади. Бундан фойдалансинми, ё йўқ, у иккиланарди…
– Бу совғани сендан қабул қилайми, ё йўқми, билмадим, отахон. Биласанми, ҳозиргача мен ўзимни бахтиёр ҳисоблаганман. Тўғри, мен доим тишимни тишимга қўйиб очликка чидадим, Худонинг берган куни ўлгудек ҳорирдим ва қачонлардир яхшироқ яшашдан умидимни узиб, зўриқиб, машаққат чекиб умр ўтказардим. Бироқ мен ва мен каби бундай чор-ночорларга буюргани шу, шекилли. Чамаси бундай ҳаёт бизнинг тақдиримизга битилган. Чидайвериб, бундай турмушга кўникиб кетганмиз ва ўзимизча бахтиёрмиз, негаки, энг ёмон ва бутунлай иложсиздек туюлган толеимиздан ҳам қандайдир ёруғлик топишга интиламиз. Биласанми, бугун сен билан ўзимизни меҳмон қилган ўша курка орзуларимнинг поёни эди. Ҳаётдан яна бирон-бир муҳимроқ ниманидир сўраш ҳеч қачон хаёлимга келмаган. Менинг фикру ёдим барча хушхўр зираворлар қўшиб тайёрланган куркани ёлғиз ўзим учун қўлга киритишу уни оч қорнимга тушаётган ҳар бир бўлагининг ҳисобини олиб турган болаларим кўзидан нарида бус-бутунлигича ейиш бўлган, холос.
– Кўряпсан-ку, қўлингдан барибир ҳеч нима келмади. Куркани бус-бутун ейиш яна сенга буюрмади, негаки ярмини менга бердинг. Демак, орзуларинг яна ўша-ўша армонлигича қолаверди.
– Сен, отахон, бунда айбим йўқлигини ҳаммадан яхши биласан…
– Бу тўғри: нима бўлганда ҳам, шу бугунгача сенинг ягона орзунг ушалмади. Агар янги куркага эришиш фикридан қайтмаган бўлсанг ва яна уч йил кутиб умр ўтказмай десанг, унда орзунг рўёбга чиқиши учун одамларни даволаб пул топишдан ўзга иложинг йўқ.
– Бу ҳақда ҳеч ўйламаган эканман. Мен чиндан ҳам бус-бутун куркани қўлга киритишим зарур, у ёғига нима бўлса бўлар. Агар бунга муяссар бўлолмасам, унда бу дунёдан бахтсизларнинг бахтсизи бўлиб ўтаман.
– Хўш, энди қулоқ сол, отахон, видолашиш олдидан мен сенга баъзи бир жуда муҳим гапларни айтишим зарур. Ҳар сафар сени бемор ёнига чақиришганда, сен унинг тепасида мен турганимни кўрасан. Мен сендан бошқа ҳеч кимга кўринмайман. Энди гапларимни қулоғингга қуйиб ол. Агар сен мени беморнинг оёқ тарафида турганимни кўрсанг, бир томчи янги тоза сув – доридан қулоқли пиёлагами, ё шиша идишгами қуйгин-да, уни беморга ичир. Икки кун ўтар-ўтмай, қарабсанки, у яна оёққа туриб барини кўрмагандай бўлиб кетади. Агар мени касалнинг бош томонида турганимни кўрсанг, унда, яхшиси, даволашни бўйнингга олма. Негаки, мен ёстиқ томонда турган бўлсаму беморни мендан тортиб олиш учун даволашни зиммангга сен оласанми, ё атрофда елиб-югуриб юрган бошқа бир тўда шифокорлар ўз зиммасига оладими, бунинг аҳамияти йўқ, у барибир ўлади. Бундай вазиятга дуч келсанг, яхшиси мен берган дорини бекорга исроф қилма, барибир бефойда ва сен учун бунинг турган-битгани зиён. Шуни ёдда сақлагинки, бу ғамхонани ким қачон тарк этишию худди шу пайт у хоҳ ёш бўлсин, хоҳ ёши улуғ, ё бир нобакор, бу ёруғ оламда ким ўз умрини яшайвериши мумкинлиги бари Тангри томонидан белгилаб қўйилган ва бу ёлғиз менгагина аён. Хато қилишдан, ё бўлмаса йўлдан озишдан тоймайдиган одам боласига ўз ихтиёримдагиларни ишониб топширишга менга изн берилмаган. Шу боис сўнгги сўзни мен айтаман ва сен менинг хоҳиш-иродамга ҳеч бир эътирозсиз итоат этасан.
– Мен буни ёдда сақлайман, жаноб! – ваъда берди Макарио.
– Жуда соз. Энди, отахон, хайр-хўшлашиш фурсати етди. Зиёфат эса қойилмақом бўлди, агар бу сўз сенга таниш бўлганда, мен ҳатто буни ғайриодатий деган ҳам бўлардим. Очиғи, сен билан улфатчилигимиз ажойиб ўтди. Мен билан баҳам кўрган таоминг кучимга яна юз йил етадиган куч қўшди. Агар мен яна бугунгидек ҳолдан тояр даражада оч қолсам, Яратган менга яна сендек меҳмоннавоз мезбон ато этсин. Бағоят миннатдорман, отахон! Минг карра ташаккур! Кўришгунча!
– Кўришгунча, отахон! – жавоб қилди Макарио, хаёлида гўё аллақандай машаққатли уйқудан уйғонгандек.
Сўнг у сира ухламаганига ўша заҳоти амин бўлди.
Ерда, қўноқ иштаҳа билан еб, обдон кемириб тозалаган яримта курканинг суяклари ётарди. У беихтиёр ерга ташланган бир неча гўшт бўлакларини йиғиштириб олди-да, увол бўлмасин дея уни оғзига солди ва бугун бошдан кечиришга муяссар бўлган, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган воқеа-ҳодисаларга бой саргузаштларни ёдга олишга ва уни тушуниб етишга уриниб кўрди.
Кўп ўтмай у толиқди ва зиёфатдан кейинги қолган кунни ухлаб ўтказишни кўнглига туккан ўтинчи ерга чўзилди.
Шу кеч у уйига бир дона ҳам ўтин олиб келмади.

Эртага қориннинг ғамида уйга бирон нима сотиб олиш учун Макарио­нинг хотинида сариқ чақа ҳам қолмаганди. Шунга ҳам қарамай, хотин эрининг беғамлигини ҳатто ишора билан бўлса-да, унинг юзига солмади. Аёлни шодликнинг аллақандай улкан ғайришуррий ҳисси чулғаб олганди. Негаки, аёл куннинг ярмида ўз кулбаси остонасида болаларининг ки­йимини юваётиб, унга келиб урилган қуёшнинг олтинранг шуъласи сира қуёшдан таралмагандек эди гўё ва шу заҳоти худди мўъжизакор органнинг йироқ-йироқлардан эшитила бошлаган ёқимли куйи унинг юрагига келиб қуйила бошлаганди. Шу лаҳзадан бошлабоқ у кунни ўзини ер юзида парвоз қилаётгандек, кўнгли ҳузур-ҳаловатга тўлиб-тошган туйғуни ҳис этиб ўтказди. Бироқ аёл бу туйғуни гўё юрагидаги бойликдек эридан сир тутди. У кечки овқатни тортаётганида ҳам олтинранг нурнинг шуъласи унинг чеҳрасида ҳамон сақланиб турарди. Ҳатто хотинининг юзига кутилмаганда боққан эри ҳам ундаги аллақандай ғайриоддий ўзгаришни пайқаганди. Бироқ ўз қайғу-ташвишларидан ортмаган эри унга индамай қўя қолди.
