Бранислав Нушич. Унвон керакдир йигитга (4 пардали комедия)

ҚАТНАШУВЧИЛАР:

Живота Цвийович
Мара – унинг хотини
Милорад, Славка – уларнинг фарзандлари
Благое – Маранинг акаси
Спасоевич хоним, Протич хоним – 9-етимхона
бошқармаси Кенгашининг аъзолари
Велимир Павлович – Милораднинг ўртоғи
Д-р Райсер
Николич – Цвийович маҳкамасининг хизматчиси
Сойка
Сима – Сойканинг эри
Драга хоним
Клара
Пепик
Гулдастали қиз
Ўқитувчи
Марица – Цвийовичлар оқсочи
Пиккало

Воқеа Белградда Цвийовичлар хонадонида бўлиб ўтади.

БИРИНЧИ ПАРДА

Живота Цвийович кабинети. Стол, темир шкаф, икки телефон – бири ички. Деворга жимжимадор рамка осиғлиқ бўлиб, унга фалсафа доктори дипломи солиб қўйилган, дипломга думалоқ қутичага солинган катта муҳр лента билан боғланган.

1

Ж и в о т а (очиқ шкафдан пул олади, сўнг столда ётган тўлов қоғозига қараб ҳар бири минг динордан бўлган учта банк билети ва майда пулларни санайди). Мана олгин-у, бориб директорингга айт, бугундан эътиборан ҳеч қанақа тўлов қоғозини тан олмайман.
П и к к а л о (пулларни олиб). Хўп бўлади!
Ж и в о т а. Худди шундай деб айт: “Жаноб Живота тўлов қоғозини тан олмас экан, тўламас экан ҳам”.
П и к к а л о. Хизматингизга тайёрман! (Чиқади.)

2

Ж и в о т а (тўлов қоғозларини тутамлаб, эшикка яқин бориб). Марица, Марица!
М а р и ц а (кириб, ним сукутдан сўнг). Лаббай.
Ж и в о т а. Милорад уйдами?
М а р и ц а. Ўғлингиз, жаноб, ҳали уйқуда.
Ж и в о т а. Уйқуда?.. (Соатига қарайди.) Чорак кам ўн бир.
М а р и ц а. Жаноб ўғил кечаси қайтдилар, жуда кеч.
Ж и в о т а. Шундай дегин-а?.. Бор, Марица, жаноб ўғилни уйғотиб, унга жаноб ота чақираяпти деб айт.
М а р и ц а. Мен қўрқаман… Жаноб Милорадда шундай бир одат бор, кимки уни уйғотса, этикми, шамдонми – қўлига илинган нарсани ирғитади.
Ж и в о т а. Наҳотки? Яхши одат экан!.. Ундай бўлса беканг Марани чақир.
М а р и ц а. Хўп бўлади! (Чиқади.)
М а р а (сўлдан киради). Оқсоч қиз айтди, мени чақирибсанми?
Ж и в о т а. Ёш хўжайин ҳамон уйқудами?
М а р а. Болакай ухлаяпти, нима бўпти ухласа…
Ж и в о т а. Нима? Ҳеч нима… болакай ухлаяпти, отаси бўлса унинг қарзларини тўлаяпти.
М а р а. Қандай қарз?
Ж и в о т а. Қандай? Мана, қара! (Унга счётларни кўрсатади.) Уч минг тўрт юз йигирма уч динор! Биласанми нимага сарф қилинган бу пуллар? Мана эшит: уч марта кечки овқат хос хоналарда! Сен қачон бўлмасин хос хонада овқатланганмисан?
М а р а. Наҳотки сен…
Ж и в о т а. Мен эмас!.. У овқатланган. Сен бир қарагин-а, кечки дастурхонини нималар билан безабди: шампанское, ликёр, коктейль, шампанское учун – икки минг уч юз динор, ликёр учун – ўн икки динор, коктейль учун – уч юз динор! Кўрдингми, сен эса ҳеч қачон коктейлдан татиб кўрганинг йўқ ва ҳатто билмайсан ҳам – у лимонадми ёки пироженое.
М а р а. Эҳ, ғалати замон бўлди. Йигитча дўстлари билан…
Ж и в о т а. Дўстлари билан бўлса кошкийди, йўқ. Таниш қизлари билан бўлгандаям бир нави эди. Танишлар билан эмас, яллачи қумрилар билан бўлган!
М а р а. Қанақа қумрилар. Болакайни кимдир йўлдан урган кўринади, қумрилар эмиш!
Ж и в о т а. Буниси ҳам майли, ойналарни синдирганига бало борми?
М а р а. Ё худо, қанақа ойналар?
Ж и в о т а. Ойналар!.. Синган ойналар учун мен етти юз олтмиш динор тўладим. Бир ўзи синдирган бўлсаям гўргайди-я, бироқ қумрилар-чи! Ойнани қумрилар синдирсин-у, тўлайдиган мен. Ҳаммадан ҳам шуниси алам қилади!
М а р а. Қумриларинг нимаси?! Нима бўлди ўзи?
Ж и в о т а. Уч минг тўрт юз йигирма уч динор тўладим – мана нима бўлди. Хўп, майли қумрилар ҳам бўлсин дейлик. Бироқ ойналарни синдиришнинг нима кераги бор эди?
М а р а (хўрсиниб). Ёшлик – бебошлик!
Ж и в о т а. Ёшлик? Қанақа ёшлик? Сен ёшлигингда ойна синдирганмидинг? Йўқ! Мен ҳам синдирмаганман. Ахир биз ҳам ёш бўлганмиз-ку. Тушгача ухлайди – ёшлик, такасалтанг – ёшлик, ойна синдиради – ёшлик, қарз олади – ёшлик. Бир марта ёшлик қилгандаям майлийди, ахир уч кун олдин ҳам (ғаладондан дафтарини олиб) бир минг етти юз динор тўлаган эдим!.. Ўтган ой худди шунақа “ёшлик” учун – тўққиз минг олтмиш динор! Бунақа “ёшлик”лар қачонгача давом этади ахир!
М а р а. Менга нима? Сен ўйла, отасан.
Ж и в о т а. Ота!.. Ота!.. Бироқ мен қарзларни тўлаш учунгина отаман! Счётларга имзо чекишига бир қара, молия палатасидаги контролёрдай. “Жаноб фалончи – тўласин!..” Э йўқ, азизам, энди бундай давом этиши мумкин эмас!.. Бунга чек қўйиш керак!
М а р а. Тўлама, вассалом.
Ж и в о т а. Тўлама?! Тўлаш менга хуш ёқади деб ўйлайсан, шекилли? Нима қилай, обрўйини сақлашим керак, уникини бўлмаса ҳам дип­ломнинг обрўйини сақлашим керак. Фалсафа доктори ахир! Тасаввур қилгина, фалсафа докторини қарзини тўламагани учун қаҳвахонадан ҳайдаб чиқарсалар нима бўлади!
М а р а. Билмадим, уни фалсафа доктори қилишнинг нима ҳожати бор эди?
Ж и в о т а. Нима ҳожати бор?! Унинг фойдасини кўзлаб шу ишни қилдим. Дипломсиз ҳозир қаерга бош суқиб бўлади? Фалсафа бир нимага арзигани учунмас, мен уни бир чақага ҳам олмайман: яхши одам пулни қуруқ сафсатабозликка сарф қилмайди. Тушунсанг-чи, фалсафа билан ишим йўқ, бироқ мен ўғлимнинг исми олдида “Д-р!..” туришини истайман.
М а р а. Ахир унга “д-р”нинг нима кераги бор?
Ж и в о т а. Нега кераги бўлмас экан?.. Думсиз товус товус бўлармиди? Ҳеч ким унга қарамасди. Товусни қўйиб турайлик, мана, масалан, мени ол! Ишладим, уруш, у-бу қилдим – бойидим. Нима зарур бўлса, ҳаммаси бор. Одамлар мени ҳурмат қилишади, ҳурмат қилишмайди демайман! Лекин агар номимнинг олдида бирон-бир “д-р” турган бўлганида борми, ана унда кўрардинг!..
М а р а. Сенга ҳали “д-р” ҳам керакми?
Ж и в о т а. Менга керак деяётганим йўқ. Мен қиларимни қилиб бўлдим. Унга керак! Ёшларга ҳозир осон деб ўйлайсанми? Ўқишга уқуви бўлгандаям бошқа гап эди, бироқ синфдан синфга қандай судралиб ўтганини ўзинг биласан-ку. Менга бу арзонга тушганмиди?
М а р а. Хўп, бўпти, ўтган ишга саловат – бола улғайди. Кўпам энагалик қилаверма.
Ж и в о т а. Улғайди, хўш, улғайган бўлса, нима бўпти? Ҳозир ақл эмас, унвонлар эшик очади!
М а р а. Илмга иштиёқи йўқ! Фалсафага яроқсизман, мендан доктор чиқармиди, дейди.
Ж и в о т а. Нега энди файласуф бўлмас экан? Нега энди?.. Ҳозирги кунда мусиқадан, молиядан, яна нима балолардан доктор бўлганлар озми? Улардан зиғирча фойда йўқ. Бироқ даражалари бор, шунинг ўзи кифоя.
М а р а. Ахир беҳи нимада ўсишини билмаган одам қандай қилиб фалсафа доктори бўла олади?
Ж и в о т а. Нима, файласуф бўлиш учун ниманидир билиш керакми? Ким ҳақиқий файласуф бўлса, у дипломсиз ҳам файласуф.
М а р а. Шундайку-я, лекин бу бошқа фалсафа. Фалсафа доктори эса бутунлай бошқа гап.
Ж и в о т а. Бошқа гап!.. Унда бори фақат докторлик дипломи холос, имтиҳонларни эса унинг учун мана бу кассадан мен топширдим.

4

Н и к о л и ч (кириб). Кечирасиз, телеграмма.
Ж и в о т а. Қаердан?
Н и к о л и ч. Чет элдан.
Ж и в о т а. Будапештданми?
Н и к о л и ч. Йўқ. Телеграмма ўғлингизга.
Ж и в о т а (Марага). Мана кўрасан, яна биронта счёт бўлса керак. (Николичга.) Очинг, у учун мен ўқий қоламан.
М а р а. Болакай хафа бўлмасмикан?
Ж и в о т а. Хафа бўлмасмикан!.. Ахир мен тўлайман-ку. (Николичга.) Оч!
Н и к о л и ч (телеграммани очиб қарайди). Швейцариядан, Фрейбург шаҳридан.
Ж и в о т а. Фрейбургдан? Кимдан экан?
Н и к о л и ч. Профессор, д-р Райсердан.
Ж и в о т а. Кимлигини Худо билади.
Н и к о л и ч (олдин ичида, сўнг овоз чиқариб ўқийди). “Афинага сафарга чиқдим, биринчи экспресс билан Белград орқали ўтаман. Пойтахтингизда бир-икки кун тўхтаб ўтиш ҳақидаги таклифингизни қабул қиламан”.
Ж и в о т а. Ана халос, энди меҳмон таклиф этибди… (Марага.) Бориб уйғот уни, ҳозироқ бу ерга келсин.
(Мара чиқади.)

5

Ж и в о т а. Биржага кимдир кетдими?
Н и к о л и ч. Жаноб Данч.
Ж и в о т а. “Адор А.Д.” фирмасига эслатиб қўйинглар, бугун иккинчи кун курс пастга тушаяпти.
Н и к о л и ч. Мен аллақачон эслатдим.
Ж и в о т а. Яна нимайди… ҳеч нима, мен ҳозир тушаман.
(Николич чиқади.)

6

(Милорад киради, уйқуга тўймаган, устида ипак пижама. Унинг ортидан Мара киради.)
Ж и в о т а. Хўш, уйғондингми?
М и л о р а д. Ҳа.
Ж и в о т а. Сенга телеграмма.
М и л о р а д. Мени шу учун уйғотдингларми?
Ж и в о т а. Мен қайдан билай, балки бу сен учун жуда муҳимдир. Қандайдир профессор Райсер телеграмма юборибди.
М и л о р а д. Бу исмни биринчи эшитишим.
Ж и в о т а. Ахир у сенинг таклифингга жавоб бераяпти-ку!..
М и л о р а д. Менинг таклифимга?.. Телеграмма Фрейбургдан эмасми?
Ж и в о т а. Ҳа!
М и л о р а д. У ҳолда нега ҳайрон бўласиз?.. Велимирингизни чақиринг, бу телеграмма унга.
Ж и в о т а (эсига тушиб). Ҳа-я, тўғри!.. Хаёлимга келмаганини қара.
М а р а. Ана кўрдингми, сен бўлсанг болага ўшқириб юрибсан.
Ж и в о т а (ички телефон гўшагини олиб). Бу сизми, жаноб Николич? Хизматкорни Негоша кўчасига юборинг, уй номери 37, иккинчи қават… у билади, бориб юрган… Велимир Павловични, ҳалиги менинг олдимга тез-тез келиб турадиган йигитни топсин. Ҳозироқ чақириб келсин. (Гўшакни қўяди.)
М и л о р а д (кетмоқчи бўлади). Нимагаям мени уйғотишди?!
Ж и в о т а. Шошма, мен сен билан гаплашмоқчиман… Хўп, айтайлик, телеграмма сенга эмас, бироқ мана буларни ҳам менга эмас, деёлмассан. (Счётларни беради. Милорад уларни кўриб чиқади.) Уч минг тўрт юз йигирма уч динор!.. Агар кечаси билан ичиб, ойналарни синдирмаганингда, шунчага тушмасдинг.
М и л о р а д. Во ажаб, мана бу мўъжизани қаранг!
Ж и в о т а. Мана бу мўъжизани қаранг!.. Бу сенинг имзонгми?
М и л о р а д. Меники.
Ж и в о т а. Д-р Милорад Цвийович!.. Наҳотки мен сени майхона счётларига имзо чекиш учун доктор қилган бўлсам-а?
М и л о р а д. Бошқа нимага қўл қўяй бўлмаса?..
Ж и в о т а. Докторга, тағин фалсафа докторига майхона счётларига имзо чекиш ярашадими ахир?
М и л о р а д. Докторларгина майхоналарни таъминлаб туришади-да, сенга ўхшаганларни кутиб ўтирса борми…
Ж и в о т а. Бас қил! (Марага.) Эшитаяпсанми? Ахир сен унча-мунча доктормас, фалсафа докторисан, буни тушунасанми ўзинг?
М и л о р а д. Нимасини тушунай?.. Имзо чекишга ҳаққим бўлмаса, докторлик унвонингизни бошимга ураманми?
Ж и в о т а. Бошингга урасанми? Сени одам бўлсин деймиз, тушундингми? Мен мана бу қуруқ рамка учун пул сарф қилганим йўқ-ку.
М и л о р а д. Дипломларинг билан менга нуқул нохушлик келтираяпсизлар. Бундай қилма, ундай қилма!..
М а р а. Болакай ҳақ гапни айтди. Қандайдир бир “д-р”ни деб яшамасинми?
Ж и в о т а. Ҳимоя қил-а! Ҳимоя!.. “Болакай”миш?.. Мана шу болакай 3700 динорли ойналарни ямламай ютди. Диплом ҳам халақит бермабди.
М и л о р а д. Бу ўринда, балки халақит бермагандир. Бироқ сиз мени ноқулай аҳволга солиб қўяётганингиз халақит бераяпти.
Ж и в о т а. Биз уни ноқулай аҳволга солиб қўйибмиз! У қумрилар билан ялло қилиб юрибди-ю, биз уни ноқулай аҳволга солиб қўйибмиз!
М и л о р а д. Қумрилар ўз йўлига. Уларни деб ҳеч ким менинг устимдан кулмайди. Бошқа гап бор. Сиз Велимирга менинг номимдан “Тасаввурнинг динамик механизми…” деган мақола чиқариш учун пул бердингиз. Яқинда кўчада мени профессор Радославлевич кўриб табриклади: “Аъло, аъло, фақат ўз-ўзидан кўриниб турибдики, сиз, асосан Фрейд Адлер назариясига таянгансиз”. Мен унга “Таяндим”, деб жавоб бердим. Бошқа нима ҳам дея олардим? Нимага таянганимни мен қаердан билай? Айтинг-чи, бу ҳаммаси нега керак?
Ж и в о т а. Нега? Менда режалар бор, қимматли ўғилгинам! Ҳар кимнинг ўз режаси бўлиши шарт, ҳамиша нимагадир интилиш керак. Сен, масалан…
М и л о р а д. Мен, масалан, ҳеч нимага интилмайман.
Ж и в о т а (Марага). Эшитяпсанми? Наҳотки, ўғилгинам, сенда ҳеч қандай мақсад бўлмаса?
М и л о р а д. Бор – меросга эга бўлиш!
Ж и в о т а. Эшитаяпсанми, қандай мақсадни кўзлаганини?.. Кўзим учиб турувди. Йўқ, сени одам қиламан, ўз хоҳишинг билан бўлмасанг, мажбур қиламан. Менинг режаларим бор!
М и л о р а д. Режалар? Сенга битта “д-р” камлик қилдими?
Ж и в о т а. Бу ҳали бошланиши. Сен бир йил ичида университет доценти бўлишинг керак.
М а р а. Хўп, майли, ўғлим, бу яхши!
М и л о р а д. Қанақа доцент? Университет доценти! Манави диплом сенга камлик қиладими?
Ж и в о т а. Диплом – бу ҳали ҳеч гапмас, аллақандай телба ҳам дип­ломли бўлиши мумкин.
М и л о р а д. Ҳар қалай, маъруза ўқишга юбормассан? Икки оғиз сўзни бир-бирига улай олмайман-у, маъруза ўқишнинг уддасидан чиқармидим!..
Ж и в о т а. Доцентлик сенга лекция ўқиш учун эмас, олий насаб кишиларнинг даврасига қўшилиш учун керак. Мен сени премьер-министрга куёв қиламан. Шу мақсадда сенга диплом сотиб олиб бергандим, энди тушундингми?
М и л о р а д. Эҳтимол.
М а р а. Болагинам, Милчо, отангга қулоқ сол!
М и л о р а д. Эҳтимол… (Кулади.)
Ж и в о т а. Нимага кулаяпсан?
М и л о р а д. Ахир премьер-министрнинг қизи йўқ-ку!
Ж и в о т а. Йўқ бўлса – ҳозир йўқдир. Шунга нима бўпти. Бир-икки йилда учта премьер алмашади. Шуларнинг орасида қизи бори ҳам чиқиб қолар.
М и л о р а д. Дада, ўтиниб сўрайман, режаларингга аралаштирмай, мени тинч қўй. Мендан қанақасига университет доценти чиқсин? Ўзинг яхши биласанки, мен ҳеч қачон фалсафа доктори бўлмаганман, бўлмайман ҳам.
Ж и в о т а. Нима учун?
М и л о р а д. Шунинг учунки, мен олим бўлиш учун туғилмаганман!
Ж и в о т а. Туғилмагансан?.. Нима, ҳамма докторлар олим бўптими! Агар сен одамлар онадан бири – генерал, иккинчиси – ҳоким, учинчиси – қози бўлиб тайёргина туғилади деб ўйласанг, янглишасан. Аксинча! Фонусчи бўлиб туғилган профессор бўлиши, тракторчи – рассом бўлиши, балерина бўлиб туғилган архимандрит, қароқчининг ўғли министр бўлиши мумкин! Мана ҳаётда нималар бўлиши мумкин, жаноб.
М и л о р а д. Шундай бўлса бордир, бироқ менга қолса, яхшиси, режаларингга мени аралаштирмаганинг маъқул!
Ж и в о т а. Режаларингга аралаштирма-ю, қарзларимни тўлайвер, шундайми?

7

М а р и ц а (кириб). Жаноб Живота, сизни иккита хоним кутаяпти.
Ж и в о т а (Марага). Сенинг қариндошларинг бўлса керак. Бор, улар билан ўзинг шуғуллан.
М а р а. Билмасам…
М а р и ц а. Йўқ, улар жаноб Цвийовични кўришмоқчи.
Ж и в о т а. У ҳолда хонимлар мана бу жанобга келишган (Милорадни кўрсатади).
М и л о р а д. Хонимлар мени уйга қидириб келишмайди.
Ж и в о т а. Биламан, сени улар ойналарни синдириш мумкин бўлган жойлардан топишади!.. Балки яна бирон-бир счёт олиб келишгандир!
М и л о р а д (аччиқланиб). Уларнинг бу ерда қиладиган ишлари йўқ! (Чиқади.)
М а р а. Менга қара, Живота, сен ошириб юбораяпсан, яхши эмас! Бунчалар бағритош бўлмасанг. (Чиқади.)
Ж и в о т а. Бор, бор, овут уни, агар шунчалар раҳминг келаётган бўлса. (Марицага.) Хонимлар кира қолсин.
(Марица чиқади.)

8

П р о т и ч ва С п а с о е в и ч (кириб). Биз, жаноб Цвийович, 9-етимхона бошқармаси кенгашининг аъзоларимиз. Мазкур етимхона…
Ж и в о т а. Пардон, марҳамат қилиб ўтирсинлар!
Х о н и м л а р. Биз, ҳурматли жаноб, 9-етимхона бошқармаси кенгашининг аъзоларимиз. Бошқармамиз мамлакатимиздаги бошқа муҳим муассасалар сингари, ҳеч қандай маблағга эга эмас ва фақат ихтиёрий хайр-эҳсонлар ҳисобига яшаб келади.
Ж и в о т а. Мен сиздан сўрардимки… Менда нима ишингиз бор ўзи, ҳеч тушунолмаяпман.
П р о т и ч. Тўхтанг, Спасоевич хоним, рухсатингиз билан мен тушунтирсам.
С п а с о е в и ч. Марҳамат.
П р о т и ч. Саховатли ҳазрат, биз 9-етимхона бошқармаси кенгашининг аъзолари… бу шундай бир муҳим муассасаки…
С п а с о е в и ч (унинг сўзини бўлиб). …мутлақо ўз маблағига эга эмас.
П р о т и ч. …ва фақат ихтиёрий хайр-эҳсонлар ҳисобига яшаб келади…
С п а с о е в и ч. Сиз энг ҳурматли, сахий қалб фуқаро сифатида…
Ж и в о т а. Тушундим, сиз ихтиёрий хайр-эҳсон учун келгансиз… Фақат сизга шуни айтишга ижозат берсангиз: бунақа ихтиёрий хайр-эҳсонлардан бутунлай гангиб қолдим. Бировлар етимхонага ёрдам сўраса, бошқалар ишратхонага ёрдам сўрайди, кимлардир бузилган қизлар учун ёрдам изласа, бошқаси ҳали бузилмаган қизлар учун кўмак сўрайди. Ҳаммаси алкаш-чалкаш бўлиб кетди…
Х о н и м л а р. Тўғри, бироқ ҳозир гап ўзининг кўп йиллик фаолияти давомида ижтимоий ҳақиқат йўлида кўпгина яхши натижаларга эришган, бир талай бечора болакайларни ўз бағрига олган, уларнинг ота-оналарини хотиржам қилган, қанчадан-қанча бахтсиз оналарни ташвишдан қутқарган ягона бир муассаса устида кетаяпти.
Ж и в о т а. Ҳа, ҳа, тушунаман. Бош тортаётганим йўқ, қўлимдан келганича ёрдам берарман… Бироқ, чамамда, ихтиёрий хайр-эҳсонлардан фойда оз, каттароқ фойдани кўзлаш керак. Айтайлик, бирорта олимларимиздан етимхонангиз фойдасига маъруза қилиб беришни илтимос қилинса, яхши бўлармиди.
П р о т и ч. Бу унчалик осонмас, жаноб Цвийович. Ҳозир маърузаларни кимлар ўқимайди дейсиз – пуллик ҳам, бепул ҳам.
Ж и в о т а. Мен сизга бирон таниқли олим бўлса деяпман.
С п а с о е в и ч. Агар таниқли олим бўлса, шундай қалам ҳақи талаб қиладики, тўплаган пулларни унга бериб, ўзимиз тағин қуруқ қолаверамиз. Бу унчалик осонмас!
Ж и в о т а. Мен сизга осон, деяётганим йўқ, бироқ мақсаднинг улуғлигини қаранг. Мен кимдир топилишига ишонаман. Мана, масалан, менинг ўғлим, фалсафа доктори. Ёш, тиришқоқ… мана катта рамкада унинг дипломиям турибди. Аъло баҳолар билан ўқиган. Мен бу ҳақда сира ҳам гапирмайман, чунки у менинг ўғлим, лекин, ишонтириб айтаманки, у биринчи даражали файласуфлардан – буни ҳамма билади. Тунлари мижжа қоқмай файласуфлик қилиб чиқади. Билмадим, унинг динамика ҳақидаги сўнгги мақоласини ўқидингларми, йўқми. Бу – мақола эмас, сенсация! Давлат университетидаги профессор Радославлевич шу кунгача хайратдан ўзига келолмайди. Мен ҳам файласуфман, бироқ Животанинг ўғли! – ана уни чинакам файласуф деса бўлади, деб юрибди. Фақат угинамас, академиклар, олимлар, арбоблар, университетлар, факультетлар, деканатлар, ректоратлар… ҳамма-ҳаммаси ҳайратда! Бир-икки кун ичида бир қучоқ хат келди… Мана охирги хат (счётларни кўрсатиб), унда ёзилишича, олимни рағбатлантириш учун уч минг тўрт юз йигирма уч динор тўплашибди…
Х о н и м л а р. У рози бўлармикан?
Ж и в о т а. У бир оз дағал ва қизиққон. Бироқ бундай мақсад учун… Фақат, илтимос, бу фикр мендан чиққанини билмасин.
П р о т и ч. Бўлмасам-чи!
С п а с о е в и ч. Жаноб доктор шу ердами?
Ж и в о т а. Шу ерда, аммо…
П р о т и ч. Унда ҳозироқ у билан гаплашиб кўрсак бўлмасмикан?
Ж и в о т а. Йўқ, ҳозир у илмга шўнғиб кетган… Кеча тунда бошлаганича ҳамон бошини кўтаргани йўқ. Катта асар устида ишлаяпти, яна динамика ҳақида бўлса керак. Ишлаётган пайтида халақит беришларини ёқтирмайди…
П р о т и ч. Нима маслаҳат берасиз бўлмасам? Нима қилайлик?
Ж и в о т а. Жамиятингиз номидан унга маъруза ўқиб беришини сўраб бир энлик хат ёзинг.
Х о н и м л а р. О, албатта, бажонидил!
Ж и в о т а. Менга келганда (шкафдан пул олиб), мана шу юз динорни қабул қилсангиз. Яхши кунларда…
Х о н и м л а р. Беҳад миннатдормиз!
Ж и в о т а. Миннатдорчилик шартмас. Мен буни чин юракдан бераяпман, шу сабабли миннатдорчиликнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман. Бу ҳақда газетага ёзишингиз мумкин, мен учунмас, бошқаларга ўрнак бўлсин деб.
Х о н и м л а р. О, албатта, шундай қиламиз.
П р о т и ч. Демак, жаноб докторга хат ёзайлик?
Ж и в о т а. Ҳа, қанча тез бўлса, шунча яхши.
С п а с о е в и ч. Бугуноқ юборамиз.
Ж и в о т а. Дарҳол ёзиб юборинг, қолган ишларни ўзим боплайман.
Х о н и м л а р. Ташаккур сизга. Хайр! (Кетишади.)
Ж и в о т а (уларни эшиккача кузатиб). Хайр. Мана кўрасиз, маъруза сенсация бўлади. Хайр.

