Азиз Несин. Тарбиям йўл қўймайди (ҳажвия)

– Вой ярамас-ей!..
Бу хотиннинг нега мени сўкаётганини тушунолмай қолдим. «Кечира- сиз, нега мени сўкаяпсиз?» деб сўрамоқчи ҳам бўлдим. Аммо индамай қўя қолдим.
– Яна кўзини лўқ қилганига ўлайми? Мен сенга кўрсатиб қўярдим-у аммо тарбиям бунга йўл қўймайди-да.
Автобус йўловчилар билан тирбанд эди. Ҳамма бизга тикилиб қарарди. Мен яхшиси сукут сақлаган маъқул деб ўйладим. Аммо хотиннинг жағи тинмасди:
– Сурбет!..Тўнка!..Аблаҳ!..Тарбиянинг кўчасидан ўтмаган галварс! Қандай оиладан эканлигинг шундоқ кўриниб турибди!..
Икки марта оғиз жуфтлаб, «Хоним, ўзингизни қўлга олинг!» демоқчи ҳам бўлдим. Аммо яна индамадим.
– Тупурдим юзингга! Агар тарбиям йўл қўйганда эди, сенга кўрсатиб қўярдим…
Атрофдан танбеҳлар ёғила бошлади:
– Уят эмасми! Аёл кишига ҳам шунақа муомала қилинадими?
– У нима қилибди ўзи?
– Шилқимлик қилган бўлса керак.
– Эҳтимол оёғини босиб олгандир.
– Сиз қаёқдан биласиз, балки қўлига эрк бергандир…
Агар шу тобда автобус тўхтаса эди, иккиланмай тушиб қолган бўлардим. Ҳалиги хотин эса ҳамон пулемётдай тинимсиз жаврарди. Уни тинчитишга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмасди…
– Уят деган нарса йўқ экан-да! Одоб деган нарсанинг кўчасидан ҳам ўтмаган! Аёл кишининг иффатини қаёқдан ҳам билсин. Афсус, тарбиям йўл қўймайди-да…Мен сенга кўрсатиб қўйган бўлардим!..
Ё тавба!..Кошки бирон айбим бўлса!..Унга тирноғимнинг учи теккан бўлса тил тортмай ўлай! Агар теккан бўлса ҳам менинг айбим нима? Автобус тирбанд бўлса…
– Вой пасткаш-ей! Тарбия кўрган аёлга дуч келганинг учун шукур қил. Акс ҳолда мен сенга…
Мен терлаб кетдим.
– Бунақа ярамаслар атай тирбанд автобусларга ўтиришади…Мен сенга…Омадинг бор экан, тарбияли аёлга дуч келдинг…
Чамаси, тоқатим тоқ бўлди. Менинг ўрнимда тош бўлганда ҳам портлаб кетарди.
– Шукур қил, мен тарбия кўрган аёлман. Акс ҳолда оғзингдан қулоғинггача йиртиб ташлардим.
Йўловчилардан ҳеч ким ёнимни олай демасди. Ҳамма хотиннинг тарафида эди:
– Эҳтимол шилқимлик қилгандир…
– Хотин нима десаям барибир ҳақ!
– Ҳаддидан ошиб кетган-да! Ҳамма нарсанинг меёри бор.
Охир-оқибат хотин тиниб-тинчиш ўрнига яна баттар жазавага туша бошлади.
– Вой аблаҳ-ей! Вой ярамас-ей! Агар жа-а ҳирсинг жўшиб кетган бўлса, қаерга бориш кераклигини кўрсатиб қўйишим мумкин. Тушундингми? Тушундингми деяпман? Худо ҳаққи агар тарбиям йўл қўйганда эди…
Бас. Пичоқ суякка етди. Ҳамма нарсанинг чеки-чегараси бор. Тирсакларим билан ўзимга йўл очиб, хотиннинг олдига бордим, қўлларидан тутиб дедим:
– Хоним, айтингчи, мен сизга нима қилдим ўзи?
Хотин хо-холаб кулиб юборди:
– Одамлар! Мана бу бечорага бир қараб қўйинглар! У ҳам ўзини эркакман деб юрибди. Сен қаёқдан пайдо бўлиб қолдинг? Наҳотки сен ҳам эркак бўлсанг? Наҳотки мен сенга гапирган бўлсам? Энсамни қотирма! Бор-э тошингни тер! Сенга гапираман деб ҳеч кимнинг кўзи учиб тургани йўқ. Мен ана бу баланд бўйли, келишган йигитга гапиряпман…
Автобус Тақсим майдонида тўхтади. Автобусдан қандай сакраб тушганимни сезмай қолдим. Хотин ҳамон жаврарди:
– Қариб қуюлмаган галварс! Хомтама бўлиб менга гапирган деб ўйлаганига ўлайми?..Афсуски тарбиям йўл қўймайди-да, акс ҳолда тавбасига таянтириб қўярдим!
Ёшинг ўтиб қолса қийин бўларкан. Ҳатто хотинлар ҳам сени сўкмай қўяркан…

Шодмон Отабек таржимаси