Макарио кундузи ўрмонда мириқиб дам олгани боис бу оқшом у одатдагидан кечроқ ётишга чоғланар экан, хотини унинг қулоғига:
– Хўш, эржон, курка нима бўлди? – деди пичирлаб.
– Ҳа, ҳе йўқ-бе йўқ нега куркага қизиқиб қолдинг? Нима, куркангда бир нима бўлиши керакмиди? Нима демоқчисан? Нима бўларди, қандай бўлиши керак бўлса, шундай бўлди… курка еб мазахўрак бўлмаган оғзим билан сенга айтадиган гапим шу.
Макарио меҳмони тўғрисида лом-мим демади.
Эртаси куни бутун оила оч қолди. Болаларнинг насибасидан сиқиб, Макариога бўлиб бериладиган нонушта ҳамиша ҳам анча-мунча оз бўларди, бироқ тушликка ва кечликка ҳеч бўлмаганда бирон насиба қолдириш учун ҳозирги нонушта улушидан ҳам уй бекаси янада қисқартиришига тўғри келди.
Макарио қалампир солинган хушхўр қора ловиядан бир неча қошиқ еди. Барига ўзи айбдор эканини яхши тушунгани учун ҳам шикоят қилмади. Макарио болта ва арғамчини олди-да, вазмин одимлаганча тонгги туманга пешвоз чиқди. Одатдаги оғир меҳнатни давом эттириш учун йўлга отланганида, дори-дармону барча шунга ўхшаш можаролар билан боғлиқ воқеалар унинг хаёлидан бутунлай кўтарилгандек эди, гўё.
Бироқ эндигина бир неча қадамни аранг босар-босмай хотини қичқирганча уни тўхтатди:
– Азизим, сувдонни унутибсан-ку!
Бу сўзлар у бошдан кечирган саргузаштларни кўз ўнгида жонлантириб юборди ва кечаги ошна фақат нафси қонган инсон тасаввурида яратилган эртаклардаги кўланка бўлмаганини ёдига солди.
– У ҳали тўла. – Хотини сувдонни силкитди. – Ичидаги сувни тўкиб, янгилаб берайми? – сўради хотини маккажўхори сўтасидан кесиб олинган пўкакни бурай туриб.
– Ҳа, у ҳали тўла экан, – тасдиқлади Макарио, хотини шошилиб қимматбаҳо суюқликни тўкиб ташлашидан қўрқиб. – Мен кеча сувни ўрмондаги ариқдан ичгандим. Сувдонни бу ёққа бер, уни янгилашга ҳожат йўқ.
Қишлоқнинг энг чеккасида жойлашган кулбасидан анча узоқлашгач, Макарио ўрмонга кетаверишдаги чакалакзорнинг қуюқ буталари орасида чуқур қазиди-да, сувдонни ўша ерга кўмиб қўйди.
Шу куни оқшом Макарио уйига бир орқа ўтинни кўтариб кириб келди. Яқин ойлар ичида у бундай қуруқ ва қаттиқ ўтин териб келмаганди. Дастлабки харидорнинг ўзиёқ бу ўтин учун тўнғич ўғилларига шартта иккита кумуш чақани чиқариб берди – бу арзимас пул эса уларнинг кўзига бир дунё бойликдек кўриниб кетди, гўё.
Эртаси куни Макарио одатдагидек ишга отланди.
Тунов куни оқшом Макарио йўл-йўлакай хотинига сувдоннинг устига катта ёғоч қулаб, унинг пачағини чиқариб юборганини нолиб айтганди. Бўлар иш бўлди, хотини унинг ўрнига бошқасини олиб берса, осмон узилиб ерга тушмас, ахир бунақаси уйларида қалашиб ётибди. Бу сувдон улар учун ҳеч гап эмасди: тўнғич ўғиллари чангалзордан яна ёввойи ошқовоқни топиб келаверишади.
Кечқурун у яна ўшанча ўтинни судраб келди, бироқ бу сафар Макарио оиласи бошига оғир мусибат тушгани устидан чиқди. Йиғидан кўзлари қизариб кетган хотини унга пешвоз чиқди ва ўзини эрининг бағрига отганча:
– Регино ўлим тўшагида ётибди! Шўрпешона бизнинг кичкинтой Региномизнинг умридан саноқли дақиқалар қолди! – деди жон ҳолатда қичқириб.
Юракни ўртовчи бу нолалардан у қалт-қалт титрар, кўзларидан эса шовуллаб ёш қуярди.
Улар кўникиб кетган маъюс оилавий муҳитда агар бирон нима издан чиққудек бўлса, Макарио хотинига ҳамиша шундай маъносиз тикилиб тураверарди. Хотини бир чеккага ўтганди, Макарио кулбасига қўшнилар тўпланганини кўрди. Улар оёқ-қўлларини кериб ётган боланинг тўшаги атрофида бирлари тик турар, бошқалари эса чўкка тушиб ўтирарди.
Макарионинг оиласи қишлоқдаги энг ночор оила саналса-да, ўзининг мулойим табиати, ҳалоллиги ва камтар-камсуқумлиги билан қишлоқ аҳлининг меҳрини қозонганди. Маълумки, камбағаллик – фойда келтирувчи бирдан-бир мурувват: бадавлатларга қараганда, камбағалларни ҳамма ерда кўпроқ ардоқлашади.
Қўшничилик меҳр-оқибати жўш уриб, Макарионинг фарзанди бетоб­лигидан хабар топган аёллар топган-тутган ҳар турли ўтлару томирлар борми, дарахт пўстлоғи борми, хуллас, бундай кезларда америка ҳиндулари одатига кўра қандай муолажа маъқул кўрилса, барини ташиб келтиришди. Бу қишлоқда на шифокор ва на дорихона бор эди ва шу важдан бу ерларда гўрковнинг ҳам йўқ бўлиши эҳтимолдан холи эмасди.
Болани қутқариб қолиш учун ҳар бир аёл ўз шифобахш дори-дармони билан ҳозир бўлди ва ҳар бири ўз шахсий даволаш усулини таклиф этди. Мана бир неча соат бўлибдики, болани ҳар турли мураккаб даволаш ҳаракатлари билан қийнашарди ва гоҳ илдизлардан, гоҳ гиёҳлардан, гоҳ чўлбақасининг куйдирилган кули билан қориштирилиб толқон қилинган илон пўстидан тайёрланган суюқликни ичишга уни мажбурлашарди.
– У кўп овқат еб қўйибди, – дея ишонтирмоқчи бўлди аёллардан бири бола ётган ерга келган отасига.