9

Ж и в о т а (ўз ишидан мамнун ҳолда қўлларини ишқалайди ва ички телефонда гаплашади). Алло! Жаноб Николич! Нима? Нима? Жаноб Данч биржадан келди? А? Наҳотки? Унақада катта зарар кўрамиз-ку!.. Бўлади, бўлмайди деяётганим йўқ, аммо… Жаноб Данч кутилмаганда акцияларнинг пасайиб кетиши ҳақида нима дейди? Ҳа, ҳа, ҳозир пастга тушаман… (Гўшакни жойига қўйиб, сўл томондаги эшикка боради.) Славка! Славка! (Кимгадир.) Сени эмас. Славка қаерда, уни чақир! (Стол ёнига келиб, шкафни қулфлайди.)

10

С л а в к а (кириб). Дада, мени чақирдингми?
Ж и в о т а. Будапештдан гумаштам телефон қилиши керак эди, маҳкамада гаплашиб бўлмайди. Пастга тушишим зарур бўлиб қолди. Телефон олдида кутиб турсанг, қўнғироқ бўлиши билан мени чақирасан.
С л а в к а. Китобимни олиб чиқай бўлмаса.
Ж и в о т а. Олиб чиқ! (Уни ўпади.) Сен менинг энг азиз котибамсан. (Чиқади.)

11

(Славка сўл томонга чиқиши билан Велимир кириб, эшик ёнида тўхтаб қолади.)
С л а в к а (китоб олиб қайтиб чиқади. Ажабланиб). О!..
В е л и м и р. Салом!
С л а в к а. Қандай шамол учирди?
В е л и м и р. Отангиз чақиртирди.
С л а в к а. Бўлмасам-чи, акс ҳолда бизникига ташриф буюриш хаёлингизга ҳам келмасди.
В е л и м и р. Тан оламан, ўзимни оқлашга асосим йўқ.
С л а в к а. Демак, бу эътиборсизлик эмас, балки совуққонлик экан-да.
В е л и м и р. Нотўғри!
С л а в к а. Илгари акамнинг мактабдош ўртоғи сифатида бизникига дам-бадам келардингиз ва мен билан дўст эдингиз. Лоақал болалик хотиралари сизни хонадонимизга боғлаши керак эди…
В е л и м и р. Ишонинг менга, ўша дамларни зўр қувонч билан эслайман.
С л а в к а. Биласизми, мен сизнинг бир ошиқона мактубингизни шу пайтгача сақлаб келаман. Мен ўшанда учинчи синфда, сиз олтинчида эдингиз.
В е л и м и р. Ўтиниб сўрайман, сақламанг… уяламан…
С л а в к а. Шундай денг? Совуққонлигингизни энди тушунаяпман. Сиз менга севги изҳор қилганингиздан уялиб юрибсиз.
В е л и м и р. Йўғ-ей, ундоқ эмас. Ким билсин, ўша хатда аллақанча грамматик хатолар бордир.
С л а в к а. Муҳаббат ҳеч қачон грамматика билан ҳисоблашмайди. Аксинча, грамматика қанчалик бўш бўлса, шунчалик ҳиссиёт кучли бўлади. Бироқ агар сизни шунчалик безовта қилаётган бўлса, хатоларини тузатишингиз учун хатни сизга бериб туришим мумкин.
В е л и м и р. Беринг, беринг, хатоларини тузатаман.
С л а в к а. Балки сиз ундаги ҳиссиётларингизни ҳам тузатишни истаб қоларсиз?
В е л и м и р. Нега энди?
С л а в к а. Лекин… сиз унга тузатиш киритиб бўлдингиз. Ҳаммамиздан узоқлашиб кетдингиз…
В е л и м и р. Йўқ, асло, сизга шундай туюлаётгандир, ишонинг!
С л а в к а. Акам билан дўстлашмай қўйдингиз.
В е л и м и р. Чунки у менга тўғри келмайдиган доираларда ўралашиб юради.
С л а в к а. Мен билан ҳам… дўстлигимизни унутдингиз.
В е л и м и р. Оҳ, қанийди шу дўстликка қайта олсам, нақадар бахтли бўлардим.
С л а в к а. Сизни нима тутиб турибди?
В е л и м и р. Вазият… Ҳаётда истаганингдек бўлавермас экан.
С л а в к а. Тушунмадим?
В е л и м и р. Тўғри, мен унчалик тушунарли гапиролмадим. Мен, умуман, тушунарли сўзлашни билмайман.
С л а в к а. Тушунарлими ёки самимийми?
В е л и м и р. Сиз менинг самимийлигимга шубҳа қилаяпсизми?
С л а в к а. Ҳа, асосим ҳам бор. Бу уйда нимадир содир бўлди, мендан эса беркитишяпти, бироқ мен буни сезаяпман. Эшикларни беркитиб олиб, шивирлашишади, ҳар хил сирли суҳбатлар. Дадам сизни дам-бадам йўқлаб туради.
В е л и м и р. Ҳа, бироқ бунда ҳеч қандай сир йўқ. Отангиз немисча, французча хатлар олиб туради, уларни маҳкамага беришни истамайди.
С л а в к а. Сиз уларни таржима қилиб берасизми?
В е л и м и р. Отангиз менга кўп яхшиликлар қилганини биласиз. Мен қўлимдан келганча унинг хизматини қилишим шарт.
С л а в к а (ишонмай). Барибир унчалик ҳам самимий эмаслигингизни сезиб турибман.

12

Ж и в о т а. Ҳа, келдингми?
В е л и м и р. Сиз мени йўқладингизми?
Ж и в о т а. Ҳа, йўқладим. (Славкага.) Қўнғироқ қилишмадими?
С л а в к а. Йўқ.
Ж и в о т а (уни эркалаб). Ўқидингми?
С л а в к а. Йўқ! Жаноб Павлович менинг кўнглимни ёзиб ўтирди, гарчи у бугун жуда зерикарли бўлса ҳам.
Ж и в о т а. Яхши, жонгинам, энди бизни ёлғиз қўй, мен жаноб Павлович билан юзма-юз баъзи нарсаларни гаплашиб олишим керак.
С л а в к а (чертиб). Ҳа, албатта! Юзма-юз! (Чиқади.)

13

Ж и в о т а (ёлғиз қолишгач). Бу қандоқ бўлди-а, биродар?
В е л и м и р. Нима?
Ж и в о т а (бояги телеграммани бериб). Мана бу.
В е л и м и р (имзога қараб). Д-р Райсер!
Ж и в о т а. Бу ким бўлди?
В е л и м и р. Д-р Райсерми?.. Фрейбург университетининг профессори. Машҳур шарқшунос. Қатор шарқ тилларини, славянлардан – серб ва чех тилини билади, унинг лекцияларини эшитиш учун бошқа таниқли университетлардан ҳам келишади. У – монументал ишлар муаллифи. Мен унинг талабаси бўлмасам-да, маърузаларига муттасил қатнардим. Кейин дўст бўлиб қолдик.
Ж и в о т а. Мен сендан кимда, нимани ўқиганингни сўраётганим йўқ, мана бу телеграмма қаердан ва у нимага менинг ўғлимга келади?
В е л и м и р (адресига қараб). Хўш, нима бўпти?
Ж и в о т а. У билан сен дўстлашган экансан, нега энди телеграммани сенга юбормайди?
В е л и м и р. Ахир, жаноб Живота, сиз яхши биласизки, мен Фрейбургда ўғлингизнинг номи билан ўқиганман: профессор ҳам, бошқалар ҳам мени шу ном билан аташган.
Ж и в о т а (тушуниб). Хўп, майли, шундай ҳам бўлсин, аммо ўша монументал профессорга Белградда пишириб қўйибдими? Нега уни таклиф қиласан, менга шуни айт-чи!
В е л и м и р. Афинага боришда йўл-йўлакай бир-икки кун бизникига кириб ўтаман деган эди.
Ж и в о т а. Бизникига? Бизникида нимасини йўқотибди? Бизникигамас, сеникига-а – шундай демоқчимисан?
В е л и м и р. Ҳа, у меникига келади, бироқ сизникига деса ҳам бўлади.
Ж и в о т а. Нега энди меникига бўларкан?
В е л и м и р. Чунки унинг учун мен сизнинг ўғлингизман. Эҳтимол, у менинг ота-онам қошига ташриф буюришни истаб қолар. Мен унга сиз ва сизнинг менга бўлган меҳрингиз тўғрисида жуда кўп гапирганман.
Ж и в о т а. Бунақа бемаъни сафсатанинг нима кераги бор эди?
В е л и м и р. Ноилож эдим: у менга кўп мурувват кўрсатди, тез-тез уйига таклиф қилиб, баъзида тушлик ёки кечки овқатга олиб қоларди.
Ж и в о т а. Уни таклиф қилишингиз керак демоқчимисан?
В е л и м и р. Худди шундай.
Ж и в о т а. Боз устига ўзимни отанг қилиб кўрсатишим керак, шунақами? Ўзи шу етмай турувди менга! Расво қилдинг, йигитча, расво.
В е л и м и р. Сизни қанчалик кўнгилсиз аҳволга солиб қўйганимни ўзим ҳам кўриб турибман, бироқ бошқа иложим йўқ эди. Одоб шуни тақозо қиларди.
Ж и в о т а. Одоб юзасидан таклиф қилган экансан, одоб юзасидан кутиб олавер-да энди уни ўзинг.
В е л и м и р. Тўғрику-я, бироқ у мени бой ўғли деб билади-да.
Ж и в о т а. Ким бой ўғли?
В е л и м и р. Мен.
Ж и в о т а. Ахир сенинг отанг билим юртида хат ташувчи-ку.
В е л и м и р. Аммо мен у отамнимас, сизни айтаяпман.
Ж и в о т а. Нега сен ҳадеб мени бу ишга аралаштирмоқчи бўласан?
В е л и м и р. Шунинг учунки, эҳтимол, экипаж олишга, бирон-бир экскурсиями, ким билсин, зиёфат қилишгами чиқимдор бўлишга тўғри келиб қолар.
Ж и в о т а. Яна бошланди, яна харажат. Профессорингнинг ойна синдириш одати йўқмикан?
В е л и м и р. Сизга ташвиш орттирганимдан ўзим ҳам хижолатдаман, лекин…
Ж и в о т а. Биттаси одоб юзасидан ойна синдиради, тўлаш эса мендан. Иккинчиси одоб юзасидан алломани таклиф қилади – яна тўлаш мендан. Бундай давом этиши мумкин эмас!.. Мен сенга бир оз пул ишлаб олишга ёрдам бераман, сўнг ўз пулингга уни кутиб олаверасан.
В е л и м и р. Жуда соз!..
Ж и в о т а. Менга маъруза керак, ёзиб берсанг, харажатингга ярашасини ишлаб оласан.
В е л и м и р. Сизга? Қанақа маъруза?
Ж и в о т а. Менга эмас, Милорадга. Юқори табақа хонимлари уни маъруза ўқишга таклиф этишди.
В е л и м и р. У рози бўлдими?
Ж и в о т а. У эмас, мен рози бўлдим; албатта, сенга ишониб.
В е л и м и р. Қачонга керак?
Ж и в о т а. Иложи борича тезроқ.
В е л и м и р. Худди шу бугун бир ишни бошлаган эдим.
Ж и в о т а. Ундай бўлса, бориб ўшани тезда тамомла.
В е л и м и р. Яхши, тамомлайман, эрта эрталаб Райсер келади.
Ж и в о т а. Бу тўғрида ҳали гаплашамиз, вақт бор. Сен маърузани ёзиб тугатсанг бас.
В е л и м и р. Бўпти, хайр.
Ж и в о т а. Хайр. (Чиқади.)

14

(Благое кириш олдида Велимир билан тўқнаш келади.)
Ж и в о т а (Благоени кўриб). Қайга йўқолдинг, бандаи гумроҳ? Кўринмайсан… Шунча вақт…
Б л а г о е. Ўзинг иш буюрасан-у, тағин қаерда юрибсан, деганинг нимаси? Профессорнинг қошида эдим.
Ж и в о т а. Ўша профессорнинг-а?
Б л а г о е. Ҳа, сен билан ҳозир гаплашиб тургандай гаплашдим.
Ж и в о т а. Хўш?
Б л а г о е. Ҳаммасини бир бошдан айтиб берай… Таклиф қилди, кирдим, ўтирдим. Эҳ, биродар, нима десанг дегин-у, профессорнинг креслосиям чакки эмас экан. Ўтирдим-у, ўзимни профессордай ҳис қилдим.
Ж и в о т а. Сендан буни сўраётганим йўқ. Менга айт-чи, нима ҳақда гаплашдинглар?
Б л а г о е. Нима деган бўлсанг, худди шундай дедим. Жаноб профессор, дедим, менинг қариндошим Живота Цвийович бой одам. Худо унга ҳамма нарса берган. Шундай бўлса ҳам у илм-фан ва унинг намояндалари қадрига етади.
Ж и в о т а. Шундай, кейин-чи?
Б л а г о е. Шу сабабли, дедим, у тирик экан, фан учун бир нима қилиш ниятида. Мана мени ҳам олдингизга юборди, шунинг учунки, сизнинг ҳамиша янги, улкан ишларга бош бўлиб келганингизни эшитган ва…
Ж и в о т а. Унга бир нима ваъда қилиб қўймадингми?
Б л а г о е. Усталик билан қутулдим. “Университетимизда талабалар ошхонаси бор. Қариндошингиз ёрдам қўлини чўзса яхши бўларди”, – деб қолса бўладими.
Ж и в о т а. Пул совурадиган аҳмоқ йўқ.
Б л а г о е. Мен унга ҳалигидай олимона жавоб қилдим: ошхона ўткинчи нарса, жаноб профессор, агар қариндошим ёрдам берса-ю, идиш-товоқ олишса, синдириб қўяди, озиқ-овқат олишса – талабалар еб қўйишади, қариндошим эса унинг хотирасини ямлаб қўйишларини истамайди.
Ж и в о т а. Ақлли жавоб берибсан.
Б л а г о е. Хўш, кейин ошхоналар, нарх-наво ҳақида гап кетди.
Ж и в о т а. Ҳой, мен сени гап сотгин деб юборганмидим?
Б л а г о е. Сабр қил бир оз. Бу гап аччиқ ичакдай чўзилишига кўзим етгач, усталик билан уни буриб юбордим. Профессор ҳаяжонланиб памилдорининг қимматлашиб кетганини гапириб турган бир пайтда, уни бўлиб мавзуни ўзгартирдим. Ҳа, профессор, дедим, тан олиш керакки, памилдори қиммат, бироқ, назаримда, черепица ундан ҳам қимматроқ… Биргина сиз, жаноб профессор, уйсиз қолдингиз, дедим. Барча профессорлар – ким вилла, ким уй қуриб олишди, фақат сиз шу пайтгача уйингизнинг томини ёпиб ололмаяпсиз, дедим.
Ж и в о т а. А-ҳа, шундай. Хўш, у нима деди?
Б л а г о е. “Архитектор панд берди, – деди. – Юз сўм деб ҳисоблаган нарсасига икки юз сўм кетди. Натижада пул етмади”. Буни қаранг-а, шундай олим. Мумкин эмас! Шунча мухлисларингиз бўлса… дедим. “Отинг­ қанча улуғ бўлса, чўнтагинг шунча қуруқ бўларкан, – деди. – Томи қолди, ўн-ўн беш минг динор бўлганда эди…”
Ж и в о т а. Худди шундай – ўн-ўн беш минг динор дедими-а?
Б л а г о е. Арзимас нарса экан, шунча пулни қариндошим жаноб Цвийович бериб туриши мумкин… қарзи фоизсиз, дедим.
Ж и в о т а. А-ҳа! У-чи?
Б л а г о е. Ажабланди. “Нимага? Мен у билан ақалли таниш бўлмасам…” Шундай деган заҳоти, тушундимки, мақсадни очиш керак. Жаноб профессор, дедим мен, фалсафа факультетида иккита бўш доцентлик ўрни бор экан, жаноб Цвийовичнинг ўғли эса – фалсафа доктори. Шундай деганимни биламан…
Ж и в о т а (қизиқиб). Хўш, у нима деди?
Б л а г о е. Ҳеч нима, биз бошқа гаплашмадик.
Ж и в о т а. Нега энди?
Б л а г о е. Шундоқ… Ҳалигидай деганимни биламан, ёқамдан ғип бўғиб, кабинетидан чиқариб ташлади… “Мен, оғайни, – дейди, – университет профессориман, шунинг учун сотилмайман!”
Ж и в о т а. Аҳмоқ!
Б л а г о е. Ким?
Ж и в о т а. Ким бўларди! Ўша… Аҳмоқ бўлмаса профессор бўлармиди.
Б л а г о е. Университет зинасидан тушиб келарканман, ўйладим… Ростини айтайми, биз жиндай оширганга ўхшаймиз… Ҳар ҳолда профессорлик ўрни мол эмаски, сотилса!
Ж и в о т а. Сотилмайдими? Профессор креслосида жиндай ўтириб, сен ҳам ақлдан озган кўринасан…
Б л а г о е. Билмадим.
Ж и в о т а. Билмасанг, жим ўтир!.. Сотилмас эмиш! Ҳозир ҳамма нарса сотилади! (Шкафдан идора дафтарини олади.) Пулинг бўлса, истаган нарсангни сотиб оласан. Мана кўряпсанми? (Тилхатларни кўрсатади.) Ўн минг динорга бир кишининг виждонини сотиб олдим.
Б л а г о е. Қандай виждонни?
Ж и в о т а. Одам виждонини, мана. Қиммат тўлабсан демоқчимисан? Тўғри, қиммат. Биржада ноёб молгина ўтади. Виждон – ноёб мол эмаски, қиммат турса.
Бл а г о е. Агар бу жиҳатдан қараганда… балки…
Ж и в о т а. Мен бунга ҳаётий кўз билан қарайман, кимки профессорча қараса, кўраяпсанми, олти минг динорга номус сотиб олинган…
Б л а г о е. Қаранг-а, номуснинг қиммати шугина экан-да.
Ж и в о т а. Сариқ чақа. Дўкондаги модаси эскирган молдай гап.
Б л а г о е. Ҳа, дарвоқе.
Ж и в о т а. Номус! Мана яна бир тилхат. Буни уч минг етти юз динорга сотиб олдим. Унча-мунча эмас, қиз номуси бу!..
Б л а г о е. Қўйсанг-чи, биродар, сенинг ёшингда-я?
Ж и в о т а. Мен?.. Йўқ, менинг фалсафа докторим…
Б л а г о е. Буларнинг ҳаммасиям шунақа тилхатлар дегин?
Ж и в о т а. Ҳа, ҳозир номус, виждон, муҳаббат, мансаб, дўстлик, маслак… – ҳамма-ҳаммаси сотилади, биродар! Профессоринг бўлса ўз овозини сотишдан қўрқиб юрибди. Ҳозир университет – мана! (Кассани кўрсатади.)
Б л а г о е. Дарвоқе, шундай.
Ж и в о т а. Бўпти, уни қўйиб тур. Профессор анқонинг уруғи эмас. Бошқасини топамиз… Ҳалиги нарсани аниқладингми?
Б л а г о е. Ҳа.
Ж и в о т а (қизиқиб). Хўш?..
Б л а г о е. Премьер-министрда қиз йўқ, бироқ темир йўл министрининг бўйи етган қизи бор экан.
Ж и в о т а (менсимай). Менга премьер-министр керак, бошқа министрларнинг нима аҳамияти бор!
Б л а г о е. Нега аҳамияти бўлмасин?.. Темир йўл министри ҳадемай премьердан ҳам эътиборлироқ бўлади. Газеталарда ўқимадингми, Болқон транс линияси қурила бошланармиш.
Ж и в о т а. Бу нима деганинг?
Б л а г о е. Нима?.. Темир йўл. Сибир транс темир йўли ҳақида эшитганмисан? Атлантик транс алоқаларни-чи?.. транс… Трансильвания, трансваал… “транс” дейишдими, билгинки, бу катта, чиройли, давомли иш!
Ж и в о т а. Транс… транс дегани неча километр келади?
Б л а г о е. Кўп.
Ж и в о т а. Темир йўл министрининг қизи бор, дегин-а?
Б л а г о е. Ҳа… Раҳматли хотинимнинг Драга хоним деган бир қариндоши бор. Драга министрнинг уйида бўлиб туради, ана ўша…
Ж и в о т а. Ўша билан гаплашдингми?
Б л а г о е. Ҳа, бироқ умумий тарзда. Мен унга шарт-шароитни билиб кел, дедим. Менга қара, Живота, Милорад тўғрисида газеталарда бирон нима ёзганларида яхши бўларди…
Ж и в о т а. Биламан, қўлимни қовуштириб ўтирганим йўқ… Нима десам, шуни ёзгин-у, бирон газетага тиқ. Қўлингдан келса, портрети билан чиқар, яхши бўлади. Клишега мен тўлайман… Ёз!.. (Благое қоғоз, ручка олиб, ёзишга шайланади.) “Пойтахтнинг энг таниқли хонимлари, аёллар жамиятлари вакилларининг таклифига мувофиқ ёш олимимиз доктор Милорад Цвийович яқинда…” Э, нима тўғрида маъруза ўқиши мумкин?..
Б л а г о е. Фалсафа соҳасидан.
Ж и в о т а. Бўпти, ёз: “Яқинда фалсафа соҳасидан маъруза ўқийди”. Шошма, яна бор. (Диктовка қилади.) “Ёш олимга эътибор юзасидан маърузага Фрейбург шаҳридан оламга машҳур файласуф д-р Райсер ташриф буюради…” (Благоега телеграммани бериб.) Қарагин-чи, номи шундайми?
Б л а г о е (имзосига қараб). Ҳа, д-р Райсер.
Ж и в о т а. Омадинг келган экан, немисча ўқий оласан.

15

(Марица иккита хат олиб кириб, бирини Животага беради.)
Ж и в о т а (хатни очиб). Униси-чи?
М а р и ц а. Ўғлингизга.
Ж и в о т а. Яхши, олиб бориб бера қол.
М а р и ц а. Ухлаб ётган бўлса-чи, қўрқаман.
Ж и в о т а. Ундай бўлса шу ерда қолдир. Ўзим бериб қўяман.
(Марица хатни қолдириб, чиқади.)