– Боланинг ичаклари буралиб қолган, бундай пайтда унга ҳеч қандай ёрдам бериб бўлмайди, – деди узил-кесил яна бошқаси.
– Бўлмаган гап, онажониси, жуда бўлмаган гап-да! – онт ичди учинчиси. – Ҳамма гап шундаки, унинг ошқозони заҳарланган, кичкинтойнинг куни битган.
– Биз қўлимиздан келганини қилдик, – гапга аралашди яна бир аёл, – бола бир соатга ё етади, ё етмайди. Менинг болам ҳам шу аҳволда жон берган. Бу менинг бошимдан ўтган. Жажжигина фариштанинг, боёқиш миттигина фариштанинг кўкларга парвоз қилиш учун қанот чиқараётганини унинг юзлари айтиб турибди.
Бир гала чурвақаларининг ичида, ўзининг маъсума кулишларию увоққина кўриниши билан отасининг кўнглини ийитиб юборувчи бу кичкинтойни Макарио ҳаммасидан кўра кўпроқ яхши кўрарди ва қўшни хотинларнинг бўлар-бўлмас вақиллашларига парво қилмай, ўғлидан кўзини узмай ўтирарди. Баъзида заифгина кичкинтой эмаклаб тиззасига чиқиб, юзларини қўлчалари билан пайпаслаши отага ҳузур бағишларди. Ёнингда ҳар доим ўзининг беғубор кулгиларию жажжи қўлчалари билан юзларингни сийпалаётган ожиз жонни ҳис этиш Макариога яшашдан ягона бахтдек, бирдан-бир мақсаддек бўлиб туюлаверарди.
Ҳа, болакайнинг ўлим тўшагида эканига энди шубҳа қолмаганди. Аёллардан бири кичкинтойнинг оғзига тутиб турган ойнача ҳам деярли хиралашмаганди ва бемор кўксига қулоғини босган қўшнилардан бири ҳам унинг юрак тепишини аранг эшитарди.
Гангиб қолган Макарио кичкинтойидан кўзини узмасди. Яқинроқ бориб унинг юзларига қўлини теккизсамикан ё аввалгидай ўз жойида тураверсинми? Хотинига ва бошқа ён-атрофидаги аёлларга бирон нима десамикан ё укасининг бошига тушган кўргиликларда ўзини гуноҳкор ҳис этиб, ҳурккан тўдадек бир бурчакка тиқилиб ғуж бўлиб олган болалар билан гурунглашсамикан? Болалар ҳалигача кечкиликни ейишмаган, томоқларидан овқат ҳам ўтмаётганди, чунки оналарининг аҳволи оғир эди.
Макарио аста ўгирилди-да, дадил эшик томонга юрди ва тун қоронғисида ташқарига чиқди.
Кун бўйи оғир меҳнатдан тинкаси қуриб, дармонсизликдан қалтираб бораётган Макарио уйдаги қий-чув, тўполондан ўзини қўярга жой тополмай битта-битта қадам босди-да, ўрмон томонга йўл олди. Ахир ўрмон Макарионинг кўнгли тусаган ва шу ердан топишига ишонган айнан ўша осойишталикни унга беминнат тақдим этувчи ўз ерига, ўз паноҳига айланиб қолганди. Сувдонни кўмиб қўйган ерига етиб келгач, бирдан таққа тўхтади ва буталарни икки тарафга суриб орасини очди-да, сувдонни қўлига олганча мисли кўрилмаган илдамлик билан яна орқага шамолдай елиб кетди.

– Қани, менга идишдаги тоза сувдан бер-чи, – эшикни ланг очиб буюрди у хотинига баланд, таъсирли овозда.
Ҳали умидлари сўнмаган аёл ўша заҳоти шоша-пиша сопол идишда эрига сув узатди.
– Энди, аёллар, ҳаммангиз бу ердан чиқинг ва мени ўғлим билан ёлғиз қолдиринг! Ўғлимнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун яна қандай тадбир қўллаш лозимлигини ўйлаб кўришим керак.
– Бари бефойда, Макарио. Унинг саноқли дақиқалари қолганини ўзинг кўриб турибсан-ку! Яхшиси, тиз чўк-да, биз билан Яратгандан ўғлингни жойи жаннатда бўлишини сўра. У сўнгги нафасини оляпти! – дея эътироз қилди аёллардан бири.
– Мен нима дедим сизларга ё эшитмадингизми? Айтганимни қилинг! Кетинглар бу ердан! – ўшқирди у гап талашаётган хотинларни чўрт кесиб.
Эрининг бундай ҳукмфармо авзойини сира кўрмаган хотини қўрқиб кетганидан қўшниларни қувиб солди.
Аёллар чиқиб кетди. Макарио кўзини ердан уздию рўпарасида ўзининг устухон зиёфатдош улфатини кўрди. Жон бераётган болакайнинг тўшаги уларни ажратиб турарди. Меҳмон кўз ўрнини босувчи чуқур қора туйнукларини уй эгасига қаратди-да, гўё ҳали ўз қарорини чамалаётгандек, пайсалга солиб, ўрнидан қўзғалди ва ўтинчи янги сув солинган идишга доридан дурустгина қуйгунга қадар тўшакнинг оёқ томонига келиб жилмайиб туриб олди. Қўноқнинг таъна аралаш бош чайқаётганини кўрган Макарионинг бирдан ёдига тушди: шартга кўра бир томчиси шифо учун етарли. Бироқ у қилган хатосини жуда кеч англади – қимматбаҳо суюқлик шаффоф сув билан аралашиб бўлганди, энди уни тўкиб юборишнинг иложи йўқ эди.
Макарио боланинг бошини салгина кўтарди-да, оғзини очди ва суюқликни тўкмай, эҳтиётлаб қуя бошлади. Лаблари суюқликка аранг теккан кичкинтой уни сўнгги томчиси қолгунча жон деб симираётганини кўрган Макарио ўзида йўқ хурсанд эди. Болакай энди қийналмай эркин нафас ола бошлади, рангпар юзларига ҳам аста-секин қон югуриб, ўнғайроқ ётиб олиш учун бошини қимирлатиб ҳам қўйди.
Отаси унинг қошида яна бир неча дақиқа турди-да, ўғилчасининг мўъжизакор тезликда соғаяётганига ишонч ҳосил қилгач, онасини чақирди.
Она боласига атиги бир маротаба назар ташлади ва ёнига тиз чўкиб йиқилди-да, овози борича:
– Яратганга ва Биби Марямга ҳамду санолар бўлсин! Парвардигор, ўзингга шукур, энди болам яшайди! – деди қичқириб.
Ташқарида кутиб турган аёллар бу нидони эшитишлари билан тўдалашиб уйга ёприлишди. Ота билан ўғилни юзма-юз кўришдию нима рўй берганини англашиб, гўё уни биринчи бор кўриб тургандек, худди у аллақандай ажнабийдек анграйганча Макариодан кўз узолмай тикилиб қолишди.