16

Ж и в о т а (ўз хатига кўз югуртириб чиқади). Мана, хонимлар ўғлингизга маъруза ўқиб беришини сўраб хат ёздик, дейишибди. Бу ўша бўлса керак (Стол устидаги хатни олиб қарайди.) Йўқ. Манзили бошқа тилда ёзилган, маркасиям бизники эмас. Чет элдан келган, шекилли.
Б л а г о е. Доктор Райсердан эмасмикан?
Ж и в о т а. Бўлиши мумкин. Тамғасини ўқий олсанг, қаердан келганини билардик.
Б л а г о е (хатдаги муҳрга диққат қилиб). Фер… фар… фрих… Фрейбург.
Ж и в о т а. Фрейбург!.. Профессордан! Биз уни бемалол очсак бўлади… (Хатни очади.)
Б л а г о е. У-чи? (Милорад хонасини кўрсатади.)
Ж и в о т а. Бу ишнинг унга умуман дахли йўқ. Ўқи. (Хатни Благоега беради.)
Б л а г о е (ўқийди). “Майн либер Миле” (Ўқишдан тўхтаб.) Бу дегани…
Ж и в о т а. Тушунарли, немисчани мен ҳам шунчалик биламан. Кейин нима ёзилган? (Благое ичида ўқиб, бошини чайқади.) Нима экан?
Б л а г о е. Бу – профессордан эмас. (Имзосига қараб.) “Евич дайне Клара”.
Ж и в о т а. Клара?! Қўйсанг-чи! Яхшироқ қара! Балки Карло деб ёзилгандир, сен бўлсанг, Клара деб юрибсан.
Б л а г о е. Йўқ, қасам ичишим мумкин, аниқ-тиниқ ёзилган – Клара.
Ж и в о т а. Клара?.. Ахир бу аёлнинг исми-ку!
Б л а г о е. Менимча ҳам шундоқ.
Ж и в о т а. Райсернинг хотини эмасмикан?
Б л а г о е. Қайси Райсернинг хотини?
Ж и в о т а. Д-р Райсернинг хотини. Балки ўшадир. Ўқи-чи, нима ёзилганикан.
Б л а г о е (ўқийди, ҳайрон қолади, бошини чайқайди). Клара… (Яна бош чайқайди.) Нима десамикан сенга… Буни хотини ёзаяпти.
Ж и в о т а. Кимнинг хотини?
Б л а г о е. Сенинг келининг.
Ж и в о т а. Ҳой, биродар, нима бало, мастмисан?.. Ўғлим уйланмаган бўлса, келин нима қилади менда?
Б л а г о е. Хатда шундай ёзилган.
Ж и в о т а. Немисчани яхши билишингга аминмисан ўзи?
Б л а г о е. Яхши билишимга ҳожат йўқ, бу ерда аниқ ва тушунарли қилиб ёзилган. (Ўқийди.) “Сенга шуни ёзиб маълум қиламанки, бошимизга мусибат тушди – меҳрибон ойимдан айрилиб, биз – мен ва болам – ёлғиз қолдик…”
Ж и в о т а. Яна томдан тараша. Бола нима қилиб юрибди бу ерда?
Б л а г о е. Афтидан, шу хотиннинг боласи.
Ж и в о т а. Албатта, ўшанинг боласи. Шундай экан, нега бу ишга менинг ўғлимни аралаштириб юрибди?
Б л а г о е (конвертни қараб). Ҳа, тўғри, ўғлингга ёзибди.
Ж и в о т а. Нега энди унга бўларкан?.. (Тўсатдан хаёлига келиб, чўчиб тушади.) Ҳа, буми… энди эсимга тушди… Бу яна Велимирнинг иши, ўша чалкаштирган. Ўша албатта… Ўқи, яна нима деб ёзибди?
Б л а г о е (хатга қараб). “Шу сабабли мен сеникига боришга қарор қилдим”.
Ж и в о т а. Ким келармиш?
Б л а г о е. Клара.
Ж и в о т а. “Сеникига боришга қарор қилдим” – бу қанақаси бўлди? Туғибдилар-у, келишга қарор қилибдилар.
Б л а г о е. Никоҳдан ўтишган экан, Живота.
Ж и в о т а. Ким айтди сенга?
Б л а г о е. Шундоқ деб ёзилган. (Ўқийди.) “Сен билан никоҳдан ўтгач, югослав фуқаролигига ўтгандим, бинобарин югослав элчихонаси менинг кўчишимга ёрдам беради…”
Ж и в о т а. Кўрдингми, енгилтаклик нималарга олиб келиши мумкин? Қашшоқ, чўнтагида бир мири йўқ, Фрейбургда менинг ҳисобимда ўқиган бўлса-ю, уйланиб, болали бўлиб ўтирса. Тавба! Хотини билан боласи келиб унинг бўйнига осилишса, уларни қандай боқаркан? Қани, айт-чи, қандай қилиб боқади?
Б л а г о е. Ким боқади?
Ж и в о т а. Велимир-да.
Б л а г о е. Ахир у Велимирнинг хотини эмас-ку.
Ж и в о т а. Кимники бўлмаса?
Б л а г о е. Ўғлингники.
Ж и в о т а. Сен… назаримда, ақлингга куя тушган кўринади… Нима деяётганингни билаяпсанми ўзинг?
Б л а г о е. Бор гапни айтаяпман.
Ж и в о т а. Бўлмаган гап! Велимир тўрт йил Фрейбургда бўлсин, уйлансин, бола кўрсин-у, сен бўлсанг ўғлингнинг хотини деб ўтирибсан-а?
Б л а г о е. Ахир Велимир Фрейбургда сенинг ўғлинг бўлиб яшаган, дипломниям ўғлингнинг номига олган-ку, демак…
Ж и в о т а. Демак, бирон кимса менинг номим билан чет элга чиқиб, ўша ерда уйланса, болали бўлса-ю кунларнинг бирида пайдо бўлиб: “Жаноб Живота, марҳамат қилинг, мана хотинингиз, мана болаларингиз…” деса тўғри бўлади. Шундайми, сенингча?
Б л а г о е. Шундоқ десаям бўлади!.. Агар сен сенинг номинг билан чет элга чиқишига рози бўлган бўлсанг, бунинг устига, уни пул билан таъминлаб турган бўлсанг…
Ж и в о т а. Менга қара… Агар бирон гап бўлгудай бўлса, аввало, сени ўлдираман! Менга сен ўргатгансан!
Б л а г о е. Нега мен бўларканман, нима деяпсан?
Ж и в о т а. Ўчир овозингни! Сен!.. “Камбағал Велимирни ўғлинг номи билан чет элга юборсанг, у сенга диплом олиб келади”, демаганмидинг?
Б л а г о е. Олиб келди-ку, мен сени алдабманми?
Ж и в о т а. Энди нима деб сайраяпсан?
Б л а г о е. Режа меники эди, тан оламан, нега тан олмас эканман… Сен эса ўғлимни доктор қиламан деб менинг фикримга маҳкам ёпишиб олдинг! Доктор деган матоҳни ким ўйлаб чиқарди-а? Менми, қани, айт-чи?! Диплом-о, диплом, д-р ҳов д-р, дединг, ана сенга д-р!
Ж и в о т а. Сохта номни менга ким маслаҳат берди, қани, айт-чи?
Б л а г о е. Бақирма… Сохта ном масаласида ҳақсан. Полицияда ишлаганман, бундай ишлар қандай қилинишини биламан.
Ж и в о т а. Полицияда бошқа гап. У ерда кимнидир бошқа кишининг номидан овоз беришга кўндириш мумкин, бироқ ўзганинг номи билан уйланиш мумкин эмас-ку. Овоз бериш, бу – шунчаки, беозор иш. Бир-иккита бюллетенни ўзгартирса ҳам бўлаверади. Ахир бу бюллетень эмас, бола-ку. Уни ўзгартириб кўр-чи!..
Б л а г о е. Ўзгартириб бўлмайди – бола қонуний.
Ж и в о т а. Қандай қилиб қонуний бўлсин?
Б л а г о е. Наҳотки тушунмаётган бўлсанг, Клара – ўғлингнинг қонуний хотини!
Ж и в о т а. Жинни бўпсан! Ҳали болаям…
Б л а г о е. У ҳам ўғлинг фамилиясида!
Ж и в о т а (қўрқиб). Наҳотки? Ўғлим Фрейбургда бўлмаган, ҳеч қанақа Кларани танимаган, энди бўлса дабдурустдан – уйланган, тағин боласиям бор… Шунақаям қонунсизлик бўладими?!
Б л а г о е. Бўлади! Қонун бўйича – бўлади!
Ж и в о т а. Нега энди қонун бўйича бўларкан? Ўғлим бола у ёқда турсин, унинг онасини ҳам кўрмаган бўлсаям-а?
Б л а г о е. Бу ўринда ўғлингнинг ролини бошқа бир киши ўйнаган.
Ж и в о т а. Мени ким қандай роль ўйнагани қизиқтирмайди. Мен уни ўйнаш учунмас, ўқиш учун юборгандим. Тушундингми?
Б л а г о е. Шундайликка шундайку-я, бироқ амалда, кўриб турибсан, бошқача бўлиб чиқди.
Ж и в о т а. Мен билмайман. Бундай қилишга ҳаққи йўқ эди. Ана уни қаранг-а. Бирваракайига ҳам келин, ҳам невара. Шу инсофданми?
Б л а г о е. Мен инсофдан деяётганим йўқ, лекин на илож? Аёл доктор Милорад Цвийович билан никоҳланган. Доктор Милорад Цвийович эса сенинг ўғлинг, буни ҳамма билади.
Ж и в о т а. Мен уни судга бераман! Мен уни қаматаман!.. Ўғлимнинг номидан никоҳдан ўтишга ким ҳуқуқ берди?!
Б л а г о е. Судга беришга ҳаққинг бор, у чинданам турмага тушади. Аммо унисиниям, бунисиниям қамашади-да.
Ж и в о т а. Ҳам уни, ҳам хотинини. Зарари йўқ, қамашаверсин!
Б л а г о е. Ҳам уни, ҳам хотинини эмас, ҳам уни, ҳам ўғлингни! Тушундингми?
Ж и в о т а (устидан қайноқ сув қуйилгандай сакраб тушади). Ҳой, Благое, яна бир сўз айтсанг – ўлдираман.
Б л а г о е. Бўпти, индамайман.
Ж и в о т а (хонада ҳаяжонланиб юради. Бирдан тўхтайди). Хўп, яхши, нега энди индамай қолдинг?
Б л а г о е. Жим ўтир, демадингми ўзинг?
Ж и в о т а. Ҳа, ҳа, жим ўтир, вайсама, маънилироқ гап ҳам чиқармикан сендан… (Яна юра бошлайди ва тўхтайди.) Яхши, қани, энди айт-чи менга, нега энди ўғлимни қамашаркан?
Б л а г о е. Шунинг учунки, биродар, у сохта диплом олишга шерик. Тушундингми? Бас энди!
Ж и в о т а. Нега сохта диплом бўларкан? Мен у учун озмунча пул сарф қилдимми?
Б л а г о е. Пул ўз йўлига, бироқ дипломда нима учун ўғлингнинг номи турибди? Бир ўйлаб кўргин-а?
Ж и в о т а. А? (Кўзини чақчайтиради.)
Б л а г о е. Бутун уйни болалар билан тўлдириб юборгандаям, ғинг дея олмайсан.
Ж и в о т а. Сен ҳақсан, қўл-оёғим боғланган. Ғинг демаслик керак. (Ҳорғин столга суяниб қолади, бир нафас ўйланиб, сўнг қаҳр билан дипломга қарайди; оғир хўрсинади.) Хўш, энди нима қиламиз?
Б л а г о е. Энди? Аҳволни билиш учун вазиятни аниқлаш керак.
Ж и в о т а. Яхши, аниқла!
Б л а г о е. Ҳалиги Клара – Велимирнинг хотини. Шундайми?
Ж и в о т а. Шундай…
Б л а г о е. Айни чоқда шу Клара, қонун бўйича, ўғлингнинг хотини.
Ж и в о т а. Бундай бўлмайди. Менинг чўнтагим бундан оғир вазиятларда ҳам қонундан кучлироқ чиққан. Мен курашаман!
Б л а г о е. Мен кучсиз демайман, хўш, пулни кимга берасан? А? Кларагами? Келининг бўлгач, унга пулнинг нима кераги бор? Велимиргами? Ҳожати йўқ. Агар у Кларани ташласа – сенга янада қийин бўлади. Ўзиникига олиб кетадими? Қандай қилиб олиб кетарди, ахир у ўғлингнинг қонуний хотини-ку? Агар ўғлингга пул берсанг…
Ж и в о т а. Ҳа, мен алданганга ўхшайман.
Б л а г о е (мулоҳаза қилиб). Айтайлик, шундай қилинсаки, одамлар кўзида у ўғлингники бўлиб, аслида, ҳалиги… бошқанинг хотини бўлиб юраверса.
Ж и в о т а. Наҳотки ўғлим шунга кўнади деб ўйласанг? У тескарисига, одамлар кўзида Велимирники бўлиб, бошқа пайт уники бўлса, кўниши мумкин.
Б л а г о е. Шундоқ. Сен ҳақсан.
Ж и в о т а. Мабодо у кўнгандаям, мен ҳеч қачон кўнмайман. Ўғлим уйланмасдан туриб бобо бўлиб ўтириш етмай турувди. Мен ҳеч кимга бобо эмасман, шуни билиб қўй.
Б л а г о е. Клара эса сени бобоси деб ёзибди. Мана эшит. (Ўқийди.) “Пепик гроссдада ва гроссойисининг қўлини ўпишни сабрсизлик билан кутмоқда”.
Ж и в о т а. Кимнинг қўлини ўпармиш?
Б л а г о е. Сенинг қўлингни. Сен – гроссдада.
Ж и в о т а (қаҳр билан). Мен ким?
Б л а г о е. Гроссдада, Мара эса – гроссойи. Пепик…
Ж и в о т а (жазаваси тутиб). Қанақа Пепик, қанақа Пепик! Мендан нима истайсан?.. Мен бунга йўл қўймайман!.. Ўлдираман, ҳаммангни ўлдираман, ҳаммангни, ҳаммангни, ҳаммангни!
Б л а г о е. Худо ҳаққи, Живота, тинчлан!
Ж и в о т а (стулни кўтариб, уни урмоқчи бўлади). Бошимга бу ғавғоларни солган сен. Энг аввал сени… (Унга ташланади.)
Б л а г о е (қочади, ёрдамга чақиради). Мара, Мара, болалар, Мара, войдод, тез бу ёққа чиқинглар!..
Ж и в о т а. Университет нима бўлади, темир йўл министрининг қизи нима бўлади, Трансвалль нима бўлади, менинг барча режаларим нима бўлади?! Буларнинг барчасини ким чиппакка чиқарди? Қандайдир бир Пепик! Қандайдир бир тирноқдай келадиган Пепик!
Ҳ а м м а (югуриб киришади; бир овоздан). Нима, нима?
М а р а. Худо ҳаққи, нима ҳодиса рўй берди?
Б л а г о е. Билмадим, ақлдан озибди!..
С л а в к а. Дада, сенга нима бўлди?
М а р а. Живота!
Ж и в о т а. Мен Живота эмас, мен – гроссдада.
М а р а (ҳайрон, ҳаммага қараб чиқади). Нима деяпсан?
Ж и в о т а. Сен эса гроссойисан!..

ПАРДА

ИККИНЧИ ПАРДА

Цвийович уйидаги меҳмонхона

1

В е л и м и р (киради ва эшик олдида туриб қолади). Кечирасиз, мен сизга халақит бердим.
С л а в к а (хатни ғижимлаб). Йўқ, асло! Мен сизга ёзаётган эдим! Сиз билан учрашолмай юргандим. Ҳеч ким айтишни истамаган нарсани билмоқчиман. Уч кундан бери уйимизда даҳшатли ҳаяжон ҳукм суради. Сизни кунида уч марталаб чақиришади, мендан эса яширишади. Нима бўлаяпти ўзи?..
В е л и м и р. Сиз нега ташвишланасиз?
С л а в к а. Нега ташвишланмас эканман? Дадам уч кундан бери оҳ-воҳ қилади… Пепик… Пепик… Пепик дегани ким? Кимнинг исми? Нимага бу дадамни бунчалик қаттиқ ташвишга солиб қўйди?
В е л и м и р (довдираб). Хабарим йўқ! Пепик?
С л а в к а. Биласиз. Сиз бизга яқин кишисиз, ҳаммасини биласиз. Худо хайрингизни берсин, айтинг менга. (Ўйлайди.) Агар бу ишларда сиз ҳам қандайдир роль ўйнаётган бўлсангиз ва сир очилгудай бўлса менинг кўзимга ёмон кўриниб қолишингиз мумкин бўлса… у ҳолда ҳақиқатни билмаганим яхши.
В е л и м и р. Кўзингизга ёмон кўринишимни истамайсизми?
С л а в к а. Ҳа, истамайман…
В е л и м и р. Ташаккур сизга!
С л а в к а. Демак, сиз ниманидир яшираяпсиз!
В е л и м и р. Отангизга сўз бердим.
С л а в к а. Сўз берган бўлсангиз, нима ҳам қила олардим…
В е л и м и р. Сўз мени боғлаб турибди, бироқ сизнинг олдингизда мен пок бўлишим керак.
С л а в к а. У ҳолда бу ерда нималар бўлаётганини очиқ айтинг.
В е л и м и р. Сиз мени чет элга кетганимни ва отангиз мени таъминлаб турганини биласиз.
С л а в к а. Биламан.
В е л и м и р. Аммо сиз ҳаммасини билмайсиз… Швейцарияда, Фрейбургда мен акангизнинг номи билан яшаб, унинг ҳужжатлари билан ўқиганман.
С л а в к а (ҳайрон). Нега?
В е л и м и р. Отангиз қай йўл билан бўлмасин, Милорадга фалсафа доктори дипломини олиб беришни истади.
С л а в к а (нохуш ажабланиб). Қандай қилиб?.. Наҳотки ҳалиги диплом…
В е л и м и р. Ҳа, дипломда акангизнинг номи бор холос, бироқ у ҳеч қачон Фрейбургда ўқимаган.
С л а в к а. Шунча вақт қаерда эди бўлмаса?
В е л и м и р. Европа бўйлаб саёҳат қилиб юрди, одамлар чет элда ўқиб юрибди деб ўйлашлари учун.
С л а в к а. Сиз унинг ўрнида имтиҳон топширдингизми?
В е л и м и р. Ҳа.
С л а в к а. Ё тавба, нақадар тубанлик, нақадар пасткашлик! Мендан шуни яшириб юришган экан-да. Хўш, сиз нима учун бунга кўндингиз?
В е л и м и р. Хижолатдаман, қанчалик калтабинлигимни кеч тушундим. Аммо ўшанда мен чет элга чиқиб, жаҳоншумул олимларнинг маърузаларини тинглаш орзуси билан яшардим, моддий ночорлигим туфайли бу орзу гўёки амалга ошмайдиган туш каби эди. Бирдан тушни рўёбга чиқариш учун имкон туғилганда, мен ўйламай-нетмай рози бўла қолдим.
С л а в к а. Бари бир диплом ололмаган бўлсангиз, нимага ўқидингиз, ҳайронман.
В е л и м и р. О, бу унчалик даҳшат эмас. Менинг иззат-нафсим ҳамиша бунақа бир парча қоғоздан устун бўлиб келган. Диплом кўпинча жоҳилликни яшириш вазифасини бажаради. Кимки чинакам билимли бўлса, дипломга муҳтож эмас…
С л а в к а. Тўғри, бироқ, ҳар ҳолда, сиз учун ҳаёт йўллари бекилган.
В е л и м и р. Мансаб йўли бекилгандир, балки, аммо мен учун фанга, илмий ишга йўл очиқ.
С л а в к а. Балки шу фикр билан таскин топиб юргандирсиз, бироқ менимча бу енгилтаклигингизни оқлай олмайди.
В е л и м и р. Бу ҳали ҳаммаси эмас.
С л а в к а. Бошқа гапирманг, эшитишни истамайман.
В е л и м и р. Бекам, ҳозир мен ўзимни гуноҳлари учун тавба қилаётган одамдай ҳис қилаяпман. (Пауза.) Фрейбургда бир бева аёлнинг уйида ижарада яшардим. Унинг талаба қизи бор эди.
С л а в к а (бир оз қўрқув билан). Университетда ўқирмиди? Чиройлимиди?
В е л и м и р. Балки, лекин хозир бу муҳим эмас. Биз кўпинча университетга бирга бориб, бирга қайтардик, бир-биримизга ёрдамлашардик – у менга, мен унга. У бизнинг тилимизни ўрганишга киришди ва икки-уч йилда яхшигина эгаллаб олди.
С л а в к а (кўнгли ғаш бўлиб). Яхши тайёрланибди-да… Гапиринг, мен ҳаммасини билмоқчиман.
В е л и м и р (ноқулай аҳволда). Бирда қоним қизиб…
С л а в к а (ўта диққат билан). Нима, нима деяпсиз?
В е л и м и р. Ортиқ гапиролмайман… Қилмишимдан пушаймон бўлдим, бироқ… Бироқ виждонсиз, бадбахт бўлиб қолишни истамай, ўша куниёқ унинг қўлини сўрадим.
С л а в к а (титраб). Сиз..
В е л и м и р. Сўнг никоҳдан ўтдик. (Славка бу гапдан ўзини йўқотиб, қўллари билан кўзларини бекитганича йиғлаб юборди. Велимир ҳайрон бўлиб, ҳаяжонланиб.) Бекам, бу қанақаси, Худо хайрингизни берсин…
С л а в к а (ўзига келади, Велимирга қарашга ботинмай, четга қараб гапиради). Кечирасиз, асаб. Суҳбатни давом эттирайлик.
В е л и м и р. Бор гап шу, шуларни айтиб сизнинг олдингизда тавба қилмоқчи эдим.
С л а в к а (хижолат билан). Мен сизни сўроққа тутмаслигим керак эди, кечирасиз…
В е л и м и р. Нега? Сўрайверинг, сизга ҳаммасини айтиб бераман.
С л а в к а. (кучли хижолатда). Ҳамонки, никоҳ севги туфайли бўлгач…
В е л и м и р. У чиройли, истарали аёл, бирга яшаб кетишимиз ҳам мумкин эди-ю, лекин кўп ўтмай ундан кўнглим совиди.
С л а в к а. Кўнглингиз совиди? (Хуш ёққандай ҳайрон бўлади.)
В е л и м и р. Ҳа, кўп ўтмай мен ўзимни қопқонга тушганимни анг­лаб етдим. Унинг онаси мени бойвачча эканимни билиб, қизини менга яқинлаштириш учун нима мумкин бўлса, барини қилган. Балки Клара гуноҳсиздир, аммо… Аммо у онасининг ниятларини амалга ошишига имкон яратган.
С л а в к а. Клара – хотинингизми?
В е л и м и р. Ҳа.
С л а в к а. Пепик дегани ким бўлди?
В е л и м и р. Пепик… бизнинг боламиз… Хотиним бола билан йўлга чиқдим, деб ёзибди.
С л а в к а. Бугун-эрта Белградга келиб қоларкан-да?
В е л и м и р. Ҳа.
С л а в к а. Ҳайронман, нега энди бу дадамни бунчалик ташвишга соларкин.
В е л и м и р. Чунки қонун бўйича Клара акангизнинг хотини-да.
С л а в к а. Қанақасига?
В е л и м и р. Акангизнинг номида бўлганим учун бошқа фамилия билан никоҳдан ўтолмадим.
С л а в к а. Энди менга ҳаммаси равшан. Дадам шунинг учун ҳам асабийлашиб, фиғони фалакка чиқиб юрган экан-да.
В е л и м и р. Менга қанчалик оғирлигини тасаввур қилаяпсизми. Дадангизнинг менга яхшиликлари кўп.
С л а в к а. Чинданам, вазият… Сиз ундан қандай чиқмоқчисиз?.. Дадамнинг ҳам аҳволи…
В е л и м и р. Мен жуда афсусдаман, шунинг учун ҳам бутун масъулиятни, кўнгилсизликларни, ҳамма-ҳаммасини ўз зиммамга олишга тайёрман!

2

Ж и в о т а (Благое билан бирга киради; Велимирга). Шу ердамисан?
В е л и м и р. Ҳа, сизни кутиб турибман.
Ж и в о т а (қизига). Славка, сен боравер. Бизнинг жиддий гапимиз бор.
С л а в к а (эшик олдига бориб). Дада, кўп ташвишланаверма, ўтинаман. Бирон чора топармиз. Биз ҳаммамиз сенга ёрдам берамиз. Ишон менга, бундай бўлишида жаноб Велимир гуноҳкор эмас.
Ж и в о т а. У гуноҳкормас, йўқ, мен гуноҳкорман!.. Бор!

3

Ж и в о т а (Велимирга). Унга айтдингми?
В е л и м и р. Шундай қилиш керак эди: унинг назарида виждонли киши бўлиб қолишни истадим.
Ж и в о т а. Менинг назаримда, виждонсиз кишисан, бу сени ташвишга солмайдими? Сенга ишониб, қаттиқ янглишган эканман. Мен сени одам деб университетга юбордим, ўқир, имтиҳон топшириб қайтар дедим. Сен мана қандай имтиҳон топширибсан. Клара камлик қилса, етмаганига мана сенга Пепик, дебсан-да!..
В е л и м и р. Мен сизга диплом келтирдим-ку ахир.
Ж и в о т а. Келтирдинг, албатта, келтирдинг, лекин болани нимага келтирасан? Мен сенга нима учун пул тўлагандим? Уйимга бегона болани етаклаб келгин дебми!
В е л и м и р. Бегонамас! У – менинг болам.
Ж и в о т а. Сеникиликка сеники-я, бироқ унинг отаси аслида ким – ҳамма гап шунда.
В е л и м и р. Бунақа гап йўқ.
Ж и в о т а. Йўқ?.. Менинг ўғлим-чи?
В е л и м и р. У расман ота холос.
Ж и в о т а. Расман, албатта! Расман уйланган, расман боласи бор, мана энди менинг бошим расман ёрилай деяпти.
Б л а г о е. Адвокатга учраган эдик, у ҳам нима маслаҳат беришни билмай қолди. Энг қийини шуки, ҳақиқатни айтишдан қўрқасан киши.
Ж и в о т а (Велимирга). Энди менга айт-чи, ўша, сенинг хотининг, агар, ўн, борингки, йигирма минг динор берсанг келган жойига қайтиб кетармикин?
В е л и м и р. Билмадим… Бундан нима фойда?
Ж и в о т а. Нима фойда? Сен-ку мана тинчиб, уйланиб олибсан, ахир мен ҳам ўғлимни уйлашим керак-ку! Яхши бир жой топилган эди, лекин мен ҳеч нима қилолмайман, қўл-оёғимни боғлаб қўйдинг.
В е л и м и р. Бу билан нимага эришасиз? Клара пулни олиб, Швейцарияга қайтган тақдирда ҳам барибир ўғлингизга қонуний хотин, боласи эса – сизнинг меросхўрингиз бўлиб қолаверади-ку.
Ж и в о т а. (чўчиб). Қанақасига? Сен энди меросга ҳам бошингни тиқаяпсанми?
В е л и м и р. Мен эмас, тушунсангиз-чи, гап мен ҳақимда бормаяпти.
Б л а г о е. Гап Пепик ҳақида!
Ж и в о т а. Пепик! Менинг меросхўрим-а?
В е л и м и р. Шундай деса ҳам бўлади.
Ж и в о т а. Йўқ, ҳеч қанақа Пепикнинг кераги йўқ! Эшитаяпсанми? Пепиксиз ҳам ташвишим бошимдан ошиб ётибди! Меросхўрмиш! Бир менинг қўлимга тушиб кўрсин-чи ўша меросхўр!..
В е л и м и р. Ҳали у митти гўдак.
Ж и в о т а. Гўдак!.. Худди шунақа митти гўдаклар одамга туядай ташвиш келтиради. (Асабий юради, бирдан тўхтаб.) Бугуноқ ажралиш ҳақида ариза ёз!
Б л а г о е. Мен ҳам шу фикрдаман.
В е л и м и р. Қандай қилиб бировнинг хотини билан ажралишаман?
Ж и в о т а. Нима, бўлмаса мен ажралишайми?
В е л и м и р. У билан никоҳдан ўтмаганман-ку.
Ж и в о т а (хурсанд). Никоҳдан ўтмагансан? Демак, сен ноқонуний уйлангансан? Шуни олдинроқ айтмайсанми, бошимни қотириб ўтирмасдан?
В е л и м и р. Никоҳдан ўтганман, фақат ўғлингизнинг номи билан.
Ж и в о т а. А? Нима ҳаққинг бор!.. Бугуноқ полицияга хабар қиламан! Билсанг агар, бу жиноят! Ушбу мамлакатда ҳам қонун борлиги сенга маълумдир?
В е л и м и р. Кўриб турибман, аҳвол чатоқ, шунинг учун ҳам нима десангиз розиман. Агар хоҳласангиз, ҳозироқ полицияга бориб, ҳаммасига иқрор бўламан.
Б л а г о е. Шошма, бир оз ўйла… Полицияда нега бировнинг номи билан уйландинг, деб сўрашса нима дейсан?
В е л и м и р (елкасини қисиб). Ҳм..
Ж и в о т а. Ҳазиллашдим, дер. Милорад – унинг ўртоғи, болаликда бирга ўқишган, унинг устидан бир кулмоқчи бўлган.
Б л а г о е. Шунақаям ҳазил бўладими?! Никоҳ, дейлик, ҳазил бўла қолсин, Пепик-чи? Болаям – ҳазил, деб бўлмайди-ку. Буниям қўя турайлик. Полицияда: “қайси ҳужжатларга асосан никоҳдан ўтдингиз, тақсир?” – деб қолишса нима бўлади? А?!
Ж и в о т а. Ҳужжатлари бўлган-ку.
Б л а г о е. Бўлишга бўлган-у, бироқ бировники бўлган-да! Мана шу чатоқ! Полицияда сўрашади: ҳужжатларни қаердан олдинг, ундан нима мақсадда фойдаландинг, Фрейбургда шунча йил нима қилдинг?!
В е л и м и р. Мен университетда ўқидим, дейман.
Ж и в о т а (чўчиб). Ш-ш-ш, жим, бундай дея кўрма, тушундингми?
В е л и м и р. Тўғрисини айтишни талаб қилишади-да.
Ж и в о т а. Тўғрисини айтишни… Ким сенга айтди, полицияда тўғри гапиришади деб? Ҳамма полицияда тўғри сўзлаганида, аҳолининг ярми турмада бўларди!..
В е л и м и р. Нима қилай бўлмаса?
Ж и в о т а. Ҳеч нима қилма! Қилғиликни қилиб бўлгансан! Бу ёғига аралашма. Мен ўзим бир ёқлик қиларман.
В е л и м и р. Ихтиёрингиз.
Ж и в о т а. Милораднинг маърузасини ёзиб тугатдингми?
В е л и м и р. Мана! (Бир қанча ёзилган қоғозларни Животага беради.)
Ж и в о т а. Нима тўғрида ёздинг?
В е л и м и р. Антиципатив динамика тўғрисида.
Ж и в о т а. Яна динамиками? Мундоғ бир салмоқлироғи топилмабди-да. Антиципа… тилинг ҳам айланмайди бу сабилга. (Қоғозларни Благоега бериб.) Қани, сен уриниб кўр-чи! (Велимирга.) Анави Райсер қани?
В е л и м и р. Кеча кечқурун мен уни кутиб олдим. Кечки овқатни бирга қилдик. Эрталаб шаҳарни айландик, кейин мен уни университетга ректор қабулига олиб бордим…
Ж и в о т а (Благое қўлидан қоғозларни олиб, чўнтагига солиб қўяди). Яхши ўйлабсан, университетда гумдон қилавер, ўшалар шуғулланаверишсин.
В е л и м и р. У сиз билан танишмоқ-чи.
Ж и в о т а. Мен билан танишишининг ҳожати йўқ. Университет бўлмасам.
В е л и м и р. Уни бу ниятидан қандай қайтараман?
Б л а г о е. Йўқ, Живота, нима бўлса ҳам, сен уни қабул қилишинг керак.
Ж и в о т а. Энди сен қолувдинг. Ўзинг қабул қилавер, шунча гапни биларкансан.
Б л а г о е. Мен қандай қилиб қабул қиламан?
Ж и в о т а. (миясига бир фикр келиб). Шошма, чинданам унинг отаси бўлақол – вассалом!.. Немисчани биласан, уй таъмирланаяпти, шу сабабли мен сизни қабул қила олмайман, дейсан. Бирон жойда тушлик қиларсиз… Шу йўл билан мен ундан осонроқ қутиламан.
В е л и м и р. Жаноб Благое менга ота бўлиб учрашсин, демоқчимисиз?
Ж и в о т а. Райсерга барибир! Сен менга қандай ўғил бўлиб олган бўлсанг, бу ҳам сенга шундай ота бўлиб олиши мумкин!.. (Ҳамёнидан пул чиқариб Благоега беради.) Мана пул, тушликка етади. Ҳар қалай ойналарни синдирмасанглар керак!
Б л а г о е. Жиддий айтаяпсанми?
Ж и в о т а. Жиддий, албатта. Уйимда бутун Швейцарияни йиғишимни истайсизми: Пепик, Клара, Райсер… (Велимирга.) Ажаб, бира тўла Швейцария Республикаси президентини ҳам таклиф қилавермабсан-да… Кўриб туриб яна эътироз билдирганларингга ўлайми!
Б л а г о е. Эътирозимиз йўқ!..
Ж и в о т а. Бўлмаса, ана, ота бўлиб, бошлаб бор! Ҳеч бўлмаганда, шу профессордан қулоғим тинчисин.
Б л а г о е. Яхши, фақат ҳалиги…
Ж и в о т а. Нима, ҳалиги? Боринг!.. (Благоега.) Мана ўғлинг! (Велимирга.) Мана отанг!
Б л а г о е. Сен шундай дегандан кейин… қани юр, ўғлим.
(Велимир билан бирга чиқади.)

4

Б л а г о е (ўзи қайтиб кириб). Ҳалиги темир йўл министрининг яхши таниши – Драга хоним келибди.
Ж и в о т а. Ўшами? Бирон нимани билиб келибдими? Қани?
Б л а г о е. Кутиб турибди.
Ж и в о т а (эшикка бориб). Нимани кутади? Кутиш кимга керак? (Эшикни очиб.) Марҳамат қилинг, хоним!
Б л а г о е (эшик олдида). Киравер, киравер, совчи!
Ж и в о т а. Марҳамат!.. (Благоега.) Сен ўз ишингга боравер.
(Благое чиқади.)

5

Ж и в о т а. Бекорга кутибсиз.
Д р а г а. Меҳмонларингиз бор экан, нозик ишни, биласиз, хилватда гаплашмаса бўлмайди.
Ж и в о т а. Марҳамат, ўтиринг!
Д р а г а (ўтириб). Нимага келганимни сезгандирсиз?
Ж и в о т а. Ҳа, Благое учини чиқарган эди.
Д р а г а. Мен министрникига шошмасдан, бир йўлим тушганда кириб ўтмоқчи эдим. Газетада ўғлингизнинг маъруза ўқиши ва маърузада қандайдир хорижий олим бўлиши ҳақидаги хабарни кўриб қолиб, газетани сумкамга солдим-у…
Ж и в о т а (завқланиб қўлларини ишқалайди, эшикка бориб). Мара! (Драгага.) Хўш, шундай қилиб ишимиз нима бўлди?
Д р а г а. Ишонаманки, яхши бўлади.

6

Ж и в о т а. Бу киши Драга хоним, Благоенинг совчиси.
М а р а (саломлашиб). Биз танишиб олдик.
Д р а г а. Танишиш нимаси, биз ахир қариндошмиз!
М а р а (ўтириб). Кўпдан кўришмай… Ўтиринг… Аҳволлар яхшими, қудажон?
Ж и в о т а (Марага). Драга хоним темир йўл министрининг хотини билан яхши таниш, жаноб министрнинг бўйи етган қизи бор экан…
М а р а (чеҳраси очилиб). Бизнинг Милорадгами?
Ж и в о т а. Йўқ, менга!.. Унга-да, албатта!
Д р а г а. Жуда чиройли қиз! Нима деяётган эдим, ҳа, жаноб доктор Милорад Цвийовичнинг маърузаси тўғрисида босилган газетани сумкамга солдим-у…
М а р а. Хўш?..
Ж и в о т а. Мана шу “солдим-у” деган жойида сени чақириш учун тўхтагандик.
Д р а г а. Министрникига югурдим. Бордим, денг. Салом, аҳволлар қалай?
Ж и в о т а (унинг ҳикоясини давом эттириб). Ташаккур, ёмон эмас, ўзингиз қалайсиз?
Д р а г а. Ҳа, ишлар жойидами? Нима қилаяпсиз? Об-ҳаводан, шаҳар янгиликларидан, у ёқдан-бу ёқдан гаплашиб ўтириб, пировардида, гапни маъруза томонга буриб юбордим.
Ж и в о т а. Аҳа, шундай!
Д р а г а. “Эрталаб ёш олим доктор Цвийович маърузасига борасизларми?” – деб сўраб қолдим.
Ж и в о т а. Улар нима дейишди?
Д р а г а. Мана шу ёш олим билан танишсангиз бўларди, ҳамманинг оғзида дув-дув гап, фан мўъжизаси эмиш, келажаги порлоқ, дедим.
Ж и в о т а. Ҳа, яхши айтибсиз.
Д р а г а. Кеча-ю кундуз китобдан бошини кўтармайди, дедим.
Ж и в о т а. Ҳа, у худди шундай, мана Марадан сўранг. (Мара нима дейишини билмайди.) Қанча гапирдим: китоб деб умрингни хазон қилма, ёшлигингда ўйнаб қол ўртоқларинг билан… У нима дейди денг? “Дада мени ранжитманг, мен учун фан – муқаддас!”. Ўғлимиз мана шунақа!
Д р а г а. Қиздай бирам мулойим, бирам камтарки, дедим, ресторан нима, ҳар хил бошқа муассасалар нима, билмайди!
Ж и в о т а (тасдиқлаб). Ҳа, тўғри, билмайди!
Д р а г а. Ичмайди, чекмайди, олим, бой, рисоладагидай …
М а р а. Бўлмасам-чи, худди шундай!
Д р а г а. Олимлиги ҳам ростми?
Ж и в о т а. Сўраб нима қиласиз? Дипломига бир қаранг. Хўш, улар нима деди?
Д р а г а. Ҳеч нима, нуқул сўрагани сўраган. Оиласи, мавқеи… Мана қулай фурсат, дедим, эрталаб у маъруза ўқийди, боринг, эшитинг. Ўша ерда кўрасиз… Қиз қизиқиб: “Ойи, ўтиниб сўрайман, эрталаб маърузага борайлик”, – деб қолди. Келишса керак.
Ж и в о т а. Бу учрашув учун бир баҳона, Мара.
М а р а. Насиб этса!
Д р а г а. Чиқиб кетаётганимда онаси орқамдан: “Драга хоним, бизникига кириб туринг, албатта кириб туринг”, – деб қолди.
М а р а. Кейин-чи?
Ж и в о т а. Сенга яна нима керак?
Д р а г а. Ҳаммаси жойида бўлади, мен яхши биламан бу ишларни. “Драга хоним, бизникига кириб туринг, албатта кириб туринг” деган гапининг тагида нима борлиги равшан.
Ж и в о т а. Биласиз, мен камбағал эмасман, аммо, ҳар ҳолда, билиб қўйсак чакки бўлмас: қизига неча километр сеп бераркин?
Д р а г а. А? Нега сепни километрлаб ўлчайсиз?
Ж и в о т а (кулиб). Аҳа! Новвойдан тандирда қанча пул пишираяпсан деб эмас, қанча нон пишираяпсан деб сўралади-а? Нон – унинг бойлиги. Темир йўл министрида ҳам шундай: километрлар – унинг бойлиги.
Д р а г а. Мен негадир унча тушунмадим, жаноб Живота.
Ж и в о т а. Ҳозир тушунтираман. Министрнинг қўлида Трансбалкон темир йўлининг қурилиши. Бу – минглаб километр, давлат аҳамиятига эга! Мен бутун Трансбалкон йўлини сеп қилиб берсин деяётганим йўқ, бундай қилолмайди, лекин тўрт юз-беш юз километрини ажратиб берар ахир.
Д р а г а. Шунақа денг? Ўз фарзандига бермай, кимга берарди… Совчигаям, балки, бирон километри тегиб қолар.
Ж и в о т а. Бўлмасам-чи. Мен сизга кўприк ёки тоннель ваъда қилолмасам-да, бирон километр…
М а р а. Маъзур тутасиз, сиздан баъзи нарсаларни сўраб олсам.
Д р а г а. Марҳамат қилинг, Мара хоним.
М а р а. Қиз чиройлими?
Ж и в о т а. Министрнинг қизи бўлади-ю, чиройли бўлмайдими!
М а р а. Одоблими?
Д р а г а. Ҳа-да. Одобли бўлмаганида, аллақачон эрга тегиб кетган бўларди.
М а р а. Бизнинг Милораддан катта эмасмикин?
Ж и в о т а. Катта, бемаъни гап! Министрнинг қизи-я!
Д р а г а. Хуллас… Эрталаб маърузада бўлишади, мен ана ўша ерда ўғлингиз уларга ёқдими, йўқми, биламан. (Ўрнидан туради.) Келиб ҳаммасини сизга айтиб бераман.
Ж и в о т а. Жуда яхши!
Д р а г а. Энди менга жавоб, хайр қудажонлар. (Хайрлашиб чиқади.)
М а р а (кузатиб). Хайр, раҳмат сизга.
Ж и в о т а (кузатиб). Раҳмат, кириб туринг, албатта кириб туринг!

7

Ж и в о т а. Хўш, эшитдингми?
М а р а. Бахти очилармикин?
Ж и в о т а. Ўргулай, министрнинг қизи-я, министрнинг қизи!
М а р а. Яхши, Живота, фақат… Нима десамикин… қандайдир ғалати… уйланганни уйлантираяпмиз.
Ж и в о т а. У эмас, унинг номи уйланган.
М а р а. Уйқумда ҳаловат йўқ, туни билан ўйлаб чиқаман: орзу-ҳавас кўрсам дегандим, бирдан осмондан шалоп этиб келин тушди, кимлигиниям билмайсан киши, бунинг устига – невара. Милован, Радован ёки Доброслав бўлсаям майлийди, Пепик деганларига ўлайми!.. Одам исмини айтишгаям уялади.
Ж и в о т а. Нимасини айтасан… Бир бошимга шунча ташвиш!
М а р а. Ишониш қийин… Адвокат ҳеч нима демадими?
Ж и в о т а. Адвокат яхши маслаҳат берди: Клара келиб, “ассалому алайкум” дейиши билан Милорад унга бир тарсаки туширади.
М а р а. Аёлни уриш, нега?
Ж и в о т а. Ҳақорат қилиш учун. Ҳақорат – ажралиш учун баҳона.
М а р а. Милорад кўнмайди.
Ж и в о т а. Бўлмаса, аёл ўғлингни тарсаки билан туширсин – бу ҳам ҳақорат.
М а р а. Нима деяпсан, қўйсанг-чи! Благое айтганидай, биз Кларани гувоҳлар олдида хиёнатда айблаймиз.
Ж и в о т а. Тентак, ким гувоҳ олдида хиёнат қилади.
М а р а. Благое айтдики, Милорад уни уришга рози бўлмаса, балки ўпишга рози бўлар.
Ж и в о т а (ишонч билан). Рози бўлади. Ўғлимни яхши биламан, бундай ишларга суяги йўқ.
М а р а. Милорад уни ўпиб турганида, бошқа хонадан гувоҳлар чиқиб, уларни судга олиб боришса қандай бўларкин, дейди Благое.
Ж и в о т а. Хўш, судда нима қиламиз?
М а р а. Кларани хиёнатда айблаймиз!
Ж и в о т а. Ана бу донони қаранг-а… Благоенинг синглиси эканинг шундоққина кўриниб турибди.
М а р а. Нима бўпти?
Ж и в о т а. Ахир Милорад унинг қонуний хотини-ку. Демак у судга “Қонуний хотиним мени ўпгани сабабли мен уни хиёнаткор деб биламан ва ажралишни талаб қиламан”, дер экан-да.
М а р а (ҳайрон). Во-ей, ҳаммаси алкаш-чалкаш бўлиб кетди-ку, бошимни йўқотиб қўймасам кошкийди.

8

М и л о р а д (киради, қўлида газета). Бу нимаси?
Ж и в о т а. Нима?
М и л о р а д. Мана бу, газетада ёзилган нарса: гўё мен маъруза ўқирмишман, мени эшитай деб чет элдан доктор Райсер келган эмиш.
Ж и в о т а. Газетада ёзишибдими, демак, тўғри.
М и л о р а д. Нима тўғри?
Ж и в о т а. Доктор Райсернинг келгани.
М и л о р а д. Лекин менинг маъруза ўқишим нотўғри.
Ж и в о т а (Марага). Кўраяпсанми? (Милорадга.) Ҳой, менга қара.
М и л о р а д. Қанақа маъруза, нима тўғрисида?
Ж и в о т а. Мана маъруза тайёр. (Қўлёзмани беради.)
М и л о р а д. Ўзингга буюрсин. Менга керакмас.
Ж и в о т а. Илтимос қиламан. Бунда сенинг бахтинг масаласи турибди! (Марага.) Сен ҳам бир нима десанг-чи, оғзингга талқон солдингми?
М а р а. Нима дейман? Болагинам ақлли, айтганингни қилади.
Ж и в о т а. Бахтинггина эмас, ор-номусинг ҳам шунга боғлиқ, агар билсанг, менинг номусим ҳам!
М и л о р а д. Ҳа, шунақа денг, сизларнинг номусларингни мен ҳимоя қилай, менинг шаънимга доғ тушсаям майли. (Марага.) Кеча ўн минг динор сўраган эдим, бермади.
Ж и в о т а. Шу ўн минг динорни берсам, маъруза ўқийсанми?
М и л о р а д. Аввал бераман дегин, кейин бир гап бўлар.
Ж и в о т а. Бир оз камайтиргин, камайтирасанми-а? Ўн минг динор, ахир, жуда кўп-ку!..
М и л о р а д. Жуда кўп?.. Шунча қарзим бор. Диплом, хотин, бола етмай тургандай, маърузани ҳам бўйнимга илдингиз! Яна ўн минг динор кўп эмиш!..
Ж и в о т а. Ахир буларнинг ҳаммаси сен учун. Маъруза сенга нима келтиришини биласанми? Мара, тушунтир бунга, маърузада ким бўлишини очиқ айт.
М а р а. Ўғилгинам, министрнинг қизи бўлади, атайин сени кўриш учун келармиш, совчи шундоқ деди.
М и л о р а д. Совчига бало борми, уйланганман-ку?
Ж и в о т а. Нима қилибди? Уйланганлар ажралишмайдими? Буни менга қўйиб бер.
М а р и ц а (кириб). Иккита хоним келишди.
Ж и в о т а. Қанақа хонимлар?
М а р и ц а. Уч-тўрт кун бурун келишувди-ку, ўшалар.
Ж и в о т а. Етимхонадан. (Милорадга.) Маъруза учун келишган.
М и л о р а д. Бу мени қизиқтирмайди.
Ж и в о т а. Бутун Белградда масхара бўламиз-а. (Марицага.) Майли, киришсин.
М а р и ц а. Хўп бўлади. (Чиқади.)

9

Ж и в о т а. Ўғлим, ўзингниям мениям шармандаликдан қутқар.
М и л о р а д. Ўзимни қутқараман. (Кетмоқчи бўлади.)
Ж и в о т а (кийимидан маҳкам ушлаб). Мара!.. Ушла!..
М и л о р а д. Ўн минг динор берасанми?
Ж и в о т а (иккиланади, хонимларнинг оёқ товушини эшитиб, ноилож рози бўлади). Хўп, майли, товламачи, юлғич!

10

П р о т и ч ва С п а с о е в и ч (кириб, бир овоздан). Салом, хоним афанди! Салом жаноб Цвийович!..
Ж и в о т а. Менинг ўғлим, доктор Милорад Цвийович!.. (“р” ҳарфига алоҳида урғу бериб гапиради)
Х о н и м л а р. Ҳа, бизнинг ёш олим, жуда соз, бағоят хурсандмиз. (Кўришадилар.)
Ж и в о т а. Ҳозиргина ўғлим сизлар билан танишиш иштиёқида эканини айтиб турганди.
Х о н и м л а р. Оҳ, бу қандай бахт!..
С п а с о е в и ч. Биз вакил…
П р о т и ч. Тўққизинчи етимхона бошқармаси кенгаши…
С п а с о е в и ч. Протич хоним, маъзур тутасиз, мен ўзим… биз газетадан маърузани эшитиш учун Фрейбургдан доктор Райсер келганини билиб қолдик.
П р о т и ч. Жаноб Райсерни шахсан таклиф этмоқчи эдик.
С п а с о е в и ч. Уни қаердан топса бўларкин?
Ж и в о т а. Яхшиси, қидирманглар, афтидан, у маърузаларни ёқтирмаса керак.
П р о т и ч. Газеталарда шу маърузани эшитиш учун келди деб ёзилган-ку.
Ж и в о т а. Ҳа, албатта, жаноб Райсер умуман маърузаларни ёқтирмаса-да, буни эшитади.
С п а с о е в и ч (Милорадга). Жаноб доктор, сизни бошқармамиз кенгаши аъзоларидан биронтаси тингловчиларга таништирса яхши бўлмасмикин. Шунга нима дейсиз?
М и л о р а д. Менга барибир.
П р о т и ч. Балки, сизни кенгашнинг иккита аъзоси таништиришини истарсиз?
М и л о р а д. Иккита бўлса ҳам майли, бироқ улардан биттаси гапиргани маъқул.

11

Б л а г о е (киради, ҳансираган ҳолда). Ана у, келаяпти!..
Ж и в о т а. Ким?
Б л а г о е. Профессор Райсер!..
Х о н и м л а р (хурсандликдан сакрашиб). Оҳ, қандай соз!..
Ж и в о т а. Эсинг жойидами? Уни менинг олдимга олиб келиб нима қилардинг?
Б л а г о е. Нима қилай, Милораднинг онасини кўришим керак деб туриб олди!..
Ж и в о т а. Отасини кўрди-ку, онасини нима қиларкан?
С п а с о е в и ч. Бахтимизни қаранг-а, буюк олим билан шахсан танишиб, етимхонага таклиф қиламиз.
Ж и в о т а (Благоега). Бориб айт, келмасин!
Б л а г о е. Шунча уриниб кўрдим, бўлмади!
Ж и в о т а. Унда йўқол кўзимдан!
(Благое хижолат чекиб, чиқади.)

12

Ж и в о т а (секин кулаётган Милорадга). Ҳа, сен нимага шақиллаб қолдинг?
М и л о р а д. Благое тоғам жуда кулгили-да.
Ж и в о т а. Кулгиликка кулгили! Лекин энди нима қиламиз?
П р о т и ч. Тўққизинчи етимхона номидан унга ташаккур билдиришга ижозат берсангиз.
Ж и в о т а (ўзини тамомила йўқотиб). Ҳа, унга айтинг… фақат, илтимос, ўзингизни йўқотиб қўйманг… э, кечирасиз сиз эмас, сен Милорад, қўрқма, дадил бўл!..
М и л о р а д. Нега энди мен?
Ж и в о т а (баттар довдираб). Ҳа, ҳа, сен эмас. Мара, унда сен дадил бўл.
М а р а (чўчиб). Нега энди мен?
Ж и в о т а. Нега энди мен, нега энди мен?! Кимдир уни кутиб олиши керакми, йўқми!..