Кейинроқ бутун қишлоқ Макарионинг кулбасига тўпланди. Аёллар тинмай жавраётган гапларнинг бари ҳақиқат эканини одамлар ўз кўзи билан кўриб ишонч ҳосил қилишни истардилар.
Болакай муштчаларини иягига босганча маза қилиб қаттиқ уйқуга кетганди, унинг юзларига қизиллик югуриб, энди ҳар қандай хавф-хатарнинг ортда қолганига шубҳа йўқ эди.
Эртасига эрталаб Макарио ҳар доимгидек тонг саҳарда уйғонди ва апил-тапил ночор нонуштасини жиғилдонига урди-да, болта билан арғамчисини олганча, одатдагидек, кўп гапирмайгина ўтин кесгани жўнади.
Сеҳрли дармондори солинган бандли идишни у ўзи билан олиб чиқди ва кечагина кечқурун олган ерига қайтадан кўмиб қўйди.
Сўнгги олти ҳафта ичида Макарио ҳар куни ишлади ва бир куни уйга қайтаётганида қишлоқ йўлидаги энг катта дўконнинг эгаси, шу теварак-атрофдаги энг давлатманд одам Рамирони кўриб қолди. Имкон қадар одоб-ахлоқ билан дўкондор ўзининг муҳим илтимосини баён этди. Маълум бўлишича, хотини кўпдан бери бетоб бўлиб, энди кун сайин унинг кўз ўнгида сўлиб бораётган экан. Макарио уни кўриб қўя олмасмикан? Рамиро ундаги шифобахш куч тўғрисида эшитганларини айтиб ишонтирди-да, бор маҳоратини ишга солиб, ёш аёлининг ҳаётини сақлаб қолишини илтимос қилди.
– Сен менга дўконингдан бирорта шиша идишчани олиб келиб бер! Жуда кичкина бўлсин, аммо. Келгунингга қадар шу ерда хотинингга қандай ёрдам бериш тўғрисида бош қотириб тураман.
Рамиро бир унция суюқлик кетадиган кичкина шиша идишча топиб келтирди.
– Бундай кичкина шиша идишни нима қиласан? – қизиқсиниб сўради дўкондор.
– Бу ёғини энди менга қўйиб бер, Рамиро. Уйингга бор-да, ўша ерда мени кут. Мен аввал хотинингни кўришим керак, уни даволашни зиммамга оламанми ё йўқ, жавобини фақат шундан сўнггина айтаман. Бундан олдин ўрмонга бориб, баъзи бир доривор ўт-ўланларни қидириб топишим керак… Хавотирланма, мен келгунимча хотининг ўлмайди.
У шишачани ярмигача бебаҳо малҳам билан тўлдирди-да, сувдонни яна жойига кўмди ва қишлоқнинг ифтихори саналмиш бир қаватли данғиллама ғиштли уйда яшовчи Рамиронинг хонадонига йўл олди.
Макарио келиб кўрган аёлнинг умри ҳам, яқиндагина ўлим ёқасига келиб қолган гўдаги сингари поёнига етай деб қолганди.
Рамиро савол назари билан Макариога боқди. У жавобан елка қисди. Бир оз ўтгач деди:
– Ҳозирча бу ердан чиқ ва мени хотининг билан ёлғиз қолдир!
Рамиро унинг гапини икки қилолмади. Бироқ у ҳали уйланганига бир йилдан ошмаган чиройли ва ёш хотинини ҳаммадан ўлгудек рашк қиларди. Аёл, ҳатто гўр ёқасида турган бўлса-да, ўша-ўша ҳуснини йўқотмаганди. У Макарио нима қилмоқчи бўлганини билиш ниятида яширинча қулф тирқишидан қарашга қарор қилди.
Макариога идишда сув зарур бўлиб қолди ва у эшикни зарб билан очганди, титраб-қақшаб эшик тирқишига ёпишиб олган Рамиро қочишга улгуролмай, ерга йиқилиб тушди.
– Бу ишинг инсофдан эмас, Рамиро, – деди Макарио савдогарнинг рашк қилаётганини пайқаб. – Умуман олганда мен хотинингни даволашдан бош тортишим керак эди. Сен унга номуносибсан, нима учунлигини ўзинг яхши биласан…
Ҳеч нарсадан-ҳеч нарса йўқ у ҳақда бундай фикрга келганига ақли етмай, бениҳоят хижолат тортганча бехосдан қоқилиб тушди у. Рамирони бундай оҳангда койишга ҳатто округ судьясининг ҳам ҳадди сиғмайди-ку, қишлоқнинг бориб турган бир камбағал дарахт кесувчисининг қандай журъати етди экан? Такаббур, ўзига бино қўйган Рамиро Макарионинг даволашдан бош тортишидан қўрқиб, унинг рўпарасида тиланчидек бўйнини қисиб турарди! Макарионинг миясига бир фикр келди: у энди улкан салтанатга эга бўлди, манман Рамиро эса уни мўъжиза яратишга қодир шифокор деб билади.
Рамиро ундан кечирим сўраб, ялиниб-ёлворди ва тез кунда тўнғич фарзанд ҳадя қилиш остонасида турган хотинини сақлаб қолишни сўраб, кўз ёши ҳам тўкди.
– Аёлим яна аввалгидай гулдай очилиб, тани-жони соғ ҳолига қайтиши учун қанча сўрайсан?
– Мен ўзимнинг табиблик санъатимни сотмайман ва шунча берасан деб айтишга ҳам одатланмаганман. Бу ёғи сенинг ўзингга ҳавола, Рамиро. Негаки, сен учун хотининг қанчалик қадр-қимматга эга эканини ёлғиз ўзинг биласан. Шундай бўлгач, нархини ҳам ўзинг билиб айт.
– Ўнта тилло пул етарли бўладими, азиз ва шавкатли Макариом?
– Нима, сенингча хотинингнинг баҳоси шуми? Атиги ўнта тилла пул турадими?
– Менинг сўзларимни сен бундай тушунмаслигинг керак, Макарио! Хотинимни сўзсиз бор бойлигимдан ортиқ кўраман. Агар Худо умр берса, мен ҳар куни керагича пул топишим мумкин. Ундан ажраб қолсам, бундай аёлни яна қаердан ҳам топардим? Бутун дунёни ахтарсам ҳам бунақасини тополмайман! Мен мукофотни яна юзта тиллога ошираман, фақат ёлвораман, уни сақлаб қолишга сўз бер!
Макарио Рамирони яхши биларди, ҳатто ҳаддан ташқари яхши биларди деса ҳам бўлади. Иккови ҳам бир қишлоқда ўсиб-улғайган. Рамиро – савдогар ва давлатманд дўкондорнинг боласи, Макарио эса мардикорнинг ўғли ва бор-йўғи қашшоқ бир ўтинчи, устига-устак қўл учида кун кўрувчи кўп кишилик оиладан чиққан. Қув савдогар хотини соғайиши биланоқ ҳар хил баҳоналарни ўйлаб топиб, юз тилло пулни тўлашдан бош тортишга уриниб кўришию башарти Макарио пулдан воз кечмайдиган бўлса, умрининг кўп йилини сарсонликда ўтказишга тўғри келадиган поёни йўқ суд ишлари билан оёқ-қўлини кишанлаб қўйишдан ҳам тоймайдиган Рамирони қанчалик яхши билса, уни бошқалардан кўра шунчалик яхшироқ тушунарди ҳам. Шу боис Макарио унга:
– Менга аввал-бошда ваъда қилганинг ўша ўн тилло пул етади, – деди.