13

(Благое, Райсер, Велимир кирадилар)
Б л а г о е. (биринчи бўлиб киради, довдираган, ўзини йўқотган). Марҳамат қилсинлар, марҳамат қилсинлар! (Райсер киргандан кейин.) Ижозатингиз билан… Милораднинг отаси, жаноб Животани таништирсам…
Ж и в о т а. Қачондан бери мен ота бўлиб қолдим, нега мени бу ишга аралаштирасан?
Б л а г о е. (баттарроқ довдираб). Яъни, масалан, мен – ота, бу эса она. (Животани кўрсатади.)
Х о н и м л а р. Вой ўлмасам!..
(Мара чўқинади, Милорад қотиб-қотиб кулади.)
В е л и м и р (жаҳли чиқиб, аҳволни тузатмоқчи бўлади; Благоега). Дада, нима бўлди сенга, мана бу-ку ойим.
Б л а г о е. Ҳа, ҳа… (Райсерга, Марани таништириб.) Ижозатингиз билан таништирсам, Милораднинг ойиси.
Р а й с е р. (тилни китобдан ўрганган киши бўлганидан секин, ҳижжалаб). Ҳурматимни қабул қилсангиз, хоним афанди, мен ўғлингизни жуда қадрлайман.
Ж и в о т а. Марҳамат қилсинлар!
Х о н и м л а р (Животага). Ўтинамиз бизни таништиринг, бизни таништириб қўйинг!
Ж и в о т а (Благоега). Буларни таништир!
Б л а г о е (ўзини олиб қочиб). Мен буларни танимайман.
Х о н и м л а р (Райсер олдига келиб, бир овоздан). Ҳурматли жаноб профессор, биз 9-етимхона бошқармаси кенгашининг аъзоларимиз. Мазкур етимхона шундай бир муҳим ижтимоий муассасаки…
Р а й с е р (Велимирга). Илтимос, таржима қилиб беринг…
С п а с о е в и ч (Протичга). Э-э, рухсат беринг, мен гапирай, бўлмаса жаноб профессор бизни тушунолмайди.
П р о т и ч. Гапиринг, марҳамат!
С п а с о е в и ч. Биз, олийҳиммат жаноб профессор, 9-сонли етимхона бошқармаси кенгашининг аъзоларимиз!
П р о т и ч. Мазкур етимхона шундай бир муҳим ижтимоий муассасаки…
С п а с о е в и ч. …маърузалар ташкил қилиб туради.
Ж и в о т а (Благоега). Ҳозир бомба портлайди!
П р о т и ч. Биз сизни маърузага таклиф қилгани келдик, маърузани сизнинг саховатли шогирдингиз… (Милорадни кўрсатади.) Жаноб доктор Милорад Цвийович… ўқийди.
Р а й с е р (ажабланиб). Кечирасиз…
С п а с о е в и ч. Унинг ҳурматли отаси жаноб Живота… (Животани кўрсатади.)
Б л а г о е (секин Животага). Портлади…
П р о т и ч. …илтифот қилиб, жаноб докторни кўндиришда бизга ёрдам берди.
С п а с о е в и ч. Биз шунинг учун ҳам бахтлимизки, ҳурматли жаноб профессор, Фрейбургдан атайлаб шу маърузада қатнашиш учун келибсиз.
Р а й с е р (Велимирга). Мен ҳеч нимага тушунолмаяпман. Қанақа маъруза ўқимоқчисиз?!
С п а с о е в и ч. У эмас, жаноб доктор Милорад Цвийович. (Милорадни кўрсатади.)
Р а й с е р. Э, ҳа, жанобнинг ўғли. (Благоени кўрсатади.)
П р о т и ч. Унинг ўғли эмас! Бу жанобнинг ўғли! (Животани кўрсатади.)
Ж и в о т а (Протичга). Худо хайрингизни берсин, мени бу ишга аралаштирманг.
Р а й с е р (Животага). Сиз кимнинг отасисиз?
Ж и в о т а. Билмай қолдим!
М а р а. Эҳ, Живота!
Р а й с е р (Благоега). Хўш, сиз кимнинг отасисиз?
Б л а г о е. Билмай қолдим!
П р о т и ч (Животага). Тақсир, ахир Милорад Цвийович сизнинг ўғлингиз-ку, маъруза ўқиб беради, шундай эмасми?
Р а й с е р. Пардон, хоним, доктор Милорад Цвийович – бу кишининг ўғли. (Благоени кўрсатади.)
Б л а г о е. Ҳа, шундай!
Х о н и м л а р. Вой ўлмасам!
Ж и в о т а. Кўриб турибсиз, масала равшан, бу тўғрида ортиқ оғиз очмаган маъқул.
С п а с о е в и ч (Марага). Ўтиниб сўрайман сиздан, хоним афанди, айтинг-чи, ўғлингизнинг отаси ким?
М а р а. Мен қаердан билай?!
Х о н и м л а р. Вой ўлмасам!..
М и л о р а д. Ойи, нима деяпсан?
М а р а. Нима деяётганимни ўзимам билмайман, ипга ўралиб қолган ғозга ўхшайман.
Х о н и м л а р. Аммо марҳамат қилиб тушунтирсангиз, биз негадир англаёлмаяпмиз…
Ж и в о т а (ўзига бир оз келган эди, бирдан қайнаб кетади). Овозларингни ўчирасанларми, йўқми! Нега ҳадеб оилавий ишимизга аралашаверасанлар?.. Менга Пепик камлик қилиб турувди, энди етимхонани ҳам елкамга ортишди…
Х о н и м л а р. Бу нимаси, тақсир!
Р а й с е р (уни тинчитишга ҳаракат қилиб). Хонимлар демоқчики…
Ж и в о т а (қайнаб). Э-э, сизни ўзи Фрейбургдан қайси алвасти чақирди, нега ҳа деб оилавий ишларимга бурнингизни тиқасиз?.. Ҳой, Византия, оиламни тинч қўй! Фрейбург номини эшитсам кўнглим айнайди. Бас! (Бақиради.) Етар!.. (Умумий ҳаяжон, Велимир Райсерни тинчитишга уринади. Протич ва Спасоевич Мара билан Благоега бир нималарни тушунтираяпти. Милорад бир четда туриб, мазза қилиб кулаяпти. Живота мушкул бир аҳволда, ўзича.) Пепик, бечора Пепик, мени не кўйларга солдинг!..

ПАРДА

УЧИНЧИ ПАРДА

1

(Милорад оёқларини стулга қўйиб, кушеткада ётибди. Асабий бир ҳолатда, чекмоқда.)
М а р и ц а (киради). Жаноб Милорад!
М и л о р а д (ирғиб туриб, бақиради). Нима?.. Айтдим-ку, ҳеч ким менинг тинчимни бузмасин деб!
М а р и ц а. Мен…
М и л о р а д. (унга ёстиқларни отади). Йўқол!.. Йўқол!..
(Марица чап томонга қочади.)

2

(Милорад олдингидай ётиб, чека бошлайди. Чап томондаги хонадан Славка, унинг кетидан яшириниб Марица чиқади.)
М и л о р а д (ирғиб туриб, яна ёстиқ отмоқчи бўлади). Мен нима дедим?..
С л а в к а (унга яқин келиб). Ўтинаман, тинчлан! (Шу пайт Марица ташқарига чиқиб қочади.) Бугун сенга нима бўлди?..
М и л о р а д. Нима?.. Қутуришимга оз қолди…
С л а в к а. Нега ахир?
М и л о р а д. Сўраганинг нимаси? Ўз кўзинг билан кўрмадингми, маърузада шарманда бўлганимни?
С л а в к а. Қандай қилиб ўзингни бу даража йўқотиб қўйдинг-а?.. Албатта, халойиқ кула бошлаганда, ўзимизни қаерга қўйишни билмай қолдик. Иложи бўлганда, қочиб қолардим.
М и л о р а д. Қандай қилиб йўқотмай? Мана ўқиб кўргин-а, нима деб ёзган ўша файласуф қарға! Бир эшитиб кўр. (Ёнидан қўлёзмани чиқариб, ўқийди.) “Логоцентрик ва биоцентрик проблемаларнинг контемплятив интуицион – виталистик баёнида биз климактерик маданиятларнинг деризорли профанацияларига дуч келдик”. Қани, бир қайтариб кўр-чи! Шу сўзларга келганимда, миямга қон қуйилди, қалтирай бошладим, бамисоли одам юрмас, ёввойи ҳайвонлар ўкирадиган чангалзорга кириб қолгандай чалкашдим, адашдим. Шунақа сўздан яна бир жуфти бўлгандами, арслондай ўкирардим!.. Сен яна сўраб ўтирибсан!..
С л а в к а. Нега бўлмаса шу маърузани ўқишга розилик бердинг?
М и л о р а д. Нега?.. Қандай йўл билан бўлмасин, ўн минг динор топишим керак эди-да.
С л а в к а. Яна бирон қарз берган одам учундир?
М и л о р а д. Йўқ, бу сафар чиройли аёл учун.
С л а в к а. Биргина аёл учун-а?
М и л о р а д. Бўлмасам-чи! Қарз берган одам унча хавфли бўлмайди, олдин огоҳлантиради, кейин судга беради, суддан ижро қоғози келади, аёл эса бир нафасда ё у ёқлик-ё бу ёқлик қилади қўяди.

3

М а р и ц а (эшикдан бошини суқиб). Тақсир, сизни қандайдир бир хоним сўраяпти…
М и л о р а д (бақириб). Қанақа хоним?
М а р и ц а. Болалик аёл.
М и л о р а д. Бу – ўша. (Сочилган ёстиқ ва бошқа буюмларни йиғади.) Ҳозир у ҳаммасига жавоб беради!
С л а в к а. Ким?
М и л о р а д. Етимхонадан бўлса керак. Кеча болалар билан бориб ташаккур билдириб келаман, деганди.
С л а в к а. Нима бўлгандаям, қўполлик қилиш ярамайди.
М и л о р ад. Йўқ, азизим! Бошига бир тушираман. Бу етимхона мени шармандаи шармисор қилди. (Марицага.) Айт, кирсин.
С л а в к а (ўз хонасига кираётиб). Ўзингни тут, ўтинаман!

4

(Марица четлашиб, тўрт яшар бола етаклаган Кларани ичкарига киритади. Милорад унга ёстиқ отмоқчи бўлади.)
К л а р а (бунақа мулозиматдан ажабланиб, орқага тисланади). Пардон! (Милорад бу етимхона вакили эмас, балки чиройли ва истараси иссиқ аёл эканини кўриб, секин-аста қўлини туширади.) Кечирасиз, мен жаноб Милорад Цвийовични қидириб келган эдим.
М и л о р а д. Бу – мен.
К л а р а. Йўғ-ей, нима деяпсиз, тақсир, мен ўз эримни айтаяпман.
М и л о р а д. Ҳа, мен ўшаман.
К л а р а. Вой, тақсир, мен эримни ҳар ҳолда яхши билсам керак.
М и л о р а д. Ҳар ҳолда, бекам, эрингиз мен бўламан.
К л а р а. Балки, сизнинг тилингизда тўғри гапиролмаётгандирман?
М и л о р а д. Мутлақо ундаймас, Клара хоним, сиз яхши гапирар экансиз. Мени лол қилдингиз. Пепик, эҳтимол, тилимизни билмаса керак?
К л а р а. Сиз унинг исмини қаердан биласиз?
М и л о р а д. Ўз боламнинг исмини нега билмас эканман. Кел, тойчоқ, кел менга, қўрқма! Қизиқ, мутлақо менга ўхшамайди.
К л а р а. Аммо, тақсир… ким билан танишиш шарафига муяссар бўлдим?..
М и л о р а д. Мен ўзимни таништирдим, бекам.
К л а р а. Манзилни алмаштириб қўймадиммикин? Бироқ сиз бизнинг исмимизни биласиз. Бу ерда иккита Цвийович яшамасмикин?
М и л о р а д. Доктор Милорад Цвийович менман – мендан бошқа эрингиз ҳам йўқ.
К л а р а. Яхши, бироқ қандай қилиб…
М и л о р а д. Ишонмайсизми? Сизга қандай қилиб исботласам экан?
К л а р а. Онангиз шу ердамилар?
М и л о р а д. Ҳа. (Қўнғироқ чалади.) Ойим сизга тушунтиради.

5

М а р и ц а (кириб). Нима керак!
М и л о р а д. Ойимни чақириб қўйинг, Клара хоним билан Пепик келишибди, денг.
М а р и ц а. Хўп, бўлади. (Чиқади.)

6

К л а р а. Ажаб! Онангиз мени кутаяптими?
М и л о р а д. Менга хат ёздингиз-ку?
К л а р а. Ҳа, бироқ мен ўз эримга ёзган эдим… Бунақа ўзгариш бўлиши мумкин эмас. Сиз эримга сира ўхшамайсиз.
М и л о р а д. Эрингизга ўхшашимнинг ҳожати йўқ, бироқ ишонтириб айтаманки, мен қуйиб қўйгандай доктор Милорад Цвийовичнинг ўзгинасиман.
К л а р а. Билмадим, эҳтимол…
М и л о р а д. Мана ойим, сўзларимни тасдиқлайди.

7

К л а р а. (Марага пешвоз чиқиб, унинг қўлини ўпади). Ойи, ойижон, мен сизни кўрганимдан ғоят бахтлиман!
М а р а. (довдираб). Мен… ростданми, Клара?
К л а р а. (болани қўлига олиб). Пепик, херцхен, кюсс ди ханд дер гроссмама! Дас ист дайне гроссмама.
М а р а. (баттарроқ довдираб). Ҳа, бу Пепикми?.. Энди нима қилай? Милорад, ўғлим, нима қиламиз?
М и л о р а д. Нима қилардинг? Қучоқла неварачани!
М а р а. Ҳа, тўғри… болада нима айб. (Пепикни ўпади; Кларага.) демак, келибсизлар-да? Поезд қачон келди?
К л а р а. Ярим соат бўлди.
М а р а. Ўзларингми? Эрингиз кутиб олмадими?
К л а р а. Йўқ! Мен келиш вақтини аниқ кўрсатмаган эдим. (Марани қучоқлаб.) Ойи… шунақаям меҳрибонсизки! Милорад менга айтган, сиз дунёдаги энг яхши аёлсиз.
М а р а (Милорадни қучоқлайди ва эркалайди). Оналарнинг ҳаммаси ҳам шунақа. Ўғлим бироз шўхроқ.
К л а р а. Йўқ, бу эмас…
М а р а. Ким бўлмаса?
К л а р а. Менга ўзимнинг эрим айтган.
М а р а. Унинг онасини танимайман ҳам.
К л а р а (ажабланиб). Қанақасига? Ўтинаман, хоним афанди, менинг эрим Милорад… Менинг Милорадим бошқа… бу эмас…
М а р а. Бошқа бўлса кошки эди, бошқа эмас-да.
М и л о р а д. Бу – мен, бошқа Милорад йўқ.
К л а р а. Доктор Милорад Цвийович-а?..
М и л о р а д. Мен.
К л а р а. Тушунтириб беринг, балки мен янглишаётгандирман?
М а р а. Қандай қилиб тушунтираман?.. Оҳ, болагинам, менинг ўзим ҳам худди туш кўраётгандайман, билмайман…
К л а р а (Милорадни кўрсатиб). Бу жаноб эрингман, дейди. Буни қандай тушунса бўлади?
М а р а (Милорадга). Айтдингми? Отанг хафа бўлади. (Кларага.) Чинданам бу сизнинг эрингиз, бироқ бу ҳақда оғиз оча кўрманг, ҳеч ким билмаслиги керак.
К л а р а. Вой, Худойим… даҳшат. Сиз менинг устимдан кулаяпсиз. Бу қандай кўргилик! Эй, Худо! (Йиғлайди.)
М а р а (унинг олдига келиб, овутади). Йиғламанг, жонгинам, буни шундай қолдирмаймиз, никоҳни бузишга ҳаракат қиламиз!
К л а р а (бошини кўтариб). Никоҳни бузиш? Нимага?
М а р а. “Нимага?”. Ўзим ҳам билмайман, нимага?.. Милорад, азизим, бунга сен тушунтир…
М и л о р а д. Дадам тушунтира қолсин. (Кларага.) Гроссдада ҳаммасини тушунтириб беради. Ойи, Клара хоним йўлдан чарчаб келган, Пепик ҳам оч қолгандир.
М а р а. Вой ўлмасам, рост! Марҳамат қилинг, эримни кутамиз. Марҳамат!
М и л о р а д. Қани, бекам, марҳамат қилсинлар, ўз уйингиздасиз. (Чап томондаги эшикни кўрсатади.) Ойи, қалай, сенга ёқдими?! (Мара қўли билан жим бўл ишорасини қилади ва Кларани олиб чиқади. У ҳам секин улар ортидан боради, ўзича.) Етти ухлаб тушимга кирмаган эди, қаранг, шундай чиройли хотиним бор экан-а!..

8

Ж и в о т а. (Благое билан уришаётган овози эшитилади. Бироздан кейин киради). Менга фириб бердинг, ҳеч бўлмаганда мени саксон тингловчига туширдинг!
Б л а г о е. Ким туширди? Менинг нима алоқам бор? Нега мен?
Ж и в о т а. Сен, албатта!.. Мен сенга юзта билетни сотиб олиб, ишонч­ли одамларга бўлиб бергин, деб пул бердим. Хўш, қани ўша қарсакчилар? Ўнтача одам қарсак чалди, холос. Қолгани сувга чўкибди-да.
Б л а г о е. Ўтирувди, биродар, қарсак ҳам бўлди, бироқ…
Ж и в о т а. Нима бироқ? Бир неча кишигина шунчаки йўлига кафтини қашлаб қўйди, Милорад довдираб, ўзини йўқотгач, сенинг юз билетингнинг ҳаммаси қаҳ-қаҳ уриб кула бошлади, гўё бепул билет уларга кулиш учун берилгандай.
Б л а г о е. Йўқ, ундаймас, тақсирим, кулганлар ўз пулига билет олиб кирган. Тақиқлай олмайсан, улар ўз пулгинасига кулишди.
Ж и в о т а. Нимага кулишади?
Б л а г о е. Чунки…
Ж и в о т а. Чунки ҳеч нимага ақли етмайди: хорижий сўзларсиз фалсафа фалсафами.
Б л а г о е (бўғинлаб). Ан-ти-ци-па-тив ди-на-ми-ка. Буни ёдладим. Бироқ ўлай агар маъносини билсам, сен биласанми?
Ж и в о т а. Билмайман!
Б л а г о е. Ҳеч ким билмайди.
Ж и в о т а. Ҳамма билганда, фалсафа бўлармиди. Фалсафа дегани нима ўзи? Фалсафа шуки, мен гапирганда сен тушунмайсан, сен гапирганда мен тушунмайман. Сен қилган иш, масалан, нақ фалсафанинг ўзгинаси. Мен сенга юзта билетга пул бердим, сен бўлсанг атиги йигирмата сотиб олгансан.
Б л а г о е. Яна бошладингми?

9

М а р а (Пепик билан бирга киради). Живота…
Ж и в о т а (Пепикни кўриб, унга ажабланиб термулади ва тўсатдан тили тутилади). Мара… Бу ўшами?..
М а р а. Ҳа!
Ж и в о т а. Пепик-а?
М а р а. Ҳа.
Ж и в о т а. Пепик?!.. Эй, Худо, эй, Худойим! (Қаттиқ ҳаяжонланади, йиғлай бошлайди ва кўзини ишқалайди.)
М а р а. Ҳой, энди нимага йиғлайсан?
Ж и в о т а. Вой, Худойим-ей, менинг неварагинам!
Б л а г о е. Нега неварагинанг бўларкан!
Ж и в о т а. (чўчиб, афти ўзгаради). Ҳа-я… Қандай қилиб у менга невара бўлсин. Қарибман, шекилли… бировнинг боласига йиғлаб ўтирибман-а!
Б л а г о е. Мен ҳам ҳайрон бўлдим, нимага…
Ж и в о т а. “Нимага, нимага?”. Агар билсанг, расман чинданам у менинг неварам.
М а р а. Яхши бола, мўмингина, шўхликни билмайди.
Ж и в о т а. Шўхликни билмайди, албатта, Швейцарияда туғилган, у ерда бошқача, бизда эса туғилганидан то бандаликни бажо келтиргунча ўкиришади. Сен унга бошимизга қандай балолар ёғдирганини тушунтирмадингми?
М а р а. Кимга?
Ж и в о т а. Пепикка.
М а р а. Нима деяпсан, Живота, ахир у гўдак-ку!
Ж и в о т а. Гўдакликка гўдак, бироқ билиб қўйсин… Менга қара, Пепик, болагинам, сўзларимга қулоқ сол… (Берилиб кетади, Пепик унинг сўзларига тушунаётгандай, жиддий оҳангда гапира бошлайди.) Гапларимни эслаб қол, бир қулоғингдан кириб, иккинчисидан чиқиб кетмасин тағин! Хўп, майли, сен туғилдинг дейлик, бу сенинг шахсий ишинг, бунга аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бироқ сенинг ҳам бошқаларнинг шахсий ишларига аралашишга ҳаққинг йўқ. Сен эса, биродар, ёруғ дунёга келган заҳотиёқ менинг режаларим ва ҳисоб-китобларимга суқилиб кирдинг-у, шундай чигаллаштириб юбордингки, уни ечишга бандасининг кучи етмайди. Далил келтиришим мумкин. Мана масалан, қоринчангга ярим килограмм гилос сиғмасаям, 470 километр трансбалкон темир йўлини, тўртта кўприк, еттита тоннелни ғинг демасдан ютиб юбординг! Нима қилиб қўйганингни билдингми энди?
Б л а г о е. (Пепикка). Ферштейст ду?
Ж и в о т а. (Благоега). Ферштепт – мерштетингни билмайман, менга барибир, фақат бу менинг гапларимни эшитсин. (Пепикка.) Хўш, ўғилчам, сен улғаясан, айтайлик, мактабни тугатолмайсан, ўқишнинг ўрнида фирибгарлик қилиб, сохта векселлар, чеклар, тилхатлар ясайсан. Катта бўлганингда бу тушунарли, бироқ сен, ўғилчам, сохта бўлиб туғилдинг!.. Қани энди ўзинг айт-чи, яхшими шу? Ахир туғилгандан кўзбўямачилик билан шуғулланган бўлсанг, охири нима бўлади? Қани айт-чи, азизим, нега келиб-келиб менинг номимни ўзлаштириб олдинг, шириллатиб қўл қўявераман дебсанда-а, векселларга?! Эҳ, Пепик, кечир мени, мен сенга раҳм қилолмайман! Мерос дейсанми? Кутишга тўғри келади!
М а р а. Ё тавба, Живота, сен шундай гапиряпсанки, гўё бола ҳаммасини тушунаётгандай.
Ж и в о т а. Мен бунга ҳамма гапни айтаман, балки бироз енгил тортарман.
М а р а. Гапларингни отасига айт.
Ж и в о т а. Менга қара… Пепик бир ўзи келдими?
М а р а. Онасиям шу ерда.
Ж и в о т а. Клара-я?
М а р а. Ҳа.
Ж и в о т а. Хўш, у нима дейди?
М а р а. Ҳеч нима, ҳаяжонда, ўзига келмаяпти, йиғлагани йиғлаган. Славка билан Милорад унинг ёнида, юпатишяпти.
Ж и в о т а. Милорадга айтиб қўй, жудаям юпатавермасин, эшитдингми? У унга эр эмас! Велимир келмадими?
М а р а. Йўқ. Айтиб келишга одам юбордим. Биласанми, у қўлингни ўпмоқчи.
Ж и в о т а. Нима қилади қўлимни ўпиб?
М а р а. Ўзинг биласан. Рад этиш яхшимас, ҳар қалай. Чақирайми уни?
Ж и в о т а. Нима дейишимни ҳам билмай қолдим! Благое, сен нима дейсан?
Б л а г о е. Қўлни бериш мумкин-у, лекин совуқроқ, сен бўлсанг мана Пепикни кўриб йиғлаб юрибсан.
Ж и в о т а. Аламимдан йиғладим… Сен, Мара, боравер, мен ҳозир бораман, Благое билан қиладиган баъзи ишларим бор.
М а р а. Бўпти. (Пепикка.) Юр, Пе… Уҳ, Худо урсин, ҳеч отини айтолмайман. Қани юр, ўғилгинам! (Пепик билан чиқади.)

10

Ж и в о т а. Эҳ, Благое, нимадан бошлашни билмайман. Бир қарорга келиш керак. Профессор креслосида ўтиргансан, бирон бир профессорча маслаҳат берсанг-чи!
Б л а г о е. Маслаҳат берганман: Кларани хиёнатини фош қилиб, ажралиш ҳақида масала чиқарамиз. Бошқа йўл йўқ.
Ж и в о т а. Хиёнатсиз бўлмасмикин?
Б л а г о е. Бўлади! Агар сен тан олсанг, нима учун…
Ж и в о т а. Яна шу гап. Бирон янгироқ гап топсанг-чи.
Б л а г о е. Янгироқ гап? Характерлари тўғри келмади, десакмикин…
Ж и в о т а. Қўйсанг-чи, Милорад қайда-ю, характер қайда…
Б л а г о е. Мен ҳам шуни ўйладим. Энг яхши йўл – хиёнат.
Ж и в о т а. Бу ишни қандай эплайсан?
Б л а г о е. Сенга айтгандим… Клара билан Велимир учрашади. Эр-хотин, бир йил кўришмаган – учрашган заҳоти қучоқлашишади. Мана шу топда гувоҳлар ҳозир бўлади – иш тамом, вассалом.
Ж и в о т а. Яхши, қани гувоҳларинг?
Б л а г о е (соатига қараб). Мен уларга соат ўн бирда келасиз дегандим. Шошма, кўрамиз! (Қўнғироқ чалади.)

11

М а р и ц а (кириб). Лаббай!
Б л а г о е. Бир жаноб билан бир хоним келишмадими?
М а р и ц а. Шу топда келиб туришган эди.
Б л а г о е. Ўшалар. Кирсин!
(Марица Сойка билан унинг эри Симани бошлаб кириб, сўнг ўзи чиқади.)