– Миннатдорман сендан, Макарио, чин юракдан миннатдорман – нархни пасайтирганинг учун эмас, хотинимни даволашга рози бўлганинг учун. Менга нимаики қилган бўлсанг, ҳеч қачон унутмайман, ишонавер. Туғилажак боламизга ҳам зиён-заҳмат етмайди деб умид қиламан…
– Хавотирланма, унга ҳеч нима қилмайди, – деди беморнинг оёқ томонида турган ҳамтовоғини кўрган Макарио яхши натижага узил-кесил ишонч ҳосил қилгач. – Менга зудлик билан бир пиёла сув олиб келиб бер.
Сув келтирилди ва Макарио савдогарга маслаҳат бериб деди:
– Яна яширинча қарашни хаёлингга ҳам келтира кўрма! Ёдингда тут, агар бирон нимани чалкаштириб юборадиган бўлсам, бунга сен айбдор бўласан. Яхшиси, мени тергама ва қулфнинг тирқишидан ҳам кузата кўрма! Энди мени хотининг билан ёлғиз қолдир!
Бу сафар Макарио қимматбаҳо суюқликнинг нафақат бир томчисидан ортиғини сарфламасликка эътибор берди, у ҳатто бу томчини қоқ иккига бўлишга ҳам уриниб кўрди. Дўкондор билан бўлган суҳбатдан сўнг у бу дорининг қандай мўъжизакор эканига амин бўлди, негаки, бу дори ҳатто Рамиродек бадавлат ва такаббур одамни ҳам қашшоқ бир ўтинчига бўйин эгишга мажбур қилганди. Чиндан ҳам кутилмаганда унга истиқбол эшиклари ланг очилганди: энди у бурунги оғир меҳнатидан воз кечади ва умрини бутунлай одамларни даволашга бағишлайди. Уни кутаётган бу келажакдаги энг ёқимлиси ва жозибадори шубҳасиз, қовурилган курка гўштининг кети узилмас силсиласи унинг кўз олдига келди…
Беморнинг оёқ томонида турган унинг қоқсуяк ҳамтовоғи Макарио томчини қандай қилиб иккига бўлаётганини пайқаб қолди ва ўзига савол назари билан боққанини кўргач, маъқуллаб бош ирғади.
Уч кундан сўнг хотини Рамирога ўзини соғлом ҳис этаётганини ва бўлажак фарзандларига энди ҳеч қандай хавф йўқлигини маълум қилди.
Қувончи ичига сиғмаган Рамиро савдолашиб ҳам ўтирмай Макариога наинки ўн тилло пул берди, қўшимчасига минг карра ўз миннатдорчилигини ҳам изҳор этди-да, ўтинчи, хотини ва болалари кўтариб кетишга қанча қурбилари етса, ўшанча нарса олиб кетишларига изн бериб, оиласини ўз дўконига таклиф ҳам этди.
Макарио ўзига дурустгина уй қурди, ер сотиб олди ва ерларга ишлов беришга ҳам киришиб кетди – Рамиро унга ўртача фоизда юз тилла пул берди.
Рамиро бу ишни беғараз миннатдорчиликдан эриб кетганидан қилгани йўқ. Ишбилармон савдогар эмасми, мўмай фойдани кўзламай туриб у бировга бир тийин ҳам қарз бермасди. Ҳозир Макариони буюк келажак кутаётганини ва бу ажойиб ҳакимнинг ёнига ҳадемай одамлар ёпирилиб келиб, унга бош эгишларини олдиндан кўра билгани учун ҳам ўз сармоясидан оқилона фойдаланишни кўзлаб, пулларини Макариога қарзга беришга қарор қилди ва шу йўл билан уни қишлоқда олиб қолишни мўлжаллади. Ва аксинча, Макарио шаҳарга жўнайдиган бўлса, у каттагина фойдадан қуруқ қолиши мумкин эди. Уни йўқлаб қишлоққа одамлар қанча кўп келса, Рамиронинг савдо-сотиғи шунча гуллаб-яшнайди. Келгусида қўлга киритиладиган мана шундай фаровон ҳаёт орзусида савдогар ҳозирча судхўрлик билан шуғулланиб туришни маъқул кўрди.
У Макариони таъминлаб турди ва фойда кўрди, кўрганда ҳам кутилганидан ортиғини кўрди.
Макарионинг бундай фавқулодда истеъдодига одамлар эътиборини қаратиш учун савдогар ҳамма ерда уни оғиз кўпиртириб мақтар эди. Шаҳардаги ишбилармон ошна-оғайниларига мактуб йўллаш билан эса шифокор-олимлар давоси йўқ дея маълум қилган беморлар тўда-тўда бўлиб қишлоққа шитоб билан оқиб кела бошлашди.
Кўп ўтмай Макарио ўзига ҳашаматли уй қуриб олиш имконига эга бўлди. У ён-атрофдаги барча ерларни сотиб олди ва уни гулу гулзорга, хиёбонга айлантириб юборди. Фарзандларини ҳатто Париж ва Саламанкадаги мактабу университетларга ўқишга юборди. Қачонлардир чақирилмаган ҳамтовоғи берган ваъдалар чиндан ҳам рўёбга чиққанди: Қотма жиғилдонига урган яримта курка гўштининг ўрни эса аллақачон миллион каррага қопланганди.

Шунча бойликларга ва “энг мўъжизакор даволовчи” деган номга эга бўлишига қарамай, Макарио ҳалол ва пулга сотилмайдиган инсонлигича қолди. Ким бўлишидан қатъи назар, қўлида даволанишни истаган ҳар қандай одамдан у, соғлиғингизни қанчага баҳолайсиз, деб сўрарди. Ва у илк маротаба қандай йўл тутган бўлса, кейин ҳам шу одатига содиқ қоларди: беморга ёки унинг қариндошларига қандай хоҳласангиз шундай баҳолайверинг деб изн берарди. Қурби кумуш пулу чўчқа боласи ёки хўроздан бошқасига етмайдиган бир бечора мўйсафид бўладими, ё мунглуқ бир аёлми, ўзларини баъзан йигирма мингга нархлайдиган бадавлатларни даволагандек инсоф билан астойдил даволарди. У баъзилари касалманд жисмларига даво истаб ягона тилак билан океан оша Испания, Италия, Португалия, Франция ва бошқа мамлакатлардан ташриф буюрадиган асилзода жаноблару хонимларни ҳам даволарди.