12

Б л а г о е (Животага таништиради). Мана бу Сойка хоним, униси унинг эри.
Ж и в о т а. Хурсандман!
С о й к а. Бизни жаноб Благое таклиф қилди.
Ж и в о т а. Ҳа, сиз тўғрингизда айтган эди. Айтишларича, бунақа ишларда устаси фаранг эмишсизлар.
С о й к а. Бўлмасам-чи, хизматингизга тайёрмиз. Мен ва жаноб Сима бу иш билан кўп йиллардан буён шуғулланамиз.
Ж и в о т а. Жаноб Сима деганингиз ким?
С о й к а. Эрим.
Ж и в о т а. Нега уни жаноб Сима деб атайсиз?
С о й к а. Сизга нима десам-а?.. У менга ҳам эр, ҳам эр эмас. Биз бир том остида яшасак-да, беш йил бўлди, ажрашганмиз.
Ж и в о т а. Нега ажрашдингиз?
С о й к а. Касбимиз шуни тақозо қилди. Агар биз эр ва хотин сифатида гувоҳлик қилсак, фойда оз, келишиб олишган дейишлари мумкин. Ҳозир биз ҳар хил гувоҳлармиз: У – Сима Ячменич, Мен – Сойка Пуричман. Шунинг учун ҳам мен уни “жаноб Сима” деб, у мени “Сойка хоним” деб атайди.
Ж и в о т а. Гувоҳлик бериш – бу сизнинг касбингизми?
С о й к а. Ҳа, лекин фақат ажрашиш ишлари бўйича.
Ж и в о т а. Кўпми бунақа ишлар?
С о й к а. Ҳа, шикоят қилмаймиз. Ҳозир сиёсат, футбол ва ажрашиш мода бўлган. Жамиятимиз шу билан банд. Никоҳдан ўтиб, бир-икки ой яшайдилар-у, бир-бирларидан тўйиб ажрашиш ташвишига тушиб қоладилар. Гувоҳсиз ажрашиб бўлармиди?
Ж и в о т а. Даромад тузукми, ишқилиб?
С о й к а. Худога шукур, топиб турибмиз. Ҳаммаси ишга боғлиқ. “Уни, буни эшитдик” дейдиган бўлсак, бир такса, “уни, буни кўрдик” десак бошқа такса, учинчиси…
Ж и в о т а. Уни, буни.
С о й к а. Йўқ, учинчиси уни, буни эмас, ундоқ, бундоқ қилиб тургани устидан чиқиб қолдик.
Ж и в о т а. Ундоқ, бундоқ? Буниси энг қиммат турса керак-а?
С о й к а. Йўқ, энг қиммати сохта қасам ичиш.
Ж и в о т а. Қасам ҳам ичасизми?
С о й к а. Керак бўлганда.
Ж и в о т а. Ахир бу гуноҳ-ку!
С о й к а. Бошқа ишларда гуноҳ, ажрашишда эмас. Бунда сохта қасам ичсанг томонлардан бирининг олдида гуноҳкорсан, иккинчисига эса яхшилик қиласан.
Ж и в о т а. Ҳой, Благое, мана буни иш деса бўлади!..
С о й к а. Баъзан бирон бир бойвачча топилиб, ҳамёнини каттароқ очиб қолади, денг, ўшанда биз мўъжиза кўрсатамиз!
Ж и в о т а. Қандай?
С о й к а. Ғийбат ва иғво тўқиш керак бўлганда, масалан. Бир эр, айтайлик, хотинидан қутилмоқчи, бироқ ажрашиш учун асос йўқ. У келиб биздан беш юз ёки етти юз динорга иғво тўқишни илтимос қилади.
Ж и в о т а. Мен ғийбат ва иғволар бепул тўқилади деб ўйлардим.
С о й к а. Тўғри, лекин сиз айтган ғийбатлар қулоқларга шивирлаб айтилади, ажрашиш учун эса ҳаммага эшиттириб ошкора айтиш керак. Шу сабабли у ҳақ талаб қилади.
Ж и в о т а. Кўриниб турибди, ўз касбингизни пухта эгаллабсиз. Хўш, менинг ишимни қандай бажарасиз?
С о й к а. Қандай истасангиз, шундай қилиб. Хизматингизга тайёрмиз.
Ж и в о т а. Благое, режамни тушунтир.
Б л а г о е. Масала шундай: жаноб Животанинг келини, айтайлик, эрига хиёнат қилади.
С о й к а. Биргина савол. У, бироз ҳалигидай эмасми?
Б л а г о е. Ким билади? Аёл!
С о й к а. Ҳа, шўхликка келганда, аёлларга Худо берган. А келин қаерларда бўлади, дугонаси ёки бирон таниши борми?
Б л а г о е. У яқинда келган ва ҳеч қаерга чиққанича йўқ. Ҳозир бир йигит келади, у келган заҳотиёқ келинимиз унинг бағрига отилади.
С о й к а. Шунга ишонасизми?
Б л а г о е. Албатта қучоқлашишади. Шу топда икки гувоҳ уларни кўради-ю, иш тамом, вассалом!
С о й к а. Дарвоқе… бу бир мунча шубҳали, бироқ биз кўрмасак ҳам гувоҳликка ўтаверамиз.
Ж и в о т а. Йўқ, мен кўришларингни истайман.
С о й к а. Э, исташга истайсиз-а, бироқ бундан ҳеч нима чиқмайди – ахир биз турганда улар қандай қилиб ўпиша олади?
Ж и в о т а. Нега энди? Ўпишаверади!..
Б л а г о е. Яхшиси, сиз бошқа хонада яшириниб турасиз, улар қучоқлашиб турганда тўсатдан кириб борасиз.
С о й к а (ўйлаб). Бўлади, бўлади!.. Фақат қачон кириб боришни қаердан биламиз?
Ж и в о т а. Эшик тирқишидан қараб турасиз-да.
С о й к а. Йўқ, яхшиси биров сигнал берсин.
Ж и в о т а. Благое бажаради бу ишни.
Б л а г о е. Қандай сигнал?
С о й к а. Энг енгил – бирон нарсани тушириб юборасиз. (Атрофига қараб.) Мана, шу патнисни тушириб юборсангиз ҳам бўлади. (Столдан патнисни олиб, ерга ташлайди.) Яхши эшитилади.
Ж и в о т а. Сен нима дейсан, Благое?
Б л а г о е. Яхши.
Ж и в о т а. Жаноб Сима нима дейдилар?
С и м а. Кечирасиз, бегона одамларнинг олдида фақат хотиним гапиради.
С о й к а. Ҳа, шундай қилишга тўғри келади. Ўлгудай маҳмадона, нуқул ишни бузади. Гувоҳлик бериш учун айтадиган гапини ҳам мен ёзиб бераман, ёдлаб олмагунича мен уни судга олиб бормайман!
Ж и в о т а. Бўпти, сиз айтганча бўла қолсин. Ҳозир шошилмоқ керак, ҳалиги йигит ҳар дақиқада келиб қолиши мумкин.
Б л а г о е. Анави хонага кириб туринглар, марҳамат!..
(Ўнг томондаги хонага олиб киради, уларни қолдириб, ўзи тез қайтиб чиқади.)

13

Ж и в о т а. Шунақаям сергап аёл бўладими!..
Б л а г о е. Касби шунақа-да.
Ж и в о т а. Қанча олмоқчи бу иш учун?
Б л а г о е. Прейскурант бўйича.
Ж и в о т а. Бу ишни битирганимиздан кейин, мен адвокатнинг олдига бориб, ундан шикоят ёздириб олман.
Б л а г о е. Милорад шикоятга имзо чекармикин?
Ж и в о т а. У ҳам прейскурант бўйича олади. Бир маъруза учун ўн минг динор; шикоятга имзо чекиш учун кўрамиз… қанча оларкин.

14

М а р а (эшик олдида пайдо бўлиб). Келасанми, Живота, ёки у бу ерга келсинми?
Ж и в о т а. Ҳозир, ҳозир бораман! (Мара кетади. Живота кетмоқчи бўлади-ю, бироқ тўхтайди.) У билан учрашганда ўзимни қандай тутишни билмайман.
Б л а г о е. Иложи борича ўзингни совуқроқ тут.
Ж и в о т а (кетаётиб, бурилади). Патнис масаласи эсингдан чиқмасин! (Чиқади.)
(Благое келиб патнисни қулайроқ жойга олиб қўяди.)
Д р а г а (кириб). Салом.
Б л а г о е. О, қуда, салом!
Д р а г а. Сизни топганим яхши бўлди. Мен сиздан баъзи нарсаларни сўраб билмоқчи эдим.
Б л а г о е. Нимани?
Д р а г а. Ёш докторимизга нима бўлди, маърузада роса довдиради-ей.
Б л а г о е. Довдиради деб айтолмайман-у, аммо…
Д р а г а. “Аммо”га бало борми? Кулгидан одамларнинг ичаги узилай деди-ю.
Б л а г о е. Одамлар! Улар кулиш ёки йиғлаш учун яратилган-да. Профессорлар, олимлар билан алоқам яхши, уларнинг фикрича, маъруза юқори илмий савияда ўтди, ҳамма қойил қолди.
Д р а г а. Фанга тил теккизмоқчи эмасман-у, лекин бу ерда фаннинг нима дахли бор, биродар! Қанчалик довдираганини, чалкашганини, сўзларни алғов-далғов қилиб юборганини ҳамма кўрди-ку.
Б л а г о е. Бунда биз айбдормиз, у эмас.
Д р а г а. Нега биз бўларканмиз-а, биродар?
Б л а г о е. Биз айбдормиз, айниқса сен! Нимага унга темир йўл министрининг қизи бўлади деб айтдинг? Маърузада барча министрларнинг қизи қатнашуви ҳам мумкин, дерсан. Бу шундайку-я, бироқ министрнинг хотини, қизи олдинги қаторда ўтириб олиб, унга қадалиб қолишди-да. Йигит яхши гапириб турувди, кўзи бирдан министрнинг қизига тушиб қолди, ниманидир ҳис этди-ю, юраги уриб…
Д р а г а. Министрнинг қизи ёқибдими?
Б л а г о е. Ёққанда қандай! Уни кўрди-ю ўзини йўқотди қўйди. Кўз ўнги хиралашиб, байрамдаги қизлардай қоғоздаги ҳарфлар рақсга тушиб қолди… Бунақада университет ректори ҳам янглишади.
Д р а г а. Эҳтимол, эҳтимол, лекин мен бундан ҳам ёмонроқ гап эшитдим.
Б л а г о е. Нимани?
Д р а г а. Фақат тўғрисини айтасиз.
Б л а г о е. Ёлғоннинг бети қурсин…
Д р а г а. Одамлар орасида миш-миш гап.
Б л а г о е. Миш-миш?
Д р а г а. Миш-миш. Гўё ёш доктор Цвийовичнинг хотини бор эмиш.
Б л а г о е. Буни қаранг-а! Тўқиб чиқаришган!
Д р а г а. Мен ҳам айтаяпман-ку миш-миш деб.
Б л а г о е. Агар бу гап чин бўлганда, очиқ айтишарди, миш-мишга нима ҳожат? Ошиқ-мошиқликни пинҳон тутиб бўлмайди-ю, бу уйланиш-ку.
Д р а г а. Миш-миш қаердан чиққан бўлмаса?
Б л а г о е. Иғво-да бу, нима бўларди!.. Министрнинг қизи ўрта яшардан сал нарироқ эканини эшитишган-у, халақит бериш учун…
Д р а г а. Ҳой, Благое, агар уйлангани рост бўлса борми, мени министр уйидан қувибгина қолмай, озодликдан ҳам маҳрум этишади-я.
Б л а г о е. Қўйсангиз-чи, уйланганга қаллиқ қидирармидик?
Д р а г а. Ким иғво қилган бўлмаса?
Б л а г о е. Ҳар хил ғийбатчилар! Куёв бола чиройли, яхши тарбия кўрган, катта олим, рамкага солинган докторлик дипломи бор, келажаги порлоқ, миллионер ўғли. Бундай одамни қайдан топишади. Ҳар хил совчилардан Животанинг боши чиқмай қолди, совчилар қувади, Живота қочади. Животанинг уларга айтадиган гапи битта: “Ё темир йўл министрининг қизи, ё ҳеч ким! Молия министриям, ички ишлар министриям ўтаверсин”.
Д р а г а. Бўлмасам-чи, бошқаларда километрлар йўқ-да.
Б л а г о е. Ана ўша совчилар аламидан фалончининг ўғли уйланганмиш деб гап тарқатишган.
Д р а г а. Миш-мишлар ёлғон деб чин сўз бера оласизми?
Б л а г о е. Истасангиз, Инжилни ўпиб қасамёд қилишим мумкин.

15

В е л и м и р (ташқаридан кириб). Салом! Клара келгани ростми?
Б л а г о е. Рост.
В е л и м и р. Боласи биланми?
Б л а г о е. Ҳа.
В е л и м и р (чапдаги эшик томон юради). Қани у?
Б л а г о е. Шу ерда тур, ҳозир чақириб чиқаман. (Юради, лекин довдираб тўхтайди; Драгага.) Сиз кетасизми?
Д р а г а. Қандай қилиб кетаман, жаноб Живота билан гаплашмасдан-а?
Б л а г о е. Ҳожати йўқ. Мен ўзим ҳаммасини айтиб бераман…
Д р а г а. Эҳтимол, лекин шахсан гаплашганга нима етсин.
Б л а г о е. Мен бунга қарши эмасман, аммо…
В е л и м и р (тоқатсизланиб). Илтимос қиламан, жаноб Благое…
Б л а г о е (чўчиб). А, ҳа… (Чиқади.)

16

Д р а г а. Сиз жуда бетоқат экансиз, тақсир.
В е л и м и р. Тоқат қолибдими, бу бўлса вайсашдан бўшамайди… (Шу дам эшикда Благое билан Кларани кўради.) Клара!
К л а р а. Милорад!..
(Иккиси югуриб келиб, бир-бирини қучади. Благое югуриб келиб, стол устидаги патнисни олиб, полга ташлайди.)

17

С о й к а. (яшириниб турган хонадан югуриб чиқади, орқасидан эри). Ҳай! Ҳай! Ҳай! Ҳай!
С и м а. Вой! Вой! Вой! Вой!
С о й к а. Куппа кундузи бировнинг хотинини ўпиш!
С и м а. Шарманда!
В е л и м и р (улар пайдо бўлиши билан орқага чекинади). Қанақа одамсизлар?
С о й к а. Менимча, ўзимизни таништиришга фурсат келиб қолар.
В е л и м и р. Жаноб Благое?..
Б л а г о е. Мен буларни танимайман!
В е л и м и р. Ким сизлар?
С о й к а. Ҳозирча биз гувоҳмизки, сиз бировнинг хотинини, тағин ҳамманинг олдида, ўпиб ўтирибсиз. (Драга хонимга.) Хоним афанди, сиз ҳам кўрдингизми?
Д р а г а. Нега кўрмас эканман?
С о й к а (Благоега). Сиз ҳамми, тақсир?
Б л а г о е. Э, ҳа, кўрдим, кўрмадим дея олмайман.
С о й к а. Тўртта гувоҳ етарли, ҳатто керагиданам ортиқ.
В е л и м и р (ҳаяжонланиб). Хоним афанди, сиз ҳаддан ташқари сурбетсиз!
С о й к а. Ҳали шундайми? Жаноб Сима, буниям ёзиб қўйинг!
В е л и м и р (ниҳоятда асабий). Ёзинг, яна шуни ҳам ёзингки, бировнинг уйида бетамизлик қилаяпсиз! Жаноб Благое, рухсат этинг, буларни кўчага улоқтирай!
С о й к а. Оҳо!
С и м а. Ўҳў!
Б л а г о е (довдираб). Мен бу ерда хўжайин эмасман.
В е л и м и р (эшикка бориб чақиради). Жаноб Живота, жаноб Живота!

18

(Живота, Славка, Мара, Милорад, Пепик кирадилар)
Ҳ а м м а с и. Нима гап? Нима бўлди?
Ж и в о т а. Ким бақирди?
С о й к а. Бу жаноб бизни сизнинг уйингиздан кўчага улоқтирмоқчи!
В е л и м и р (Пепикни кўриб, эгилиб уни қучоқлайди). Пепик?
(Клара Славка ёнига келиб, унга ниманидир тушунтиради.)
Ж и в о т а. Кимни улоқтиради, нима учун улоқтиради?
С о й к а. Биз Пуанкаре кўчасидаги сотиладиган уй тўғрисида гаплашгани келган эдик. Сиз банд экансиз, нариги хонада кутиб туринглар, дедингиз. Келмадингизми деб бундай эшикнинг тирқишидан шунчаки қараган эдик, шарманда бир воқеанинг гувоҳи бўлиб қолдик. (Кларани кўрсатиб.) Бу сизнинг келинингиз-а, тўғрими?
Ж и в о т а (хижолатда). Ҳа, шундай десаям бўлади!
Д р а г а (хонанинг тўрида турган бўлади, Живота уни кўрмайди, чўчиб). Қандай? (Яқинлашади.)
С о й к а. Э… шу келинингизни мана бу жаноб қучоқлаб турганини кўриб қолдик…
Ж и в о т а. Вой, қандай даҳшат, қандай бузуқлик! Хонадонимга, номимга катта иснод бу! Иснод! Менинг келиним бегона бир киши билан ўпишиб турса-я! Илтимос қиламан, гувоҳ бўлинглар!
С о й к а. О, жонимиз билан!
В е л и м и р (таажжубда, Мара ва бошқаларга). Бу қанақаси бўлди?
Д р а г а (Живота ёнига келиб). Ушбу манзарани мен ҳам кўрдим. Мени ҳам гувоҳ деб санашингиз мумкин.
Ж и в о т а (уни кўриб, саросимага тушиб қолади). Сиз… бу ерда нима қилиб юрибсиз?
Д р а г а. Ўз кўзим билан кўрай дедим! Қандай шармандалик! Демак, ўғлингиз чинданам уйланган экан-да?
Ж и в о т а (ҳижолатда). Йўқ, у уйланмаган!
Д р а г а. Сиз ҳам, жаноб Благое, Инжилни ўпиб қасам ичишга тайёр эдингиз!
Б л а г о е. Қайдан билай…
Д р а г а. Бу нима деган гап, жаноб Живота?
Ж и в о т а. Ҳеч нима эмас, кўрасиз, ҳеч нимамас.
Д р а г а. Уят!.. Бизни масхара қилмоқчи бўлибсизда-а? Яхши! Аммо менга ва министрга қилган бу ҳазилингиз учун ҳали пушаймон бўласиз!
Ж и в о т а. Қўйсангиз-чи, шошманг ахир, сал оғирроқ бўлинг! Благое, сен тушунтирсанг-чи!
В е л и м и р. Мен сизга тушунтираман, хоним афанди!
Ж и в о т а. Сен индамасанг ҳам бўлади! Хонадонимга иснод келтирдинг, бахтли никоҳни буздинг, энди тушунтиришингга бало борми!
М а р а. Шошма, Живота!
Ж и в о т а. Ўчир овозингни!
Д р а г а. Ўғлингиз, алданган эр бўла туриб бу жанжалга хотиржам қараб турибди-я, қойил!
М и л о р а д (кулади, елкасини қисиб). Бу ҳангома мени қизиқтирмаса нима қилай?
Ж и в о т а. Бу мени қизиқтиради! (Сойкага.) Хоним афанди, гувоҳликка ўтишингизни сўрайман. (Драгага.) Сиз эса бориб-бориб ўғлимнинг бўйдоқ эканига амин бўласиз.
С о й к а. Нега энди бўйдоқ бўларкан?
Ж и в о т а. Уйланган дедим-ку! Чалғитманглар мени: сизга у уйланган, бу хонимга – бўйдоқ.
Д р а г а. Қандай қилиб? Буни қаранглар-а! Ажаб савдолар.
К л а р а (хуноби ошиб, Славкага). Ўтиниб сўрайман, нима гап бўлаяпти ўзи?
С л а в к а. Кўрамиз, тинчланинг!
Д р а г а. Жаноб министрга нима дейман энди?
В е л и м и р. Тушунтириб беринг менга, ўтинаман, нима содир бўлди бу ерда?
С о й к а. Менга ҳам…
Ж и в о т а (паришон, довдираган, вазиятдан қандай қутилишни билмайди). Шошманглар ахир! Ҳар томондан таламанглар мени! Ҳаммангиздан ўтинаман… секинроқ! Ҳозир тушунтираман. Гап шундаки… (Благоега.) Сен нега менга бақрайиб қараб қолдинг, оғзингни очиб бирон нима дея олмайсанми?
Б л а г о е. Мен нима дейман?
Ж и в о т а. Айтадиган гапинг бўлмаса, нега ҳадеб гапга аралашасан? Ўзим ҳаммасини тушунтириб бераман, сен жим тур, аралашма! Мен нима демоқчи эдим?.. Ҳа… (Сойкага.) Сизлар Пуанкаре кўчасидаги уй тўғрисига келгансиз. Хўш, яхши уй, айвонли, паркет ётқизилган уч хона, тош печка, хизматкорлар хонаси, ошхона, кирхона ва ҳоказо.
В е л и м и р. Қўйинг бу гапни, сиздан бошқа нарсани сўраяпмиз.
Ж и в о т а. Мендан сен сўрайсанми? Бу ботқоққа тортган ўзингсан-у, яна сўраганинг нимаси!
Д р а г а. Мен сиздан бошқа нарсани сўрадим…
Ж и в о т а. Сизга жавоб бераман. Министр қошига борганингизда, мендан салом айтинг ва шуни қўшиб қўйингки, мен уни беҳад қадрлайман ва ҳурмат қиламан.
Д р а г а. Буни сиздан ким сўраяпти? Сиз шуни айтинг-чи, мен унга нима деб жавоб қиламан-а?
Ж и в о т а. Сиз унга айтингки… унга айтингки… Благое унга нима десин?

19

(Протич ва Спасоевич хонимлар, икки ўғил бола, икки қиз бола ва бир муаллима кириб келишади. Қизчалардан бирининг қўлида гулдаста)
Ж и в о т а (бошини ушлаб). Вой дод! 9- етимхона!.. Шу етмай турган эди!..
Х о н и м л а р. Биз болалар билан бирга бошқарма кенгаши номидан ва етимлар номидан жаноб доктор Цвийовичга етимхона фойдасига ўқилган маъруза учун ташаккур изҳор қилгани келдик.
Ж и в о т а. Ташаккур, ташаккур.
М и л о р а д (ёстиқни олади, Славка унинг қўлини ушлайди). Қўлимни қўй. Бир урай.
С л а в к а. Худо ҳаққи, бундай қилма!
М у а л л и м а (гул кўтарган қизчани олдинга чиқариб). Бора қол, айт!..
Қ и з ч а (художўй ҳолатига кириб, декломация бошлайди). Ҳазратим!!
Ж и в о т а. Ҳазратим? Бу сенга тегишли бўлса керак, Благое!
М и л о р а д (Славкага). Қўйиб юбор, бир урмасам бўлмайди!
М у а л л и м а. Вой, кечирасиз, бола уялиб, дуо бошлаб қўйди. (Қизчага.) Унисини, жонгинам, бошқасини!
Г у л к ў т а р г а н қ и з ч а. Шарафли жаноб олим,

Саховат, ҳиммат учун
Ташаккур белгиси деб
Қабул этинг гулдаста
Етимхона номидан…

М у а л л и м а. Шеърни Протич хоним тўқиган.
П р о т и ч. Ҳа, мен.
М и л о р а д. Жуда яхши шеър экан.
М у а л л и м а (қизчани Милорад томон туртиб). Гулдастани шу жанобга бер.
Д р а г а. Мана бу хонимга берилса яхши бўлмасмикин? (Кларани кўрсатади.) Жаноб доктор уйланган.
Х о н и м л а р. Уйланган?
Д р а г а. Ҳа, уйланган, шундай эмасми, жаноб Живота?
Ж и в о т а. Нега мени чалғитасиз, бу тўғрида гапиришнинг ҳожати йўқ.
Д р а г а. Айтишаяпти-ку, уйланган! (Сойкага.) Шундайми, хоним афанди?
С о й к а. Албатта, уйланган.
С п а с о е в и ч. Бу қандай бўлди, ахир биз маърузачи – бўйдоқ деб юзтадан ортиқ билет сотдик-ку.
П р о т и ч. Жаноб Цвийович, нима учун бизга ҳеч нима демадингиз?
Ж и в о т а. Керак бўлмаган жойга нега бошингизни суқасиз, бу ишлар билан етимхонангиз ўртасида қандай умумийлик бор?
М и л о р а д. (Славкага). Шошма, бир туширай! (Славка қўймайди.)
Х о н и м л а р. (Животага). Биз суқилганимиз йўғ-у, лекин аниқ бўлгани яхши-да…
Ж и в о т а. Ҳой, сиз, жим бўласизми, йўқми! Мени тинч қўйинг!
Х о н и м л а р. Тақсир, биз аёллармиз!
Ж и в о т а. Аёлмисиз, жим ўтиринг! (Сочларини ғижимлаб.) Эй Худо, жиннихонанинг ўзгинаси-ку бу уй! Нега қараб турибсанлар… Боғланглар мени… Боғланглар мени!.. Бошим ғовлаб кетди, гириллаб айланмоқда, гириллаб айланмоқда!

20

(Марица ва Райсерни бошлаб киради.)
Р а й с е р. Саломлар бўлсин!
Ж и в о т а. Марҳамат қилсинлар!..
Р а й с е р (Благое қошига келиб). Келишимдан мақсад, тақсир, мен сизга шуни маълум қилмоқчи эдимки…
Ж и в о т а (Райсерга). Сиз, тақсир, қачонгача Белградда тентираб юрасиз? Нега энди Афинага йўлга чиқмайсиз?..
Р а й с е р (хафа бўлиб). Битте…
М а р а. Живота!..
Ж и в о т а. Пепик, шўрпешона Пепик, менинг хонадонимни остин-устин қилиб юборганингни ўз кўзинг билан кўрдингми энди?

ПАРДА

ТЎРТИНЧИ ПАРДА

Биринчи пардадаги хона

1

(Марица чап томондаги эшикдан чиқади, қўлидаги патнисда сут юқи қолган стакан ва ҳар хил идишлар.)
В е л и м и р (ўрта эшикдан кириб). Марица, тепадан тушаяпсизми?
М а р и ц а. Ҳа, кичкинтойга сут олиб чиққандим.
В е л и м и р. Хотиним ўша ердами?
М а р и ц а. Жаноб Милораднинг хотинини айтаяпсизми?
В е л и м и р. Барибир. У ўша ердами?
М а р и ц а. Ўша ерда, Славка бекам билан. Мени кечирасизу, келган аёл кимнинг хотинилигига сира ақлим етмаяпти.
В е л и м и р. Славка хонимни чақириб қўйсангиз.
М а р и ц а. Бир ўзиними?
В е л и м и р. Бир ўзини. Аммо мен чақираётганимни айтманг. Бир жаноб йўқлаяпти десангиз бўлади.
М а р и ц а. Хўп бўлади! (Патнисни столга қўйиб, чап томондаги эшикка киради.)
2

М а р и ц а (бироздан сўнг қайтиб киради ва патнисни олади). У ҳозир келади.
В е л и м и р. Раҳмат сизга, Марица! (Марица тўрдаги эшикдан чиқиб кетади.)
С л а в к а (хонага киради, ҳайрон). Ҳали чақирган сизмидингиз?
В е л и м и р. Безовта қилганим учун мендан ўпкаламассиз?
С л а в к а. Йўғ-э, нима учун? Юқорига чиқасизми? У ерда Клара боласи билан.
В е л и м и р. Йўқ, аксинча, мен сиз билан ёлғиз гаплашмоқчиман.
С л а в к а. Сиз Клара билан учрашишдан қочаяпсиз, шекилли?
В е л и м и р. Шунча воқеадан кейин… Клара шу уйга қадам босганидан бошлаб даҳшатда. Воқеадан бехабар. Ҳеч ким унга тушунтирмаса…
С л а в к а. Буни аввало сиз қилишингиз керак эди.
В е л и м и р. Рост айтасиз, бироқ мен нима деб тушунтиришни билмайман. Ўзимниям айблашимга тўғри келади.
С л а в к а. Бунинг учун сизда журъат етишмайдими?
В е л и м и р. Ундаймас-у, лекин сиз менга ёрдам берсангиз яхши бўларди.
С л а в к а. Мен қандай ёрдам беришим мумкин?
В е л и м и р. Унга бор гапни айтинг, мени аяб ўтирманг.
С л а в к а. Нега ўзингиз айтолмайсиз?
В е л и м и р. Инсон ўзини ўзи айблар экан, ҳамиша хўрлангандек ҳис қилади, бошқа биров айбласа ҳар ҳолда енгилроқ бўлади.
С л а в к а. Мен сизни нимада айблай?
В е л и м и р. Нимада хоҳласангиз, аяб ўтирманг.
С л а в к а. Қўрқмайсизми, Кларанинг сиздан кўнгли қолиши мумкин?
В е л и м и р. Шундоқ ҳам қолиши тайин.
С л а в к а. Менга бу ноқулай, бироқ зарур экан… Бечора аёлга менинг раҳмим келади.
В е л и м и р. Ташаккур. Мен яхшиси бора қолай.
С л а в к а. Майли, лекин кейин киринг, у мендан қочиб юрибди деб ўйлаши мумкин.
В е л и м и р. Хўп, кейинроқ кираман. Яна бир бор раҳмат сизга! (Кетади.)

3

С л а в к а (чапдаги эшикка). Клара, Клара хоним, марҳамат, бу ёққа келинг!
К л а р а (кириб). Мени чақирдингизми?
С л а в к а. Ҳа, сиз билан гаплашмоқчиман. У ерда ойим билан Пепик бор, бу ерда ёлғиз ўзимиз. Ўтириб, бир гаплашайлик…
К л а р а (уни қучоқлаб). Бошим оғрияпти. Эрим қаерда? Кечадан бери мендан ўзини олиб қочиб юрибди.
С л а в к а. Йўқ, у сизни кўришни истайди-ю, бироқ унинг ҳам аҳволи оғир-да.
К л а р а. Нега?
С л а в к а. Сўзларимга қулоқ беринг, ҳаммасини тушуниб оласиз. (Пауза.) Милорад Цвийович – бу уйда шундай деб фақат менинг акамни айтишади – оқкўнгил йигит, лекин ўқишни ёқтирмайди. Дадам эса қандай бўлмасин ўғли олий маълумотли ва докторлик дипломига эга бўлишини истади. Бир амаллаб гимназияни тугатган Милорад университетда ўқий олармиди? Дадам шуни ўйлаб, Фрейбург шаҳрига акамнинг ҳужжатлари билан бошқа бир камбағал, бироқ қобилиятли йигитни ўқишга юборган. Энди тушундингизми?
К л а р а (диққат билан эшитади, ҳақиқатни англагандек бўлади, ҳаяжонланиб ўрнидан туради, бироқ гапиришга мажоли қолмайди, Славканинг кўзларига тикилади ва ниҳоят, шивирлай бошлайди). Бу ахир…
С л а в к а. Ҳаяжонланманг, охиригача эшитинг мени.
К л а р а (бақириб). Яна нима, нима қолди яна! Эрим мен билан бировнинг номида никоҳдан ўтган экан-да? Мен унинг қонуний хотини эмасман! Нима бу? Мен алданибман! (Диванга чўкиб, йиғлайди, кейин бошини кўтаради.)
С л а в к а. Хоним афанди, ўтинаман, тинчланинг.
К л а р а. Мен шармандали алдов қурбониманми?
С л а в к а. Алдов эмас, хоним афанди!
К л а р а. Балки сизда шундайдир, аммо бизда, бутун дунёда бунинг оти – шармандалик, макр! Ва у жаноб – оти нима унинг?
С л а в к а. Велимир.
К л а р а. Ва жаноб Велимир – муттаҳам!
С л а в к а. Кечирасиз, у муттаҳам эмас!
К л а р а. Нима?
С л а в к а (кескинроқ). Йўқ, у муттаҳам эмас!
К л а р а. Сизнинг тилингизда бошқанинг номидан алдаб никоҳдан ўтган киши нима дейилади?
С л а в к а. Жаноб Велимир сизни алдагани йўқ. Қони қизиб, эсини йўқотиб қўйган бир онда гуноҳ иш қилиб қўйган… ва… сизнинг ор-номусингизни ўйлаган, енгилтаклик қилиб қўйиб таҳқирланиб юрманг деган. Бундай одамни алдоқчи деб бўлмайди!
К л а р а. Ҳамма воқеадан хабардор экансиз, сиз унинг яқин дўсти бўлсангиз керак!
С л а в к а. Биз болаликдан дўстмиз.
К л а р а. Аммо бу уни бунчалик ҳимоя қилишга асос бўла олмайди! У мени бир мартамас, икки марта алдаган, ўзини бойнинг ўғли қилиб кўрсатган.
С л а в к а. Унинг ота-онаси бойми, камбағалми – фарқи йўқ, менимча.
К л а р а. Мен бой ота-онанинг ўғлига теккан эдим!
С л а в к а. Тавба, мен сизни, хоним афанди, муҳаббат туфайли турмуш қургансиз, деб ўйлардим.
К л а р а. Муҳаббат ҳам бўлган, албатта. Фақат бизда муҳаббат, бу – тирикчилик, сизда эса – хаёлот, поэзия. Муҳаббат, бу – биринчи бўса эмас, муҳаббат – бир умрга бирга бўлиш, боғланиш демакдир.
С л а в к а. Хоним афанди, муҳаббат бизда қандай бўлса, сиздаям шундай.
К л а р а. Йўқ, камбағаллар ўртасидаги никоҳ – бахтсиз никоҳ. Унинг алдашга ҳаққи йўқ эди! Мен фирибгарга теккан эканман-да. (Ларзага тушади.) Никоҳдан ўтганим – фирибгар!
С л а в к а. Қўйинг-ей, хоним афанди!..
К л а р а. Эҳ, дайди! Қашшоқ! Ҳаммаси тамом!..
С л а в к а. Яхши эмас, хоним афанди, бу қадар куйиб-пишиш ўринсиз. Велимир – камбағал, тўғри, бироқ у камбағалликни, барча қийинчиликларни сабр-тоқат, ақл-фаросат билан енгиб келади. У қарғишга эмас, ҳурмат-эҳтиромга лойиқ. Унинг қалби, билсангиз, гўдак қалбидай шундай пок, шундай беғуборки… (Славка сўнгги сўзларни ҳарорат ва меҳр билан айтади.)
К л а р а (Славканинг сўнгги сўзларидан унинг туйғусини сезиб қолиб, кўзларини катта очади). Сиз уни севасизми?
С л а в к а (чўчийди, гўё қўлга тушган хиёнаткордай). Бўлмаган гап.
К л а р а (қатъий, хулоса қилиб). Сиз уни севасиз! (Славка бошини қуйи солганича индамай қолади, фақат қўли билан йўқ ишорасини қилади.) Севасиз… Гапни шундан бошлаш керак эди. Жар ёқасида тургандайман. Отангизга халақит бераяпман, акангизнинг тинчини буздим, сизнинг бахтингизга тўғаноқман!
С л а в к а (йиғлаб). Мен бундай деганим йўқ! (Диваннинг бир томонига суяниб, йиғлашда давом этади.)
К л а р а. Хўш, менинг ўғлим нима бўлади? Ўғлим нима бўлади?.. (Диваннинг иккинчи томонига суяниб, бошини ёстиққа қўйиб йиғлай бошлайди.)

4

Ж и в о т а (киради, уларга ажабланиб қараб). Гаплашиб ўтирибсизларми дейман? (Славка ва Клара бошларини кўтаришмайди.) Славка, азизим, ўз хонангга бор, ўша ерда йиғларсан. Кларага айтадиган бир-икки оғиз гапим бор. (Славка ўрнидан туриб, рўмолча билан кўзларини яширганича чиқади.)

5

Ж и в о т а. Клара, мен сен билан гаплашмоқчиман!
К л а р а (ўрнидан туради, ўзини қўлга олиб). Қулоғим сизда!
Ж и в о т а. Биласанми, Клара, мен баъзи нарсаларни сенга тушунтириб беришим зарур. Ҳар қалай, кимнинг хотини эканингни билишинг керак. Сен, масалан, ўз эримнинг хотиниман деб ўйларсан, аслида эса бошқача.
К л а р а. Ҳаммасини биламан.
Ж и в о т а. Агар билсанг, унда иш қай даражада эканини фаҳмлаб тургандирсан, бинобарин, мен сени хиёнат қилди, деб нима учун судга бермоқчи бўлганимни тушунарсан.
К л а р а. Тушунаман ва агар лозим бўлса, сизга ёрдам бераман.
Ж и в о т а. Наҳотки? Раҳмат сенга! Хўш, қандай ёрдам беришинг мумкин?
К л а р а. Фрейбургда, эри кетгач, хуштор орттирган, дейишингиз мумкин.
Ж и в о т а. Оҳо! Зўр-ку, жуда соз! Оти нима эди?
К л а р а. Кимнинг оти?
Ж и в о т а. Ҳалиги хушторингнинг оти-да?
К л а р а. Менда ҳеч қанақа хуштор бўлмаган, лекин зарур бўлса, истаганингизни ёзаверинг. Битта хуштор, иккита, учта…
Ж и в о т а. Шундайликка шундайку-я, агар бўлганда, унинг исмини қандай аташлари мумкин эди?
К л а р а. Э… Барибир, Иоганн Вольфганг Гёте деб атасаям бўлаверади.
Ж и в о т а (ёзади). Жуда яхши, бирдан уч исмни айтганинг ҳам яхши бўлди: биттасини унутсанг иккитаси қолади, иккитасини унутсанг ҳам, биттаси қолади-ку… Сени айблашим учун яна бирон нима айта олмайсанми? Муҳимроқ бир нарса.
К л а р а. Агар керак бўлса, ёзинг, Фрейбургдан Белградга бир бой билан бирга келдим, ўша йўл харажатларимни кўтарди.
Ж и в о т а (завқ билан). Ажойиб! Уни қандай атасак экан?
К л а р а. Билмадим, менга барибир, сербми, руминми…
Ж и в о т а. Румин, дея қолайлик… Титулеску, руминларни яна нима деб аташарди-я… (Ёзади.) Кейин сен тониб ўтирмайсанми?
К л а р а. Йўқ, ҳаммасини тан оламан, фақат бу ердан тезроқ жўнасам бўлгани.
Ж и в о т а. Кетасанми?
К л а р а. Ҳа, сизни ортиқча юкдан халос қилиш учун. Кўриб турибманки, барчага халақит бераяпман.
Ж и в о т а. Жуда соз, жуда яхши қиласан. Швейцарияликлар тарбияси менга ҳамиша хуш ёққан. Сенда ҳам айнан шу тарбияни кўраяпман.
К л а р а. Илтимос қиламан, тақсир, фақат менинг аҳволимни тўғри тушунинг: камбағалман, кетишга пулим йўқ. Мен сизга ишонсам бўладими?
Ж и в о т а. Агар истасанг, мен сенга поезддан энг яхши жойни олиб бераман, фақат кетаман десанг бўлгани.
К л а р а. Раҳмат, кетаман.
Ж и в о т а (ўйланиб). Кетасан… Кейин нима қиласан у ерда?
К л а р а. Билмадим… Излаб, бирон-бир иш-пиш топиб оларман ўзимга.
Ж и в о т а. Топишга-ку топасан-а, топгунга қадар-чи?
К л а р а. Билмадим…
Ж и в о т а (ўйланиб). Менга қара, мен ҳам швейцар тарбиясини олганимни исбот қиламан. Мен ҳалол одамман, шу сабабли сени бир чақага ҳам куйдирмайман. Хатингни олгандаёқ, сенга 20 минг динор бериб, изингга қайтаришга тайёр эдим. Ҳозир ҳам қанча ваъда қилган бўлсам, шунча бераман.
К л а р а. Миннатдорман, мен сиздан фақат йўл харажатига пул сўрадим холос, ўз бахтимни ва боламнинг тақдирини сотмайман. Мен сизни мажбур қилаётганим йўқ!
Ж и в о т а. Худо сақласин-а, мен бундай деганим йўқ. Сен пул сўраяпсан, мен эса бераяпман – шу холос.
К л а р а. Миннатдорман.
Ж и в о т а. Гап бундай бўпти-да. Энди мен адвокатга бориб, шикоят ёзаверсам бўладими?
К л а р а. Бўлади.
Ж и в о т а. Мана бу яхши бўлди, мен кетдим. Агар биров сўраб қолса, тезда қайтади деб айт. (Чиқади.)

6

(Протич хоним билан Спасоевич хоним кириб келади. Клара ҳўнграб йиғлайди.)
Х о н и м л а р (бироз сукутдан сўнг, бараварига). Салом. Кечирасиз, биз хўжайин билан учрашмоқчи эдик.
К л а р а. Ёши биланми?
Х о н и м л а р. Йўқ, қариси билан.
К л а р а. У ҳозиргина кетди, бироқ тезда қайтади.
Х о н и м л а р. Ундай бўлса биз кутиб турамиз.
С п а с о е в и ч. Кеча бу ерда бўлиб ўтган можаро жамиятимизнинг фавқулодда мажлисида муҳокама қилинди…
П р о т и ч. Жамиятимиз тавба-тазарру қилдиришни бизга топширди.
С п а с о е в и ч. Акс ҳолда биз бошқа воситаларни қўллашга мажбур бўламиз.
П р о т и ч. Чунки бизни ҳақорат қилиш…
С п а с о е в и ч. …бутун жамиятимизни, 9-етимхонани ҳақорат қилиш демакдир.
П р о т и ч. Умид қиламизки, хоним афанди, сиз бизни тушунарсиз…
К л а р а (ўзини ҳимоя қилиб). Мен ҳеч нима билмайман, ҳеч нима тушунмайман.
С п а с о е в и ч. Ахир сиз воқеа рўй берганда шу ерда эдингиз.
К л а р а. Ҳа, шу ерда эдим, бироқ ҳеч нимани англай олмадим. Цвийович билан гаплашаверинглар.
Х о н и м л а р. Ҳа, албатта, биз уни кутамиз.
К л а р а. Марҳамат, мана бу хонага ўтинглар.
Х о н и м л а р. Ташаккур. (Вайсаганча чиқишади.) Биз буни фош қилмасак бўлмайди… уни қаранг-а…

7

В е л и м и р (киради ва Кларани кўриб сесканади). Клара? Сен шу ердамисан?
К л а р а (совуқ ва бефарқ). Демак, сен мени бу ерда учратаман деб ўйламаган экансан-да?
В е л и м и р. Нега бунча дағал? (Клара жавоб бермайди. Қисқа паузадан сўнг.) Мен кутмаган эдим, бу тўғри, лекин сени кўрганимдан ҳурсандман. Сен ва мен қандай вазиятга тушиб қолганимизни тушунтириб беришим лозим.
К л а р а. Бирон ёқимлироқ гап бўлса керак! Фақат бу тушунтирувларни тўрт йил бурун қилганингизда яхшироқ бўларди.
В е л и м и р. Унда бунинг иложи йўқ эди.
К л а р а. Энди эса ортиқча. Мен аллақачон ҳаммасини биламан.
В е л и м и р. Ғоят пушаймонман, ўзим истамаганим ҳолда, сени оғир аҳволга солиб қўйдим… Аммо шуниси аниқки, Клара, сен ҳам, мен ҳам – иккимиз ушбу можаролар қурбони бўлиб ўтирибмиз.
К л а р а. Ҳа, алдов қурбонимиз, алдов муаллифи эса ўзлари.
В е л и м и р (аччиқланади, қизишади ва сўз оҳангини ўзгартиради). Йўқ, мен сизни эмас, ўзимни алдаганман.
К л а р а. Ўзингизни оқламанг. Мен сизни бойнинг ўғли эканлигингизга ишонганман.
В е л и м и р. Бойнинг ўғли эмаслигимни билгач, муҳаббатингиздан хафсалангиз пир бўлдими?
К л а р а. Мен ҳеч қачон сизни севмаганман.
В е л и м и р. Очиқ айтганингиз учун ташаккур.
К л а р а. Сизни севмаганман, энди бўлса сиздан нафратланаман. Ора очиқ.
В е л и м и р. Клара, қарорингизни яхшилаб ўйлаб кўрдингизми?
К л а р а. Қарорим қатъий ва сизга ёқади, деб ўйлайман. Болаликдан бирга ўсган дўстингиз Славка томонидан бу зўр хурсандчилик билан қарши олинади.
В е л и м и р (тоқатсизланиб). Клара, жаҳлингиз чиқиб, ўйламасдан гапираяпсиз. Яхшиси, бу гапни кейинга қолдирайлик.
К л а р а. Бу охирги гапим. Бошқаси менга керакмас.
В е л и м и р (туриб). Дуруст, яхши қолинг! (Тез чиқади.)

8

(Клара чуқур ўйга чўмиб қолади. Благое киради.)
Б л а г о е. Салом. Гроссдада уйдами?
К л а р а. Ҳозиргина адвокатга менинг устимдан шикоят ёздиришга кетди.
Б л а г о е. На илож, шундай қилиш керак! Айбдорлигингни ўзинг ҳам биласан. Очиқчасига бегона эркак билан ўпишганингдан кейин…
К л а р а (асабий). У боланинг отаси.
Б л а г о е. У болангга ота бўлса-да, барибир бола бировники. Ҳозирги оталар кўпинча мутлақо бегона одам бўлиб чиқмоқда.
К л а р а. Агар мен гуноҳимга иқрор бўлсам сизга кифоями?
Б л а г о е. Кифоя!
К л а р а. У ҳолда мен иқрорман.
Б л а г о е. Животага айтдингми?
К л а р а. Ҳа, айтдим.
Б л а г о е. Жуда соз, энди ҳаммаси жойида бўлади. Сен ташвишланма. Мен сенга ўз қизимдай ҳамма нарсани тахт қиламан, фақат тезроқ сендан қутулсак бўлгани.
К л а р а. Ҳа, шундай қилинг, барака топкур. Энди эса ижозатингиз билан мен борай. Жуда чарчадим, дам олишим керак.
Б л а г о е. Бор, борақол, дамингни ол!
(Клара чап томонга, ўз хонасига кетади.)

9

(Сойка, Сима кирадилар.)
С о й к а. Салом, жаноб Благое!
Б л а г о е. О, салом, Сойка хоним!
С о й к а. Биз аниқлагани келдик: гувоҳлик кўрсатмаларимизни қуруқроқ қилсакмикан ёки жиндай ҳўлласакмикан?
Б л а г о е. Қуруғи қандоғ, ҳўли қандоғ?
С о й к а. Терговда фақат кўрган, эшитганини айтишса – бу қуруқ кўрсатма бўлади. Ҳўли – бошқача! У ҳолда судда улар қучоқлашди дейиш билан чек­ланмай, унга унча-мунча қўшамиз. Чунончи, эркак: “Оҳ, жонгинам, мен ортиқ сенсиз туролмайман!” деган эди, аёл чуқур оҳ ургандай бўлиб: “Оҳ, мен сени шундай зориқиб кутдимки!” – деб жавоб берди, деймиз.
Б л а г о е. Жуда соз! Худди қиссага ўхшайди-я. Бунақа нарсаларни ўзларинг тўқийсизларми?
С о й к а. Ҳа, буюртма берсангиз, бас.
Б л а г о е. Э, ундай бўлса Животани кутайлик, ўзи буюртма берақолсин.
С о й к а. Бўпти, уни кутамиз.
Б л а г о е. Бошқа хонага ўтиб туринглар, тағин Живота билан тил бириктираётганингизни кимдир кўриб қолмасин.
С о й к а (эрига). Кетдик, жаноб Сима! (Чиқишади.)

10

С л а в к а (чап томондаги эшикдан чиқиб). Салом, Благое тоға!
Б л а г о е. Салом, жонгинам. Мара ўша ердами? Бир ўзими? Унда гапим бор эди.
С л а в к а. Бир ўзи. Клара нарсаларини йиғиштираяпти! Нима бўлганидан хабарингиз йўқми?
Б л а г о е. Мен қаердан билай? Ҳаммасини отанг билади. (Чапдаги эшикка киради.)

11

(Славка қўнғироқ чалади. Марица киради.)
М а р и ц а. Лаббай!
С л а в к а. Марица, жаноб Велимир бу ерга келдими?
М а р и ц а. Ҳа, у сиз билан гаплашди-ку!
С л а в к а. Ундан кейин-чи?
М а р и ц а. Кейин яна келди.
С л а в к а. Клара хоним билан гаплашдими?
М а р и ц а. Ҳа. Улар шу ерда эдилар.
С л а в к а. Шуни билмоқчи эдим. Раҳмат. (Чиқади.)
М а р и ц а. Хизматингизга тайёрман!

12

Д р а г а (кириб). Жаноб Живота уйдами?
М а р и ц а. Йўқ, чиқиб кетган, бироқ тезда қайтаман деган.
Д р а г а. Уй бекаси-чи?
М а р и ц а. Уйда.
Д р а г а. Драга хоним сиз билан гаплашмоқчи денг.
М а р и ц а (кетмоқчи бўлади). Хўп бўлади!
Д р а г а (ўйлаб). Қўя қолинг, ҳожати йўқ. Яхшиси, жаноб Животанинг ўзини кута қолай. Ёш хўжайин уйдами?
М а р и ц а. Уям йўқ.
Д р а г а. Унинг хотини-чи?
М а р и ц а. Қанақа хотини?
Д р а г а. Қанақа бўларди, ҳалиги чет элдан келган ёш жувон-чи.
М а р и ц а. Ўша ёш хўжайиннинг хотиними?
Д р а г а. Нима бўлган сизга, наҳотки билмасангиз?
М а р и ц а. Тушунмадим: гоҳ хотини дейишади, гоҳ хотини эмас!
Д р а г а. Қандай қилиб, шу уйда бўлатуриб, нималар бўлаётганини билмасангиз?
М а р и ц а. Билмайман, хоним афанди.
Д р а г а. Ҳеч нимага қулоқ солмадингизми?
М а р и ц а. Йўқ, хоним афанди.
Д р а г а. Эшик тирқишидан ҳам мўраламадингизми?
М а р и ц а. Йўқ, хоним афанди.
Д р а г а. Қанақа оқсочсиз? Хўжайинни шу ерда кутайми?
М а р и ц а. Яхшиси, меҳмонхонада.
Д р а г а. Яхши, қачон келса менга айтинг. (Бошқалар йиғилган хонага киради.)
М а р и ц а. Марҳамат!

13

М и л о р а д (кўчадан кириб). Марица, дадам уйдами?
М а р и ц а. Йўқ, чиқиб кетган, бироқ тезда қайтаман, деди.
М и л о р а д. Бўпти, боравер.
М а р и ц а. Клара хоним сизни сўраётган эди…
М и л о р а д. Клара хоним? Яхши, унга менинг шу ердалигимни айт.
М а р и ц а. Хўп бўлади. (Кетади.)

14

Р а й с е р (кириб). Саломлар бўлсин!
М и л о р а д. Оҳо, жаноб профессор!
Р а й с е р. Кечирасиз, мен хайрлашгани келдим. Бугун кечқурун Афинага жўнаб кетаман.
М и л о р а д. Сиз, балки менинг дадамни кўрмоқчидирсиз?
Р а й с е р. Биласизми, ким кимнинг отаси-ю, ким кимнинг ўғли – тушунолмай қолдим…
М и л о р а д. Ҳа, шундай… Ҳозир у уйда эмас.
Р а й с е р. Мен уни кутиб турсам бўладими?
М и л о р а д. Марҳамат, анави хонага ўтинг. У ер тинчроқ. Қачон келса, мен сизга айтаман.
Р а й с е р. Барака топинг. (Меҳмонхонага киради.)

15

К л а р а (кириб). Кечирасиз, мен сиз билан гаплашмоқчи эдим.
М и л о р а д. Марҳамат, мен сизнинг ихтиёрингиздаман.
К л а р а. Ташаккур. Қандай вазиятга тушиб қолганимни менга тушунтиришди…
М и л о р а д. Энди сиз, гарчи эрингиз бўлсам ҳам, айбдор эмаслигимни биласиз.
К л а р а. Йўқ, йўқ, мен сизни асло айблаётганим йўқ. Аммо даҳшатли аҳволдаман, хорижликман, бегоналар орасида танҳо ўзим, мени ҳимоя қиладиган биронта ҳам зот йўқ.
М и л о р а д. Мен сизнинг томонингиздаман, Клара, агар бу сизга бирон таскин беролса.
К л а р а. Менга таскин беринг, деб учрашганим йўқ. Мен истардимки… менга сизнинг маслаҳатингиз керак.
М и л о р а д. Менинг маслаҳатим? Сиз мендан маслаҳат сўраётган биринчи жонзотсиз. (Ўтиради.)
К л а р а. Мен Швейцарияга қайтиб кетишга қарор қилдим. Сизга хиёнатим ҳақида ажрашиш учун судда кўрсатма бериш учунгина тўхтаб турибман.
М и л о р а д. Кейин кетасизми? Хўш, у ерда нима иш қиласиз? Тирикчилигингиз қандай ўтади?
К л а р а. Стенографияни, дактилографияни биламан, сизнинг тилингизда сўзлаша оламан, балки элчихонангиздан бирон иш топилиб қолар.
М и л о р а д. Бунинг иложи йўқ. Элчихонада? У ерда министрларнинг қариндош-уруғлари-ю дўстларигина хизмат қилишади. Бунақалар бизда ачиб-бижиб ётибди. Сизга навбат келиши амримаҳол!
К л а р а. Отангиз олийжаноб одам, менга 20 минг динор ваъда қилди.
М и л о р а д. Йигирма минг динор? Қизиқ. Бирон маъруза ўқиб беришингизни талаб қилмасдан-а? Шунақа талаб қўйса, асло рози бўлманг!
К л а р а. Мен сиз билан бошқа нарса тўғрисида маслаҳатлашмоқчиман. Биз ажрашамиз. Ажрашгандан кейин мен ўзимнинг қизлик фамилиямга ўтаман, аммо… Пепик… у менинг фамилиямда бўла олмайди. Шу ишда маслаҳатингизга муҳтожман.
М и л о р а д. Рухсатингиз билан аввало сизга бир савол берсам: ажралиш билан менинг фамилиямдан халос бўласиз, бироқ ҳақиқий эрингиз билан бўлган алоқалар ўз кучида қолаверади. У сизнинг кетишингизга кўнармикан?
К л а р а. Бизнинг алоқамиз мўрт эди, синди-қўйди.
М и л о р а д. Ахир, ҳар ҳолда, ёзувчилар муҳаббат деб атайдиган алоқа бордир?
К л а р а. Бир-биримизга ҳеч қачон севги изҳор қилмаганмиз.
М и л о р а д. Нима бўпти, мен ҳам шундай қиламан, аммо ҳар ҳолда…
К л а р а. Нима демоқчи эканингизни биламан, бироқ ҳаммасини тушунтириб ўтиришга вақтим йўқ. Мен тамомила марҳум ойимнинг ихтиёрида бўлганман. У мени унга бойвачча деб эрга берди. Мен ҳам Белградда маликалардай яшайман деб ўйловдим, бироқ…
М и л о р а д (ўйлаб). Демак, сиз уни севмайсиз?
К л а р а. Ҳа, бу ҳақда унинг юзига айтдим.
М и л о р а д. Унга?
К л а р а. Ҳа, ҳозиргина.