Мукофотни белгилашда у қанчалик ҳалол бўлса, ўз санъатини татбиқ этишда ҳам шунчалик виждон билан иш кўрарди. Борди-ю бемор билан ёлғиз қолгудек бўлса, беморнинг бош томонида Қотма турганини кўрса, у азоб чекаётган беморни қутқариб қололмаслигига рўйирост иқрор бўларди. Бундай пайтларда у ҳар қандай хизмат ҳақидан ҳам воз кечарди. У ким бўлишидан қатъи назар, Макарионинг узил-кесил қарори билан, албатта, ҳисоблашарди. Даво истаб келганлар у билан баҳслашишга уринмасдилар. Макарио ҳузурига келган беморларнинг деярли ярмини қутқариб қололганди, қолганлари эса шеригига тегарди. У кўпинча ҳафталаб биронта ҳам касални тузата олмасди, негаки унинг собиқ ҳамтовоғи ўзгача йўл тутарди.
Агар у амалиётининг бошланишида томчини тенг иккига бўлишга эриша олган бўлса, кўп ўтмай у томчини тўрт бўлакка бўлишнинг уддасида чиқа олганди. У қанчалик маҳорат ва зийраклик билан томчини парчаламасин, барибир ҳар бир миқдорни меъёрига етказиб қисқартиришнинг иложи бўлмади, дори даҳшатли тарзда камайиб борарди.
Малҳамни ошқовоқдан ясалган сувдонда сақлаб бўлмаслигини Макарио янги иш фаолиятининг илк кунларидаёқ англаб етганди: бу сувдонлар ичидагисининг нафақат анча-мунчасини шимиб олади, балки, энг ёмони – унинг деворлари орасидан суюқлик буғланиб чиқиб ҳам кетарди. Шу сабаб ҳиндулар истеъмол қиладиган бундай сувдонларда сақланадиган сув ҳатто иссиқ кунларда ҳам муздайлигича тураверарди.
Макарио дорини қора рангли махсус шишачаларга қуйди ва оғзини маҳкамлаб, муҳрлаб қўйди. Мана, у сўнгги шишачани ҳам очди ва қай кўз билан кўрсинки, унда атиги икки томчигина дори қолганди. У ўз амали­ётини тугатишга ва бошқа ҳеч кимни даволамасликка аҳд қилди.
Бу вақтга келиб Макарио кексайди ва ўзига-ўзи энди қолган умрини беташвиш ўтказишга ҳаққи борлигини айтди. Қолган икки томчи дорини у фақат оила аъзоларига, айниқса, охирги беш йил ичида икки марта даволанишга улгурган севикли хотинига асраб қўйди. Чунки аёлини йўқотиш унинг учун энг оғир мусибат эди.

Нима ҳам бўлди-ю, айни шу кезларда бутун Янги Испаниянинг олий мартабали шахси бўлмиш қирол муовини дон Хуан Марквес де Казафуэртенинг саккиз яшарлик ўғли бетоб бўлиб қолди. Болани даволаш учун энг малакали шифокорлар жалб этилди, бироқ уларнинг биронтаси боланинг жонига оро киролмади. Шифокорлар бола ҳали тиббиётда учрамаган дард билан оғриганини тан олишди.
Қирол муовини Макарио ҳақида эшитиб қолди, бироқ ундаги фахрий ном, маълумот ва олий мартаба Макариони фирибгар деб ҳисоблашга мажбур қиларди, устига-устак университет илмий унвонига сазовор бўлган аллақандай докторлик дипломига эга бўлган бир инсон уни худди шундай деб атаганди.
Фарзандининг ҳаёти қил устида турган онанинг кўзига ҳеч бир унвону мартаба кўринмас, у фақат қирол муовинидан ён бериб Макариога одам жўнатишини тинмай гоҳ талаб қиларди, гоҳ ёлборарди.
Сайру саёҳат ишқибози бўлмаган Макарио қишлоғини камдан-кам ҳолларда тарк этарди, тарк этганда ҳам бу муддат жуда қисқа бўларди. Бироқ қирол муовинининг амрини ҳам ўлим жазоси хавфи остида бажаришга тўғри келарди. Шу боис у йўлга отланди.
Қирол муовини ҳузурида ҳозир бўлган Макарио ундан нима исташаётганини билди.
Макарио кўрсатаётган мўъжизаларга ишонмаган қирол муовини, оддий одамга мурожаат этгандай деди:
– Шуни билиб қўйки, қимматли дўстим, бу ерга сени мен ўз хоҳишим билан чақиртирганим йўқ. Сени бу ерга фарзандимизнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун рафиқамнинг қистови билан олиб келишди, негаки, уни даволашга билимдон шифокорларимизнинг, чамаси, қурби етмади. Демак, гап бундай! Агар сен чиндан ҳам меросхўримизнинг ҳаётини сақлаб қололсанг – давлатимнинг тўртдан бир қисми сеники. Қўшимчасига яна бу ердагими ё саройдагими, ё менга тегишли мол-мулк ичидан сенга ёқиб қолган бирон нарсами, истаганингни талаб қилиб олиб кетишинг мумкин. У қанчалик қимматбаҳо бўлмасин, бемалол ўзингники деб ҳисоблашга ҳақлисан. Яна сенга шифокор-олим учун тақдим этиладиган барча ҳуқуқ ва имтиёзларга эга, тиббиёт билан шуғулланиш учун Янги Испаниянинг истаган ерида фойдаланишинг мумкин бўлган барча талабларга мувофиқ равишда тайёрланган диплом ҳам берилади. Яна ҳимоя остида бўлишинг учун менинг муҳрим босилган ёрлиққа ҳам эга бўласан. Бу эса полиция ва аскарлар уюштирадиган мол-мулк мусодарасию қамоққа тушишдан, шунингдек, ҳар хил суд ҳаракатларидан сени мудофаа қилади. Қани, айт-чи, қимматли дўстим, қилган хизматларинг эвазига буни шоҳона мукофот деса бўладими?
Макарио чурқ этмай бош ирғаб қўйди.
Қирол муовини сўзида давом этди:
– Умр йўлдошим, ҳурматли зоти олиялари иккимизнинг ҳам истагимиз шуки, агар ўғлимизнинг ҳаётини сақлаб қололсанггина буларнинг барини бажаришга ваъда беришим мумкин, мен эса айтган сўзида турадиган одамман. Бироқ, мен, қирол муовини, яна сенга қуйидагиларни билдириб қўймоқчиман, қулоқ сол: агар башарти ўғлимни тузата олмасанг, сени афсунгарликда ва иблис билан ҳамкорликда айблайман-да, одил ҳарбий судга топшираман, улар сени қозиққа ўтқазишади ва халойиқнинг кўз ўнгида тириклайин ёқиб юборишади.
Қирол муовини дўқ-пўписалари Макариога қандай таъсир қилишини текшириб кўриш учун сўзлашдан тўхтади.
Макарионинг ранги ўчди, бироқ яна ҳеч нима демади.
– Айтган гапларимнинг бари сенга тушунарлими? – сўради қирол муовини.
– Ҳа, аъло ҳазрат, – жавоб қилди Макарио титраб-қақшаб, беўхшов таъзим қилганча.
– Энди бемор ўғлимнинг ёнига борамиз. Орқамдан юр!
Улар шаҳзоданинг бўлмасига киришди. Болага иккита энага парвона эди. Бироқ уларнинг қўлидан боланинг аҳволини енгиллаштириш эмас, шаҳзоданинг аста-секин сўниб бораётганини кузатишгина келарди, холос. Боланинг онаси бу ерда йўқ эди. У ўз хонасида қолганди.
Бола иситмада ўзини гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа ташларди. Унинг каравотчаси асил ёғочдан ясалган бўлиб, жимжимадор безаклардан холи эди.
Макарио, гўё ўша бурунги зиёфатдаги меҳмони бўлмиш анавиндан дарак берувчи бирон-бир белгини излагандек, атрофга безовта аланглади. Шунингдек, у шишачадаги сўнгги икки томчи дорининг бус-бутун, жойида эканига амин бўлиш умидида яширинча чўнтагига қўл теккизиб қўйди. Сўнг:
– Аъло ҳазратлари, марҳамат кўрсатиб, мени бемор билан ёлғиз қолдирсангиз, шунингдек, бошқалар ҳам бу ердан чиқиб кетишсин, – деди.
Қирол муовини иккиланиб қолди. Афтидан, ота агар бу нодон ҳинду подшоҳзода билан ёлғиз қолгудек бўлса, болага бирон-бир зиён-заҳмат етказишидан хавотирланарди.
Қирол муовинининг юз-кўзидаги безовталик ифодасини пайқаган Макарионинг ёдига беихтиёр бегона одамни даволашни зиммасига олган илк дамлари тушди. Ўшанда бу бемор Рамиронинг хотини, унинг ҳамқишлоғи эди. Макарио бемор билан ёлғиз қолиш кераклигини айтганида, Рамиро ҳам худди шундай шубҳага борганди. У ўзининг узоқ йиллик иш тажрибасида бемор қариндошларининг шунга ўхшаш шубҳали юз-кўз ифодаларига фақат мана шу икки ҳолдагина дуч келганди, холос. Энди келиб-келиб, атиги икки томчи дори қолганда, жиддий ёрдамга муҳтож кимсанинг мендан шубҳаланишию айнан шу ёрдамни беришга қодир бўлган бирдан-бир одамга ишонмаслик, нима бу, қисматдан даракми, деб сўради у ўзидан.
Ва ниҳоят, у болакай билан ёлғиз қолди. Шу заҳоти ўзининг қоқ суяк шеригига кўзи тушди: у хобгоҳнинг бош томонида турарди.
Ҳар иккиси, Макарио ҳам, Қотма ҳам қовурилган курка гўшти билан ўзларини меҳмон қилган ўша кундан бери ҳали бир оғиз ҳам гаплашмагандилар. Улар касалнинг хонасида кўришишганда бир-бирларига кўз ташлаб, сукут сақлаш билан чекланиб қўя қолишарди. Макарио Қотма ўзи билан олиб кетмоқчи бўлган одамлардан биронтасини тирик қолдиришни ундан ҳали сира илтимос қилмаганди. Ҳатто у собиқ қўноққа икки набирани ҳам зорланмай-нетмай қўшқўллаб топширганди.
Бироқ ҳозир вазият бошқача эди. Уни шайтон билан ҳамкорликда айблаб, халқнинг кўз ўнгида ёқиб юборишлари мумкин. Агар, ҳозир оталари суд-полиция ташкилотининг ҳукмига биноан насроний эътиқодидагилар учун ҳақорат саналмиш ўлим жазосига маҳкум этиладиган бўлса, юқори лавозимларни эгаллаб турган фарзандлари бу шармандалик ва исноддан хароб бўлишлари ҳеч гап эмасди. Фарзандларига мерос қилиб қолдиришни ният қилган унинг бор мол-мулки, ер-суви мусодара этилиб, черков ихтиёрига топширилади. Бор бойликдан мосуво бўлиш уни кўпам ташвишга солмасди, буларнинг бари унинг учун ҳеч қачон муҳим ҳам бўлмаган. Бироқ фарзандларининг тинчлиги, соғ-омонлиги ота учун муҳим эди. Бу алғов-далғов замонда у кўпроқ қимматли хотини ҳақида қайғурарди. Ўз уйидан олис, мусофир бу азим ўлкаларда эрининг бошига тушган кўргиликлардан хотини хабар топгудек бўлса, эзилиб адойи тамом бўлиши турган гап эди. Эрига сўнгги дамларида бирон-бир ёрдам кўрсатиш хотинининг қўлидан келмаса-да, лоақал сўзи билан далда бўлишга ҳам унда имконият йўқ эди. Шундай бўлдики, у ўз жонини эмас, балки хотинини ўйлаб собиқ ҳамтовоғи билан баҳсга киришишга аҳд қилди.
– Болага тегма, – ўтиниб сўради у, – эски дўстлигимиз ҳақи ҳурмати ундан воз кеч! Ўша сен ҳузур қилиб еган яримта курка учун мен сендан ҳеч нима сўрамаганман, барини менга ўз хоҳишинг билан инъом этдинг. Болани менга қолдир ва мен дорингнинг сўнгги томчисини ҳам тўкиб юбораман ва унда ҳеч бир томчи қолмаслиги учун шишачани ҳам синдириб ташлайман. Менга раҳминг келсин, болани менга бер! Мен ўзим учун эмас, балки, чин юракдан севган, мен учун қимматли, вафодор, фидойи аёлим учун ялиниб-ёлворяпман. Насроний учун унинг уруғ-аймоқларидан биронтаси қозиққа ўтқазилиб, халқнинг кўз ўнгида тириклайин ёқиб юборилиши қандай маъно англатишини сен яхши биласан, ё жилла бўлмаса кўз олдингга келтира оласан. Сендан ўтиниб сўрайман, болани менга бер! Тирик қолган гўдак учун менга инъом этиладиган барча бойликларга қўлимни ҳам теккизмайман. Сен мени ўрмондан топганингда, мен ялангоёқ бир ўтинчи эдим. Аввал қандай қашшоқ яшаган бўлсам, яна ўша аввалги ҳаётимга қайтишга ва сени илк бор учратганимда қандай ўтин сотиб кун кўрган бўлсам, яна ўшандай ўз ишимни давом эттиришга тайёрман. Дунёдаги бор мўъжизалар ҳақи сенга ялиниб-ёлвораман – шу болани менга қолдир!
Қотма қоп-қора, ичига чуқур ботган кўзлари билан Макариога узоқ тикилди. Гўё одамларнинг юрак нидосига қулоқ тутгандек. Сўнг тўғри қарорга келиш учун бу ҳолни ҳар жиҳатдан чуқур мулоҳаза қилаётгандек атрофга аланглади. Болани олиб кетиш, афтидан, унга буюрилганди. Унда ўз фикр-ўйларини юзида ёки кўзларида ифода этиш одати йўқ эди, бироқ унинг маъноли ҳаракатлари балога гирифтор бўлган дўстига ҳамдард эканини, туйғу ва бурчни эса муросага келтиришнинг сира имкони йўқлигини аниқ-равшан айтиб турарди.