16

С о й к а (эшикни сал очиб, калласини чиқаради). Кечирасиз мени, жаноб Живота келмадими?
М и л о р а д. Йўқ!
С о й к а. Барака топинг, келса, менга айтинг.
М и л о р а д. Бўлади!
(Сойка эшикни бекитиб олади.)

17

М и л о р а д. Демак, сиз ажрашиш учунгина турган экансиз-да?
К л а р а. Ҳа!
М и л о р а д. Ажрашишга рози бўлдингизми?
К л а р а. Сиз шуни истаганингиздан кейин…
М и л о р а д. Мен?
К л а р а. Ажрашиш ишини сиз қўзғагансиз. Отангиз судга шикоят аризаси ёздириб олиш учун адвокатнинг олдига кетди.
М и л о р а д. Мен аризага қўл қўйсамгина, уни судга бериш мумкин.
К л а р а. Қўл қўясиз.
М и л о р а д. Ким сизга айтди?
К л а р а (хижолат). Ахир қутулишингиз керак-ку.
М и л о р а д. Нимадан қутулишим керак?
К л а р а. Мендан.
М и л о р а д. Қойил-ей! Менга азоб берибсизмики, мен сиздан қутилсам! Қаердан биласиз, мен қутулмоқчиманми-йўқми?
К л а р а (ажабланиб). Тушунмадим.
М и л о р а д. Сиз мени жудаям ўйинчоқ қилиб юбордингиз: мендан сўрамасдан менга тегиб олдингиз, энди бўлса мендан бесўроқ ажрашмоқчисиз.
К л а р а. Сизнинг хоҳишингиз шу.
М и л о р а д. Мен сизга қачон шундай дедим?
К л а р а. Сиз айтмаган бўлсангиз ҳам, отангиз айтди.
М и л о р а д. Нима, дадамга эрга текканмисиз?
К л а р а. Йўқ, аммо…
М и л о р а д. Менга теккансиз, бинобарин, мен қачон хоҳласам, шунда ажрашаман.
К л а р а (ҳайрон). Бу нима деганингиз, тақсир, тушунмадим!
М и л о р а д. Бу деганим шуки, сиз менинг хотинимсиз, демак, дадамга эмас, менга итоат қилишингиз керак!
(Клара довдираган, ҳайратланган, ўзини йўқотган бир аҳволда.)

18

Д р а г а (эшикни очиб, бошини чиқаради). Кечирасиз, жаноб Живота келмадими?
М и л о р а д. Йўқ!
Д р а г а. Барака топинг, келса, менга айтинг.
М и л о р а д. Яхши!
(Драга эшикни бекитиб олади.)

19

К л а р а (ҳайрат, хижолат билан). Мени гангитиб қўйдингиз. Гапларингизга тушунолмаяпман.
М и л о р а д. Бўпти, соддароқ қилиб гапираман. Мен кетишингизга рухсат бермайман! Ҳар қалай, эрингизман. Қачон рухсат берсам, шунда марҳамат!
К л а р а. Яна бу нимаси?
М и л о р а д. Бу нимаси? Буни ўзимам билмайман, бироқ шундай бўлади!
К л а р а. Тушунтирсангиз-чи менга!
М и л о р а д. Тушунтиришим қийин. Сизни биринчи марта кўрганимда: “Оҳ, мана буни чиройли аёл деса бўлади”, – деб ўйладим. Лекин мен ҳар гал кўҳликкина аёлни кўрсам шундай деб ўрганиб қолганман. Аммо бу сафар бошқачароқ бир нима рўй берди… бир, икки, уч аёлни учратсам-да, биронтаси ҳам ёқмаса бўладими… Менда шу маҳалгача бунақа бўлмасди… Сиз дўстимнинг хотини бўлганингиз учунгина ўзимни жиловлаб тургандим. Ҳозир ўзингиз уни севмайман дедингиз. Шундай экан…
К л а р а. Нималар деяпсиз, тақсир?
М и л о р а д. Мен севги изҳор қилишни билмайман. Негаки, ҳамиша туйғу билан иши йўқ аёллар билан ошно бўлганман. Бироқ ҳозир нима деган бўлсам, ҳаммаси рост.

20

С п а с о е в и ч (эшикдан бош суқиб). Кечирасиз… (Милорадни кўриб қўрққанидан чинқиради ва эшикни ёпиб олади.)
М и л о р а д. Сиз биринчи аёлсиз, яъни сиз ҳақингизда мана неча кундирки, ўзимга-ўзим “Оҳ, мана буни чиройли аёл деса бўлади!..” – деб так­рорлайман. Дадам мени бошқага уйлантирмоқчи, яхшиямки, мен аллақачон уйланганман. Ўтиниб сўрайман сиздан, рози бўлсангиз, мени дадам топган алвасти балосидан қутқарасиз, университет доценти бўлиш даҳмазасидан ҳам омон қоламан.
К л а р а (узоқ сукутга кетиб, бошини кўтаради). Менга қаранг, тақсир, сиз адашаяпсиз. Сиз оқкўнгил одамсиз, лекин менга сизнинг раҳм-шафқатингиз керак эмас. Аҳволим оғир, тўғри… Аммо менга ачинишларини истамайман.
М и л о р а д. Ачиниш нимаси! Аксинча, биз бир-биримизга кўмаклашамиз. Чинданам сиз менинг хотиним бўлишингизни хоҳлайман. Дарвоқе, хоҳлашнинг нима кераги бор, сиз шундаям менинг хотинимсиз.
К л а р а (ўрнидан туриб). Кечирасиз, тақсирим, бундай қилиш одобдан эмас…
М и л о р а д. Нима учун?
К л а р а. Мен, қароқчи сингари, хонадонингизга кириб, йиллар давомида яратилган барча нарсани остин-устун қилиб юбораман.
М и л о р а д. Менинг ўзим ҳам остин-устун қилмоқчиман. Менга шунча дилсиёҳлик келтирган диплом асоратидан қутулишга қатъий қарор қилдим…
К л а р а. Йўқ, йўқ, тақсир. Қариндош-уруғларингиз мен тўғримда нима деб ўйлашади!
М и л о р а д. Бу ҳақда бош қотириш ўринсиз. Наҳотки сизни Благое тоғамнинг фикри қизиқтирса?
К л а р а. Аммо, тақсир, дафъатан бундай қилиш! Қўрқаман. Яна бир енгилтаклик бўлмасмикан. Шошма-шошарлик билан бир марта турмуш қурганим етар, бу шундай тасодифки…
М и л о р а д. Мен учун ҳам тасодиф, аммо оқибати гўзал бўлади!
К л а р а. Йўқ, қўрқаман, чуқур ўйламай гапириб қўйган бўлманг тағин. Яхшиси, яна бир марта ўйлаб кўринг, илтимос. (Тез чиқиб кетади.)

21

(Милорад Кларанинг орқасидан узоқ қараб қолади, сўнг ўтиради ва сигарета чекади. Қўлида қоғоз билан Живота кириб келади.)
Ж и в о т а. Қандай яхши-я, шу ерда экансан. Мана ариза, унга қўлингни қўясан – шу билан бу иш ҳам тамом-вассалом.
М и л о р а д. Қанақа ариза?
Ж и в о т а. Ажрашиш ҳақида ариза, адвокат ёзиб берди.
М и л о р а д. Шундай дегин-а, мен ҳам сени кутиб турган эдим, бир иш бор, ундан сен ҳам, мен ҳам ўн минг динордан даромад қиламиз.
Ж и в о т а. Йўғ-ей! Қанақа иш?.. Сен ҳам ўн минг динор ютасанми? Мана энди ота ўғилга ўхшадинг. Албатта, пулни совуришнигина эмас, унча-мунча даромад қилишниям билиш керак.
М и л о р а д. Шу кундан бошлаб мен даромад қила бошлайман. Мен топган иш юз фоиз фойда беради. Кларага агар у кетишга рози бўлса, йигирма минг ваъда қилгансан, шундайми?
Ж и в о т а. Ҳа, унга унча-мунча бериш керак, бир амаллаб елкадан оширсак бўлгани.
М и л о р а д. Мен ўйлаб топган ишдан сен ҳам, мен ҳам фойда кўрамиз.
Ж и в о т а. Қандай қилиб?
М и л о р а д. Мана бундай! Мен аризага қўл қўймасликка ва Кларани хотиним сифатида олиб қолишга аҳд қилдим. Шундай бўлгач, унга йигирма минг динор беришнинг ҳожати йўқ. Ўн мингини менга бериб, ўн мингини ўзингда қолдирасан. Ана шу тарзда иккаламиз ҳам фойда кўрамиз.
Ж и в о т а (эсанкираб). Шошма-шошма! Алаҳсираяпсанми, эсинг жойидами ўзи?
М и л о р а д. Эшитдинг-ку, нима деганимни.
Ж и в о т а. Эшитганим йўқ, ҳеч нима эшитганим йўқ!
М и л о р а д. Яхши, такрорлайман. (Қаттиқроқ.) Мен хотинимга мени ташлаб кетишига рухсат бермайман!
Ж и в о т а. Кимнинг хотинига, қўйсанг-чи!
М и л о р а д. Ўз хотинимга.
Ж и в о т а. Қачондан бери хотинли бўлиб қолдинг?
М и л о р а д. Никоҳдан ўтгандан бери.
Ж и в о т а. Хонангга бориб бироз ҳушингни йиғиб ол-да, жиддийроқ гап қил, агар сен билан гаплашишимни истасанг.
М и л о р а д. Мен жиддий гапираяпман.
Ж и в о т а. Қанақасига жиддий бўлсин, бегонанинг хотинини менинг хотиним деб жар солиб ўтирибсан-ку!
М и л о р а д. Шундай денг-а, демак, у менинг хотиним эмас?
Ж и в о т а. Йўқ, албатта!
М и л о р а д. Ким билан ажрашаман бўлмаса?
Ж и в о т а. Бу бошқа масала. Тентакликни йиғиштир!
М и л о р а д. Менга қара, дада: мен у билан никоҳдан ўтганманми, у менинг хотинимми, мен билан қолади – тамом-вассалом! Энди сенга тушунарлими?
Ж и в о т а. Йўқ, тушунарли эмас!
М и л о р а д. Нимаси тушунарли эмас?
Ж и в о т а. Менга тушунарли эмас, чунки ақлим хиралашди, ақл хиралашаркан, ҳеч нимани тушуниб бўлмайди! Хўш, бу қанақаси бўлди – мен топдим, жон куйдирдим, пул сарф қилдим, энди сен дабдурустдан “менинг хотиним” деб ўтирибсан. Ҳой, бунақаси кетмайди, ҳа ўғилгинам, бунақаси кетмайди! Мен бунга рухсат бермайман, тушундингми, рухсат бермайман!
М и л о р а д. Рухсат бермасанг, у ҳолда Кларадан ўзинг ажрашавер, мен эса истамайман!
Ж и в о т а. Оқ қиламан-а сени, эшитаяпсанми, оқ қиламан! Ўйлаб топганингни қара – Клара-ю Пепик! Топганинг шу бўлса, бор ўшалар билан қўшмозор бўл. Ғамингни ҳам ўшалар тортаверсин.
М и л о р а д. Ота хоҳиши шундай экан, шундай бўлади!
Ж и в о т а. Мен сени Худо олдида, одамлар олдида оқ қиламан. Ҳамма бу ёққа келсин, бутун оила олдида сендан юз ўгираман. (Эшикларни очиб.) Мара, Мара, ҳаммаларинг бу ёққа келинглар!

22

(Мара, Славка, Благое кириб келишади.)
Ж и в о т а. Келинглар, келинглар, мана бунинг гапини эшитинглар! (Милорадга.) Гапир, ўзинг гапир, мен гапирсам, ҳеч ким ишонмайди.
М а р а. Вой Худойим-ей, нималар бўлаяпти бу ерда-а?
Ж и в о т а (Милорадга). Айт уларга!
М и л о р а д. Айтиб бўлдим!
Ж и в о т а. Ўғлинг, Мара, ажрашиш тўғрисидаги аризага қўл қўймасмиш! Клара хотиним, уни олиб қоламан, ҳеч қаерга юбормайман, дейди.
Б л а г о е. Бу ёғи қандоқ бўлди?
М а р а. Шу гап ростми, ўғилгинам?
М и л о р а д. Тўғри. Бемаъни дипломдан кўра, бамаъни хотин менга кўпроқ ёқади, бунинг устига никоҳдан ўтганман, ажрашишимга ҳожат йўқ. Яхши хотиним…
Б л а г о е. Боланг бор…
М и л о р а д. Ҳа. Дадам яхшироқ ўйласа, мен бу билан унга кам деганда юз минг динор пулни асраб қолаётганимни тушуниб олади. Кларага ваъда қилинган 20 минг динор, тўйга, чўқинтиришга кетадиган харажат ҳамёнда қолади…
Ж и в о т а. Бу ё ақлдан озган, ё бизни калака қилаяпти.
М и л о р а д. Калака қилаётганим йўқ, ахир бундан ортиқ сизларга яна нима керак? Хотиним яхши, чиройли ва оқкўнгил…
М а р а. Буям тўғри, Живота, Клара чинданам яхши ва камтар келин.
Ж и в о т а. Энди сен қолувдинг! Ўчир овозингни!
Б л а г о е. “Ўчир овозингни”, “жим бўл”дан бошқасини билмайсан, ахир жиддий ўйлаб қараганда, чинданам шуниси ҳар ҳолда яхши бўлиб чиқади-ку. Шундай ҳам роса чалкашиб қолдик.
Ж и в о т а. Сен чалкашаяпсан, миянг суюлган, нима деб валдираётганингни билмаяпсан, Мара ҳам шу – бекорга ака-сингил эмассизлар-да. Ақл-фаросатларинг ҳам бир хил! Сизларга нима бўлди ўзи, жиннимисиз ёки мастмисизлар? Қаерда кўргансизки, министрнинг қизига уйланаман деб турган одам қандайдир бир Кларага уйланса. Министрнинг қизи сеп қилиб кўприклар, тоннелларни олиб келарди, бунинг сепи-чи – Пепик!.. (Марага.) Сен, сен, фақат сен айбдорсан! Эркалаб ўстирдинг. Энди бўлса миясига Кларани Пепиги билан бирга жойлаб қўйибсан! Аммо шуни билиб қўй, у ҳам билиб қўйсин, мен тирик эканман – бунга йўл қўймайман! Тушундингларми? Йўл қўймайман! (Баттарроқ жаҳли чиқади.) Ҳаммангни жиннихонага жўнатаман: (Благоега) сени ҳам – миянг суюлгани, менга бош оғриқ режаларни тузиб берганинг учун, (Марага) сени ҳам – “яхши ва камтар келин” деган гапни тўқиб чиқарганинг учун, бировнинг хотинига эга чиқиб ўтирган одамни ҳам. Ҳаммангни жиннихонага тиқаман!.. Тақиқлайман, тушундингларми, тақиқлайман!..
М а р а. Живота, Худо ҳаққи, тинчлан!
Ж и в о т а. Ўзларинг тинчланинглар. Мен ақлдан озсам, кейин тинчийман! Шундай бўлади ҳали, кўрасиз. Мана ҳозирдан бошимда нимадир гумбурлаяпти!
М а р а. Бор, нариги хонада бироз дамингни ол.
Ж и в о т а. Сизларнинг ёнларингда дам олиб бўладими? Йўқ, мана бу хонанинг калитини бер. (Ўнг томондаги барча келган кишилар йиғилган хонани кўрсатади.)
М а р а. Очиқ.
Ж и в о т а. Очиқлигини биламан, барибир калитни беравер. Ичкаридан бекитиб оламан, токи бирон кимса мени безовта қилмасин. Мени тинч қўйинглар, бўлмаса ақлдан озаман! (Марадан калитни олиб, ўнг томондаги хонага киради; унинг фиғони ва меҳмонларнинг ғала-ғовури эшитилади; қаттиқ ҳаяжонланган ҳолда у югуриб қайтиб чиқади ва эшикни бекитиб олади.) Ё Тангрим, бу нақ пистирманинг ўзи-ку! (Ўз яқинларига.) Наҳотки дадангизга раҳмингиз келмаса? Ахир биласиз-ку, юрагим касал, мени ари уясига тиқишга қандай кўнглингиз бўлди!
(Хонадан бақир-чақир эшитилади.)
М а р а. Вой Худойим-ей, Живота, нимага уларни қамаб қўйдинг?
Ж и в о т а. Ҳаммаси ўша ерда, чиқса, мени тилка-пора қилади, мени қутқаринглар!..
(Яна тақиллатишади.)
М и л о р а д. Уларнинг устидан қулфлаб қўйиш мумкин эмас. Калитни менга бер!
Ж и в о т а. Ма, улар билан ўзинг гаплашавер, мен истамайман. (Калитни беради ва ҳолдан тойган ҳолда, креслога ўзини ташлайди.)
(Милорад эшикни очади, ҳамма отилиб ичкари киради.)

23

Д р а г а (бошқалардек ғазаби қайнаган, Животанинг олдига келиб). Бизни қулфлаб қўйишга нима ҳаққингиз бор! Бу ҳақда кейин гаплашамиз, ҳозир эса мен сизга шуни маълум қиламанки, километрларни хаёлингиздан чиқариб ташланг!
(Живота унга маъносиз қарайди, ҳеч нима демайди.)
Х о н и м л а р (бирваракайига). Биз, тақсир, 9-етимхона бошқармаси кенгашининг фавқулодда мажлиси ваколати билан кечаги воқеа учун сиздан тавба-тазарру талаб қилиб келдик.
(Живота уларга маъносиз тикилади.)
С п а с о е в и ч. Ҳеч бўлмаганда, сиз биздан кечирим сўрашингиз керак.
П р о т и ч. Ёзма равишда кечирим сўрайсиз.
(Живота уларга маъносиз тикилади.)
С о й к а. Мен ва жаноб Сима келувдик, қарасак… ёлғиз ўзингиз билан гаплашиб олишимиз керак. Агар малол келмаса, бошқа хонага ўтсак.
(Живота бунгаям маъносиз боқади.)
Р а й с е р. Мен хайрлашгани келувдим, бугун кечқурун Афинага жўнамоқчиман.
(Живота Райсерга ҳам маъносиз қарайди.)
Ў н г х о н а д а г и л а р. Аммо, тақсир, сукут сақлаш билан…
Ж и в о т а (ирғиб туради). Мендан нима истайсизлар? Бас, ортиқ чидолмайман, мени тинч қўйинглар, ўзимнинг ташвишларим ҳам етиб ортади!
Х о н и м л а р. Бу – сизнинг шахсий ишингиз.
Ж и в о т а. Шахсий ишим? Келинг, сизларга ҳам ошкор бўлақолсин. Ҳаммага айтаман, бутун дунё эшитсин, майли, бу кенг жаҳон мен тортган азоб-уқубатлар устидан, ўғлимнинг шармандалиги устидан кулсин, қаҳқаҳ уриб!
М и л о р а д. Дада!..
Ж и в о т а (қаҳрланиб). Бутун дунё эшитсин: менинг ўғлим авантюрист, енгилтабиат бир аёлга уйланмоқчи!
(Умумий ҳайрат.)
М и л о р а д. Дада, нима деяпсан?
Ж и в о т а. Мен буни исбот қиламан.
М и л о р а д. Исбот қил, айблаётган аёл олдида исбот қил! (Чапдаги эшикка бориб.) Клара, Клара, келинг бу ёққа!

24

М и л о р а д (Клара келгач, отасига). Гапиринг!
Ж и в о т а. Гапираман ҳам! Бу жувондан сўраб кўр, ўзи айтсин, ким у (чўнтагидаги аризани чиқариб қарайди) Иоганн Вольфганг Гёте?!
Р а й с е р (шу номни эшитган заҳоти бошини кўтариб, маъруза ўқигандай сўзлай бошлайди). Иоганн Вольфганг Гёте – энг машҳур немис шоири, беқиёс тасаввур ва чуқур ғоялар эгаси. У Франкфурт шаҳрида 1749 йилда туғилиб, 1832 йилда Веймарда вафот этган. Унинг отаси – қирол маслаҳатчиси Иоганн Каспар Гёте 1710 йилда туғилиб, 1782 йилда вафот этган; онаси – Катерина Элизабет Текстор 1731 йилда туғилиб, 1803 йилда вафот этган. Гёте ўз асарлари билан Веймар герцоги Карл Августонинг меҳр-муҳаббатига сазовор бўлган…
Ж и в о т а (сабр-бардоши тугаб). Ё Парвардигор, қачон бу гумдон бўларкан! Ўзимнинг бошим ачиб ётибди-ю, бу бўлса менга маъруза ўқиб ўтирибди. Клара, очиғини айт, ўша Иоганни танийсанми, йўқми?
К л а р а. Қандай таний, у мен туғилмасимдан саксон йил бурун ўлган бўлса.
Ж и в о т а. Саксон йил бурун ўлган? Ахир ўзинг айтдинг-ку, Иоганн Вольфганг Гёте билан яқин алоқада бўлганман деб.
М и л о р а д. Менга шу аризага қўл қўй деб ўтирибсанми?
Ж и в о т а. Бўпти, ўлган ўлибди, жойи жаннатда бўлсин, гап тамом. Титулеску-чи? (Милорадга.) Ундан сўра-чи. Титулескуси ким экан?
М и л о р а д. Сўраб нима қиламан? Титулеску – руминларнинг ташқи ишлар министри.
Ж и в о т а. Ё Парвардигор, нима бўлди менга ўзи! Бошим айланяпти, кўз ўнгим қоронғилашяпти, нафасим бўғилаяпти!

25

(Велимир киради. Живота уни кўрар экан, йиртқичдай унга ташланиб, томоғидан бўғмоқчи бўлади.)
Ж и в о т а. Сен, бу ишларга сен сабабчисан, қароқчи! (Муштини кўтаради; бақир-чақир бошланади.)
С л а в к а (югуриб чиқиб отасининг олдини тўсади ва Велимирни ҳимоя қилади). Дада, у айбдор эмас!
Ж и в о т а. У айбдор, у! Ҳаммаси учун жавоб беради, шундай қилайки, бир умр эслаб юрсин! (Велимирга.) Қалбингни яралайман, билдингми, нақ қалбингни!.. Сен ўйлайсанки, бу сенинг хотининг-а? (Кларани кўрсатиб.) Йўқ, азизим, тушингни сувга айт! Бу ўғлимнинг хотини, менинг келиним! Шундай эмасми, Милорад?
(Умумий тўлғаниш.)
М и л о р а д. Шундай!
Ж и в о т а. Шундай эмасми Клара?
К л а р а (қаддини ростлаб, ҳаммага бир-бир қарайди ва унинг кўзлари Велимир кўзлари билан учрашгач, қатъий оҳангда). Шундай! (Мара билан Животанинг ёнига бориб, уларнинг қўлларини ўпади.)
(Умумий ҳайрат.)
С л а в к а (Велимирга). Бардам бўлинг.
Ж и в о т а (Велимирга). Ҳа, таъзирингни едингми?
(Велимир кулиб, елкасини қисади.)
Б л а г о е. Шундай, яша, Живота! Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас.
Ж и в о т а (хўрсиниб). Таслим бўлдим! Министрнинг ҳам падарига қусур, ҳаммаси тамом! Мен пулга сотилмайдиган нарса йўқ деб ўйлардим, энди кўрдимки, кўп нарсани сотиб олса бўларкан-у, бироқ ақл сотилмас экан!..
М а р а (Пепикни қўлидан етаклаб олиб келади). Жуда яхши бўлди, мен айниқса бола учун хурсандман. Нима қиларди, бечора, етти ёт мамлакатда? Кўраяпсанми, қандай ёқимтой, мўмин-қобил бола, қўзичоқдай.
Ж и в о т а. Эй, Мара, кўнмай иложимиз йўқ! (Пепикни қучиб.) Биз сен билан, неварагинам, ҳали дўстлашиб кетамиз. Ҳамма нарсани сен алғов-далғов қилиб юбординг, эҳтимол, ўзинг тўғриларсан. Балки бобонгнинг сендан омади бордир. (Уни эркалайди.) Марица, дипломни йўқот, бирон жойга олиб бориб ташла…
М и л о р а д. Чордоққа!..
Ж и в о т а. Ҳа, чордоққа! Фақат, менга қара, рамкасини бузиб қўйма, яраб қолади! Бир кунмас-бир кун унга ҳақиқий диплом солиб қўямиз. Дипломда катта ҳарфлар билан шундай ёзилган бўлади: “Доктор Пепик Цвийович!”

ПАРДА

Рус тилидан Муҳсин Қодиров таржимаси