Туғилганда пешонасига муқаррар бевақт ўлим битилган бу болани тирик қолдиришнинг иложи бормикан дея боши қотган Қазо, гўё Макарионинг ёлворишларини яна ва яна чамалаб кўраётгандек, боладан узоқ вақт кўзини узмади.
Сўнг Макариога энди раҳми келиб ва ачиниб, яна бир бор назар ташлади. Ва ниҳоят гўё чуқур қайғуга ботган одамдек аста бош чайқади.
У этсиз жағларини очди ва йўғон тўқмоқнинг тахтага урилгандаги оҳангида деди:
– Сенга жуда раҳмим келяпти, бироқ бу сафар сени фалокатдан қутқаришга ожизман. Ишон, бурчим тақозоси билан бугунгидек қаттиқ ранжитишга мен аҳён-аҳёндагина жазм этганман. Мен ўзга йўл тутолмайман, болани ўзим билан олиб кетишим шарт.
– Йўқ, сен бундай қилолмайсан, билдингми, бу мумкин эмас! Эшитяпсанми, сен бу болани олиб кетишинг мумкин эмас! – изтироб ичида қичқирди Макарио.– Уни олиб кетмайсан, олиб кетмайсан! Мен бунга йўл қўймайман!
Қазойи муаллақ яна бошини чайқади, бироқ шундан сўнг ҳеч нима демади.
Шунда Макарио дадил ҳаракатлар билан гўдакнинг каравотчасини ушлаб олди-да, ҳамсуҳбат боланинг оёқ томонида бўлиб қолиши учун уни бир силтаб айлантириб қўйди.
Бироқ Қотма, ҳавога парвоз қилди-да, яшин тезлигида яна болакайнинг бош томонида пайдо бўлди.
Қотмани оёқ томонга қўйиш учун Макарио каравотни яна айлантирди ва у яна кўз очиб-юмгунча бош томонда пайдо бўлиб қолаверди.
Беморнинг ўрнини чархдек айлантиришга шиддат билан киришиб кетган Макарио, ҳар сафар арвоҳни кўчира туриб нафас ростлагани тўхтаркан, собиқ ҳамтовоғини яна шаҳзоданинг бош томонида турганини кўраверди. Шундай бўлса-да, ажалга фириб бериб, ундан ўлжани тортиб олиш илинжида аҳмоқона ўйинни давом эттиришдан қолмади.

Мангуликдан зўрлик билан тортиб олмоқчи бўлган икки сониялик охири кўринмас бу каравот ўйини қарияни бутунлай ҳолдан тойдирди. Ҳолдан тойгани шунчаликки, каравотни бошқа айлантиришга чоғи келмади. У киши билмас ихчамгина киссасига беихтиёр қўлини олиб борди ва чил-чил бўлган шишачадаги қимматбаҳо сўнгги икки томчи доридан ҳам ажраганини билди.
Бу йўқотишнинг маъносини у тезда илғаб олди. Ҳаётга бўлган сўнгги интилиш учқунлари сўниб, бўшлиқ тобора яқинлашиб келаётганини у изтироб ичида ҳис этиб турарди.
Макарио хаёлида, гўё бениҳоя узоқ, роса юз йилга чўзилган даҳшатли уйқудан уйғонгандек, эсанкираб қирол бўлмасига назар ташлади. Шунда у бу ёруғ дунёдаги насибаси тугаганини, қисматга қарши чиқиш энди бефойда эканини англаб етди.
У бежо кўзлари билан атрофга аланглади ва нигоҳи бирдан боланинг юзига тушди. Болакай аллақачон ёруғ дунёни тарк этиб бўлганди.
Макарио илдизи билан қўпорилган дарахтдек, ерга ҳорғин қулади.
Ерда беҳол чўзилиб ётаркан, қачонлардир бирга еб-ичишган улфатининг овозини эшитди. Энди бу овоз қулоғига ёқимли чалинарди:
– Куркангнинг ярмисини менга илиниб, кўрсатган мурувватинг учун сендан миннатдорман. Машаққатли вазифамни бажариш учун яна юз йилга етадиган қувватимни тиклаб олишга муяссар бўлдим. Агар бу сўз сенга тушунарли бўлса, айтмоқчи эдимки, курканг чиндан ҳам ғайриоддий эди. Бироқ, ҳозирги вазиятда, майдонда, бутун халқнинг кўз ўнгида бўлиб ўтадиган қатлдан қутулиб қололмайсан. Сени бундан халос этишнинг фақат битта тадбири менга аён. Мен сени ҳар қандай таҳқиру бадномликдан ҳимоя қиламан. Буни сен билан эски ошначилигимиз ҳаққи ва яна ўзингни доим мардона тутганинг, мени алдашга, менга фириб беришга уринмаганинг учун бажараман бу юмушни! Сен қирол мукофотига сазоворсан ва мукофот ҳам ўзини улуғлашга муяссар бўлгай. Чин инсон бу дунёда қандай яшаши керак бўлса, сен худди ўшандай яшадинг! Бахт сенга ёр бўлгай, отахон!

Макарио кўзини очиб, бошини орқага ташлади-да, бир вақтлар у билан кайф-сафо қилган ҳамтовоғи унинг бош томонида турганини кўрди.

Макарионинг хотини эридан хавотир оларди: эри оқшом уйга қайтмаганди. Эртасига хотини уни излаб топиш учун бутун қишлоқ аҳлини ёрдамга чақирди. Аёл эри ўрмонда бир фалокатга йўлиққанидан ва ўзгаларнинг кўмагисиз уйга етиб келолмаслигидан қўрқарди.
Ҳамқишлоқлар Макариони хўп қидиришди ва ахийри, ҳозиргача юрак ютиб биронта одам боласининг оёғи етмаган, қишлоқдан анча олис бўлган овлоқ бир ер – ўрмондаги чакалакзордан топишди.
Макарио ерда, серковак танаси бақувват дарахтга қулай суяниб ўтирарди. У жонсиз эди. Юзида ним табассум қотиб қолганди.
Ерда, унинг ёнида дастурхон қилиб тўшалган банан барглари, устида эса ҳафсала билан ғажиб тозаланган яримта курканинг қолган-қутган суяклари ётарди.
Рўпарада, тахминан уч фут оралиқда, яна худди шундай банан барглари ёзилганди ва унда курка гўштининг иккинчи ярмидан қолган суяклар тартиб билан тахлаб қўйилганди, бу эса фақат зўр иштаҳаю чуқур мамнуният билан еб-ичган кишининггина қўлидан келиши мумкин.
Қайғуга ботган хотинининг кўзларидан аччиқ аламли кўз ёшлар тўкилди. Қоқ иккига бўлиниб, кемириб ташланган курка гўштини кўрган аёл шивирлаб деди:
– Турмуш ўртоғим билан базму жамшид қилган одамнинг ким эканини жуда-жуда билишни истардим, ҳа, жуда ҳам… Унинг яхши, олийжаноб ва дилкаш меҳмон бўлгани шубҳасиз, йўқса, эрим дунёдан бу қадар бахтиёр ва бу қадар мамнун кўз юммаган бўлурди.

Рус тилидан Дилдорхон Алиева таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 9-сон